Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Саҳифалар сийрати

Баҳо:
+1; -0

Осиё кубоги-2011нинг барча жангларини Доҳада кўришга мушарраф бўлганман. Бу ҳақда ёзиб тўймайман. Мусобақаларнинг очилиш ўйини билан бирга сўнги финал ўйини хотирамга муҳрланиб қолган. Финалда Таданари Лининг “кенгурулар”га урган ягона голи ўзича гўзал бўлган эди. Очилишдаги арабларга  Одилжон билан Сервернинг жавобсиз урган 2та голи барча ўзбек ишқибозлари учун нафосат, жасорат, ғурур тимсоли бўлиб қолган. Шу ўйин билан Абрамов қалбимизда алоҳида ўринга сазовор. Лекин Доҳани эслашим сабаби бошқа ёқда, ҳаётнинг бошқа қатламида сабаб яширин. Оқибати кунимга белги бериб, унимни мунгли, аламли қилмоқда. Кўздан нари, бели букик, ҳокисор ҳолда туришибди ушбу айтмоқчи бўлган омилларим. Улар томон Хайрулла ҳам қиё боқмаяпти. Сизлар ҳам.

ТУҲМАТЧИГА АЙЛАНИШ ХАВФИ
Хайрулла Ҳамидов газетамизнинг ҳар бир сонида “Пахтакор” ҳалигача келишилган ўйин учун жазоланмаганидан зорланади. Мирсодиқов жазоланган бир пайтда, келишув сабабчиси бўлган қарши томон нега жазоланмайди, инсон ўзи-ўзи билан келишмайдику деб, Биринчи шахснинг иродаси етмаганидан эзгу нияти чала бўлиб қолмоқда деб, унинг ишидан зорланади. Хўрланади. Наҳотки, футболимиз равнақи йўлида Биринчи шахснинг келишувларни йўқ қиламан дейиши, келишувларга қарши уруш эълон қилиши саҳна ўйини бўлса?  Йўқ, бундай эмас, дегим келади. Лекин дея олмайман. Саҳнадаги бир ижрочининг, яъни бир актёрнинг айтган монологидаги фальшлари саҳнани фош қилиб, бундай дея олмаслигимга сабабчи бўлмоқда. Довдирамасдан саволга чиройли қилиб саҳна гапларини айтса бўлардику. Актёрликни эплолмади. “Келишилган ўйинларни исбот қилиб бўлмайди”, деб айтган Аҳрол Иноятовнинг келишувларга қарши курашиш бўлимининг бошлиғи бўлиши кулгили ҳолат эмасми? Ўз меҳнати зое кетишини олдиндан билган бул жанобни осонроқ ишга ўтказиш, Келишилмаган ўйинларга қарши курашувчи қўмитага раис қилиб қўйиш керак эмасми? “Келишувчи томонларни фош қила олишингга ишонмас экансан, Кўмита иши саҳна бўлмаса, нега бу лавозимда ишлаб юрибсан, биродар. Сафдошинг, футболдаги замондошинг бўлган, Биродар Абдураимов ўз обрўсини сақлаб юрибдику. Бир пайтлар Ўзбекистоннинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиси эдинг.  Месхи, Туаев, Численко, Ҳусаиновга ўйин бермас эдинг-ку. Сен ахир мустақил Ўзбекистоннинг биринчи чемпион мураббийи бўлгансан-ку ўз даврингда. Қўлбола лавозиминг муборак бўлсин. Сочинг оқариб, кексайган пайтингда қўлга ўргатилишинг нимаси? Ёки чинданам, футболимизнинг равожланиши учун ўйинларимизни тозалайман деб жанг қилмоқчимисан? Ким билан?  Юртимизда энг кучли ўйин сотувчиси деб ном қозонган ўз шогирдинг Мирсодиқов биланми? Бунга ишонишимиз қийин бўлмоқда. Манга исбот топиб беринглар демоқдасан-ку. Ёки Шквирин, ё Ашурматовлар биланми? Исбот топа олмасанг, қандай қилиб улар билан курашасан?  Туҳматчига айланасан-ку”, деган гапларимни ўзига ойдин-очиқ айтгим келади. Ушбу маънодаги гапларимни Хайрулла ҳар бир мақоласида  айтиб ўтмоқда. Фақат юмшатиб, пардалироқ қилиб ёзмоқда. Масалан, бир мақоласида  Иноятовни асарнинг салбий қаҳрамони деб номлаган эди. Жуда юмшоқ гап бўлган. Ҳайрулла кескин фикрини юмшатиб, аччиқ гапини ичига ютиб ёзмоқда. Усмонову, Иноятову ва бошқаларнинг  ҳамиятини асраб шундай ёзмоқдами, дейман. Билмадим.

