Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

6. Ўтмишни эслаб, келгусини қумсаб (очиқ хатнинг давоми)

Баҳо:
+2; -0

Нотаниш танишим шубҳасиз футбол оммасининг (“жамоа”сининг) маълум бир тоифасига мансубдир. Бу оммада, “жамоа”да биримиз мутахассис, биримиз мутасадди, биримиз ҳомий, биримиз сомеъ, биримиз фармонбардор, биримиз амалдор, биримиз ўйинчи, биримиз мураббий, биримиз уқаловчи, биримиз “ўт қаловчи”, қанчамиз собиқмиз. Лекин ҳаммамиз футболга содиқмиз. Қанчамиз назардан четда қолиб зор-зор юрсак, қанчамиз футболни ташлаб кетиб хор-зор юрибмиз. Омма вакилининг кўзга энг яқини, суюклиси футболист бўлса, кўздан нариси, ёқимсизи журналистдир. Журналист ҳар бир “хона”га киримли бўлгани билан, у аслида бир “фаррош”дир холос. Унинг ўзи ҳеч кимга керак эмас, унинг иши керак. Лекин улардан қай бири Гераклга ўхшаб “отхоналар”да аҳлат уюмлари билан курашиб юрса, бошқа бири раҳбар хонасида чанг устини сийпалаб, хўжа кўрсинга ҳамма ёқни саришта қилиб юради. Омма ичидан энг умри қисқаси футболист бўлса, узоқ умр кўрувчиси, кўп яшари журналистдир. Қанча амалдорлар келиб кетади, журналист қолади. Ўзи истамаса, футбол учун у ҳеч қачон собиқ бўлмайди.

Футбол “иморати”нинг хонадонлари кўп, хоналари кўп. Унда яшовчилар кўп. Ҳамма “ўз хонасида истиқомат” қилади. Лекин ҳаммамиз бир футбол оммасига, Ўзбекистон футбол оммасига мансубмиз. Буни унутмайлик. Нотаниш танишим, Сизни ҳурмат қиламан. Бор бўлинг. Омон бўлинг. Сиз-у биз бир маҳаллада, бир футбол маҳалласида истиқомат қиламиз.

ЖАРЧИЛАР ҚАНИ?
Бу футбол “иморат”и маълум бир замин устида қад кўтарган. Шу замин устида ҳаёт кечиради. Ҳаммамиз ўз заминимизда турамиз, уни босиб юрамиз. Масалан, тиббиётнинг ўз замини бўлса, адлиянинг бошқа бир замини бор. Бирининг замини беморлар бўлса, бошқасининг замини қонунбузарлардир (футболнинг замини ишқибозлардир). Мазкур икки соҳа ўз заминини кузатаман дейди, уни тузатаман дейди, доим унга илдиз отиб боради. Усиз яшай олмайди. Тиббиёт беморсиз, Адлия қонунбузарсиз маънисиз нарсага айланиб қолади. Ёшлигимда букчайиб ёки шох ташиб юрувчилар кўп бўлар эди. Улар ўзини соғлом деб билишар эди. Ҳозир биз уларни бемор деб биламиз. Шу маънода тиббиёт беморлар сонини доим ошираман дейди. Футболчи, бизнинг футбол? Ўз заминига қандай муносабатда. Тиббиёт доим беморга бўлган ҳурмат эътиборини ва ўз малакасини ошириб боради. Футболчи? Футбол ишқибозга орқасини ўгирган. Тиббиёт беморга хизмат кўрсатиб кун кўрадида, дерсиз. Футболчи? Фақат бизнинг футбол ўз заминини, яъни ишқибозни том маънода оёқ ости қилади. Уни қуритаман дейди. Ишқибозни ўзига ортиқча даҳмаза деб билади.

Масалан, драма театри тамошабинни ҳурмат қилади. Ўзидан устун қўяди. Бутун Тошкент кўчаларига афишалар осиб ўз бағрига чорлайди. Уни эътибор билан ўраб олади. Мухлис қанча кўп бўлса, шунча оз дейди. Ўз мухлисини жуда яхши таниди. Мухлис туфайли театр нафас олади. Тамошабин туфайли театр ҳаёти фаровон бўлади. Футбол театри эса... Мен гапирмай, Сиз эшитманг.

