Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

«Дастурхон»ни на қилай (2-қисм)

Баҳо:
+0; -0

Мақоланинг биринчи қисмига ҳавола.

ҚЎҚОН МАНЗИРАТ
ULUG’BEK, Сиз Кореяда бой берган ўйинимиздан қаттиқ ранжибсиз. Бутун юртимиз ранжиди. Ҳалигача қайғурмоқдамиз. Яхшигина таҳлил қилибсиз ўйинларни. Лекин Сиз бир гап айтсангиз мен бошқа гап айтишим, Сизни инкор этишим мумкин. Бу футбол. Қанча ишқибоз бор бўлса, шунча фикр бўлиши мумкин. Бош мураббий битта. У ўз фикрига таяниши керак. Сизу бизникига эмас. Ўзи қарор қабул қилиши керак. Тепадагилар футболдан нари одамлар. Шунинг учун улар қийин пайтда Бабаянга елкадош бўла олмайдилар. Лекин тепадагилар бош мураббийга эркин шароит яратиб беришган. Ёнидагиларчи? Улар сафдошмилар, билмадим. Ҳар ҳолда олдига ўзи таниган, бирга ишлаган мутахассисларни йиғган. “Локомотив”да ҳам шунга ўхшаш аҳвол ҳукмрон. Тепадагилар футболдан нари одамлар. Атрофдагилар унга халақит қилишмайди. Унга сафдош ҳам бўла олишмайди. Қарорларига қарши чиқишмайди ҳам. Сиз Гейнрих ўрнига Машарипов, Искандаровни майдонга тушириш керак деб ёзгансиз. Сизга ёқимтой бўлган футболчилар бор экан. Уларни ёқтирасиз. Бир йилдан бери уни олди, бу футболчини олмади деган гапларни ёзиб чарчамаймиз. Машарипов юртимиз даражасида яхши ўйин кўрсата олади. Ҳимояланишда ёмон қатнашади. Энг ёмони Бабаян ҳам ўзига ёққан, ўзи яхши таниган футболчиларни термага чақирганидир. Унинг ҳам ёқимтойлари бор. “Пахтакор”да эришган ўйинини легионерлар билан кучайтириб бир нимага эришмоқчи бўлди. “Локомотив”нинг фитнесс мураббийи (!) Еличич бундай эмас. Унга ёққан, ёқмаган ўйинчилар йўқ. Унинг атрофида тоғалар, поччалар ҳам йўқ. У ўзбекистонлик эмас. У мулозамат билмайди, ҳеч кимга Қўқон манзират қилмайди. У менга ҳам, клуб президентига ҳам бир хил муносабат билдиради, бир хилда гаплашади. Шунинг учун бош мураббийлик “муомала”сини Микляевга топшириб қўйишган.

КЎКЛАРГА КЎТАРГАН БЎЛАРДИК
Термада рақибга қараб янги ўйин тасвирини яратиш керак бўлса, буни беш кун ичида бажариш керак. Клубда бунинг учун ярим ой узлуксиз иш олиб бориш мумкин. Терма мураббийи беш кун ичида олдинги топилмасидан воз кечиб янги ўйин ижод этиши керак. Бунга бугунги ижрочиларимиз қодир бўлишса-да, Бабаян бунга қодир эмас. Бу гал ҳам унга эски топилмаси, яъни сеҳрли таёқчаси бўлган Гейнрих иш бериши лозим эди. Эслайсизми, ўша эпизотда, Гейнрих дарвоза чизиғигача тўпни олиб бориб марказга Ахмедовга қайта узатганида, у орқада қолиб кетиб гол уришга тайёр бўлмай қолган эди. Карислар жарима майдони бўш бўлса-да, бундан фойдалана олмадик. Агар Одил ўрнида Марат каби гол уришга доим ташна ўйинчи бўлганида эди, ушбу вазиятда Ўзбекистон термаси иккинчи голни ҳам уриб олган бўлар эди. Бабаяннинг топилмаси яна иш берган бўлар эди. Ҳаммамиз бугун Бабаянни кўкларга кўтариб мақтаётган бўлар эдик. Футболда кечаги топилмага бугун ишониб бўлмайди. Янгилик яратиш керак. Агар ўз ўйинини қайта қараб чиқмаса, Сергеев ҳам келгусида яхши ҳужумчи бўлолмайди. Бошқа ўсмайди. Унинг ўйинида ижодкорлик йўқ. Янгича айтганда, у ҳам креатив футболчи эмас. У голвар вазиятни ўзи ярата олмайди. Лекин вазиятни ўқий олади. Бабаян ҳам янгилик ярата олмайди. Замонавий мураббий кечаги ютуқдан бугун воз кечиши керак.

