Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Нодиржон Маматқуловга очиқ хат (2-қисм)

Баҳо:
+0; -0

КЎНИКИШ
Аксарият футболчиларимиз майдонда пул ишлаб юришади. Масалан, Жасурқул Ҳасанов, ўз ўйинимда янги қирраларимни очайин, деб машаққат билан машғулотларда тер тўкадими, йўқ. Унинг мураббийи шундай мақсад сари у билан бирга майдонда жон куйдирадими, йўқ. Жасурқул Ҳасановнинг ўйин маҳорати натижа ҳисобланмайди. Ҳомийлар олдида ғалаба қозониш натижа ҳисобланади. Ғалабага эса, ҳар хил йўл билан эришиш мумкин. Бу билан улар пул ишлашади. Шунинг учун 25 ёшдан кейин йигитларимизнинг ўйин маҳорати бошқа ўсмаётибди. Жасурқул Ҳасановга нисбатан ўн, юз баробар кўп пул олаётган Риберининг ўйин иштиёқига катта пуллар умуман таъсир қилаётгани йўқ. Футболга садоқати ўша-ўша. Жасурқулни қари чолга чиқариб қўйганлар бор. Ундай бўлса, Клозе, Лука Тонининг ўйин иштиёқига нима дейсиз? Футболдагиларимиз катта пул синовидан ўта олишмаяпти. Амалдорлар, умуман, қайғуриш нималигини, безовталикни, яхшиликка интилишни эсдан чиқариб юборишган. Улар ҳар қандай янгиланишдан ўлатдан қочгандай қочадилар. Уларга қолса, футболимизда ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмасин экан. Ҳамма нарса қандай бўлса, шундайлигича қола берсин экан. Чунки бу ҳолга ҳамма кўникиб кетган. Ахир ютуқларимиз кўп-ку. Мана Австралияда чорак финалда корейсларга ютқазиб қўйган бўлсак-да, яхши ўйин кўрсатдик, сизга яна нима керак, дейишади. Ҳужумчиларимизга озгина омад етишмади, холос, дейишади. Ой сайин, йил сайин шундай гапларни эшита берамиз, эшита берамиз. Биз буларга кўникиб кетдик.

ТАКЛИФ ҚАНДАЙ ЭДИ
Нодиржон, Жиззахдан туриб ёзган ушбу хатингиз мен учун қанчалар қадрли эканлигини билсангиз эди. Жуда яхши таклифлар бердингиз. Раҳбарлар таклифларингизни ўқишмайди. Ўқиса-да, бетаъсир қола беришади. Кейинги йилда Олий лигамизда 12та жамоани қолдирамиз деб таклиф киритмоқдасиз. Аслида катта футболда бу йилги чемпионатимиздаги 16та жамоани 24та жамоа бўлишига эришмоқдасиз. Қандай қилиб дейсизми? Биринчи лига жамоаларини 12тагача камайтириб, уларнинг ўйин даражасини олий лига ўйинларига яқинлаштириб эришмоқдасиз. 200 млрд сўмни тўғри тақсимласак, 24 жамоани етарли даражада молиялаштиришимиз мумкин бўлади. Зафар Қосимов ёзганидек, бирламчи ва иккиламчи молия тақсимотини жорий қилиш керак. Бирламчи тақсимотда олий лига жамоалари тенг миқдорда, масалан, 5 млрд сўмга тенг миқдорда бюджет таъминотига эга бўлсинлар. Биринчи лига биринчи босқичда улардан қуйироқ таъминлансин. Иккиламчи тақсимотда клублар молияни ўзлари ишлаб топишсин. Қандай қилиб? 1-6-ўринни олганлар учун қўшимча мукофотлар белгилансин. Олтиликка кириш ҳамма учун қўшимча пуллар манбаи бўлади. Шунда ҳар бир ўйин жангга айланиб кетади. Ҳамма ғалабага интилади. Ҳеч ким ўйинни сотишдан мафаатдор бўлмайди. Иккинчи босқичдаги ўйинлар 0 очко билан бошлансин. 6-ўринни эгаллаган жамоанинг ҳам чемпион бўлиш имконияти 1-ўринни эгаллаган жамоа билан бир хил бўлади. Эртароқ очко жамғариб олиб, олдинга ўтиб олиш каби мақсадда маъно қолмасин.

