Мунофиқликнинг футболдаги кўриниши (Архивдаги мақола)
Баҳо: |
+4; -0
|
Ёки арабча антифутбол ва унинг атрофидаги нарсалар хусусида
Ютаётган клуб ёки терма жамоа футболчиси рақиб ўйинчилари тегмаса ҳам майдонга қулайди... Майдонга ётиволиб, у шундай дод-вой кўтарадики, майдонга замбар (носилка) эмас, тобут олиб чиқиш керак деган фикр туғилади… Ютаётганларнинг шифокорлари "жабрдийда"сини майдоннинг ўзида "даволаш"га киришиб кетадилар... Бундай "терапия" таҳминан 10-15 дақиқа давом этади... Ютқазаётган клуб ёки терма жамоа футболчилари ҳамда мураббий-у мухлислари жиғибийрон... Шундай ҳолат ҳар таймда камида 5-6 марталаб такрорланади... Бундай артистликка бефарқ ёки ҳайрихох бўлган ҳакамлар тўхталишлар учун кетган вақтни компенсация қилиш учун ҳар таймга нари борса 5 дақиқадан қўшиб беришади...
Таниш манзара
Бу манзара осиёлик футболчиларга ва футбол ишқибозларига, айниқса, ўзбекистонликларга жуда таниш. Ҳа, бу саҳнани Осиё Футбол Конфедерацияси тасарруфидаги исталган халқаро мусобақада кўриш мумкин. У ердаги артистлар, яъни "жабрдийдалар" ҳамиша битта – араб футболчилари! "Жабрдийдалар"дан жабр кўрувчилар асосан ноараб жамоалари, айниқса, Узбекистон клублари ёки терма жамоалари.
Илгари, яъни собиқ Иттифоқ даврида бундай найрангларни кўрмаган ўзбекистонлик футболчи ва мухлислар бошида, яъни ОФКдаги илк йилларда, антифутболнинг бундай шаклини ғазаб билан қаршилашарди. Йиллар ўтиб улар бунга кўникиб қолишди. Шу сабаб ҳам ҳозир ўзбекистонлик футболчилар ва ишқибозлар бундай антифутболни олдингига қараганда анча хотиржам қабул қилишади – “оддий аферистларнинг кундалик аферизми”, - дейишади.
Ҳозир ўзбекистонлик футболчи ва мухлисларнинг Осиёда босиб ўтган йўлининг бошида фақат австралияликлар бор. 2007 йилги Осиё кубогининг финал босқичида футбол киллерларининг қилиқлари олдида австралияликлар лол қолишди. Қанча жиғибийрон бўлсалар ҳам, ҳакамларга эътироз билдирсалар ҳам ожиз қолишди... Чунки олдинлари асосан Европа ва Америка жамоалари билан ўйнаб юрган австралияликлар бунақанги антифутболни ва тулки футболчиларни кўришмаган. Улар нари борса машҳур Марадонанинг қўли билан киритган голини ёки Ривалдонинг Корея майдонларида ёлғончасига ётиб олганини кўришган. Лекин Марадона ва Ривалдоларнинг ёлғонлари арабларнинг шумлиги олдида ҳеч нарса эмас-да!
Яна 2-3 йилдан кейин ОФКнинг янги аъзолари ҳам худди ўзбекистонликлардек антифутболнинг бу турига кўникиб кетишса ажаб эмас. Чунки на ОФК, на унинг ҳакамлари араблардан чиққан футбол қотилларига қарши чора кўриши амри маҳол.
ОФК, ҳакамлар ва арабча антифутболга ҳайрихоҳлик
Аслида футбол ўйини чоғида бу ҳолат, яъни футболчининг вақтни чўзиш мақсадида жароҳат олган киши қиёфасига кириб ётиб олиши, ҳакамлар томонидан жазоланиши керак. Чунки, биринчидан, футболчининг жароҳат олмасдан ёки унга нисбатан қоида бузилмасдан майдонга йиқилиши ва ётиб олиши футбол тилида симуляция, яъни муғомбирлик деб айтилади. Симуляция қилган футболчига сариқ карточка кўрсатилиши керак.
