Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Футбол ичра руҳиятми ё ... руҳоният?

Баҳо:
+1; -0

Сарлавҳага олиб чиққаним ушбу сўзларда маъно борми ё бу сўз ўйиними? Бир ўйлаб кўринг. Рус тилига қиёсан айтганда, руҳият тушунчаси психология сўзига тегишлидир. Руҳоният сўзи нимаси? Диний сўз-ку, дейишингиз мумкин. Кишининг инсоний, маънавий-маърифий, шуурий ё хурофий, аҳлоқий ё қудсий қиёфасини белгилайдиган бир тушунча ё бир сўз ифодаси тилимизда борми? Бор. Руслар буни ифодалаш учун ДУХОВНОСТЬ деган сўзни ишлатадилар. Мен бу тушунчани биргина РУҲОНИЯТ деган сўз билан ифодалаб қўя қолдим. Уни Руҳият, яъни русчасига айтилар Психология деган сўз билан чалкаштирманг. Бошқа тарафдан бу сўз диний тушунчани билдиради деб ҳам айтманг. Масалан тараққиёт дунёвий сўз бўлиб, тараққиётга элтувчи тариқат диний сўз бўлиб қолмайдику. Тил диндан анча илгари пайдо бўлган эмасми? Тилга дунёвий ё диний деган тамғани босмайлик. Илмга бу тамғани қўйганимиз етиб ортади. Лингвистика фанига тегишли бундай тортишувларнинг футболимизга нима дахли бор демоқчимисиз? Дахли бор.

ИККИ ХИЛЛИК СИФАТЛАРИ
Чемпионатимизнинг учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. “Пахтакор” учинчи турда ўз майдонида “Динамо”га 0:1 ҳисоби билан ютқазиб қўйди. ОЧЛнинг гуруҳ босқичидаги учинчи тур ўйинларини деб 3-туримизнинг қолган ўйинларини 18-мартда ўтказдик. ОЧЛнинг шу турида қатнашган “Локомотив” ва “Бунёдкор”ларимиз бир хил, 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Лекин ўйин руҳияти икки хил бўлди. Ҳа, ҳа ўйин руҳияти деган сўзни ишлатиб чалкашмадим.

Футболчи руҳияти бор. Масалан, Комиловнинг руҳияти бошқача, Шомуродов руҳияти ундан-да бошқача. Комиловни жангчи десак, Шомуродовни ижодкор дейишимиз мумкин бўлади. Комилов ҳимояланишда фаол қатнашади. Тўқнашувдан қўрқмайди. Курашдан қочмайди. Илҳом ҳимояланган пайтимизда тўғри позиция изласа, Комилов тўқнашувда рақибни енгиб, янчиб ўтишни истайди. У бор вужуди билан ўйнайди. Кўнгли очиқ бола. Берилиб ҳурсанд бўлса, чуқур қайғуга ботишини ҳам яширмайди. Қайғу уни еб юборади. Илҳом ички туйғуларини юзага чиқара бермайди. Ман бу болаларга ташқаридан туриб, ўйини бўйича феъл-атворига баҳо бермоқдаман. Баҳодир Мирзаевга ўхшаб жамоада ишламайман. Уларни ҳатто яқин масофадан кўрмаганман. Уларни кўчада кўрсам, танимай қолишим мумкин. Футбол майдони инсоннинг ички дунёсини очиб қўя қолади. Инсон руҳияти бир олам гап. Гапирсак, тун етмайди. Кун етмайди.

