Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Футбол манзараси

Баҳо:
+0; -0

Марат билан базанинг учинчи қаватида жойлашган хонасига кириб келдик. Беш дақиқа гаплаша олдик, холос. Хонада Дониёр Усмонов билан бирга машғулотга тайёрланишар экан. Бир-икки оғиз гаплашиш мумкин бўлди. Дарров хонадан чиқиб кетишимиз керак эди. Машғулот кутмоқда. Журналистнинг имконияти шунақа чекланган. Биринчи учрашувим январ бошида, сафардан олдин Транспорт майдонида бўлган эди. Марат машғулотдан кейин уйга қайтаётиб мен билан ўз мошинасида 17 дақиқа суҳбатлаша олди. Кейин Марат билан танишувда узилиш бўлди. Сафарга кетишди. 23-январда сафардан қайтишди, кейин 28-январда базада машғулот бўлди, 30-январда “Бунёдкор”нинг ёрдамчи майдонида ўзаро бўлинишиб ўйнашди. 1-февралда тағин базада машғулот бўлди. Ман шу кунлари “Локомотив” ўйинчилари билан бирга бўлдим. Ниманидир кўрдим, ниманидир кўролмадим. Ким биландир гаплаша олдим. Ким биландир йўқ. Мақсадим футболчилар ҳаёти билан яқиндан танишиш эди. Нима учун? Журналист бўлмасам. Ўз ишим бошимдан ошиб ётган бўлса. Мени қийнаётган кўп саволлар борки, уларга четдан туриб жавоб топа олмаётибман. Футболни ичидан билмайман. Ичида нима гап, қандай манзара? Бугун яна сафарга учиб кетишди. Кеча базада гаплашишга тортиниб ҳаммани кузатиб юрдим. Кейин вақт қўлдан кета бошлагач,  кўпчилик билан емакхонада бирин-кетин, узуқ-юлуқ  гаплашиб олдим.       

1.  ЎЗ АРАВАМИЗДА КЎЧИБ ЮРИШ
Кўчаларимиз бугунги кунда маҳсулот ёки хизмат мақтовига аталган суратлар билан лиқ тўла. Ҳамма ўзини, молини мақтайди. Кўпчилик машҳур футболчилар суратидан фойдаланиб мақтанади. Молини, ҳолини реклама қилади. Чиройли мақтанади. Ҳамма ёқда Месси. Кўшкларда, деворларда, ойналарда, автобусларда, хатто томларда Месси, Рональду, Суарес, Дрогба, Торрес, ва бошқа Еврофутболчиларнинг сурати осилган. Улар орқали ҳамма ўзини, молини оммага танитмоқчи бўлмоқда. Жуда кўпчилик Еврофутболчиларни яхши танийди. Ишқибозларни айтмайлик майли, бозордаги кўкатчи кампир ҳам Мессини таниди. Футбол ва футболчилар шунақа. Уларни ҳамма яхши кўради. Ўз футболимиз билан кўчалар ва уйларнинг иши йўқ. Ҳеч қаерда ўз футболчиларимиз суратини кўрмайсиз. Ҳақиқий, олиймақом Еврофутбол турганда кимнинг ўзбек футболи билан иши бўлсин. Ҳамма мерседес минаман дейди. Кўчадан “москвич” ўтса, ҳамманинг энсаси қотиб, юзини ўгиради, шундайми. Европа юлдузлари олдида  “Жигули” бўлишни кимам хоҳларди? Бизникилар Вольво олдида “москвич-412” ҳисобланишса, бошим осмонга етарди. Бизнинг футбол улар олдида эшшак аравага ўхшаб қолган, тўғрими. Лекин ўзимизники улар. Ўзимизнинг футбол аравамиз. Улар ўз ўғлонларимиз, ахир. Ўз фарзандларимиз. Лекин нега фарзандларимизга эмас, еврофутболга тикилиб роҳатланиб  юрибмиз?