Мираброр-ака, биз жуда ҳам хўрланиб қолдик. “Пахтакор”да битта-ю битта баннер неча йилдан бери қишин ёзин осилиб турибди. Янги сана рақами ўзгаради, холос. Масалан, қариб эътибордан тушиб қолган, қаёқдаги Меладзе уч кун “Халқлар дўстлиги” саҳнасига чиқиб, ишламайдиган микрафонни ушлаб, қўшиқларини ёлғончасига айтиб берадиган бўлди бултур. Шуни деб уч ой Тошкентнинг ҳамма кўчаларида соқол қўйган башарасини осиб қўйиб, бўлажак концерт ҳақида ҳамма ёққа “жар” солишган эди ўшалар. Буни улар реклама дейишади. Уларда алоҳида жарчилик хизмати бор. Биз учун Меладзе ким бўпти? Ҳеч ким. Дунё таниган Плачидо Даминго келса, гўрга эди. Футболга қайтаман. Қатар билан “Бунёдкор”да бўлажак жанг олдидан, ҳаёт-мамот жанги олдидан, ҳақиқий драматик футбол спектакли олдидан Тошкент кўчаларида бир ой эмас, бир кун ҳам ушбу футбол ўйинини тарғиб қилиб биронта фулболчимизнинг сурати осилмади. “Бусиз ҳам бу ўйин ажиотаж бўлиб кетган эди. Рекламага муҳтож эмас эди”, дейишингиз мумкин.

Мираброр-ака, мени тўғри тушунинг, илтимос. Терма ўйинлари ишқибозларимиз олдида қўшимча тарғиботга муҳтож эмасдир, тўғри. Араблар эмасмиз. Улар терма ўйинларига ҳам келишмайди. Мабодо келишса, ўзлари савлат тўкиб ўтиришади-ю, ёлланма одамлари ишқибозчилик қилишади. Ўйинни эмас, катта ФУТБОЛни тарғиб қилсак арзимайдими? Миллий термамизнинг, ўзбек футболининг бутун халқимиз олдида иззатини жойига қўйиб, ҳурматини оширсак бўлмайдими? Инсон ўзини ўзи ҳурмат қилмаса, бошқалардан нимани кутиши мумкин. Миржалол йигитлари Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиб майдонга тушар пайтида Тошкент кўчалари, майдонлари ва аҳолиси бу воқеага бефарқ ҳолда четда қола берган эди. Футбол тарғиботи шуми? Ишқибозга ҳурмат шуми?

“ТАВОЗЕ” БИЛАН КУТИБ ОЛИШ
Мираброр-ака, стадионга келган ишқибозни эътибор билан ўраб олишмайди, мелиса билан ўраб олишади. Юзтача ҳақиқий ишқибоз ҳар қандай камситишга чидаб, ўйинга келиб туришади. Стадион ходимлари ўша атиги юзта ўриндиқни ҳам тозалаб қўйишмайди. “Пахтакор”нинг шундай сифатли курсилар билан жиҳозлаб қўйиш осон бўлмаган. Ҳаммамиз ҳўл латта кўтариб юрамиз. Вилоятдан келганлар ҳам қишлоғидан ҳўл латта кўтариб келишсинми? Қуруқ латта билан тозалаб бўлмай қолди. Вилоятлардан ҳеч ким келмай қўйдиям. Эсимдадир ўша дамлар. Ҳозирги “Дўстлик” меҳмонхонаси ва тепадаги қатор офислар ўрнида Қиёт маҳалласи жойлашган эди. Ҳар ўйинда вилоятдан келган машиналарни шу маҳалла кўчаларига қўйиб ўйинга кириб кетишар эди. Маҳалла аҳолиси “Москвич”, “Победа”, “Зим”ларни ювиб, асраб даромад топар эди. Қани ўша ўйинлар, ўша одамлар, ўша “Победа”лар? Лиқ тўла стадион қайда қолди?

