Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Safarali Siddiqov

Futbol — sport qiroli!

2014 йил Бразилия учун омадли келадими ёхуд 1950 йилга саёҳат

Баҳо:
+3; -0

Азиз дўстларимни янги 2014 йил билан табриклаган ҳолда, шуни маълум қиламанки, кириб келаётган йил барчамиз учун байрамга айланиши шубҳасиз. Чунки футболнинг ашаддий мухлиси борки, у 4 йилда бир ўтказиладиган жаҳон чемпионатини кутиб яшайди. Сайёрамизнинг биринчи рақамли футбол мусобақасининг ўзгача эҳтирос билан кутиб олинади. Чемпионатлардан олган таассуротларимизни айтмайсизми?.. Неча йиллар ўтса ҳамки ширин энтикиш билан эслаб юрамиз. ЖЧ-1998 финалидаги Зайниддин Зиданнинг суперголлари, орадан 4 йил ўтиб ЖЧ финалида Роналдо томонидан киритилган дубль, бундан ташқари, Диего Марадонанинг "илоҳий қўли”, Роберто Баджо томонидан амалга оширилган пенальти ва ҳоказо...

Шундай экан, ЖЧ-2014 ҳам бизга унутилмас таассуротларни ҳадя этиши шубҳасиз. Қолаверса, мусобақа футболнинг ҳақиқий Ватани бўлган, Пеле, Диди, Вава, Гарринча, Загало, Жаирзиньо, Сократес, Зико, Ромарио, Роналдолар юрти бўлмиш Бразилияда кечади. Бразилия мамлакати ўз тарихида 2-марта ЖЧ финал турнирини ўз майдонида ўтказишни ўз зиммасига олди. Бундан 63 йил муқаддам содир бўлган воқеалар футбол тарихида алоҳида саҳифа сифатида хизмат қилди десак, муболаға бўлмайди. Демак, 1950 йилнинг 24 июнь санасидан 16 июль санаси оралиғида ўтказилган ЖЧ мусобақасида содир бўлган унутилмас воқеаларга тўхталамиз.

Иккинчи жаҳон уруши туфайли кўплаб йирик спорт мусобақалари, шу жумладан, миллионлаб мухлисларнинг жон-дилига айланиб қолган футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳам ўтказилмай қолди. Ишқибозлар навбатдаги футбол байрамини 12 йил кутишларига тўғри келди.

1946 йилнинг 25 июлида Люксембургда ФИФАнинг навбатдаги конгресси иш бошлади. Конгрессда бир канча ташкилий масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Жюль Рименинг футболдаги хизматлари учун мусобақага Жюль Риме Кубоги номи берилди. Яна бир муҳим воқеалардан бири ФИФА аъзолигига 1905 йилда қабул қилиниб, сўнгра уни бир неча бор тарк этган Англия футбол федерациясининг қайтиб келиши бўлди. Конгрессда навбатдаги жаҳон чемпионатини ўтказиш узоқ муҳокама қилинди. Иккинчи жаҳон уруши даврида Eвропа давлатлари катта талофатга учрагандилар ва бундайин йирик турнирни ташкил этишга ҳеч ким қодир эмасди. Шу боис ФИФА IV жаҳон чемпионатини футбол деса жонини ҳам берадиган Бразилияга ўтказишга қарор берди. Бундан хурсанд бўлиб кетган конгрессда иштирок этаётган Бразилия вакили бу карордан жуда-жуда мамнун эканлигини изҳор этиб, мазкур чемпионат шарафига Рио-де-Жанейро шаҳрида 200 минг томошабинни сиғдира оладиган улкан "Маракана" стадионини қуриш нияти борлигини баён этди.