БУ КУНЛАР ВА ТУГУНЛАР
Мираброр Усмонов худосини айтиб, бердисини айтмагани учун унинг ўзи бошлаган хайрли иши чала бўлиб қолмоқда деб, Хайрулла ўз мақоласида афсусланиб бир неча бор ёзди. Шу пайт мен рус шоирининг чалалик ҳақидаги шеърини эсладим. “Полу мудрец, /Полу подлец./ Полу невежда. /Но есть надежда, /Что будет полным наконец”. Бу маънодаги чалалик Биринчи шахсга сира тўғри келмайди. Шунинг учун унинг ишида мавҳумлик, мужмаллик, мубҳамлик борми? Йўқ, бундай ҳам эмас. Гап бошқа ёқда. Жойида айтаман. Биринчи мантиқ тугунини шу ерга боғлаб қўяман.

Кейингисини гапирайлик. Хайрулла Ҳамидов ўз мақоласида келишилган ўйинлар учун “Ювентус”ни аямай жазолаб ташлашган эди деб, бу билан халқаро миқёсда Италияда футбол  обрўси тушиб кетишидан чўчишмаган эди деб, бу билан Италияда ўйин ва мусобақа савияси тушиб кетмаган эди деб, ўша йилги Моджи можароси Италия термасининг  жаҳон чемпиони бўлишига халал бермаган эди, деб муаллиф нимага шаъма қилган эди, илғадингизми? Албатта, “Пахтакор”ни ҳам жазолаб ташлаш керак, деб айтмоқчи бўлган эди. Журналист бу йил яхши натижаларга эришган “Нефтчи” раҳбарини ҳамда  жанговар ўйин ярата олган “Қўқон-1912” мураббийини сабаблари ошкор айтилмай ишдан олиб ташлашганини ёқтирмаган экан. Бундай иш чалалик, мужмаллик бўлмайдими деб, Биринчи шахсдан мазкур келишувчиларга аталган кескин, қўрқмас, ошкора қораловчи гапни кутган экан. Бундай хулосаларни ман сатрлар орасидан топдим. Хайрулла Ҳамидовнинг ўзи мақолаларини тусмол, шаъма услубида парда ёпиб ёзса-да, Мираброр Усмоновдан хаққоний, тўғри, кескин сўзни кутиб қолмоқда. Бу гапларим мантиқ ипининг иккинчи тугуни бўлсин.

Эътибор беринг, Хайрулла  Европа мисолларини нима учун ўз мақоласида келтирган эди? Бундай жазоларни футболимизга  тадбиқ қилишни Биринчи шахсдан кутган эдими?

Европа ва бизнинг айтиб ўтган келишувларимиз орасида ер билан осмонча, ёки ит билан эшшак орасидай катта фарқ борлигини билмасмиди? Уларни ёнма-ён қўйиб бўлмайди. Европада келишувларга, очиқроқ айтганда ўйин сотувига, футболдан ташқаридаги жиноий кучлар раҳнамолик қилса, бу билан футбол ичидаги барча иштирокчиларга зиён етказса, бизда эса, бундай сотқинликка Футболимиз структурасидаги ички кучлар раҳнамолик қилмоқда. Улар футбол структурасини ўйин сотишга аллақачон мослаштириб олишган. Энди бошқача яшаб бўлмай қолган. Биздаги структура бундай шароитда нафас олишга кўникиб, футболимиз тараққиёти бўғилганидан зиён кўрмай эркин, хотиржам кун кўрмоқда. Европада келишувлардан ҳамма зиён кўрса, бизда футболимиз ва ишқибозлардан бошқа ҳеч нима, ҳеч ким зиён кўрмаяпти. Уларда ҳамма тиш-тирноғи билан сотқинларга қарши бўлса, бизда ҳамма хўжа кўрсинга ўзларини келишувларга қарши қилиб кўрсатишмоқда. Бундай шароитда бирон бир Абдуллаевни айбдор санаб, уни ошкора жиноятчига чиқариб қўйиш тўғри бўладими?  Қаҳрамон Асланов эса, ҳатто бундай ўйин сотиб молиялаштирувни  қонуний қилиб қўйишни таклиф қилмоқдами, дейман. Тушунмадим. Бундай шароитда Мираброр Усмонов  ҳолатини ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Биринчи шахс ҳақида юқорида айтганим каби ҳукм чиқариб гапиришим қанчалар нотўғри эканлигини тушуниб етяпсизми?