Иккинчидан, футболчи ҳақиқатдан ҳам жароҳат олган бўлса, унга тиббий ёрдам майдон ташқарисида кўрсатилиши керак. Лекин арабларларнинг "жабрдийдалари" ҳам, унга "шошилинч ёрдам"га келган шифокорлари ҳам майдондан чиқиб, унинг ташқарисида муолажа қилишга ҳамиша қаршилик қилишади. Мабодо бир амаллаб уларни майдоннинг ташқарисига чиқариб юборсалар, боя оғриққа чидай олмай тобутга ётишга тайёр бўлган футболчи дарров ўрнидан туриб, ҳакамдан майдонга тушишга рухсат сўрай бошлайди. Бу ҳолат футболда вақтни атайлаб чўзиш деб баҳоланади. ФИФА қоидаларига кўра, бу ишни қилган футболчига ҳам сариқ карточка кўрсатилиши керак.
Аслида араб футболчилари биз санаб ўтган иккала қоидабузарликни ҳам қилишади. Яъни аввалига, симуляция қилишади, кейин эса вақтни чўзишади. Демак, аслида бу икки қилмиши учун футболчига иккита сариқ карточка кўрсатиб, кейин уни майдондан хайдаш, яъни ўйиндан четлатиш керак.
Европа, Лотин Америкаси, Африка ёки Австралияда шундай ҳолат ФИФА қоидаларига мос равишда баҳоланади, шу қоидабузарликларни қилган футболчилар мазкур қоидаларига кўра жазоланади. Мисол учун, яқинда Италиянинг "Милан" клуби дарвозабони Дида Шотландиянинг "Селтик" клуби билан бўлган ўйинда симуляция ишлатиб, ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатгани учун, УЕФА томонидан икки ўйинга четлаштирилди. Бу Дида учун жазо бўлса, қолган футболчилар учун сабоқдир. УЕФАда шундай. ОФКда ундай эмас...
ОФКда ҳакамлар бундай ҳолатларни ҳайрихоҳлик билан қабул қилиб, футбол киллерларини жазосиз қолдиришади. ОФК ҳакамлари ўзларини муғомбирликни сезмаганликка олишади. Аслида улар арабларнинг ҳийла-найрангларини рақиб футболчилари-ю мухлисларининг жиғибийрон бўлишидан ҳам билишади. Лекин ўзларини билмаганликка олишади.
Балки улар ОФК раҳбарияти ҳам араблардан иборатлигини билганлари учун ўзларини билмаганликка олишар ва арабларни жазолашга ўзларида куч топа олишмас. Балки улар ҳақиқатдан ҳам чаласавод, кўр ва кар ҳакамлардир... Ким билади дейсиз? Лекин шахсан мен осиёлик ҳакамларнинг чаласаводлигига ҳам, кўрлигига ҳам, карлигига ҳам ишонмайман.
ОФКнинг ўзи ҳам бундай ишларни кўрмаганликка олади, араблардан чиққан футбол душманларига қарши ҳеч қандай чора кўрмайди. Ҳакамлар кўз ўнгида очиқ-ойдин содир бўлган ва видеоёзувларда такрор-такрор кўринадиган муғомбирликни ОФК "кўрмайди". Лекин умуман содир бўлмаган ёки умуман кўринмайдиган "қоидабузарликлар"ни кўради ва жазолайди.
Мисол учун, ўтган йили Осиё Кубоги-2007 саралаш баҳсларининг охирги турида ОФК ҳакамлари ўзбекистонлик Максим Шацкихга йўқ жойдан қизил карточка кўрсатишди, кейин эса Конфедерация раҳбарияти уни бир ўйинга четлаштирди ҳам. Натижада ҳужумчи Осиё Кубогининг финал босқичида Эронга қарши ўйинни ўтказиб юборди, Ўзбекистон эса баҳсни бой берди. Мана сизга ОФК, мана сизга у чиқарган қарорларнинг меваси…
Нима бўлган тақдирда ҳам, Ўзбекистон футбол оиласи, яъни федерация, мураббийлар ва футболчилар бу ҳолатга (арабча антифутболга ва унга ҳайриҳоҳ ҳакамликка) қарши чоралар кўриши лозим.
