Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

«Тўй»га келган чолнинг Мундиал ҳақидаги гаплари

Баҳо:
+1; -0

Куни-кеча иккинчи турнинг биринчи ўйини бўлиб ўтди. Мириқиб томоша қилдим. Черчесовда гап кўп экан. Мисрни ҳам ютишди. 3:1. Вақти келса, алоҳида у ҳақда батафсил гаплашармиз. Биринчи ва иккинчи тур ўйинлари ҳақида Сизлар билан дейдиёлашмоқчиман. Бутун дунё ишқибозлари бор эътиборларини жаҳон чемпионатининг финал ўйинларига қаратишган. Ишқибоз бўлмаганларнинг ҳам оғзида мундиал ўйинлари шов-шувли. Дунёда онда-сонда бўлиб ўтар бирон бир муҳим воқеа мундиал каби бунчалар кўп одам диққатини ўзига тортмайди, бунчалар кўп давлат раҳбарларини, арбобларини ўз теварагига йиғмайди. Футбол оддий ўйин бўлгани билан, у оламгир ижтимоий ҳодисадир. Тўрт йилда бир марта бўлиб ўтар мундиал эса, жаҳонгир сиёсий воқеадир.

ФУТБОЛИМНИ КУЙЛАЙМАН
Бошқа бир жиҳат бор. Одам 40 минг йил илгари ўқ-ёй ихтиро қилганидан кейин бир-бири билан рақобатда яшайди. Бири бошқасидан кучли бўлишни, устун келишни истайди. Инсон табиатида худди мана шу нарса қанча ўн минг йиллардан бери қиронли урушларга, даҳшатли ўлимларга, мудҳиш фожеаларга сабаб бўлиб келди. 20-асрга келиб инсон футбол деган ўйинни ўйлаб топди. Шундан бошлаб устунликни истаган одам, ё давлат, ё халқ йўлини топса, ўзга бир одам, халқ, юрт вакили билан уруш майдонида эмас, футбол майдонида куч синашмоқда. Инсон шундай йўл билан ўзининг ватанпарварлик туйғусини қондирмоқда. Футбол мана шунинг учун оммабоп, ҳаммабоп ўйин бўлиб қолган. Футбол майдонида ғалаба қозонган спортчининг қувончи минг кунлаб уруш кўриб, уруш қилиб, қон кечиб қанчадан-қанча талофатлар билан ғалаба қозонган жангчининг қувончидан кам эмас. Футболчининг қувонч кўз ёшлари ҳақиқийдир. У билан бирга футболчининг барча ватандошлари худди шундай қувонишади. Ишқибознинг кўз ёшлари ҳам ҳақиқийдир.

Бошқа бир гап бор. Мол-дунё ишқи бугунги одамни ўзига банди қилиб қўйгани туфайли инсон яккаланиб яшамоқда. Бегоналар тугул ака-ука орасига пул топиш, наф, фойда кўриш мақсади раҳна солган. Шундай экан, инсон бирдамликни қумсайди. Қумсайди-ю, ўзим бўлай деган бу дунёда стадиондан бошқа жойда бирдамликни тополмайди. Шунинг учун бугун футболни ҳамма севади. Футбол майдонидагилар ҳам, майдон ташидагилар ҳам, стадион буржларидаги бою-гадолар ҳам 90 дақиқа бирдамликда тенгу-тенг бўлиб яшайдилар. Айтмоқчиманки, футбол барчани тенг кўради, барчани тенг қилади. Одамларда Ватан туйғусини уйғотади. Уйқудан уйғотади. Футбол мадҳини яна бир бор куйладим. Чунки орзиқиб кутганим мундиал йўлга чиқди.

НАҲАНГ ТИМСОЛИ МАҚТОВМИ Ё...
Швецияда 58-йили бўлиб ўтган мундиалдан кейин барча финалларни кузатиб келмоқдаман. Англия мундиали португалиялик Эйсебио билан эмас, КХДР термасининг ола-тасир ўйинлари билан, озарбайжонлик ҳакам Товфиқ Баҳрамов билан эсимда қолган. Бу йилги мундиал бутунлай бошқача ўтмоқда. Сиз ҳам бунинг шоҳиди бўлиб яшамоқдасиз. Аввалида айтсам, бизнес мундиалга жуда катта таъсир ўтказмоқда. Илгари бунчалик бўлмаган. Масалан, бизнес талабига риоя қилиб, “Ёшлар” канали четда турсин, “Спорт” канал ҳам мундиал ҳақида бир оғиз гап айтмайди, бир кўрим кўрсатув тайёрламайди. “Узрепорт” деган наҳанг мисол хусусий канал саҳнага чиққан экан-ки, мундиал ҳақида бошқа каналларнинг оғзини очирмай қўйди. Футбол мундиалини ҳаммабоп эмас, ҳамёнбоп томошага айлантириб қўйишди. Давлат канали бўлган “Спорт”нинг оламшумул воқеага, яъни мундиалга бағишлаган кўрсатув тилини қисиб қўйишди. Кесиб қўйишди. Бутун Ўзбекистон аҳолиси энди давлат каналига эмас, наҳангмисол хусусий каналга, даромад кўриш ниятини яширмаган каналга тикилиб яшасин экан. Бунақаси олдинги мундиалларда бўлмаган.

