Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Мавсум оралиғидаги «жанглар»

Баҳо:
+0; -0

Атрофда бири кўпроқ, бири камроқ вайрон бўлган “иморатлар” бизни ўраб олган. Мавсум бошида ҳамма жамоаларимизда ўйин ҳаробаларини кўрмоқдамиз. “Бунёдкор” ўйини ҳам ҳароб, бултурги ҳамжиҳатлик ҳам, Пишурнинг зарбалари ҳам  ҳароб. У ўз номига кўра бунёдкор, қурувчи. Ўз “иморатини” қайтадан бунёд этиб олади. “Локомотив” ҳам ҳеч нарса ютиб олгани йўқ. Унинг ҳам “иморати” сочилиб ётибди. У ҳам тикланиб олади. Ҳеч бир жамоа, ё футболчи уч ой ичида ўйинини ўстириб, ўйинига ўйин қўшиб мавсумга бир нима тайёрлаб олгани йўқ. Мавсум оралиғидаги пул жангида  футболимиз ютқазди. Уч ой ҳеч ким футболни ўйламади. Ҳамма каттароқ пулларни “ўзлаштириб” қолай деб типирчилади.  Клублар ҳомий пулларини ошираман деб тиришган бўлса, футболчилар ўз маошларини деб жамоадан жамоага кўчиб вақт ютқазишди. Натижада ҳеч ким жанг-у жадалга  тайёр ҳолда майдонга тушмади. Ҳамма “состав” йиғиш билан овора бўлди.

ЧИРАНИБ  ЮЛДУЗЛАНИШ  ОҚИБАТИ.

  “Локомотив” таркибни кучайтираман деб ҳимоя, ҳужум ва марказ ўйинчиларини ёппасига янгилади. Хозирги таркиб кучайтирилган бўлса-да, бултурги ўйин кучаймаган. Ўйин бутунлай йўқолган. Фақат информация кўп бўлгани учун “Локомотив”нинг бугунги ҳолатини буюк жамоаларга солиштирайлик. Моуриньё “Интер”дан “Реал”га ўтгач, ҳамма чизиқларни жаҳон юлдузлари билан ёппасига “бойитди”. Натижада юлдузлар сиқилиб қолишди. Анчелотти келгач, у таркибни “яганалаб” ташлади. Жамоада қолганларнинг ўйини очилиб кетди.  Ниҳоят, бу шароитда Рональду ўз қудратини кўрсата бошлади. Улар ёнида навқиронлар ҳам эркин ва ёрқин ўйнаб кетишди. Четдан келган Бейл, буюк ўйинчи бўлгани билан ярим йилдан кейингина жамоага мослаша олмоқда. Лекин ҳалигача аввалгидай порлаб ўйнолгани йўқ. Бу билан буюк ўйинчиларни бир жойга тўплаганимиз билан, мукаммал таркибни яратиш, уни созлаш жуда мураккаб жараён эканлигини айтмоқчиман. Оғир иш.

 Бизнинг “Локомотив”га йўл бўлсин. Бултурги жамоа йўқ. Янгиси сочилиб ётибди. Ҳомийлар чираниб, юлдузланиб, даъволаниб  Жаҳон ё Осиёнинг бўлмаса-да, Ўзбекистоннинг номдор ўйинчиларини таркибга йиққан. Майдонда юртимизнинг “жулдузбойлари” югуриб юришибди. Уларнинг ҳатти ҳаракатидан “Насаф”нинг ўйинчиларига нисбатан бойваччалиги сезилиб турибди. Улар нисбатан каттароқ пулларни деб бу жамоага тўпланишгани билиниб қолмоқда. Эътибор бердингизми, “Насаф”га қараганда “Локомотив” ўйинчиларининг тоши оғирроқ экан.  Улар жон-жаҳди билан майдонда “ишлаб беришди”. Ўрисчасига “отработали” дейилади. Эҳтирос билан футбол ўйнашмади. Ҳамма ўзича югуриб юрди. Ўйинда ҳамжиҳат, ҳамоҳанг ҳаракат йўқ. Бири нотўғри оширади. Бошқаси оширмага нотўғри чиқади.   Иккинчи таймда гол кетидан гол уришни эмас, жанг қилиб футболдан завқланишни эмас, амаллаб натижани ушлаб қолишни ўйлашди. Сўнги йиллардаги футболимизнинг “ёрқин юлдузлари” вақт чўзишдан ишқибозлар олдида уялишмади. Улар аллақачон футболдан ҳайратланишни унитиб юборишган. Улар соврунланиб, завқланиб ўйнашдан тўйиниб қолганлар. Насаф иккинчи бўлим оҳирида жавоб тўпини қойиллатиб уриб ташлади.