ОАВ ишқибозлар билимини ошириб, дидини шакллантириб, ўз футболимизни тарғиб қилайлик демайди. Бунга талаб йўқ. Улар ҳам олийсифат, олиймақом евроўйинларига кўзимизни қаратиб роҳатланайлик дейишади. Газетамизнинг ўтган сонида Каҳрамон Асланов билан Азамат Муродов бир бири билан талашиб, бири олиб бири қўйиб икки бет юзида евроҳақиқат талашишди. Бири М.Ю.га, бошқаси Ман.Сити томон Гвардиола юзини бурмоқчи бўлишди. М.Ю. билан Ситини бир-бирига солиштириб, киши сезмаган нозик нуқталарни топиб, яхши-ёмонни фарқлаб чиқишди. Ўзбек футболи ва унинг савияси паст бўлганидан журналистларимиз оммани у билан қизиқтира олмаяпти, шекилли. Шунинг учун Махарадзе нима учун “Пахтакор”дан кетганини (ё кетказишганини) ёзишмади. Лекин Рональдуни барча гранд жамоаларга унаштириб чарчамаймиз.  Осиё биринчилиги ярим финал, финал ўйинлари жуда қизиқарли ўтди-ку. Улар ҳаққига, тўртта гўзалдан гўзал, дурдона, драматик ўйинлар ҳаққига атаб ўз саҳифасидан ярим бет, ё чорак бет жой берса бўлмасмиди? Йўқ. “Чемпион” газетаси омманинг еврофутбол талаби ортидан судралмоқда. Олдинда юролмаяпти. Оммадан оз-моз баландроқ турса, омма олдида ўз кўчасида илдамроқ юрса бўлмасми? Европа кўчасига тиқилиши шартми. Футболчиларга ҳам шу иллат юққан. “Ўз клубим-ўлан тўшагим”деб ҳеч ким айтмайди. Ҳар ярим йилда тўдалашиб ўз жамоасига қўл силтаб уни ташлаб кета беришади. Йигитларда ўз жамоасига садоқат йўқ. Кўпчилик ўз жамоасини демайди. Бошқа ёқда бахт қидиради. “Подёмний” деган қусур ҳаммани кўчманчига айлантириб, дарбадарликка ундаб турибди.

2.  ҚАНДАЙ ҚИЛИБ?
Овқатлана туриб Мирко Еличич билан қурган суҳбатим эсимга тушмоқда. Рус тилини яхши билмас экан. Унинг рус тилидаги гапини ҳам тушуниш қийин экан. “Какие резервы роста в игре команды вы видите” деган саволимни бошқа сўзлар билан тушунтириб бердим. Жумладан суҳбат давомида рухий таёргарликни ҳам у муҳум деб санаб ўтди. “Нет патриотизма”, деб Андрей Микляав тушунтириб берди. Ўз жамоам, ўз клубим деган тушунчани раҳбарият билиб-билмай ўз ҳаракатлари билан ўлдириб бормоқда, деган хулосамни айтдим. Мирко у ёқда турсин, Андрейга ҳам фикримни тушунтира олмадим. Рус тилини яхши билмайман, шекилли. Мирко бир йилга шартнома тузганини, лекин ёмон натижалар бўлса, бир ойдаёқ ишдан кетиши мумкинлигини оддийгина қилиб айтган эди. Ҳамма бош мураббий атрофида бир жону бир тан бўлиб бирлашиши керакми? Ҳамма бирлашиб бир оила бўлиши керакми? Шунда йигитлар майдонда ўлигини ташаб охирги сониягача жанг қиладими, шундайми? Бундай бўлмаса-чи? Бош мураббийга ишонч билдириб у билан 3 йилга шартнома тузилмаса, у хуқуқсиз бўлиб, қил устида туриб ишласа, футболчилар бундай мураббий атрофида бирлаша оладими? Қандай қилиб майдонда бирдамлик пайдо бўлади?

“Локомотив”да ҳар ярим йилда бир марта ўрнига машҳурроқ “юлдуз”келтирилиб ҳар бир ўйинчига эшик кўрсатилиб оқ  йўл тиланиши мумкин бўлса, қандай қилиб бирдамлик пайдо бўлади? Футбол жамоавий ўйин. Бутун жамоа ҳужум қилади. Бир футболчи гол уради. Хозир зудлик билан машҳурроқ ҳужумчини излашмоқда. Гўёки у бир ўзи янгидан янги ҳужум моделларини яратиб бера оладигандек. Янги ўйинчининг ўйин тушунчаси жамога мос бўладими, йўқми? Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ўзининг ҳужумчилари ортиқчалик қилиб, ўз ўйинини ўстира олмай қолишади. Бундай бўтқани рақобатни ўстириш демоқдалар. Шундоғам бултур Темирхўжанинг ҳам, Маратнинг ҳам маҳоратини димиқтириб, ўсишдан тўхтатиб қўйган эдик. Очик эшик олдида турган Ўйинчиларда клубга садоқат қайдан пайдо бўлсин?  

