Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Нима иш қилиб қўйганини ўзи билармикан?

Баҳо:
+0; -0

МУҚАДДИМА
Сарлавҳани ўқиб чиққан мухлис, бу оддий интрига, журналистикада ўқувчини қизиқтириш йўлида ишлатилган бир услуб дейиши мумкин. Журналист ўз мақоласига на тайин бир мазмун, ва на янги бир фикр беролмаса-да, қайноқ ҳабарлар ва интригалар билан мақоласини қизиқарли бўлишини таъминлайди. Ўқимайман десангиз ҳам ўқийсиз. Қизиқиб ўқийсиз. Зерикканингиздан бошқа бир зерикарли, мазмунсиз гаплар билан чалғийсиз. Бунинг учун муаллиф чалғитишнинг, овутишнинг, совутишнинг қанчалар устакори бўлиши керак, биласизми. Катта маҳорат керак, биласизми. Интригани сарлавҳадан бошлайди-я. Ҳамма замонавий кино асарларимиз ҳам шу тақлид “ривожланмоқда”. Келгинди келинлар, куёвлар, қайнона, қайноталар қалашиб ётишибди. Кино картинада мазмун-моҳиятини айтиб берувчи янги бир фикр йўғу, воқеалар қалашиб ётади. Ҳатто ўлган одамни тирилтириб, кейин уни оловда куйдириб, кейин даволаб, кейин қаматиб, кейин оқлаб, кейин яшириб, кейин уйлантириб юборишади. Бизни “интригалар” билан боғлаб қўйишни кино санъати дейишмоқда. Футбол санъатида ўйиннинг асл моҳияти гол уриш бўлса-да, майдондагилар буни бутунлай эплолмаганидан “интригалар”ни қалаштириб, ишқибозни “эпизодлар” билан овунтириб юришса, журналистлар мақола интригаси билан мухлис эҳтиросини сўйинтириб, эътиборини тўйинтириб юришибди. Бу аҳволда юртимизда ким “устазодалик” қилар экан? Футбол тасвирчиларими, ё экрандаги “ҳаёт” тасвирчиларими? Ким кимга дарс берар экан? Қизиқтиришда ҳамма устаси фаранг бўлиб кетишди.

Газета очинг, сайтга киринг, ҳамма сизни қизиқтираман дейди. Кўчага чиқинг, ҳамма сизни ўз матоҳи билан қизиқтирмоқчи бўлади. Улар ўз мақсадини яширмай, матоҳини бизга ўтказмоқчи бўлганини очиқ айтиб, тижорат-у ҳунарот, зироат-у саноат усталари биз бўламиз деб, бизга керакли матоҳини очиқ-ойдин мақтаб тасвирлашади, алдаб-силдаб қизиқтиришади. Бу ҳол фойда кўриш бокираси, истемолчилик зоҳирасидир. Лекин, Футбол қандайдир бир матоҳ эмас-ку. Футболнинг ўзи моҳиятан энг қизиқ, энг соҳир санъатку. Бу ўйин кўчадаги матоҳ истеъмолчиларини одамга, эгаликда турланиб, табақаланиб кетган одамларни сафдош, ўзаро ҳамдард, тенгқур одамларга айлантириб, инсонни фикрловчи жонзод ҳолатига қайтараман дейди.

Барча тасвирчиларимиз эса, энг бирламчи мақсад, бирламчи инсоний хислат бўлган фикр юритишдан бизни чалғитмоқчи бўлмоқда. Мен ҳам шу йўлга кирдимми? Бундай ниятим йўқ эдику. Билмай туриб шундай иш қилдимми? Бундай саволни сарлавҳага қўйиб нима иш қилиб қўйганимни ўзим ҳам билмайман.