Бразилия хукумати стадионни 1948 йилда барпо этишга киришиб, айнан 1950 йили жаҳон чемпионати бошланишига бир неча кун қолганда куриб битказди. Дастлаб, ФИФАга жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун 33 мамлакат ариза топширди. Кейинчалик турли сабабларга кўра 10 мамлакат аризасини қайтариб олди. Буларнинг орасида саралаш ўйинларини муваффақиятли ўтказган Шотландия, Ҳиндистон ва Туркия терма жамоалари ҳам бор эди. Шотландия саралашда Англиядан кейин 2-ўринни эгаллаб, ЖЧга йўл олаётганига "араз қилиб" турнирга катнашишдан бош тортган бўлса, Ҳиндистон вакиллари эса ФИФАга "биз бутсасиз, оёқяланг ўйнаймиз" деб шарт қўйди. Табиийки, ФИФА бу ҳолга кўнмади. Турклар мамлакатдаги иқтисодий аҳвол ночорлиги туфайли мусобақадан воз кечишди. Шундай қилиб, Туркия ва Шотландия бир неча марта, кейинчалик, ЖЧларда иштирок этган бўлса, Ҳиндистон кейинчалик ҳам бу ҳолатга умуман якинлашмади.

Шундай қилиб, чемпионатда 13 жамоа ғолиблик учун курашди. Мазкур чемпионат олдингиларидан фарқли ўларок, янги форматда ўтадиган бўлди. Турт гуруҳга ажратилган жамоаларнинг ғолиблари финал ўйинларида ўзаро куч синашадилар ва энг кўп очко тўплаган жамоа жаҳон чемпиони бўлади. Чемпионат олдидан барча футбол мутахассис ва мухлислари ғолибликка асосий даъвогар деб Бразилия ва Англияни эътироф этдилар. Бутун Бразилия халқи ушбу нуфузли мусобақани байрамдек кутиб олди. Учрашувлар бошланадиган кундан Рио-де-Жанейрода катта байрам карнавали ташкил қилинди. Бутун Бразилия терма жамоанинг чемпионатда ғолиб бўлишига қаттиқ ишонарди.

Ниҳоят, 24 июнь куни янги қуриб битказилган муҳташам стадион — "Маракана"да очилиш маросими тантанали суръатда ўтказилди. Артиллерия замбаракларидан 20 марта тўп отилиб, барча иштирокчилар олқишланди. Самолёт ва вертолётлардан "Маракана"га юзлаб футбол тўплари ва мусобақанинг ташкилий дастури акс этган қоғозлари ёғдирилди. Майдонга биринчи бўлиб Бразилия ва Мексика (не ажабки, ЖЧ-2014да ҳам бу жамоалар бир гуруҳдан жой олишган) терма жамоалари футболчилари кириб келишди. Мухлислар ўз севимлиларини гулдурос қарсаклар, гуллар ва олқишлар билан кутиб олдилар. "Футбол афсунгарлари" рақибларини 4:0 ҳисоби билан тор-мор этдилар. Бутун Бразилия бўйлаб ҳақиқий байрам тантаналари авжига чикди. Аммо иккинчи ўйинда Бразилия терма жамоаси омадсизликка учради. Сан-Паулу шаҳрида ўтказилган Швейцария терма жамоасига қарши ўйинда жанубий америкаликлар 2:1 ҳисоби билан олдинда эдилар. Бироқ 88-дақиқада европаликлар ҳужумчиси Фаттон ҳисобни тенглаштирди. Бу натижа Бразилия терма жамоасининг гуруҳдаги аҳволини мураккаблаштириб юборди. Чунки гуруҳ ғолиблигини қўлга киритган жамоагина кейинги босқичга йўл оларди. Навбатдаги ўйинда улар Югославия терма жамоасининг қаршилигини синдиришлари керак эди. Бразилия 2 ўйиннинг биттасида очко йўқотса, Югославия эса Швейцарияни (3:0) ҳам, Мексикани (4:1) ҳам мағлуб этиб, шу кунгача гуруҳда биринчи эгаллаб турганди. Навбатдаги ўйинда Бразилияни фақат ва фақат ғалаба қаноатлантирса, Югославияга эса дуранг ҳам гуруҳ ғолиби бўлишига етиб ортарди.

