Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Блог

Сафарали Сиддиқов

Футбол — спорт қироли!

Кимларнидир хушнуд этди бу голлар

Баҳо:
+0; -0

Ҳа, бу голлар ўта муҳим эди. Муҳимлиги шундаки, гол муаллифларининг ўзларидан кўра ўзгаларни хурсанд қилди. Ана шундай голлардан бири Евро-2016да Австрия-Исландия ўйинининг сўнгги секундларида киритилди ва воқеалар ривожини тескарисига айлантириб юборди. Тарихда ана шундай голлардан бир нечтаси кузатилган. Ўзим кўрган-билганларим орасидаги айримларини санаб ўтгим келди.

ЖЧ-1994. Италия-Мексика - 1:1. 58-дақиқа. Марселино Бернал
АҚШ майдонларида ўтган мундиал ўйинларидан бирида сенсация содир бўлди. Чемпионликка асосий даъвогарлардан бири — Италия терма жамоаси Ирландияга ютқазиб қўйди - 0:1. Футбол қироли Пеле чемпионликка даъвогарлардан бири деб эътироф этган Мексика термаси ҳам Норвегияга шу ҳисобда имкониятни бой берди. Иккинчи ўйинда эса Роберто Бажжо жамоадошлари Норвегия термасини бир амаллаб енгишди - 1:0. Нариги жуфтликда Мексика терма жамоаси Ирландиядан устун келди - 2:1.

Натижада охирги тур олдидан ҳамма жамоа бир хил — 3 очкодан тўплади. Охирги турда Ирландия ва Норвегия ўзаро нурсиз дурангга имзо чекишди. Италия-Мексика ўйинининг 48-дақиқасида захирадан майдонга тушган Даниэле Массаро ҳисобни очди. Бу голдан кейин "скуадро адзурра" ўз-ўзидан жадвалнинг энг юкорисига чиқиб олди. У вақтларда мундиалда 24 жамоа иштирок этарди. Шунинг учун гуруҳдаги 3-ўрин эгасига ҳам имконият бор эди. Бироқ 58-дақиқада Мексика терма жамоаси фахрийси Марселино Бернал жавоб голини киритиб, жамоасини жадвалнинг биринчи поғонасига олиб чиқди. 1:1 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармади. Натижада гуруҳдаги 4 та жамоа ҳам бир хил — 4 очкодан тўплади. Гуруҳда ҳаммадан кўп гол урган Мексика биринчи ўринни эгаллади. Ҳаммадан кам гол урган Норвегия эса гуруҳда қолиб кетди. Италия терма жамоаси эса 3-ўрин билан нимчорак финалга чиқиб, финалгача етиб борди. Воқеаларнинг бундай тус олишига Берналнинг Италия дарвозасига киритган голи сабабчи бўлди.

Евро-1996. Россия-Чехия 3:3. 89-дақиқа. Владимир Шмицер
Евро-1996 бошланмасидан олдин ҳамма "С" гуруҳидан Германия ва Италия қийинчиликсиз плей-оффга чиқади деди. Аммо воқеалар ривожи бошқа кўринишда кечди. Дастлабки баҳсда Россия терма жамоасидан устун келган Италия 2-турда Чехия термасига кутилмаганда ютқазиб қўйди — 1:2.

