“Дуэль” лойиҳасининг илк сонида Кессиэ ва Тчуаменини солиштириб кўрган эдик. Бугун эса ҳозирги кундаги дунёнинг энг яхши икки ярим ҳимоячиси ўртасидаги курашни тақдим этамиз. Лука Модрич ва Кевин де Брюйненинг статистикаси ва натижалари ҳамма учун қизиқ бўлса керак. Шундай экан биз бошладик.
Гол+пас
Хорватиялик ярим ҳимоячи фаолияти давомида клублар сафида 667та ўйинда иштирок этиб, роппа-роса 52000 дақиқа майдонда ҳаракат қилган. Шу вақт ичида Лука 69 бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, 119та голга ҳаммуаллифлик қилган. “Галактикос” аъзоси 89 бор сариқ ва 2 бор қизил карточка билан жазоланишга улгургани ҳам эьтиборга молик.
Бельгиялик йигит эса, 534та ўйинда 40688 дақиқа вақтни майдонда ўтказган. Кевин бора-бора ҳужумга яқинроқ позицияда ўйнай бошлаган. Шу туфайли унинг голлари 133та, голли узатмалар сони эса 205га тенг. Де Брюйне 51 марта сариқ ва 2 марта қизил карточка билан жазоланган.
Икки футболчининг ҳам асосий фишкаси голли узатмаларни амалга ошириш эканлигини, улар таянч ярим ҳимоячиси эмаслигини ҳисобга олиб биринчи босқичда Кевинни ғолиб деб топамиз. Бельгиялик 5 очко қўлга киритишида Гвардиоланинг ўрни беқиёс. Модричда эса ҳозирча 3 очко.
Совринлар
Лука Модрич фаолиятидаги деярли барча совринини “Реал” таркибида қўлга киритган. Унинг жамоавий совринлари сони 26тани ташкил қилади. Жумладан, 5та чемпионлар лигаси ва 4 карра клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани бу супер кўрсаткичдир. Шунингдек, Лука 75та индивидуал совринларга ҳам эга чиққан. Унинг музейига ҳавас қилса арзийди. 2018 йилги мундиалнинг энг яхши футболчисига берилган соврин ва “Олтин тўп – 2018” унинг энг яхши совринлари ҳисобланади.
Кевин рақиби билан бу борада беллаша олмайди. Унинг ҳисобида 18та жамоавий соврин. Жумладан, 4 карра АПЛ ғолиблиги бор. Шунингдек, Кевин 49та шахсий совринга ҳам эга. Улар орасида йил рамзий жамоаларига киритилганини айтмаганда жиддий совринлар жуда кам. Кевин соврин ютиш бўйича Модричга хавас қилса бўлади.
Лука 2-босқичда Кевинни катта устунлик билан енга олди. Унинг 5 та “Шалпангқулоқ” кубоги ва 1 та “Олтин тўпи” де Брюйнени енгиш учун кифоя қилади аслида. Демак хорват ўғлонига 5 очко, Кевинга 3 очко.
Терма жамоадаги ўйин
Модрич Хорватия терма жамоасида умумий 151 ўйинда майдонга тушиб, 22 гол ва 24 голли узатмага муаллифлик қилган. Лука 7 бор сариқ карточка билан ҳам жазоланган. У терма жамоаси билан 2018 йил Жаҳон Чемпионати финалига қадар етиб борган ва ўша турнирнинг энг яхши футболчиси бўлган.
Кевин де Брюйне эса 91 ўйинда 24 гол ва 45 голли узатмани амалга оширган. Шунингдек, унинг 4 бор сариқ карточка билан жазоланганлигини айтиб ўтиш даркор. Кевин Бельгия термаси билан 2018 йилги мундиалда 3 ўринни қўлга киритган.
Модрич термаси учун жуда ҳам фойдали футболчи. Унинг совринлари туфайли хорватни бу босқичда ютқазиши мумкин эмас. Аммо Кевин футболчиларнинг асосий керакли кўрсаткичида рақибидан устунроқ. Шу сабабли бу босқичда икки футболчига ҳам 4 очкодан берамиз.
Трансфер нархи
Одатда нисбатан ёшроқ футболчиларнинг трансфер нархлари баландроқ бўлади. Шу сабабли Лука Модрич Transfermarkt порталида 10 миллион еврога баҳоланган. Кевин эса 85 миллион еврога тенг деб топилган.
Кўриниб туриптики, бу босқичда Кевин рақибидан анча устун келди. Шу сабабли унга 5 очко, Лукага эса 3 очко берилади.
Сўнгги мавсумдаги натижалар
Лука Модрич якунланган мавсумда 45 ўйинда 3435 дақиқа майдонда ўтказиб, 3 гол ва 12 голли узатмани амалга оширган. Лука мавсум давомида 7 бор сариқ карточка билан жазоланган. Шунингдек у “Реал” билан биргаликда Чемпионлар лигаси ва Испания Ла лигасида зафар қучди.
Кевин де Брюйне эса, 45 ўйинда 3338 дақиқани майдонда ўтказиб, 19 гол ва 14 голли узатмага муаллифлик қилишга улгурган. Ҳакамлар унга 4 бор сариқ карточка кўрсатишган. Кевин “Манчестер Сити” билан биргаликда кетма-кет учинчи бор АПЛ чемпионлигини қўлга киритди.
Кўриниб туриптики, совринларда яна Лука устун, фойдали иш коэффициентида эса Кевиннинг “қўли баланд келмоқда”. Бу босқичда ҳам дуранг адолатли натижа бўлса керак, икки футболчи ҳам 4 очко билан сийланди.
Умумий натижа
Хорватиялик футболчи умумий 19 очко жамғарган бўлса, Кевинда эса 21 очко мавжуд. Бу билан Луканинг ўйини Кевинникидан ёмон демоқчи эмасмиз. Аслида икки футболчи ҳам жуда ажойиб ўйинлар кўрсатади. Сўнгги мавсумларда Гвардиола де Брюйнедан ҳужумчи сифатида фойдаланаётгани ва кевин нисбатан рақибидан ёшроқ эканлиги бизда кўп нарсага таъсир ўтказди. Аммо мухлислар учун улар ажойиб футболчи бўлиб қолаверади.