1950 йилнинг 1 июль куни "Маракана" стадионида Бразилия-Югославия ўйини ўтказилди. Учрашув бошланиши олдидан Югославия терма жамоасининг хавфли ҳужумчиси Райко Митичнинг бошига мухлислар томонидан отилган темир парчаси келиб тушди. Футболчи майдонга ҳушсиз йиқилди. Уни кўтариб олишди. Ўйин бошланди. То Митич бошини боғлаб майдонга тушгунча, бразилияликлар 2 тўп киритиб улгуришганди. 2:0 натижаси ўйин охирига ўзгармади. Ўзим футбол статискалари шайдосиман. Уша муҳим учрашув ҳам эътиборимдан четда қолмади.

БРАЗИЛИЯ – ЮГОСЛАВИЯ - 2:0
ЖЧ-1950. Рио-де-Жанейро. "Маракана". 142429 томошабин.
Хакам: Бенжамин Гриффитс (Уэльс)
Бразилия: Барбоса, Жувенал, Бигоде, Аугушту, Зизиньо, Манека, Жаир, Данило Алвим, Бауэр, Чико, Адемир.
Бош мураббий: Флавио да Коста.
Югославия: Срдан Мркушич, Бранко Станкович, Миодраг Йованович, Иван Хорват, Зелько Чайковски, Бернард Вукас, Коста Томашевич, Тшчик Чайковски, Стефан Бобек, Райко Митич, Предраг Жаич.
Бош мураббий: Микица Арсеньевич.
Голлар: Адемир (4), Зизиньо (67).

Чемпионатнинг энг шов-шувли натижаси Англия ва АҚШ терма жамоалари учрашувида қайд этилди. Дастлабки баҳсда Чили терма жамоасини 2:0 ҳисоби билан енгган Англия терма жамоаси ўз кучларига ортиқча баҳо бериб юбордилар. Ўз рақибларини менсимай ўйнаган инглизлар 0:1 ҳисобида мағлуб бўлдилар. Ўйин давомида катта устунликка эга бўлган инглиз футболчилари рақиб дарвозаси томон йул топа олмадилар. Шимолий америкаликлар эса камсонли қарши ҳужумларнинг бирида гол уриб олишди. Инглизлар ҳимоячиси Альф Рамсейнинг қўпол хатосидан АҚШ терма жамоаси аъзоси Гаэтенс унумли фойдаланди. Альф Рамсей бу айбини орадан 16 йил ўтиб ўз юртида ўтган VIII жаҳон чемпионатида ювди. Унинг бош мураббийлигидаги Англия терма жамоаси 1966 йилда ўз тарихида биринчи марта жаҳон чемпиони унвонига эришди. Гуруҳнинг сўнгги ўйинида инглизлар "Реал" ва "Барселона"нинг етакчи футболчиларидан тузилган Испания терма жамоасига ҳам шу ҳисоб билан ютқазиб, мусобақани тарк этдилар.

3-гуруҳда иштирок этган мусобақанинг амалдаги ғолиби Италия ҳамда 1948 йилги Лондон Олимпиадаси чемпиони Швеция терма жамоалари ўртасидаги баҳс кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлди. Бунда скандинавияликларнинг қўли баланд келди - 3:2. 1949 йилда авиаҳалокатга учраган Туриннинг "Торино" жамоаси "скуадро адзурра"нинг ўзагини ташкил қиларди. Шунинг учун бўлса керак, Италия терма жамоаси мундиалда кўнгилдагидек иштирок эта олмади.