Миллий театрда чипта билан бирга спектакл ҳақида буклет сотилади. Унда қайси ролни қайси актёр ижро этиши дублёри билан бирга ёзилган бўлади. Сизни ўз ўрнингизга узр сўраб тавозе билан кузатиб қўйишади. Футболда халқаро ўйинларда ҳам чипта ярим қарич қоғоздан бошқа нарса эмас. Автобус чиптасидан сал каттароқ. Ўрин рақамини ҳам белгиламайдилар. “Белетёр” мелисалар сизни шундай “тавозе” билан, шундай “тазарру” билан, шундай “тавалло” билан кутиб олишадики, келганингизга пушаймон бўлиб кетасиз.

Ёқмаса театрга тушинг дейишингиз мумкин. Шундай бўлмоқда ҳам, стадионга ҳеч ким келмай қўйди. Ваҳоланки, футболда драматургия сценарийсини олдиндан ҳеч ким айтиб бера олмайди. Қайғу ё қувонч кўз ёши бунда ҳақиқий бўлади. Ясама эмас. Театрда саҳна ясама, ҳаракатлар уйдирма. Сценарий олдиндан ёзиб қўйилган бўлади. Театрда Сиз кузатувчисиз, томошабин, холос. Оғизда қатиқ ивитиб ўтирасиз. Стадионга ишқибоз томоша қовоқни кўргани келмайди. Томоша қовоқ санъат музейида миниатюра залида бўлади. Ишқибоз стадионга келиб катта спектакл иштирокчиси бўлади. Иш-ти-рок-чи-си!

КАПАДЗЕНИНГ КАЛЛАСИ
Шу тобда Мундиал йўлида термамизнинг учинчи босқич ўйинларидан бир эпизод хотирамга келмоқда. Тошкентга КНДР термасига қарши ўйнамоқда эдик. Стадион тўлган эди. Ўшанда ҳам, бугунги ўйинимиз сингари ҳужумда маъни йўқ эди. Лекин важоҳат билан ўйнар эдик. Биздан кучсизроқ жамоага гол ура олмаётибмиз. Рақиб ўйин назоратини бизга топшириб қўйган. Гол йўқ. 11-буржда ўтирар фанатлар ўйин бошланиши билан бор куч билан шовқин солишди. Ланж ўйиндан улар ҳам чарчашди, шекилли. Ўқтин-ўқтин жимиб қолишарди. Кейин бутун стадион ҳайқириб, бақириб жонли тўлқин қила бошлади. Кейин тўлқин ҳам тиниб қолди. Шунда бир воқеа содир бўлди. 21- бурж олдида Гейнрих бурчак тўпини тепиши керак эди.

У тўпни аста ўрнатди, кейин майдонга орқа ўгирилиб икки қўлини ишқибозларга кўтариб, силкитиб 21-буржда ўтирган ишқибозларни бақиртириб юборди. Шу замоно бутун стадион бир овоздан ҳайқириб, гувуллай бошлади. Бундан бизнинг ҳужум кучга тўлиб, жўшиб кетди. 100та фанат эмас, 30000та ишқибоз ҳайқирарди. Янги ўриндиқлар суянчиғи барабан мисол бўш эмасми, ҳамма олдидаги суянчиқларни ноғора қилиб чала бошлади. Ўтмушда Амир Темир қўшинлари Боязид лашкарлари устига ҳужум қилиб ўкирганида шундай шовқин кўтарилгандир. Ҳайқириқ остида Гейнрих бурчак тўпини тепди. Ҳамма карисларнинг дарвозаси томон югуриб қолди. Дарвозабон майдончасида ҳар бир қарич жой учун жанг кетди. Шунда яқин устун олдига югуриб келган Темур Кападзе калла билан гол урса бўладими, бутун стадион қувончдан портлаб кетди. Бундай дамларни эсдан чиқариш мумкин эканми? Буни билган билади, билмаган йўқ. Ҳамма бир-бирини қучоқлаган, гўдак боладай осмонга сакраган. Шодиёна. Айтмоқчиманки, ундан олдин ҳам кўплаб бурчак тўпини тепган эдик. Ҳеч қандай натижа бўлмаётан эди. Бу гал Гейнрихнинг ундовлари туфайли бутун стадион ҳайқира бошлаганидан ўйинчиларимиз ГОЛ учун бор вужуди билан ташланишган эди. Бу мисол билан нима демоқчиман? Театрда спектакл воқеаларига аралаша олмаймиз. Оғизни талқонга тўлдириб икки соат жим ўтириб спектакл томоша қиламиз. Футболда бошқа гап. Ишқибоз бевосита жангда иштирок этади. Ишқибоз учун футбол ўйналади. Ишқибознинг кўзи олдида футбол ўйналади. Унинг ҳайқириғи остида футбол ўйналади. Шундай экан, нега ишқибозни дарвоза олдида итлар билан қарши олишади? Нега аввал ҳамма ёғини тинтиб кейин ичкарига киргизишади? Бу аҳволда ўзини ҳурмат қилган одам, тарбияли, маданиятли одам “жиноятчилар” сафида ўйинга келмайди-ку? Келмаса келмасин дейсизларми?

