Кириш Регистрация
24/04 00:00 Арсенал 5-0 Челси
24/04 12:00 Тожикистон 2-1 Афғонистон
24/04 14:00 Эрон 6-1 Қирғизистон
24/04 16:00 Таиланд 3-2 Ироқ
24/04 19:00 Ўзбекистон 2-1 Вьетнам
24/04 22:00 Лорьян 1-4 ПСЖ
24/04 23:45 Вулверхэмптон 0-1 Борнмут
25/04 00:00 Кристал Пэлас 2-0 Ньюкасл
25/04 00:00 Ман. Юнайтед 4-2 Шеффилд Юнайтед
25/04 00:00 Эвертон 2-0 Ливерпуль
25/04 00:00 Монако 1-0 Лилль
25/04 00:00 Марсель 2-2 Ницца
25/04 19:00 Қатар - Япония
25/04 22:30 Жанубий Корея - Индонезия
26/04 00:00 Брайтон - Манчестер Сити
26/04 19:00 Ўзбекистон - Саудия Арабистони
26/04 22:30 Ироқ - Вьетнам
26/04 23:45 Фрозиноне - Салернитана
27/04 00:00 Монпелье - Нант
27/04 00:00 Реал Сосьедад - Реал Мадрид

Блог

Сафарали Сиддиқов

Футбол — спорт қироли!

Биз финалда ўйнашимиз мумкин эди

Баҳо:
+0; -0

Бундан 24 йил муқаддам бизнинг жамоалар собиқ Иттифоқ чемпионатида иштирок этишарди. "Пахтакор" эндигина Олий лига йўлланмасини қўлга киритган, "Навбаҳор" билан "Нефтчи" эса ўз тарихларида биринчи марта собиқ Иттифоқ Биринчи лигасида иштирок этишди. Бундан ташқари Иккинчи лигада "Автомобилчи" (Қўқон), "Нурафшон" (Бухоро), "Сурхон" (Термиз) ва "Сўғдиёна" (Жиззах) каби жамоаларимиз Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Мен бугун қаламга олмокчи бўлган воқеалар собиқ Иттифоқ Кубоги мусобақасининг сўнгги мавсумида юз берган воқеалар ҳақидадир.

Ҳа, ўшанда бизда финалда иштирок этиш учун жуда яхши имконият пайдо бўлганди. Сабаби, Украина, Белорус, Арманистон жамоалари турнирнинг ярмида қатнашишдан бош тортишди. Натижада Душанбенинг "Помир" жамоаси нимчорак ва чорак финал босқичларида техник ғалаба туфайли ярим финалга етиб борди. Собиқ Иттифоқнинг сўнгги чемпионатини аутсайдер сифатида якунлаган Москванинг "Локомотив" жамоаси ҳам худди шу тарзда рақиблар ўйнашдан бош тортгани учун ярим финал йўлланмасига эга бўлди. Бизнинг жамоалар эса...

Афсуски, бизнинг жамоаларда бундай қулайликлар бўлмади. Аксинча, тайёр вазиятларни кўкка совурдик. Бу эса бизга жуда кимматга тушди. Ўшанда биз финалга чиқишимиз ҳам мумкин эди. Аттанг...

Биласизми? Бунақанги имкониятлар футболда камдан-кам бўлади. Ана шундай вазиятлардан унумли фойдаланилсагина, юксак марраларни забт этиш мумкин. Ахир ишқибозлар факат ғолибларнигина эслайдилар. Хуллас, ўша мусобақанинг 1/64 финал босқичидан бошлаб 4 та жамоамиз курашга киришди. Булар: "Сурхон", "Навбаҳор", "Нефтчи" ва "Автомобилчи". Энг ёмони, илк босқичданок икки Ўзбекистон жамоалар — "Сурхон" ва "Навбаҳор" бир-бирига тўғри келиб қолди. Бу курашда нисбатан тажрибалироқ бўлган "Навбаҳор"нинг қўли баланд келди — 1:0. Мусобақадаги кутилмаган натижалардан бири Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси Жамбулнинг "Химик" клубига ютқазиб қўйгани бўлди — 0:1. Шу тариқа илк босқичданоқ икки Ўзбекистон жамоасидан айрилдик. Қўқоннинг "Автомобилчи" жамоаси Блоговешченскнинг "Амур" жамоасини 1:0 ҳисоби билан енгиб кейинги босқичга йўл олди.