Жамоа руҳияти ҳам бор нарса. Кечаги ўйинда кўрдик. “Динамо”нинг жамоавий руҳияти соғлом, ўзаро ишончга, ҳамжиҳат курашга асосланган эди. “Пахтакор”нинг эса... бу жамоа руҳиятига кейин қайтиб алоҳида ганирамиз. Шунга ўхшаб ўйин руҳияти ҳам бор ган. ОЧЛ гуруҳи 3-тур ўйинларига қайтамиз. “Локомотив” кучли рақибнинг босимига бардош бериб, қаттиқ қаршилик қилиб, иложсиз қолиб ўйин бўйича ютқазди. Ҳисоб ўйинга мос бўлди. “Локомотив”да бултурги ҳамжиҳатлик, бирфикрлик йўқ. “Бунёдкор” нисбатан ўзидан кучсизроқ бўлган “Зоб-Оҳан” жамоа қаршилигини енгишига маҳорат даражаси етарли бўлса-да, ўйинчиларни жамул-жам қила олмай, ғалабага руҳлантира олмай ўйнади. “Зоб-Оҳан” эса, бизнинг бетайин, бемаза, бехатар ҳужумларимизни хотиржам қарши олиб, тўпни олиб қўя берди. Биз бирон марта зарбдор вазиятга чиқа олмабмиз. “Зоб-Оҳан” жонини койитмай, қаттиқ зўриқмай ютиб кетди. Ушбу жамоаларимиз ижросида бир кунда икки хил ўйин руҳиятини кўрдик. “Барса” билан “ПСЖ” орасида бўлиб ўтган ЕЧЛ нимчорак финалининг икки ўйинини эсланг. 0:4 ва 6:1 рақамлари бир нима демоқдами? Икки ўйин икки хил руҳиятга эга бўлмадими?

ОТА-ОНА БИР
Бош мураббийнинг руҳияти ва руҳонияти ҳақида фикр юритайлик. Еличич “Локомотив”да бош мураббий бўлиб ишлаяпган бўлса-да, анжуманларда ва бошқа ҳар хил расмий учрашувларда Андрей Микляев бош мураббий мақомида қатнашади. Футболчи майдонга тушар экан бош мураббийга тўлиқ ишониши, ҳар бир кўрсатмаларини тўлиқ ишонч билан, инониб бажариши, унинг фикрига мутлоқ қўшилиши, уни жамоада энг муҳим шахс деб қабул қилиши керак. Ота иккита бўлмаганидек, “ота” ўрнини, яъни Еличич ўрнини ҳеч ким: клуб президенти ҳам, бош директори ҳам, валломати ҳам босолмаслигини ҳамма тушиниши керак. Унинг обрў-ҳурмати, қадр-қиммати ҳеч ким олдида паст кетиши мумкин эмас. Иш бундан бошқачароқ ташкил этилган бўлса, жамоа ўз ўйини билан ҳеч нарсага эриша олмайди. Шуни тушунган кимса, танаффус пайтида Еличич Андрей обрўсини пастроқ тутиб, уни кийиниш хонасига киритмаганини кўрган кимса, Андрей камситилмоқда демайди. Ота битта бўлади, иккинчиси ортиқча.

Колоссовскийнинг “Пахтакор”даги аҳволи қандай? Ихчам Бабаян майдонга югуриб чиқиб, футболчилар билан қўл ушлаган ҳолда бир саф бўлишволиб, ишқибозлар олдига бориб олқишлар олишини эсланг. Бу пайт бош мураббий Колосовский бир куракка айланиб қолмайдими? Вақтинчалик ота, ота вазифасини вақтинча бажариб турувчи энага ё хизматкор ҳам ундан обрўлироқ эмасми? Аросатда қолган жамоа кимни ота санасин? Ким ҳақиқий “ота”, ким сохта? Жамоа Григорий кўрсатмаларини ишонч билан бажара оладими? Григорий олдида бир оила бўлиб бирлаша оладими? Бу аҳволда бош мураббий бўлишга рози бўлган Григорийнинг руҳониятига қандай баҳо берамиз? Жамоа руҳиятига- чи? Бундан кўра Колосовский биринчи лига жамоасига бош мураббий бўлгани яхши эмасмиди? Пойтахтни Қўқонга алмаштирган Нўмон Ҳасановнинг ҳолати уникидан анча яхшироқ эмасми? Ёки ҳеч қаёққа кетмай, “Пахтакор”га содиқ қолиб, клубда оддий администратор бўлиб юргани яхшироқ эмасмиди? Иккинчи “ота” бўлиб юрган Григорийнинг орияти-ю, ҳамияти қайда қолди? Жавоби ўзига ҳавола.

