Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Тарафкашлик

Баҳо:
+-1; -0

Гоҳида бир буюм, ё бир матоҳ, ё бир воқелик ҳаётда катта ўзгариш ясайди. Бу ўзгариш тўлқини ё бир йиллик, ё юз йиллик даврга, ё умрбодга таъсир қилади. 60-йилларда ҳаётимизга телевизор кириб келди ва секин-аста бутун маънавий ҳаётимизни қамраб олди. Ўша йиллари Тошкент ҳаётига табиий газ кириб келди ва бутун маиший ҳаётимизни ўзгартириб юборди. Юз йиллар муқаддам катта бир салтанатда кичик бир давлат тўн бўлди ва бу воқеа тез орада бутун дунёга довруғи кетиб, уни бир нималарга умидвор қилиб, ярим дунё ҳаётини бир асрга қадимий изидан, мулкчилик тизимидан чиқариб юборди. Ўн йиллар олдин бизнинг ҳаётимизга бир матоҳ кириб келди ва у кундалик ҳаётимизни ўзгартириб юборди. Уяли телефонни айтяпман. Одамлар орасини яқин қилди. Шу билан бирга дийдорлашув қувончи бошқача бўлиб қолди. Бир оз юзакироқ, бир оз қисқароқ бўлди. Ҳаётимиз тезлашиб кетди.

Қарз сўрабман

Пайшанба куни соттивой телефоним жиринглаб қолди. Шошганимдан тугма босишда адашибман. Қаричилик, уятга қолдим, менга интизор кимсанинг соттивойимдаги рақамларини тугмалар ичидан тополмай турдим. Ёрдам излаб ёшларга талпиниб турган пайтимда телефоним яна жиринглаб қолди. Аҳли-аёлим ғамхўрлик қилиб, хавотирланиб сим қоқяпти, шекилли дедим. Ундай бўлмабди. Менга бутунлай нотаниш, шу билан бирга сиртдан жуда яхши таниш бўлган кимса менга сим қоқибди.

Ўшандан бери мана беш кун ўтди. Ҳануз хаёлимни ўша гўшакдан эмас, юракдан чиққан аччиқ, ҳароратли сўзлар банд қилган. Ҳануз ҳаётимни, куну-тунларимни, еру-кўкни Гумон ўргимчаги ўз тўрлари билан ўраб, руҳимни эзғиламоқда. Газетани олиб ёзганларимни қайта-қайта ўқиб чиқдим. Ўзим учун янги гап топа олмадим. Наҳотки, тарафкашликни қоралаб мақола ёзсам-у, ўзим кимгадир тарафкашлик қилган бўлсам? Яқин-йироқ танишларимдан фикр сўрадим. Фикр сўрамабман, балки қарз сўрабман. Одамлар бир-биридан ўз фикрини қизғанар экан-у, илгари мен бунга эътибор бермас эканман. Сизга беришга пулим йўқ, яъни сизга айтишга шахсий фикрим йўқ, деб очиқ айтишмас экан-у, пул ўрнига маслаҳат, яъни тайин бир шахсий фикр ўрнига бетайин "сермазмун хулосаларни” тўқиб беришар экан. Ёки фикрлаш истаги бизда йўқолиб бормоқдами, дейман. Одам ўз ҳаётида асосан аниқ-таниқ юмушларни бажарувчи, ижрочи бўляпти, ижодкор бўлмаяпти. Бу аҳволда Фикрлаш унга на даркор. Оилавий ҳаётида истаса-истамаса мавжуд бўлган урф-одат, удумлар чегарасидан чиқмай яшаяпти.

Инсон Шахсий ҳаётида ниҳоят ўзи билан ўзи ёлғиз қоладиган бўлса борми, фикрини голливуд, болливуд, ўзбеквуд кино қолипларидан чиққан томошалар ўчиряпти, одам дилига "ҳордиқ” беряпти. Қўлига "даракчи”.

 Сену мен

Фақат катта ФУТБОЛ ўйини ташидаги ва ичидагиларни фикрлашга ундаяпти. Майдонда футболчидан бир сония улушларида вазиятни таҳлил қилиб, янги қарор қабул қилишга ундаяпти. Майдон ташида ҳам шундай аҳвол. Футбол инсонни инсонийликнинг асл моҳияти бўлган фикр юритишга чорлаяпти. Шундай экан, нега шахсий фикрингизни мендан қизғанасиз? Ёки уни бировдан яшириб асрамоқдамисиз, азизим. Ким учун? Ёки бошқалар фикрига доим таяниб, шахсий фикрингиздан ор қиласизми? Биродар, Футболимизга шахсий фикринг, шахсий ҳароратинг, ҳиссиётинг керак. Қалбингда шахсни ўлдирган заҳотинг тўданинг бир бўлагига айланиб қоласан-ку. Ёзганларимни ўқиб тўлқинлан. Стадионда футболни кўриб "тўлқинлан”. Қувонгин, қайғургин, азоблан, ғазаблан, тортишгин, ҳақиқат талашгин, майлига. Футбол ишқибози бўлсанг, ёзганларимга, майдонда содир бўлаётган ҳар бир нарсага бефарқ бўлма. Садағанг бўлай, далили билан мени бирор нарсада айбла. Мен ахир фаришта эмасман-ку. Футбол шундай нарса, унинг ривожи сену-менга боғлиқ. Солиштиринг, Ўзбекистонда йўл қурилиш савиясини сен-у менга боғлиқ дея олмайман. Футболимизни шундай деб баралла айта оламан. Камолиддинлар юмшатиб ёзса, Зафаржонлар ўз фикридан четланиб ёзса, Сен ёзишларимга бефарқ бўлсанг, стадионга келмай қўйсанг, мен умуман ёзмай қўйсам, футболимиз тақдири функционерлар қўлида қақшаб қоладими, ё яшнаб борадими?