Кейинги 1/32 финал босқичида "Автомобилчи" "Нефтчи"ни мағлуб этган "Химик" билан тўқнашди. Афсуски, қўқонликлар ҳам худди "Нефтчи"га ўхшаб Қозоғистон жамоасига 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишди. "Навбаҳор" эса... Айтсам ишомайсиз, лекин бу ҳақиқат. Собиқ Иттифоқ Иккинчи лигасининг кучли жамоаларидан бири бўлмиш Чимкентнинг "Мелиоратор" жамоасини 14:0 ҳисоби билан енгди. "Навбаҳор" ўша мавсумда Биринчи лигада ҳам ёмон ўйнамади. Наманганга келган ҳар қандай кучли жамоани йирик ҳисоб билан енгиб жўнатарди. 14:0 ҳисоби эса ҳаммасидан ошиб тушди. "Навбаҳор"нинг номи бутун Иттифоқда достон бўлиб кетганди ўшанда. Ўша ўйинда кимлар майдонга тушгани, кимлар голларга муаллифлик қилганини излаб, Интернетни бирма- бир титиб чикдим, GООGLE , Яндекс каби сайтларга бир неча марта қидирув бердим. Лекин ўйинда голларга муаллифлик қилган футболчиларнинг номларини топдим, холос. Ўйинда Ринат Идрисов, Рустам Забиров, Сергей Андреев "хет-трик"ка эришдилар, Баҳодир Раҳмонов "дубль" қайд этди, Сергей Арслонов, Сергей Доронченко ва Геннадий Скрипник ўз номларига биттадан гол ёзиб қўйишди. Ана шу тариқа футболимиз тарихидаги энг йирик ғалабалардан бирини нишонлаган "Навбаҳор" 1/16 финал босқичига йўлланма олди.

1/16 финал босқичида Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси курашга қўшилди. Чунки "Пахтакор" Олий лига вакили бўлгани учун курашни шу босқичдан бошлади. Шунинг учун улар Иккинчи лига вакили Липецкнинг "Металлург" жамоасини қийинчиликсиз енгишди. Сафарда ўтган дастлабки ўйинда ҳисоб очилмади. Тошкентда эса "Металлург"ни 7:1 ҳисоби билан енгдик. Ўйинда Миржалол Косимов ва Игорь Шквирин "дубль" қайд этган бўлсалар, Нўъмон Ҳасанов, Фарҳод Магометов ва Ёрқин Назаров биттадан голни ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди.

"Навбаҳор" эса Олий Лига вакили — Харьковнинг "Металлист" жамоаси билан ушбу босқичда куч синашди. Наманганда ўтган дастлабки баҳсда Олег Латишкиннинг 5 ва 35- дақиқаларда киритган голлари эвазига 2:0 ҳисобида "Навбаҳор" ғалабага эришди. Агар иккинчи бўлимда Рустам Забиров жуда қўлай имкониятни кукка совурмаганда биз муддатидан олдин "Навбаҳор"ни нимчорак финалда куришимиз мумкин эди. Афсуски, айнан ана шу вазият бизга қимматга тушди. "Пахтакор" "Металлург"ни йирик ҳисоб билан енгганидан сўнг ҳаммамиз Харьковдан хушхабар келишини интизорлик билан кутдик. 68-дақиқагача 0:0 ҳисобини ушлаб турган "Навбаҳор" 75-дақиқада 2-тўпни ўз дарвозасидан олиб чикди. Ўйинга қўшимча 30 дақиқалик вакт белгиланиши аниқ бўлиб турганда "Металлист" ҳужумчиси Сергей Скаченко ҳимоячиларимизнинг хатосидан унумли фойдаланиб, якуний ҳисобни ўрнатди — 3:0. Скаченкони кўпчилик таниса ҳам керак. Бу ўша яқин-яқинларгача Андрей Шевченко ва Сергей Ребров билан Украина терма жамоасида тўп тепган Сергей Скаченко!

Ўша ўйинда майдонга майдонга тушган футболчилар билан танишинг.

"Металлист" (Харьков, Украина) - "Навбаҳор" (Наманган, Ўзбекистон) - 3:0
Харьков. "Металлист" стадиони. 1100 томошабин. 17.11.1991 й.
Ҳакам: А.Киселёв (Москва)
"Металлист": А.Помазун, Р.Колоколов, Р.Пец, О.Косторний (Ю. Шульятицкий), В.Яловский, В.Яблонский, С.Кандауров (С.Скаченко), О.Синицкий (И.Неченко), Г.Аджоев, В.Колесник.А.Призетко.
"Навбаҳор": Д.Башкевич, С.Алибоев, В.Сисенко, М.Байрамов, О.Латишкин (Миронов, 76), С.Доронченко, С.Арслонов, Ф.Давлетов, Г.Скрипник, Р.Идрисов (С.Андреев, 76), Р.Забиров.
Голлар: Призетко (68), Шульятицкий (75), С.Скаченко (90+4).

Кўриб турганингиздек, "Навбаҳор" таркибида XXII Осиё ўйинлари ғолиби Февзи Давлетов ҳам иштирок этган.