 ЯНА  ДИҚҚАТ  МАРКАЗИДА  ТУРИШ.

 Раҳбарият жамоа елкасига қандай қилиб бўлса-да, олтин олиш мақсадини юклатиб қўйган. Раҳбариятга қарата оддийроқ бўл, камтарин бўл дейдиган одам топилмайди. Орзу-ниятда ҳам меъёр керак. Иссиқхона шароитида ҳам кўчат ўз вақтида гуллаб, ўз вақтида ҳосил беради. “Локомотив” ҳар йили “таркибни бойитиш” мақсадида ўз ўйинини ўзи бузиб, ўз мевасини ўзи ерга тўкиб келмоқда. Бугунги ҳолатни кўринг. Қанотда, марказда ҳимояланиш ва ҳужум қилиш пайтида  уч, тўрт  кишилик синхрон ҳаракат қила оладиган боғламлар йўқ. Қанотда икки кишилик боғламлар бор. Лекин улар ҳам хом. Ҳамнафас ўйин йўқ. Жамоада плеймейкер йўқ. Лутфулла-чи дейсизми? Тўраев ўйини “атработка” эмасми? Жамоа ўйини созланмаган. Уч ой нима қилишди? Ўйинни яратолмаган жамоадан бугун  ғалабани талаб қилиш нодонликнинг ўзгинаси. Энди Абрамов ўйиндан ўйинга фақат ютишим керак деб, зўриқмаса, титрамаса, кучанмаса бўлгани эди.

  Абрамов ҳамманинг диққат марказидан четда, оддий жамоаларда ижодий муҳит яратиб одми ўйинчилар билан яхши ўйин кўрсатар эди. Сколари жамоасини ютай дегани эсингиздами? Саидов жарима ташқарисидаги қўполликни деб пенальти бермаганида эди, ўша куни “Бунёдкор” устидан зар ёғилмас эди. Термада кимлиги, нима ўйин ярата олиши ҳаммага номаълум бир пайтда яхши ўйин кўрсатди. ОК-2011дан сўнг ҳамманинг диққат марказига тушгач, қоқила бошлади. Хатто Мауриньё ҳам “Челси” билан дарров натижа беришни ўйламасдан Арсеналларни олдинга ўтказиб юборса-да, ўйлаб қўйган ўйин ғоясини зимдан пишитиб олмоқда. Изланиш туфайли баъзи ўйинларни ютқазиб қўймоқда. Абрамов йигитлар билан янги ўйин ғоясини кўрсата олармикан? Раҳбарият бунга йўл қўйиб берармикан, ё “результат” сўрармикан, билмадим. 

  СИЗГА  ЁҚМАГАН  ГАП. 

