Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Нодиржон Маматқуловга очиқ хат (1-қисм)

Баҳо:
+1; -0

Нодиржон, инимсиз ё оғамдирсиз. “Интер Футбол”нинг 9-сони 22-бетида “Муаммолар ечими” номи билан босилиб чиққан мақолангизни ўқиб чиқиб, ўзимга дардкаш одамни топгандай бўлдим. Мен ҳам Сиз каби ўзбек футболининг бугунги аҳволидан чуқур қайғудаман. Демак ёлғиз эмасмиз, камида икки кишимиз. Бир биримизга далда бўлайлик. Газета саҳифасида бўлсин, ё монитор бетида бўлсин, юртдошингизни, фикрдошингизни учратсангиз, одам дили яйраб кетар экан. Футбол ишқибозидай дардман одам ҳаётда бўлмайди. Уй-рўзғор камчилигидан дард чекмаса-да, футболдаги камчиликлардан қайғуга ботади, изтироб чекади. Футболнинг ишқибозлари жуда кўп. Футбол уларни шаҳарлар оша, юртлар оша бирлаштиради. Сиз Жиззах вилоятидан туриб газета саҳифасада дардларингизни менга айтдингиз, мен Тошкентнинг Янги-ариқ маҳалласидан туриб Сизга ҳамдардлик билдирмоқдаман.