Нимчорак финалга йўл олган "Пахтакор"га мамлакат чемпиони Москванинг ЦСКА жамоаси тўғри келди. Бундан аввал "Пахтакор" 1968 йилда собиқ Иттифоқ Кубоги финалида ўйнаганди. Таркибда Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Ҳамид Раҳматуллаев каби футболчиларимиз ўйнаган жамоа финалда Москванинг "Торпедо" жамоасига 0:1 ҳисобида ютқазганди. Шунингдек, узоқ 1938 йилда Тошкентнинг "Динамо" жамоаси собиқ Иттифоқ Кубогининг ярим финал босқичига етиб борганди. 1991 йилда ҳам "Пахтакор" камида финалгача бориши мумкин эди. Тасаввур этинг, биз ЦСКАдан ўтганимизда чорак финални ўйнамай ярим финалга чикардик. Сабаби Украина жамоалари турнирга бойкот эълон қилишганини юқорида айтиб ўтдим. Ярим финалда Душанбенинг "Помир" жамоаси билан ўйнаб, уларни ютишимиз мумкин эди. Финалда эса бизни Москванинг "Спартак" жамоаси кутиб туриши мумкин эди. Аммо бой берилган имкониятлар учун биринчи навбатда ўзимиз айбдормиз.

Тошкентда ўтган дастлабки баҳсда ЦСКА ҳужумчиси Бавикин ҳимоячиларимизнинг қўпол хатосидан унумли фойдаланиб ҳисобни очди. 76-дақиқада ҳужумчимиз Шухрат Максудов ҳисобни тенглаштирди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Игорь Шквириннинг зарбаси устунга тегиб қайтди.

"Пахтакор" (Тошкент) – ЦСКА (Москва) - 1:1
Тошкент. "Пахтакор". 7000 томошабин. 22.11.1991 й.
Ҳакам: А.Хохряков (Йошкар- Ола)
"Пахтакор": Перескоков, Узоқов (Мқксудов, 32), Магометов, Қосимов, Денисов, Шарипов, Бондаренко, Алиев (Маъруфалиев, 63), Синелобов, Шквирин, Ҳасанов.
Бош мураббий: Аҳрол Иноятов.
ЦСКА: Харин, Гришин (Файзулин, 36), Колотовкин, Иванов, Галямин, Колесников, Минько, Матвеев, Сергеев (Гушчин, 78), Бавикин, Синев.
Бош мураббий: Павел Садирин

Кўриб турганингиздек, бизнинг жамоа таркибида Андрей Пятницкий ўйнамади ва бу "Пахтакор"нинг ўйинига салбий таъсир курсатди. Москвада ўтган жавоб ўйини ҳақиқий драматик курашларга бой утди. Биз чорак финалга, аниқроги, ярим финалга чиқиш учун жуда-жуда яқин келдик. Дастлаб ЦСКА 2:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Аммо 28 ва 43-дақиқаларда Миржалол Қосимов ва Шуҳрат Мақсудов бир-биридан чиройли 2 та гол киритишиб, ўйинда ҳисобни тенглаштирдилар - 2:2. Агар бу ҳисоб ўйин якунигача ушлаб турилганда мамлакат чемпионини мусобақадан чикариб юборардик. Аммо ўйин тугашига 4 дақиқа колганда захирадан майдонга тушган Ильшат Файзулин армиячилар учун сув ва ҳаводек зарур бўлган голни киритди.

ЦСКА - "Пахтакор" - 3:2
Москва. ЛФК ЦСКА. 3000 томошабин. 26.11.1991 й.
Ҳакам: В.Яригин (Волгоград)
ЦСКА: Гутеев, Гришин (Гушчин,46), Колотовкин, Минько, Галямин, Колесников, Корнеев, Брошин, Сергеев, Матвеев (Бавикин), Масалитин (Файзулин, 59).
Бош мураббий: Павел Садирин.
"Пахтакор": Перескоков, Узоков, Магометов, Қосимов, Денисов, Шарипов, Маъруфалиев, Мақсудов (Алиев, 85), Синелобов, Шквирин, Ҳасанов (Турсунов, 66).
Бош мураббий: Аҳрол Иноятов.
Голлар: Сергеев (11), Брошин (27), Файзулин(86) — Қосимов (28), Максудов (43).

Нимчорак финалнинг яна бир жуфтлигида Ашхободнинг "Копетдоғ" жамоаси Москва "спартак"чиларига қарши кураш олиб борди. Туркманистон пойтахтида ўтган дастлабки ўйинда ҳисоб очилмади. Жавоб ўйинида сўнгги дақиқаларда С.Перепаденконинг голи эвазига "Спартак" қийин ғалабани қўлга киритди - 2:1. Агар "Пахтакор" ва "Копетдоғ" охирги дақиқаларгачатуриб беришганда ярим финал Ўрта Осиёчасига ўтарди: "Пахтакор" (Тошкент), "Помир" (Душанбе), "Копетдоғ" (Ашхобод). Биз қанчадан-қанча  имкониятларни қўлдан бой бердик. ЖЧларга чиқолмай қолиб кетдик.

Мен ҳам изтироб билан мақоламнинг биринчи қисмига шу жойда нуқта қўяман. Ҳали мақоламнинг 2-қисми бор. У "Биз чемпион бўлишимиз мумкин эди" деб номланади. Кейинги сонда кўришгунча

Сафарали СИДДИҚОВ

Киритилган сана: 20.12.2015 10:56. Ўкилди: 11017 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.