Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Қадами қутлуғ дебютант

Баҳо:
+ | -

«Арсенал» ортиқча шов-шувларсиз арзон, лекин мақташга арзийдиган трансферни амалга оширди.

40 млн. евро (яна 5 млн. бонус) эвазига Микель Артета Европанинг келажаги порлоқ ҳимоячиларидан бирини шогирдлари сафига қўшиб олди. Афсуски, Юрриен Тимбер АПЛдаги дебютидаёқ - «Ноттингэм Форест»га қарши баҳс (2:1) 2-бўлимининг бошида жиддий жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқди. Лекин, у ҳали қайтади...

«Аякс»нинг 22 ёшли ҳимоячиси Юрриен Тимбер «тўпчилар»га ҳимоя чизиғидаги танлов имкониятини кенгайтиради. Нидерландиялик дебютантдаги универсализм унга Уайт билан ўнг қанотда рақобат қилиш, зарур паллада Салибага кўмаклашиш имкониятларини беради.

«Унинг ёшида мен Тимбернинг савиясидан анча йироқ эдим. У юксак салоҳиятга эга бўлган ўйинчи. Умид қиламанки, у шиддатли ривожланишни давом эттиради», - деди ҳимоячининг терма жамоадаги шериги Виржил ван Дейк.

«Аякс» услуби Тимберни руҳлантириб юборди. У тўпни ўта қалтис усулда олиб юради

«Мен ҳимоя марказида, ўнг қанотда ва зарур пайтларда марказда ўйнай оламан. Тезкорлик хислатини сақлай олсам, мамнун бўлардим», - деди Тимбер Лондонга ўтганидан кейин.

«Юрриен тўп билан аъло даражада муомала қилади. Албатта, ҳимоячи биринчи навбатда ўз дарвозаси дахлсизлиги учун курашиши керак, аммо у ҳар қандай босим остида ҳам хотиржам тўп суради. Бу ўта ажойиб хусусият», - деди ўз ҳайратини яшира олмаган Марко ван Бастен.

Тимбернинг асосий устунлиги - чизиқлар оралиғидаги узатмалари. Унинг тез фикрлаш қобилияти «Аякс»га бўшлиқлардан унумли фойдаланиш ва тўпни жарима майдончасига тезроқ етказиш имконини берарди. «Наполи»га қарши баҳсда Юрриеннинг қарори вазиятни ўзгартириб юборди. У тўпни осонликча қанотга етказиши мумкин эди. Бироқ рақиб бунга тайёр эканлигини кўргач, ҳужумни ўйинчилар гавжум бўлган ҳудуддан давом эттирди. Замбо-Ангисса Тайлор томон юрди, Ди Лоренцо тор йўлакчада қолди. Буни кўрган Бергвейн тўпни бўш қолган Бассига йўллади ва Классен ҳужумни гол билан якунлади.

Бошқа бир мисол - Бергейсдан қайтган тўпни Тимбер тўхтатмаган ҳолда Тайлорга йўллади ва жамоа тезкор узатмалар эвазига голли вазиятга эга бўлди. Юрриеннинг бу фазилатлари «Арсенал»га қўл келиши аниқ. Артетанинг ихтиёрида Хавертц, Эдегор каби бўшлиқдан самарали фойдалана оладиган ўйинчилар бор, Тимбер билан жамоа қудрати янада ошади.

Тўп билан олдинга ўтиш - Тимбернинг қудратли қуроли

Opta тақдим этган графикка кўра, 5 метр ва ундан узоқроқ масофаларга тўп билан ўтиш борасида Тимбер (487) энг яқин рақобатчисидан 76 баллга ўзиб кетган. Боз устига, у асосан ҳужумчилар билан куч синашади.

Юрриеннинг қанотга ёки олдинги чизиққа интилиши рейдлар учун қулай вазиятларни яратади. Тўп йўқотишлар кўп бўлмаслиги учун тен Хаг ва Схройдер услубни Тимбернинг ҳаракатларини ҳисобга олган ҳолда белгилашган.

Биринчи усул - ҳимоя чизиғида учликни шакллантириш. Юрриен вазият тақозосига кўра қанотдаги марказий ҳимоячига айланар ва олдинга интилади. Ортда қолган икки нафар шериклари унинг ҳимоядаги вазифасини ўз зиммаларига олишади. «Арсенал» шунга ўхшаш усулни қўллади. Габриэль ва Салибалар ёнига Уайт қўшилди. Бироқ Бен олдинга жуда кам ўтарди.

Иккинчи усул - Тимбернинг бирорта шериги билан позиция алмашиши. У ўнг қанот ҳимоячиси ёки таянч ярим ҳимоячиси ўрнига ўтади. «Мен тез-тез рақиб жарима майдончасида пайдо бўлардим. Дриблинг учун бўшлиқлар кўп бўлсада, бир марта финтларсиз олдинга интилдим. Афсуски, гол ура олмадим, лекин ўта хавфли вазиятни яратдим», - деганди Тимбер НЕКка қарши ўйиндан кейин.