УЛАРНИ НИМА ДЕБ АТАЙЛИК
“Жамоалар кўпайдими, демак, ўткинчи ўйинлар ҳам кўпаяди. Нима қилмоқ керак? Янги мавсум стартга чиқишидан один кейинги йили 12та жамоа қолишини эълон қилиш керак.”деб ёзибсиз. Тўғри айтасиз. Мавсум сўнгида эмас, бултурги номақбул, балким ноилож бўлган Қарорга ўхшаб мавсум сўнгида эмас, балким, шу кунлари эълон қилиш керак. Ким эълон қилади? Сизми, ё Матмуса тажанг эълон қиладими? Фарҳод Магометов, ё Сардор Раҳматуллаев эълон қиладими? Ҳом ҳаёл бўлманг. Туянинг думи ерга тегса тегадики, тепадан буйруқ келмаса, чемпионатга янгилик киритишмайди. Амалдорлардан ҳеч бир кимса ёзган гапларингизни ўқиб, Сизга ҳамфикр бўлиб, ислоҳатлар йўлида кимдир билан бирлашиб чемпионатимизда янгилик яратаман демайди. Клуб амалдорларичи? Улар ҳам бир гўр.
Футбол ичидагилар бир-бирига биз каби ҳамдард бўлишмайди. Футбол улар учун фахр ё изтироб эмас, балки оддий иш, даромад, тирикчилик холос. Ишни деб ҳеч ким қайғуга ботмайди. Мабодо, футболда иши юришмай қолса борми, улар футболни дарров унутиб бошқа соҳада тирикчилик қилишади. Аслида, бундай воқеани кам эшитамиз. Жамоадан жамоага Гессга ўхшаб, чигиртка сакраш қилиб юрганларни эса кўп эшитганмиз. “Андижон” клубининг собиқ президенти Фозил Мирзаевнинг футболдан четга чиқиши одатдан ташқари ҳолат бўлган. Назаримда, футбол амалдорларини ўйинларимиз савияси унчалик қизиқтирмайди. Амалдорга қолса, унинг жамоаси ўйинларни “ўйин қилиб” бўлса-да, ўзи учун мос келган кучли учликка, бешликка, кучли еттиликка кўтарилиб мавсумни якунласа, бўлгани. Шунда клуб раҳбарлари безовталикни билмай, хотиржам яшай беришади. Бундай “хотиржамлик”ка эришиш учун майдон ташқарисида катта “ўйин”ларни қилишса ҳам, майлига дейишади. Энди клублар сони 16та бўлгач, “кучли ўнлик” деган ибора ҳам пайдо бўлади. Бундай футболдан безиб, кўнгли озиб, ишқибозларнинг жамоадан юз ўгириши билан, стадионларга ҳеч ким келмай қўйиши билан уларнинг иши йўқ. Уларга барибир. Уларнинг маоши бунга, яъни чипта сотишга боғлиқ эмас. Уларни Ҳомийлар текинга боқади. Уларнинг “тиришқоқ”лигини ҳомийлар кўрса бўлгани. Ишқибознинг кимга кераги бор. Футбол ҳомийлар пулига яшайди, ҳомийлар учун майдонга тушиб футбол ўйналади. Ишқибозлар учун эмас. Бизнесс ишлари энг яхши қилиб йўлга қўйилган “Пахтакор” клуби Бабаяннинг эътирофи бўйича, ўз харажатларини фақат ўн фоизга қоплар экан. Бу гап Олий лиганинг ҳамма жамоалари боқимандадир, дейишимга сабаб бўлади. Ҳомийнинг қўлига қараб яшаш мағрур кишини ночор аҳволга солиб қўяди. Футболдагиларни эмас. Оддий сомсапаз ўз тандирига-ю, ўз кўмирига эга, ўз сомсасига-ю ўз мижозига эга. Футболчининг ҳеч нарсаси йўқ. Бундан қайғурмай бир томондан ўзининг ночор, бедаво аҳволига рози бўлиб юрса (масалан, футбол соҳасида алифни калтак деёлмайдиган пулдор ҳомий ўйиндан кейин ечиндимхонага кириб, ўшқириб, ҳаммангни ишдан ҳайдайман деб, бераётган пулини писанда қилиши мумкин), иккинчи томондан футболимизнинг бундайин абгор аҳволига хотиржам қараб юради. Бундай мутахассисларни юзига эшшак терисини қоплаган боқибеғам десак бўладими, ёки улар футбол олдида, ишқибозлар олдида дардсиз кесак бўладими?
КЛУБЛАР ЧЕТДА ТУРСИН
Биринчи лиганинг аҳволи ҳам ҳеч кимни қайғуга солмайди. Олий лигадаги ўйинлар савияси ҳам. Осиёга чиқиб майдон ташқарисида эмас, яшил майдон устида ўйин кўрсатиш керак бўлиб қолганда, чет элда келишувлар қўлдан келмагач, бир нимани ўйлаб қолишади. Олдин битта жамоани, кейин иккита жамоани, кейин учта жамоани кучайтириб олишди. Қолганига орқа ўгириб туришибди. Масалан, бу йил “Навбаҳор” автобусга эга бўлишни орзу қилмоқда. Узоқ йили “Гулистон” жамоаси йўқ бўлиб кетди. Улар гранд жамоалар эмас-да. Бошқаларнинг орзу-эҳтиёжини гапирмайлик. Аксарият жамоаларнинг аҳволи шундай. Ваҳоланки, ҳақиқий истеъдод 4та жамоада эмас, олис қишлоқларимизда туғилади. Ўзимиздан чиққан истеъдодларни етиштириш ўрнига грандларимиз четдан келган ўйинчилар эвазига кучайиб, ОЧЛга чиқишмоқда. Улар ҳам чемпионатимизда ҳақиқий жангларни кўрмагани учун ўша ўйинлардан шарманда бўлиб қайтишмоқда. Бундай шароитда, клублар четда турсин, дегувчи раҳбарлар терма жамоаларда натижа кўрсатсак, бўлгани дейишмоқда. Ҳозир ҳамма эътибор терма жамоаларимизга қаратилган. Ички чемпионатимизга эмас. Ўшалар, яъни U-16, ё U-19лар бир нима кўрсатишса борми, бир йил амалдорлар бир-бирига қарсак чалиб юришади. Мана U-15лар ҳам сафга қўшилишди. Кейинчалик бу ёш ғолиблар клублар сафига қўшилиб, оддийгина Тўраев ё Махситалиев бўлиб юришидан ҳеч ким қайғурмайди. Ўз вақтида эътибор қозониб, эътирофга сазовор бўлишган, шунинг ўзи уларга етади, дейишади. Ҳозир Сардор Рашидовни Одилнинг орқасидан четга жўнатиб юбориш пайида ҳаммамиз юрибмиз. Чунки ўз ўйинимизда, ўз уйимизда димиқиб бу истеъдод беш йилдан кейин Шаҳбоз Эркинов, ё Таран бўлади. Ундан ошиғи эмас. Жуда омади юришса, ўзи устидан бетиним ишласа, Жепаров бўлиб юрар.

СУҚУЛИБ КИРГАНЛАР ФУТБОЛИ
Чемпионатимизни ўзгартирайлик деб ҳеч ким қайғурмайди. Жиззах вилоятидан Сиздек ишқибоз куюниб “Интер”га хат ёзади. Таклифлар киритади. Масалан, Баҳодир Давлатовга ўхшаган мутахассис Сизу биздан кўра футболни кўпроқ тушунади. Сизу биздан кўра жуда кўп нарсадан ҳабардор. Лекин Сизга ўхшаб қайғурмайди. Нега? Таклифлар киритмайди. Нега? Ё Сизнинг таклифингизга муносабат билдирмайди. Нега? Бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз? Манимча, у киши Ватанимиз футболини эмас, ўзини ўйлайди. Сандиғида Про лицензия қоғози бўла туриб, ишсиз юрибди-ку. Ишсиз қолиш, ҳеч кимга керак бўлмай қолиш, нималигини ундан сўранг. Олий савиялик мураббийларни етиштириб берувчи “инкубатор” бизда тўхтовсиз ишлаб турибди. Уларга қолса, олий лигада жамоалар сони 20та бўлмайдими. Ишсизлар бирорта пачоқ жамоа топиб олармиди? Киноя қилмаяпман. Футболчилар қанча, уларга жамоалар керакми? Футболни тугатиб ишсиз қолган футболчилар қанча, мураббий бўламан деганлар қанча, Рустам Акрамов ўқув даргоҳига фалонча пулини тўлаб, пистонча дарсини ўқиб, лицензия қоғозини олган мураббийлар қанча, уларга жамоалар керакми? Ўйлаб кўрганмисиз?