1. МЕН НИМА ИШ ҚИЛИБ ҚЎЙДИМ
Куни кеча учрашув сўнгида Самвелжан бўлиб ўтган мажлис ҳақида қандай ёзишимиз кераклигини тушунтириб берди. Биз бўлиб ўтган давра учрашуви ҳақида умумий маълумот бериб, бу ерда бўлиб ўтган гаплар тафсилотини оммага олиб чиқмаслигимизни сўрадилар. Икки соат бир пасда ўтиб кетишига сабабчи бўлган қизғин баҳс, мунозара, драматик тортишувга тўла учрашувни ёритишимизда бизга йўлланма бердилар. Йўлга қаердан чиққан бўлсак, шу ерга қайтиб келдик. Мен ҳам шу ерда, мажлисда эдим-ку. Бурнимдан ип ўтказиб олишганини олдиндан сезмадимми? Расмий учрашув тарзида бошланган мажлис, расмий сўзлар билан тугади. Бу мажлис навбатдаги расмий учрашувга айланди-қўйди. Мажлис бошланишида айтган шунча саркаш, жонсўз, дилсўз гапларим осмонга учиб кетишига йўл қўйиб бердим. Санжар ёнида ўтирганимдан, у Бабаянга мажлисни тўхтатмоқчи бўлиб пичирлаб айтган гапини эшитган эдим-ку. Нима учун мажлиснинг хотимасиз, натижасиз тугашига йўл қўйиб бердим? Мажлис қандай ўтишига, қандай тугашига, мен ҳам масъулман, дегувчилар бормиди ўзи? Мен-чи? Мен хамирсифат бўлмасам, мажлис сўнгида индамай “одоб сақлаб” ўтирармидим.

Бу йиғиннинг натижаси нима бўлиши керак, мақсад нимада, 2 соат давом этган бу мажлисдан сўнг бирор нарсада ўзгариш бўлармикан, деган саволларни кимдир ўзига бердими? Мен ҳам мажлис қатнашчиси бўлган эдим. Масъул эдим. Ўз сўзимга маъмур эдим. Юрт таниган ҳамма журналистни бир ерда кўриб масрур эдим. Мажлисга аниқ бир мазмун бағишлашим мумкин эди-ку. Майдонда ҳар бир футболчи ўзига мос тасвирни ўйинга қўша олиши керак. Энг муҳими, ҳар бир футболчи гол ура олиши керак. Мажлисда ҳам ҳар бир одам “ўйинчи” бўлиши керак. Ҳеч ким анқайиб ўтириши керак эмас. Ўзи муҳим деб билган мақсад дарвозасига гол уриши керак. Мен латталигимдан “гол” уришга қулай вазиятларни бой бердим. Менинг мақсадим, ниятим бор эди-ку. Нега мақсад сари “ўйин” сўнгида бир нима демадим? Биргина қадам қўймадим?

Кимлар учундир учрашув шунчаки бир мажлис эди, холос. Кўпчилик қатнашувчи эди. Улар мажлисда, тадбирда, йиғинда, оламшумул воқеада қатнашгани учун ўзларини бахтиёр ҳисоблашади. Бундайлар ўз ҳаётида ҳам қатнашувчи бўлишмоқда. Эртага мажлис қатнашувчилари қаторида ҳаммамиз ОАВда қайд этиламиз. Мен ҳам қатнашиб қайтдим. Қат-на-шиб. Воқеада, вазиятда қатнашиш эмас, воқеани, вазиятни яратиш керак. Бир мақсад сари яратиш керак. Мажлисда мунозара ўчоғига ўтин қалаганим нима бўлди-ю, мажлис сўнгида мулойим ўтирганим нима бўлди? Мажлисимиз ўртоқлик ўйинига ўхшаб қолди. Ҳеч ким гол урмади. Гол уриш нияти ҳеч кимда йўқ эди. Шунчаки мажлис иштирокчилари эдик. Бабаян урди. У кишининг мақсади бор эди, мақсадига етди. Биз-чи? Нима мақсад билан келган эдик? Мен-чи? Менинг мажлисдан кутган бир ниятим бор эди, ўша ниятга эришаман деган мақсадим бор эди. Айб ўзимда, энди тўй ўтгач, сайт саҳифасида менинг ушбу ноғора базмига хос тақара-туқур гапларимнинг кимга кераги бор? Уч пулга қиммат ушбу мақоламни нима учун, ким учун ёзмоқдаман.

