Кириш Регистрация
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус 2-2 Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм 0-5 Ливерпуль
30/12 00:45 Милан 1-1 Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Блог

Stadion.uz мухлислари

Мухлис минбари

Голлар ўнлиги

Баҳо:
+0; -0

Одатда голларни кўрибгина баҳо бериш мумкин, лекин шундай голлар бўладики, уларни эслаганингизда шундоқ кўз ўнгингизда намоён бўлади, кўргандек бўласиз. Бугун терма жамоамизни киритган голларини чиройи бўйича шахсий рейтингимни сиз билан баҳам кўришга ахд қилдим (фақат ўзим гувоҳи бўлган голлар).

10-ўрин. Николай Ширшов (ЖЧ-2002 саралаш, 2001йил Ўзбекистон-Иордания 2:2).
Ўшанда жамоамизда Сальков бош мураббий эди. Мақсад – ҳар доимгидек ЖЧ йўлланмасига эга чиқиш. Бу йўлда биринчи босқичдаги асосий рақиб Иордания бўлганди. «Пахтакор» стадионида кечган учрашувда жамоамиз кутилмаганда қийин вазиятга тушиб қолди. Иорданиялик Абу Тукнинг узоқ масофадан берган зарбаси дарвозамиз тўрига бориб тушди, оқибатда ҳисоб 0:2 га етди. Иккинчи бўлим бошида Азамат Абдураимов ўзи ишлаган пенальтини голга айлантирди ва ҳисобни биттага қисқартирди. Ўйин эса охирлаб қолган, термамиз эса бор кучи билан ҳужумга зўр берар, иорданлар эса ҳимояда зич ва бехато ҳаракат қилаётган пайтда, нихоят Ширшов ва Лушан рақиб жарима майдони ичида шундай ноодатий ҳаракатни амалга оширишдики, Иордан ҳимояси бу вазиятда томошабинга айланишди. Ширшов чап томондан жарима майдонга кира солиб тўпни Лушанга етказди, ўзи марказроққа очилиб борди, Лушан эса тўпни бир ҳаракат билан товонида ҳимоячилар орасидан Коляни ўзига қайтарди, натижада Ширшов зарбдор вазиятга чиқди, дарвозанинг ўнг бурчагига аниқ зарба ва гол. Ҳисоб 2-2. Бу гол бизга қимматли бир очко тақдим этган эди.

9-ўрин. Игорь Шквирин. (ОК-1996, Ўзбекистон-Хитой 2:0)
БААда ташкил этилган Осиё Кубогида термамиз илк бор қатнашаётган эди, дебют турнирни дебют ўйинида бизга таниш Хитой термаси рақиблик қилди. Уларда бизни енгишга бўлган мотивация жуда юқори, 2 йил олдинги финалдаги мағлубият учун қасос олиш илинжида эдилар. Ўйин бошиданоқ ҳужумкор ўйнаган хитойликлар жарима майдонимиз ёнида кетма-кет хавфли вазиятлар юзага келтира бошлашди. Дарвозабон ва ҳимоячилар бир амаллаб ҳужумларни бартараф этишиб биринчи бўлимни якунлаб олдик. Иккинчи бўлимни ҳам Хитой ҳужумкор бошлади ва жазоланди. Ўйинни 70-дақиқаларда Хитой термасини навбатдаги ҳужумини бартараф этган термамиз ҳимоячилари бир уринишда тўпни олдинга, Шквиринга етказишди, натижада қарши ҳужум юзага келди, шу вақтга қадар майдонда борлиги ҳам сезилмаётган Шквирин дарвозабон билан бирга-бир чиқиб борди ва гол уриш бўйича рақибга мастер-класс намойиш этиб берди. Ҳимоячидан қочиб кетган ҳолда тўпни дарвозабон устидан охиста ташлаб қўйган Игорь жамоамиз ғалабасига катта ҳиссасини қўшган эди. Бу ўйинга яна қайтамиз.

8-ўрин. Санжар Турсунов. (ЖЧ-2014 саралаш. 2013 йил. Қатар-Ўзбекистон 0:1)
Бу ўйин ёдингизда бўлса ажаб эмас, М.Қосимов шогирдлари Доҳада мезбонларга қарши ишончли ўйин кўрсатиб, ғалаба билан қайтишган эди. Санжарнинг голи эса нафақат чиройли эканлиги, балки муҳимлиги билан қадрлидир. Голга олиб келган вазиятда Акмал Шораҳмедовнинг тўп узатишини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Кутилмаганда Санжар ўз жойини ташлаб марказий ҳужумчи ролида пайдо бўлди, унинг қанотини эгаллаган Акмал эса аниқ тўп оширишни амалга оширди, Санжар эса совуққонлик билан тўпни тўхтатмасдан дарвозанинг чап бурчагига йўналтирди, Қосим Бурҳоннинг жон ҳолатда ташланиши ҳам бехуда кетиб, тўп дарвоза тўрига бориб тушади. Миллионлаб мухлисларни термамизга бўлган ишончини қайтариб берган ғалабатўпи эди бу. Афсуски, кейинчалик воқеалар ривожи ўзгариб кетди.

