Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Блог

Сафарали Сиддиқов

Футбол — спорт қироли!

ЖЧ-2014. Чорак финал. Азалий рақиблар тўқнашуви

Баҳо:
+1; -0

У пайтлар чемпионатни чемпион жамоа очиб берарди. 1982 йилнинг 13 июль куни. Барселонадаги машҳур "Камп Ноу" стадиони. Майдонга Аргентина ва Бельгия терма жамоалари кириб келишди. Бу жамоалар ўртасидаги баҳс бутун дунёдаги футбол мухлисларининг қизиқишларига сабаб бўлиб турарди. Чунки Аргентина терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони сифатида чемпионатга ташриф буюрган бўлса, Бельгия терма жамоаси 1980 йилда Италия майдонларида ўтказилган Европа чемпионатида кумуш медални қўлга киритганди. Жанубий Америкаликлар сафида Диего Марадона ўша куни жаҳон чемпионатларидаги дебют ўйинида майдонга тушди. Ўша куни ўйинни тактик жиҳатдан тўғри тузиб чиққан европаликлар 1:0 ҳисоби билан рақибларидан устун келишди. Шундай қилиб, ЖЧ- 1982 сенсация билан, яъни амалдаги чемпионнинг мағлубияти билан бошланди.

ЖЧ-1982 й. Гуруҳ босқичи
АРГЕНТИНА- БЕЛЬГИЯ- 0:1
Барселона. "Камп Ноу". 95000 томошабин. 13.06.1982 й.
Ҳакам: Войцех Христов (Чехословакия)
Аргентина: Филлол, Тарантини, Пассарелла, Ольгин, Кемпес, Л. Гальван, Гальего, Бертони, Ардилес, Марадона, Диас (Вальдано, 63).
Бош мураббий: Луис Сезар Менотти
Бельгия: Пфафф, Геретс, Л.Миллькамп, Бек, де Шрийвер, Коэк, Веркотерен, Ван дер Миссен, Ванденберг, Чернятински.
Бош мураббий: Ги Тис.
Гол: Ванденберг(66).

Алалоқибат гуруҳдан ана шу жамоалар кейинги босқичга йўлланма олишди. Аммо навбатдаги гуруҳ босқичларида иккала жамоанинг ҳам ишлари юришмади. Бельгияликлар собиқ Иттифоқ ва Польша терма жамоаларидан қақшатқич зарбаларни қабул қилиб олишган бўлишса, Аргентинани Бразилия ва Италия кейинги босқичга ўтгани қўймади. Аргентиналиклар ўз сафларида Диего Марадона деган янги номни кашф этгани билан бу чемпионат ёдда қолди. Чемпионатда муваффақиятсиз қатнашгани билан Аргентина ҳам, Бельгия ҳам, шунингдек, Диего Марадона ҳам бутун дунёдаги футбол мухлисларига қуйидаги сўзлар билан мурожаат этгандек бўлишди: "Биз ҳали қайтамиз!"

Орадан 4 йил ўтиб, Мексика майдонларида ўтказилган ЖЧ-1986 да Бельгия ва Аргентина нималарга қодирликларини намойиш этишди. Ўша мусобақанинг ярим финалида ана шу икки жамоа тўқнаш келишди. Мундиалда ўзининг заргарона ҳаракатлари билан ёдда қолган Аргентина терма жамоаси сардори Диего Марадона ҳам 4 йил илгари амалга ошира олмаган ишларини ацтеклар Ватанида намойиш этди. Ярим финалдаги Аргентина- Бельгия ўйинида ҳам у бош қаҳрамонга айланди. Диего Марадонанинг "дубли" Аргентина терма жамоасига финал йўлланмасини такдим этиш билан бирга 4 йил бурунги Испаниядаги мағлубият учун ҳам "қасос" вазифасини ўтади.

ЖЧ-1986 й. 1/2 финал
АРГЕНТИНА- БЕЛЬГИЯ - 2:0
Мехико. "Ацтека". 114500 томошабин. 25.06.1986 й.
Ҳакам: Антонио Маркес Рамирес (Мексика)
Аргентина: Пумпидо, Браун, Кусиуффо, Ружжери, Батиста, Бурручага (Бочини, 84), Марадона, Хиусти, Олартикоэчеа, Энрике, Вальдано.
Бош мураббий: Карлос Билардо.
Бельгия: Пфафф, Геретс, Ренкин (Десмет, 54), Грюн, Веркотерен, Шифо, Демоль, Вервоорт, Клаесен, Вейт, Кулеманс.
Бош мураббий: Ги Тис.
Голлар: Марадона (51, 63).