Раҳбарлар олдида ҳеч кимнинг, хатто клубга кўп йиллар давомида хизмати синган бош мураббийнинг ҳам қадри бўлмаса, клуб ўйинчилари майдонда бир оила бўла оладими? Абрамовнинг Сколарига қарши туриб бергани эсимда. Саидов йўқ жойдан пенальти бермаганида “Локомотив” “Бунёдкор”ни синдирар эди. Эслайсизми? Кўп йиллар Абрамов бугунги “Локомотив”га яхшими, ёмонми хизмат қилган. У учта ўйинни ўтказиб, мавсумни тугатиб қадрдон клуби билан ўз обрўсини сақлаб ҳайирлашса бўлар эди-ку. Йўқ. Кетига тепилди. Бошқа яна бир мисол келтираман. Карпенконинг мураббийлик лицензияси йўқ. Лекин у кўчага ҳайдалмади. Бу йил лицензия олгунча номига жамоа аъзоси ҳисобланиб, аслида мураббийларга ёрдам бериб юради. Кейинги йил “Бунёдкор”нинг мураббийлар таркибидан жой олиб ишлаб қолади. Мана буни инсонга ҳурмат деса бўлади. “Локомотив” эса, унга эшикни кўрсатиб қўйган эди. “Локомтив”да инсоннинг қадри бўлмаса, клубга садоқат кимда қандай қилиб  пайдо бўлиши мумкин, азизларим. Бундай рух, мураббий атрофида бирлашиб, бир жону-бир тан бўлиб ўйнаш рухи бўлмагач,  “Локомотив” Қўқонда шарманда бўлган эди.

Бу гапларни Миркога айта олмадим. Ичимда қолиб кетди. “Пахтакор” футболчилари охирги сонияларда ўйинни қутқариб қолиш сабабини Микляев бирдамликда деб айтди. Шундай ўйнашга эришиш керак деб айтди. Лекин бунга қандай қилиб эришмоқчи? Қандай қилиб? Қуруқ гап билан эришиб бўлмайди. Футболда ҳамма нарса бир бирига боғлиқ. Клубдаги руҳият ўйин руҳиятига бевосита таъсир қилади.

Мирко овқатга қарашимни сўради. “Кушайте, кушайте” деди. Дастурхонда мен учун ҳам ош қўйилган эди. Бир ҳафтадан бери ушбу дамни, ушбу учрашувни кутиб яшаган эдим. Ҳамма нарсани унутиб юборибман. Хатто фотоаппаратимни ҳам халтадан олмабман. Бунчалар довдирамасам, бунчалар берилиб кетмасам. Йўқ, мен журналист бўла олмас эканман.

3.  НОШУД ЖУРНАЛИСТИКА
Ҳамма ўз оиласини яхши кўради. Ўз ота-онасини, жигарларини, ўз яқинларини ҳаммадан афзал билади. Ўз кўчасини, маҳалласини, ўз шаҳрини, ўз қишлоғини, ўз юртини дейди. Ўз ватаним деган одам ўз футболига бефарқ бўла олмайди. Футбол стадиони ватандошларнинг бирдамлик билан бирлашадиган ягона жойи. Лекин  у оддийгина ўйин холос. Шундай бўлса-да, стадион ўз футболим дейдиган футболчиларнинг ўз клубим, ўз юртим деб баралла жанг қила оладиган жойидир. Ишқибозлар учун “Ўз-бе-кис-тон” деб, баралла бақира олидиган ягона жой. Ишқибозлар ўз юртининг барча футболчиларини таниди. Ҳар бирининг яхши кўрган ўз футболчиси бор. Нега улар асосан Еврофутбол сафидан бўлмоқда. Нега чет элнинг интервьюси бизникидан қизиқарли ёзилади. Нега ўз ўғлонларимиз ҳаётини ёрита билмаймиз?