КРЕАТИВ ЎЙИНЧИНИ ИЗЛАШ
Еличич шундай экан. Бу йил эришган ўйинига кейинги йил таяна олмаслигини билади. Мирко атрофидагилар, тепасидагилар унинг ишини тушунишмайди. Унга сафдош бўла олишмайди деб айтдим. У ҳам Бабаян ҳолатида ишламоқда. Фақат Бабаян ёнида унга ўз сўзини ўтказа оладиган ҳамфикр сафдошлари бор. Ҳайдаров бор, Жалилов бор. Журжевич бор. Еличичнинг атрофидагилари сафдош эмас. Еличич жамоани коллегиал бошқармайди. Шу билан бирга тепадагилар, атрофидагилар унга халақит беришмайди ҳам. Бабаяндан фарқи ва энг муҳум жиҳати шундаки, Еличични ҳаммадан аввал футболчилар тушунишади ва унга тўлиқ ишонишади. Мирко раҳбариятга эмас, футболчиларга таянади. У футболчиларга тўлиқ ишонади. Унинг клубдаги энг яқин сафдоши Кападзе бўлса керак. Боя Еличич Абрамов ишини давом эттирди дедим. Лекин бутунлай бошқача йўлда давом эттирди. Абрамов тайёр ижодкор, креатив футболчини ҳужум марказида ўйнаш учун четдан қидирар эди. Эсингиздами, комбинацион ҳужум уюштирадиган, креатив ўйнайдиган Мамазулунов, Корянни олиб келган эди. Раҳматли Шадрин шундай ўйнар эди. Олим Навкаровни айтмайсизми? Уларнинг барчаси ўрта бўйли, чаққон бўлишиб тезкор ўйнай олишар эди. Бош мураббий уларга имкон яратиб қанчалик парвариш қилмасин, улар мураббий умидини оқлашмади. Абрамов “Спартак” Моаква жамоасининг Бесков пайтидаги Черенков ўйинининг мухлиси бўлгандур. Ёши катта ишқибозлар Черенков, Гавриловни яхши эслашади. Абрамов шундай ўйинчини излади, шекилли.

БОШҚАЧАРОҚ ЙЎЛ
Еличич бошқача йўл тутди. Мирко иш бошлагач, биринчи бўлиб Мамазулуновни ортга қайтариб юборган эди. Эсингиздами? Мирко бир ўйинчи эмас, барча ўйинчилар ўз ўрнида креатив ўйнашини истамоқда. Энг муҳуми мана шу. Бу талабга жавоб бера олмайдиганлар билан хайрлашиб кетди. Қанотлар ожиз эди. Чап қанот ярим ҳимоясида ё Зотеев, ё Мирзаев, ё Жасурқул Ҳасанов ўйнашар эди. Еличич ўйин тафаккури ожиз бўлган Жасурқулни захира курсига ўтқазиб қўйди. Зотеевни ҳимояга ўтказиб Мирзаев билан тандемда ўйнатди. Мана шу тандем бу йилги ярим финал жавоб ўйинида иш берди. Мирзаев ўрнига орқадан ёриб кирган Зотеев якка курашда Шораҳмедовни енгиб ўтиб голвар оширмани узатган эди. Биласиз, бундан фойдаланган Кападзе гол уриб олди. Ўрни келганда айтиб ўтай, чап қанот ҳимоясида ўйнайдиган Денисов тезкор бўлса-да, термада Зотеевдай ўйнай олмайди. “Локомотив”га қайтаман. Бояги ҳужум пайтида Мирзаев вазиятга қараб, гоҳ Зотеев ўрнини ёпади, гоҳ ҳужумни марказдан қўллайди. Ўнг қанотда ҳимояда Иброҳим Раҳимов билан ярим ҳимояда Жасурмурод Ҳасанов бир шаблонда ўйнашар эди. Уларнинг вазифаси ҳужум пайтида қанот бўйлаб тўпни олиб қочиб дарвоза чизиғига етиб боргач, тўпни ҳаволатиб жарима майдонига узатиш эди. Жасурқул ҳимояланишда умуман қатнашмас эди. У хозир ҳам “Қизилқум”да шундай ўйнамоқда. Еличич талаби бўйича ўнг қанотдагилар ҳам вазиятга кўра ўзаро жой алмаштириб, ҳужум уюштирар эканлар, тўпни марказга ҳаволатиб оширмасдан комбинацион ўйнаб гоҳ дарвоза устунигача боришмоқда, гоҳ марказга ёриб кириб зарбдор вазият яратишмоқда. Рақиб жаримасида ҳар бир ўйиннчи ҳақиқий ҳужумчидай ҳаракат қилади. Ўзбек футболида тажовузкор, ташаббускор, доим зарбага шай ҳужумчилар жуда кам. Абрамов наминал ҳужумчи сифатида ё Абдухолиқовни, ё Бикмаевни олдинда ўйнатар эди. Бири майдонга тушса, бошқаси захирада қолар эди. Еличич иккаласини майдонга туширмоқда. Ҳимояланган пайтда фақат Темирхўжа олдида тўпни кутса, ҳужумкор ўйинда Темурхўжа орқароқда ҳужум комбинациясини бошлаб бериб, сўнг якуний зарба бериш учун олдинга ёриб ўтмоқда. Бикмаев қанотда ҳимояланиб тўп билан марказга ёриб кирмоқда. Иккаласи ҳам доим зарбага шай бўлишмоқда. Хозирча Бикмаевга креатив ўйнаш қобилияти етишмаяпти.