ФУТБОЛ ЎТИН БЎЛМОҚДА
Майли, бизларни уч пулга олманг. Лекин нега ўз қадрингизни ҳам бир пақирга тенг кўрмайсиз? Навоий кўчасидан “Пахтакор” томон юрар экансиз, хиёбоннинг кино театргача қисми яшнаб турганини кўрасиз. Қолган қисми — хароба. Кинотеатр эшиги қадар масофани кинотеатр мутасаддилари Мурод Ражабовларнинг ўнлаб суратлари билан безаб қўйишган бир пайтда, “Пахтакор” мутасаддилари Мурод Исмоилов тугул бошқасининг ҳам бирон бир сурати билан Стадион бўсағасини обод этишмаган. Футболимиз ўзига ва замини бўлган ишқибозига бунчалар беэътибор бўлмаса. Ҳафсаласизлик, эътиборсизлик, ҳурматсизлик илдизи нимада?

Илдизи юзада бўлса-да, иллат девпечагининг томирини топиб, уни қўпориб ташламасангиз, футбол дарахтига чирмашиб, ширасини сўриб, ўргимчак тўридай шох, баргига ёпишиб, баҳайбат танасини қамраб, қуритиб, футболимизни “ўтин”га айлантириб ташлаши тайин. Шунинг учун бугун хатни унинг тасвиридан бошладим. “Девпечак” тасвирини давом эттирсам, кун отмай қолади, қоғоз етмай қолади.

КЎЗМУНЧОҚ?
Мираброр-ака, кеча шаҳримизга қор ёғди. Ҳозир юртимиздаги барча стадионларни қор босгандир. Иссиқ уйга кириб янги йил бўсағасида Сизга хат ёзмоқдаман. Ичимда дардим кўп эканми, хатим ҳеч тугамаяпти. Ҳаяжонданми, совуқданми ичим титраяпти. Тасвирлаб муродига етган одамни билмайман. Ҳаракат керак, тасвир эмас. Ишқибознинг функционердан фарқи шунда. Функционер хотиржам ўз ишини бажаради. “Девпечак” билан иши йўқ. Йил ўйинчиси танловида иштирок этади, “Зарафшон”да қарсак чалади. Керак пайтда олқишлайди. Керак пайтда ишлайди. “Девпечак” билан курашмайди. Чунки унинг вазифасига бундай ишлар кирмайди. Виждони тоза. Ойлигини олиб четда тинч юради. Жилмайиб туради.

