Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Биз (футбол ҳаётида) Ўзбекистон бўла олайлик-3

Баҳо:
+0; -0

Бугун тонгда терма жамоамиз Баҳрайнга учиб кетди. 3 октябрда машғулотлар “Пахтакор”да ёпиқ ҳолда ўтди. Мени стадионга киргазишмади. Машғулотлар тугашини остонада кутиб, йигитларимизга ғалаба тилаб қайтдим. Санжар билан кўришдим. Ушбу мақоламни ўқимаётган экан. Асқар Толибжонов мени Абай кўчасигача мошинаида элтиб қўйди. У ҳам мақолалар ўқимас экан. Ошпаз овқат таъмига тўйиб қолганидек, мутасаддилар футбол “таъми”га тўйиниб юришади. Бунинг устига сафар олдидан уларнинг ташкилий ишлари жуда кўпайиб кетган. Улар футболимиз хизматчиларидир. Термамиз ўйинидаги камчиликлар билан қайғуриб юришмайди. Ўз зиммасидаги вазифани бажаришади. Асқаржон машғулот тугаш пайтига етиб келди. Депутатлик хизмати билан банд экан. Бабаян ёнида юргани йўқ. Кундалик ишлар билан унинг кунлари ўтиб бормоқда.

ФУТБОЛ ҲАРОБАСИДАН ЧИҚИШ ЙЎЛИ.
Мен ўзимга ўзим қарши гапирдим, сездингизми, азизларим? Иқтисодиётимиз табиий ўзанига қайтгач, ҳар бир пайраха ўз эгасини топгач, ҳамма учун иқтисодий эркинлик жорий этилгач, саноат, ҳунарот, тижорат, зироат ривожланиб бормоқда дедим. Ундай бўлса, нима учун футбол клубларимизни хусусийлаштиришга қарши бўлмоқдаман? Мантиқ қани? Бундай тушунмовчиликни тушунтириш учун тарихдан мисол келтираман. 2-жаҳон урушидан кейинги вайронагарчиликни бартараф қилиш Совет давлати учун нисбатан мушкул иш бўлмаган. Чунки барча корхоналар давлатга бўйсиниб, давлат мулки бўлиб, бир мақсадга йўналтирилган эди. Госплан энг муҳим ишни бажарган. Ғарб давлатлари ҳам шу йўлдан боришди. Аденауэр лойиҳаси бўйича катта гигантлардан ташқари барча корхоналар давлат мулкига айлантирилди. Шаҳарларни вайронадан олиб чиқишни давлат ўз зиммасига олди. Акс ҳолда ҳар бир хусусий корхона эгаси ўз даромадини ўйлаб, кўрпани ўзига тортиб, ўзим бўлай деб фаолият юргазишидан Европа давлатлари уруш ҳаробаларидан 50 йилда ҳам қутула олмас эдилар. Вайроналар тезда бартараф этилгач, барча мол-мулк акциялари халққа сотилиб, мол-мулк қайта хусусий қилиниб, иқтисодиёт табиий ўз йўлига қайтарилди. Манфаатдорликни, даромад кўриш заруратини тараққиётнинг таянч-тирсаги деб билишар эди-да.

Биз мустақилликка эришиб савдони хусусий қилган кунимизнинг эртасиёқ дўконларимиз мол билан тўлиб кетди. Ҳунармандлар ҳам шундай бўлди. Енгил саноатни хусусий қилиб, ривожланиш йўлига қайтариш учун анча йил керак бўлмоқда. Оғир саноат ҳам давлат қарамоғидан аста-секин чиқарилмоқда. Мақолам сабабчиси футбол эса, енгил соҳа, оддий бир ўйин бўлса-да, давлат томонидан бошқарилмоқда. Нима учун?