7-ўрин. Олег Шацких (ОК-1996. Ўзбекистон-Хитой 2:0)
Шквиринни голидан сўнг бироз дадил тўп сура бошлаган терма жамоамиз кўп ўтмай яна бир вазиятни юзага келтиришди, жарима майдони яқинида тўпни қабул қилиб олган Олег қаршисидаги ҳимоячини бир уринишда алдаб ўтди, лекин уни йўлида 2 нафар чинлик ҳимоячилар пешвоз чиқишди, оний лаҳзалардавазиятга тўғри баҳо берган ҳужумчимиз тўпни ҳимоячилар ўртасидан ўтказиб зарба берди, ҳимоячилар панасида қолган дарвозабон тўпга ташланишда кеч қолди. Зарба эса унча кучли бўлмаса-да, ижро маҳорати бўйича муккамал бажарилган эди. Айнан шу гол рақибларимизни умид чироғини узил-кесил синдириб, мағлубиятни тан олишларига сабаб бўлганди.

6-ўрин. Шуҳрат Мақсудов (ЖЧ-1997. 1-босқич, Ўзбекистон-Индонезия 5:1)
Бу гол Папен услубида амалга оширилганди. Хозирги авлод наздида термамиз ютган ўйинларда майдонда «Андижон полкаси»га ўйнаб беришдан бошқасига ярамайдиган Мақсудов, ўз вақтида миллат жамоасида бир биридан чиройли голларга муаллифлик қилганини билишармикин? Францияда бўлиб ўтадиган ЖЧ саралаш босқичида Индонезия дарвозасига киритилган тўп, ана шундай шедеврлардан бири эди. Бурчакдан етказилган тўпни реактив тезликда жарима майдонида қабул қилишга шошган ҳужумчи бош билан зарба беришга нотўғри позиция танлаганига амин бўлди ва бошқача қарор қилди, тўпга Тоби услубида зарба беради. Воқеа ривожини бундай ўзгаришини кутмаган дарвозабон жойидан қимирламай чиройли голни мухлисларга қўшилиб томоша қилди. Бу гол Мақсудовнинг фаолиятидаги энг чиройлиси бўлса ажабмас.

5-ўрин. Миржалол Қосимов (ЖЧ-2002 саралаш. 2001 йил. Ўзбекистон-Туркманистон 1:0).
Ўша вақтларда жамоамизнинг ҳужум чизиғида ишлари юришмай қолса, футболчилар гол уришни йиғиштириб жарима майдони яқинида йиқилиб, жарима зарбаси ишлашга ҳаракат қилишарди. Ўша вақтлар «Қосимов нуқтаси» деган атама жуда машҳур эди. Туркманистонга қарши ўйинда шундай ҳолат кузатилди. Иккинчи бўлим ўрталарида майдоннинг ўнг қаноти яқинида ўйин қоидаси бўзилди, дарвозагача масофа чамаси 20 метрлар эди. Миржалол худдики тўпни жарима майдонига етказмоқчидек шерикларига имо  ишоралар қила бошлади, бу айёрлик эди, бутун стадион, термамиз аъзолари ва рақиб ҳам тўпни жарима майдонига оширилишини кута бошлади, Қосимов эса ҳаммани алдади ва тўпни дарвозага йўллади, дарвозабон эса жарима майдонига чиқиш мақсадида эди, лекин тўп чиройли траектория хосил қилиб дарвоза тўридан жой олди. Миржалол қийин вазиятдан жамоани бир ўзи ғалаба сари етаклаган голларидан бири эди бу. Унинг сеҳрли чап оёғи кўп бора термамиз жонига оро кирган. Улардан бирига яна қайтамиз.