Фойдаси бор. Сиз ҳаётда вазият қатнашчиси бўлманг, вазият яратувчиси бўлинг. Мақсад қўйиб, унга интилиб яшанг, доим гол уриб яшанг. Мақсадсиз бирор кунингиз ўтмасин. Менга ўхшаб қолманг. Ўкинчларимни шу ниятда қоғозга туширмоқдаман. Олдингизда ўтинчим шуки, ҳеч қачон ҳеч нарсага бефарқ бўлманг. Футболда томошабин бўлсангиз-да, ҳаётингизда томошабин бўлманг.

2. САРЛАВҲА АТАМАСИ ҚАЕРДАН КЕЛДИ?
Самвел Бабаян нима иш қилиб қўйганини ўзи ҳам билмаса керак. Бу хақда кейинроқ айтаман. Санжар Ризаев мажлисни очиб берди. Бабаянга сўз берилди. Залдаги супа пойида курсилар давра қилиб қўйилган эди. Супа устига ҳеч ким чиқмади. Самвел ҳаммадан ўз диктофонларини ўчириб қўйишни сўради. Суҳбат очиқ, норасмий, самимий бўлишини истаб, протоколлар керак эмас, деди. Терма жамоа раҳбарлари билан ҳадемай алоҳида матбуот анжумани ўтказилар экан. Шунда диктофонларни ёқасизлар деди. Бабаян моҳир дипломат, кучли ишбилармон, омадли ташкилотчи эканлигини билардик. Ҳамма журналистларни йиғишдан унинг мақсади ўз тили билан айтганда, “консолидация всех вокруг сборной команды страны”, экан. Яқин кунларда барча клуб мураббийлари билан, кейин ҳамма фанатлар билан шундай норасмий суҳбат қуриб, терма жамоамиз атрофидаги барча инсонларнинг бошини қўшиб, ҳаммани бир мақсадга боғлаб қўйиб, терма жамоамиз атрофида яхши, хайрихоҳ, ижодий муҳит яратиш ниятида эканлигини айтди. У “Пахтакор”да бунга эришган. У ерда ҳар бир хизматчини, функционер дейсизларми уларни, мутахассису амалдорни, футболчию мураббийларни бир бутун яхлит жамоа бўлиб бир мақсад йўлида бирлаштира олган эди. “Пахтакор”дан кетса-да, бу яратган “механизми” усиз ҳам яхши ишлай беришини, ўз клубидан кўнгли тўқлигини айтди. Тез орада “Пахтакор”га янги бош мураббий тайинлашини айтди. Демак, бирданига икки отни минмоқчи эмас экан. “Пахтакор”га бош мураббий бўлишга муносиб одамни топа олар экан. Бабаян футболдан чиққан, футболни тушунадиган бир инсон бўлиб, якка бир клуб миқёсида футболнинг барча хизматларини пухта қилиб ярата олди ва натижа кўрсатди. Қандай қилиб? Бунга барча одамларни ўз атрофида ҳамжиҳат қилиб, уларнинг ҳамфикр бўлиб ишлашини таъминлаб эришди. Гал термага келдими? Термада ҳам ҳамжиҳатликни қадам-бақадам яратмоқчими?

Бу ишда журналистикани муҳим деб билар экан-да. Футболда, терма жамоа ҳаётида ОАВнинг роли катта эканлигини тушуниб, ўз атрофида уларни бирлаштирмоқчими? Шунинг учун бизни бу ерга таклиф қилдими? ОАВ ишини моҳиятан қандай тушунар экан? Гап шунда. ОАВни янги сифат поғонасига кўтариш кераклигини тушунармикан? У ОАВни ўзининг ёрдамчиларидан бири деб билади, шекилли. Балким, унинг фикри бошқачароқдир, билмадим. Бабаян кириш сўзини айтар экан, матбуотга бўлган унинг муносабатини тушуниш учун уни диққат билан тингладим. Гапи тугади.