УНИВЕРСАЛЛИК
Еличич умуман майдондаги барча футболчилар универсал ўйин кўрсатишини истамоқда. Масалан, якуний ҳисоби муҳим бўлмаган 30-тур ўйинида Махарадзени ҳимояга ўтказиб Тўхтахўжаевни марказий ҳужумчига айлантирди. Мустафоев олдинда ҳақиқий ҳужумчидай ҳаракат қилмоқда. Ўнг қанотда ўйнаётган Бикмаев керак пайтида қанотдан марказга ёриб кирмоқда. Керак бўлса, голга асистентлик қилмоқда. “Насаф”га қарши ўйинда Мирзаевга ассистентлик қилган оширмасини эслайсизми? Агар Еличич кейинги йили Бикмаевни ҳужум ортида ўйнатганини кўрсангиз ажабланманг. Бу билан Бикмаевга креатив фикрлашни ўргатади. Бикмаев баъзида ҳимояланишни эплолмай қоляпти, холос. Мирзаев чап қанотда бу ишни эпламоқда. Бир фактни эътироф этиш керак. Бу йил ҳар бир футболчининг ўйин маҳорати анча ўсди. Кўпчилик таянч ярим ҳимояда Азиз Ҳайдаровдан кўра Темур Кападзе яхши ўйнайди дейишмоқда. Ундай эмас. Темур ўз имкониятига тўғри баҳо бериб, терма жамоада бошқа ўйнамайман деган. Якка курашларда унга тезлик етишмай қоляпти. Кападзе бошқа соҳада Ҳайдаровдан устунлик қилади. У Ҳайдаровдан фарқ қилиб марказий ҳимоядаям, ҳужум ортидаям бирдай яхши ўйнай олади. Керак пайтда зарбдор вазиятга чиқиб боради. Еличич универсалликка эътибор қаратиб қуйма, бир бутун жамоани ярата олди. “Локомотив” 90дақиқа ичида турли хил ўйин кўрсата олмоқда.