Финалда Германия терма жамоасини 3:2 ҳисоби билан таслим этган Диего Марадона жамоадошлари ЖЧ-1986 да бош совринни қўлга киритишганди. Ўша чемпионлик Аргентина терма жамоаси учун ҳанузгача охирги чемпионлик бўлиб турибди. Ана шу нохуш анъанани бузиш учун аргентиналиклар ЖЧ-2014 да Лео Месси ёрдамида ўриниб кўрадилар. Уларнинг чорак финалдаги рақиблари - Бельгия терма жамоаси ҳам анойи жамоалардан эмас. Марк Вильмотс бош мураббийлигидаги жамоа ҳозирги кунда анча шаклланиб улгуришди. Бу жамоани кўпчилик Аргентина-Бельгия беллашувида фаворит ҳам санамокда. Бу бежиз эмас. Ҳаммасига ўйиндан сўнг жавоб оламиз.

ГЕРМАНИЯ-ФРАНЦИЯ
Яна бир жуфтликда Германия ва Франция терма жамоалари ғолиблик учун кураш олиб боради. Европанинг икки кучли жамоаси ўртасидаги ўйинлар ҳамма замонларда ҳам футбол мухлисларининг диққат марказида бўлиб келган. ЖЧ-1958да 3-ўрин учун бу жамоалар кураш олиб боришди. Ўшанда Раймон Копа, Жюст Фонтен каби бир қатор етакчиларга эга бўлган французлар рақибларини 6:3 ҳисоби билан таслим этишганди. Орадан бир неча йил ўтиб, ЖЧ-1982 ярим финалида Германия-Франция ўйинига гувоҳ бўлдик. Бу учрашув жаҳон чемпионатлари тарихида энг қизиқарли ўйинлардан бири сифатида ёдда қолди. Асосий вақтда 1:1 ҳисобини қайд этган жамоалар қўшимча 30 дақиқаликда мўъжизавий футбол намойиш этишди. Ўшанда ўзларининг юксак иродаларини намойиш этган немисларга бутун дунё тан берди. Қўшимча вақтда дастлаб Трезор, кейин Жиресс аниқ зарба йўллаб французлар 3:1 ҳисоби олдинга ўтиб олишди. Ўша лаҳзаларда гуёки учрашув тақдири ҳал бўлгандек кўринганди. Аммо...

102-дақиқада захирадан майдонга тушган Карл-Хайнц Румменигге ҳисобдаги фарқни биттага қисқартирди. Орадан 6 дақиқа ўтиб немислар ҳужумчиси Клаус Фишернинг ҳисобни тенглаштиругчи голи жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг чиройли голлардан бири сифатида ёдда қолди. Ана шундай драматик вазиятларга бой ўтган ўйинда ғолиб жаҳон чемпионатлари тарихида илк марта пенальтилар сериясида аниқланди. Мишель Платини жамоадошлари чемпионатга чемпионликни мақсад қилиб келишганди. Бироқ ўзларидан кўра тажрибалироқ бўлган "немис машинаси" қаршисида улар ожиз қолишди.

Ўша ўйиндаги воқеалар билан яқиндан гувоҳ бўлиш учун қуйидаги видеотасвирни томоша қилишни ҳаммангизга тавсия этган бўлардим:

Қолаверса, ўша машҳур ўйинда қуйидаги футболчилар майдонда ҳаракат қилишгани ҳақида маълумот бериб ўтсам.

ЖЧ-1982 й. 1/2 финал.
ГЕРМАНИЯ – ФРАНЦИЯ - 3:3, пенальтилар бўйича - 5:4.
Севилья. "Рамон Санчес Писхуан". 63000 томошабин. 08.07.1982.
Ҳакам: Чарлес Корвер (Голландия)
Германия: Шумахер, Бригель ( К.-Х. Румменигге, 97), К.-Х.Фёрстер, Б.Фёрстер, Кальтц, Магат (Хрубеш, 73), Литтбарски, Штилике, Дреммлер, Брайтнер, Фишер.
Бош мураббий: Юпп Дерваль.
Франция: Эттори, Аморос, Жанвийон, Трезор, Босси, Жиресс, Женгини (Баттистон, 50, Лопес, 60), Тигана, Сикс, Платини, Рошто.
Бош мураббий: Мишель Идальго.
Голлар: Литтбарски (17), Платини (26-пен.), Трезор (92), Жиресс (98), К.-Х.Румменигге (102), Фишер(108).
Пенальтилар серияси:
0:1 - Жиресс, 1:1 - Кальтц, 1:2 - Аморос, 2:2 - Брайтнер, 2:3 - Рошто, 2:3 - Штилике, 2:3 - Сикс, 3:3 - Литтбарски, 3:4 - Платини, 4:4 - К.-Х.Румменигге, 4:4 - Босси, 5:4 - Хрубеш.

Платини ва унинг жамоадошлари чемпионатни юқори савияда ўтказишди. Лекин чемпионлик уларга насиб этмади. Ярим финалдаги Германия терма жамоасига қарши ўйинда тайёр ғалабани қўлдан чиқаришди.