 Яшил Майдонда югуряпган “жулдузбойвччаларнинг” юрагига ўт қалаш оғир иш бўлгач, ҳеч қайси ўйинчи майдонга тушиб ўз юрагида олов ёқиб гуркираб ёна олмайди. Гуриллаб майдонда маошни ишлаб беришади. Маошни. Масалан, Жасур Ҳасанов ўз ўйин маҳоратини кучайтирмайди.  Жарима бурчагини кесиб, марказ томон ўтиб,  Рибери зарбаси билан гол уришни ўрганаман деб  тиришмаса керак. Эрта-индин  Абрамов сочилиб ётган жамоани йиғиштириб олар, уни юртимиз даражасидаги ўйин маҳоратига олиб чиқар. Лекин барибир бугунги футболимиз учун янги гап айта олмайди. Бунинг учун ҳар бир футболчи ўз ўйинини янгилаши керак. Янги қирраларини очиши керак. Карпенко ҳам, Тўраев ҳам, хатто ёш Жасурбек Ҳасанов ҳам (Узр сўрайман. Бу йигитнинг насабини билмасам-да, ҳурмат юзасидан, ҳамда отдошидан ажратиш маъносида номига ўзимча бир насаб номини қўшиб айтдим.) ўз ўйинига ўйин қўшиши керак.  Ҳамманинг ўйини ўсиши керак. Бизда ҳамма жамоаларда бундай ўсиш футболчининг 20 ёшида ўз чўққисига етиб келади ва шу ерда қотади. Шу “чўққида” ўз футболини яшаб ўтади. Баъзи бир мураббийлар бу навқирон, тайёр ўйинга ишлов беради, халос. Бошқа футболчилар ҳеч кимнинг назарига тушмай, “ишлов” кўрмай футболдан ўтиб кетишади. Назарга тушганлари ҳам фақатгина “тажриба орттириб” ўтишади. Ўз ўйинини янгилай олишмайди. Дилшод Нуралиев яратган, “юмшоқ лойдан” ясаб берган футболчининг ўйин кўриниши тошқотиб, янгича ўйин суратини ололмай майдонда ўн йил кўриниб, сўнгра кўздан ўчиб кетишади. Туропов қаттиқ истаса, Шквирин назарига тушса, балким янгича ўйнаб кетар. Лекин ўша янги ўйини ҳам нари борса, Ўзбекистон даражасида бўлади. 

   Аммо “Локомотив” футболчиси учун бунинг иложиси йўқ. Чунки бундан ҳам баланд ўйин кўрсатиб, “Локомотив” беряпган пуллардан ҳам баландроқ маошни оламан деб интиладиган жой, ё бошқа бир жамоа  олдинда йўқ. Карисларга ўхшаб Европада ўйнаб хозиргидан 20 баробар катта пулларни топиш улар учун ҳом ҳаёлдир. Чунки бизнинг термамиз ОК-14да ғалаба қозонишни мақсад қилмаган бўлса,  чунки терма таркибида ўйнагани билан Осиё миқёсида баланд савияга чиқолмаса, чунки термада жаҳоннинг буюк мураббийлари қўл остида ўз ўйинини ўстириб, дунёга таниламан дея олмаса, бунинг устига-устак четга чиқмай туриб ҳам юртимиз футболидаги энг катта пулларга эришган бўлса, тағин қандай янги ўйин чўққисига интилиши керак экан? Шундоғам  ҳар бири қўшнисига нисбатан бойдан бой, ҳирсдан тўқ яшамоқда. Ҳамма нарсани пулга боғлаб қўйишим сизга азизим, ёқмаётгандир. Ёқмаса ўқиманг. 

   Фрейд гаплари бўйича ҳамма нарсанинг асосида физиологик ишқий талаб ётса, шунга ўхшаб ўзимиз англамаган ҳолда, биз тан оламизми йўқми, ҳар бир кимсанинг ҳаётини шаҳсий манфаатни  қондириш ҳаракати бошқаради.  Пул бошқаради. Бу ҳақиқатдан уялиб қайга борардик? Пулга эришиш ва уни сарфлаш ҳаммада турлича бўлиб, унинг миқдори ва сифати ҳаётимизни белгилаб беради. 

 БИГИЗ  ДАЪВОСИ.

 Олдинги ҳаётимизда Партия ҳар бир кишидан ўз манфаатини  унутиб коммунизм қуришга интилиб яшашини истар эди. Пул топишга интилиш, пул ҳақида ўйлаш, ёзиш таъқиқланган эди. Хозир бундай эмас. Тадбиркор шаҳсан ўзи бойиб, фаровон ҳаётга эришиб яшайин дейди. Бунинг учун ишлаб чиқаришни ўстириб, маҳсулот сонини ва сифатини ошириши натижасида, юртимизда мўл-кўлчиликни, фаровон ҳаётни юзага келтирмоқда.