 Уч пуллик мукофат пули

Беш кун аввалги телефон суҳбатидан сўнг, ёзганларим тўғрисида бировнинг очиқ айтган салбий фикрини эшитганимдан сўнг шундай хаёллар билан юрдим. Таҳририятга бордим. Ичимни гумон кемирмоқда эди. Ҳамма жамул-жам экан. Кўришдик, сўрашдик. Кейин йигитлар мен туфайли узилиб қолган суҳбатни давом эттирган холда ҳар бири ўз юмуши билан банд бўлди. Ҳозироқ қайтиб кетсам-да, бу хонанинг ҳаёт оқими узилмайди, бу ерда ҳеч нарса ўзгармайди. Мен эса, одамлар эмас, гумонларим қуршовидаман. МТС касот бўлгани туфайли икки ҳафтадан бери телефонда боғлана ололмаганим Зафаржон билан юзма-юз турибман. Берган саволимга "Фақат юзингиздан ўтолмаганим учун буни босиб чиқардим. Юзерлар ёзганича бор. Сиз Миржалолнинг бошидан мағзава ағдарибсиз”, деб жавоб берди-ю, ўз ишида давом этди. Қўлларидан бир кунда ўнлаб мақолалар ўтиб турган муҳаррирнинг совуққон гаплари бўлди. Ахир тўрт ҳафта ичида тўрт хил ёзиб, Зафаржоннинг электрон манзилига юбориб турдим. Интизорлик билан менга телефон қоқиб бир оғиз сўз этишини кутдим, жавоб келмади. Ёзганларим билан бир тараф бўлиб ёлғизланиб юрдим. Ёлғизлик тақдиримда бор экан. Азизим Зафаржон, ўзингизни хақ деб билсангиз, ҳақиқатни қидириб хақорат жарига қулаб тушаётганимни, футболни таҳлил қиламан деб, танқид эмас таҳқир қояларига бошим билан уриляпганимни хотиржам кузатиб турдингизми? Бу жони қаттиқ бетарафликми, ижодий эркни қадрлашми? Муаллиф хуқуқини ўзининг шахсий фикридан устун қўйишми? Ўз Ҳақиқатингиз олдида, футболимиз олдида бетарафлик нимаси? Хато ёзган бўлсам, нега ҳеч ким менга буни айтмади? Менга шафқат қилинглар. Ёзганларим "заказной” эмас-ку, ёки яна айтсам, амал ё ношир талаби бўйича ёзилмаган-ку. Мен ҳеч қачон уч пуллик мукофот илинжида ёзмайман-ку. Ўзбегим футболига қайғуриб ёздим-ку. Қайғудош топа олмадим. Ҳеч кимдан садо чиқмади.

Зафархўжа, Сизга раҳмат, беш кундан бери айтган аччиқ сўзларингиз ҳарорати билан юрибман. Ёшингизни ҳурмат қилиб, гапни қисқа қилдим деган эдингиз. "Сизга кўпроқ гапирмоқчи эдим, Рўза кунлари сизни аядим”, деган эдингиз. Асло, айтар сўзингиз оғзингизда қолиб кетмасин. Жон қулоғим билан эшитаман. Сўзларингиз ҳар қанча аччиқ бўлмасин улар мен учун жуда муҳим бўлади. Чунки улар бирор раҳбарнинг ё бир гуруҳнинг хохишини изхор қилмаган бўлади. Чунки улар Ўз фикрингиз баёни бўлади. Ўзимнинг эмас ўзга одамнинг шахсий фикри мен учун муҳимроқдир. Ёшимни ўйлабсиз, раҳмат. Умримнинг финиш томон сўнги давраси бошланди, биламан. Умрнинг ўтиб кетган асосий қисмида биз шахсий фикр билдириш, ўзга одам фикрини матбуотда ўқий олиш имкониятидан маҳрум эдик. Қулоғимда-ю онгимда, кеча-кундизиму тонгимда, ҳамма ёқда фақат Партия фикри жаранглар эди. Бошқача Фикрлаш таъқиқланган эди. Мен сизлар билан, футбол билан бирга ёшариб, бирга яшнаб юрибман. Гоҳида биргаликда қақшаб турибман....

Ушбу Ойни муқаддас Ой дедик. Бу Ойда гуноҳ ишни асло қилмайлик. Бу Ойда ўзга одам дилини оғритиш, хаққига ҳиёнат қилиш, ҳақорат ё таҳқирлаш каби гуноҳларни асло қилиб бўлмайди. Бир биримизга ниҳоятда ҳушмуомала, ўзаро меҳрибон, саҳоватли бўлайлик ушбу Ойда. Ўзимизнинг энг қадрли, бебаҳо, қуддус нарсамизни ўзга одамга илинайлик. Энг қадрли нарса вақт эмасми? Зафархўжа, Сиз ушбу Ойда менга нисбатан шундай саҳоватли бўлибсиз, Сизга ярашади, ушбу Ойга ярашади. Сиз вақтингизни мендан аямадингиз, Сизга раҳмат. Азиз умрингиз қаймоғини, яъни қўл меҳнатингиз эмас, қалб меҳнатингиз маҳсули бўлган шахсий фикрингизни мендан қизғанмадингиз. Сизга раҳмат. Демак ёшимни, ёки ушбу улуғ кунлар қадрини ўйласангиз, менга ўз фикрингизни тўлиқ билдиринг. Ҳақиқатингизни мендан қизғанманг. Мени бир инсон сифатида ҳурмат қилган бўласиз. Рамазан ойини ҳурмат қилган бўласиз.

Энди ёзажак мақоламда телефон орқали Сиз билан бўлиб ўтган ўша мунозара мавзусини давом эттирмоқчиман. Балким ўқирсиз, балким йўқ. Балким, Сиз ҳам мунозарани бирор газета саҳифасида давом эттирарсиз, балким телефонда. Интизорман.

 Кўрмадим. Эшитмадим

Матбуот кўпинча маълум бир мавзуларни четлаб ўтади. Эшитмаганга, кўрмаганга олади. Шундай мавзулардан бири миллатпарварликдир. Бу сўзни эшитмагандирсиз, миллатчилик деб жўнгина ёза қолсам бўлар экан. Собиқ Иттифоқ давлатининг суяклари тарих гўрида чириб ётган бўлса-да, унинг ғояси бугун ҳам нафас оляптими, дейман. Миллатлар, тиллар йўқолиши зарур деган ақидани олдинга суришган эди. Соҳтакашлик, мунофиқлик намунаси эди бу ғоя. Руслардан бошқа барча миллат ва тиллар йўқолиб кетиши керак деган гаплар ғоя маҳражида яширин эди. Тўғри, тарихан бир миллат йўқолиб, ўрнига бошқа миллат пайда бўлиб келмоқда. Бу бор гап. Лекин масалан, ўзбек ё ҳинд халқи, унинг тили ва маданияти йўқолиб кетишини ҳеч тасаввур қила олмайман. Шундай бўлса-да, буюк кушонлар, ё сўғдийлар ҳозир қани? Уларнинг авлодларига туркийлар,мўғуллар, форслар яна алла қандай уруғлар қўшилиб кейин иккига бўлиниб ҳозир Ўзбеклар ва Тожиклар бўлиб яшаб келишмоқда. Муғомбир, гўрингда тинч ётмагур, Советлар ҳамманинг бирлашиб, руслашиб кетишини мақсад қилган эди, аслида. Миллат бор ва доим бўлади. Миллатпарварлик ҳам бор ва доим бўлади. Зафархўжа телефонда менга айтган эътирозларида миллатдошимга бўлган муносабатимни қоралаганини уқиб олдим. Сайтнинг мушрифлари(юзерлари) очиқчасига, қаёқдаги Армани бошини силаб, Ўзбегим футбол афсонаси бошидан мағзава тўкмоқдасиз деб, дунёдаги энг оғир ҳақоратларга мени лойиқ кўриб бир нималар ёзган эдилар.

Бундай гапларни эшитиш ҳар кимга ҳам оғир ботади. Эсимда, аскарликда миллатим шаънига айтилган бир оғиз ҳақорат сўзи деб рота орқасига ўтиб майиб бўлгунимча муштлашишган эдим. Ҳозир шу ёшимда миллатим шаъни деб футболга девоналарча ошиқ бўлиб юрсам-у, бундай гапларни эшитсам, ҳаммамиз қийин аҳволга тушиб қолмаймизми? Келинг, мавзуни яхшилаб тушиниб олайлик. Ҳар бир инсон бирон бир миллатга мансублигини қадрлайди, ва бошқалардан қадрин тилайди. Ўз миллатининг равнақига ҳисса қўшса, миллатдошини улуғласа миллатпарвар бўлади. Бошқа миллат вакилини камситса, миллатчи бўлади. Ўз миллатини ҳаммадан устун қўйса, шовинист бўлади. Ҳамма бошқа миллат вакилларини ўз миллатига бўйсиндириб қул қилишни истаса, фашист бўлади. Мен шундай деб тушунаман. Америка қитъасида бошқача аҳвол. Ерли, кам сонли туб халқ миллат бўлиб шаклланиб улгурмай, босқин остида қолгани учун ҳар бири элат ҳолида қолиб кетган. Давлат аҳолисининг асосий қисмини Европа ва Африкадан кўчиб келганлар ташкил қилиб, уларда миллатпарварлик эмас ватанпарварлик ҳисси устивор бўляпти. Уларда миллий эмас, ирқий зиддиятлар юзага чиқяпти.

 Футбол миллати.

Ҳар бир миллат ҳурматга сазовар. Ҳар бир халқ вакилининг ўз миллий сифояти бор. Бу тушунчани Мен-та-ли-тет дейдилар, шекилли. Масалан, яҳудий миллатида ўзаро ҳимояланиш, бир бирини қўллаш ҳисси жуда қаттиқ ривожланган. Арман миллатида ҳам шундай. Чунки бу халқлар энг қадимги миллат бўлишгани ҳолда, қадимдан ўз юртидан қувғин қилингани ҳолда, доимо бир миллат шаклида жон сақлаш ҳаракати билан мусофирчиликда бирлашиб, қўллашиб, елкадош бўлиб яшашяпти. Бир-бирини ўзаро қўллашда буларнинг олдига ўтадигани йўқ. Ҳар бир халқда, ҳар бир касбда миллатпарварлик туйғуси ўзгача изҳор топяпти. Шу жумладан футболда ҳам. ФУТБОЛда ҳамма бир тилда, яъни Гол ва Тўп тилида гаплашадилар. ФУТБОЛнинг миллати бир, футболчиларнинг ҳар бири Жамоа Ғалабаси деган миллатга мансубдир. Райкард ва Гуллидлар Суринамлик бўлсалар-да, биз учун Куман қатори голланд бўлиб қола берадилар. Тигана, Макелеле, Зидан, Бенземелар биз учун Дешам қатори француз бўлиб қола берадилар. Равиль Зокиров ҳам, Виталий Суюнов ҳам, Ислом Аҳмедов ҳам, Геннадий Денисов ҳам яшил майдон учун футболда ЎЗБЕК бўлиб қола берадилар. Мен фақат ўтмишдаги чап қанот ҳимоячиларимизни санаб ўтдим, халос. Мен ўзбек футболи учун нима ишни қойил қилиб қўйибманки, ўзимни ўзбек санаб, Вадимни армани-ю, Серверни татар-у, Темурни месҳет деб санасам? Улар футболимиз олдида мендек ўзбеклардан ўзбекроқдурлар.

 Ўзбегим десанг,..

Ундай бўлса миллатпарварлик нимада? Ўзбек бўлсанг, миллатим десанг, Футболимиз ривожига ҳиссангни қўш. Футболчи бўлсанг, миллатим десанг, тинимсиз машқ қил, маҳоратингни ўстир. Истеъдодинг етмай назардан четда қолсанг ҳам, ўзингга ишон, футболни, миллатингни сев. Албатта юзага чиқасан. Футболнинг бағри кенг. Гапимга бизнинг Эрматов ё португал Моуриньо, ёки 17яшар Пелени жаҳон чемпиони қилган Висенто Феоланинг эришган ютуқлари далил бўла олади. Миллатим десанг, жамоадошинг бўлган ёш футболчига ёрдамингни аяма, устозлик қил. Чунки майдондаги умр жуда қисқадир. Мураббий бўлсанг-у, Ўзбек ўғлонига миллатдошинг бўлгани учун майдон ташида ва ичида рақобатни юмшатиб турсанг, миллатпарвар бўлмайсан, миллатчи бўлиб қоласан. Скаут бўлсангу,таъмагирлик йўлига кириб, жамоани ўртамиёна, ўйини хира ёш "истеъдодлар” билан бойитиб турсанг, ўзинг бойиб турсанг, миллатпарвар бўлмайсан, иллатпарвар бўласан. Шундай эмасми? Ўзбегим десанг,ўзбек футболчисига нисбатан рақобатни, тўсиқларни кучайтир.Токи у ота-онаси олдида, яқин йироқ дўстлари, юрти ва ўзи олдида шарманда бўлмасин, футболчи эканлигини, ўзбек эканлигини ҳеч қачон унутмасин. Футбол амалдори бўлсанг-у, футболимиз Раҳбарига унинг камчиликларини ўзига рўйи-рост айтмасанг, донишмандлик бўладими, касб одоблиги бўладими, қўрқоқлик бўладими, мансабпарастлик бўладими, билмадим? Лекин шуни аниқ биламанки, миллатпарварлик бўлмайди. Суюкли Мураббийимизни, миллатимиз фаҳрини соф рақобатнинг сел-дўлларидан асраб деворлари мақтовдан, томи олқишдан ясалган уйда хонакилаштириб, касбий маҳоратини ўсишдан тўхтатсак, миллатпарварлик бўладими ё маддоҳлик бўладими? М.Қ.Қосимовнинг фаолиятини тахлилга асосланиб танқид қилиш мумкин эмасми? Мен бунга уринганим учун миллатимга қарши чиқибман-да.

 Ким аҳмоқ?

Футбол адолатли жангга асосланган ўйин. Адолатли рақобат жангидан бирор кимсани устун қўйиб бўлмайди. Аслида циркда шерни ҳам ҳонакилаштириш мумкин бўлган бир пайтда, футболда на мураббийни, на футболчини, на ўйинни хонакилаштириш мумкин эмас. Яшил майдон цирк эмас. Бизда эса бутун футболни қўлбола қилишга уринишяпти. Натижа қўлбола, таркиб қўлбола, ҳакам қўлбола, чемпионат қўлбола. Яшил майдонда ўлим ёқасидаги жангни эмас қўлга ўргатилган ўйинларни , яъни "циркни” кўрмоқдамиз. Ҳозирданоқ чемпионатимизда совриндорлар, ўртачилар аниқ. 1-дан то 10-гача бўлган ўринларни эгаллайдиган ҳамма жамоалар ҳомийлар пулини ўзлаштириб беришда маҳорат кўрсатишмоқда.(Энг "ақллиси” Бабаян бўлса,энг кучлиси Баҳром Давлатов бўлса керак) Ўйин сифатини оширишда эмас. Куни кеча "Бунёдкор” "Андижонга” қарши ўйинда майдонда "ҳаракат” қилиб берди. "Пахтакорга” қарши ўйинда бундай ”ҳаракат” тағин бўй кўрсатди. Энди кейинги ўйинларда том маънода ҳаракат қилишади. Ҳар бир жамоа ўзининг табақасига яраша кучли учликка, кучли бешликка,кучли еттиликка, "кучли ўнликка” кириб мавсумни якунлашга ҳаракат қиламиз дейди. Майдондаги бундай "ҳаракатлар” ваъдани уддаласа, Ҳомийлар хурсанд, виждонлар ухлоқ, стадионга келган ишқибозлар аҳмоқ, келмаганлари мудроқ, ўзбек футболи қашшоқ қолгани ҳолда, "Бунёдкор”(балким бошқаси) устидан зар сочамиз. Мабодо, бирор жамоа ваъдани уддаламаса, ҳалоскор "молиявий муаммолар” важи бор. Кейинги йил яна майдонда "ҳаракат” қилишга ваъда берамиз. Гранд жамоаларимиз таркибида ҳаракат қилмайдиган футболчилар миқдори биздан яширин тутилган бир қанча пулни топаман деб, ё ўз футболчилик тақдирини тузатаман деб Ўзбекистон клублари оралаб шаҳарма-шаҳар "ҳаракат” қилиб юришади. Ҳамма ёқда ҳаракат бор, ҳа-ра-кат. Ҳаёт-мамот жанглари йўқ. Майдонда югуриб бериш бор. Ҳақиқий цирк.

Навбат термага келдими. Ўриндошлик мақомида "Бунёдкорнинг” бош мураббийини термага бош қилиб тайинладик. Беш кунлик йиғинлар учун ўз жамоасидан очилиб чиққан Қосимов терма ўйинчилари билан яхши надижаларни кўрсатишга ҳаракат қилишади. Бу ҳол термамизга нисбатан, Ўзбекистон деб аталувчи ўлка шаънига нисбатан, мураббий деган номга нисбатан қадрсизлик бўлмаяптими? Шу аҳволни кўра туриб, кўрмаганга оляпган журналист миллатпарвар бўладими, савлатбардор бўладими, ёки Қосимовни мақтовчи.... бўладими? Футболимиздаги муаммоларга ишқибозлар диққатини тортяпган "Чемпион” газетаси ватанпарвар, бўладими ё ўзбошимча бўладими? Қосимов қурбини, бугунги ҳолатини таҳлил қилишга уринган Ҳасанали-ота миллатпарвар бўладими ё қариб қуюлмаган чол бўладими? Футболимизнинг бугунги мураккаб аҳволида Қосимов кўнглини овлайман, вақтини чоғлайман деб елиб юриш, Шоир таъбири билан айтганда, вабо тарқалган жойда зиёфат беришга уриниш бўлмайдими.