БЕРЛУСКОНИ ҲАРОБАТИ
Аввал шуни тан олайликки, юртимиз учун замонавий футбол тизимини инфраструктураси билан бирга фалончи бой эмас, Давлат ярата олади ва яратмоқда ҳам. Майдондаги ўйин тараққиётига ҳам давлат номидан кимдир бош бўлиши керак. Иккинчидан, футбол хусусий бўлган тақдирда ҳам ҳали-бери даромад келтирмайдиган соҳадир. Қатарлик бой Носир ал-Хелайфий “ПСЖ”ни даромад топиш учун сотиб олгани йўқ. Дунёга довруғ солиш учун олди. “Зенит” аслида халқ мулки бўлган ер ости захираларини хусусий мулк қилиб олган бойларга юклама қилиб берилган. “Зенит” Халк каби ўйинчиларни ўйнатиб, Виллаш-Боаш, Спалеттиларни мураббийликка ёллаб юқори савияли ўйин кўрсатмоқда. “Зенит” эгалари шунча бойликни сарф қилиб, бирорта рус иқтидорини кашф этдими? Йўқ. “Зенит” футбол мактабини яратдими? Йўқ. (Бесков “Спартак” ўйин мактабини ярата олган эди.) Бугун пул келмаса, “Анжи”га ўхшаб эртасигаёқ “Зенит” ному нишонсиз йўқ бўлади. Унинг йўқ бўлиб кетмас, ҳеч ўчиб кетмас ўзаги борми?

Биз қуруқликнинг олтидан бирини қамраб олмаганмиз. Биз бу йўлдан юрмаймиз. Вақти соати келса, бизнинг футбол ҳам ўз оёқларига туриб олгач, хусусий бўлар, акциялари сотилар. Лекин ўша кун келиб Олмон футболига ўхшаб бизда ҳам акцияларнинг ярмидан кўпига давлат эгалик қилишини маъқул кўрамиз. Шундай қилсак, “Милан” эгаси бўлган Берлускони молияси ҳароб бўлиши билан “Милан” ҳам ҳароб бўлганидек ҳолат бизда юз бермайди. Ҳозир нима бўлмоқда? Футбол тараққиёти давлат қўл остида бўлса-да, клублар тақдиридан ўзимизни четга олиб, уларни ҳомийлар қўлига топшириб қўйдик. Клублар орасидаги мусобақалар тизимини ЎФФга топширдик. У эса, ўз навбатида футболимиз тақдирини ПФЛга топшириб, ўзи фақат терма жамоалар билан шуғулланмоқда. Аслида футбол тараққиётини терма жамоа эмас, клублар ва ички мусобақалар белгилаб беради. Яъни клублар тақдирига қўшиб футболимиз тақдирини ҳомийлар белгилаб бермоқда. Лекин шуни билингки, ҳомий бутун ўзбек футбол баданига кўрпа ёпмайди. Кўрпани ўз клубига тортади. Бу табиий ҳол. Фақат термаларни ўйлаган ЎФФ рабариятига ва масъул давлат арбобига айтар гапим бор. Клублар аҳволи ва ички мусобақамиз биз учун энг муҳимдир. Ўзбекистон Темирйўллари бутун ўзбек футболига раҳбарлик қила олмайди. Ундай қилса, ЎФФни ҳам унга топшириб қўйган бўлармидик.

ТАШХИС ҚЎЙИШ
2007 йил Ироқ Осиё кубогини ютди. Бу билан Ироқ футболи Осиёда биринчи бўлгани йўқ. Ўз жойида қолди. Аднан Ҳамад лавозимидан кетиши билан Ироқ термасининг ўйини ҳам пастга шўнғиди. Осиё чемпиони бўлгани билан Ироқ термаси юрт футболини ўстира олмаган эди. ЎФФ раҳбарида, ё давлат арбобларида футболимиз равнақи бўйича 5 ё 10 йилга мўлжалланган режа борми? Қайси йўлдан кетмоқдамиз? Ким билади? Футболимиз Аденауэри ким? Футбол соҳасида ҳозир киммиз, беш йилдан кейин ким бўламиз? Боя айтганимдай, ҳалигача аниқ бир стратегия ишлаб чиқилгани йўқ. Пойма-пой, бир манзилга йўналмаган бири бошқасини рад этувчи қадамларни қўймоқдамиз. Мана мисол.

