Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Чўзилиб кетган йил боши гаплар

Баҳо:
+0; -0

Янги йил саноғи бошланганига бир ой бўлиб қолди. Бу йил қандай ўтади? Қандай натижаларга эришамиз. Клубларимиз бу йил ОЧЛ мусобақаларида Осиё даражасида ўйин кўрсата оладиларми? Ниҳоят бу йил бизда келишувларга айбдор кимсалар жиноий жавобгарликка тортилишадими? Бутун дунёда келишувчилар ошкор қилинади ва жазоланади. Фақат бизда эмас. Ёки келишувлар йўқлигигаям, борлигигаям бефарқ ҳолда, уларни назарга илмай, пинакни бузмай юра берамизми? Биламан, афсусдаман чемпионатимиз бу йил ҳам олдинги тарзда ўзгаришсиз ўтади. Кучлилар (пулдорлар) олдиндан маълум. Аутсайдерлар ҳам маълум. Мавсум сўнгида ким қандай жой эгаллашини олдиндан ҳамма билади. Ҳозир эса йил бошида турибман. Яхшиликка, янгиликка, янгиланишга умидвор туриб, Сизга, Мираброр ака, тилакларимни ёзиб юбормоқдаман.

Сизга сиҳат-саломатлик тилайман. Болаларингиз ва яқинларингиз роҳатини кўриб юринг. Яхшилик қилишда фаол, бардавом бўлиб узоқ умр кўринг. Яхшилик яратувчи аброр одамсиз. Буюк ШОИР аждодим ҳинд ерида шоҳ бўлсалар-да, яхшиликка зор ўтиб кетдилар. Сиз яхшиликка муҳтож бўлмай яшанг. Ҳеч кимни яхшиликка зор қолдирманг. Доим бор бўлинг. Кўп яшанг. Хўп яшанг. Хатимни давом эттираман.
 
1. Биринчи ўринга стратегияни қўйган, стратегик мақсадга ҳамма нарсани бўй синдирган Бош Қўмондон Урушнинг бошланиш кунини белгилашда хатога йўл қўйган эди. Буюк стратег кейинчалик Ельня олдида ҳам, Москва остонасида ҳам, Сталинград кўчаларида ҳам стратегияни тўғри белгилаб, қўнғиз мўйлов душманини, исқирт ваҳшийни янчиб ташлаган эди.

Футбол ҳам жанг майдони, жанговар ҳаракатлар майдонидир. Футбол мақсадга интилганлар (гол “мақсад” деб таржима қилинади), гол уришга интилганлар, рақибни енгишга интилганлар майдонидир. Футболда ҳам, албатта, стратегия муҳим. Унга ҳамма нарсани бўйсиндириш керак. Ҳар бир тўқнашувда ўйин стратегияси бўлиши керак, ҳар бир жамоанинг мавсумий стратегияси ўзига маълум бўлиши керак. Ҳар бир клубнинг бир неча йилга мўлжалланган тараққиёт стратегияси бўлиши керак. Клуб юртимизнинг катта футбол ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ўз олдига стратегик мақсадларни қўя олади. Клубларимизнинг эртанги куни юртимиз футболига, чемпионатимиз савиясига боғлиқ экан, футболимизни ким қандай стратегик режага таяниб бошқармоқда? ЎФФ ўз олдига қандай стратегик режа қўйган? ТЖМ миллий терма жамоамизни қандай стратегик режа асосида бошқармоқда?

2. Мираброр ака, агар мабодо, хатимни ўқиётган бўлсангиз, шу ерга келиб муаллиф ошиб кетди, ўтлаб кетди дерсиз. Ўйин тактикаси деб кўп эшитамиз. Ўйин стратегиясини эшитмаймиз. Мавсум стратегияси, клуб стратегияси, ТЖМнинг иш стратегияси: каби чалкаш сўзларни бу қария нима учун ёзмоқда, деган савол Сизда пайдо бўлиши ўринли. Футбол амалдорларимиз умуман бизни ўқишмайди. Ўқисин деб уларга берсангиз, турли хил жавоб топилади. Бу қария олдингизда ўзини кўрсатмоқда, Сиздан бирор манфаати бор деб, тушунтирувчилар ҳам топилади. “Бу қария архитектор бўлса, тошини ё ғиштини терса бўлмайдими, раҳбарлик ишига аралашмасдан. Футбол соҳасида нимани биларди, нимани тушунарди қариб қуюлмаган чол. Ишқибозман, қаламим бор деб, ҳамма нарсага бурнини тиқа берадими?”, - дегувчилар ҳам бор. Сайтларда хатимнинг электрон вариантини қайсидир ижодим мухлиси ўқимоқда. Ёзганларимни кутиб турадиган менга нотаниш қадрдонларим ўқишмоқда. Улар учун ҳам, фикрим изҳори ожиз бўлганидан сўзларим тушунарсиз бўлмоқдадир, балким. Шунинг учун батафсилроқ тушунтираман.