Бизнес майдон ичигаям, ташигаям, футболчилару, мураббийларигаям бу йил бошқачароқ таъсир ўтказмоқда. Нафақат ишқибозлар учун, балки бутун дунёнинг илму-маърифат, давлату-сарват, сиёсату-бадият, тижорату-саноат арбоблари учун ҳам ЖЧ энг муҳим воқеа бўлиб турган бир пайтда “Реал” президенти Перес учун Мундиал воқеаси арзимас, ўтар-кетар нарса бўлиб қолган экан. Бугунги кунда бутун ер юзи ишқибозлари учун янги кун қуёши Япония оролларига тиралаб эмас, Россиянинг футбол майдонларига тиралиб осмонга кўтарилар бўлса, Перес жаноблари учун янги кун қуёши даромад ҳамёнидан чиқяпти экан. У киши мундиал арафасида Испания термасининг бош мураббийи Хулен Лопетегини “Реал”га арқонлаб олди. Терма жамоа билан мундиалда кўрсатар натижаси-ю, термадаги мураббийлик карьераси Хулен олдида аҳамиятсиз нарса бўлиб қолди. ЖЧда иштирок этиш Хулен учун бўлажак асосий иши олдидан шунчаки вақт ўтказиш бўлиб қолди. Лапотеги пулдор олдида Россия футболчиси 22 яшар Александр Головин каби ўзини тутолмабди. У йигит пулдорларга барча таклифларни мундиалдан кейин кўриб чиқаман деб айтган экан. Испания футбол раҳбари Лопетегени мундиалга бир кун қолганида ишдан бўшатиб юборди. Унинг ўрнига Фернандо Йеррони тайинлади. Энди янги бош мураббий учун, футболчилар учун мундиал ўйинлари ҳаёт-мамот жанглари, саодат калити бўлиб саналади.

БОШ МУРАББИЙ МАДҲИ
Перес доим футболдан ўзини, бизнес талабларини устун қўйиб келади. Футболга даҳлдор барчанинг эътирофига кўра, футболда ҳамма нарсани пул ҳал қилар экан. Шунга кўра Переснинг ўз пулларини ҳаммадан устун қўйиши Сизу бизга табиийдек туюлмоқда. Перес, доим истаган вақтида, истаган мураббийни “Реал”дан нари қилиб юборар эди. Бу йил Перес фаолиятида биринчи марта ҳамма нарса бошқача бўлди. Зидан учинчи бор Европани забд этиб олгач, ҳамиятини ҳимоя қилиб Пересни, унинг талабларини ўзидан нари қилди. Уддабуронлик, пултопармонлик устунларига Пересни хари қилиб кетди. Бу иморатнинг тўсину тоқилари нимадан бўлиши бизни энди қизиқтирмайди. Перес “Реал”ни яна бир бор номи чиққан юлдузлар бўтқасига айлантириб юбориши ҳақиқатга яқинроқдир. Бундай мақсад йўлида энди ҳеч ким унга Зидандек қаршилик кўрсата олмайди.