Биринчи жаҳон чемпионлари Уругвай терма жамоаси учун мусобақа ҳар томонлама омадли келди. Аввалига улар саралаш баҳсларида Парагвай, Перу, Эквадор терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олишди. Аммо Перу ва Эквадор аризаларини кайтариб олишгач, Уругвай ва Парагвай бирорта ҳам ўйин ўтказмай мундиалга йулланма олишди. Финал босқичида ҳам 4-гуруҳдан жой олган Уругвай Туркия ва Шотландия чемпионатга қатнашишдан бош тортганидан сўнг фақат биргина жамоа билан гуруҳ ғолиблиги учун курашди. Унчалик кучли бўлмаган Боливия терма жамоасини улар 8:0 ҳисоби билан янчиб ташлашди.

Финал учрашувлари 7 июлдан 16 июлга қадар давом этди. Бу сафар ҳам майдон эгалари Бразилия терма жамоаси дастлабки ўйинни бошлаб беришди. "Афсунгарлар" кўҳна қитъанинг кучли терма жамоаларидан бири бўлмиш Швеция терма жамоасини янчиб ташлади - 7:1. Уругвай эса Испания терма жамоаси билан ўйинда аранг мағлубиятдан қутулиб қолди - 2:2. 2-тур ҳам Уругвай учун оғир кечди. Биринчи таймдан сўнг Швеция терма жамоасидан 1:2 ҳисобида мағлуб бўлаётган жанубий америкаликлар, иккинчи таймда жамоа ҳужумчиси Оскар Мигеснинг 2 аниқ зарбасидан сўнг машаққатли ғалабага эришдилар - 3:2. Бразилияликлар эса иккинчи ўйинда ҳам испанларга дарс бердилар - 6:1. Ўйинда дублга эришган жамоа ҳужумчиси Адемир 9 гол билан чемпионат тупурари бўлди. Испания- Швеция ўйинида 3:2 ҳисобида ютуққа эришган скандинавлар чемпионатнинг бронза медалларига эгалик қилишди.

Хал қилувчи ўйинда Бразилия ва Уругвай терма жамоалари кураш олиб боришлари керак эди. Ўйин олдидан Бразилия 4 очко, Уругай эса 3 очко тўплаган эди. Учрашувда қайд этилажак дуранг натижа ҳам Бразилия терма жамоасининг жаҳон чемпиони бўлиши учун хизмат қилса, Уругвай ғалаба козонган тақдирдагина ЖЧ ғолиби бўлар эди. Аммо бунга ишониш қийин эди.

Ниҳоят Бразилия халқи орзиқиб кутган 16 июль куни бошланди. Эрталабдан мамлакат аҳолиси интизорлик билан кутилган ғалабани нишонлаш учун катта тайёргарлик ишларини бошлаб юбордилар. Ўнлаб артиллерия замбараклари "Маракана"дан ғалаба хушхабари келиши биланоқ ғолиблар шарафига бир неча бор отилиш учун тахт қилиб қўйилганди. Стадион жуда чиройли безатилди. Ўн минг шиша шампан винолари, беҳисоб гулдасталар, мусобақа ташкилотчилари бўлса, олдиндан "Бразилия - жаҳон чемпиони!" деган кўкрак нишонларини тайёрлатган, ҳатто бош мураббий Флавио да Костага қонун чикарувчи бош ассамблеяда ҳам депутатлик учун ўрин накд қилиб қўйилганди.

Энг ашаддий мухлислар ("Торсида") ўз қўлларида "Бразилия- Уругвай - 8:0", баъзиларида эса ҳатто 10:0 ҳисоблари ёзилган катта плакатларни кўтарганларича стадионга кириб борардилар. Стадионга рекорд даражада - 199854 нафар томошабин кирган бўлиб, танга ташласа, ерга тушмасди. Учрашувни бошлаш учун англиялик ҳакам Жорж Ридернинг ҳуштаги янгради. Биринчи бўлимда "футбол афсунгарлари" шиддатли ҳужумлар уюштириб, рақибларини анча шошириб қўйдилар. Аммо ушбу бўлимда ҳисобни очишнинг уддасидан чиқа олмадилар. Иккинчи бўлимнинг бошларида янада кучли ҳужумлар ташкил қилиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлдилар. Мезбонлар ўйинчиси Фриаса ажойиб усулда дарвозани аниқ нишонга олади - 1:0. Стадионнинг шу лаҳзаларда кандай ларзага келганини бир тасаввур этиб кўринг-а! Учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозониб, ўз мухлисларини хурсанд қилиш учун астойдил бел боғлаган "афсунгарлар" бутун эътиборни ҳужумга каратиб, ҳимояни унутиб қўйдилар. Бу эса ўз навбатида ҳимояда ишончли ўйин кўрсатиб, қарши ҳужумларга таянган ҳолда ўйнаётган уругвайликларга қўл келди. Ана шундай қарши ҳужумлардан бирида меҳмонлар етакчиси, кейинчалик, Италиянинг "Милан" жамоаси билан улкан ютуқларни қўлга киритган Хуан Скьяффино 71-дақиқада жавоб тўпини йўллашга эришди.