Бошқа спорт турларида спорт ичига суқулиб кираман деганлар бунчалар кўп эмас, воҳоланки, ҳар бирига арена етиб ортади. Бир парча гилам ё иккита халқа, ё оғир штанга доим топилади. Улар сафига адашиб кириб қолганлар натижа кўрсата олишмагач, тезда четга чиқиб кетишади. Футболда бунинг аксини кўрамиз. Натижа кўрсата олмаган жамоалар, қўлидан иш келмайдиган мураббийлар, дарвозага зарба беролмайдиган ҳужумчилар сафдан четга чиқиб туришмайди. Улар учун чемпионатимиз қанча кучсиз бўлса, шунча яхши. Ўрта ҳол бўлиб юра беради. Нега шундай? Чунки футбол халқ ўйини. Чунки бу спорт турини ҳамма яхши кўради. Футбол ҳамманинг назарига тушган ўйин. Лекин бошқа гап ҳам бор.

ПУЛГА САДОҚАТ
Тасдиқланиши қийин бўлган маълумотларни келтираман. Чунки бизнинг моҳир, соҳир журналистларимиз ўз клубимизнинг эмас, “Реал”нинг иқтисодий аҳволини кўпроқ титкилашади. Юртимизда 40та спорт турининг федерациялари бор. Футболдан бошқа барча 39та спорт турининг йиллик бюджети 20млд сўмга тенг бўлса, айни дамда биргина футбол учун бир йилда сарфланадиган пул миқдори 200млд сўмга тенгдир. Катта фарқни сезяпсизми? “Сўғдиёна”нинг йиллик бюджети 3 млд сўмга тенг бўлган бир пайтда, “Локомотивнинг” бюджети 30млд сўмга тенг бўлган экан. Темирйўлчиларнинг ўйин даражаси сарф қилинган пуллар каби “Сўғдиёнага” нисбатан 10 баробар баланд нуқтага чиқиб олдими? Йўқ. Осиё грандига айландими? Йўқ. Бу пуллар футболнинг тараққиётига сарф қилиниши керакмасмиди? Бу пуллар яратган манзарани кўриб чиқайлик.

Олти юз минг сўм оладиган жаҳонга таниқли Оксана Чусовитинанинг ойлиги, 30 млн ойлик олаётган футболчининг ойлигидан қанча кам? Сеулда ўтган бултурги Осиё ўйинларида 40 ёшга тўлган ушбу гимнастимиз совриндор бўлди. Пулни деб эмас (ойлиги жуда паст), спортдаги номини ҳимоя қиламан деб бу гимнастимиз кунига 8 соатлаб тинмай машаққат чеккандир. Бу ёшда спорт формасини ушлаб туришнинг ўзи қанчалик қийинлигини биласизми? У эса кумуш медалнинг соҳиби бўлди. Қосимов бошчилигидаги футболчиларимиз, кунига 2 марта тўп кетидан югуриб машқ қилаётган футболчиларимиз Осиё ўйинларида спортчи номини оқлайлик дейишдими? Ё катта ойликни оқлайлик дейишдими? Совринли ўрин эгаллашдими? Йўқ. Демак, футболдаги катта пуллар футболга содиқ спортчилар қаторида пулга интилган, пулдан бошқа нарсани тан олмайдиган, қадрламайдиган жуда кўп одамларни футболчилар сафига тортмоқда. Кўплаб амалдорлар, мураббийлар, спортчилар футболда пулдан бошқа нарсани кўрмаётир. Яшил майдон футболчидан машаққатни талаб қилади. Қаттиқ машаққатни.