А) Ҳар бир ўйиннинг стратегияси бўлиши керак, деган эътирофимни Сиз, азизларим, тўғри қабул қилинг. Шубҳасиз, ҳар бир ўйиннинг ўз стратегияси бўлиши керак. Лушчан бугунги ёш йигитларни, улар ижросидаги янги ўйинни улар билан академияда ишлаётганидаёқ тайёрлашни бошлаган эди. Ҳозир асосий таркиб билан ўша ўйин ғоясини вояга етказмоқда. Бултур “Бунёдкор” ОЧЛ гуруҳ ўйинларига чиқиш учун Амирликнинг “Аш-Шабоб” жамоасини, Азиз Ҳайдаров жамоасини енгиб ўтган тўқнашувини эслайман. Мавсум бошида етук ўйинни кўрсатган эди. Мавсум давомида бу ўйин тасвирини кучайтира олмаганидан афсусдаман.

Гвардиолага келсак, у ҳам марҳум Тито Виланова билан биргаликда янги ўйинни бир неча йил давомида ёшлар ижросида тайёрлаган эди. Райкард ўрнига бош мураббий бўлгач, тайёр пишиб етилган ўйин либосини асосий таркибга кийдирди қўйди. “Бавария”га борганида, Хайнкесс яратган тайёр ўйин бор эди. Ўйинга янгилик кирита олмади. Даражани ушлаб турди. Бундай ишни ўзига эп билмай, АПЛга ўтиб кетди. Ҳозир “Сити”да бир икки йил давомида зимдан янги ўйинни яратишга имкони бормикан, билмадим. Моуриньога ўхшаб тайёр ўйинни олиб, унга бир икки жило бериб кучайтиришни хоҳламайди, бу ишни билмайди ҳам. Моуриньо “Челси”га биринчи гал келишида Раньери яратган тайёр ўйин бор эди. Жозе уни кучайтирди. “МЮ”га келганида голланд Луи Ван Гал яратган ўйин бор эди. Ўшани кучли ўйинчилар билан кучайтирмоқда. “Реал”га борганида кучли ўйин йўқ эди. Қанча кучли ўйинчиларни йиғмасин улар билан ҳеч нарса қила олмади. Анчелотти “Реал”га ўтгач Жозе йиғиб келган юлдузларни саралаб ташлаб, бир нима қила олди.

Бу гапларимдан маълум бўлмоқда-ки, ҳар бир мураббий жамоа ҳолати-ю, ўзининг имкон-у маҳоратидан келиб чиққан холда стратегик режани ишлаб чиқади. Ҳар бир жамоани бошқарар экан, ҳар бир ўйинда ишни умумий, асосий режани бажаришга қаратади. Майдонда футболчилар фойдали ишлашади.
 
3. Ҳар бир мураббий жамоа олдига ўйин борасида турлича режа ишлаб чиқишини кўрайлик. Турли клублардан мисол келтираман. Пеп Гвардиола “Сити”да янги ўйин яратишни хохламоқда. Фақат мошинани тўхтатмасдан юриб турган ҳолида таъмир ишларини бажаришга тўғри келмоқда. У “Барса”да яратган ўйин услубини жамоага сингдира олмаяпти. Тўпни рақиб олиб қўйгач, бутун жамоа ҳимоячига айланиб кетар эди “Барса”да. “Сити”да кўплашиб тўпни олиб қўйиш паст даражада. “Эвертон”нинг 18 яшар ҳужумчиси Пол Дэвис урган 3-голини эсланг. Шунча ҳимоячи биргаликда синхрон ҳаракат қила олмагани учун Девис зарбдор вазиятга чиқа олган эди. “Барса”да ҳар бир ўйинчи бундай вазиятда қандай ҳаракат қилиши кераклигини яхши билар эди. Яҳё Туре рақибнинг ҳужуми бошланишида вазиятни бой бериб қўйди. Ҳайитдан кейин сурмани бир жойига сургани каби кечикиб узала ташлагани ўхшамади. Гол бўлди. Шарманда бўлди.