Ўйин ушбу ҳисобда якунланганда ҳам Бразилия чемпион бўларди. Лекин ўйин тугашига 9 дақиқа қолганда меҳмонлар ҳужумчиси Алсидес Гиджа бир неча ҳимоячини алдаб ўтганича дарвозани ишғол қилади - 1:2. "Маракана"даги минглаб мухлислар карахт аҳволга тушиб қолдилар. Ўйинни қутқариш учун қаттиқ уринган бразилияликларнинг барча ҳаракатлари зое кетди. 20 йиллик танаффусдан сўнг Уругвай ўз тарихида иккинчи бор жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Ҳакамнинг ўйин якунланганлигини билдирувчи ҳуштаги янграганида ҳам уругвайлик футболчилар бундай кутилмаган омадга ишонмай бир зум майдонда туриб қолдилар. Бразилияликлар майдондан кўзларидан аламли ёш тўкканларича чиқиб кетаётганликларини кўрганларидан сўнг улар майдон ўртасида бир-бирларини маҳкам қучганларича севинчдан йиғлаб юбордилар. Орадан ҳеч қанча ўтмай, чемпионлар ўйингоҳдаги кўзлари қонга тўлган ашаддий "торседорес"ларнинг ғазабидан кўрққанларича ўз кийимларига бекиниб олдилар. Стадион бу пайтда ўта даҳшатли тусга кирганди. "Футбол афсунгарлари"нинг энг ашаддий мухлислари шу ондаёқ ўз жонларига қасд қилиб ўлиб ётар, бир неча юзлаб ишқибозларни юрак хуружи тутиб қолган, аламларига чидолмаганларидан ҳар ерда тартибсизликлар бошланиб кетганди.

Мусобақа ташкилотчилари ҳам тўполонлардан гаранг бўлиб, чемпионларни тақдирлаш маросимини ҳам унутиб куйдилар. ФИФА президенти Жюль Риме бўлса майдон ўртасига келиб "Олтин маъбуда"ни, энди ўз номи билан Кубокни кўтарганича ҳайрон бўлиб турарди. Катта байрамга тараддуд кураётган Бразилия шу куни ҳақиқий мотамхонага айланиб қолди. Уругвайда эса бу машъум ҳолатнинг тамоман аксини кўриш мумкин эди. Монтевидеода мисли кўрилмаган ғалаба тантаналари бошланиб кетганди.

Кейинчалик ФИФА президенти Ж. Риме ўз хотира китобида уша кунни шундай тасвирлаганди: "Ўйин якунлангач, "Маракана" жунбушга келганди. Шу боис ҳеч кандай тақдирлаш маросими ҳам ўтказилмади, ғолиб Уругвай шарафига давлат гимни ҳам чалинмади. Мен қаттиқ ҳаяжонланганимча оломон ичида Кубокни маҳкам ушлаганимча турар ва нима қилишимни ҳам билмасдим. Сўнгра бир оз ўзимга келдим ва уругвайликлар кийимхонасига кириб, жамоа сардори Варелани топдим. Бир оғиз ҳам сўз айтмай, титраганимча қўлимдаги Кубокни топшириб, елкасига аста қоқиб қўйдим холос. Шундай қилиб қисқагина тақдирлаш маросими ўз ниҳоясига етди".