Майдонда энг катта куч пул эмас, бош мураббийдир. Майдон ташида ҳам бош мураббийнинг ҳамма учун шундай бўлиши, обрўси мутлоқ бўлиши шарт. Шундай бўлмаса-чи, ё мураббий ўз номига муносиб бўлмаса-чи, ё унинг обрўсини раҳбарлару футболчилар тўкиб юборган бўлсалар-чи, бундай жамоанинг бошига Аргентина термасининг куни тушади. Шунга ўхшаш ҳолат ЖАРда Франция терма мураббийи Доменек бошига тушган эди. Мундиалда ижобий натижа кўрсата оляпган мураббийлар ҳам бор. Нигерия бош мураббийи Гернот Рор ўйин давомида ҳужум структурасини ўзгартириб, ўйинни кучайтириб иккинчи бўлимда Исландия термасини тор-мор қилди. 2:0. Биринчи бўлимда Исландияликларга қарши нигерияликлар ночор аҳволда тўп тепишган эди. Иккинчи бўлимда уларни таниб бўлмади. Аксинча мисол бор. Хорхе Сампаоли ожизлигидан Хорватияга қарши ўйинда иккинчи бўлимда ўйинга ўйин қўшолмай ҳаммасини барбод қилди. 0:3. Аргентина термаси таркибидаги ўйинчиларни, яъни ушбу машҳур юлдузларни санаб чиқишдан уялмоқдаман. Сиз дарров Месси, Ди Мария, Маскерано, Агуэро, Игуаин номини санашга тушгандирсиз. Улар термада ўз клубларига нисбатан жуда паст даражада ўйин кўрсатмоқдалар. Шунинг учун мураббий факторини асосий сабаб деб айтдим.

Пулни деб, бизнес талаби деб, тўқ мураббийлар дунёнинг тўқ жамоаларида карьера қилмоқдалар (эътибор беринг, топ жамоа, топ ўйинчи демадим). Клубни терма жамоадан устун қўймоқдалар. Конте ЖЧ-2014да Италия термаси билан бир нималарга эришган эди. Пулни деб, термани ташлаб “Челси”га ўтди-кетди. Натижасини кўрдингиз. Италия Мундиалга ҳам боролмади. Тўқ футболчилар ўйин кўрсата олмаётганининг бошқа сабаблари ҳам бор. Мавсум бўйи Европанинг тўқ жамоалари юлдузларнинг ўйинини энг баланд нуқтага чиқариб, кучини симириб олиб бўлган. Баланд нуқтани узоқ вақт ушлаб туриб бўлмайди. Касбикомил юлдузлар бир-икки ўйиндан кейин яхшироқ ўйин кўрсата оладилар. Бу мисол ҳам бизнес кирдикоридир. Тўқ терма жамоалар тўқ клублардан кўра паст даражада ўйин кўрсатмоқдалар. “Реал”у “Барса”, “Ман.Сити”ю “Ливерпуль”ларнинг бу йилги ўйинларини эсланг.

НЕТТО АҲМОҚ САНАЛГАН БЎЛАРДИ
Роналдунинг Марокаш термасига қарши ўйинда йиқилиб беришлари ҳам бизнеснинг кирдикоридир. Гапимдан энсангиз қотмасин. Бугунги кунда мураббийлар ўз футболчиларига рақиб тегилиб кетишини пойлаб ишонарли тарзда йиқилиб беришни ўргатмоқдалар. Куни-кеча Роналду ўзининг 4-голини урган бўлса-да, атайин йиқилиб беришлари дилимни хира қилди. Марадонага қарши чорасиз қолган рақиблар уни чалиб йиқитишга ҳаракат қилишар эди. Шундай бўлса-да Марадона чап бериб, сакраб ўтиб, ёриб ўтиб йиқилмай гол уриб келар эди. Марадонани йиқитиш жуда қийин иш эди. Дунёнинг беш карра энг зўр ўйинчиси йиқилиб беряпти-я. Неймар-чи, Коста-Рикога қарши ўйинда рақиби билан бироз тенгма-тенг курашиб, кейин қорнига тегиб кетмасиданоқ орқага қараб чалқанчасига йиқилиб берди-я. Шундан кейин Неймар “ишлаб топган” пенальтиси VAR ёрдамида бекор қилингани адолатли бўлди.

Энди бошқа мисол келтираман. Япония Колумбияни 2:1 ҳисоби билан ютган бўлса-да, Кинтеронинг жаримадан тепган зарбасини Кавасима ўтказиб юборган ҳолатини эслаб қолдим. Кинтеро рақибнинг жонли деворини алдаб қўйди. “Девор” баланд сакраб зарбани қайтармоқчи бўлди. Зарба эса пастлатиб тепилди. Дарвозабон кечикиброқ тўпга ташланди. Қўллари орасидан ўтиб кетган тўпни чизиқ ортидан тутиб олиб, гол бўлмади деб, ҳаммани алдамоқчи бўлиб бақира бошлади. Бугунги футболда ҳалолликни унутиб ҳамма бир-бирини алдашга тайёр. Боплаб алдасанг қандингни ур. Фақат техникани алдай олмайди. Бугун Нетто аҳмоқ саналиб футболдан бадар кетган бўлар эди. Игорь Нетто уролмаган ўз голини ҳисобга олмасликни адашган ҳакамдан сўраган эди. Тўп унинг зарбасидан сўнг чизиқни кесиб ўтмай дарвозага ён бошидан кириб кетган эди. Тўрва ерга маҳкам боғланмаган эди-да. Бизнесга айланган футболда Неттонинг ҳалоллик дарси анқонинг уруғи бўлиб кетди бугун.