2-қават даҳлизида бир чеккада турар эканман, йигитлар машқ қилишар эди. Икки томони қатор хоналар, ўртада гиламчаларда йигитлар ётиб машқ қилишар эди.  Олдимда, шундоққина ёнимда Жасурқул Хасанов тиззасини даҳанига тортиб ётар эди. ОК-2011 чорак финалида ўша Однан Ҳамад бошқаряпган Иорданияга қарши ўйинни бир эсланг. Ҳаммани ортда қолдириб дарвоза чизиғигача югуриб эмас, учиб борган Жасурқул,  Боқоевга яқин бурчак томон голвар узатмани оширган ўша Жасурқул ёнимда эди хозир. Жуда чиройли гол бўлган эди. Қўшимча таймда “Бунёдкор” дарвозасига гол уриб ўз жамоасига “Локомотив” тарихида биринчи бор кубокни олиб берган ўша Жасурқул олдида турар эдим. У эса чалқанча ётганича ёнидаги Қувондиқ билан ҳазиллашиб машқ қилар эди. У хақда ҳеч нарса ёзмасак, ёза билмасак яхшими? Рибери ҳақида қизиқарли тайёр мақолани таржима қиламизу, олдимдаги Жиззахлик бу ҳазилкаш йигитнинг ҳаёти билан қизиқмасак яхшими? Шундай ҳаёллар билан четта туриб ўғлонларимизни кузатиб турар эдим. Ношудлигимдан эзилиб турар эдим. Ийманиб турар эдим. Хозир бу сўзларни ёзмоқдаману, кечаги ўйин эпизоди эсимга тушди. “Бунёдкор”даги ўйинда  майдон марказида Сервер калласига узатилган тўпни чаққонлик билан қаёқдандур елдек учиб келган Жасурқул илиб кетди ва Серверга бир нима деб кулиб кетди. Эшитолмай қолдим.  Ўйинни кузатиб турганлар ҳам кулиб юборган эди.

4.  БОШИ ПАХМОҚ
Ишқибозчиликнинг ўз завқи бор. Хозир ҳамма  Футбол сиёсатдан ҳоли бўлсин дейишмоқда. Ундай эмас. Энг тоза, энг халқчил, энг оммабоб сиёсат футболнинг ўзидир. Қолган соҳа сиёсатчилари ифлосгарчиликка кўмилиб ётибди. Футболни деган одам ёмон одам бўлмайди. Тўғри, футболни эмас, футбол ичида ўзини деганлар, пулини деганлар, ё бошқа ўткинчи ё чиркин мақсадини ўйлаганлар футбол ичида ва унинг атрофида кўп топилади. Начора, футбол ҳам даврнинг барча иллатларидан ҳоли эмас. Гап шундаки, чиркин нарсалар футболда ҳамманинг кўз ўнгида бўртиб кўриниб қолмоқда. Ҳамма ўз атрофининг, ўз соҳасининг, иш жойининг эмас, аввало ўз футболининг тоза бўлишини хоҳлайди. Чунки, ҳамманинг суйгани, билгани, кўргани, дегани, арзандаси футбол бўлмоқда. Футболимиз тоза ва соғлом бўлишини, кучли бўлишини ҳаммамиз хоҳлаймиз. Футболга талпинамиз. Футболим деб, қайғурамиз. Баҳслашиб томоқ қирамиз.

Лекин қандайдир кучлар бизни ўз футболимиздан бездирмоқчи бўлмоқдалар. Ҳамма кўчада ўзини яхши томондан кўрсатади. Ҳамма ўзим бўлай дейди. Менинг молим яхши, уним яхши-буним яхши дейди. Ҳамма таклиф айвонида ўзим бўлай дейди. Фақат кўзи ғилай, бели букр, юзи сўйлоқ, лаби дўрдоқ, оёғи маймоқ, сочи пахмоқ киши уялиб ўзини четга олади. Панада туради. Бизнинг футбол шундай одамга ўхшаб ўзини четга олиб юрибдими. Нега? “Пахтакор” клуби ўзини, ўз ишини, навбаттаги ўйинни шаҳарнинг фақат бир жойида “тарғиб” қилмоқда. Панорама ёнида. Унинг банери 50 метрга чўзилган кинолару актёрлар тарғиботига аталган банер ёнида таърифимдаги бояги жулдурвақа кийинган сўйлоқ одамга ўхшаб бир четда бечорадай турибди. 2014 йилги чемпион сурати ҳалиям осиғлиқ. Кинотеатр ўз банерлари билан зал қарига одам чақирса, “Пахтакор”нинг банери  ишқибозни футболдан бездирмоқчи бўлмоқда.

