Англия Премьер-лигасида чемпионлик учун кураш 30 турдан кейин янада қизиб кетди. Бунга асосий сабаб "Арсенал"нинг "Ливерпуль" майдонидаги дуранги эди. Айни дамда икки жамоа ўртасидаги очколар фарқи 6 тани ташкил қилмоқда. Пеп Гвардиола жамоаси шанба куни "Арсенал" таъқибчиси сифатида "Саутгемтон" майдонига ташриф буюрган эди. "Шаҳарликлар" ўз ўйинини 4-1 ҳисобида ижобий натижа билан якунлайди. Орадан бир кун ўтиб, "Арсенал"нинг гали келди. "Ливерпуль" майдонида 30 дақиқа ичида 2 та гол фарқи билан олдинга чиқиб олган лондонликлар, якунда 2-2 ҳисобида дурангга имзо чекди. Ушбу натижалардан кейин суперкомпютер ўз алгоритмларини қайтадан кўриб чиқди. Унинг хулосалари қуйида баён этилади.
Натижалар таҳлили шуни кўрсатдики, "Манчестер Сити" мавсум охирида "Арсенал"га ўта яқин келади. Аммо титулга эриша олмайди. Негаки, "Арсенал" якунда бир очко фарқ билан чемпионликни қўлга киритади. Қолган ўйинлар давомида ҳозирги мавжуд олти очколик фарқ қисқариб боради.
Жадвалда пастроққа қараймиз. Топ-4 да яна ўхшаш номлар турибди. Гарчанд, қолган учрашувлар мураккаб бўлсада, "Ньюкасл" ва "Манчестер Юнайтед" ЕЧЛ поғоналаридаги позициясини сақлаб қолади.
Еврокубокларга йўлланма тақдим этувчи ўринларнинг қолганларида "Тоттенхэм" ва "Брайтон" жойлашади. Хусусан, "шпорлар" айни дамда ЕЧЛ учун курашаётган бўлса ҳам, якунда кучли тўртликдан етти очко кам тўплаган ҳолда пастроқдан жой олади. Европа лигасининг иккинчи йўлланмаси "Брайтон"га насиб этади. Айтганча, Европа Конференсиялар лигаси учун ҳам битта чипта мавжуд бўлиб, бу ўриндан "Ливерпуль" жой олади. Шундай қилиб, янги мавсумда "Брайтон", ўз тарихида илк марта еврокубокларда иштирок этади. "Ливерпуль" эса биринчи марта янги турнир бўлмиш ЕКЛда дебют қилади.
Тахминий жадвалнинг қуйироғига қарасак, яна бир топ-клуб кўзга ташланади. "Челси" саккиз турдан кейин ҳам ҳозирги 11 ўринидан силжий олмаслиги кутилмоқда. Агар амалда ҳам шундай бўлса, "аристократлар" ўзининг 1996 йилдан бери энг ёмон натижасини қайд этиши мумкин.
Жон сақлаб қолиш учун ҳам аёвсиз кураш бошланган. Бу курашнинг қурбонлари охир-оқибат учта жамоа бўлади. Суперкомпютерга кўра, бу жамоалар ўрнига "Лестер Сити", "Ноттингем" ва "Саутгемптон" лойиқ кўрилади. Шундай қилиб, "Ноттингем" бир йил ўтмай, яна қуйи лигага равона бўлади. "Лестер" ва "Саутгемптон" эса Чемпионшипнинг энг янги аъзоларига айланади.
ИСМАТОВ Ж.