Қатарда давом этаётган ЖЧ-2022да амалдаги жаҳон чемпионлари - Франция терма жамоасининг юлдузлари сафидан «Монако» ярим ҳимоячси Юссуф Фофанага ҳам жой берилди
Нисбатан қисқа фаолияти давомида бу футболчи ўта ҳайратланарли йўлни босиб ўтди.
Академияни тарк этгач, бир неча ой пицца ташувчи курьер бўлиб ишлади
13дан 15 ёшга қадар Юссуф Клерфонтен футбол академиясида таҳсил олганди. Бу даргоҳда Фофана «Марсель» вакили Амин Арит ва «Байер» ўйинчиси Мусса Диаби билан ёнма-ён таҳсил олган, Дидье Дрогбани ўз «кумири» сифатида ҳурмат қиларди. Фофана кўпчилик наздида юксак иқтидор соҳиби ҳисоблансада, амалда сезиларли тараққиётга эриша олмади. «Очиғини айтганда, мен кун сайин оддий ўйинчига айланиб қолаётгандим», - деганди футболчи L~Equipe нашрига берган интервьюларидан бирида.
2014 йилда Фофана Клерфонтенни тарк этиб, пул ишлаш мақсадида иш қидира бошлади: «Ўшанда мен дурустроқ ҳақ тўлайдиган иш топишга уриниб кўргандим. Ҳозир буни тасаввур қилиш осон эмас. Аммо мен бир неча ой давомида пицца ташувчи курьер мақомида ишлаганман. Бу бир оз кулгили юмуш бўлсада, ўша даврни мамнуният билан хотирлайман. У менга ўзимни кўпчилик қатори оддий инсондек ҳис этишимга ёрдам беради».
Футболдан воз кечмоқчи бўлганида, «Страсбур»дан таклиф олди
Иш билан шуғулланишига қарамасдан, Юссуф футболни унутиб юбормади: параллел равишда ҳаваскор жамоалар ўртасидаги Франция чемпионатида «Дранси» жамоаси таркибида тўп сурди. 2017 йилда ярим ҳимоячи футболда рисоладагидек натижаларга эриша олишидан умидини узиб, билим олишга қарор қилди.
Лекин айни ўша паллада Фофана «Страсбур»дан таклиф олди: «Бакалавриатга ўқишга киришимга ярим йил қолганида, ўзимга ўзим футболдан воз кечишга ва бутун эътиборимни билим олишга қаратишга ваъда бергандим. Айни ўша кунларда «Дранси»даги ўйинларимни «Страсбур» скаутлари кузатиб юришган экан. 2017 йилнинг февралида шартномага имзо чекдим».
Ўз фаолиятини ёшлар жамоаси таркибида бошлаган ярим ҳимоячи 2018Ғ19 йиллар мавсумида «Страсбур»нинг асосий таркибидан жой олди. Орадан бир йил ўтгач, Юссуф «Монако»га ўтди ва тўғридан-тўғри бошланғич таркиб ўйинчисига айланди.
Терма жамоа масаласида Фофана 3та терма жамоадан бирини танлаш имкониятига эга эди: Франция, Мали (ота-онасининг ватани) ва Кот д~Ивуар (авлодларининг ватани). Футболчи биринчи вариантни танлади. Бунга қадар Фофана 19, 20 ва 21 ёшгача бўлган жамоаларда 11 марта майдонга тушганди. Франция миллий терма жамоаси сафида Европа Миллатлар Лигаси доирасида Австрия ва Дания терма жамоалари билан бўлган ўйинларда майдонга тушди.
Қатар мундиалига бориши хусусидаги хушхабарни эшитди
«Чорловдан хабардор бўлганимда, ўзимга ўзим шундай дедим: «10 йиллик айрилиқдан кейин Клерфонтенга қайтяпман (Франция терма жамоасининг базаси шу ерда жойлашган). Лекин аввал бу даргоҳни «қора» эшик орқали тарк этган бўлсам, энди мағрур қадамлар билан асосий дарвоза орқали кириб бораман. Бу жуда ёқимли! Ўсмирлик давримдаги мураббийларим мени кўрганларида, мамнун эканликларини яширмадилар. Улар менга шундай дейишди: «Сенга катта раҳмат, биз хатога йўл қўйганимизни исботладинг».
Фофанада мундиалда ҳам майдонга тушди
Юссуф «Монако»да Тчуамени билан жуфтликда тўп суриш орқали эътибор қозонди: улар икковлон майдон марказини эгалладилар, Фофана тезкор рейдлар ва баъзан ўта қалтис узатмалари билан, Орельен эса кўпроқ орқа чизиқдаги ишончли ҳаракатлари билан танилди. Лекин улар ўртасида «ҳимояланувчи ўйинчи - ҳужумкор ўйинчи» каби ажратишлар мавжуд эмас, вақти-вақти билан алмашиб туришлари, баъзан биргаликда прессинг қўллашлари, зарур паллада ўз жарима майдончаларига қайтишлари ҳам мумкин. Фофананинг асосий устунлиги - Тчуамени билан ўта самарали ҳаракат қила олиши. Лекин жорий мундиалда Дидье Дешам жуда яхши спорт формасида бўлиб турган Адриен Рабьога ишонч билдирмоқда.
Шундай бўлсада, Юссуф Қатар майдонларида давом этаётган мундиал гуруҳ босқичининг дастлаб, 1-турида Австралия билан баҳсда 77-дақиқада айнан Тчуамени ўрнига, 2-турда эса Дания билан баҳснинг 90}3-дақиқасида Гризманн ўрнига майдонга тушди.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади