Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Ҳамдард одам жавоблари

Баҳо:
+0; -0

Сайтдан фойдаланувчилар менга саволлар йўллашибди. Уларни ман шахсан танимайман. Сиртдан улар менга таниш инсонлардир. Улар футболимизга жонкуяр одамлардир. Бу жонкуярлик маҳражида ватанпарварлик ётибди. Суратида футболга ишқибозлик. Ман жону-дилим билан ватандошларимни қизиқтирган ҳар бир саволга жавоб ёзмоқдаман.

1. Анвар, 35 ёш. Айтингчи Ҳасанали ота, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2020 мусобақасига боришига сиз ишонасизми?
Анваржон, ўйлаб кўринг, 4 яримта ўриннинг биттаси банд. Бу мусобақа мезбони Қатар термаси. Шуни айтингчи, биз Осиёнинг энг кучли 4та жамоасидан бири ҳисобланамизми? Йўқ. Биз бу гал кейинги босқичга чиқишимиз ҳам жуда мушкул иш. Саудияликлар таркиб бўйича ҳам, ўйин бўйича ҳам, мураббий маҳорати бўйича ҳам биздан бир калла юқори жамоа. У қолган барча ўйинларни ютади. Бизни ҳам. Саволнинг томирини очиб кўрайлик. Ҳар гал ЖЧ саралаши келганида термани ўйлаймиз. Бошқа пайт терма аҳволи билан ишимиз бўлмайди. ОК ўйинларини кўрмаймиз ҳам. Шундай бўлса-да, термага катта талаблар қўямиз. Катта тўйга боришни истаймиз. Тўй дунёга довруғи кетган энг катта зодагонларники. Тўйга тўёна билан бориш керак. Ҳамёнингда бир миринг йўқку. Яғир гуппи чопон кийиб корчалонлар сафида масхара бўлмайсанми, дейдиган одам йўқ. Футболимиз савиясини кўриб турибсизми? Бу йилги чемпионатимиз масхара бўлдику. 10 пуд келадигон полвонимиз 4 пуд келадиганлар билан яшил гиламда бир мавсум “курашиб” берди. Мавсум сўнгида ошкора “савдогарчиликни” ҳамма кўрди. Ҳамма жим. Бу “яғир чопон” эмасми? Тўйга борсак бўлганими? Бўйимизга қараб тўн бичсак, бўлмайдими? Тўн бичишни, камтарин бўлса-да, янги одми тўн кийишни истамаймиз. Ўзбекчилик, тўйга боришни, аслзодалар тўйига боришни хоҳлаймиз. Баҳрайн яқинда Форс кўрфази ғолиби бўлди. Марказий Осиё чемпионатини ҳалигача ўтказмаймиз. Буюк Турон турнирини ташкил қилсак бўлмайдими? Араб миллатлар кубоги мусобақаси борку? ЖЧдан пасини назарга илмаймиз. Футболимизни Осиё грандлари даражасига чиқаришни ўйламаймиз. Лекин Мундиални бизга беринг экан-да.

Менинг ишончимга келсак. Мен ЖЧга чиқишимизга ишонмайман. Лекин бу босқичдан ўтсак, бу гал ЖЧга боришимиз мумкин бўлади. Европада 2004-йил Отто-ота бошчилигида Греция мўжизасини кўрган эдик. Вадим-акамиз ҳам мўъжиза кўрсата олади. Бунинг учун раҳбариятимиз ўз муносабатини ўзгартириши керак. Ҳозир у олдин келиб-кетганлар ишини қилмоқда. Юкни Абрамов елкасига ташлаб, ўзлари четга чиқиб туришибди. Олдинги раҳбарият Куперга нисбатан шу ишни қилган эди.

2. Маъмур, 29 ёш. Самвел Бабаяннинг ўзбек футболига қайтишини қандай изоҳлайсиз? Унинг Хитойдаги фаолиятидан нима кутасиз?
Рўзман воқеасидан кейин Бабаян номи товонга кирган чақир тиканакдай қийнаган ичимдаги ғашлик сабабчиси эди. Ўшанда унинг кимлиги ҳаммага аён бўлди-ю, олдинга қараб ёқимсиз юриши давом эта берди. Сергеев трансфери воқеасидан кейин Самвел нокаутга учради. Футболимиздан бадарға қилинди. Товондаги тиканакдан қутулдим, шекилли, дедим ўзимга ўзим. Йўқ, Самвел Болтиқ бўйидан кучга тўлиб қайтди. Чамамда, ўзи Умидга нокаут зарбасини бериб, уни эгардан ағдартириб ташлади. “Локомотив”га бош бўлиб олди. Бабаян “сарой қилмишлари” бўйича кучли бастакор ҳисобланади, чамамда. Ихтисоси шундай, мутахассислигини билмайман. Аниқ гап шуки, у мураббий эмас. У ҳаётида биронта футбол асарини (ўйинни) ярата олмаган. Унинг бошчилигида “Локомотив” умуман рангсиз ўйин кўрсатди. У яшил майдонда ўйин ярата олмаса-да, майдон атрофида “ўйин” яратишнинг устаси фаранг ҳисобланади. Ва доим бу “ўйинларда” ғолиб келади. Ҳатто Алишер Азизхўжаев мулкига яшириниб ҳамла қилган эди. Эшитганим бор. “Пахтакор”нинг молиявий танг аҳволида ҳам клубни стабил ушлаб тургани эсингиздами? Терма ўйинига ҳеч нарса беролмаса-да, яхши кўрсаткичларга эришган эди. “Пахтакор”даги ҳукмронлиги ҳеч тугамас эди, гўё. Ундан нимани кутаман? У Тажмурод эмас. Агамуродов бутун мураббийлар штаби билан Россияга юриш қилиб нимага эришганини биласиз. Самвел Хитойдаям бўш келмайди. У ерда ҳам “сарой” топилади. У ерда ҳам, "ўйин" кўрсатади.

Куни кеча унинг ҳаётида бир янги кўриниш пайдо бўлди. Янги саҳна. У Хитойга кетиши олдидан “Футбол экспресс”да уч бетлик хос суҳбат бостириб чиқарибди. “Пахтакор”у термада ҳукмронлик қилган пайтида журналистни ёнига йўлатмас Бабаян шуми? Унга журналист керак бўлиб қолибди. Нега? Ижтимоий тармоқда яқинда бўлиб ўтган “Жаҳонгир” воқеаси сўнгида ўзининг “яхши” баҳосини олган эди журналистикамиз. У бизнинг “ўйинчимизга” қандай хизмат қилар экан? Хитойда ёпинадиган “либосини” ўйлаяпган одамга бунинг нима кераги бор экан? Хитойдаги “ўйинини” бошлаб юбордими? Ёки унинг “ўйинчилиги” бугунги раҳбариятга керак бўлмай қолдими? Шундан аламзадами? Ундан нимани кутишим мумкин? Штабига кимларни олганини кўриб энсам қотди. Қосимов доим мураббийлардан яхши таркиб тузади. Ўзи унга яхши капитан бўлади доим. Бабаян-чи? Бабаян кимлар билан ишлайди? Барибир у ташкилий ишларни яхшилаб бажариб, кўзга кўринмас, пичоққа илинмас ўйин кўрсатса-да, ўзига гап теккизмайди.

Демак, Бабаяндан нимани кутишим мумкин? Бабаян ҳеч қачон қуламаган, қуламайди ҳам. Хитойдан шон билан қайтгач, “саройда” навбатдаги тўнтаришни қилмоқчи бўлар, балким. Ундан бундан баттарини ҳам кутишим мумкин.

3. Нигора. Бўстонлиқ. Аёллар футболига муносабатингиз? Биздан ҳам ЖЧга борадиган аёллар термаси чиқиши мумкинми?
Аёллар футболига салбий муносабатдаман. Кўмир конида шахтага тушиб аёллар ишламайди-ку? Футбол энг оғир спорт тури ҳисобланади. Жанговор спортда, масалан, рингда одам ўлмаган. Яшил майдонда футболчининг юраги тўхтаб қолиб неча марта ўлим ҳодисаси рўй берган. Назаримда, аёллар профессионал футболчи бўлмай, улар учун ҳаваскорлар футболини ташкил қилишимиз керак. Чемпионатлар эмас, футбол фестиваллари ташкил қилиниши керак.

4. Миробид. 48 ёш. Вадим Абрамовнинг бош мураббий бўлиб қайтганига муносабатингиз ва, сизнингча, у қаерда хато қиляпти?
Муносабатим жуда мураккаб. Фаластинда олган мағлубиятимиздан кейин сайтларда туни билан, куни билан ҳали ишлаб турган Купер устидан “кимни лойиқ кўрасиз?” деб, сўровномалар ўтказишди. Бошқа воқеани эслайлик. Абрамов хато қилишини кутиб ўтиришган эди шекилли. Форсларга қарши баҳсда бутун ўйин давомида бостирма ҳужум қилиб (навал уюштириб), охирида гол ўтказиб юборганимиздан кейин, эртасига эрталаб Абрамовни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ чиққан эди. Қосимов ҳали жамоани қабул қилмай туриб, йигитларга танитиш ўтказилмай туриб, эртасига кечқурун “Футбол шарҳи” кўрсатувида уни янги бош мураббий сифатида юртга таништиришди. Эктор Куперга нисбатан ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берди. Шошилинч ва ноилождан Абрамов бош мураббий этиб тайинлангани бор гап. Абрамов содда ва кўнгли очиқ одам. Эрта-индин футболдан жуда узоқ амалдор одам бир-нимасини ёқтирмай қолса, Абрамовни ҳамма нарсада айбдор топиб ишдан бўшатиб юбориши тайин гап-ку. Мураббий ишини ҳеч ким қадрламайди. Вадим қанча вақт ишсиз юрди. Ватанпарварлик қилиб вақтинча термага бош мураббийлик қилмоқда ҳозир. У шуҳратпараст одам эмас-ку. Доимий ишлаш учун бош мураббийни ҳеч ким қидирмаяпти. Абрамов бор, нима ташвишимиз бор дейишади. Натижада клубдаги иши ё термадаги иши чиллаки бўлиб қолади. Балким иккаласи ҳам ўлда-жўлда бўлиб қолади. Раҳбарият учун терма жамоа қадр-қиммати шунчалар паст эканки, терма жамоани асосий ишдан ташқари ҳолатда бошқариш мумкин бўлса. Абрамовнинг бошида бир марта калтак сингани камлик қилибдими? Битта тасодифий хато ё қалтис бир вазият туфайли термадан ҳайдалиши мумкин. Кейин клубдан ҳам ҳайдашади. Худо кўрсатмасин.

5. Шерали, 24 ёш. Мени доим бир савол ўйлантириб келади. Месси ва Роналдулардан бирини танлаш ҳуқуқи сизга берилса, қайси бирини танлаган бўлардингиз?
Шомуродовни танлаган бўлардим. Жавобимдаги маънони тушунгандирсиз. Европа футболини кошона қасрларга ўхшатсам, ўз футболимизни пахса девор билан ўралган ҳовлимга ўхшатаман. Футболдаги кулбам ҳам шунга яраша. Ўз ҳовлимни парваришлаб бир нима қилганимдан кейин кошона қасрлар ҳаёти билан қизиқсам, ярашади. Муайян саволингизга жавоб берадиган бўлсам, Мессини танлаган бўлардим. Месси жамоа ўйинига ўз ўйинини бўйсиндиради. Эътиборини вазиятга қаратади, ўз ўйинига эмас. Роналду аксинча.

6. Қосимжон, 29 ёш. Бу йилги “Манчестер Сити”нинг омадсиз ўйинини қандай изоҳлаган бўлардингиз? Гвардиола ва Клоппнинг фарқларини тушунтириб бера оласизми?
Футбол жуда катта билимдонликни талаб қилади. Масалан, хоккейда бир ғоя асосида ўйин яратасиз, ўн йил давомида унинг самарасини кўрасиз. Футболда ўйин бир йилда эскиради. “Ман Сити” ўйини бултур эскирган эди. Гвардиоланинг зўри билан олдинги мавсумдаям, эскирган ўйин билан чемпион бўлишди. Бу йил зўрлик ўтмаяпти. Клопп бу йилги ўйинни уч йилда яратган. Бошқа пайт Гвардиола яратган ўйинни атай таҳлил қилиб чиқармиз. У бунга арзийди. Чунки Абрамов шу ўйиндан андоза олмоқда. Шунинг учун грандларнинг ўйини биз учун жуда муҳим. Пеп билан Юрген фарқларини гапириш учун маълумотим жуда кам. Уларни кўрмаганман, уларни танимайман. Бусиз кимса ҳақида гапириш мушкул иш. Гапларим сафсата бўлиб қолади. Бундай гаплар ёқса, “Офсайд”ни томоша қилинг. Мени Улуғбек билан Вадимнинг фарқи кўпроқ қизиқтиради. Уларни кўрганман. Улар билан гаплашганман.

7. Азиз, 43 ёш. Бир пайтлар Лондоннинг “Арсенал” жамоасининг инқирози Арсен Венгерга боғлиқ эмас деб айтган жавобингизни ўқигандим. Афтидан сиз ҳақ бўлиб чиққан кўринасиз. Айни пайтда бу жамоани қандай қилиб кучайтириш мумкин?
Азизхон, демак Сиз менинг эски, камида уч йиллик қадрдоним экансиз-да. Хурсандман. Сиз билан бир кун стадионда учрашиш насиб қилсин. Ҳозир клубларимизни хусусийлаштириш ҳақида кўп гапиришмоқда. Бундай қилсак, фақат клуб эмас, футбол ҳам кимнингдир хусусий мулки бўлиб қолади-ку, демаяпти ҳеч ким. Ўша мулкдор истаса, клубни сотиб пулига қайсидир океандаги қайсидир оролни сотиб олиши мумкин бўлади. Янги эгаси даромад топиш учун харидор топса, қимматроққа яна сотиб юбориши мумкин бўлади. Футболчилар-у мураббийлари билан бирга клубни сотиб юборади. Саволингизга келсак, “Арсенал”нинг аҳволига унинг эгаси сабабчидир. Венгер, эсласангиз, Фабрегас ўйинини етилтириб берди. Унинг ўйини порлаб кетди. Кейин уни нима сабабдандир “Барса”га сотиб юборишган эди.

8. Мурод, 33 ёш. Ҳасанали-отага саволим ўзбек футболи ҳақида. Пойтахт клубларида фаолият юритаётган мураббийлардан ташқари қайси вилоятда ишлаётган ўзимизнинг мураббийларни кучлироқ деб ҳисоблайсиз ва нима учун?
Муроджон, саволларни санаб чиқсам, фақат уч-тўрт киши ўз футболимиз билан қизиқар экан. Даврон Файзиевга минг раҳмат. Еврофутболни жуда яхши таҳлил қилади. Зидан, ё Клопп ҳақида жуда кўп маълумот топишимиз мумкин. Сара журналистларимиз еврофутбол тарғиботи билан банд. Хайрулла Ҳамидов ҳам ўз футболимизни ташлаб еврофутбол тарғиботига ўтиб кетди. Етмаганига бутун рус сайтлари-ю, ТВси ҳам бу тарғиботга қўшилиб туришибди. Ўз футболимиз мураббийлари ҳақида маълумотни ким манга етказади? Қўлимдан келганида Рўзиқул Бердиев ҳақида бир очерк ёзиб берган бўлардим. Бахтиёр Ашурматовнинг ижодий портретини яратган бўлардим. Алиқуловнинг ҳам потенциали баланд. Мен эса сиз каби оддий бир футбол ишқибозиман. Бу иш қўлимдан келса-да, вақтим етмайди. Шу ёшимда ҳам тирикчилик ташвишидан ортмайман. Замонамиз шунақа. Ким кучли деган саволга келсак. Бултурги Кубок финалини эсланг. “Пахтакор”даги шароитни Ашурматовга яратиб берайлик-да, кейин Шота кучлими ё Бахтиёр кучлими деган саволга жавоб қидирайлик.

