Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Safarali Siddiqov

Futbol — sport qiroli!

Мундиалга боролмаган Радамель Фалькао

Баҳо:
+1; -0

Чинданам ачинарли. Колумбия терма жамоасининг 16 йиллик танаффусдан сўнг яна мундиал баҳсларида иштирок этишига бош ролни бажарган футболчи жаҳон чемпионатини томошабин сифатида кузатади.

leftЎзи Колумбия футболининг афсонавий футболчиси Карлос Вальдеррама катта футболдан кетганидан кейин ушбу терма жамоа ўртамиёналар сафига тушиб қолганди. "Оқ Гуллит" лақаби билан машҳур Вальдеррама ўйнаган пайтларда Колумбия терма жамоаси ўз китъасида энг кучли жамоалардан бири сифатида тилга олинарди. Жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этарди. Эсимда бор, ЖЧ-1994 саралашида Вальдеррама бошчилигидаги Колумбия сафарда Диего Марадона етакчилигидаги Аргентина терма жамоасини 5:0 ҳисоби билан ютганди.

Карлос Вальдеррама ЖЧ-1998да иштирок этганда 37 ёшда эди. Ўшанда у гуруҳ босқичидаги Тунис терма жамоасига қарши ўйинда ягона тўпни киритган жамоадоши Пресьядога шундай чиройли пас ташлаб бердики, футбол томоша қилаётган барча мухлислар "вооо!" деб юборишди. Дарҳақиқат, ўзига хос ташқи кўриниши билан ҳам ажралиб турадиган Вальдеррама юқори техника соҳиби эди. У майдонда бўлганда Колумбия терма жамоасининг ўйини жуда кучайиб кетарди. Кейин у ҳам ёши ўтиб қолгандан кейин футболдан кетди. Ана шундан кейин Колумбия терма жамоасининг аввалги ўйини буткул йуқолди. Жамоа ўртамиёналар сафига тушиб қолди. Мундиал юзини ҳам кўрмай кетди.

Бу кунлар ҳам ўтар-кетар деганларидек, ниҳоят Колумбия футболида Вальдерраманинг ўрнини босишга қодир янги истеъдодлар бўй кўрсатди. Буларнинг орасида "Кўхна қитъа"да "Порту", "Атлетико" каби клублар билан ажойиб титулларни қўлга киритган Радамель Фалькаони алоҳида тилга олмоқ жоиз.

Фалькао Европада ўйнаб юрганда шундай ҳунарлар кўрсатдики, унинг ватандоши Карлос Вальдеррама ҳам Франциянинг "Монпелье" жамоасида ўйнаб юрган кезларида бунчалик шуҳрат қозонмаганди. Янги жамоаси "Монако"да унинг ишлари яхши кетаётганди. Аммо турлардан бирида оғир жароҳат олиб сафдан чиқиб, мана мундиалдан ҳам қуруқ қолди. Колумбия терма жамоаси бош мураббийи  Хосе Пекерман таъкидлагандек, Фалькао ҳақида сўнгги қарорни қабул қилиш осон бўлмади. Дарҳақиқат, у жамоанинг етакчиси эди. Айнан унинг хизматлари эвазига Колумбия терма  жамоаси ЖЧ баҳсларида иштирок этмоқда.

Одатда, жаҳон чемпионатида иштирок этиш  ҳар бир футболчининг орзуси саналади. Фалькао ҳам фаолиятида биринчи марта сайёрамизнинг биринчи рақамли футбол мусобақасида иштирок этиши мумкин. Лекин тақдирда ёзилгани бошқа бўлиб чиқди.

Мен мундиаллар тарихида Фалькаога ўхшаб ЖЧдан қуруқ қолган айрим футболчиларни биламан. Уларнинг биттаси ЖЧ-1974да бронза медални қўлга киритган Польша терма жамоаси ҳужумчиси Влодзимеж Любаньскидир. Ўша чемпионатда жуда кучли ўйин кўрсатган Польша терма жамоаси аъзоларидан "агар Любаньски ҳам таркибда бўлганда нима қилардинглар" деб сўрашганда, "чемпион бўлардик" деб жавоб беришган экан.