Ишқибоз эса, бу иллатни кўра туриб, унга қарши курашмаса, байрам унга татимайди. Ишқибозчилик моҳияти шунда. У ҳеч қачон пассив кузатувчи, тамошабин бўлмаган, бўлмайди ҳам. Футбол олдида, суюкли жамоаси олдида ўзини жавобгар деб ҳис қилади. Жуда бўлмаганда менга ўхшаб Сизга очиқ хат ёзади. Ёки “Пельменная”га ўхшаган жойни топиб олиб, ҳақиқатни ҳимоя қилиб соатлаб томоғини қиради. Тағин нимадир қилади. Ишқибоз футбол манфаатини ўйлайди. Функционер эса, ўз манфаатини. Сиз эса ишқибозни ёмон кўрасиз. Усиз футболнинг куни ўтмаслигини билиб, унинг ўрнига фанатларни ташкил қилиб, унинг тегирмонини юргизяпсиз. Фанат бошқа, мухлис бошқа, ишқибоз бошқа-бошқа тушунчалардир. Мен масалан, Майкл Оуэн ва Кенжа Тўраевларнинг мухлисиман. Уларнинг ишқибози эмасман. Уларга ишқим йўқ. Ишқим футболга тушган. Ман футбол ишқибозиман. Фанат футболни томоша қилмайди, юзини бўяб олиб бошқаларга томоша кўрсатади. Кўпчилик фанатлар футболни тушунмайдилар ҳам. Фанат ишқибозчилик эгнида бир кўзмунчоқ, холос. Иморатнинг фасади. Биз ўйинга ишқибозни чорламаймиз-у, ўнта фанатни бақиртириб қўямиз. Ишқибоз йўғу унинг кийимидаги “безак” бор. Иморат йўғу, унинг фасади бор. Бу аҳвол Сизга барибирми? Ишқибознинг боридан йўғи, оридан зори Сизга маъқулми?

НОШУДЛИК
Футбол пирамидасининг чўққисида Сиз турибсиз. Бу пирамида учидан асосидаги ходимларигача ҳамма юқоридагилар топшириғини бажаришади. Бу билан ўзларидан мамнун бўлиб юришади. Сизга топшириқни ким беради? Ўзингиз. “Пирамида” фаолиятидан розимисиз? Қўлингиз остидагилар ўзгаришни, янгиланишни хоҳлашмайди. Функционерга қолса, ҳаммаси шундай қола берсин, дейди. Чемпионатимиз ҳам, кубок ўйинлари ҳам, ТЖМ ҳам, формат ҳам. Энг муҳими - функционер остидаги мансаб ҳам. Ўзгаришларни УЕФАда Платини қилсин, эпласа ОФК қилсин. Фақат бизлар эмас. Ҳаммаси ажойиб кетмоқда. Кейинги йилда ҳам шу кунлари шундай танловлар ўтказамиз, “Локомотив”, “Бунёдкор”, ё “Пахтакор”га медаллар топширамиз. Янги йилни байрам қиламиз. Нега шундай бўлмоқда? Улар йил бўйи меҳнат қилиб, ўзлари чемпионат ўтказадилар, бу чемпионатда ўзларидан кимдир ғолиб бўлади, Ўзларини ўзлари тақдирлайдилар. Кейинги йил ҳам шундай ўтади. Ундан кейин ҳам бу ҳолат ўзгармай давом этишини хоҳлайдилар.

Лекин бундай аҳволимиз қанчалар ношуд эканлигини нега улар тан олишмайди? Мираброр-ака, бу ерда Сиздан бошқа ҳамма боқиманда. Пирамида чўққисидаги катта ойлик олувчи амалдорлардан тортиб, ярим йиллаб ойлик олмаётган биринчи лига вакилларигача ҳамма бо-қи-ман-да. Ҳомийлар қўлига қараб яшайдилар. Ҳеч ким ўз маошини ўзи топмайди. Шу аҳволдаям ўзидан кўпроқ маош топяпган ҳамкасбига ҳавас қилиб юришади. Кам топаётган биродари олдида кеккайиб туришади. Қани ғурур, қани орият? Улардан кўра Эски жува бозорида ишлаб юрган тузламачининг аҳволи яхшироқдир. У ўз ҳаётини ўзи таъминлайди. Қандайдир ҳомийнинг саҳоватига қараб қолмаган. Гарчи тузламачи эски “Москвич” миниб юрса-да, унинг аҳволи “Малибу” минган Мусаев аҳволидан юз чандон яхшироқдир. Футболимизда Мураббий маҳорати, унинг кўрсатяпган ўйин даражаси, ўйиндаги нуқсонлар сабабияти ҳомий пуллари билан ўлчанади. Бир жамоа арбоби, катта пулни ўзлаштириб, уларни “оқлаб” юрса, бошқаси кичикроқ пулни ўзлаштириб, уларни “оқлаб” юради. Футболчи маҳоратига ҳеч нарса боғлиқ эмас. Бундай футболда Сергеевларнинг истеъдоди чириб кетиши тайин бўляпти. Футболимиз танасидаги “девпечаклардан” истеъдодли ёшларимизни асраб алоҳида шароитда тарбиялаб олмоқдамиз-у, кейин ҳамма қилган ишларимиз барбод бўлмоқда. Футболимиз ҳаммани бир текис қилиб қўймоқда. Уларни ҳам “девпечак” ютиб юбормоқда. Бундан ҳеч ким қайғуга ботмаётибди.