9. Жаҳонгир 31ёш. “Ливерпуль” жамоасининг муваффақиятини фақат мураббий омили билан боғлайсизми ёки футболчиларнинг ҳам хизмати борми?
Жаҳонгир, картадан Ливерпулни топа олмадим ҳам. Картамда кичкина нуқта бўлса керак. Бекобод ҳақида сўранг. У ерда икки марта бўлганман. Бир марта Сир бўйида эҳсон ошини еб келдик. Иккинчи гал стадионда футбол кўрганман. Шунинг учун Андреев ҳақида бир нима дейишим ўринли бўлади. Узрепортдаги гапларга қўшилсам, манимча мен ҳам лўттибозлик қилган бўламан. Стадионга бориб футболни жонли кўрмай туриб бир фикр билдиришим мумкинми? Қозиравотга бориб Вадим Шотани ҳар томонлама ютган ўйинини кўрдим (3:2). Бу ўйин бир жанг бўлдики, унинг такрори бўлмайди. Уйга келиб ўйинни ТВ орқали кўрсам, бошқа нарсани кўрдим. Бу футбол эмас эди. Аввало операторларимизга “раҳмат”. Кейин айтсам, саккизта катакни кўриб шаҳмат ҳақида фикр билдириб бўладими? Йўқ. Футболда эса мумкин экан. Бир умр стадионга келмай ТВда футбол кўриб гап сўқийдиганларни тушунмайман. Бундайлар борган сари кўпайиб кетмоқда. Бу бийронларни бирон марта стадионда кўрмайсиз.

Саволингизга жавоб бериш учун мен ҳам “бийронларга” қўшиламан. Майдондаги ўйиннинг муаллифи Бош мураббий бўлади. Ўйин вазиятлардан ташкил топади. Майдонда бўлиб ўтган барча вазиятларнинг муаллифи бутун жамоа бўлади. Футболчи мураббий яратган сценарийга “ассистентлик” қилади. Захирада ўтирганлар ҳам, стадионда ҳайқириб ўтирганлар ҳам майдондаги воқеаларга таъсир ўтказа олишади. “Барса” ўйинларининг 50 фоизга муаллифи Месси бўлади. “Ливерпуль” ўйинида юз фоиз муаллифлик Клоппга тегишли. У футболчилардан бир бутун ансамбль ярата олди. “Ман Сити”нинг бугунги орқага қайтишига ҳам, ўйиннинг қолипланиб қолишига ҳам Гвардиола сабабчи. Футболчи шахмат донаси эмас. Жаҳон юлдузининг ўйинга таъсири катта бўлади. “МЮ”дан кетган Роналдунинг “Реал”даги ўйини чарақлай олмаётган эди. Унинг очилиши учун жамоани Игуаин, Ди Мария каби юлдузлардан “ягоналаб”, Роналдуга мос ансамбль яратиш керак бўлди. Карло-ота шу ишни қилди. Бугунги кунда Роналдусиз кучли ансамбль яратиш машаққати давом этмоқда. Ўйинчилар билан бош мураббий бир бутун, бир фикр, якдил бўлиши керак. Европада ушбу шароитни биринчи галда яратишади. Гвардиола “Бавария” ўйинчиларига тушунарлироқ бўлиши учун олмон тилини ўрганган экан.

Бизда-чи? Аксар мураббийларимиз иккита чала тилда, қашшоқ ўзбек ва маймоқ ўрис тилисида бир нима тушунтирмоқчи бўлишади. Қашшоқ тилини “связка слов”лар билан бойитишади. Футболчи майдон четида туриб ж...б деб сўкиниб бақириб турган мураббий билан якдил бўла оладими?.. Бизнинг футбол кулбамиз шу аҳволда. Эсиз ва афсус.             

Азизларим, саволларингиз учун раҳмат. Сиз билан сиртдан дийдорлашиб, тиллашиб, диллашиб олдим. Сизлар билан юз кўришиш насиб этсин. Мен учун жуда муҳим саналган мавзу ҳақида, ўз футболимиз равнақи ҳақида уч-тўртта савол берилибди. Уларга эртага алоҳида батафсил жавоб беришга ҳаракат қиламан.

11.12.2019. Ҳасанали-отангиз ёздим.

Киритилган сана: 13.12.2019 22:13. Ўкилди: 4872 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.