Нима қилмоқ керак?
Юқорида айтилганидек, бу иллатга қарши бутун футбол оиласи (ҳам мураббийлар, ҳам футболчилар, ҳам федерация) биргаликда курашиши керак. Акс ҳолда биз араблар билан бўладиган ҳар бир учрашувда футболчиларимизни шумлик ва ёлғончилик билан рўбарў қилиб қўяверамиз.
БИРИНЧИДАН, арабча антифутболга мураббийларимиз курашиши лозим.
Энг аввало мураббийларимиз ўйинчиларнинг РУҲИЙ ТАЙЁРГАРЛИГИга катта эътибор қаратишлари керак. Ўйиндан олдин мураббийлар футболчиларимизга ҲАКАМ РАҚИБ (АРАБ) ЖАМОАНИНГ 12-ЧИ ЎЙИНЧИСИ деб ҳисоблашларини уқтириши лозим. Шунда футболчиларимиз ОФК ҳакамларидан адолат кутишмайди, нажот сўрашмайди. Балки улар ўйинга икки хисса куч билан киришишади, бутун эътиборини гол уриш ва ютишга қаратишади.
Бундан ташқари, мураббийларимиз футболчиларга арабларга нисбатан хеч кандай (на кичик, на катта) НОЖЎЯ ҲАРАКАТ ҚИЛМАСЛИК зарурлигини уқтиришлари лозим. Эсингизда бўлса, ўтган йили Қатардаги Осиё ўйинларида терма жамоамиз ҳимоячиси Асрор Алиқулов ироқлик ўйинчига бир маротаба қўл силтаб юбориб, термамизни қийин аҳволга солиб қўйганди. Чунки ироқлик футболчи худди зарба егандек ётиб олди, воқеаларнинг шундай ривожланишини кутиб турган ҳакам эса Алиқуловни ўйиндан четлатди.
Бундай майда ҳатти-ҳаракатларни, масалан, ўйин тўхтатилгандан сўнг тупни тепиб юбориш каби ишларни араблар қилиши мумкин, уларни ҳеч ким жазоламайди. Лекин биз буни қилмаслигимиз лозим, чунки биз араб эмасмиз, бунинг учун жазоланишимиз аниқ: ОФКда футбол қоидалари фақат биз ёки ноараб жамоалари учун ишлайди.
Мураббийлар футболчиларимизга уйин пайти араблар ётиб оладиган бўлса, ҳакам тўхтатмагунча ЎЙИННИ ТЎХТАТМАСЛИК кераклигини, яъни тўпни майдон ташқарисига тепиб юбормасликни уқтиришлари лозим. Агарда ўйинни тўхтатиш, яъни "жабрдийдаси"га "ёрдам кўрсатиш" учун тўпни майдон ташқарисига араблар чиқариб юборгудек бўлса, ТЎПНИ ЎЙИНГА КИРИТИБ, АРАБЛАРГА БЕРМАСЛИК лозимлигини ҳам уқтириш лозим.
Албатта, бу fair play, яъни ҳалол ўйин қоидаларига тўғри келмайди. Лекин арабларнинг ётиб олишлари ҳам шу қоидаларига тўғри келмайди. Шунинг учун бундай вазиятларда ўзбекча андишаликни йиғиштириб қўйиб, тезроқ гол уриш ҳаракатини қилиш керак.
ИККИНЧИДАН, арабларнинг артистлиги ишга тушиш-тушмаслиги, ишга тушса ҳам уларга фойда бериш-бермаслиги футболчиларимизнинг қўлидадир.
Эътиборимизни ўйиннинг ўзига қаратадиган бўлсак, араблар ётиб олмасликлари учун биринчи бўлиб гол уриш, ҳисобда олдинда юриш керак деган фикрни кўп эшитамиз. Албатта, бу тўғри фикр. Лекин қандай қилиб биринчи голни уриш, ҳисобда олдинда юриш керак?