СЎЗНИ ПАКЕТГА СОЛИБ, ҚЎЛТИҚҚА ТИҚИШ
Доҳани эслаб, келтирган мисолимга қайтаман. Биласизми, ўғрилик қилиш уларда нафақат амалда, балки хаёлда ҳам йўқ нарса экан. Мен Сиз каби Совет ҳаётидан чиққан одамман. У пайтлар ташмачилик (ўғрилик) қилмаганни нормал одам қаторига қўшишмас эди. Икки йил олдин Кўкча масжидида калишимни кимдир “олиб” кетганида, марҳумни сўнги йўлга қуруқ махсида қор кечиб кузатиб борганимда, ўзим ҳам бошқалар қатори фақат ўзимни айблаган эдим. “Ўзингни эҳтиёт қил, қўшнини ўғри тутма”, деган иборани ўзимга нисбатан ишлатиб, ўзимни койиган эдим. Калишимни пакетга ўраб олсам бўлмасмиди? Ёки кўримсиз, эски калиш кийиб борсам бўлмасмиди?

Доҳага қайтаман. Турклар очган емакхонада нонушта қилар эдик. Шуҳрат кўчанинг қарши тарафида, футболчиларимизни кўриб қолиб, “қани кетдик”, деб ташқарига чиқиб кетган эди. Одам тирбанд. Ҳаммамиз гур этиб унинг кетидан кетдик. Ярим соатдан кейин ошхонага қайтиб келгунимгача хаёлим стол устида қолиб кетган  ноутбукларимизда эди. Қайтсам, ҳеч нарса ўғирланмаган экан. Ҳайратланиб қолдим. Нима учун бу мисолни келтирмоқдаман. Мавзуга нима даҳли бор дерсиз. Бор бўлганда ҳам қандоқ бор. Доҳада ислом аҳлоқ-одобига мансуб одамлардан ташқари Будда маданиятига мансуб, масалан непаллик, ҳиндистонлик, мьянмалик ва бошқа юрт халқлари ҳам кўп эдилар. Уларнинг юртида майда ўғирлик оддий ҳолга айланиб кетганлигини биламиз. Улар бу ерда яшар эканлар, бошқалар қатори мутлоқ ўғирлик қилишмас экан. Ҳамма нарса муҳитга боғлиқ экан. Харом иш эмас, ҳалоллик  инсон табиатига вобаста сифат экан, деб хулоса чиқардим.

Бизнинг футболимизда ўйин сотиш муҳити ҳукмронлик қилар экан, қандай қилиб бунга, масалан, Абдуллаев ёки Ҳасановни айбдор қилиб кўрсатамиз. Мираброр Усмонов чалалик қилаётгани йўқ, чамамда. Журналистлар талаби бўйича ҳам иш тутмаётир. Унинг ҳақиқий ҳолатини, қилаётган, ё қилмоқчи бўлган ишини билолмаймиз. Чунки журналистлар футбол қароргохи остонасида қолиб кетиб, ичига киролмай ёзишади. Амалдорлар журналистлар учун бир гапу, ўзаро бошқа гап айтишади.  

“Пахтакор” ё бошқасини нега жазоламаяпмиз деб зорланиб юргунча бутун футбол хўжалигимиз ишини таҳлил қилсак, қусурларини танқид қилсак, салбий унсурларини ёритсак, туб ислоҳотлар йўлида  таклифлар киритсак бўлмайдими. Биримиз олиб, биримиз қўйиб бу ҳақда ёзсак бўлмайдими? Йўқ, бўлмайди. Балким кимдир ёзаётгандир? Балким, ҳеч ким ўқимайди деб, бундайларни босиб чиқаришмаётгандир. Балким, бундай ёзилган мақола сатрларини қайчилаб, маъносини “тўғрилаб”, ўткир қирраларини текислаб, туққан онаси ҳам танимайдиган қилиб босиб чиқаришаётгандир. Билмадим. Билолмадим. Саволлар кўп.

“Чемпион” саҳифаларини қунт билан ўқиб чиқмоқдаман. Хайрулла қаламига мансуб сатрлар орасида маъно кўп. Лутфулла Турсунов ёзганларининг ҳам мағзи тўқ экан. Ичига кирсам, чиқолмай қолмоқдаман. “ҲА-ЙЎҚ”ни гапирманг. Ҳар бири бир дунё. Уларни сиз, азизларим, ўқиб кўрсангиз, биласиз. Мен каби ичида қолиб кетишингиз мумкин. Ўзингиз учун саҳифалар сийратини очишингиз мумкин.

Лекин барчамизга мансуб бир ҳолат бор. Масалага янгича ёндошишни, сўқмоқ оралаб тепага интилишни, изланишни, янги гап айтишни истамаймиз.Ўзимиз учун муҳим деб билган сўзни бировдан аямоқдамиз. Биров “илиб кетмасин” деймиз. Пакетга ўраб қўлтиққа солиб қўямиз. Ёки эскирган гапни “кийиб” юрамиз. Ҳамма қатори. Шу тўғрими?

Сиз ҳам саволларни ўртага қўйиб, уларга жавоблар излашингизни тилаб,
Ҳасанали отангиз ёздим.

Киритилган сана: 19.12.2015 09:03. Ўкилди: 10046 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


KARIMZHONS
Сана: 20.12.2015 02:30. KARIMZHONSга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.