Тағин бошқа бир жиҳати бор. Биласизми, нима учун футболимизда ҳужумчилар кам? Нима учун ҳимоячилар бизда кам гол уришади? Чунки биринчи турдан то охирги тургача очко теримчилиги билан жамоалар шундай ўйнашадики, ҳамма гол ўтказиб юборишдан қўрқиб, кичик ҳисоб билан очко йиғиб қолади. Ҳужумкор ўйин йўқолиб бормоқда. Бизда жанг қилиб гол урилмайди, келишиб урилади. Янги тақвим билан ўтадиган биринчи босқич ўйинларида олтиталикка кириб олингач, очко теришнинг маъноси қолмайди. Орқага қарамасдан ҳужум қилиш кўпаяди. Таркибий экспериментларга йўл очилади. Биласиз, жамоа истиқболи иккита тенг кучли таркибга эга бўлиш билан таъминланади. Сиз, таклиф қилган формат бўйича турнир ўтказсак, иккинчи таркиб ҳам кўпроқ майдонга тушади. Майдонда 16 яшар ўйинчиларни ҳам кўриб турамиз. Бунинг учун Англия футболига ўхшаб яна битта кубок мусобақасини жорий қилайлик. Бундай турнирда ғалабага йўналган юқори даражали ўйинга чоғлантириш ўртоқлик учрашувларига ё ёшлар лига ўйинларига нисбатан анча юқори бўлади. Бултур “Локомотив” мавсум давомида вақт топиб, бир неча бор ўртоқлашиб ўйин ўтказгани эсингиздами? Ундан кўра янги турнирларда иштирок этса бўлмасмиди?

Биласиз, замонавий футбол универсалликка асосланган. Иккинчи кубок мусобақасида, масалан Жасурқул Ҳасановни марказий ярим ҳимоячи ўрнида ўйнатиш мумкин. Шунда Франк Рибери каби қанотдан марказга кўчиб, шериги билан қисқа масофада девор ўйнаб, зарбдор вазиятга чиқиб гол уришни ўрганар. Ёнида, ё ҳужум остида Ислом Тўхтахўжаевни ўйнатиш фойдали бўлади. Бошқа сафар Жасурқулни қанот ҳимоясида ўйнатиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Токи у ҳимояланиш услублари билан ўйинини бойитиб олсин. Энг муҳими, иккинчи кубок ўйинларида иккинчи таркиб тобланиб олади.

САРКИСЯННИ КИРИТИШМАЙДИ
Иккинчи босқич ўйинлари жуда қизғин ўтади. Ҳар бир жамоанинг ҳар бир 10та ўйини ҳаёт-мамот жанги бўлиб қолади. Чунки ҳар бир жамоа олтин медалларга интилади. “Олмалиқ” ҳам, ё “Навбаҳор” ҳам чемпион бўлиши мумкин бўлади. Сабаби ғолибларга қўшимча бонус белгиланади. Чемпион ё кубок эгаси сезиларли даражада ўз бюджетини яхшилаб олади. Масалан, темирйўлчилар ғолиб бўлишса, ўз ҳомийларининг қўшимча пулларини олишади. Мағлуб бўлишса, бу пуллар бошқа жамоага ўтиб кетади. 6-12-ўринларни олган жамоалар ҳам барча жамоаларга тенг тақсимланган бирламчи, масалан, 3 млрд сўмлик бюджет пуллари билан қолиб кетишмайди. Масалан, кубок ўйинларига катта мукофот пуллари белгиланади. Шунда “Нефтчи” ё “Металлург”лар ҳам кубок эгаси бўлганини, катта мукофот пулларини олганини кўрамиз. Бултурдаги воқеани бошқа кўрмаймиз. “Бунёдкор” Тошкентда жанговор “Олмалиқ” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Жавоб ўйинидан икки кун олдин Саркисян Олмалиққа ташриф буюрди. Натижада “Бунёдкор” жавоб ўйинидан рақибини 4:0га ютиб келди. Олмалиқда “Бунёдкорга” қарши ҳеч қандай жангни кўрмаган эдик. Турнирларда Сиз айтган ислоҳотларни амалга оширсак, Саркисянни ўйиндан олдин Олмалиққа яқин йўлатишмайди. Ўшанда “Олмалиқ” ғалабани бировга топширмасдан ўзи кубокни ютса, ўз бюджетини сезиларли даражада ошириб олади-да. Бунинг учун “Олмалиқда” мураббий маҳорати, ўйин салоҳияти етарли даражада.