 Ким бўлдим энди

Азизларим, тарозунинг биринчи палласига Қасимовнинг ранжиганини, Зафархўжанинг тажовузкор сиқилишларини, менинг илмнамо таҳлилларимни, саҳифаларда "оҳ-воҳ” қилишларимни, футбол амалдорларининг чекяпган "ғам-ташвишларини” қўйинг. Иккинчи палласига ЎЗБЕК ФУТБОЛининг Ўтмишини, Бугунини, Эртасини қўйинг. Иккинчи палла босиб кетяптими? Зафархўжа, орқа ўгирдим ўша Сизнинг Миржалолингизга. Халқ суйган, ардоқлайдиган Миржалол Қосимовга мен юзланиб ушбу мақоламни ёзмоқдаман. Гапимни тўғри тушунинг, масалан Рауф Парфининг зиёфатида кўп бўлган, унинг маиший ҳаётини яхши билган, унинг шахсий ҳаётига яқин бўлган бир кимса билан танишганман. Унга ҳеч ҳавас қилмаганман. У орамизда яшаб ўтган буюк шоиримизни танимас эди. Ҳақиқий Рауф Парфини шеърларидан, СЎЗларидан топасиз. Ҳақиқий М.Қ.Қосимовни мураббийлик фаолиятидан, ўйин режиссурасидан қидиринг. Унинг фаолияти футболдан четга чиқиб, Каха Каладзега ўхшаб тадбиркорчи бўлиб кетганида эди, Миржалол мен учун афсонавий футболчи бўлиб қола берар эди-ю, уни ҳотираларимдан, ўйини ёзилган тасмалардан қидирар эдим. Ҳозир биз ўтмишда севган Миржалол йўқ, Уни тезроқ унитайлик. "Бунёдкорнинг” бош мураббийи М.Қ.Қосимов бор. Ўйинчининг истеъдоди бор бўлса, майдонда ярқираб порлаб тура беради. Мураббийнинг истеъдоди доим яширин бўлади. Хатто ўзи учун ҳам. Ўша камёб нарса сенда бор бўлса, ҳар бир ўйинда ўша қурмағур истеъдод сенда борлигини ўзинг учун ҳам, биров учун ҳам қайта-қайта исботлаб туришинг керак. Қурмағурнинг ривожи учун тўсиқлар керак, тўсиқлар. "Пар ёстиқлар” эмас. Ўзбегим ўғлони учун қўлида кўзгу бўлмоқчи эдим.

Бўлолмадим, шекилли. Футбол билимидан нари, таҳлил нуридан жуда узоқ ожиз Сўзларим "товонга кириб қолган чақир тиканак” каби кўнглига тегиб қолишидан қўрқмоқдаман ҳозир. Ким бўлсам бўлайин, майлига. Фақат "юмшоқ супурги,” ё "пахта” бўлмайин.

 Саҳна безаги......

Телефонда бўлиб ўтган ўша суҳбатда Зафархўжа ёзган мақоламга аламланиб бир ҳусусда эътироз билдирди. Мен ажабланиб қолдим. Ҳаётни ҳам футбол майдонига ўхшатиш мумкинми экан, деб ўйланиб қолдим. Бунда ҳам тактик тизимлар мавжуд бўлса, 1960-йилларнинг тизими билан бугунгиси анча фарқланади. Футболда ҳеч қачон учрамайдиган ҳолни ҳаётда кўряпман, яъни ҳаётда янгисини кўра олмай, "эски ўйин тактик тизимида” ҳалигача қолиб кетяпган Зафархўжани олайлик. Унинг ўзи бундай ҳолатини сезмай қоляптимими, дейман. Янги давр вакили бўлган Зафархўжа қандай қилиб 60-йиллар тизимида фикр юритиб келяпти? У даврда ҳали туғилмаган эди-ку. Мақолада ёзганимдек, Қосимовнинг ўз номи берилган қатор футбол мактабларида уюштирилган очилиш маросимларида қатнашиб келганини танқид қилган эдим. Ёзганим кўпчилик муҳлисларга ҳам ёқмабди экан. Азизларим, бу ахир ўтмушнинг "тактик тизимику.” Нега ўз "ўйинимизни” таҳлил қила олмай қолдик? Бундан 50 йиллар аввал мактабимизнинг пионер дружинасига Турсуной Оҳунова номи берилсин деб "илтимос-ташаббус” билан чиққан эдик. "Сборга” кимдур меҳмон бўлиб келган эди, шекилли. Буларнинг ҳаммасини кимдир юқоридан туриб ташкил этиши ҳаммага кундай аён эди. Сохтакашлик.

Ўтмишда Ҳаёт эмас саҳна ичида яшар эдик, ишлар эдик, ухлар эдик . Еру-кўк саҳна. Бугунги ҳуррам даврда М.Қ.Қосимов бундай тадбирларда қай бир саҳнанинг безаги бўлиб қолганини Зафархўжа тан олмайдими, кўзлари кўрмайдими, ақли етмайдими? Аслида, футболда ҳам саҳналар мавжуд. Лекин ҳакамнинг ҳуштаги чалиниши билан ҳақиқий жанг бошланиб кетади. Ўйин олдидан гўдакларни етаклаб юриш каби саҳнавар кўринишлар бир зумда йўқолиб кетади. Очиқ жанг бошланиб кетади. Юқорида келтирганим тадбирнинг бошидан охиригача ҳаммаси қип-қизил саҳна-ку. Ҳаёт йўқ. Бу йил кўрганларим ичида энг гўзал саҳна ЕЧ-2012нинг ёпилиш маросимида испанларга олтин медалларни топшириш саҳнаси бўлди.

