Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Биз (футбол ҳаётида) Ўзбекистон бўла олайлик-4

Баҳо:
+0; -0

Ниҳоят мураббийларимиз легионерларимизнинг баланд савиясига яраша ўйин ташкил қила олишди. Бунга бу йилги Баҳрейннинг бўш ўйини қўл келди.  Термамиз ўйинини кучайтириш соҳалари ҳам аён бўлди. Тўпсиз ҳолатда кўп ўйинчиларимиз пассив ҳаракат қилишмоқда. Сардор Рашидов ҳам бу йўналишда кўп ишлаши керак. Ҳуллас кечаги терма ўйини фикримизда, ёдимизда. Қийин ғалаба ё охирги сонияда бой берилган ўйин ўйлашга,диққатни жам қилишга, кўпроқ меҳнат қилишга чорлайди. Ноябр ойини кутиб, шимолий карислардан қандай қилиб реванш олишни ўйламоқдамиз. Мен эса, гуруҳда биринчи ўринни олиб кейинги босқичга чиқишни эмас, бутун футболимизнинг равнақини ўйлаб, ёзишда давом этмоқдаман.
      
БАРАКА ТОПИШ НИЯТИ.
Олдин ёзганимдек, чемпионатимизни кучайтирмоқчи эканман, мусобақа форматини ҳам ўзгартиришимиз керак. Хозирги икки даврали классик тизимга бизнинг футбол тайёр эмас. 5-10мавсум давом этадиган мусобақамизнинг бошқа бир форматига ўтиб турайлик ва мақсадга эришайлик. Кейин классик тизимга қайтармиз. Бошқа масала бор. Мавсумда 40та ўйин ўтказмасдан туриб мусобақанинг ўлимтик ритми футболчи маҳоратини муттасил ўстириб боришга етмайди, дерсиз. Камлик қилади, дерсиз. Албатта шундай. Мусобақамиз икки босқичдан иборат бўлсин. Ҳар босқич икки даврали бўлсин. Биринчи босқичда икки давралик тизимда, уй-меҳмон тизимида ҳар бир жамоа 22та ўйин ўтказади. 1-6 ўринни эгаллаган жамоалар иккинчи босқичда совринлар учун 2даврали ўйинларда курашадилар. 7-12ўринларни эгаллаган  жамоалар 2-босқичда олий лигада қолиш учун кураш олиб борадилар. Иккинчи босқичда барча жамоалар 0очко билан курашни бошласинлар. Шундай қилсак, 1-3ўринларни эгаллаб турган жамоалар учун ҳам, 7-9 ўринларни эгаллаб турган жамоалар учун ҳам очко йўқотишнинг қўрқинчли маъноси қолмайди.  Чунки иккинчи даврада кураш 0 очкодан бошланади. Демак, хамма очко йўқотишдан қўрқмай ҳужумкор ўйин қила бошлайди. Ўшанда 17 яшар иқтидорли ёш ўйинчиларни майдонга тушириш таваккалчилик бўлмайди.

6-ўрин учун ҳам қаттиқ жанг кетади. 6- ўринни эгаллаган жамоанинг олтин олиш имконияти бошқалар билан тенг бўлади. Шквирин ё бошқалар ўз йигитларини жангга қандай қилиб чоғлантирсак экан, деб қийналиб юрмайди.  Ушбу айтганларимга  бепарво бўлманг. Жанг ўз ўзидан бўлмайди. Футболчи механизм эмас, созлаб қўйиб ёқилғи қуйишингиз билан бир текис ишлайдиган машина эмас. Масалан, ўртоқлик ўйинларида жанговар ўйинга ҳеч кимни чоғлантира олмайсиз. Бунга ҳамма қўшилади. Бизнинг чемпионатимизда расмий ўйинларда ҳам жанг қилишга иҳтиёж йўқ. “Локомотив” олтин медаллар учун курашиб ҳар бир ўйинда ғалабага интилади, аммо жанговорлик эвазига эмас, ўйинчиларнинг юқори маҳорати эвазига ғалаба қозонади. “Пахтакор”га қарши ўйинда бу унга панд берди. Бизда бир бутун жамоа бўлиб жанг қилишга чоғлантириш осон иш эмас. Наинки клуб ўйинида, балки юрт байроғи остида майдонга тушиб муҳум расмий ўйинда ҳам жанговорликни йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Баҳрейнга қарши ўйинда ҳисоб 2:0га етгандан кейин жанговарликни  ушлаб туриш қийин бўлиб қолди. Шунда мураббий жангга ташна, асосий таркибда ўйнаш учун рақобатга шай, ғурурга  тўла ўйинчиларни майдонга туширди. Жанг охирги сониягача давом этди. Ҳисоб қандай бўлганини биласиз.