Гуруҳдаги икки ўйинни ҳам ғалаба билан якунлаган Германия охирги турда Италия билан ўйнади. Таъкидлаш жоизки, ўша чемпионатда итальянлар етакчиси Роберто Бажжо иштирок этмади. Сўнгги тур анча драматик кечди. Европа чемпионатлари тарихида энг қизиқарли ўйинлардан бири сифатида эътироф этилган Италия-Германия ўйинида ҳисоб очилмади. Россия-Чехия ўйинининг биринчи бўлими 2:0 ҳисоби билан чехлар фойдасига ҳал бўлди. Аммо 2-бўлимда руслар кетма-кет 3 марта ракиб дарвозасини ишғол қилишди. Ўйин 3:2 ҳисоби билан якунланиши аникдек кўринди. Шу пайтда параллел равишда ўтаётган Италия- Германия ўйинида ҳисоб очилмагани ҳақидаги хабар стадионда янгради. Шунда Россия ҳам, Чехия ҳам негадир Италияни кейинга боскичга чиқаришни исташмади. Қанотдан узатилган тўпни Россия терма жамоаси ҳимоячиси Юрий Никифоров оёқлари орасидан ўтказиб юборди. Тўп Владимир Шмицерга келиб тушганда чехлар ҳужумчиси осонгина дарвозани ишғол қилди. Италия гуруҳда колиб кетди. Шмицернинг ўша голидан кейин чорак финалда чехлар ярим ҳимоячиси Карел Поборски Португалия дарвозасига супер гол киритди. Чехия терма жамоаси мусобақа финалигача етиб борди. Қойил қолиш керак.

Евро-2004. Швеция-Дания 2:2. Маттиас Йонсон. 89-дақиқа
"Чемпионатни мағлубиятга учрамай тарк этиш — фожиа", дейди Италия терма жамоаси ҳужумчиси Алессандро дель Пьеро. Дарҳақиқат, Евро-2004да "мовий гвардия" гуруҳда бирор учрашувда ҳам мағлубиятга учрамади. Дастлабки баҳсда Дания терма жамоаси билан дуранг ўйнаган Италия иккинчи ўйинда Швеция термаси билан куч синашди. Дастлаб Антонио Кассано ҳисобни очди, лекин шведлар етакчиси Златан Ибраҳимович ўзининг машҳур каратэ усулидаги гол билан бу ўйиннинг ҳам дуранг бўлишини таъминлаб берди. Сўнгги турда ҳам Италия Болгария билан дуранг ўйнаётганди. Сўнгги дақиқаларда Антонио Кассано итальянларнинг чемпионатдаги биринчи ғалабасини таъминлаб берди — 2:1. Параллел равишда кечаётган Дания-Швеция ўйинида ҳам Дания термаси сўнгги дақиқаларда шу ҳисоб билан олдинда борарди. Шу пайт ҳар иккала жамоа, Италия нариги ўйинда ғалаба голини киритганини эшитишди чоғи шведлар осонлик билан ҳисобни тенглаштиришди. Бундан 8 йил муқаддам Россия-Чехия ўйинида содир бўлган воқеа бу жойда ҳам такрорланди. Ҳал қилувчи голни киритган Маттиас Йонсонга Дания ҳимоячиси гўёки пас берди. Ана шундай қилиб икки скандинав давлати худди келишиб олгандай Италияни гуруҳда қолдириб кетишди.

Евро-2016. Исландия-Австрия-2:1. Арнор-Ингви Траустасон. 90+4-дақиқа.
Мана бу гол бутун чемпионат боришини ўзгартирди. Қаранг, ўзи ўйин якунланишига санокли сониялар қолганда киритилди. Агар шу гол бўлмаганда Португалия нимчорак финалда Хорватия билан эмас, Германия билан ўйнаши мумкин эди. Ўшанда Роналду ва унинг жамоадошларига чемпионат барвақт якунланармиди? Ахир Германиянинг қандай жамоа эканини ҳаммамиз биламиз. Агар шу гол бўлмаганда Италия, Франция, Германия, Англия, Испания каби грандлар бир тарафда бир-бири билан тўғри келмасди. Траустасоннинг ўша голи воқеалар ривожини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Эҳтимол,  Португалиянинг Евро-2016да ғолиб бўлишида айнан ана шу гол сабаб бўлгандир. Нима бўлганда ҳам ҳозирда Австриянинг "Рапид" клубида тўп тепаётган Арнор-Ингви Траустасон Евро-2016даги энг муҳим голни киритди. Бу финал ўйинидаги Эдернинг голдан ҳам муҳим эди. Ишонаверинг...

Сафарали СИДДИҚОВ

Киритилган сана: 06.12.2016 09:38. Ўкилди: 8025 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.