МУРАББИЙНИНГ ОТАСИГА РАҲМАТ
“Сити” “Монако”га 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйгандан кейин Гвардиола майдонга тушиб ҳамма ўйинчиларига бирма-бир далда бериб чиқишига эътибор қаратдим. Пеп ушбу жамоа билан “Барса”да эришган жамоавий ҳимояланишни, кўпчилик бўлиб тўпни олиб қўйишни йўлга қўёлмаяпти. Ўтказиб юборган биринчи голни эсланг. Мағлубиятдан кейин ҳам мураббий майдонга тушиб ҳамжиҳатлик учун курашмоқда. Кўнгилни туширмай кейинги жангларга чоғламоқда. Бу мураббий руҳониятига, жамоа руҳиятига тегишли гаплар.

Иккинчи туримизда “Локомотив” “Сўғдиёна”ни қабул қилган эди. Жиззахликлар чемпион билан тенгма-тенг жанг қилиш учун майдонга тушишгани билиниб турди. Авторитетларга қарши жиддий ҳимояланиб ўткир ҳужум қилиб ўйнашди. Мирко Жепаровдан бўшаб қолган ўринни кимга топширишни билмаяпти (“Барса”нинг афсонасини Гвардиола эмас, Месси билан Иньеста даҳолари тўқиб биришган экан). “Локомотив” жамоасида бултурги ўйин йўқолган. Бултур “Локо”ни чемпион қилган Мирко эмас, Сервер экан, сездингизми. Бултурги ўйиннинг отаси Темуру, онаси Сервер эди. Бугун “ота” бору, “она” ташлаб кетган. Биринчи бўлим меҳмонларники бўлди. Иккинчи бўлимда ҳужумда завқ олиб ўйнаётган жиззахликлар эътиборни сусайтириб ҳимояланишди. Маҳорат даражасидаги фарқ билинди. Гол ўтказиб юборишди. Ва... ва шундан сўнг ўйинда якдиллик йўқолди. Ўйин структураси бузилиб кетди. Яъни чизиқлар орасида узилиш пайдо бўлди. Натижа аниқ. Йирик ҳисобда ютқазишди. Анжуманда Даврон Файзиев “ўйин бўйича бундай ҳисобдаги мағлубиятга лойиқ эмас эдик”, деб айтди. Тўғри гап. Нима сабабдан жамоа гол ўтказиб юборгач синиб қолди? Жамоада етакчи йўқ. Хозир етакчи танламасдан жамоа тузиш мода бўлиб қолган. Ҳар йили жамоа тарқаб кета бергач, етакчи қайдан бўлсин (“Бунёдкор” ўйинида ҳам етакчининг йўқлиги сезилиб қолмоқда). Ўйин қарсиллаб синиб кетишининг яна бир сабаби бор.

Нима учун юқорида “Монако”га ғалабани бой берган Гвардиолани эсладим. Хўжа кўрсингами, ё хўжа ўқисингами? Еврофутболдан гапирсам, мақола обрўлироқ бўлиши учунми? Ўрнак учун бўлса керак. Майдон четида турган бош мураббий ўйин боришига катта руҳий таъсир ўтказиши мумкин. Контенинг таъсирчанлиги, Жозенинг жиззакилиги, лўлилик қилиши, Пепнинг меҳрибончилиги, ўйинчиларни ўзига яқин олиши, елка қоқишлари нима учун? Руҳий таъсир ўтказиш учун. ТТЗга қайтамиз. Стадион трибуналари майдонга яқин бўлганидан, ўйинни жонли кўриш билан бирга эшитимли кўрасиз. Даврон Файзиев футболчиларига тинмай бақириб, ўшқириб турди. Олдига чақириб кўрсатмалар бериб ўйин боришига аралашиб турди. Отаси деҳқон ўтганми дейман, Давроннинг овози бир чақиримгаям эшитилса керак. Баъзида ўйинчилар тўпни ва вазиятни назорат қилмай қўйиб мураббий кўрсатмаларини бажаришлари керак бўлиб турди. Унинг дашномлари олдида титраб ўйнашди. Мураббийдан юққан дашном бериш майдондаги йигитларга ҳам ўтиб кетди. Гоҳо улар ҳам бир-бирига бақириб қолишар эди. Гол ўтказиб юборгандан кейин меҳмонларнинг чиройли ўйини синиб қолишига мураббий дашномлари ҳам сабаб бўлмадими? Даврон, танаффус пайтида ечиниш хонасига кириб олиб бақир, Фергюссонга ўхшаб деворга бутсалар от. Буни биров кўрмайди. Айтганларим, бош мураббийнинг руҳиятига тегишли гапларми ё руҳониятигами? Билмадим.