Чемпионатнинг янги форматини жорий қилсак, чоғланув даражаси кўтарилади. Мотивация дейсизларми бу тушунчани.     

Йил бўйи ўйинлар жанговор  руҳда ўтади. Йил сайин совриндорлар номи янгиланиб туради. Истеъдодли мураббийлар порлаб чиқа бошлайди. Иккинчи босқичда ҳар бир жамоа яна 10та ўйин ўтказади. Олий лигада қолиш учун ҳам иккинчи босқичда кураш 0 очкодан бошланади. Бу йил таркиб ва ўйин борасида катта изланишлар қилаётган “Динамо” ва “Бухоро” каби жамоалар олий лигани тарк этишга олдиндан маҳкум бўлишмайди. 6-9 ўринни эгаллаган жамоалар беғам ўйнаб, очко улашиб юришмайди. Чемпионатимизда криминоген ҳолат йўқолади. Хозир биз нима қилмоқдамиз? Ўзимиз  криминал йўналишни яратиб қўйиб, кейин криминал билан “мардларча курашиб” мажлисларда оташин нутқ сўзлаб, бир биримизга қарсак чалмоқдамизми? Креминоген ҳолатни йўқотсак, ўйин сотишдан ҳеч ким манфаат топмайди. Раҳбарлар барака топади.

Бугунги футболимизда бир нуқсон бор. Бизнинг жамоаларимиз 90дақиқа давомида матонат кўрсата олишмайди. Ўйин тақдирини олдинроқ ҳал қилиб, қолган вақтда “ўйин” кўрсатишмоқда. Бу аҳволимиз ОФК ўйинларида бизга панд бермоқда. Бу аҳволни йўқотиш учун, охирги сониягача жанг қилишни ўрганиш учун мусобақа форматида бошқа бир   ўзгаришни амалга оширайлик. Яъни иккинчи босқич тугагач, финал ўйинларини ўтказайлик. 1-4 ўринни эгаллаган  жамоалар учун ярим финал ва финал ўйинларини ўтказайлик. Охирги сонияларгача ғалаба учун жанг қилайлик. Ғолиб шунда аниқлансин. 4та тўқнашувдан иборат бўлган бундай байрамни ҳар йили ҳар хил шаҳарларда ўтказиш мумкин бўлади. 11- ва12- ўринни олган жамоалар биринчи лигадаги 1- ва 2- ўринни эгаллаган жамоаларга жой беришади. 9-ва 10- ўринни эгаллаган жамоаларнинг ҳар бири биринчи лигадаги 3- ва 4- ўринни эгаллаган жамолар билан 2тадан ўйинда тўқнашиб, жанг қилиб, олий лигада ўйнаш имкони учун финал ўйинида курашади.  Охирги ўринни олганлар биринчи лигага равона бўлишади. Бундай мусобақа тизимини вақтинчалик чора деб биламан. Энди бошқа бир ҳолатни кўриб чиқайлик.