Бу ишни уддалаш учун футболчиларимиз энг аввало ўта ТЕЗКОР ФУТБОЛ намоиш этишлари лозим. Ҳаммага маълумки, замонавий футболда рақибни чарчашга, хато қилишга ва гол ўтказишга мажбур қиладиган энг асосий қурол бу тезкорликдир. Яъни футболчи тез югуриб, тез фикрлаб, тез алдаб, тез пас берса, рақиб дарвозаси олдида ҳавфли вазиятлар тез ва кўп содир булаверади. Бу эса оҳир-оқибат рақиб дарвозасига гол киритилишига олиб келади.
Шу сабабдан ҳам Европа жамоалари ўйин тезлигини биринчи ўринга қўйишади, уни таъминлаш учун эса футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига катта эътибор қилишади. Футболчиларимиз тезкор футбол намоиш этмагунларича, арабларга ва умуман ҳар қандай жамоаларга гол уриши қийинлашаверади.
Афсуски, ички чемпионатимизнинг даражаси футболчилар югуриб эмас, юриб ҳам эмас, туриб ўйнашларига ва гол уришларига имконият беради. Шу сабабдан, "Хоразм", "Вобкент", "Металлург" каби жамоаларни жойидан қимирламасдан ютиб ўрганган термамиз аъзолари, халқаро майдонларда югургилари келмайди.
Халқаро уйинларда, айниқса, араб жамоалари билан ўйнаганда нафақат тезкор футбол, балки ТЕЗКОР ПРЕССИНГ қўллаш ҳам керак. Маълумки, тезкор прессинг рақиб футболчилари тўпни эгаллаганда улардан тўпни олиб қўйиш мақсадида қўлланилади. Прессинг катта жисмоний юк бўлиб, футболчидан катта жисмоний тайёргарликни талаб қилади. Прессинг қўллаш асосан ҳужумчи ва ҳужумкор ярим ҳимоячиларнинг иши эканлигини ҳисобга олсак, ушбу чизиқ футболчилари бошқа чизиқдагилардан жисмонан кучлироқ бўлиши керак.
Агар футболчиларимиз прессинг қўллашмаса, араблар тўпга ҳоҳлаганча эгалик қилиб, майдонда ўз ўйинни ўрнатишади ва футболчиларимизни ўз ўйинига тобе қилишади.
Араблар билан бўладиган ўйинларда зарур бўладиган яна бир нарса – бу УЗОҚДАН БЕРИЛАДИГАН ЗАРБАЛАР. Маълумки, араблар ўзларини қониқтирадиган ҳисоб пайти ёки ютаётган бўлсалар, бутун жамоа бўлиб ҳимояга ўтиб олишади. Уларнинг ўз жарима майдонлари атрофида тўда-тўда бўлиб тўпланишлари дарвоза олдида тиғиз ҳимояни вужудга келтиради.
Тиғиз ҳимояни енгишнинг ягона усули эса рақиб дарвозаси томон узоқдан бериладиган зарбалардир. Бундай зарбалар, биринчидан, дарвозага тўп киритилиши эҳтимолини кўпайтиради. Бундан ташқари, давомли равишда узоқ масофадан зарбалар берилаверса, тиғиз ҳимоя қўрғонини ҳосил қилган рақиб футболчилари зарба берувчи футболчининг олдини тўсиш учун сал олдинроққа силжишга мажбур бўлишади. Натижада рақиб ҳимоясида бўшлиқлар пайдо бўлиб, қисқа паслар орқали унинг жарима майдонига яқинлашиш ва яқин масофалардан ҳам зарба бериш имконияти туғилади.
Афсуски, кўпинча араблар билан бўладиган учрашувларда футболчиларимиз "Спартак"ча усулда ўйнаб, рақибларни уларнинг дарвоза чизиғигача алдаб ўтиб, 200 фоизлик имконият яратиб, гол уришга ҳаракат қилишади. Собиқ Иттифоқ футболчилари Москва спартакчиларининг ушбу ўйин услубини масҳара қилиб, унга "Идем до линии ворот, там назад и разворот!" ("Дарвоза чизиғигача олға, шу ердан қайтамиз ортга!") деган ўзига хос шиор ҳам ўйлаб топишганди.