Бизда таниқли шахс иродаси билан “Қурувчи” клуби пайдо бўлган эди. Жуда катта пуллар эвазига дарров олдинга чиқиб олди. Четдан келган юлдузлар эвазига неча йил чемпион бўлди. Лекин шу билан бирга ўзбек футболининг ривожига ҳеч қандай хисса қўшмай бўғилиб қолди. Чунки, бир неча ўн баробар кўп пуллар сарф қилиниб бир неча баробар кучли ўйинчилар билан ҳамма клублардан бир калла устун бўлиб олган эди. Бошқа клублар бунчалар кўп сармоя тикадиган бой одамни топа олмас эди-да. “Қурувчи” ё ўзига ўхшаб ташкил топган, ўзига тенг кучли клубларга эга Россия чемпионатига ўтиб кетиши керак эди, ёки бутун ўзбек клубларини ўзига тенглаштириши керак эди. Ўша бой “Бунёдкор”ни ўз мулки деб билар эди. Хусусий мулкчилик нима дегани? “Ўз этагим — ўз этим” дегани. Ўз элим, ўз юртим дегани эмас. Юрт футболини ким ўйлайди? Клуб ўз вақтида Россия андозасидан воз кечди. Бу нимага мисол бўлади? Фалончи бой довруғ йўлида бир клубга тиккан жуда катта пуллари футболимиз ривожига ҳеч қандай ҳисса қўшгани йўқ. Ристич, Пишчур, Трифунович футболимизда қандай из қолдиришди? Ҳеч қандай. Озмунча пул сарф қилинмади. Ахир у муҳтарам Зот бу пулларни Чилининг мис конларидан олиб келгани йўқ эди. Бу моддий бойлик ўзбек халқининг қўли билан яратилган эди. Бу пуллар осмонга учиб кетди. Бу нима дегани? Қандай хулоса чиқара оламиз? Қадамларимиз пойма-пой, пала-партиш бири тоққа қараб, бири боққа томон қўйилмоқда деганими?

КИМГА НИМА КЕРАК, БИЛАСИЗМИ?
Бизнинг клублар давлат сармояси эвазига фаолият олиб бормоқда. Йўқ, нотўғри гапирдим. Даромад кўриш мақсадида бирор режа, тадбир, лойиҳага сармоя қўйилади. Сармоя даромад келмайдиган соҳага қўйилмайди. Сармоя фанда инвестиция дейилади. Давлат номидан бу клублар нисбатан ўзига тўқ корхоналар қарамоғига юклама қилиб, уларнинг ихтиёрига топширилди. Бирор клуб ҳомийси мусобақа тизимини ўзгартира олмайди. Буни истамайди. Бунинг унга кераги ҳам йўқ. Хусусийликдан баттар ҳолат содир бўлди (ушбу сўзларимни кейинроқ шарҳлаб бераман). Натижада биз қандай манзарага маҳлиё бўлиб турибмиз? Мисол учун “Локомотив” бир йилда 30 млрд сўм бюджетга эга бўлса, “Сўғдиёна” ҳомийлари клуб учун фақат 3 млрд сўм ажрата олишади, холос. Фарқни кўряпсизми? “Сўғдиёна” мураббийи Даврон Файзиев жадвал охирида жон сақлашга олдиндан маҳкум бўлган мураббийдир. Бу нима дегани? Бу бизнинг чемпионат маломат дегани, жангсиз, рангсиз ҳолатга айланиб қолган ҳаммамизга маломатдир. Жангсиз чемпионат, келин-куёвсиз тўйга ўхшайди. Ҳамма еб-ичиб кетади. Йўқ келин йўқ куёвга тегиб бахтли ҳаёт кечиришларини тилашади. Еб-ичиб ўтирганидан ҳамма ҳурсанд. Бу ҳолатдан ким масхара бўлмоқда. Ишқибозларми ё футболми? Масхара ижодкорлари кимлар? Бундан ким манфаатдор бўлмоқда? Нима учун бунга қарши ҳеч ким чора кўрмаяпти? Жанг бўлмаса, жамоа ўйини ўсмайди. Футболчилар маҳорати ўсмайди. Клуб мавқеи, жадвалдаги ўрни — ҳаммаси олдиндан маълум экан, мураббийларимиз савияси нима учун чет элдаги ҳамкасбларидан кучсиз дейишимизга, нима учун биздан Курбон Бердиев чиқмаяпти дейишимизга бало борми? Ҳаммаси равшан. Шквирин кучлими ё Абрамовми? Балким иккаласидан “Сўғдиёна” мураббийи Даврон Файзиев кучлироқдир? Ахир унга чемпион бўлиш имконияти олдиндан йўқ қилинган-да. Қандай қилиб ўзини кўрсата олсин. Ўзимиздан чиқажак Конте, Симеоне, Куман каби мураббийларимизга сохта чемпионатимизда эҳтиёж йўқ, талаб йўқ. Шунинг учун Кумиков, Демяненко, Григорян бизда ишлаб қолишмади.