БИР САВОЛГА УЧ ХИЛ ЖАВОБ
“Бунёдкор”га қайтаман. “Ал-Айн”га қарши кечган ўйиндан олдин анжуманда Лушчанга бир савол бердим. Ўша саволни ўйиндан кейин ҳам, “Зоб-Оҳан”га қарши кечган ўйиндан олдин ҳам берган эдим. Бу қандай савол эди дейсизми? “Бунёдкор” сафида жамоага етакчилик қила оладиган Жепаров, Кападзеларга ўхшаган ёши катта ўйинчилар йўқ. Нима учун деган саволимга уч хил жавоб олдим. “Ал-Айн”дан олдинги анжуманда: “Биз барча ёшдаги термаларга ёш футболчиларни етказиб бермоқдамиз, жамоамизнинг барча ўйинчилари ёш”, — деб жавоб берган эди. Умар Абдулраҳмоннинг биргина ўзи Лушчанни ер билан яксон қилганидан кейин эса ўша саволимга “Биз ёши катта, ўйин маҳорати баланд футболчини олиб келишимиз учун маблағ тополмаяпмиз”, — деб айтди. Тўғри, “қалдирғочлар” молиявий томондан “Локомотив” бўла олишмайди. Аламимни ичимга ютдим.

“Зоб-Оҳан”дан олдин ўша саволимни бошқачароқ бердим. Ақл ёшда эмас, бошда деб, масалан Илҳом ёши улуғ бўлганда ҳам етакчи бўла олмайди деб айтдим. Четдан ёши катта тайёр етакчини олиб келолмас экансизлар, нега ёшлардан шундай футболчини, йигитлар ичида обрў-эътиборли, сўзи ўтадиган, шерикларини ўз атрофида йиға оладиган футболчини танлаб олмайсизлар? Ўйинни ҳам шеригини ҳам қутқара оладиган, йигитларни ҳам, ўйинни ҳам яхши тушунадиган футболчини ёшлигиданоқ нега тарбиялаб келмайсизлар, деган эдим. Жавобдан қочди. Ўйламай-нетмай шундай ўйинчи бор деб айтди. Қийин ҳолатдан чиқиб, “олдимдаги Тўхтасиновни шундай ролга тайёрламоқдамиз”, деб топқирлик қилиб кетди. Эртаси куни майдонда Тўхтасиновни алоҳида эътибор билан кузатдим. Унинг ўйини, руҳонияти етакчининг карикатураси эди. Лушчан уни иккинчи бўлимда алмаштириб ҳам юборди.

МАҒЛУБИЯТ САБАБИ БОДРИНГДАМИ
Нега Лушчан мени алдаб кетди. У етакчи ҳақида, бўлғуси Жерардларни тарбиялаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган. Аввало, катта хато бошқа ёқда. Лушчан жамоани талантлар “инкубаторига” айлантириб юбораман демоқда. Бутун жамоани бир хил ёшдаги “талантлардан” шакллантириш бориб турган нодонлик бўлмайдими? Фақат теплицаларда бодринг кўчатларига бир хил парвариш қилинади. Улар бир хилда ўсади, бир кунда етилади. Футбол теплица эмас. Турли ёшдаги болалардан жамоа тузиш керак. 32 ёшли ўйин ва ҳаёт тажрибаси катта бўлган футболчи ёнида 16 ёшга энди тўлган ўсмир йигит ўйнаши керак. Биз эса, 21га тўлган футболчини ҳали ёш деймиз. 30га яқинлашган ўйинчини қариб қолди деймиз.