Мисол учун, олимпиячиларимизнинг Тошкентда Баҳрайн термасига қарши ўтказган ўйинини олайлик. Юртдошларимиз иккита голини, шу жумладан, ҳакам ҳисобга олмаган иккинчи голни ҳам яқин масофадан уришди. Шу икки голни ургунча улар 90 дақиқа давомида рақиб майдончасига ёриб кириб ёки ҳаволатиб тўп ошириб гол уришга уринишди, бекорга тер тўкиб, бефойда уринишлар қилдилар.
Ўйиндаги биринчи голни урган баҳрайнликка ўхшаб, узоқдан зарба бериш на футболчиларимизнинг, на мураббийларимизнинг эсига келди. Адашмасам, ўйинда бир марта Шавкат Саломов узоқдан зарба берди. Эсингизда бўлса, унинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтганди. Шундай зарбаларни кўп марталаб берганда, Баҳрайнни енгишимиз ҳам мумкин эди.
Узоқ масофадан бериладиган зарбаларнинг яна бир афзал томони шундаки, бундай зарбалар гол бўлса, ОФК ҳакамлари уларни ҳисобга олишга мажбур бўлишади. Яъни бундай голларни инобатга олмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Яқин масофадан киритиладиган голларни эса ҳакамлар турли баҳоналар (ўйиндан ташқари ҳолат, дарвозабонга ҳужум ва ҳоказолар)ни рўкач қилиб, инобатган олмасликлари мумкин:
Эсингизда бўлса, олимпиячиларимизнинг Баҳрайн дарвозасига киритган иккинчи голини ҳакам айнан дарвозабонга ҳужум деб баҳолаб, инобатга олмаганди. Чунки ўша пайтда гол урган Азиз Тўхтабоев, гарчи дарвозабонга ҳужум қилмаган бҳлса ҳам, унга жуда яқин масофада турганди.
Хулласи калом, узоқдан бериладиган зарбалар арабларга қарши ўйинларда қўлланиши зарур бўлган қуроллардан биридир. Узоқдан зарбалар бериш учун эса яна ўша жисмоний бақувватлик талаб қилинади. Футболчиларимиз жисмонан тўла тайёр эмаслиги ҳамда мураббийларимиз тегишли кўрсатмалар бермаслиги сабабли улар халқаро ўйинларда узоқ масофадан зарбалар кам беришади.
Арабча антифутбол Осиёда қитъа муаммосига айланиб улгурганлигини инобатга олсак, фақат мураббий ва футболчиларимизнинг ҳаракатлари бу иллатни енгишга камлик қилади.
УЧИНЧИДАН, , арабча антифутболга қарши ташкилий ишларни йўлга қўйиш керак.
Бу ишларни амалга ошириш Ўзбекистон футбол федерацияси зиммасига киради. Дейлик, федерациямиз раҳбарлари ёки вакилллари арабча антифутбол ва унга ҳакамларнинг ҳайриҳоҳлиги масаласини ОФКнинг ҳар қандай йиғилиши ёки мажлисларида кўтаравериши лозим.
Масалан, Рустам Акромовдек футбол академигимиз ОФКнинг техник йўриқчиси бўлиб ишлайди. Юртимиз футболи учун шунча ишларни қилган ва қилаётган мураббийимиз ҳам бу масалани ОФК раҳбарияти олдида кўтарса, ОФКдаги лавозимига путур етмаса керак. Ёки бўлмаса, федерациямиз раҳбарларидан Бахтиёр Раҳимов ҳам ОФК кенгашининг аъзоси ҳисобланади. Агар у киши ҳам бу ишга киришса, уни ОФК кенгаши аъзолигидан чиқаришмайди деб ўйлайман.