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Тбилисининг "Динамо" жамоаси ўзининг олтин даврини ўтказди. Жамоа Иттифоқ чемпиони, Кубоги соҳиби бўлиш билан бирга Европа яшил майдонларида ҳам ўз кучини кўрсата олди. 1981 йилда "Динамо" Европада иккинчи даражали турнир — Кубок эгалари кубогида ғалаба қозонди. Грузияликлар жамоаси сафида бир қанча маҳоратли футболчилар ҳаракат қилишарди. Уларнинг орасида жамоа плеймейкери Давид Кипианининг номи алоҳида тилга олинади. Дарҳақиқат, грузиялик футболчини ўша пайтларда бутун Иттифоқ миқёсида ҳам етакчи футболчилардан бири сифатида билишарди. Аммо ЖЧ-1982 га йўл олган Собиқ Иттифоқ терма жамоаси сафида Давид Кипиани йўқ эди. Орадан 4 йил ўтиб ҳам Иттифоқ терма жамоаси ЖЧда иштирок этди. Чемпионат олдидан футболчи ва мураббийлар ўртасида жанжал келиб чиқди. Натижада, бош мураббий Эдуард Малофеев ишдан бўшатилиб, ўрнига Киевнинг "Динамо" жамоаси билан 1986 йилда Мадриднинг "Атлетико" жамоасини 3:0 ютиб Кубок эгалари кубогини қўлга киритган Валерий Лобановский тайинланди. Малофеевга қўшилиб, бир қанча футболчилар ҳам жаҳон чемпионатига бормасликка қарор қилишди. Натижада Лобановский бутун таркибни Киев "Динамо"чиларидан тузиб ташлади. Эътибор беринг, чемпионатга йўл олган терма жамоанинг 22 футболчидан 16 таси украиналик эди. Жамоа чемпионатда чиройли ўйин кўрсатди. Агар чорак финалдаги Бельгия терма жамоасига қарши ўйинда бош ҳакам швециялик Эрик Фредрикссон бельгияликларга ён босмаганда бу, жамоа анча узоққа борарди.

ЖЧ-1990га борган Иттифоқ терма жамоаси сафида жамоа етакчиларидан бири Алексей Михайличенко кўринмади. У ҳам жароҳати туфайли мундиални ўтказиб юборди. Михайличенко Иттифоқ терма жамоасининг Евро-1988да кумуш медални қўлга киритишида, шунингдек, Сеул-1988 Олимпиадасида чемпион бўлишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшганди. Михайличенкосиз қолган терма жамоа ЖЧ-1990да жуда шармандали натижа қайд этди.

ЖЧ-1998да бош совринни қўлга киритган Франция терма жамоаси бош мураббийи Эме Жаке француз футболи юлдузлари Эрик Кантона, Давид Жинола, Жан-Пьер Папеннинг хизматларидан воз кечди. "Нимага бу футболчиларни термага жалб этмадингиз", деган саволга Жаке "илтимос, менинг ишимга хеч ким аралашмасин", деган жавоб берганди ўшанда. У француз футболидаги бошқа истеъдодлардан топ даражадаги жамоа яратмоқчи эди. У бу мақсадини ошиғи билан руёбга чиқарди. Агар Франция терма жамоаси ўша мундиалда ғолиб чиқмаганда, Папен, Кантона ва Жинолани термага чақирмаган Эме Жакенинг бошига қанча таёқ келиб синишини кўрардингиз.

Ўша мундиалда кумуш медални қўлга киритган Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Ромарио ҳам жароҳати сабаб мундиални ўтказиб юборганди. Мухлислар Бразилия терма жамоаси ҳужум чизиғида Ро-Ро (Ромарио- Роналдо) ҳужум жуфтлигини кўрмоқни жуда исташаётган эдилар.