Мисол келтираман. Биринчи даврада совринни мақсад қилган “Олмалиқ” ўз уйида “Локомотив”га қарши ўйинда ҳақиқий жангни кўрсатган эди. Соврин эгалари бугунги кунданоқ ҳаммага аниқ бўлгач, ўша жанговорликдан зиғирча қолмаган “Олмалиқ” жамоасини кўрдим куни кеча ТТЗ стадионида. Шундай жангсиз ўйинларда Диёр Туропов каби ёшларнинг иқтидорини эсон-омон ўлдириб бормоқдамиз. Бизда Сергеев ҳам Сергеевлигича қолади, Мюллер бўла олмайди.

“Олмалиқ”дек жуда жиддий жамоа шундай ўйнаса, бошқаларни гапирмай қўя қолайлик. Нима қилмоқ керак? Бу саволни футболимизнинг тараққиёт масъулиятини бўйнига олган давлат арбоби ва ЎФФ президенти ўзига ўзи берсин экан ва унга ўзи жавоб изласин экан. Футболимиз тараққиётини мулкдор бойлар эмас, халқ номидан давлат арбоби белгилар бўлса, унинг ўзи режа тузиб ислоҳотлар қилиб, янги футбол тизимини яратайин десин экан. Мендек ишқибозлар эмас. Чунки буни фақат давлат ярата олади. Фалончи бойлар эмас. Сизу бизга ўхшаган ишқибозлар ҳам эмас. Нега улар жим? Давлат арбобига ислоҳотнинг кераги йўқми?

12ТА ЖАМОА МАДҲИ.
Юқори лигасида бор-йўғи 10та клуби бор бўлиб, кучли чемпионатга эришган, кучли терма жамоага эга бўлган давлатлар бор. Келгусида ислоҳотлардан кейин олий лигамизда 12та клуб қолсин дейман. Нима учун? Ҳозир 16та жамомиз бўла туриб, чемпионатимиз савиясини 6та жамоа белгилаб турибди. Қолганлари еб-кетарга келган меҳмонларга ўхшайди. Улар рақобатлашишни хоҳлашмайди. Уларнинг бори, йўғи ҳеч кимга билинмайди. Йиллар оша улар совринга умуман даъво қилишмайди. Улар Олий лигани тарк этиш хавфидан узоқроқ турсак бўлгани, дейишади. Бундайлар 10та бўлгани бизга кўплик қилмайдими? 12та жамоалар учун ОФК талабларига жавоб бера оладиган инфратузилмани яратиб беришимиз, бизга осонроқ иш эмасми? “Сўғдиёна” Тошкетга тиббий ходимларисиз келган эди. “Пахтакор” дўхтири уларнинг футболчиларига майдонда тиббий ёрдам бергани эсимда. Ўйиндан сўнг “Навбаҳор” ўйинчилари уйга кетолмай Қўйлиқ “петагидан” енгил мошиналар келишини кутиб, тунда стадион четида қолиб кетишгани эсимда. Уларнинг ўз автобуси ҳалигача йўқ экан. Кўрпага қараб оёқ узатсак тўғри бўлмайдими? Олий лиганинг 12та жамоасини ўз номига мувофиқ олий даражада таъминлаб қўяйлик. Майли, талаб қила-қила, иштирокчилар сонини камайтириб уларнинг моддий таъминотини кучайтирдик дейлик. Бу билан рақобат ўзидан ўзи кучайиб қоладими? Йўқ.