Шундан келиб чиқиб айтсак, ўйинда эришмоқчи бўлган услубни жамоага сингдириш мақсадга мувофиқ бўлади. Буни ўйин стратегияси дейман. Ўйиндан мақсад рақибни ютиш дейдиганлар саёз ўйлашади. “Локомотив”да Мирко Еличич юта олмаган ўйинларида ҳам стратегик мақсадига интилган эди ўтган йилги мавсумда. “Бунёдкор” йиллар ўша ўйинларда бир стратегик режани амалга тадбиқ қилмоқда. “Сити”га келсак, кўплашиб ҳужум қилиш эмас, кўплашиб тўпни олиб қўйиш даражасини ошириш “Эвертон”га қарши ўйинда Пеп Гвардиола учун ўз олдига қўйган стратегик мақсад бўлиши мумкин эди. Бўлмади. Омманинг босими остида қолган Гвардиола стратегияни ўйлашга, ютишдан бошқа нарсани ўйлашга имкон тополмаётибди. Натижада режа ҳам, ўйин ҳам барбод бўлмоқда.

Мирко Еличич мавсум тугамасдан олдин жамоага бош бўлди. Кейинги йил ўйинларини олдиндан тайёрлади. Клопп ҳам “Ливерпуль”га мавсум ўртасида келиб келаси мавсум ишларига олдиндан тайёргарлик кўрди. Гвардиола нима учун олдиндан клубга ўтиш қарорини қабул қилди-ю, жамога ярим йилдан кейин келди? Пеллегрини ишлаяпган ўз жамоасидан кетишини билгач, ҳар қандай мураббий қатори ярим йил жамоа билан биргаликда вақт чўзишга мажбур бўлмайдими? Ё пашша қўриқлаши керакмиди? Футболда ишни бошлаш санаси ҳам муҳим, ҳам мавҳум бўлиши керак. Пеп ярим йил олдин “Сити”га мен келмоқдаман”, деб оламга жар солиши нимаси? Айтмоқчиманки, режани ишлаб чиқишда ва уни амалга оширишда ҳамма нарса муҳимдир. Майда нарса футболда бўлмайди.

4. Ҳар бир ўйин режуссурасини умумий стратегик режага бўй синдириш кераклигини кўриб чиқдик. Менга қўшилмаганлар ўз фикрида қолсин. Иккинчи масалани кўриб чиқайлик.

В) Жамоа учун мавсум стратегияси ҳам сафсата гап эмас. “Локомотив” учун бу йил чемпион бўлиш стратегик режа бўлиши мумкинми? Йўқ. Чемпионлик, жўнгина айтганда, мақсад бўлиши мумкин. Худо хоҳласа бўлади. Хоҳламаса йўқ. Бу мақсадни ўз олдига бу йил 4та жамоа қўймоқда. Бу яхши ҳолат. Кимдир, албатта, чемпион бўлади. Кимдир бўлолмайди. Бизда 6та жамоамиз бирон бир стратегик режа асосида ишлай олади, дейишим мумкин. Бошқаларнинг стратегик режалари йўқ. Ярим йил ўтгач, жамоанинг на бош мураббийидан, на асосий таркибидан ном-нишон қолмаса, қандай стратегия ҳақида гапириш мумкин. Жамоалар ёппасига ҳар ярим йилда ўзгариб кетмоқда. Вольков ҳам, Кумиков ҳам, қолганлари ҳам, мусобақа жадвалида ўзига мос жойни, келишволиб бўлса-да, эгалласа бўлгани. Шу билан раҳбарлар мамнун бўлишади. Кейинги йили нима бщлади? Кейинги йили Худо пошшо. Улар ўз олдиларига икки уч йилга мўлжалланган стратегик режа қўя олишмайди. Мавсум яхши ўтса бўлгани.