Достон Ҳамдамов “Бунёдкор” форсларга нима учун ютқазганини билмай қолганини журналистга айтибди. Ўйиндан кейинги анжуманда Лушчан ҳамма айбни ўз бўйнига олса-да, у ҳам форслардан олган мағлубият сабабини, туб сабабини аниқ билмаса керак. Ўйиндан кейинги анжуманда бугун “Бунёдкор”ни танимай қолдим, дедим. “Бунёдкор” жиддий ҳимояланиб, узун оширмалар билан ўткир, тезкор ҳужум қилиб ўйнар эди. Бугун тўпни олиб қўйгач, кўндаланг оширмалар билан шиддатни йўқотиб, рақиб ўз ҳимоя деворини қуриб олишини пойлагандай қилиб, ҳужум қилувчилар сонини кўпайтириб, майда оширмалар билан ҳужумни секинлатиб, ўз майдонини бўшатиб қўйиб ўйнади. Сабаби нимада, деб сўраган эдим. Лушчан бунинг сабабини учта асосий ўйинчиси майдонда йўқлигидан кўрмоқда экан. Бу жавоб ҳам саволдан қочиш бўлдими дейман.

Ёки ожизлигини тан олмаяптими? Лушчан ҳам, Бабаян ҳам бир қозиққа ўзларини боғлаб қўйишган-ку, аслида. Бир ижро услуби ўхшамай қолса, жамоа ўйини йўқолиб қолмоқда. Бунинг сабаби нимада? Лушчан фалсафам унақа-бунақа демаса-да, “Атлетико”га ўхшаб жиддий ҳимояланиб ўйнайдиган жамоага қарши ҳужуми ўтмаслашиб, рақиб марказида марказдан комбинацион ҳужум билан голвар вазиятга чиқишни инкор қилмоқда.

Бунинг сабаби нимада? Мураббийларимиз ўсишдан қолганидами? Бугунги ўз имкониятларига юқори баҳо бериб юборишларидами? Устоз кўрмаганидами? Сабаби нимада? Сергей Лушчаннинг руҳониятига қандай баҳо беришни билмай қолдим?

ФУТБОЛ ЗОДАГОНЛАРИ
“Пахтакор” ва “Бунёдкор”да бошқа бир муаммо мавсум бошиданоқ бўй кўрсатди. Буни мен футболда зодаганчилик деб атаган бўлар эдим. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деган мақол бор. Футболчи қўли озгина пул кўриб зодагонлашиб қолмоқда. Пулдорчиликка берилиб кетмоқда. Атоқли клублардан бирида ўйнаётган футболчи ўзини масалан, “Обод” ўйинчисидан баланд қўяди. Бу бор гап. Улардан ўзини афзал билмоқда. Машҳурлар сафида ўйнашни маъқул кўрмоқда. Улар сафига қўшилиб олгач, ўзини машҳур санаб, ўйинида жанговарлик йўқолиб қолмоқда. “Пахтакор” ўйинчилари “Динамо”дан битта голнинг иссиғини егандан кейин ҳамжиҳатлик билан жанг қила бошлашди. Афсус, вақт кеч бўлган эди. “Зодагонлар” жон койитмасдан класс эвазига “фақирлар”ни ютиб юришга кўникиб қолганлар.

Абрамов “Локомотив”нинг зодагонлари билан кўрсатган бирорта ўйини эсимда қолмади. Темирйўлдан келган фақирлар Сколарининг зодагонча чиранган дарвозасига гол уриб уларни эсанкиратиб қўйган ўйини, Саидовнинг йўқ жойдан қўйиб берган пенальтисидан фойдаланиб мағлубиятдан зўрға қутилиб қолган ўйини эсимда қолган. “Локомотив”чилар вақти келиб ўзлари задогон бўлиб олганларидан кейин эса, Абрамовни “Қўқон-1912”нинг фақирлари жазолаб кетганига нима дейсиз. Абрамов ўшандан бери ишсиз қолган. Зодагончилик руҳониятини четлаб ўтиш қийин нарса. “Пахтакор”нинг ўйинида ҳам шу нарса сезилиб қолмоқда. Европада катта пуллар таъсирида моддий ҳолатда табақаланиш бўлсада, инсоний муносабатда табақаланиш бўлмаяпти.