БАРАКА ТОПИШ НИЯТИ.
Чемпионат форматини ҳам ўзгартиришимиз керак. Ҳозирги икки даврали классик тизимга бизнинг футбол тайёр эмас. 5-10мавсум давом этадиган мусобақамизнинг бошқа бир форматига ўтиб турайлик ва мақсадга эришайлик. Кейин классик тизимга қайтармиз. Бошқа масала бор. Мавсумда 40та ўйин ўтказмасдан туриб мусобақа ритми футболчи маҳоратини муттасил ўстириб боришга етмайди, дерсиз. Камлик қилади, дерсиз. Албатта шундай. Мусобақамиз икки босқичдан иборат бўлсин. Ҳар босқич икки даврали бўлсин. Биринчи босқичда икки давралик тизимда, уй-меҳмон тизимида ҳар бир жамоа 22та ўйин ўтказади. 1-6 ўринни эгаллаган жамоалар иккинчи босқичда совринлар учун 2даврали ўйинларда курашадилар. 7-12ўринларни эгаллаган жамоалар 2-босқичда олий лигада қолиш учун кураш олиб борадилар. Иккинчи босқичда барча жамоалар 0очко билан курашни бошласинлар. Шундай қилсак, 1-3ўринларни эгаллаб турган жамоалар учун ҳам, 7-9 ўринларни эгаллаб турган жамоалар учун ҳам очко йўқотишнинг қўрқинчли маъноси қолмайди. Чунки иккинчи даврада кураш 0 очкодан бошланади. Демак, хамма очко йўқотишдан қўрқмай ҳужумкор ўйин қила бошлайди. Ўшанда 17 яшар иқтидорли ёш ўйинчиларни майдонга тушириш таваккалчилик бўлмайди.

6-ўрин учун ҳам қаттиқ жанг кетади. 6- ўринни эгаллаган жамоанинг олтин олиш имконияти ҳамма билан тенг бўлади. Шквирин ё бошқалар ўз йигитларини жангга қандай қилиб чоғлантирай деб қийналиб юрмайди. Йил бўйи ўйинлар жанговор руҳда ўтади. Йил сайин совриндорлар номи янгиланиб туради. Истеъдодли мураббийлар порлаб чиқади. Иккинчи босқичда ҳар бир жамоа яна 10та ўйин ўтказади. Олий лигада қолиш учун ҳам иккинчи босқичда кураш 0 очкодан бошланади. Бу йил таркиб ва ўйин борасида катта изланишлар қилаётган “Динамо” ва “Бухоро” каби жамоалар олий лигани тарк этишга олдиндан маҳкум бўлишмайди. 6-9 ўринни эгаллаган жамоалар беғам ўйнаб, очко улашиб юришмайди. Чемпионатимизда криминоген ҳолат йўқолади. Ўйин сотишдан ҳеч ким манфаат топмайди. Барака топмайди.

Бугунги футболимизда бир нуқсон бор. Бизнинг жамоаларимиз 90 дақиқа давомида матонат кўрсата олишмайди. Ўйин тақдирини олдинроқ ҳал қилиб, қолган вақтда “ўйин” кўрсатишмоқда. Бу аҳволимиз ОФК ўйинларида бизга панд бермоқда. Бу аҳволни йўқотиш учун, охирги сониягача жанг қилишни ўрганиш учун мусобақа форматида бошқа бир ўзгаришни амалга оширайлик. Яъни иккинчи босқич тугагач, финал ўйинларини ўтказайлик. 1-4 ўринни эгаллаган жамоалар учун ярим финал ва финал ўйинларини ўтказайлик. Охирги сонияларгача ғалаба учун жанг қилайлик. Ғолиб шунда аниқлансин. 4та тўқнашувдан иборат бўлган бундай байрамни ҳар йили ҳар хил шаҳарларда ўтказиш мумкин бўлади. 11 ва 12- ўринни олган жамоалар биринчи лигадаги 1 ва 2- ўринни эгаллаган жамоаларга жой беришади. 9-ва 10- ўринни эгаллаган жамоаларнинг ҳар бири биринчи лигадаги 3 ва 4-ўринни эгаллаган жамолар билан 2тадан ўйинда тўқнашиб, жанг қилиб, олий лигада ўйнаш имкони учун курашади. Охирги ўринни олганлар биринчи лигага равона бўлишади. Бундай мусобақа тизимини вақтинчалик чора деб биламан. Энди бошқа бир ҳолатни кўриб чиқайлик.