Бу муаммони ОФК олдида кўтарадиган вакилларимиз ва умуман федерациямизнинг даъволари асоссиз бўлмаслиги учун мазкур мавзуда бир ҳужжатли фильм яратишни таклиф қиламан. Фильмни федерация, журналистларимиз ва хужжатли киночиларимиз ҳамкорликда ишлаб, унда нафақат арабча антифутбол, балки унга нисбатан ҳайриҳоҳлик қилаётган ҳакамлар ва ОФК ҳақида ҳам гапириш керак.
Уни яратиш кўп маблағ ва вақт талаб қилмайди. Боз устига бу ишни қойиллатадиган журналистларимиз хам, киночиларимиз ҳам бор. Мисол учун, ака-ука Аброр ва Зафар Имомхўжаевлар бу ишни чап қўлларида бажариб ташлашади, деб ўйлайман. Хуллас, бизда бунинг учун ҳамма имкониятлар бор, фақат озгина истак ва меҳнат керак.
Агар фильм ўзбек тилидан русча ва инглизчага таржима қилинса, уни Ўзбекистон телевидениесида ҳам, ОФК раҳбарияти олдида ҳам, зарур бўлса, УЕФА ва ФИФА раҳбарларига намоиш этса бўлади.
ОФКга араблардан ва ҳакамлардан шикоят қилиб чиққанимизда, Конфедерация раҳбарлари олдида конкрет талаблар қўйишимиз керак. Энг аввало, талабларимиз ҳакамликка оид бўлиб, ҳакамлар муғомбир футболчиларни ўйин пайтининг ўзида сариқ ва қизил карточкалар билан жазолашини сўраш керак. Иккинчидан, талабларимиз ОФКнинг ўзига тааллуқли бўлиб, Конфедерация бундай футболчилар ёки уларни жазоламаган ҳакамларни ўйиндан сўнг жазолашини талаб қилавериш лозим. ОФК далил ва исбот талаб қилса, конкрет ўйинларнинг видеоёзувлари ёки юқорида айтилган ҳужжатли фильмни тақдим этавериш керак.
Агар шундан кейин ҳам аҳвол ўзгармаса, яъни ҳакамлар араблардан чиққан футбол киллерларини жазоламасдан юраверишса, ОФК эса бундай ўйинчилар ва ҳакамларга қарши чора кўрмаса, Ўзбекистон футбол федерацияси УЕФАга ўтиш ишларини бошлаб юбориши керак.
Ҳа, Ўзбекистон ҳудуди бўйича Европада эмас. Лекин Исроил ҳам Европада эмас, аммо футболни УЕФА тасарруфида ўйнайди. Қозоғистонликлар УЕФАга ўтиш учун икки йил ҳаракат қилишди. Дарвоқе, УЕФА улардан энг аввало шикоят юзасидан ҳужжатли фильм ишлашни талаб қилганди. Шунда қўшниларимиз ОФКдаги нохолис ҳакамлик ҳақида ҳужжатли фильм яратишган ва УЕФАга тақдим қилишган. Биздан ҳам шу талаб қилинса, юқорида айтилган киномаҳсулот федерациямизга асқотиши мумкин.
Боз устига, УЕФА олдида федерациямизнинг тили ҳам узун бўлади, чунки биз ОФКдан аҳволни ўзгартиришни талаб қилган бўламиз, Конфедерация эса талабимизни бажармаган бўлади. Менимча, УЕФАнинг ҳозирги раҳбарияти, айниқса, ўзи футболчи бўлган, футболда ноҳолис ҳакамлик нима эканлигини яхши биладиган Мишель Платини бизни тўғри тушуниб, аризамизни қабул қилса керак.
УЕФАга ўтиш афзалликлари ҳақида ортиқча гапирмаса ҳам бўлади. ОФКда биз фақат жаҳон чемпионатига чиқиш, унда терма жамоамизни ҳеч бўлмаса гуруҳ босқичидаги 3-4 ўйинда кўриш учун ҳаракат қилаётган бўлсак, УЕФАда нафақат терма жамоамиз, балки клубларимиз учун ҳам ҳаракат қиламиз. Европа чемпионлари лигаси, УЕФА кубоги деганидек…
Мусулмончилик ва ёлғончилик, ёки сўнгсўз ўрнида
Мусулмончилик ва ёлғончилик. Бу икки тушунча ёнма-ён туриши мумкин эмас. Улар бир-бирига нафақат ёт, балки қарама-қарши тушунчалардир.