НОТАВОН “ҚУШЛАР” ГАЛАСИ
Ҳомийлар пуллари оқиб турса бўлгани. Ҳаммаси жой-жойида. Бундан ҳамма мамнун. Бундай футболда чипта нимаси, ишқибоз нима дегани? Уларнинг кимга кераги бор? Янги ҳаётга эришиб бутун Ўзбекистон аҳолиси даромад кўрай деб юрган бир пайтда, футболимиз ҳомий ҳамёнига барака тилайди. Футболимиз аҳволидан 19-асрдаги Рус театрининг аҳволи яхшироқдир. Ўша театр ҳам томошабин учун саҳна қурмаган. Графлар, князлар пулига ишлаган, улар учун томоша кўрсатган. Футболчига ачинади киши. Актёр истеъдоди бор бўлса, бўлгани. У текстни тезда ёдлаб, образ ҳаётига кириб кетиб саҳнада яшай олса бўлгани. Камида ўттиз йил саҳна унга тегишли бўлади. Футболчи, истеъдодли бўлса-да, доимо қаттиқ меҳнат қилиши керак. Бунинг устига яшил майдондаги унинг умри қисқа. Нари борса, 10-15 йил холос. Кейин ҳаётини нолдан бошлаши керак бўлади. Шу аҳволда футболчилар гала-гала бўлишиб бир клуб дарахт шохидан гурр этиб осмонга учиб, бошқа клубнинг дарахт шохига қўнишяпти. Бундай нотавонлик ҳар йили такрор бўляпти.

Мираброр-ака, Сиз мураккаб аҳволда янги йилни кутиб олмоқдасиз. Сиз ёлғиз эмассиз. Бизга ҳам қувонч татимаётибди. Қилар ишлар кўп. Ҳар доим кўп бўлган. Лекин кўзни катта очайлик. Футбол юртининг ҳар бир кўчасида бизни катта ислоҳатлар кутиб турибди. Қачонгача уларга чап бериб юрамиз? Қўпориб ташлаш керак бўлган жойда андавалаб турамиз. Кўп ўқувчиларим илтижо қилиб, Сизга хат ёзишимни оқлашмаётишибди. Сиз чин дилдан футболимиз равнақи учун тинмай курашмоқдасиз. Буни ҳамма тан олади. Сиз воқеликни, одамларни, вазиятни қайта баҳолаб, тўғри хулоса чиқаришга қодирсиз. Умидсиз яшай олмайман. Футболимизда Сиз биринчи шахссиз. Мен Сизга, футболимизга ишониб, умид билан янги йилни кутиб олмоқдаман. Янги йилингиз қутлуғ бўлсин. Янги йилда ислоҳотлар қудратини кўриш ҳаммамизга насиб этсин.

Ҳурмат билан, Ҳасанали Қодиров. 28.12.2013 йил.

Киритилган сана: 29.12.2013 10:42. Ўкилди: 10770 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 05:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 05:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 05:40. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 05:40. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


MADRITIST
Сана: 30.12.2013 11:55. MADRITISTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


TOLEDO
Сана: 30.12.2013 09:38. TOLEDOга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KINGISBACK
Сана: 30.12.2013 03:58. KINGISBACKга ёзиш
+-1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


JASURREAL
Сана: 30.12.2013 01:00. JASURREALга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


TOLEDO
Сана: 30.12.2013 00:10. TOLEDOга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KINGISBACK
Сана: 29.12.2013 16:26. KINGISBACKга ёзиш
+-1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


CHEGABOYEV
Сана: 29.12.2013 14:06. CHEGABOYEVга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


TIMURAY
Сана: 29.12.2013 13:29. TIMURAYга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


GULNURXAN
Сана: 29.12.2013 11:20. GULNURXANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.