 Ҳарсангтош Арсен Венгр

Фанда ижтимоий хотира, тарихий онг деган тушинчалар бор. 20йил олдин Мустақил бўлган халқлар тариҳан мавжуд бўлган ўз ижтимоий томирига илдиз отиб яшай бошладилар. (Ўз Президентига атаб ўнлаб тилла ҳайкалларни ўрнатган қўшни халқ қадимги худудида яшаб ўтган Парфия шохлигининг давлатчилик тажрибасига илдиз отганми дейман.У пайтда одамлар шоҳни Худо қатори кўришар эди.) Ўтмишда бизнинг давлатчилик маданиятимиз етарли даражада баланд бўлган. Тошкент қай бир йили Ислом маданияти пойтахти деб тан олинган эди. Аксинча, барча ғарб давлатлари Христиан маданияти асосига қурилгандир. Уларнинг ҳаётидан намуналар келтирай. Ғарбда кўплаб шаҳарларга, ибодатҳоналарга Исо пайғамбар шогирдлари ва қариндошларининг номи берилади. Масалан, Россияда авлиё Пётр номига аталган Санкт Питербург шаҳри мавжуд. Таққосланг, бутун дунёда Хазрати Усмон ё Ҳазрати Али номига қўйилган ўнлаб шаҳарларни тасаввур қила оласизми? Даҳшат дейми, йўқ ваҳшат. Уларда бандасига бўлган муносабат шунақа. Масалан, Арсен Венгер ҳар куни ишга келар экан, ўзининг ҳайкали билан гаплашиб ўтади. Бизда буни тасаввур қилиб кўрингчи. Насронийларда авлиёлар ҳайкалига сиғиниб илтижо қилиш бор. Исломда фақат Яратганнинг ўзига илтижо қилиш мумкин. Бандаси хо шоҳ бўлсин хо гадо, унга илтижо қилиб бўлмайди. Қосимов келгусида юртимиз футболи ривожланган давлатлар қаторига киришига ишонадими? Ишонса, келгусида ўзидан кучли ўйинчилар дунёга келишини хохлайдими? Ундай бўлса, уларнинг ҳам номини мактаблар, кўчаларга берамизми? "Одил Аҳмедов” мактаб ўйинчилари "Ислом Аҳмедов”номли мактаб ўйинчиларига қарши майдонга тушадиларми?

 Руҳиятми, руҳоният.

Қосимов номини бирор мақсад йўлида байроқ қилиб юрган тарафкашлари кўп эмас озгина ақл ишлатишса яхши бўлармиди. Қай бир йили "Бунёдкор” клуби меҳрибонлик уйида ҳайр-эҳсон тадбирини ўтказган эди. Бу тадбирда Қосимов раҳбарлигида барча футболчилар қатнашган эди. Жуда чиройли, жуда ибратли, жуда таъсирчан тадбир бўлган эди деяпсизми? Баракалла, офарин, худди шундай бўлган эди. Ёзиб олинган тасмани бир неча бор ТВда кўрсатишди. Азизларим, эҳсон олувчи билан, эҳсон берувчидан бошқа ҳеч ким бу воқеани билиши мумкин эмас-ку. Нега буни ТВ орқали бутун Ўзбекистонга намойиш қилишди. Эҳсонни ҳар ким ҳар куни қилиши керак. Буни ҳеч ким билиши керак эмас. Масаланинг руҳий томони ҳам бор. Эҳсон берувчилар кетгач, ҳар бир етим ота-онасиз ҳолда, на оила,ва на она меҳрини билмай, тарбиячининг "казённий” меҳрига қонмай, хақоратланган ёшлиги билан ёлғиз ўзи қолиб кета беради. Буни тушинган гўдак бир умрга "Бунёдкор”ни эслаб, эзозлаб юриши мумкин. Ёки бошқа натижани кўрамиз. Кунда "меҳрибонлик уйида” эҳсончиларни кўра бериб, ТВ да ўзини кўра бериб, икки кунда баърини унитиб, ўзининг етим аҳволига кўникиб кетган гўдакнинг бетаъсир кўзларини кўришимиз мумкин. Бундай бола келгусида қандай одам бўлади? Қосимов йўқсил қариндошига ё қўшнисига эҳсон қилиб, бу воқеани ТВда юртга намоиш қилмайди-ку. Уларда бор ғурур етимда йўқми?