Биринчи лига ўйинига муносабат ҳам тубдан ўзгаради. Юртимиз 24та жамоага етарли даражада инфратузилма яратиб беришга қурби етади. Турнирда ислоҳотларни ўтказганимиздан кейин, ора-чора биринчи лига вакили ҳам кубок финалигача етиб келишади. Биринчи лига вакили ҳам терма жамоага футболчи юборганини кўрамиз. Олий лигага чиқиш учун бўлажак қаттиқ жангларни кузатамиз. Ҳозир қандай абсурд воқеани гувоҳи бўлмоқдамиз, биласизми? Жамоалар олий лигага чиқишни хоҳлашмайди. Чунки клубни олий лигага олиб чиққан кўпчилик футболчилардан раҳбарият воз кечади. Сабаби оддий. Биринчи лига таъминоти, шароити жуда паст бўлганидан ўйинчилар ва ўйинлар савияси ҳам жуда пастдир. Олий лигага чиққан жамоа таркибини олий лига ўйин даражасига мос келадиган, жамоадан жамоага учиб юрадиган отарчи футболчилар билан қайта шакллантириб олади. Жанг қилиб олий лигага чиқиб олган ўзининг футболчилари эса, биринчи лигадан бошқа жамоани қидиришга мажбур бўлишади. Нодиржон, Сиз айтган ислоҳотларни амалга оширсак, бундай ҳолат барҳам топади. Ўшанда ўйинлар ва ўйинчиларнинг савияси олий лигадан катта фарқ қилмайдиган бўлади.

БОРМИСАН, 2-ЛИГА
Иккинчи лига ҳақидаги фикрингизга қўшилмайман. Улар ярим профессионал бўлиши керак. Биринчи лигага чиқиш улар учун шараф бўлади. Манфаатли бўлади. Биласиз, нопрофессионал футбол учун йўл харажатлари қийинчилик туғдиради. Ҳар бир вилоят биринчилиги икки даврали тизимда ўтказилсин. Иштирокчилар сонини ҳар бир вилоят раҳбарияти белгилаб берсин. Ҳар бир вилоят совриндорларидан иккитадан жамоа йиғилиб, тўртта гуруҳга бўлинган холда, тўртта шаҳарда Ўзбекистон биринчилигини ўтказсинлар. Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари учун Водийнинг бир шаҳрида, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилоятлари учун Тошкентда, Самарқанд, Жиззах, Сурхандарё, Қашқадарё вилоятлари учун Воҳада; Бухоро, Хоразм, Қорақалпоғистон, Навоий вилоятлари учун, масалан, Бухорода бир даврали турнирлар ўтказайлик. Осиё кубогининг гуруҳ турнирини эслайлик. Ҳар бир гуруҳ вакиллари бир шаҳарга йиғилиб, ҳар бир жамоа учтагина ўйин ўтказади. Сўнгра, хар бир гуруҳ ғолибларини бир жойга, масалан Тошкентга йиғиб, плей-офф турнирини ўтказиб биринчи лигага чиқадиган ғолибларни аниқлайлик. Вилоят мусобақаларини ерга уриб, биринчи лигада жамоалар сонини жуда ошириб юборган эдик. Ҳозирги кунда оммавий футбол, яъни вилоят чемпионати билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Унинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, обрўси йўқ, журналистлар уларни ёритмайди. Ваҳоланки, оғир вазнли банкирларнинг тўп кетидан думалаб югуриб юришини ТВ орқали ҳамма кўради-ю, Вилоят биринчилигини кўрмайди. Бу шароитда вилоят турнирини ўтказилишида маънони кўрмайсиз. Вилоят мусобақаларининг ҳурмат-эътиборини ошириш пайти етиб келди.

