Жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етди. Ҳозир ҳамманинг кўзи яна АПЛга қаратиладиган бўлди. Аслиятда биз ҳозир ва май ойи оралиғида кўплаб саволларга жавоб топамиз. Аммо ҳар-хил таҳлиллар натижалари ҳам оммага қизиқ. Шулардан бири "Football Manager 23" портали томонидан тахмин қилинган натижалардир. Қуйида шу ҳақида гап боради.
"Арсенал" айни дамда "Манчестер Сити"дан саккиз очкога ўзиб кетган ва 2003-04 йилги мавсумдан бери илк бор чемпионлик учун курашга кирган. Бироқ, тўпчиларнинг бу фарқни сақлаб қолиш масаласи ҳам бор. Шунингдек, кучли тўртликка кураш ҳам қизиқ кечиши тайин. Чунки бунга кутилмаганда "Ньюкасл" аралашди. Қолаверса, АПЛда турнир жадвалининг қуйисида ҳам омон қолиш учун қаттиқ жанг кечади. Ва албатта, мавсум охирига келиб, "Олтин бутса" ва "Олтин қўлқоп" соврини кимга насиб этади деган саволга ҳам жавоб олишимиз мумкин бўлади. "FM23" портали 2022-23 йилги мавсумни тўла симулация қилди (тақрибан гавдалантирди). Натижалар эса "Арсенал" ва "МЮ" учун ёқимли эшитилмайди.
Манбага кўра, мавсум сўнгида "Манчестер Сити" ўзининг учинчи кетма-кет чемпионлигини нишонлайди. Бу "шаҳарликлар" учун сўнгги олти йилдаги бешинчи титул бўлади. Гвардиола шогирдлари 38 та турнинг 25 тасида ғалаба қозониб, 93 та гол уриши тахмин қилинган. Бошқа томонда Микель Артета бошчилигидаги "Арсенал" ўз рақибидан олти очко ортда қолиб, иккинчи ўринни эгаллаши айтилган. Бунга манчестерликлар сафидаги Эрлинг Холанд сабаб бўлади. Айнан у ҳозирда тўпурарлар жадвалини бошқариб турибди. Норвегиялик мавсум охирида 30 та гол билан "Олтин бутса"га эга чиқиши айтилган. Ундан кейинги ўринларни Муҳаммад Салоҳ (22) ва Харри Кейн (21) эгаллайди. Мусобақанинг "Олтин қўлқоп" соврини ҳам "Манчестер Сити" футболчисига тегишли бўлади. Эдерсон 17 та қуруқ ўйин билан бунга эга чиқади. Шунингдек, Кевин Де Брюйне 16 та ассист билан бу борада пешқадам сифатида эътироф этилади.
Мавсум якунида ЕЧЛ йўлланмасини "шаҳарликлар" ва "тўпчилар"дан ташқари "Челси" ва "Ливерпуль" қўлга киритади. Бу икки жамоа мавсумни қийин бошлаганди. Аммо якунда ўз мақсадига эришади. Хусусан, Грэм Поттернинг "Челси"си кучли ҳимояси билан 38 турда 47 марта гол уради холос. Портал берган маълумотда келтирилишича, "МЮ" якунда Европа лигасига қайтадан йўл олишга мажбур бўлади. Иккинчи йўлланма эса "Ньюкасл"га тегишли бўлади. "Қарғалар" бунда "Тоттенхэм"ни голлар нисбати билан ортда қолдиради ва олтинчи ўринни эгаллайди.
Жадвалнинг бошқа чеккасида "Ноттингем", "Вулверхэмптон" ва "Саутгемптон" бўлади ва улар АПЛ билан хайрлашади. Кичик фарқ билан "Лидс" ва "Борнмут" турнирда жон сақлаб қолади!
ИСМАТОВ Ж.