Бизнес ўз моҳиятидан келиб чиқиб, футболдан барча чораларни, шу жумладан алдов-қалдовларни қўллаб бўлса-да рақибни енгиб ўтишни, кучни аяб натижа кўрсатишни талаб қилмоқда. Бу талаб ўйингаям таъсир қилган. 1:1, 2:1, 1:0 ҳисоблар шунинг учун кўпайиб кетган. Ҳаммага натижа керак. Натижа. Бунинг бир сабаби шуки, 20та футболчи майдоннинг бир тарафида йиғилиб олиб, зич, сиқма ўйин қилмоқда. Лёв шундай аҳволга тушиб қолиб, 20 қарич ерда “Ман.Сити” каби нақшинкор ҳужум кўрсата олмай, тор масофага тиқилгач, олмон услубида тезкор, шиддатли ҳужум уюштира олмай, Мексикага ўйинни бой берди. Бизнес ҳукмронлик қилган бугунги футболда, майдон охирги сўзни ўзи айтмоқда. Пучакни тўқдан ажратиб бермоқда. Майдон алданмайди. Бизнес футболдан шиддатни талаб қилмоқда. Майдон бунга дарров жавоб қайтармоқда. Шиддатли ҳаётда ўйин бир йилда эмас, ярим йилда эскириб кетмоқда. Мисол келтираман. “Реал”нинг бултурги музаффар ўйини эскириб қолгач, бу йилги мавсум бошида Зидан жамоаси бирин-кетин ҳаммага ютқаза бошлади. Гуруҳда “Монако” “Реал”ни 3:0га яксон қилганини эсланг. Мураббийни сўкмаган одам қолмади ўшанда. Зидан янги ўйин тасвирини яратаман деб, икки ой заҳмат чекди. Натижада Зидан қисқа, ўрта оширмалар билан майдон марказида бироз вазиятга эгалик қилиб олгач, тезкор ўткир, қалтис, қўпорма ҳужум қилишни йигитларга ўргата олди. Зидан Гвардиола услубини Лёвнинг шиддатли қўпорма ҳужумига омухта қилиб янги ўйин тасвирини яратиб Европани забт этди. Йоахим Лёв икки тур орасида янги ўйин тасвирини ярата олармикан? Амримаҳол иш. Чунки, майдон марказидаги футболчилар, яъни ўзининг ўсиш захираси тугаган, чўққи даври ортта қолган Месут Ўзил, Сами Хедира, Тони Кроос, Марко Ройс беш кунда янги ўйин кўрсата олмасалар керак. Шведларга қарши ўйинда олмонлар 90 дақиқа ичида вазиятни бошқара олмадилар. Ҳимоя пайтидаям, ҳужум пайтидаям. Агар шведлар футбол моҳиятига кўра ҳаракат қилганида эди, ҳисобни ушлаб қолиш учун эмас, ғалаба қозониш учун жанг қилишганида эди, олмонлар бугунги ўйинлари билан қўшимча дақиқаларда гол уриб кетиб уларни юта олмаган бўлар эдилар. Агар Лёв уч кунда янги ўйинни ярата олса, энг моҳир мураббий бўлиб тарихда қолади.

РАВШАН ЭРМАТОВ, ТЕМУР КАПАДЗЕ ВА СИЗУ БИЗ
Даромад кўриш, қудратини яширин тутиш, зимдан ҳамла қилиш йўлида юрган, фойда тушунчасидан бошқа нарсани, шу жумладан шон-шуҳратни ҳам тан олмаган катта Бизнес учун Ватан тушунчаси бегонадир. Мутлоқ бегона. Футбол моҳиятида шон-шуҳрат, Ватан шаъни, ҳалол ошкора жанг ётади. Бу икки бир бирига зид нарса футбол майдонида бир бирини тўлдириб туришибди, бир бирига мослашиб юришибди. Бутун дунё ардоғидаги бу ўйин, футбол оламидаги буюк инсонлар катта бизнес учун бир мурувват эканлигини тан олиб туришимиз бор гап. Шунинг учун улар футбол, фақат футбол учун майдонга тушяпганларини кўриш, кузатиш лаззатлидир. Тағин баъзи бир нарсаларни муҳокама қилайлик. Мундиалга қайтайлик.     