3. ҚАЙНОНАЛАР ФАЛСАФАСИ
Бир зум залга сукунат чўкди. Ҳамма жим. Биринчи бўлиб савол беришни Зафаржон Қосимов бошлаб берди. Навбати билан бериладиган расмий саволлар, расмий жавоблар ила бошланган суҳбат бир воқеадан сўнг ҳақиқий дебатга айланиб кетди. Бу воқеа ҳақида кейинроқ айтаман. Учрашувнинг самимий мунозарага айланиб, қизиб кетиши Бабаян учун айни муддао бўлди. У зални бошқара олди. Ёнида Санжар Ризаев ўтирар эди-да. Бабаян айтган ҳар бир гапни илғаб ўтирдим. Унинг айтишича, биз терма ўйинчиларини руҳан синдириб қўйишимиз мумкин экан. Танқид қила бермаслигимизни, терма ўйинчиларини қўллашимизни сўради. Дарров бунга жавобан Бобомуроднинг эътирозини эшитдик. Шунда Акмал Шораҳмедов воқеасини эсга олдик. Унга тош отмаган одам қолмаган эди. Бабаян реалистик танқид қилишимизни сўради. Гапига кўра танқид ирреалистик, сурреалистик бўлмасин дедими? Тушунмадим. Ҳар қандай танқид реалликдир, реал ҳаётнинг, реал муаллифнинг аксидир. Учрашув давомида Самвел тили билан айтсак, “нореалистик” танқид масаласига қайтиб, Мурод Ризаев футболчини синдираётган туҳмат, ҳақорат, масхара сўзларни журналистлар эмас юзерлар, блоггерлар тарқатишини айтиб, терма ўйинчилари монитор олдида камроқ ўтирсинлар деб илтимос қилди. Дипломат Бабаян бу “кўрсатма”ни дарров ён дафтарчасига ёзиб олди. Сизу биз билган нарсани Бабаян билмасмиди? Биларди. Дипломат ҳеч ким билан баҳслашмайди, ҳеч кимга гап уқтирмайди, у мақсади томон ҳамма журналистларни киши билмас етаклай олади. Бабаян кучли етакчи. Мунозара мавзусини бошқа ёққа етаклаб кетди.

Унинг журналистлар ишидан кутган мақсад-муддаоси шу бўлдими? Наҳотки, журналистика кимнидир қўллаши, юзага чиқариши, йўлини очиши ё бунинг акси — кимнидир ерга уриши учун хизмат қилиши керак бўлса? Мен нега сўз олиб бу “спектакл”га барҳам бермадим? Тинч ўтирдим. Қандай қилиб терма атрофида жипслашиб ишлашимиз керак экан? Бу хақда кимдир ўйлаб кўрдими? Қандай қилиб? Ёмонини яшириб, яхшисини оширибми? Қайноналар фалсафасими бу, ё Бабаяннинг ниятими?

Савол бор (бу саволни нега мажлис пайтида бермасдан, мушук боласидай жим ўтирдим? Бабаяндан ҳайиқдимми? У оёқ учи билан мени четга суриб қўярмиди. Энди олдингизда шерлик қилмоқдаман). Демак, савол бор. Нима учун нафақат футболчилар, балким ҳаммамиз юзерларнинг нодон гапларини ўқиб чиқамизу, журналист ёзганини шунчаки “қараб” чиқамиз. Чунки улар бепардоз ёзишади. Афсуски, кўпинча бепарда ёзишади. Лекин бемаза ёзишмайди. Доим дилдан чиқариб ёзишади. Сўзлари юракдан чиқади. Журналистларнинг сўзлари эса, жигардан чиқадими-ей, ё ошқозонданми, билмадим. Ё бўғзидан чиқса чиқади-ю, аммо юракдан чиқмайди. Сўзимиз бехосдан юракдан чиқса борми, дарров ўзимиз уларни пардозлаб, андавалаб, кейин уларни қумқоғоз билан силлиқлаб ОАВга узатамиз. Ялтиллатворамиз. Бундай гапларни ўзимиз ҳам ўқимаймиз. Терма аъзоси ўқисинми? Ҳамма бемаза мақолани ўқигандан кўра мазаси аччиқ юзер гапини ўқимоқда.

Давоми бор.

Киритилган сана: 13.07.2015 13:21. Ўкилди: 15441 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:18. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:18. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:15. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:15. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


SINGAPUR
Сана: 13.07.2015 23:46. SINGAPURга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


UZBEKFAN
Сана: 13.07.2015 19:28. UZBEKFANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ALBARS
Сана: 13.07.2015 17:56. ALBARSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.