ҚУМГА СИНГИБ КЕТИШ
Рўзиқул Бердиев “Локомотив”га ютқазганидан сўнг матбуот анжуманида “бизда тенг кучли иккита таркиб йўқ. Мавсум давомида бир таркиб билан ўйнаб футболчилар зўриқиб қолмоқда”, деган эди. Тағин бир гап бор. Жаҳон юзини кўрган ўсмирларимизу ёшларимиз ўз жамоаларида асосий таркибдан жой ола билишмаяпти. Мураббийда ўйин амалиётига эга тенг кучли ўйинчилар йўқ. Ёш ўйинчида эса ўз ўйин амалиётини ошириб бориш учун асосий таркибдан жой йўқ. Бу ҳолатни эслаб қўйинг. Иккинчи ҳолатни кўриб чиқамиз. ФИФА кунлари жамоаларнинг ўйин амалиётида ритм бузилиб, ўзлари эндигина созлаб қўйган ўйин тасвирини йўқотиб қўйишмоқда. Оқ иштон-кўк иштон бўлиб ўзаро ўйнаш ҳам, “Оқ-тепа” ё “Обод” билан ўртоқлик ўйини ҳам керакли рақобатни ярата олмайди. Иккала ҳолатга ҳам даво бўладиган бир чора бор. Демак биз яна бир ё икки кубок ўйинларини ташкил қилишимиз керак. Бу музофот ё ўлка кубоги деб номлансин, майли. Бу ўйинларда жанг бўлади-ю, босим бўлмайди. Иккинчи таркиб, яъни ёшлар билан тажрибали футболчилар биргаликда эркин, очиқ ва муросасиз жанг қилишини кўрамиз. Бундай ўйинларда мураббий янги ўйин моделларини синовдан ўтказиб олиши мумкин. Таниқли футболчиларни янги амплуада синаб кўриши мумкин. Ва ҳоказо. Ва ҳоказо. Англияда 3та кубок ўйини бор. Бошқа давлатларда ҳам шундай. Бизда нега бундай эмас?

Бу мисолларни келтириб, нима демоқчиман. ПФЛдаги мутасаддиларимизга қанчалар илтижо қилманг, ҳеч нарса ўзгармаслигини наҳотки билмасам. Ман қанчалар янгиликка интилмай, қанчалар куюнмай, изланмай менинг бу изланишларим Магометов олдида қумга сингиб кетгувчи сув оқимидай бўла беради. Магометов миллион-миллион ўзбек ишқибозлари тикилиб турган футбол ўйинига иккинчи қаватда жойлашган ўз кабинети ойнасидан тепадан паст томон қараб туради. Бу манзарага базўр чидайман. На илож? Ҳаётда чалалик ёмон. Чала эмас, бутун бўлай деб бошлаган гапимда давом этаман. Давомини эшитинг.

БОШПАНА ИЗЛАШ ҚИСМАТИ
Мен футболимизнинг оммавийлигини ошириб, географиясини кенгайтириб мақсадга эришамиз деган эдим. Ўзим эса, 4 жамоа учун, 4 шаҳар учун олий лига эшигини ёпмоқдаман. Ҳозир бахтсизлар бир йил ёки ундан кўп муддатга биринчи лигага ўтишади. Олий лигага қайтишни қамоқдан қутилмоқ бўлган кишидай орзу қилишади. Бошқа шароитни, эътиборсизлигу қадрсизликни, паст савияни, чангиб ётган майдонларни, ариқ бўйида ечиниб кийинишни кимам хоҳлайди, дерсиз. Биринчи лига жамоалари ҳеч кимга керак эмасдай, “ташландиқ детдом” боласига ўхшаб қолгандай, кимнингдур эҳсонига, эътиборига тикилиб туришади. Энг ёмони шуки, бундай ҳолга кўникиб рози бўлиб юрганлар бор. Ҳеч нарсани орзу қилмай қўйганлар бор. Олий лигага чиқишни исташмайди. Агар мусобақани ютиб қолишса борми, таркиб ўзгартирилади. Ўз ўйинчилари ишсиз қолиб янги жамоа излашга мажбур бўлишади. Курашни ютган йигитлар ўрнига олий лига ўйинларида тажриба тўплаган кўчманчи, учиб ўтувчи қатор футболчилар билан таркиб тўлдирилади. “УзДонгЖу”ни олий лигага олиб чиққан Ислом Аҳмедов ўз ўйинчиларига ишониб, уларни ўйнатиб бир йилдаёқ орқага қайтган эди. Чунки биринчи лиганинг ўйин савияси олий лигадан кўра жуда паст даражада. Олий лига иштирокчисига керак бўладиган харажатларни қоплайдиган молияни берувчи ҳомийни топиш улар учун жуда мушкул иш бўлмоқда. Шунинг учун улар олий лигага чиқишни исташмайди. Даҳшат. ЎФФ раҳбарияти клубларни, яъни боласини етим қолдириб кўчага итариб юборгандай иш тутмоқда. Ваҳшат. Улар ўз ҳомийларини, яъни бошпанасини ўзлари топишлари керак бўлмоқда. Ҳақорат. Раҳбарларга шу маъқул. Раҳбарлар ҳеч нарсани ўзгартиришни хоҳлашмайди. Ўзбек футболи шундай таҳқирланган ҳолатга муносибми? Бу аҳволда Бразилияни, Москвани орзу қилишимизга бало борми. Эски кулба фасадини евроремонт қилиб қаср кўринишига олиб келишдек гап эмасми бу? Ачинарли ва кулгили ҳолат.