ҚАЧОНГАЧА?
Ушбу ёзганларим эртакка ўхшаб қолмоқдами? Нодиржон, футбол ичидагилар “аҳмоқ” бўлишни хоҳлашмайди. Сизу биз “аҳмоқ” бўлиб бир нима ёзишдан чарчамаяпмиз. Ислоҳотларни ким қилади? ЎФФ раҳбариятидагилар ҳеч қандай ташаббус билан чиқмайди. Сизу бизнинг дардимизга улар қулоқ тутишмайди. Футболимиз аҳволидан улар қайғуга ботишмайди, дард чекишмайди. Улар ўз лавозимида ишлашади. Буюрилган ишни бажаришади. Футболнинг боқиманда аҳволидан улар зарар кўряпгани йўқ. Фақат футбол зарар кўрмоқда. Катта пуллар амалдорни беғам, тамбал, тепса тебранмас қилиб қўйган. Лекин Президентимиз боқимандаларга ўз пулини сарфламоқда-ку. Наҳотки, у бундай аҳволдан манфаатдор бўлса? Бунга ишонгим келмайди. Нега у киши бу аҳволни ўзгартирмайди. Боя айтган сомсапазим ўз ҳаётини ўзи таъминлайди. Бизнинг футболга ким бозор муносабатларини олиб киради? Қачон?

Ёшлар мураббийи мурғаклардан бўлғуси даҳо футболчиларни қидириб топиб, уларни тарбиялай демаса, у бундан манфаатдор бўлмаса. Олти юз минг сўмига яшай олмасдан ишдан бўш вақтида ипподромда бир нимани олиб сотса, ё бойваччаларнинг болаларини йиғиб оталарини соғиб кун кечирса, бунга беғам қараб бўладими?

Клубнинг бош мураббийи ўзининг қўлостидаги 17 яшар терма жамоа аъзосини очко йўқотишдан қўрқмай асосий таркибга тушуриб, тарбиялаб, ўйинини ўстираман демаса, бундан манфаатдор бўлмаса, бунга хотиржам қараб бўладими? Қандоқ қилсин, “натижа” кўрсатмаса, ҳомий уни ўша йилиёқ кўчага ҳайдаб юборади. Шквиринга ўхшаб ўз мавқеини ушлаб олган, обрўсини бермаган мураббий бўлса-ю, ҳайдалишдан қўрқмай беш йил сарф қилиб футболчи етиштириб чиқарса-ю, уни бойроқ клуб текинга олиб қўйса, бундай мураббий аҳмоқ бўлиб қола берадими? Қачонгача? “Локомотив” Шоаҳмедов, Муллажоновларни “Олмалиқ”дан қандай қилиб олиб келди, биласизми? Уларни тайёрлаб берган “Олмалиқ” клубига бир сўм ҳам тўламади. Қачон ҳар бир клуб ўз “сомса”сига ўзи эгалик қилади?. Қачон истеъдодларни тарбиялашдан мураббий манфаатдор бўлади? Қачон ўйин тақдирини келишувлар эмас, истеъдодли ўйинчилар-у мураббий маҳорати ҳал қилади, қачон? Қачон операторлар сифатли репортаж олиб боришдан манфаатдор бўлишади? Ҳозир футбол журналистикасига қараб бўлмайди, уни эшитиб бўлмайди, уни ўқиб бўлмайди. Қачон футболимизда ислоҳотлар қилинади? Қачон президентимизда бундай ишларга хоҳиш- ирода пайдо бўлади?