Мен ишқибоз ҳолимга Еличичнинг бу йилги стратегик режасини билолмайман. Бир неча йилга мўлжалланган бирон бир режа асосида ишлай олиш ё олмаслигини ўзи ҳам билмаса керак. Раҳбарият ҳар қандай мураббийни товон тўламасдан ишдан олиб ташлаши мумкин бизда. Бундай шароитда, мен Мирко ўрнида бўлсам, ҳозир авж олган келди-кеттилардан қатьий назар бу йилги мавсумда қандай стратегик режани амалга оширган бўлар эдим? Бултур Мирко жамоа ўйинига жанговар руҳиятни сингдира олди. Сўнги сонияларгача кураш олиб боришни эплашди. Кўпчилик иргаликда синхрон ҳаракат қилиб тўпни рақибдан олиб қўйишни ўрганишди. Тўпсиз қандай ҳаракат қилиш кераклигини майдонда Жепаров шерикларига ўргатиб қўйди (энди Сервер “Истиқлол”нинг жамоа ўйинига, мураббий ғоясига мос тушса, форсларга бир нимани ўргатмоқчи, шекилли). Кўпчилик қатнашиб, биргаликда синхрон ҳаракат қилиб, ҳужум тезлигини борган сари ошира бориб гол уришни бу йилги стратегик мақсад деб Мирко ўз олдига қўярмикан? Майда гап ҳужумлар, майда оширма ҳужумлар иш бермайди. Ҳужумда тезликнинг сусайиши, тўпни ҳаракатсиз шеригига узатилиши ёмон аломат.

Мавсумий стратегик режани тушунтириб бераман деб, “Локомотив” мисолини давом эттираман. Демак, ўйинда мослама ҳужум бўлсин, майли, фақат тезкор бўлсин. Майдон марказида бўлсин. Рақиб жарима майдонида эмас. Руслар “позиционная атака” дейишадими бундай ҳужумни. Узатмалар тезлигини, кучини ва сонини ошириш керак. Бунинг учун бир неча хил гол моделларини яратиб қўйиш керак. Мана шундай ўйинга эришиб, ОЧЛ мусобақасида камида 8та жангда қатнашиб синовдан ўтишни жамоа олдига қўйилган стратегик мақсад деб билардим. У ўйинчини сотиб олиш, бу ўйинчини сотиб юбориш масаласи билан вақтни ўтказган жамоа стратегиянинг барбод қилади. Ҳозир эмас, йил бўйи ҳамма фақат шуларга эътиборни қаратмоқда. Ҳар ярим йилда жамоани янгиламоқда. Таркибни созлаш ҳам стратегик режа асосида бўлиши керак. Мақсадга йўналган, мақсадга элтувчи восита бўлиши керак.

5. С) ТЖМ ишига келсак. ТЖМ фаолиятини бирон бир ўйин стратегиясига бўй синдириш масаласига гапни қаратайлик. Мираброр ака, терма олдида Мундиалга чиқишдан бошқа қандай мақсад бўлиши мумкин дерсиз. Терма жамоада бу йил биргина шу мақсад бўлиши мумкин, дерсиз. Эътирозим бор. Масалан, дель Боске ЖЧ-2010да Испания клублари даражасида ўйин кўрсатиб термани жаҳон чемпиони қилди. Гранд жамоаларнинг ўйин ютуғини такрорлади. Иоахим Лёв 2014-йилги Мундиалда Олмония ички футболида синаб кўрилмаган, ҳамма учун янгилик бўлган нарсани термада кўрсатиб чемпион бўлди. Бу ўйин ғояси барча учун дастак бўлиши мумкин. Бу қандай ғоя экан, дейсизми? Жамоа ҳужум қилар пайтда ўйин тезлигини бирдан ошириб, барча ҳужумчига айланиб кетади. Рақиб қаердан хатар келганини билмай қолади. Конте шу ғояни “Челси”да бу йил қўлламоқда. Ўз термамизга келсак, бизнинг термамиз кучли клубларимиз ўйин даражасини, услубини такрорлаши керак эмас. Уларнинг ўйини жуда бўш. Миллий термамиз клубларимиз учун намуна бўла оладиган ўйинни, легионерларимиз ижросида янги ўйин услубини, янги ўйин ғоясини кўрсатиб бериши керак.