Мана ўша лавҳа. Юрриен ўнг қанотда очилиб, кейин марказга интилди. У ерда Тадич билан тўп алмашиб, дарвозага йўллади. Яъни, ўзи учун голли вазиятни яратди.

Терма жамоада ҳам у ўнг қанотдан рейдлар уюштиради. Аргентинага қарши ўйинда Де Йонг уни бўшлиққа олиб чиқди, бу пайтда Гакпо Энцонинг ёнида эди. Тимбер бир интилиш билан икки рақибини ортда қолдириб, тўпни Кодига узатди. У эса олис штанга томон йўллади. Баъзан сусткашлик ва тўп йўқотишлар оқибатида муаммолар пайдо бўлади. «Назаримда, тўпни кўпроқ ўзимда олиб юрдим. Тажовузкор рақиблар мени изма-из таъқиб қилишди. Бундай жамоага қарши ўйнаш қийин», - деганди Юрриен ЖЧдаги Эквадорга қарши баҳсдан кейин.

Артетадан ана шу ўйин тажрибасини мукаммал ўрганиш талаб этилади. Фақат ўйинчилар позицияларини алмаштириш билан мақсадга эришиб бўлмайди. Агар Микель муносиб балансни топа олса, Тимбер «Арсенал»нинг ишончли қуролига айланади.

Тимбер ҳимоядаги тажовузкорликка кўникиб қолган. Бу унинг АПЛга ва «Арсенал» принципларига мослашиб олишини тезлатади

Яккакурашлардаги тезкорлиги ва тиришқоқлиги тажовузкор рейдларни амалга оширишида қўл келади. Муҳими, ҳужум ўтиш вақтини у тўғри белгилайди ва керакли пайтда рақибига гавдаси билан тўсиқ бўлади. «У катта бўшлиқда тўп сургани боис, ихчамлик қоидасига риоя қилади. Бу борада Юрриен улкан муваффақиятларга эришмоқда», - деганди Руд Гуллит ўтган йил сентябрида.

«Ливерпуль» ва «Наполи»нинг ҳужумкор ўйинчилари - ўта хавфли рақиблар. Қандайдир сонияни эътиборсиз ўтказсанг, хатога йўл қўйишинг аниқ. Бу мен учун улкан сабоқ - ҳакам ҳуштаги чалингунга қадар ҳушёрликни йўқотмасликка одатландим», - деганди Тимбер. Лекин ҳимоячи баъзан жарима майдончаси ичида хатоларга йўл қўяди. Жумладан, рақиб узатмаларини бартараф этишга кечикади.

АПЛ вакиллари бу камчиликдан фойдаланишга уринишлари аниқ. Бироқ ҳар ҳолда, Юрриеннинг ижобий хислатлари жуда кўп. Яккакурашларда рақибларини ишончли  таъқиб этиши Артета талабларига тез кўникишида ёрдам беради. 

179 см. бўйли Тимбер қандай қилиб «2, қават»да устунлик қилади?

Баланд бўйли рақибларига қарши курашда Юрриен аввалдан позиция танлайди курашга тайёр туради. «Фейеноорд»га қарши ўйинда «Аякс» юқори прессинг усулини қўллаб, олис узатмалардан фойдаланди. Ўз вақтида тезланиш олган Тимбер Жаҳонбахшдан аввалроқ сакраб, хавфни бартараф этди.

«Юрриеннинг ҳимояда ишончли ўйнашига ишончим комил эмасди. Ахир у баланд бўйли эмасди. Лекин ҳимоячи юқоридан келган узатмаларни ҳам бемалол қайтарарди», - деганди Руд Гуллит.

Асосий жумбоқ - Тимбер ўзининг маҳоратини АПЛда намойиш эта оладими? Қаҳрамонимиз ҳозирча фақат Эредивизиеда ёрқин тўп сургани - ҳақиқат. Англиядаги фаолиятига олдиндан баҳо бериш қийин. Лекин Эрик тен Хаг «МЮ»га кетиши арафасида ватандошига юксак баҳо берганди: «Яна бир етакчи «Аякс»да тайёргарликдан ўтди. У самарали тўп суришдан ташқари, сардорлик вазифасини ҳам бемалол уддалайди». Хуллас, Салиба ва Уайтлар юмушини енгиллатишга мўлжалланган нидерландиялик ҳимоячи қисқа вақт ичида Артетанинг ишончини қозонди ва расмий дебютини тарихий ғалаба , Англия Суперкубогини қўлга киритиш билан нишонлади. Тўғри, гол ёки самарали узатмани амалга оширмади. Бироқ дастлабки беллашувда мураббий унга 76 дақиқа тўп суриш имкониятини берди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 11:01, 03.09.2023.
Ўқилди: 3750 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.