4-ўрин. Максим Шацких (ОК-2000 саралаш. 1999 йил. БАА. Ўзбекистон-БАА 1:0).
ОФКнинг антиқа қарори туфайли терма жамоамиз Осиё кубогига йўлланма олиши катта сўроқ остида қолганди. Ўша вақтлардаги турнир форматига кўра жамоалар 5тадан иборат гуруҳларга бўлиниб, ушбу 5та терма жамоалар ичида 1та терма саралаш мезбонига айланиб, бир даврадан иборат бўлган саралаш ўйинлари тақвимини ҳам ўзлари тузишларига рухсат берилган эди. Гуруҳимиз мезбони БАА вакиллари шундай тақвим тузишдики, натижада терма жамоамиз дам олмасдан кетма-кет ўйинларни ўтказиши ва охирги турда мезбонларга қарши майдонга чиқиши лозим бўлди. Мезбонлар эса сўнгги тур олдидан дам олиш имкониятига эга бўлиб, жамоамизга қарши ўйин олдидан тикланишга эришгандилар. Бундан ташқари, сўнгги турда улар кучсиз жамоага қарши ўйинга ҳам эга эдилар. Раҳматли Маҳмуд Раҳимов бошчилигидаги миллий жамоамиз шундай қийин вазиятдан мардонавор равишда чиқиб кетишларида Максимнинг ўрни катта бўлганди. Ҳаттоки шу ўйин олдидан Киевга учиб бориб, чемпионлар лигасида майдонга тушиб, яна терма жамоа лагерига қайтган Шацких, бу ўйинда ажойиб голга муаллифлик қилганди. Ўйин давомида тўла устунлик арабларда бўлгани билан ҳимоячиларимизни юксак савиядаги ўйини туфайли дарвозамиз дахлсизлиги сақланиб қолди. Мураббий жамоамизни қандай тайёрланган, футболчиларга қандай сеҳрли сўзларни айтганини билмайману, лекин жамоамиз бу ўйинда шундай жон куйдириб ўйнашдики, ҳаттоки энг қизиққон футболчимиз Ширшов ҳам Арабларни майдондаги провакациясига учмади, ётган вазиятида рақиб футболчиси қорнини атайдан босиб ўтсаям, хакам мезбонларга ён босиб, шундай қоидабузарликларни кўрмаганга олсаям футболчиларимиз вазминликни сақлаб қолишди. Ўйин сўнгида эса терма жамоамиз сардори майдон марказидан тўпни эгаллаб олди ва олдинда очилиб бораётган Шацкихга тўпни шундай ошириб бердики, бу тўп узатишни футбол мактабларида қўлланма сифатида фойдаланса бўлади. Миржалол тўп оширишда ҳаммасини ҳисобга олди, Шацкихни тезлигини, офсайд эмаслигини, ҳимоячини учун ноқулай бўлишлигини, дарвозабон тўпга югуриб чиққан тақдирда улгуролмайдиган даражада бўлишлигини, ҳаммасини ҳисобга олган эди. Шацких эса рақибдан қочиб кетди, дарвозабон билан бирга бир чиқиб бориб узоқ бурчакни нишонга олди. Бу адолат тантанаси эди.

3-ўрин. Миржалол Қосимов. (ОК-2000. Ливан. Ўзбекистон-Қатар 1:1)
Бу гол ўзбек футболи тарихидаги энг чиркин даврда киритилган. Тарихимиздаги энг омадсиз турнирдаги мухлисларга қувонч бахш этган ягона гол. Нима учун айнан шу голни танладим, Қосимовни бундай голлари жудаям кўп эди, лекин хаёлимга фақат шу гол келди, ёдимда мухрланган ёмон турнирдаги ягона қувонч бахш этган гол. Қатарга 1:0 ҳисобида ютқазаётган эдик, юқорида айтганимдек ҳужумчилар йиқилиб бериш билан шуғулландилар ва бу айнан Қосимов нуқтасида уддаладилар. Қолганини тўртинчи рақам соҳибининг ўзи амаллади. Одатий жарима зарба, одатий жонли девор, сеҳрли чап оёқ, бурама зарба ва гол. Биз бу голни нишонлаётган вақтда, кейинчалик нималар бўлишини билмасдик. Келинг эсламайлик.

2-ўрин. Александр Гейнрих. (ОК-2011. Доҳа. Ўзбекистон-Хитой 2:2)
«Қудратимизга шубха қилсанг, биз киритган голларга боқ». Футбол сайтларимизда мана шундай сатрлар билан чиқишлар бўлгани эсимда. Гейнрихнинг голлар ўнлигидан тушиб қолиши, унга нисбатан адолатсизлик бўларди. Абрамов бошчилигида терма жамоамиз Хитойга қарши очиқ футболни таклиф этди, ўйин ҳам шунга мос равишда голларга бой ўтди. Гейнрихни голи эса жудаям чиройли киритилганди, жарима майдони яқинида тўпни эгаллаган Саша чамаси 22 метрлардан тўпни дарвозани чап бурчагига йўллади, зарба ғаройиб траектория хосил қилиб дарвозани тўсин ва устун туташган қисмидан тўққизликка бориб тушди. Бундай голда дарвозабони айблаш мумкин эмас. Одатда бундай зарбалар футбол тилида «ўлик зарба» деб аталади. Хитойлик ўрнига бошқа дарвозабон бўлганда ҳам бу шедеврдан бизни маҳрум қилолмасди.