Шунингдек, ўша мундиалда иштирок этган Германия ва Италия терма жамоаларида ҳам жиддий йўқотишлар бор эди. Германия терма жамоаси сафида 1996 йилги "Олтин тўп" соҳиби, етакчилардан бири Маттиас Заммер кўринмади. У ҳам жароҳати сабаб мундиални ўтказиб юборди.  Кейинчалик, ана шу жароҳати туфайли 31 ёшида катта футбол билан ҳам хайрлашди. Италия терма жамоасида эса биринчи рақамли дарвозабон Анжело Перуцци мундиалга келмади. Унга ҳам жароҳат панд берди. Журналистларга интервью берган "Ювентус" посбони ўшанда жаҳон чемпиони бўлиш унинг ҳаётидаги бирдан-бир орзуси эканлигини бот-бот таъкидлаганди. Перуцци бу орзусига орадан 8 йил ўтиб етди. ЖЧ-2006да бош совринга эга чиқкан Италия терма жамоасида у Буффондан кейин иккинчи дарвозабон эди. Шунинг учун унга ҳам барча қатори чемпионатнинг олтин медалларидан бири насиб этди.

Ана шундай қилиб, ЖЧ-2014 ҳам йўқотишлардан ҳоли бўлмади. Бутун мавсумда  "Реал"нинг Чемпионлар Лигасида ғалаба козониши учун тер туккан Криштиану Роналду, жароҳати сабаб ярим мавсум захира ўриндиғида утирган Сами Хедиранинг бошига ҳам сал бўлмаса Фалькаонинг куни тушарди. Франция терма жамоаси етакчиси Франк Рибери ва германиялик футболчи Марко Ройс бу галги мундиални томошабин сифатида кузатадиган бўлди.

Жаҳон чемпионатига катнаша олмаслик ҳар бир футболчи учун ҳам алам қилади. ЖЧ-2002да иштирок этган Англия терма жамоасида ҳам сал бўлмаса етакчилардан бири Дэвид Бекхэм мундиалдан қуруқ қоларди. У Чемпионлар Лигаси чорак финалидаги Испаниянинг "Депортиво" жамоасига қарши ўйинда оғир жароҳат олганди. Футболчининг ўзи ўша вазиятни шундай эслайди:

"Меҳмонлар ўйинчиси Альдо Душер орқа томонимдан зарба берди. Шунда оёғимда "қарс" этган овоз эшитилди. Шунда оёғим синганини ҳис этдим ва кўз олдимдан жаҳон чемпионати ўтди. Аммо шифокорларга минг раҳмат. Мен мундиалда иштирок этдим. Жамоамнинг муҳим голларига муаллифлик қилдим".

Радамель Фалькао ҳам жамоаси учун куп нарса қилиб берарди. Унинг урнига муносиб номзод сифатида "Севилья" ҳужумчиси Карлос Баккани кўришимиз мумкин. У баҳорда Мадриднинг "Реал" жамоаси дарвозасига "дубль" йўллагандан бери купчиликка таниқли бўлиб қолган. Шунингдек, Бакка "Севилья"нинг Европа Лигасида ғалаба қозонишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшди.  Эҳтимол, Карлос Бакка мундиалда Радамель Фалькаонинг ўрнини билинтирмас. Фалькаога келсак, уни ҳали ажойиб ғалабалар кутиб тургандир. Насиб этса, Радамель Фалькао ЖЧ-2018 да ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатади. Бу йўлда унга омад тилаймиз!

 

Киритилган сана: 08.06.2014 18:19. Ўкилди: 9652 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:25. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:25. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:23. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:23. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 09:26. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 09:26. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


SNAYPERS
Сана: 09.06.2014 00:53. SNAYPERSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


DINAZAVR
Сана: 08.06.2014 20:36. DINAZAVRга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.