ҚУМГА СИНГИБ КЕТИШ
Рўзиқул Бердиев “Локомотив”га ютқазганидан сўнг матбуот анжуманида “бизда тенг кучли иккита таркиб йўқ. Мавсум давомида бир таркиб билан ўйнаб футболчилар зўриқиб қолмоқда”, деган эди. Тағин бир гап бор. Жаҳон юзини кўрган ўсмирларимиз -у, ёшларимиз ўз жамоаларида асосий таркибдан жой ола билишмаяпти. Мураббийда ўйин амалиётига эга тенг кучли ўйинчилар йўқ. Ёш, иқтидорли ўйинчида эса, ўз ўйин амалиётини ошириб бориш учун асосий таркибдан жой йўқ. Бу ҳолатни эслаб қўйинг. Иккинчи ҳолатни кўриб чиқамиз. ФИФА кунлари жамоаларнинг  ўйин амалиётида ритм бузилиб, (бунинг устига таркиб ҳам бузилса,) ўзлари эндигина созлаб қўйган ўйин тасвирини йўқотиб қўйишмоқда. Абрамов-у Бабаянларнинг ОАВларда чўзилиб кетган пайров сабаби аслида шу ердадир. Оқ иштон-кўк иштон бўлиб ўзаро ўйнаш ҳам, “Оқ тепа” ё “Обод” билан ўртоқлик ўйини ҳам керакли рақобатни, жанг тажрибасини ярата олмайди. Иккала ҳолатга ҳам даво бўладиган бир чора бор. Демак биз яна бир ё икки кубок ўйинларини ташкил қилишимиз керак. Бу музофот ё ўлка кубоги деб номлансин, майли.  Бу ўйинларда жанг бўлади-ю, босим бўлмайди. Олдиндан ғолиб бўлмайди. Иккинчи таркиб, яъни ёшлар билан тажрибали футболчилар биргаликда эркин, очиқ ва муросасиз жанг қилишини кўрамиз. Бундай ўйинларда мураббий янги ўйин моделларини синовдан ўтказиб олиши мумкин. Таниқли футболчиларни янги амплуада синаб кўриши мумкин. Ва хоказо. Ва хоказо. Англияда 3та кубок ўйини бор. Бошқа давлатларда ҳам шундай. Бизда нега бундай эмас?

Бу мисолларни келтириб, нима демоқчиман. ПФЛдаги мутасаддиларимизга қанчалар илтижо қилманг, ҳеч нарса ўзгармаслигини наҳотки билмасам. Ман қанчалар янгиликка интилмай, қанчалар куюнмай, изланмай менинг бу изланишларим Магометов олдида қумга сингиб кетгувчи сув оқимидай бўла беради. Магометов миллион-миллион ўзбек ишқибозлари тикилиб турган Футбол ўйинига иккинчи қаватда жойлашган ўз кабинети ойнасидан тепадан туриб паст томон қарайди. Учта кубок тизимини УЕФА ўзида жорий қилиши мумкин-у, (Платини шундай қилмоқчи) фақат ЎФФ эмас. Консерватив ҳолат. Бу манзарага базўр чидайман. Футболимиз раҳбарларига қўл силтаб футболдан бадар кетгим келади. На илож? Кетолмайман. Ишқибозлар билан бирга қоламан. Ҳаётда чалалик ёмон. Чала эмас, бутун бўлай деб бошлаган гапимда давом этаман. Давомини эшитинг.

БОШПАНА ИЗЛАШ ҚИСМАТИ.
Мен футболимизнинг оммавийлигини ошириб, географиясини кенгайтириб мақсадга эришамиз деган эдим. Ўзим эса, 4 жамоа учун, 4 шаҳар учун олий лига эшигини ёпмоқдаман. Хозир бахтсизлар бир йил ёки ундан кўп муддатга биринчи лигага ўтишади. Олий лигага қайтишни  қамоқдан қутилмоқ бўлган кишидай орзу қилишади. Бошқа шароитни, эътиборсизлиг-у қадрсизликни, паст савияни, чангиб ётган майдонларни, ариқ бўйида ечиниб-кийинишни кимам хоҳлайди, дерсиз. Биринчи лига жамоалари ҳеч кимга керак эмасдай, “ташландиқ детдом” боласига ўхшаб қолгандай, кимнингдур эҳсонига, эътиборига мўлтиллаб тикилиб  туришади. Энг ёмони шуки, бундай ҳолга кўникиб рози бўлиб юрганлар бор. Ҳеч нарсани орзу қилмай қўйганлар бор. Улар Олий лигага чиқишни исташмайди. Агар мусобақани ютиб қолишса борми, таркиб ўзгартирилади. Ўз ўйинчилари ишсиз қолишади-ю, янги жамоа излашга мажбур бўлишади. Курашни ютган  йигитлар ўрнига олий лига ўйинларида тажриба тўплаган кўчманчи, учиб ўтувчи қатор футболчилар билан таркиб тўлдирилади. “Уздонгжу”ни олий лигага олиб чиққан Ислом Аҳмедов, ўз ўйинчиларига ишониб, уларни ўйнатиб бир йилдаёқ олий лигани тарк этиб орқага қайтган эди. Нега?