Евроўинлар билан овуниб юрган ОАВ ҳақида боя гапирдим. Унинг мақсади тушунарли. Тиражни ошириш. Лекин клубларимизчи? Клубларимиз бундай “рекламаси” билан  ишқибозни ўзбек футболидан бездирмоқчи бўлишмоқда-ку. Уларга ишқибоз керак эмасми? Мана шу ерда шу саволлар дилимдаги оғриқли жойга, футболимизнинг чипқон илдизига, муаммо ўқига тегиб кетти. Ўткир оғриқ дилимни ўртаб юборди.  

5.  НИМАСИ МАЗА?
Бабаян журналист саволига жавоб бера туриб, “Пахтакор” ўз чиқимларининг 10 фоизини қоплайди, деб айтган эди. 90%га боқиманда. Бошқа клубларни гапирмасак ҳам бўлади. Даромад кўриш йўллари ёпилган. Янги даврда яшамоқдамиз. Битта тандир қуриб олган нонвой ўз даромадига эга бўлса, ўзига хон, ўзига бек бўлса, йиллик буджети 20млдга тенг футбол клуби эса боқиманда ҳисобланади. Бошқа клубларни гапирмай қўя қолай. Улар тиламчи ҳисобланади. Бу хақда Қаҳрамон ўз “Таклифида” уч босқичли молиялаштиришни тадбиқ қилайлик деб ёзган эди. Биринчи босқичда ҳамма клубларни тенг таъминлайлик деб, иккинчи босқичда ҳаражатларини ҳар бир клубнинг ўзи топсин деб, учунчи босқичда ўз ҳомийси қўшимча молия билан таъминласин деб ёзган эди. Бошқалар жим. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Клубларимиз даромад топишга интилмай юра беришсинми? Ишқибоздан юз ўгириш сабаби шу ерда илдиз отган. Даромад топишни ўйламаган клуб ишқибозни бошига урадими? Ишқибознинг ҳеч кимга кераги йўқ.  Чипта пулининг ҳам. Ўйин тарғиботини ҳам кераги йўқ. Ҳар бир клуб ҳомийнинг пулларини ўзлаштириш билан овора. Даромадини ошириш билан эмас. Билет сотиш, трансфер хуқуқини сотиш, телетрансляция хуқуқини сотиш ва бошқа турдаги даромадларни топиш билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Шундай холатдан ҳамма мамнун. Клуб ходимлари ҳам, бойдан-бой спонсорлар ҳам. Нисбатан тўқ яшаётган футболчилар ҳам. Лекин ҳамма зарар кўряпгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Чет элда ҳомий клубга катта пулларни ўзаро даромад кўриш ниятида тикади. Ҳомий жамоа мураббийини ишдан ололмайди. Ишга қўя олмайди. Бизда ҳомий  клубни еб кетарга боқади. Клуб ҳомийга ҳеч қандай даромад келтирмайди. Ҳомий ташкилот зарар кўрмоқда. Клубга  маза дейсизми? Клуб мураббийи устидан ҳомий хукмронлик қилса, молия бизники деб, футболни футболдан узоқ одамлар биз бошқарамиз деса,  бош мураббий ўйин бобида жамоа олдига кўп йиллик янги мақсадларни қўя олмаса, мураббийга нимаси маза бўлади. Ҳомий шундай катта пулларини ўз клубининг ривожига, клуби орқали футболимиз ривожига сарфласаю,  ЎФФ қарорларини,  чемпионат тизимини, клуб ривожини тўсаётган чемпионат форматини ўзгартира олмаса, Ҳомийга нимаси маза бўлади?  