ҚОЗОНДА БОРИ ЧЎМИЧГА ЧИҚАДИ
Азиз ўқувчим, футболчиларимизни доим танқид қилишим меъдангизга тегмоқда, тўғри. Аслида футбол кўзгу сингари ҳаётимиздаги барча камчиликларини кўрсатиб бермоқда. Ҳамманинг диққат марказида, кўз ўнгида турган футбол майдони ҳаётнинг бор шудини рўй-рост кўрсатиб беради. Пулдорчилик сассиқ алаф ўтидек ҳамма ёқда ғовлаб кетган. Фақат футболда эмас. Бир олғир устамон ғаддор одам неча юз миллион у.е. пулни ўмариб чет элга қочиб кетган. Бир бош муҳандис ойига уч минг у.е. пулни деб ёғ-мой комбинатидаги ишини, маошини ташлаб кетиб, Нью-Йўрк метросини тозалаб юрибди. “Сўғдиёна” ўйинчиси уч юз у.е. пулни деб ёзда жамоасини ўзгартиришга тайёр турибди. Тушунаман, ҳаёт ким учундир жуда оғирлашиб кетган. Эшмат яқинларига ёрдам бериши учун унга 200 у.е. ойлик етмаётгандир. Бизнинг наздимизда жуда бой саналган, ҳамма нарсага эга бўлган Платини ўзини ночор санаб, ФИФАдан ўз “хизматлари” учун қўшимча уч млн. у.е. олишга эришган. Бечора оч қолган УЕФА президенти, қорнинг тўйдими? Суюкли франциялик футболчимни қандай тушунишни билмай қолдим. Иттифоқ даврида пулдор эмас, ғаддор эмас, элдор-у касбдор ҳурматли бўлар эди. Бугун пулдор ғани иззатда, эгар минган. Касбикомил ғози хизматда. Тоғдай ғурури билан ердан паст.

Бугун юртимиз жаҳон ҳаётига сингиб борар экан, нечундир чет эл ҳаётининг салбий томонлари тезроқ юқиб қолмоқда. Мен бундай салбий руҳониятни чет эл қадриятлари дейишга тилим бормайди. Жаҳонда футбол таг-туги билан пул топиш манбаига, катта бизнес марказига айланиб бўлган. Глобаллашув шу даражадаки, бизнинг ҳаётимиз ҳам, футболимиз ҳам жаҳон билан боғланиб чирмашиб кетган. Майдондаги ўйинимиз жаҳон даражасига чиқа олмай туриб ҳам майдон ташқарисидаги “ўйин” бўйича, пул ўйини бўйича жаҳонга етиб олишни ўйламоқда. Футболдаги мажруҳ руҳониятимиз шундан сув ичади.

Масалан, “Барса”ю Месси номлари билан дунё бизнесининг жуда катта пуллури айланади. Агар “Барса” нимчоракдан ўтолмаса, катта пуллар, катта пулдорлар касод бўлиши тайин эди. Ҳакамнинг ҳуштаги ҳам, ҳакамнинг ўзи ҳам ўзига тегишли эмас эди ўша ўйинда. Натижада 6:1 ҳисобини кўрдик. Шундай бўлса-да, оқни оқ, қорани қора дейишни руҳониятимиз талаб қилади. Улар Платинига ҳам, “Бавария” президентига ҳам, 2006 йилги “Ювентус”га ҳам ўз баҳосини беришди. Бизда баҳо бериш қандай?...

ОҚ ТЎНЛИК ДЎСТИМ ПОРТРЕТИ
Азиз ўқувчим, биласиз, журналист эмасман. Оддий меъморман. Чироқчилик қурувчим уйига борган эдим. Оқ Тўнли қишлоғида газ йўқ. Кўмир йўқ. Ўтин йўқ. Лалми ерларда пахта экилмайди. Ғўзапоя йўқ. Ичимлик суви йўқ. Янтоқни қўйга бериб, тезагини ёқишади. Тошкентга ё Янгийўлга кўчиб кел десам, кўнмайди. Қишлоғи, қўшнилари унга азиз экан. Бизнинг футболчиларимиз учун нима азиз? Тошкентдай азим шаҳар, унинг кўчалари, қўни-қўшнилари, соғинувчи ишқибозлари, ўз клуби тўқдан-тўқ Жепаровга азиз эмас. Тоттининг, Лемпарднинг, Раулнинг ўз клуби бўлган. Бизда қайси футболчининг ўз клуби бор? Бундайларни билмайман. Футболчиларда пул кўпайиб борган сари ватанпарварлик туйғуси камайиб бормоқда. Ҳамма нарса пул қудратига таслим бўлмоқда. Руҳоният ҳам. Бутун дунёда шундай дейсизми? Лекин юқорида айтганимдек, уларда оқни оқ, қорани қора деб аташади.