Чунки биринчи лиганинг ўйин савияси олий лигага нисбатан жуда паст даражада. Олий лига иштирокчисига керак бўладиган ҳаражатларни қоплайдиган молияни берувчи ҳомийни топиш улар учун жуда мушкул иш бўлмоқда. Шунинг учун улар олий лигага чиқишни исташмайди. Жанг, яъни мусобақа ўз маънисини йўқотган. Даҳшат. ЎФФ раҳбарияти клубларни,  боласини етим қолдириб  кўчага итариб юборгандай иш тутмоқда. Ваҳшат. Улар  ўз ҳомийларини, яъни бошпанасини ўзлари топишлари керак бўлмоқда. Ҳақорат. Ҳасанали-отангиз айтганлари сўз ўйини эмас. Биринчи лигада мусобақа ўз мазмун-моҳиятини йўқотган бўлса, олий лигага чиқишни истамай, ушбу мусобақада кураш олиб борилмаса, ўйинлар хўжа кўрсинга ўтказилса, даҳшат бўлмайдими? Бу йил “Оқтепа”дан бошқа жамоа олий лигага чиқишни истамаяпти. У ҳам чиқиб олгач, қандай кун кўришини, қандай жон сақлашини ўзи ҳам билмайди. “Гулистон” Сирдарё воҳасида биринчи бўлиб олий лигага чиқди. У ерда хордан хор, зордан зор кунларни ўтказди. Кун кўролмай, етим боладай  бир бошпана излаб кўчама-кўча бўзлаб юрди. ЎФФ раҳбарияти у томонга қиё ҳам боқмади. Ўша йили “Гулистон” ўйинига юртимизда энг кўп ишқибоз  ўйин кўргани стадионга келган эди. Бу клуб шарофати билан Сирдарё воҳасида футболни кенг ёйишимиз мумкин эди. Афсус, бундай бўлмади. Бу клубни йўқотиб юбордик. Ўша йили бу клуб жасадини тарих қабрига кўмиб келмасимиздан аввал навбатдаги чемпион устидан зар чочиб томоша кўрсатдик. Кейин “Гулистон” қабри ёнида банкет уюштириб, янги чемпионнинг ғалабасини тантана қилдик. Бундай тантана тўйларида ҳамма рақсга тушади. Раҳбарлар қарсак чалиб туришади. Уларнинг оёқлари остида қолган бўлғуси “Гулистон”лар йиғлаб юришади. “Раққослар” уларни эшитишмайди. Гўдак йиғиси бу. Оммавий футбол йиғиси бу. Ҳақирлик иси бу. Бу манзара “Гулистон” ҳотирасига, футбол шаънига ҳақорат эмасми? Ҳамма “Гулистон”ни аллақачон унутиб юборди. Раҳбарларга шу мақул. Раҳбарлар ҳеч нарсани ўзгартиришни хоҳлашмайди. Ўзбек футболи шундай таҳқирланган ҳолатга муносибми? Бу аҳволда Бразилияни, Москвани орзу қилишимизга бало борми. Эски кулба фасадини евроремонт қилиб, “лой сувоқ” томини, кулба ичини ўзгартирмасдан ташини қаср кўринишига олиб келишдек гап эмасми бу? Ачинарли ва кулгили ҳолат.

Мен биринчи ва иккинчи лигани кучайришимиз шарт деган эдим. Қандай қилиб? Нега бу аҳволни кўриб турган мутасаддилар ер чизмай, қизармай тепага қараб жим туришибди? Нега бундай саволни ўзларига беришмайди? Нега? Менинг таклифим шундай: Биринчи лигада иштирокчилар сонини 12тагача камайтириб, уларнинг молиявий таъминотини ошириб мусобақани кучайтирайлик. Мусобақа ўтказишда моддий техник таъминот муҳум омил саналади. Буни ҳамма билади. Биринчи лига клубининг йиллик буджетини олий лигага яқинлаштирайлик. Биринчи лига мусобақасини  юқори савияда ўтказайлик. 12та жамоа учун, уларга яхши инфра тузилма яратиш учун имконият топиш мумкин-ку. Хозирги кунда футболимизга сарф қилинаётган маблағни тўғри тақсимлаб, 24та жамоани яхши даражага олиб чиқишимиз мумкин ва шарт. Бошқа йўл йўқ.

Таклифларим бўйича олий ва биринчи лиганинг сонини камайтириб, мусобақаларини кучайтирсак, Футболнинг оммавийлигини йўқотиб, вилоятларда футбол мусобақаларини оёқ остига ташлаб қўймаймизми, дерсиз. Бундай эмас.

