“Реал Мадрид” ярим ҳимоячиси ва 2018 йилги “Олтин тўп” соҳиби Лука Модрич Marca нашрига интервью берди. Суҳбат асосан Бензема, Мбаппе, ЕЧЛ ғолиблиги, Анчелотти эффекти ва футболчининг келажаги ҳақида бўлиб ўтди.
Карим ҳақида
Бензема – бир вақтнинг ўзида ўнлаб истеъдод ва куч уйғунлашган футболчи! Мен ўйнаган энг буюк футболчилардан бири. Албатта, у “Олтин тўп”га лойиқ, лекин мен учун у бу совринни анча олдин қўлга киритиб бўлган.
Биринчи кунданоқ у билан ўйнаш менга завқ бағишлади ва вақт ўтиши билан Карим менга янада қадрдон бўлиб қолди. Мен у учун хурсандман, Карим бунга лойиқ.
Рамос ҳақида
Машғулотларга келиб, Серхио йўқлигини тушуниш қийин эди. У менга биринчи кунданоқ жамоага мослашишга ёрдам берди. У ҳар доим менинг салоҳиятимга ишонган ва қўллаб-қувватлаган. Биз ажойиб дўст бўлдик.
Энди биз деярли ҳар куни қўнғироқлашамиз. Мен у билан ўтказган вақтларимни соғинаман, лекин бу футбол – нима бўлишини ҳеч ким билмайди.
“ПСЖ” билан ўйиндаги “камбэк” ҳақида
“ПСЖ” майдонидаги ўйинда Карвахал билан алмаштирилгандан сўнг, мен унга айтдим: “Карва, кўрасан, биз уларни “Бернабеу”да таслим қиламиз кўрасан”.
“ПСЖ”ни мағлуб этишимизни билардим – бу ҳақда ҳаммага айтдим. ПСЖдан кейинги байрам? Нега бундай қилганимни ўзим ҳам билмайман (кулади).
“Париж” устидан қозонилган ғалаба энг яхшиси бўлди, чунки Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш учун яратилган бу мега-жамоани қандай мағлуб этишимиз мумкинлигига шубҳалар кўп эди. “Таҳлилчилар” бизни ҳисобдан чиқаришди ва шунга қарамай, биз дақиқалар сайин ҳамма нарсани ўзгартирдик.
Лекин Мессини “Эль-класико”дан кейин бошқа рангли формада кўриш ғалати эди. Неймар ва Мбаппе бирлашганидан сўнг дунёнинг энг қиммат ҳужуми ушбу клубга тегишли бўлиб турибди.
Мбаппе ҳақида
Ҳаммамиз Мбаппени келади, деб ўйлагандик, лекин ундай бўлмади. Мен ҳар доим ҳар қандай контекстда ҳеч бир футболчи клубдан устун эмаслигига ишонганман. “Реал Мадрид” ҳар қандай ўйинчидан устун турадиган буюк клуб ва ҳар доим шундай бўлади
“Реал Мадрид” таркиби ҳақида
Фахрийлар ва ёшларнинг қоришмаси бу мавсумда ғалаба қозонишимизнинг энг муҳим сабабларидан бири. Вальверде, Камавинга, Родриго ва Винисиус фахрийларга янги ҳаёт бахш этди. Алаба жамоамизга мукаммал тарзда мос келди ва тажрибани намойиш этди.
“Кексалар” кетса, ёшлар шу ерда қолади ва ғалаба қозонишда давом этади. Бунинг сабаби, “Реал Мадрид” абадийдир.
“Дон Карло” ҳақида
Анчелотти футболчиларга ўзига хос ёндашувни намойиш этди. Унинг ҳаракатлари ижобий ва камтарин, тўғри ва хайрихоҳ. Ҳамма у билан бирга жангга боришга рози.
Анчелотти кўплаб ўйинчиларнинг имкониятларини тўғри баҳолади, уларга хотиржамликни сингдирди ва муваффақиятга олиб келадиган ўзаро муҳит яратди.
Ҳамма биладиган нарсани айтишга ҳожат йўқ: Анчелотти ва Зидан – бу касбнинг чўққиси! Натижалар ўзлари учун гапиради.
Зидан кетганидан кейин айнан Анчелотти керак эди. Уларнинг жамоавий иш, бир хиллик ҳақида қарашлари ўхшаш.
Анчелотти элита футболидаги кескинлик, босим ва стрессда хотиржамлик келтирадиган ҳамда жамоадаги муносабатлар муҳимлигини таъкидлайдиган мураббий. Шунинг учун ҳамма уни жуда қаттиқ ҳурмат қилади.
Чемпионлар лигаси ҳақида
Менимча, Чемпионлар лигасидаги бу ғалаба ўзгача бўлди, чунки мен ҳар куни ўзимга “вой” дейман. Биз Франция чемпионини, кейин Европа чемпионини чиқариб юборамиз. Кейин Англия чемпиони. Бизга омад кулиб боқаётгани ҳақида айтишди. Мен нега бундай дейишганига тушунмадим. Аммо “Ла Деcима” тарихий натижа бўлди (табассум).
Қўлга киритилган кубоклар ҳақида
2012-йилда жамоага қўшилганимда ғалабаларга чанқоқ эдим, чунки мен “Тоттенхэм”дан келганман, у ерда тўрт йил ичида катта муваффақиятларга эришдик, лекин “тақачилар” билан соврин ютиш менга насиб этмади.
Парижда Чемпионлар лигасида ғалаба қозонганимиздан сўнг: “Эртадан бошлаб биз Чемпионлар лигасининг 15-кубоги устида ишлай бошлаймиз”, дедик. Бу “Реал Мадрид”. “Қироллик клуби”да “ўтиш” мавсуми йўқ. Сиз ҳар йили ғалаба қозонишингиз керак.
“Сантьяго Бернабеу” ҳақида
“Сантьяго Бернабеу”даги олқишлар? Бу ўзгача туйғу, мен уларни ҳар куни эшитаман. Мухлислар мени жуда яхши кўришларини ҳис қиламан. Орамиздаги меҳр тобора кучайиб бормоқда ва бу менга жуда ёқади.
Матбуот босими остида
Менинг шикоят қиладиган ҳеч нарсам йўқ. Оммавий ахборот воситалари ҳамон мени ҳурмат қилишини ҳис қиляпман.
Келажак ҳақида
Мен билан ҳисоблашишяптими, демак ҳали ўйнайман. “Реал Мадрид”нинг муваффақиятига ҳисса қўшганман ва бу мени жуда хурсанд қилади. Орзуйимга эришдим.
Лука Модрич бу йил 37 ёшга тўлади. Майдон марказида тўп тепадиган футболчилар бу ёшда аллақачон фаолиятини якунлаган ёки кучли бешлик чемпионатларидан ташқарида бўлади. Бироқ Модрич ҳамон юқори спорт формасини сақлаб қолган. Айнан у Роналду-Месси даврида “Олтин тўп”ни қўлга киритди. Шунинг ўзи Луканинг даражасини белгилаб беради. ЖЧ-2022 да Хорватия терма жамоаси сардори сифатида иштирок этади. Катта эҳтимол билан, бу унинг учун сўнгги мундиаль бўлади.