Бундай ўйин даражасига чиқиш учун бир йил, бир мусобақа камлик қилади (Иоахим Лёв собиқ бош мураббий Клинсман олдида, янги ўйин ғоясини ўйлаб қўйиб, термага ўзи бош мураббий бўлгач, икки мундиал давомида бунга интилиб Бразилия жангларида эришди. Масалан, Гётце шундай ўйинда муҳим ижрочига айланди. “Бавария”га келиб бошқача ўйин ғояси учун ҳеч ким бўлмай қолди. Унинг ЖЧ-2014 финалида урган голи эсингиздами?) Неча бор ЖЧ саралаш мусобақаларида қатнашмоқдамиз, йиллар ўтмоқда. Мундиаллар ўтиб боргани сари ўйинимизда ҳеч қандай ўзгаришни, ўсишни кўрмаяпман. ОК-2011 мусобақаси бизга Абрамовнинг янги ўйин ғоясини кўрсатди. Доҳадаги жаҳон журналистлари бу ўйинга “гибкая тактика” деб баҳо беришган эди. Шу билан бирга бу ғоя жуда хом эди. Камчиликларни бартараф этиш ўрнига ТЖМ раҳбарияти мураббийни алмаштириб ташлаб, ютуқларга қўл силтаб, унинг ўрнига ҳеч қандай янги ўйин ғоясини янги мураббийга таклиф қилмади. Фақат жамоани Мундиалга олиб чиқишни бош мураббийга асосий талаб қилиб қўйди. Кейин уни ҳам ҳайдади. Мана, бош мураббий бўлган Бабаян терма ўйинини кейинги тараққиёт босқичига кўтармасдан, Мундиалга боришни олдимизда ваъда бермоқда. Мундиал финалига боришни, унда Шимолий Корея термасига ўхшаб пала-партиш ўйнаб, барча ўйинларда шарманда бўлишни асосий мақсад билмай, балки мундиалда қатнашишни терма жамоа учун юқори ўйин даражасига кўтарилиш имконияти деб қачон биламиз? Мақсад эмас, восита деб қачон биламиз? Ҳеч қачонми?

2006 йили Италияни жаҳон чемпиони қилган Липпи Хитой термасига бош мураббий бўлиб, ўз олдига стратегик режа қўйганлиги маълум бўлмоқда. Мундиалга бориш назарий жиҳатдан иложиси бор бўлгани билан, бу жуда оғир вазифа эканлигини ҳамма яхши билади. Шундай бўлса-да, Хитой термаси юқори савиядаги янгича ўйинни кўрсатиб, бор кучи билан мундиалга ҳаракат қилади. Липпи 20та янги ўйинчини термага чақирди. Бу ниманинг аломати? Бу нима дегани? Липпи жанобларининг, хитойликлар ЖЧ финалига бориш ё бормаслигидан қатьи назар, қолган ҳар бир ўйин терма учун янгича жанг қилиш бўлади, жанг моделини яратишда қўйилган навбатдаги қадам бўлади, дегани. Янгитдан кучли терма жамоани яратиш бўлади дегани. Осиёда энг кучли элитага кирувчи Хитой терма жамоасини яратиш Липпи учун стратегик режа ҳисобланади, дегани. Иоахим Лёв каби унгаям анча йил керак бўлади, дегани.

6. Ўзимизга қайтамиз. Терма жамоамиз мураббийи қандай стратегик режа асосида ишламоқда. “Пахтакор” клубида ҳам келгуси бўлмаган Камолиддин Тожиев ва Шерзод Каримовни терма жамоага жалб қилиб, ўртоқлик ўйинига тушириб қандай стратегик режани кўзлаган эди? Самвел кимнинг назорати остида ишламоқда? ТЖМ раҳбарлари ҳамда ЎФФ раҳбарлари жамоанинг майдондаги ҳаракатларини назорат қила билишмайди. Назорат қила олишмайди ҳам. Улар фақат мундиалга боришни Самвелдан талаб қилишади. Ўтса ўтди, ўтолмаса-чи?.. Саралашдан ўтолмаса, мураббийни ҳайдашади, янгисини чақиришади. Янгиси ўйин борасида ишни тағин нолдан бошлайди. Арава ўша жойида йиллар оша қолиб кета беради.