ЗОТ ҚЎЙГАН ЮТАДИ
Иккинчи лига ўйинларимизни ярим профессионал қилиб, қўшимча учинчи лига ҳаваскорлар мусобақасини ҳар бир вилоятда ташкил қилайлик. Англия футболида олтита лига мавжуд экан. Биласиз  қуйи лигамизда йўл ҳаражатлари муаммо бўлмоқда. Ҳар бир вилоятда, ёки музофотда, яъни воҳа ёки водийларда алоҳида, масалан Сурхондарё ва Қашқадарё учун бир, Фарғона водийси учун бир, Самарқанду Бухоро учун бир, Қорақалпоғистону Хоразм учун  алоҳида  яна битта ярим профессионал иккинчи лига мусобақаларини ташкил қилайлик. Туманлари билан биргаликда ҳар бир шаҳарнинг ҳаваскорлар чемпионатини, яъни вилоят биринчилигини, яъни учинчи лига мусобақаларини ташкил қилайлик. Чироқчининг Қўшали, Талоқтепа қишлоқларида биронта тўй футболсиз ўтмаётибди. Тўй эгаси зот қўймоқда. Данғара тумани Урганжи қишлоқ футбол майдонида  ғаройиб инсон, жонкуяр ишқибоз бўлган Эгамберди миробга бағишлаб ҳар йили Ҳотира мусобақаси ўтказилади. Бундан вилоят футбол федерацияси беҳабар. “Қандайдир” муробга бағишланган қишлоқ футболи билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Қўқонда яшовчи таниқли футбол билимдонимиз ҳам, Қўқонда яшовчи, “Футбол экспресс”да ишловчи журналистлар ҳам қишлоқ футболига қиё боқишмайди. Еврофутболга тикилишган.  Мана  сизга оммавий халқ футболига муносабат. Ҳар бир қишлоқда ўз футбол майдони бўлсин. Ўз футбол мусобақаси бўлсин. Ҳар бирида вилоят футбол федерациясидан бир вакил бўлсин. Изланиш майдони ҳамма учун бепоёндир. Истак ва ният бўлса бўлгани. Ҳар бир ҳодимнинг ўз қишлоғига ва ўзбек футболига садоқати, оқибати бўлса бўлгани, иш топилади.       

Оммавий футболни яратиш ҳеч кимнинг ҳаёлига  келмаётибди. Вилоятларда ҳеч қандай маблағ талаб қилмайдиган ишлар ва тадбирлар жуда кўп. Оммавий футбол учун алоҳида бир лойиҳа бўйича ҳеч ким ҳеч нарса қилмаяпти. Бундай лойиҳанинг ўзи йўқ

Азизларим, энг муҳум мавзу молиявий ислоҳатлар қилиш мавзусидир. Бугун чемпионатимизни таҳлил қиламан деб куним ўтди. Тўним елкамдан тушди. Уним ҳасратимдан бўғилди.         

ФУТБОЛДА ТАКСИ ҲАЙДАШ.
Айтган сўзимга қайтиб келаман. Клубларимизни ҳомийлар қарамоғига  топширдик деган эдим. Бу сўзда икки маъно бор. Қарамлик ва боқимандалик мазмунлари бор. Фарзанд вояга етгунга қадар ота-онанинг қарамоғида бўлади. Вояга етгунча. Ой чиқсаям, кун чиқсаям фарзанди учун чиқсин экан. Ота-она унинг барча хоҳишини бажо келтиради. Айтганини бажаради. Пошшодай ўзини тутишади. Баъзи фарзандлар бир умр шундай яшашни мақул кўришади. Бошқалари эса, ўн тўрт ёшидан бошлаб, баъзида ундан вақтлироқ кўчага чиқиб, ҳаётга қуюлиб кетади. Кун кўришни ўрганаман дейди.