Бир мутахассис ташкилотга раҳбар этиб тайинлангач, албатта, ташкилот аъзоларидан ажралиб, улардан устун туриб раҳбарлик қилади. Олдинлари очиқ эшиклар куни эълон қилиниб, раҳбар ҳар бир одам фикрини тинглаб олар эди. Ҳозир он-лайн конференциясини уюштиради. Ундан ташқари, унинг ҳеч ким билмас маслаҳатчиси бўлади. Баъзида битта, баъзида ундан кўп. Елциннинг маслаҳатчиси Бурбулис бўлган. Горбачёвнинг маслаҳатчиси Медведев эди. Сталиннинг маслаҳатчиси ким бўлганлигини ҳозиргача ҳеч ким билмайди. У сирлигича қолиб кетган. Федерациямиз президенти Мираброр Усмоновнинг киши билмас маслаҳатчиси умуман бўлмаса керак. Он-лайн конференциясини ўтказмаган. Очиқ эшиклар кунини эълон ҳам қилмаган. Аноним сўровномалар ҳам ўтказмаган. Бундай хабарни эшитмаганман.

Масалан, АФА президентига ҳеч нарса боғлиқ эмас. Ҳамма нарса ўз изига тушиб олган футбол юртида президент иродасининг аҳамияти йўқ даражада. Масалан, Бонек, Шармах каби поляк футболчиларни эслаймиз. Польша футболининг олдинги баланд мавқеини қайтариш учун, уларга 10та Месси ва 5та Куман керак эмас. Битта яхши президент ва унинг хоҳиш-иродаси керак. Бизда ҳали ҳеч нарса изга тушиб улгурмаган бир пайтда, ҳамма нарса битта шаҳсга боғлиқ бўлиб турибди. Дардимизни унга айтмасак, кимга айтамиз? Эшитармикан?

Азизим, Нодиржон! Сиз, Жиззахда дард чекиб “Интер”га мақола ёзмоқдасиз. Мен Тошкентда тунлари бедор бўлиб, Сизга ҳамдард бўлайин деб жавоб мақоласини ёзмоқдаман. Дардимизни ҳеч ким тингламаса-да, Сизу биз ёза берамиз. Чунки биз юртимиз футболидан юз ўгира олмаймиз. Сизу бизга ўхшаган барча ишқибозларга ҳамдард бўламиз. Шу ҳам катта гап. Ноумид — шайтон. Ишқибоз доим бир нимадан умидвор бўлиб яшайди. Яхши жанговор ўйинни кўрса, стадион ҳайқириғидан мастона бўлиб юради. Европа ареналарини кўринг. Бизнинг ишқибозларимиз улардан кам эмас. Эвоҳ, бу қандай кўргилик, ўйинларимиз бўш стадионда ўтмоқда. Сохта футбол билан биздан стадион завқини, демакки, ватанпарварлик завқини олиб қўймоқдалар. Мираброр Усмонов Ўзбекистон футболи тарихида умрбодга буюк шахс бўлиб қолиши мумкин. Ёки...

Умидвор бўлайлик. Стадионда учашгунча омон бўлайлик.

Ҳурмат билан,
Ҳасанали Қодиров

Киритилган сана: 16.02.2015 12:32. Ўкилди: 11005 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:59. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:59. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:56. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:56. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


RSAIDIY
Сана: 28.02.2015 00:11. RSAIDIYга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ELMUS
Сана: 19.02.2015 19:32. ELMUSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ILHOMBEKT
Сана: 17.02.2015 08:49. ILHOMBEKTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ILHOMBEKT
Сана: 17.02.2015 06:27. ILHOMBEKTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.