Маълумки, Исломда ёлғончилик қаттиқ қораланган. Аллоҳнинг сўзи бўлмиш Қуръони Каримда "Ёлғончилар Аллоҳнинг душманларидир", - дейилган. Бундан ташқари, Исломга кўра, ёлғончилик – мунофиқликнинг бир белгисидир. Мунофиқ бўлиш учун ёлғон гапириш, ваъдасида турмаслик ва омонатга ҳиёнат қилиш каби гуноҳлардан биттасини қилиш кифоядир.
Мақоламиз бошида келтирилган таниш манзара ҳар сафар менинг қонимни қайнатади. Чунки араблар эътиқоди бўйича мусулмонлардир. Уларнинг бу қилиқлари мусулмончиликка зиддир. Аллоҳ ҳаром қилган нарса – ёлғон – воситасида мақсад (тегишли ҳисоб ёки ғалаба)га эришгач, шу ёлғонни таъқиқлаган Аллоҳга сиғиниб, сажда ҳам қилишади араб футболчилари.
Юқоридаги манзара сабабчилари бўлмиш араб футболчилари, биринчидан, ўзини жароҳат олгандай кўрсатиб, ёлғон тўқисалар, иккинчидан, ҳалол ўйнаш ваъдасини бузишади. Чунки халқаро майдонга чиққан футболчилар ўз конфедерациялари ва ФИФА олдида fair play қоидаларига мос равишда ҳалол ўйнашга ваъда беришади.
Шунга кўра, ОФК тасарруфида ўтказиладиган халқаро мусобақаларда арабларнинг ҳар сафар ёлғондан ётиб олиши, дод-вой кўтариши ва вақтни чўзиши мунофиқликнинг футболдаги кўринишидир.
Қуръони Каримга кўра, мунофиқлар дўзаҳнинг энг тубида, ҳаттоки кофирлар ва мушриклар, яъни Аллоҳни инкор этувчи ва унга шерик келтирувчи кимсалардан ҳам пастда бўлишади.
Ноисломий эътиқоддаги кишилар, ҳаттоки баъзи даҳрийлар (атеистлар) ҳам қилишга уяладиган бу иллатни мусулмон араблар қилаётганини кўриб, шулар билан диндош эканимдан гоҳида афсусланиб кетаман. Мусулмон эканимдан эмас, мусулмонлар орасида шундайлар борлигидан.
Гоҳида эса майдонда ёлғондан ётиб олган, ўткинчи бир ғалабани деб мусулмонларни ёмонотлиғ қилаётган араб футболчиларини кўриб, мени жирканиш ҳислари эгаллайди. Айниқса, бундай манзарани стадионда томоша қилганимда, муҳлисларимиз араб футболчиларини турли ножўя сўзлар билан сўкаётганини кўрганимда, бундай футболчиларни лаънатлаш керак деган фикрга келаман.
Жирканиш ва нафрат ҳисларидан ҳоли бўлиб, сокинлашганимда эса, бунақанги антифутболга қарши курашиш лозим деган фикрга келаман. Бутун футбол оиламиз билан бирга курашишимиз керак деган фикрга келаман.