Мен биринчи ва иккинчи лигани кучайришимиз шарт деган эдим. Қандай қилиб? Нега бу аҳволни кўриб турган мутасаддилар ер чизмай, қизармай тепага қараб жим туришибди? Нега бундай саволни ўзларига беришмайди? Нега? Менинг таклифим шундай: Биринчи лигада иштирокчилар сонини 12тагача камайтириб, уларнинг молиявий таъминотини ошириб мусобақани кучайтирайлик. Мусобақа ўтказишда моддий техник таъминот муҳим омил саналади. Буни ҳамма билади. Биринчи лига клубининг йиллик буджетини олий лигага яқинлаштирайлик. 12та жамоа учун, уларга яхши инфратузилма яратиш учун имконият топиш мумкинку. Ҳозирги кунда футболимизга сарф қилинаётган маблағни тўғри тақсимлаб, 24та жамоани яхши даражага олиб чиқишимиз мумкин ва шарт. Бошқа йўл йўқ.

Таклифларим бўйича футболнинг оммавийлигини йўқотиб, вилоятларда футбол мусобақаларини йўқотиб юбормаймизми, дерсиз.

ЗОТ ҚЎЙГАН ЮТАДИ
Иккинчи лига ўйинларимизни ярим профессионал қилиб, қўшимча учинчи лига ҳаваскорлар мусобақасини ҳар бир вилоятда ташкил қилайлик. Англия футболида олтита лига мавжуд экан. Биласиз, қуйи лигамизда йўл харажатлари муаммо бўлмоқда. Ҳар бир вилоятда, ёки музофотда, яъни воҳа ёки водийларда алоҳида, масалан Сурхондарё ва Қашқадарё учун бир, Фарғона водийси учун бир, Самарқанду Бухоро учун бир, Қорақалпоғистону Хоразм учун алоҳида яна битта ярим профессионал иккинчи лига мусобақаларини ташкил қилайлик. Туманлари билан биргаликда ҳар бир шаҳарнинг ҳаваскорлар чемпионатини, яъни вилоят биринчилигини, яъни учинчи лига мусобақаларини ташкил қилайлик. Чироқчининг Қўшали, Талоқтепа қишлоқларида биронта тўй футболсиз ўтмаётибди. Тўй эгаси зот қўймоқда. Данғара тумани Урганжи қишлоқ футбол майдонида ҳар йили футболга ғаройиб инсон, жонкуяр ишқибоз бўлган Эгамберди миробга бағишлаб ҳар йили хотира мусобақаси ўтказилади. Бундан вилоят федерацияси бехабар. Мана сизга оммавий халқ футболи. Ҳар бир қишлоқда футбол майдони бўлсин. Ўз футбол мусобақаси бўлсин. Ҳар бирида вилоят футбол федерациясидан бир вакил бўсин. Изланиш майдони ҳамма учун бепоёндир. Истак ва ният бўлса бўлгани. Ўз қишлоғига ва футболга садоқати, оқибати бўлса бўлгани, иш топилади.

Оммавий футболни яратиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаётибди. Вилоятларда ҳеч қандай маблағ талаб қилмайдиган ишлар ва тадбирлар жуда кўп. Оммавий футбол учун алоҳида бир лойиҳа бўйича ҳеч ким ҳеч нарса қилмаяпти.

Азизларим, энг муҳим мавзу молиявий ислоҳотлар қилиш мавзусидир. Келинг, кейинги сонда учрашиб бу ҳақда гаплашайлик. Бугун чемпионатимизни таҳлил қиламан деб куним ўтди. Саҳифаларда учрашгунча соғ-омон бўлайлик.

Киритилган сана: 01.11.2015 15:29. Ўкилди: 9637 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.