ЛЕВ ЯШИН ВА БРАВО
Ulug’bek Сиз, Лобановнинг ортиқча вазни мисолида терма жамоа дарвозабони жисмоний ҳолати ёмон даражада эканлигини айтган эдингиз. Ҳамманинг конституцияси ҳар хил бўлади. Дарвозабон Человерт семиз бўлса-да, яхши ўйнар эди. Катта ёшдагилар Ҳамид Раҳматуллаевни эслашади. У ҳам ортиқча вазни билан майдон марказида жуда чаққон ўйнар эди. Кавазашвили деган дарвозабон Лев Яшиндан кейин Иттифоқ терма жамоаси дарвозасини қўриқлаган эди. Унинг бўйи Нестеровникидан ҳам пастроқ эди. Сакровчанлик бўйича ундан ўтадиган дарвозабонни эслолмайман. Лобановникига ўхшаган ёмон жисмоний ҳолат билан бундай сакровчанликка эриша олмаган бўларди. Лобанов ўзининг гавда тузилиши бўйича Куртуага эмас, Бравога ўхшаб кетади. Лекин Браво Лобановга ўхшаб жимоний ҳолатини пасайтириб юрганида эди, “Манчестер Сити” тугул АФАнинг қуйи дивизион мусобақаларида ҳам жой тополмаган бўларди. Бизда эса, “Пахтакор” тугул, хатто терма жамоа дарвозасидаги жойи унга бронлаб бойлаб қўйилган. Шундай экан у ўзининг жисмоний ҳолатини Бравонинг даражасига кўтарайин дейдими? Жисмоний ҳолати яхши бўлганда эди, карисларнинг биринчи голини қайтарган бўларди.

АКО-НОСВОЙ ВА ЖИП ТОҒА
Терманинг 5 кунлик йиғинида жисмоний ҳолатни яхшилаб бўлмайди. Буни клубларда бажариш керак. Мирко Еличич озгина қўшимча эътибор билан клуб футболчиларининг жисмоний ҳолатини бир даража юқорироққа кўтариб олди. Озгина кўтариб олди. Европа даражасига ҳали анча бор. “Локомотив”га шунинг ўзи ҳам чемпион бўлишга етиб ортди. Ярим финал жавоб учрашуви гапларимни тасдиқлайди. Иккинчи бўлимда бу йилги чемпионнинг “Бунёдкор”га нисбатан жисмоний ҳолатдаги устунлиги ҳаммага яққол кўриниб қолди. Ўзбек футболида жисмоний ҳолат жуда паст даражада қолиб кетган. Эътибордан четга чиқиб кетган. Жисмоний ҳолатга жавоб берувчи мураббий клубда паст даражали мутахассис ҳисобланади. Енгил атлетика талаби бўйича югуриш техникасига ҳам эга бўлмаган футболчилар майдонга тушмоқда бизда. Энг замонавий янги русмдаги енгил мошина ҳам парвариш кўрмаса тезлигини, қувватини йўқотади. Футбол энг оғир спорт турига кирса-да, аксарият футболчиларимиз жуда паст даражадаги спортчи ҳисобланишади. Футболчиларимиз Тотти ва Гомесга ўхшаб 40 ёшида ҳам футболга яроқли бўлган, кучли ва соғлом, бақувват ва чиройли баданни нима қилишади. Бунинг учун муттасил ўзи устида меҳнат қилиш керак бўладику. Буни хоҳлашмайди. Улар чиройли ва бақват, тезкор машиналарни хоҳлашади. Бунинг учун ҳар ярим йилда “подъёмний” олиб клубдан клубга кўчиб юриш керак бўлади. Меҳнат қилиш керак эмас. Футболчиларимиз ўртача бир ўйинда 6 км. масофа ҳам босиб ўтишмайди. Европада ҳар бир футболчи 90 дақиқада 10 км.дан ортиқ югуради. Биз майдонга тушмасимизданоқ карисларга жисмоний тайёргарлигимиз бўйича, чидамлилик бўйича, русчалаб айтганда “выносливость” бўйича, ютқазиб бўлган эдик. Европада футболчилар ўз ёнидан фитнесс мураббийини ёллаб, ўз жисмоний ҳолатини баланд даражада ушлаб юришади. Бизда эса, терма ўйинчиларимиз машғулот пайтида журналистлардан носвой сўраб юришади.

АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТ ШИРАСИ
Ulug’bek, Лобанов шаънига айтган бир оғиз дашном сўзингиз, менинг ҳасрат дафтаримни очиб юборди. Сиз қатори мен ҳам футболни яхши кўраман. 60 йилдан бери футболни стадиога бориб кўраман. Ишқибозчилик қиламан. Шунинг учун баъзида дилсўз, баъзида жонсўз таърифлар билан футболдагиларни сийлаб тураман. Яқинда бу мавсум ҳам орқамизда қолади. Бу мавсумдаги охирги ўйин, кубокнинг финал ўйини арафасида шу мақоламни ёзмоқдаман. Ҳасрат пўстагини қоқмоқдаман. Шикоят деб билманг. Бу умидворликнинг бир кўринишидир, балким. Финални ким ютмасин, бу ўйин мавсумнинг дурдона ўйини бўлишини истайман. Бунга Миркоям, Рўзиқул ҳам бирдай сазовар мураббийлардир.