ТЖМнинг ўйин борасида ўз олдига қўярлик стратегик режаси бўлмагани учун шундай бўлмоқда. ТЖМ аппарати, чет элдаги йиғинлар, назорат ўйинлари, ўртоқлик ўйинлари, барча харажатлар, ҳаракатлар, мажлислар, ҳисоботлар аслида нима учун қилинмоқда? Вип-секторда савлат тўкиб ўтириш учунми? Йўқ. Майдон учун, майдондаги ўйин учун қилинмоқда. Фақат майдондаги аҳвол ва ўйин даражаси қилинган ишни белгилаб беради. Стратегик мақсад бўла олади. Майдондаги ўйинга, майдон ҳаётига ТЖМ раҳбари бегона бўлса, ўйинга аралашмаса, ўйин даражаси билан иши бўлмаса, унинг кимга кераги бор? Кимга?

Савол эгасини ўзгартириб боқайлик. Ўзбек футболининг даражаси билан, чемпионатимиз савияси билан, ўйин сифати билан ЎФФнинг иши бўлмаса, ЎФФ аппаратининг, сўнгги йилларда яратганимиз футбол инфратузилмасининг кимга кераги бор? Шу саволни бериб ЎФФ ўз олдига қандай стратегик мақсадни қўйиши керак эди аслида, деган навбатдаги масалани ўртага қўймоқчиман. Энг муҳим мавзуга ўтмоқчиман.

7. D) Бизнинг ЎФФ ҳам ўз олдига аниқ қилиб қўйилган стратегик режа асосида фаолият олиб бориши керак. Чамаси бундан 30 йил муқаддам Япония футболида ислоҳотлар бошланди. Уларнинг футболи ягона стратегик режа асосида ривожланиш йўлини босиб ўтди. Журналистлар ушбу япон ислоҳоти ҳақида барча маълумотни етказиб бериши мумкин. Япон чемпионатига ўша даврнинг афсонавий ҳужумчиси саналган франциялик Папен келиб қўшилганини эслайман. Ҳар бир жамоага замоннинг энг кучли футболчилари таклиф қилинди. Футболга омманинг эътиборини оширдилар. Ўз футболчиларининг халқ олдида обрў-эътиборини оширдилар. Ўз чемпионатини кучайтирдилар. Араблар ҳам жуда катта пулларни футболга беришмоқда. 30 йилдан бери дунёнинг кучли футболчиларини ўз чемпионатида ўйнатмоқдалар. Араб футболи бу билан ривожланмаётибди. Уларда футболчи халқнинг ҳурмат-эътиборида эмас. Арабларда нафақат футболчилар, балки ишқибозлар ҳам ёлланма. Ҳар бир араб ўзи билан бирга 5-10та фанатни пулга ёллаб стадионга олиб келади. Бир гуруҳ фанатлар барча араб давлат терма ўйинларига ёлланиб бақириб беришганини Доҳада кўрганман. Футбол улар учун ватан фахри эмас, овунчоқдир. Арабларники бойвучча футбол бўлиб қола беради.

Хитойнинг стратегиясини тушунишим қийин бўлмоқда. Халк, Оскару Тевеслар Хитойда астрономик катта пул топиб футбол ўйнаб қайтишмоқчи. Бу воқеа дунёга танилган кучли вокалистларимиз пул топиш ниятида эрталабки ошга келиб, ноталарни бузиб мақом айтиб беришига ўхшаб қолмоқда. Ҳамма ош ейиш биланд банд бўлса, нотага ким эътибор беради. Отарчи ҳамма ерда отарчи. Бир футбол тўйида Тевес “хониш” қилса, бошқасида Оскарни кўришмоқчи. Пеллегрини, Виллаш-Боашлар ҳам Европа футболидаги зўриқишни билмай жамоаларни бўшашиброқ бошқаришади. Бу аниқ. Катта саҳнавар футболни кўрсатишади улар. Бу ҳам аниқ. Бир пайтлар, ўтган асрнинг 50-йиллари эди, уларнинг КомПартия раҳбари “қоп, ғус” деган эди. Хитойликлар битта қолдирмасдан барча чумчуқларни қириб ташлашгани ҳақиқатда содир бўлди-қўйди. “Ўл аҳмоқ” дейдиган одам топилмади ўшанда. Шунга ўхшаш гап бўлмоқда бугунги футболда. Эртага нима бўлишини кузатайлик-чи. Ҳиндистонда футболни ривожлантириш режаси узилиб қолди, шекилли. Крекетистонда футболни мажбурлаб ривожлантириб бўлармиди?