 Биламан, Зафархўжа ушбу гапларимда "маъзавани” кўради. Шундай экан, буни била туриб, бу хақда нима учун ёзяпман? Нега била туриб қайтадан етимнинг кўнглини бузяпман? Гап бундай.Ўн бешта футболчининг феълини, руҳий ҳолатини назардан қочирмайдиган, ҳар бир футболчининг руҳий кечинмаларини сезиб турадиган, уларнинг руҳиятини керакли йўналишга йўллайдиган мураббий руҳшунос бўладими? Шундай бўлса, мазкур мураббий-руҳшунос, юқорида баён қилганим эҳсон воқеасида деталларни сезиши керак эди-ку. Т.В.ҳодимлари тасвирга олган тасмаларни мурувват уйига совға қилиб кетганларида янада гўзал иш бўлар эди. Яна айтсам, Мураббий ўз руҳониятини доим ўстириб бориши керак. Бу борада майда нарса йирик оқибатларга олиб келади. Касбикомиллик (сиз бу сўзни профессионализм дейсизми) сифатларидан ташқари Мураббийнинг руҳонияти комил бўлмас экан, ишида қоқилиши мумкин. Хусусан, Абрамов худди шунинг учун қоқилди деб ўйлайман. (Руҳият психика бўлса, руҳоният духовность бўлади. Маънавият бошқа нарса. Қиёсланг, духовный отец- руҳоний ота дегани.) Унинг ФИФА жаримасига бўлган сўнги баҳоси ҳам салбий рангда бўлди. Сийқа бўлди. ФИФА бизни ноҳақ жазолабди. Бутун футбол оламида шундай муғомбирлик қилинар эмиш. Вадим Карленович, арманлар ҳам шарқ маданиятига мансуб халқ ҳисобланишади. Қадриятларимиз яқин. Биз мард одамни, яъни бешта асосий ўйинчиси бўлмай майдонга тушиб жанг қиладиган жамоани қадрлаймиз. Муғомбирликни қойил қилган Марчелло Липпини эмас. Ж.Ч.-2006 финалида Зиданга қарши ишлатилган найрангбоз Маттераццининг ҳурмача қилиқларини эсланг. Абрамовга қайтсак, нима эмишки, муғомбирликни эплолмаган футболчилар айбдор эмиш. Йигитлар рақибнинг майкасидан, қўлидан тортиб қолиб сариқ варақа олишлари керак экан. Европага русм бўлган найрангбозлик йигитларимизни жангдан чалғитиши мумкин демади-я.

Мураббийнинг руҳониятидаги майда деталлар ҳам жамоа ўйинига жиддий таъсир ўтказиши мумкин. Шунинг учун ҳар қанча оғир бўлмасин, эҳсон хусусида ёздим. Тағин бошқа бир сабаб бор. Футболнинг улкан шаҳридаги Ҳомийларни "эҳсончиларга” ўхшатаман. Бирор миқдордаги эҳсонларни "етимхонага” ўтказадилару, нари кета берадилар. Бошқа ҳомийлар худди ҳақиқий ота-оналардек жамоаларга меҳр-оқибат кўрсатадилар, тўғри йўлга бошлайдилар. Бизнинг ҳомийларимиз футболимизга нисбатан қандайин бўлмасинлар, бу борада қандайин иш юритмасинлар бутун дунёга расм бўлган футбол юритиш тизимига уларнинг ҳам ўтиш вақти келмадими, дейман. "Етимхоналар” ҳам йўқолармиди, ҳомийлар ҳам керак бўлмасмиди дейман.

 Сўнгги сўз ўрнида.

Рамазоннинг биринчи куни "Тарафкашларни” ёзиб битирган эдим. Рамазоннинг йигирма биринчи тонги ҳам отди. Зафархўжага ёзмоқда бўлганим жавоб хатимни ҳамон ёзиб тугата олмаётибман. Ёзиш қийин бўляпти. Бирон бир Шахс билан саҳифаларда сиртдан мунозара юритиш оғир ва қийин иш бўлар экан. Мавзу футбол бўлсада, ҳаётимизда содир бўлган, бўлаяпган ва содир бўлажак ижтимоий воқеаларга муносабат билдиришга тўғри келяпти. Хақиқатан ФУТБОЛ ижтимоий ҳодисадир. Юртимизда, халқ ҳаётида мавжуд бўлган миллий сифоятда дейсизми, ё иқтисодиётда, ё маънавиятда, ё руҳониятда содир бўлаяпган воқеалар ўз аксини яшил майдонда кўряпти. Юз минглаб ишқибозлар гувоҳлигида ўтяпган жозибадор Футбол ўйинида ҳамма нарса ўз аксини, баҳосини, имлосини, ижросини, имконини топяпти. Ёшлигимда Арутюнов кўригидан ўтолмай, футболчи бўла олмай эзилган эдим. Ҳозир ярим асрдан бери ишқибоз бўлганимдан, ўйинни озгина тушинганимдан, уни кўра олганимдан беҳад ўзимдан мамнунман, ўзимча мағрурман, шодмон масрурман. Ер юзидаги миллионлаб ишқибозлар қаторига туриб,- Кўринг, ҳавас қилинг, гражданиман мен буюк Футболистон салтанатининг, -деб баралла айтгим келади. Шундай экан, Зафаржон, Зафархўжа, Миржалоллар – ҳамма-ҳаммамиз шу Ўлкада яшамоқдамиз. Бир-биримизга кўлка ташламайлик. Футболимиз равнақи йўлида юрайлик. Бу йўлда ҳаммага жой етади. Ҳаммамиз елкадош бўлайлик. Стадионда кўришгунча Омон бўлайлик.

Киритилган сана: 11.10.2012 20:00. Ўкилди: 10585 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:12. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:12. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:09. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:09. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:10. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:10. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:07. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:07. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 14:35. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 14:35. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


BECKTU
Сана: 12.10.2012 10:04. BECKTUга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


BECKTU
Сана: 12.10.2012 10:04. BECKTUга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


BECKTU
Сана: 12.10.2012 10:03. BECKTUга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.