6.  НИМАСИ БИЛАНДИР ФАРҚЛАНИШ.
Еличич Ёшлар жамоасига, фарм клубга ўз фикрини ўтказа олмайди. Масалан, бир-икки марта Жасурқул Хасановни ёшлар таркибида қанот ҳимоясига қўйиб унга ҳимояланиш усулларини ўргата олмайди. Салим Мустафоевни дублёр таркибида ҳужумда ўйнатиб, универсалликни ошириш ниятида дублёр ўйинларидан фойдалана олмайди. Жамоада яхши ўйнайдиган ёшлар кўп экан. Уларни Еличич турли клубларга ижарага бериб юборишга мажбур бўлади. Ўз фарзандини кўчага ташлагандай бўлади. Ёшлар ўйинини Еличич назорат қила оладиган бир клубга, масалан, фарм клубга ўтказа олмайди. Фарм клубдан ўзига қулай пайтда ўз ўйинчисини қайта чақириб ололмайди. ЎФФ чиқарган қоида бунга йўл қўймайди. “Локомотив” раҳбариятида нима гап? Фарм клуб ҳам ёшлар жамоаси ҳам Еличич назоратида ўйнамайди. Натижада кўплаб иқтидорли ёш футболчилар ўйини амалиётсиз қолиб ўсишдан тўхтаб қолмоқда. “Локомотив”нинг бутун структурасини спонсорлар тузиб чиқишади. Қандай мақсадда тузишади? Еличич бундан бехабар, бир четда аралаша олмай қолади. Бош мураббий учун бу ҳолатнинг нимаси маза? Бундай ҳолнинг сабабини клуб президентидан изласам, сабабият  ундан ҳам тепада илдиз отганми дейман. Сизу бизга бунинг нимаси маза?

Нега шундай? Футболдан узоқ одамлар бирон бир стратегияни танлаб олмай бугун бундоқ ишлашади. Эртага ундоқ ишлашади. Катта энеретикага эга, тезкор, Жасурқулнинг Европада ўйнайдиган потенциалга эга эканлигини ҳаммамиз биламиз. Нега Жасурқул Хасановнинг ўйини ўсмай қолган? Нега? Шунча кўп ҳаражат қилинса-да, Локомотив ўйини бошқа ўсмаётибди. Нега? Спонсорларга бунинг кераги ҳам йўқ. Уларга биринчи ўрин бўлса, бўлгани. Ўйин сифати ёки сифатсизлиги билан уларнинг иши йўқ. Натижада Ўзбек футболи бир жойда қотиб ётибди. Ҳамма зарар кўрмоқда. Тиллабоев билан танишдим. Асосий таркибда шуғуллана бошлабди. 24 ёшгача дублёрда юрган экан. Футболчи 20 ёшида асосий таркибнинг етакчи ўйинчиси бўлиши керак. Лекин бизда бундай бўлмаяпти. Клубда ҳар йили четдан тайёр ўйинчи олиб келиниши шарт бўлиб  қолган. “Пахтакор”да йил бошида Соҳибов, Машарипов олдига Ахмедовни олиб келишди. Ёшлар йўлини тўсмасин деб, Махарадзега жавоб берилди. “Локомотив” эса ёшлар йўлини тўсиб, Махарадзени ўз таркибига қўшиб олди. Шу дамда М.Ю. тарихидан бир лавҳа ёдимга тушди. Фегюссон ўшанда Рональду билан Руни маҳорати вояга етиши учун жуда яхши ўйнаётган моҳир ҳужумчи Нистельройдан воз кечган эди. Агар мазкур ёшлар ўсар вақтида ўйин амалиётидан маҳрум қилинганида, жаҳон футболи Рональдудек даҳо футболчиларидан ажралиб қолар эди. “Локомотив”да қанчадан-қанча бўлғуси моҳир футболчилар йўқолиб кетмоқда, деб бир ўйлаб боқинг. Махарадзе ёшидаги барча ўйинчиларимизга эса, Нистельрой тақдирини тилайман. У М.Ю.дан кетгач, эски довруғини миниб юрмади. Шу ёшида очилмаган янги қиррасини очиб, ўйинини ўзгартириб “Реал”да уч мавсум ёрқин ўйин кўрсата олди.