Бизнинг Аҳрол Иноятов келишувларга қарши курашмасдан ўз виждони билан келишиб юрибди. Оқ ва қорани келиштириб юрибди. Бизнинг футболда қора нарса оқ ниқобга ўралиб виқор билан юрар экан, Пул олдида ҳамма табақаланиб кетмоқда. Шаҳар-у кўчалар табақаланган. Касб-у унвонлар табақаланган.

ФУТБОЛДА ФИРМАЧЛИК
Шунинг учун нафақат клублар орасида, балки, “буюк” клубларимиз ичидаги футболчилар орасида ҳам табақаланиш авж олган. ТТЗ стадиони олдида футболчиларнинг машғулоти пайтида темиртан мошиналар эгаларини кутиб табақаланиб туришади. Футболчиларнинг оладиган пуллари, ҳурматлари табақаланган. Шундай экан, шундай муносабат яратган табақаланиш футболимиз равнақини бўғиб келмоқда. Истеъдодларимиз йўқолиб кетмоқда. “Локомотив” машғулотига табақаланган зодагон футболчи кеч қолиб келиши мумкин экан, ёки умуман келмаслиги мумкинмиш. Нима эмишки, ўз фирмасининг ишлари билан юрган эмуш. Инсон, Хитойдан кепай нархида пастликни сидириб- сипириб келишга сендан бошқа “фирмач” топилмабдими? Ё Крамаров тили билан айтадиган бўлсак, эй инсон, бензинга эшак пешобини аралаштириб сотадиган сендан бошқа олғир “ишбилармон” топилмабдими? Фирмач бўлиб нима каромат кўрсатасан? Пулни деб Худо берган ноёб иқтидорингни оёқ ости қиласанми? Нега? Руҳониятинг шуми? Ўша талант эгаси “Қизилқум”га ўтиб кетиб пул маъносида ҳеч нарса йўқотмадим деган эмиш. Дўстларига, клубига садоқат маъноси йўқ нарсаларми? Клубларда эмас, келди-кетди “карвонсарой”ларда, пулни қувиб юрган футболчилар орасида дўстлик бўлармиди? Пул имлаб турганда клубга, футболга садоқат бўлармиди? Клуб бераётган ўн ё йигирма, ё ўттиз млн сўм ойлик футбочиларимизга камлик қилмоқда. Ўзини ночор санаб клубдан клубга кўчиб юришибди. Кунига ўн икки соатлаб қурилишда ишлаб юрган қишлоқи дўстим ўз томорқасига артизан қудуғини қазиб, генератор ўрнатганидан ўзини бахтиёр санаб юрибди. Бир қултум тоза сув ичганидан бахтиёр бўлиш туйғуси футболчиларимизга бегона.

Ўйинчилар руҳонияти шундай экан, бош мураббий нима қила олади. Менинг куюнишларимни кимам эшитади? Жамиятимизда шундай пулдорчилик устувор экан, ЎФФ ходимларидан бирор ислоҳотни, ўзгаришни, янгиланишни кутиб бўлармиди? Табиатда Янги Кун, (Наврўз), янги йил, янги ҳаёт бошланмоқда. Футболимизда эса, ҳамма нарса ўша-ўша эскича қолмоқда.

Сизга чизиб берганим ушбу манзаранинг энг олдинги планига эртага бўлиб ўтадиган терма жамоамиз ўйини чиқиб олмоқда. Менга айтинг, муҳтарам ўқувчим, мана шундай манзара фонида Бабаян ҳолати Сизга нимани эслатади? Бўлса-бўларчилик денгизида ёлғиз сузиб кетаётган кемани эслатмайдими? Бугун футболимизга бефарқ бўлмаган ҳар бир кимса ушбу Кеманинг дарғасига чин дилдан омад тиламоқда. Муҳтарам Самвел Вячеслав ўғли, мен ҳам Сизга эртанги жангда ғалаба тилайман. Оллоҳ Сизни қўлласин.

22.03.2016й.
Сизлар билан бир сафга туриб
Ҳасанали отангиз ёздим.

Киритилган сана: 22.03.2017 12:51. Ўкилди: 7944 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


SHAMSHER
Сана: 22.03.2017 15:04. SHAMSHERга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.