Яширмайман. “Локомотив”га нисбатан ўзгача илиқ муносабатим бор. Раҳматли амаким урушда беш йил паровоз миниб жанг қилгани туфайлими, ёшлигимда ёз ойларим Сарикўл далаларида ўтгани туфайлими, “Локомотив” раҳбарияти ҳеч ким қилмаган ишни қилгани туфайлими, яъни “Астана” клубида ўйнаб юрганда керак бўлиб, оғир жароҳат олганда ҳеч кимга керак бўлмай қолган футболчимизни олиб келиб даволатгани туфайлими, билмадим бу клубга нисбатан алоҳида меҳрим бор. Унга алоҳида эътибор билан қарайман. Бу бор гап. Тингловга зор гап.

Бу деганим бу клуб чемпион бўлганидан осмонга кўтарилиб кетишим керак деганим эмас. “Локомотив” ҳали ҳеч нарсага эришгани йўқ. Футболимиз қўрғони ҳалигача қаровга муҳтож аҳволда ивирсиб ётибди. Биринчи лига футболи ақлга сиғмайдиган даражада абгор. Қайта қуришга муҳтож. Футболимиз аҳволидан ҳеч ким қайғурмайди. Ваҳоланки, бутун футбол хўжалигимизни, гўёки, ўз жисмоний ҳолатини ўйламаган, майдонда эринибгина югуриб юрган семиз, боқибеғам, боқиманда, боя айтганим пулхўр футболчимизга ўхшатаман. Энди футболчиларимиз таътилга чиқиб кетишади. Футболимиз раҳбарияти бу йилги мавсум ўйинларини ўтказиб олганидан, ўзидан, ўз ишидан мамнун. Бу йилги чемпион жамоа раҳбарияти мавсум ёпилгач, хурсандчилик қилади. ТВда чиқишлар қилади. Журналистлар тортишиб, баҳслашиб номинациялар бўйича энг яхшиларни танлаб беришади. Ишқибозларимиз “Пахтакор” трибуналарини йил бўйи бўш қолдириб бу танловда ўз сўзини айтиб бўлишган, ўз баҳосини бериб бўлишган. Бу аҳвол, бу баҳо ҳам ҳеч кимни ўйлантириб қўймайди. Энди журналистлар Еврофутбол тарғиботига шўнғиб кетишади. Ўз футболимиз ҳақида ўткир сўз билан аччиқ ҳақиқатни ёзиб мақишади? Раҳбариятнинг мудроқ халовати бузилса, ўзларига ёмон бўлади. Футболимиз ҳар томонлама туб ислоҳотга муҳтожлигини ҳеч ким хаёлига келтирмайди. Футбол раҳбарияти тинчлик, халоват бузилмасин, дейишмоқда. Қизғин баҳс, ўткир мунозара истасангиз, мана Еврофутбол бор, дейишмоқда. Юрт кўзидан ўз ҳаётини етти парда билан тўсиб олишган. Биз шунга кўникиб юрибмиз. Йиллар бирин-кетин шундай бир хил тарзда йўлсиз ўтиб бормоқда. Умр ўтмоқда.

Лекин Сизу биз бормиз. Умид бор. Ватан бор. Ватан деганда, юртимизни, шаҳримиз ё қишлоғимизни, кўчамизни, маҳалламизни ўйлаймиз. Ва албатта, бизни стадионга чорловчи, ёшу-қари, бою-гадо барчамизни бирлаштирувчи футболимизни ўйлаймиз. Шундай экан, Сизлар билан хайрлашмайман. Стадионда учрашгунча соғ-омон бўлайлик. Бирга бўлайлик. Доим бор бўлайлик.

28.11.2016й. Ҳасанали-отангиз ёздим.

Киритилган сана: 29.11.2016 17:32. Ўкилди: 9118 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:13. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:13. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:11. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:11. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 16:59. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 16:59. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


GREATUNITED
Сана: 30.11.2016 09:47. GREATUNITEDга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


GREATUNITED
Сана: 30.11.2016 09:46. GREATUNITEDга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


MUSTAFIN
Сана: 30.11.2016 09:42. MUSTAFINга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.