Ўзимиздан гапирсам, ҳеч ким футболимизни ислоҳ қилишни ўйламаяпти. Кун ўтса бас. Йил ўтса бас. Бири Фарҳоджон бўлиб ПФЛни бошқармоқда, бири Аҳаджон бўлиб “Интер Футбол” коллективини бошқармоқда. Бири “Локомотив”жон бўлиб чемпион бўлмоқда. Ҳамма ўзидан, қиляпган ишидан, ўзбек футболининг аҳволидан рози. Кун ўтмоқда. Йил ўтмоқда. Йиллар йўлсиз ўтмоқда. Бу уларни қайғуга солмайди. Ғам-ғуссага ботирмайди. Мендан футболимизга қаратилган ислоҳотларим баёнини, ЎФФ ўз ишида қўллаши мумкин бўлган стратегик режаларим баёнини кутманг. Ҳавоскор авиаторни кўз олдингизга келтиринг. У ақл-идроки билан жуда қулай, арзон, ҳаммабоб бир кишилик учар аппаратнинг барча деталларигача, чизмаларигача ишлаб чиқиб, ўйлаб чиқиб қоғозда бажариб беради. Бу ихтирони у таҳмонга тахлаб қўяди. Кейин барибир янги чизмалар чизиб ихтиронинг кам-кўстини тузата беради. Тузата беради. Авиация ишқибози-да. На қилсин. Пули бўлмаса, қудрати бўлмаса, на қилсин.

Мен футбол ишқибозиман. Футболимизни тараққиётга бошловчи ўзим билган ислоҳотнинг ипидан-игнасигача, чемпионат форматидан то жамоаларнинг янги молиялаштириш услубигача, деталлари-ю чизмаларигача ишлаб чиқдим. Ишлаб чиқдиму, тахмонга тахлаб қўйдим.

Мени қийнаган саволлар ҳеч кимни қизиқтирмаса. ЎФФниям, ПФЛниям, футбол амалдориниям, ишқибоз бўлган футбол зориниям, футболчи-ю мураббийлариниям қизиқтирмаса. Ҳамма ўз ишини, ўз ташвишини ўйласа, ҳамма ўз аравасини ўзи тортса, ўзгалар билан иши бўлмаса, ёзганларим бирор кимсага керак бўлармиди? Журналистларимиз газета-ю сайтларни тўлдириб Еврофутболни тарғиб қилса, ишқибозлар стадионларимизни бўш қолдириб Ла Лига-ю АПЛ ўйинларига тикилса, улар “Обод”у “Нефтчи”ни эмас, “Челси”ю “Сити” футболини ўйлаб, смартфонни товуқ дон қидиргандай титкилашса, хабар қидиришса, баҳс бойлашса, менинг ёзганларим кимга керак бўлади? Кимга?

Менинг дилдош, ғамдош 40 нафар мухлисим бор. Шу кишилар учун уларнинг дардларини мақолаларимда элга ёймоқчиман. Сизни, ҳурматли Мираброр ака, бироз ўйлантириб қўймоқчиман. Ижодим мухлиси олдида ҳасратимни ёзиб-ёзиб тўймоқчиман. Эркакчасига ёш оқизмай йиғлаб-йиғлаб, ўкириб тўймоқчиман. Гапириб-гапириб тўймоқчиман. Кейин ҳаммани ўз ҳолига, бор-зорига, ақл-идрокига, виждон амрига ташлаб қўймоқчиман. Дилини ғашлаб қўймоқчиман. Ғашлаб.

Кейин давосини ўзи ўйласин. Унгача ислоҳотларимни, таклифларимни тахини бузмай тахмонга тахлаб қўяй. Бировга эрмак бўлмасин. Қарқара таклифларим масхара бўлмасин.

Эзгулик йўлида баъзида шундай қилиш керак. Доим яхшиликка умидвор бўлайлик. Дунёни яхшилик кўтариб туради. Яратганнинг Ўзи яхшиликнинг ўзидир. Яхшиликнинг кўзидир. Барчамиз аброр инсон бўлайлик.

Стадионда кўришгунча соғ-омон бўлайлик.

22.01.2017й.
Мираброр ака, узр сўраб, Сизга чексиз ҳурмат-эҳтиром билан Ҳасанали Қодиров ёздим.

Киритилган сана: 24.01.2017 10:12. Ўкилди: 8585 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:28. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:28. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:25. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:25. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


MUXLISLIK
Сана: 24.01.2017 15:55. MUXLISLIKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.