“Навбаҳор” бултур ўз пулига муносиб келган Бақоев ва Эркиновни ўйнатган бўлса, бу йил бошқаларни олиб келади. “Локомотив” ҳам ўз имкониятига яраша баландроқ савияли футболчини, энди бундан буён бошқа ўсмайдиган футболчини,  бугунги кунда ҳаммадан кучлироқ ҳисобланса-да авж пардали даври ўтиб бўлган футболчини ҳар йили олиб кела беради. 24га чиққан ёшлар, масалан Қувондиғу ёш Дониёрлар тағин неча йил биқиниб ётади? Келгуси йили Махарадзе “Локомотив”га нима бера олади? Бу йил-чи? Ўзбек футболига-чи? Демак “Локомотив” “Навбаҳор”дан нимаси билан фарқ қилади? Фақат пулининг кўплиги биланми? Стратегия уларда ҳам, буларда ҳам йўқ.  Бирининг пули йўқлигидан, бирининг пули кўплигидан шундай бўлмоқда.

7.  ҲАММА ИШЛАМОҚДА
Суҳбат давомида Микляевга шулар ҳақида бир нималарни айтсам, бошқа мураббийларга ўхшаб саволдан қочмай, “есть такое дело” деган эди. Микляев  тепага ишора қилгандай, ушбу ҳолатга “объектив ташқи муҳит” деб баҳо бергандай бўлди. Клуб президенти ҳам ушбу ҳолатни тепага ишора қилиб, объектив ташқи муҳит, деб биладими, дейман. Ундан тепадагилар ҳам тепага қарашадими, дейман. Микляев товушида бу ҳолатдан афсусланиш оҳанги бор эди. Лекин бундан қатъий назар ҳамма яхши ниятлар билан берилиб ишлар экан. Клуб миқёсидаям, Республика миқёсидаям афсусланишга сабабчи бўладиган, ўзгартириш лозим бўлган ҳолатлар футболимизда ҳали жуда кўп. Лекин нега футболимизда бир нимани ўзгартиришимиз қийин бўлмоқда? Футболимиз равнақини бўғувчи қандай ёвуз кучлар қаерда яширинган экан? Билмадим. Бошим қотган. Футболчиларнинг оддий машғулотини эсласам, шуни айтиш мумкинки, ҳар бир футболчи Мирко раҳбарлигида жуда қаттиқ ишламоқда. Оддий машқларни ҳам катта иштиёқ билан бажаришмоқда. Тренажёр залига тушдим. Ҳамма ишламоқда. Кўп ишламоқда. Бу йилдан ҳамма умидвор. Мен ҳам. Чунки Мирко айтганидек “Локомотив” ўйинчиларининг жисмоний ҳолатини бир калла юқорига кўтара олса, мақсадига етади. Мирко ҳамма ўйинчиларни майдоннинг ҳар бир қарич ери тўқнашувларида жанг қилдира олса, бўлгани. Жисмонан барча рақиблардан яққол устунлик қилиб, бу йил ўзининг ўйини билан ҳамма клубларни енга олади. Йўлини берсин.

Қайтишимда Равшан олдига чиқдим. Вақти йўқлигидан узр сўради. Бир ҳонада  олтита ҳисобчилар Равшанни навбати билан ўз олдига чақириб ҳужжатлар тайёрлаш билан овора эдилар. Жамоанинг бир марта чет элга чиқиб йиғин ўтказиб келиши учун қанча одам қанча кўп ишни бажаришини билмас эканман. Микляев ҳам шу ерда эди. Раҳбариятнинг бир кунлик иш жараёни шундайин мураккаб бўлишини ўз кўзим билан кўрдим.  Тизим мураккаб. “Ислоҳат, ислоҳат” деган гапларимиз ушбу Жараён ёнида ортиқча гап бўлиб қолгандай.

Марат  онасини кўриш учун ТТЗда қолар экан. Мендан узр сўради. Бу гал мени олиб кета олмас эди. Уйга қайтаётиб, кўрган-кечирганларимни ўйлар эдим. Кўрганларим кўз олдимда ҳалигача турибди. Ёзмоқдаман. Баъзи эпизодларни эслаб жилмайиб ҳам қўяман. Суюкли набирам ҳайрон бўлади.

"Локомотив" ўйинчилари ёнида уч кун отахон бўлиб  юрган, Хасанали-отангиз ёздим.
2. О2. 2016й.

Киритилган сана: 22.02.2016 19:06. Ўкилди: 10464 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:40. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:40. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 14:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 14:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


RUSLANSTD
Сана: 23.02.2016 10:09. RUSLANSTDга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.