Бобомурод АБДУЛЛА
Манба: “Футбол Экспресс” газетаси, 2007 йил октябрь
Фикр билдиринг
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
JADROO |
Сана: 24.06.2012 14:29. JADROOга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
MARSEL |
Сана: 18.06.2012 06:51. MARSELга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
MOBITEL |
Сана: 17.06.2012 12:56. MOBITELга ёзиш |
+1; -0
|
0
|
BAHROMJON |
Сана: 16.06.2012 20:28. BAHROMJONга ёзиш |
+1; -0
|
0
|
SHAHRIXON |
Сана: 16.06.2012 16:02. SHAHRIXONга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
ALMUNIYA |
Сана: 16.06.2012 15:03. ALMUNIYAга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
DEVPRO |
Сана: 16.06.2012 14:29. DEVPROга ёзиш |
+1; -0
|
0
|
KATALONIYA |
Сана: 16.06.2012 14:03. KATALONIYAга ёзиш |
+2; -0
|
0
|
ANTIVIRUS |
Сана: 16.06.2012 13:49. ANTIVIRUSга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
AZIZBECKS |
Сана: 16.06.2012 13:03. AZIZBECKSга ёзиш |
+3; -0
|
0
|
МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ
- Журнамухлис ғалаёни
- “Юлдуз” хиралашганда, Ёхуд Эрматов доим ҳақми?
- Хавфсиз футбол ва чипта “чемпионати”
- Автоэҳтиёткорлик ва автогол, ёхуд Сеулдаги мағлубият сабаблари ҳақида
- ОФКдаги мафия, пистирмадаги японлар ва “ертўла”даги ЎФФ
- Иккинчи қаватдаги корейслар
- “Cэр” Cаркисяннинг мумтоз фикрлари
- Мурзоевнинг “танка”си борми?
- “Corner”ми ёки “бурчак тўпи”?
- Майдапас футбол ҳақидаги жимлик
- Рақиб олдидаги сусткашликми ёки мураббийга қарши сиёсатми?
- Медлительность перед соперником или политика против тренера?
- Холис ва сахий инсонларни унутмайлик!
- Мунофиқликнинг футболдаги кўриниши (Архивдаги мақола)
- Қаҳрамон Асланов танқидни ёқтирмайдими?
- 1C бухгалтеристика: автоматик муносабат билдириш дастури
- “Жар”даги мили-футбол
- “Турдан тургача” бўлаётган телезиёфат
- Супермағлубият. “Илоҳ”нинг қулаши
- "Хайри"нинг қўли ва "Тоға"нинг қўллаши
- Эҳтиёт бўлинг: телефондаги ва интернетдаги агентлар!
- Адашганимдан ҳурсандман!
- «Эшитдик-да!»
- Сафардаги Абрамов ва интизорликдаги ЎзПФЛ
- Абрамовнинг «қовун»лари
- «Press service»ми ёки «Security service»?
- Олимпия термаси мухлислар учун ўйнайдими ёки Абрамов учун?
БЛОГГЕРЛАР
-
Ўзингни англа -
Саёз фикрлар... -
Futbol olami -
Интервьюлар олами ва таҳлилий мақолалар -
Tanganing ikkinchi tomoni -
Футбол — спорт қироли! -
InterFutbol газетаси блоги -
UzA.uz — спорт хабарлари блоги -
Футбол шарҳи -
FCB.UZ блоги -
Mazmun.uz блоги -
Ла Лига бўйича эксперт -
Келажак футболи -
Maydon.uz блоги -
Ҳакамлик ва ўйин қоидалари -
25-кадр -
Спортга оид мақолалар ва маслаҳатлар -
Мундиал яқин! -
Мухлис минбари -
Forza Inter! «Интер Милан» клуби ҳақида таҳлилий-субъектив блог -
Ўзбекистон футболи жаҳонда! -
Ўзганинг ҳақи буюрмас, ноҳалол ғалаба татимас -
FC – "НАВБАҲОР" -
Карикатура ва ҳажвия -
"Қизил Манчестер" -
MES QUE UN CLUB -
Викториналар, танловлар -
I love this Game -
Эркин зарба! -
Футбол: қизиқарли фактлар, рақамлар... -
Бир чимдим кулгу -
Керагидан ортиғи керакмас! -
Hala Madrid! -
А серия сарҳадлари -
Хўжа Насриддин бурчаги -
«Офсайд» -
ФУТБОЛ КЛУБИ БЛОГИ -
«Катта»лар ичидаги «кичик» -
One love, One United! -
Сайт ва газета блоги