 Футболчи нима қилсин? Юқори ўйин даражачига чиқишни истаган тақдирда ҳам, Ислом Аҳмедовнинг ошнолари айтган “Система”ни ўзгартира олмайди-ку. Шу пачоқ ўйини билан ҳам бойвачча бўлиб юришни эплаган бўлса, бир нимага интилиб мақади.  Энди мана шу ўйини билан иложи борича узоқ йиллар майдонда қолиб тўп тепиши керак. Улар “Локомотив”да ўйнаб, бу йил бир амаллаб чемпион  бўлишса борми, тағин камида икки йил катта маоши тайин бўлади. Бундай мақсадга пул кучи билан эмас, истеъдодли ёшларнинг интилувчанлиги билан бостириб келаётган “Пахтакор” нима дер экан? “Локомотив”да эркин ижоднинг биқинига спонсорлар бераётган катта пулнинг ниқтов бигизи тақалиб ётган бир пайтда, ҳар бирининг боши устида талаб, қистов қиличи осилиб турган бир пайтда, олтин медалларга “Локомотив”дан бошқа барча даъвогарлар яқинроқ турибдилар.

КАЛЕНДАРГА  БИР ҚАРАНГ.

  Бу манзарада Абрамовнинг аҳволи жуда оғир.  Клуб устида турган корчалонлар ўзларининг бошқариш маҳоратида аллақачон панд берганларини тан олмай, эрта-индин ҳамма айбни бошқаларга, масалан биринчи навбатда мураббийга ағдаришади. Мен Бугало воқеасини кўзда тутмоқдаман. Бултур ярим финалнинг жавоб учрашувида “Бунёдкор”га ютқизгани учун Бугалони айбдор деб топишди. Кимдир мағлубият сабабини ўзидан эмас, бировдан излаган ва афсона тўқиган. Шундан сўнг Бугало ўйинни сотганликда айбланиб жамоадан ҳайдалган эди. Бу айбловга ҳамма ишонди. Мен ҳам чиппа-чипдан ишонган эдим, чунки футболимиз сотқинлар билан хиқилдоғигача ботиб ётибди. Уларга сотқин деб қаралмайди. “Система” деб қаралади. Афсона ҳақиқат бўлган тақдирда ҳам, мағлубиятга жамоа ўйинидаги камчиликлар сабаб бўлмаган эдими? Ўша ўйин кўз олдимда турибди. Майдонда ўйин назорати рақибда бўлган эди. Ҳужумда мантиқ мутлоқ йўқ эди. Хозир ҳам йўқ. Ҳужум моделлари ўйиндан олдин тайёр қилинмас эди. Хозир ҳам шу аҳвол.

   Жамоа ўйинига шундай муносабат билан “Локомотив” чемпион бўламан дейишига ўлайми, кулайми? Йиғлайми? Раҳбарият ўн йилдан бери календарга қарамаётибди, чоғи. “Дўстлик” ё МАСК даври аллақачон ўтиб кетган. “Бунёдкор” юришини ҳам такрорлаб бўлмайди. “Бунёдкор “футболимизга ёриб кирганида рақобат саҳнида “аслзода” пахтакорчилардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. “Бунёдкор” уни куппа-кундуз куни ечинтириб ташлаб, чемпион бўлган эди. Темирйулчилар “Олмалиқ” сингари ўз йўлидан ўз қадами билан бориши керак. “ЛОКОМОТИВ”- “НАСАФ” ўйини ҳақида шунчалик кўп гапирган бўлсам-да, бугунги гапимиз бирон бир жамоа ҳақида бўлмаётир. Пул ҳақида бўлмоқда. Пулнинг ҳаракати, саёҳати, малоҳати, маломати ва  кирдикорларини очмоқдаман, ўзимча.

Давоми  бор.

Киритилган сана: 28.03.2014 12:22. Ўкилди: 10136 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:35. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:35. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:34. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:33. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


ACADEMY
Сана: 28.03.2014 15:07. ACADEMYга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.