1-ўрин. Одил Аҳмедов. (ОК-2011. Қатар. Ўзбекистон-Қатар 2:0)
Шундай голлар бўладики, нафақат жамоага ғалаба келтиради, балки гол муаллифи тақдириниям ўзгартириб юборади. Одилни голи ҳам ана шундай голлар хилидан. Бу гол унинг ташриф қоғозчасига айланиб улгурган. Қатарда ташкил этилган Осиё Кубогини очилиш учрашувида, минглаб мезбон мухлислар кўз ўнгида, майдон эгалари дарвозасига узоқ масофадан ўнг бурчакка берилган кучли зарба ва тўпни ўқдек учиб тўсин аралаш тўрдан жой олиши, очиғи таърифлашга тил ожиз, буни фақат кўриш керак. Ўша Осиё Кубогидаги майдон сифати, стадиондаги атмосфера ва трансляция сифатини ажойиблиги голни чиройига чирой қўшган эди. Айнан шу гол ҳам кейинги ўйинлардаги натижаларга ижобий таъсир этган бўлса ажаб эмас.



Олий ўрин. Бахтиёр Қамбаралиев (ЖЧ-1998 саралаш. 1997йил. ЖЧ. Тошкент. Ўзбекистон-Япония 1:1).
Терма жамоамизнинг 23 йиллик фаолияти давомида жудаям кўп чиройли голлар учраган, С.Жепаров, Маминов, Ирисметов, Бозоров, Бақоев ва бошқа футболчиларнинг ҳам такрорланмас голларини гувохи бўлганмиз. Лекин Қамбаралиев томонидан урилган гол мен учун терма жамоамизнинг энг чиройли голи сифатида гавдаланаверади. Одатда ҳимоячилар кўп ҳам гол ураверишмайди, гол урсаям кўп ҳам эсда қолавермайди. Лекин Қамбаралиевнинг кам сонли голларидан бири айнан терма жамоа таркибида тўп сураётган даврга тўғри келган. Жахон чемпионати саралаш учрашувининг навбатдаги тур ўйинида Тошкентда Японияга қарши тўп сураётган терма жамоамизни фақатгина ғалаба назарий жиҳатдан мундиал йўлланмаси учун курашни давом этиришимизни англатарди. Буни тўғри англаган футболчиларимиз ўйин бошиданоқ ташаббусни қўлга киритишга интилиб, кетма-кет хавфли вазиятлар яратишга уринишарди. Ана шундай ҳужумлардан бирида япон ҳимоячилари тўпни жарима майдонидан узоқлаштиради, тўп эса Қамбаралиевга келиб тушади. Ҳимоячимиз эса тўпни шундай кучли равишда дарвозага йўналтирдики, чамаси 33 метрлардан замбарак ўқидек учган тўп дарвозанинг пастки ўнг бурчагидаги устунга тегиб тўрдан жой олганди. Адашмасам, бу гол Қамбаралиевнинг терма жамоадаги биринчи ва ягона голи. Афсуски, ўйин сўнгида ҳимоямиздаги парокандалик сабаб Япония термаси ҳисобни тенглаштириб, якунда қимматли 2 очко бой берилганди.

Ҳурматли ўқувчи, бу рейтинг менинг шахсий қарашларим маҳсули, сизнинг фикрингиз бошқача бўлиши мумкин. Қарашларимиз ва қаричларимиз мос тушмаслиги табиий ҳол. Сизда ҳам бу хақда ўз фикр мулохазаларингиз бўлса баҳам кўринг. Насиб этса, келгуси голлар ўнлигимизда жахон футболидаги шедеврларга тўхталамиз. Футболни севишда давом этинг.

Маъмуржон Тиллабоев

Киритилган сана: 17.11.2015 13:59. Ўкилди: 8199 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:16. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:16. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:13. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:13. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


ELYORRASULOV
Сана: 19.11.2015 18:45. ELYORRASULOVга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHAMSHER
Сана: 18.11.2015 00:11. SHAMSHERга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


GURLANBEK

Сана: 17.11.2015 23:38. GURLANBEKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


YAHYOHON
Сана: 17.11.2015 16:16. YAHYOHONга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.