Денис Черишев билан Харри Кейн урган голлари бир жиҳатдан бир бирига ўхшаб қолмоқда. Улар иккаласи жарима майдонида қаровсиз қолишган эди. Илгари майдоннинг барча ерида ҳимоячилар ҳужумчини ёпиб ўйнашар эди. Бу услуб персонал ҳимоя усули дейилар эди. Хозир ҳамма бир чизиқли ҳимоя усулини қўллашади. Хозирги ҳимоячилар жарима майдонидаям, дарвозабон майдончасидаям ҳужумчини эмас, зонани ушлаб юришибди. Бундан ман ёқамни ушлаб қолмоқдаман.

Мексика бош мураббийи олмонларга қарши жангда ўйиннинг сўнги дақиқаларида 39 яшар Маркесни майдонга туширди. Ҳамма ҳимоячига айланган бир пайтда ҳеч кимнинг кичкина хато қилишга, довдирашига хаққи йўқ эди. Қари билганни пари билмайди. Ҳаммани тинчлантириб, бир тану бир жон қилиб ҳимояланишда Маркеснинг тажрибаси, катта ёши асқотди. Коста-Риканинг шундай ёши улуғ ўйинчиси йўқ эканми, дейман. Иккинчи турда Бразилияга 90 дақиқа бас келиб, охирида йўқ жойда қўшимча вақтда 2та гол ўтказиб юборди. Ачиниб қолдим. Бизнинг Кападзе ҳам терма таркибини кўп эмас, бир-иккита тажрибали ўйинчи билан ёшликни омухта қилиб, янги ўйин яратиш йўлида тез-тез йиғинлар ўтказиб, заҳмат чекса бўлармиди? Ёки Кападзе эгар минган бўлсада, отсиз, саодатсиз чавондозми?

Россия-Миср ўйини ҳақида бир оғиз сўз айтаман. Россиялик Дзюба баланд бўйлик экан. Мен билган дароз футболчилар ичида энг муғомбир қўполи экан. Ибрагимович жуда элегант ўйин қиларди. Коллер баҳайбат бўлгани билан жуда эгилувчан эди. Бўйи ўзига халақит бермас эди. Тоза ва кучли техникаси бор эди. Дзюба киши кўрмас қўполлик билан рақибини овлаб ўйнар экан. Уни қўполликка қўполлик билан жавоб беришга мажбур қилар экан. Кеча Хорватия-Аргентина ўйинида Манжукич ҳам шундай ўйнамоқчи бўлди. Равшан Эрматов буни сезиб қолиб битта сариқ бериб Манжукич танобини тортиб қўйди. Модрич ўйини “Реал”дамас термада очилмоқда. Унинг урган голи жуда чиройли чиқди. Манжукичнинг Равшандан олган сариғи ўйинга таъсир қилмади. Бизнинг мисолда Дзюба эмас, унинг рақиби мисрлик ҳимоячи ҳакамдан сариқ олгач Дзюбага қарши чўчиброқ ўйнай бошлади. Дзюбага шу керак эди. Бизнинг ҳакам ўз маҳорати билан бошқалардан ажралиб турибди. Ватандошимиз Эрматов ҳуштаги билан футбол оламини забт этмоқда. Футболчиларимиз-чи?

Мақола сўнгида Панама-Бельгия ўйинини эслаб ўтмоқчиман. Панама жанг қилиб 0:3га ютқазди. Биз ҳам Уругвайга қарши ўртоқлик ўйинида жанг қилиб 0:3га ютқазган эдик. Лекин биз зарбдор ҳужум қилишга жаҳдимиз етмай ўйнадик. Термамизга бутун “бргадасини” ортидан судраб келиб, Сколари ё Кумиков каби бир келиб бир кетувчи мураббий керак эмас. Термамизга доимий бош-қош бўлувчи чет эллик малакали маслаҳатчи мураббий керак, деб ўйлайман. Футболимизда мураббийларнинг истеъдодли ёш авлоди пайдо бўлмоқда. Темур Кападзени ҳам шулар жумласидан деб биламан. Унинг термадаги ишлари бардавом бўлсин дейман. Мундиал кунлари ҳам ўз футболимиз ичимни қамраб турибди. Азага келган кампир ўз дардини этиб йиғлар экан. Мундиал кунлари ҳам менинг дардим ичимда. Озгина ёрилдим. Сизлардан узр сўрайман.

Мундиалдан олар завқингизга завқ қўшилсин деб,

Ҳасанали отангиз ёздим.
23.06.2018 й.

Киритилган сана: 24.06.2018 14:26. Ўкилди: 9349 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.