ЖЧ-1986да ҳам Франция терма жамоаси чемпионликка жуда яқин келди. Бунинг устига жамоа сардори Мишель Платини учун бу мусобақа жаҳон чемпиони бўлишга охирги имконият эди. Бу пайтга келиб Платини 31 ёшга тўлиб улгурганди. Шунинг учун французлар ЖЧ-1986да азалий орзуларини рўёбга чиқариш учун жиддий бел боғлашди. Нимчорак финалда жаҳон чемпионлари Италия терма жамоаси таслим этилди - 2:0. Чорак финал босқичида эса Зико ва Сократес етакчилигидаги Бразилия терма жамоаси пенальтилар сериясида мағлуб этилди. Ана шундай кучли рақиблардан устун келиб, ярим финалгача етиб келган "учранглилар"га бу сафар ҳам "немис машинаси" рақиб бўлди.

Германия терма жамоаси 4 йил илгари Севильядаги баҳсда французларни аламли тарзда мағлуб этишганди. Платини ва унинг жамоадошлари ана шу мағлубият аламини унутишмаганди. Аммо аввалги босқичларда кучли рақибларга қарши ўйинлардаги чарчоқ таъсир қилдими, бу сафар ҳам немисларнинг қўли баланд келди - 2:0. Мишель Платини фаолияти давомида кўплаб титулларга эгалик қилган. 3 марта "Олтин туп"ни қўлга киритган. Бироқ унинг совринлар коллекциясида жаҳон чемпионлиги йўқ.

Франция терма жамоаси 1998 йилда ниҳоят асрий орзусига эришиб, жаҳон чемпионлигига мушарраф бўлди. Аммо мамлакатнинг биринчи рақамли футболчиси - Мишель Платинида бу соврин йўқлиги ҳам қизиқарли, ҳам ачинарли. Ҳаммасига ЖЧ-1986 ярим финалидаги Германия терма жамоасига қарши ўйин сабабчи десак бўлади. Ўша куни Мишель Платини ҳаммадан кўра кўпроқ ҳаракат қилди. "Немис машинаси" эса қаторасига 2та чемпионат ярим финалида Платини жамоадошларини финал йўлланмасидан мосуво этди.

ЖЧ-1986. 1/2 финал
ГЕРМАНИЯ – ФРАНЦИЯ - 2:0.
Гвадалахара. "Халиско". 45000 томошабин. 25.06.1986.
Ҳакам: Луижи Аньолин (Италия).
Германия: Шумахер, Бригель, Бреме, К.-Х. Фёрстер, Якобс, Эдер, Маттеус, Магат, Рольф, К.-Х.Румменигге (Фёллер, 57), Аллофс.
Бош мураббий: Франц Беккенбауэр.
Франция: Батс, Аморос, Аяш, Баттистон, Босси, Фернандес, Платини, Жиресс (Веркрюисс, 72), Тигана, Беллон (Ксереб, 66), Стопира.
Бош мураббий: Анри Мишель.
Голлар: Бреме (9), Фёллер (89)

Демак, ЖЧ-2014 чорак финалида Аргентина-Бельгия, Германия-Франция ўйинлари қизғин ва муросасиз кечиши аниқ. Лео Месси ва унинг жамоадошлари жаҳон чемпионлиги учун жиддий ишга киришишган. Уларнинг рақиблари Бельгия терма жамоасидан эса ҳар нарса кутиш мумкин. Агар улар ютиб қўйишса, Лионель Месси кейинги жаҳон чемпионатини кутишга мажбур бўлади. Ахир жаҳон чемпионлиги ҳар бир футболчининг юксак орзуси ҳисобланади. Таркибини юксак иқтидор эгалари билан тўлдирган Германия терма жамоаси ҳам бош соврин учун астойдил киришган. Жамоа ярим химоячиси Бастиан Швайнштайгер айтганидай, улар яна ЖЧда 3 та ўйинда ғалаба козонишмокчи. Уларнинг рақиблари — Франция терма жамоаси бунга рози бўлармикан? Қолаверса, ўз майдонида мундиални қабул қилган Бразилия терма жамоаси учун ҳам чемпион бўлмаслик шармандали натижа бўлса керак. Бу ҳам битта қизиқарли вазият. Буни карангки, кейинги жуфтликларда Бразилия Колумбия билан, Голландия Коста-Рика билан жаҳон чемпионати ўйинларида илк марта учрашар экан. Энди бу ёғига кучсиз жамоа қолмади. Чемпионатда қолган 8 та жамоадан қайсидир бирининг пешонасига жаҳон чемпионлиги ёзиб қўйилган. Ўша жамоа қайси эканлигини тез кунларда билиб оламиз. Оз қолди. Мундиални кузатишда давом этайликчи...

Сафарали СИДДИҚОВ.

Киритилган сана: 04.07.2014 12:40. Ўкилди: 11196 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:56. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:56. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:53. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:53. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


SNAYPERS
Сана: 04.07.2014 23:59. SNAYPERSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


PAULSCHOLES

Сана: 04.07.2014 17:36. PAULSCHOLESга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SNAYPERS
Сана: 04.07.2014 16:17. SNAYPERSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.