Жуда ҳам сермаҳсул ва чиройли ўйин кўрсатганига қарамай, ўз майдонида сўнгги учрашувда мағлуб бўлган бразилиялик футболчиларнинг мағлубияти мамлакат иқтисодига катта зарар келтирди. Негаки, ушбу ҳодисалардан ўзларига керакли хулоса чикариб олган Бразилия ҳукумати раҳбарлари келгусида ҳам, ўз майдонларида футбол бўйича жаҳон биринчилигини ўтказмасликка қаттиқ аҳд қилди. Кейинчалик 5 марта жаҳон чемпиони бўлган Бразилия бу титулларни бошка мамлакатларда нишонлаганликларини таъкидлаш жоиз. Минас Жераис штатининг Трес-Корасаэс шаҳарчасининг "Бакиньо" болалар жамоаси Газолина тахаллуси остида 9 ёшли бир бола тўп сураётганидан ҳеч кимнинг хабари йук эди. Кейинчалик бу бола лақабини Пелега алмаштирди...

ЖЧ-1950. ФИНАЛ
БРАЗИЛИЯ – УРУГВАЙ - 1:2
Рио-де-Жанейро. "Маракана". 199854 томошабин. 16.07.1950й.
Ҳакам: Жорж Ридер (Англия)
Бразилия: Барбоса, Жувенал, Бигоде, Аугушту, Зизиньо, Жаир, Данило Алвим, Бауэр, Фриаса, Чико, Адемир.
Бош мураббий: Флавио да Коста.
Уругвай: Гастон Масполи, Обдулио Варела, Эусебио Тейшейра, Матиас Гонсалес, Шуберт Гамбетта, Виктор Андраде, Хуан Скьяффино, Хулио Перес, Рубен Моран, Оскар Мигес, Алсидес Гиджа.
Бош мураббий: Хуан Лопес.
Голлар: Фриаса (47) — Скьяффино (71), Гиджа (81).

Ниҳоят, 2014 йилда Бразилия яна бир марта мундиални ўз уйида қабул қилади. Табиийки, Бразилия терма жамоаси бу сафар ҳам чемпионликдан бошқасини ўйламайди. Аммо Европа грандларидан Германия, Италия, Испания, Голландия, Португалия каби кучли жамоалар, шунингдек, Лео Месси етакчилигидаги Аргентина терма жамоасидек даъвогарлар бунга кўнармикан? Қолаверса, Жанубий Америка жамоалари ўз китъаларида шу пайтга қадар чемпионликни бой беришмаган. Конфедерациялар Кубогидаги ўйинлардан шуни хулоса қилишимиз керакки, Бразилия бу сафар ҳам бўш келмоқчи эмас. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Худо хоҳласа, 2014 йилда ҳам 1950 йилги мундиалга ўхшаш унутилмас воқеаларга бой чемпионатни кўрамиз.

Ҳаммангизни кириб келаётган Янги 2014 йил билан табриклайман.

Киритилган сана: 31.12.2013 09:07. Ўкилди: 9544 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:02. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:02. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 02:05. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 02:05. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 02:02. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 02:02. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


SNAYPERS
Сана: 15.01.2014 00:40. SNAYPERSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


UZNASAF
Сана: 13.01.2014 10:34. UZNASAFга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FIRIK
Сана: 01.01.2014 19:58. FIRIKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ILHOMBEKT
Сана: 31.12.2013 17:23. ILHOMBEKTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SNAYPERS
Сана: 31.12.2013 14:40. SNAYPERSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


IYSASARAM
Сана: 31.12.2013 10:12. IYSASARAMга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


IYSASARAM
Сана: 31.12.2013 10:12. IYSASARAMга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


UZNASAF
Сана: 31.12.2013 10:04. UZNASAFга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.