РАҚҚОСЛАР
Пуллар эса, катта “ўйин”ни талаб қилади. Бу “ўйин”да футболга садоқатни эмас, яшил майдонда тўп билан муомала қилиш маҳоратини эмас, подкатларни эмас, пул билан муомала қилиш маҳоратини, откатларни “ўйинчи”дан талаб қилмоқда. Бу майдонда ким майдон марказида, ким четроқда рақсга тушиб, пулнинг ноғорасига ўйнамоқда. Ким майдон ташқарисида туриб ҳавас билан қарсак чалса, ким бу рақсни жимгина кузатиб турибди. Тараққиёти топталган футболимиз раққослар оёғи остида қолиб кетган. “Подъёмний” олиш илинжида ҳар ярим йилда жамоани алмаштириб юрган Зайниддин Тожиев бу майдон ўртасида рақсга тушмоқда. Раҳбариятнинг нотўғри Қарорини “Интерфутбол” саҳифасида революцион ўзгариш, деб мақтаган Муҳаммад Вали ҳам бу “майдон”да рақсга тушмоқда. Атрофдаги “раққослар” ишида футболга, ўз клубига бўлган садоқатни кўрмаган, темирйўлчилар футболининг бўлғуси тараққиётини сезмаган Фарҳод Тожиев нима қилди? Ўзбекистонда энг кучли ҳужумчи бўлайин демади. Ман булар ичида аҳмоқ бўлиб қолмайин деб, янги қирраларининг очилишига бўлган ўз ишончини ўзи ғижимлаб, ўз ўйин маҳоратига ўзи қўл силтаб, у ҳам рақсга туша кетди. “Локомотив” билан бўлажак ОЧЛ жангларини ташлаб Малайзиянинг қуйи лигасига жўнаб кетди. Малайзияга келган энг кучли легионерларга ўхшаб йилига 1 млн доллар миқдорида пул олмаса-да, улардан 20 баробар кам ойлик ҳам Фарҳодга етиб ортади. Бошқалар ОЧЛ ўйинларида жанг қилиб, термамиз сафида биринчи ҳужумчи бўлсин экан. Фақат у эмас. У эмас. Раҳбариятдаги масъул одамлар чемпионатимиз, ўйинларимиз, демак, футболчиларимиз савиясини ўйламасдан, ўз манфаатини ўйлаб юрган бир пайтда Фарҳод “Локомотив”да “аҳмоқ” бўлиб юрмасин экан. Қозоғистонга қараб Гейнрих ҳам пул томон “ақлли қадам” қўйди. Қадами қутлуғ бўлсин, деймизми? Ёки пуллуғ бўлсин деймизми?

ЎҒРИЛАБ ЕЙИШ
Пул бўлса, чангалда шўрва, деган ибора бор. Пул билан одам қудрати, мавқеи ошади. Унинг имкониятлари кенгаяди. Абрамовичнинг пуллари билан “Челси” қадимги мавқе-обрўсини қайтариб олди. Лекин пуллар шахсий бойлик учун йиғилар бўлса, пулларни кўпайтириш мазмуни абсурдга айланиб кетади. Бугун Роналдуга ўхшаб қимматбаҳо енгил мошиналарни коллекция қилинса, эртага яхталарни, вертолётларни йиғишадими? Кейин Николас Кейжга ўхшаб қадимги қасрларни маржон қилиб мулкдорлик ипига тизишадими? Кейин оролларни ёки ойдаги кратерларни коллеция қилишадими? Яқинда кратерлар ҳам сотилар экан, деб эшитдим. “Локомотивда” Ф.Тожиевнинг олаётган қанчадир 50 млн сўм ойлиги юртимидаги ҳаётга нисбатан олганда, астрономик катта пул ҳисобланади. Лекин у бундан ҳам катта пулларни деб Малайзияга қараб кетди. Бу пуллар ўз маънисини йўқотиб бўлган. Тинимсиз бойишга интилган футболчи ўғрига ўхшайди. Ўғри бировнинг молини ўғирлаб еса, футболчи ўзининг келгусини, ўйин маҳоратини ўғирлаб ейди.

Яратган эгам, ушбу кунлари кимни пулсизлик билан, кимни катта пуллар билан синамоқда. Йўқчиликка чидай олмасдан қанча муҳандис мутахассислар чет элга кетиб, фаррош бўлиб ишлаб юришибди. Футболдагилар тўқчилик синовидан ўта олишмаётибди. Топганига шукур қилиб амалдорлар, мутахассислар, спортчилар футболимиз тараққиёти йўлида янгиланиш сари бирлашишмайди. Ҳамма ўз қобиғида, ўз манфаати билан яшайди. Федерациянинг мазкур Қарорини улардан ҳеч бир кимса ё қоралаб, ё оқлаб таҳлил қилиб чиқмади. Таҳлил қилишга мансаби йўл бермайдими? Мансабдан кетса-чи? Унда футболни бутунлай унутиб юборишади. Улар футбол ишқибози эмас.

Давоми бор.

Киритилган сана: 14.02.2015 15:06. Ўкилди: 11990 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:58. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:58. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:55. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:55. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


ILHOMBEKT
Сана: 14.02.2015 21:35. ILHOMBEKTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ILHOMBEKT
Сана: 14.02.2015 21:33. ILHOMBEKTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ILHOMBEKT
Сана: 14.02.2015 21:30. ILHOMBEKTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FILOSOF
Сана: 14.02.2015 19:10. FILOSOFга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ABDUAZIZ
Сана: 14.02.2015 15:46. ABDUAZIZга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.