Клубларимиз ҳам шундай ҳолатда, арзанда фарзанд каби боқиманда. Европа футболи ўз кунини ўзи кўради. У ерда Футбол бизнеси шундай ишлайди. Клуб ҳаражатларни оқлайди ва даромад кўради. Буни эплолмаганлар ўтмушда ўз

Футболга эга бўлганлар, масалан, Польша, Венгрияга тегишли Футбол ўз савиясини пасайтириб юборди. Улар футбол бизнесини ривожтира олишмади. Биласиз, барча футболдаги ўтмишдошларимиз боқиманда ҳолатида қолган. Россия футболи ҳам. Бизнинг футбол ҳам улар сафидан жой олган. Биз олдимизга тўғри мақсад қўйиб, боқимандаликдан чиқиш режасини, лойиҳасини ишлаб чиқишимиз керак. Фарход Норбўтаев ва Қаҳрамон Асланов ортидан мен ҳам “Қўқон-1912”ни намуна қилиб футболчилар кийим тикиб, такси ҳайдаб ҳаражатларини ўзлари кўтариши керак дея олмайман. Мен бир йўналишни таклиф қилган эдим. Муҳум йўналишни. Шу гапимда тураман. Даромад топишнинг асосий манбайи сифатида ёш иқтидорли футболчиларнинг трансфер хуқуқини Европа клубларига сотишни кщраман. Болқон, Португал, Голланд футболи шу йўлда катта даромат кўришади. Бунга етишиш йўлида давлат миқёсида кенг қамровли программа ишлаб чиқиб, уни бажаришга интилишимиз керак. Бошқа йўналишларда ҳам барча даромат келтирувчи ишларни бажаришимиз керак.  

ЯККА БАНЕР ҚИСМАТИ
Булардан бири чипталар сотишдир. Назаримда қандайдир қудратли шаҳс томонидан стадионга келувчи ишқибозлар сонини камайтириш режаси оммавий равишда амалга оширилмоқда. У арбобнинг фикрига кўра ишқибоз маданиятсиз, аҳлоқсиз, безори одам бўлиб, уларни бир жойга, стадионга йиғиб улардан тўда, оломон ҳосил бўлишининг олдини олишимиз керак экан. Бунинг учун ўша жаноб барча тақиқловчи чораларни кўрмоқда. Бу тубдан нотўғри фикр. Одамларни оломонга айлантириб, кейин халқни оломондан ҳимоя қилиш вазифасини бажариш керак дейишмоқда. Абсурд гап. Футбол шундай ўйинки, у оломонни маданиятли, тарбияли, ишқибозлар оммасига, ватанпарварлар оммасига айлантиради. Ишқибозчилик маданиятини ошириш йўлида ҳар хил тадбирлар  ўтказиш мумкин. Футболни, футбол билимини тарғиб қилиш, стадионга оила бўб, коллектив бўб келишни таъминлаш, уларга маданий хизмат кўрсатиш, стадионга келган ишқибозлар билан шу йўналишда керакли ишларни бажариш мумкин.  Бундай қулай шароит бошқа ерда, бошқа пайт бўлмайди. Оммага раҳбарлик қилиш, унинг завқи-шавқини йўналтириш тажрибаси бошқа ерда йўқ.  

Боқиманда аҳволида, ҳомий қарамоғида ўзини қулай ҳис қилган клуб раҳбари ҳам бундай муносабатдан хурсанд бўлмоқда. Футболни, навбатдаги ўйинни тарғиб қилиб ўтирмайди. Масалан, “Пахтакор” стадионига кириш олдида, Навоий кўча ёқасида осилган, шаҳарда биттагина  ҳеч ўзгармайдиган клуб  банери тик турибди. Банерда рақиб номи ўзгаради, холос. Шу ҳам футбол тарғиботи бўбтими. Бу мисол, яъни якка банер нима демоқчи? Ёнида осилган кинони тарғиб қилувчи ранго-ранг ўнлаб банерлар олдида бизнинг футбол тарғиботи, унинг обрўси қанчалар  ҳароблигини кўрсатмоқда. Кино ижодкорлари боқиманда эмас, улар кетган ҳаражатларни қоплаб даромад ҳам кўриши керак, дерсиз. Айни гапни айтдингиз. Футбол ҳам даромад кўриш йўлига кирар экан, тарғиботни ўзига асосий ҳамкор қилиб олиши керак. Бундан келиб чиққан хулоса шуки, Футбол журналистикамизни баланд нуқтага кўтаришимиз керак. Хозирча бунинг аксини кўрмоқдамиз. Футболни тарғиб қилувчи ОАВнинг обрўси, савияси жуда паст. Кўчадаги бекатларда газетамизнинг навбатдаги сонини тарғиб қилишни истасак, биздан жуда катта пул талаб қилишади. Лекин ҳамма дўконлар, савдо кўшклари ўз молини тарғиб қиламан деб, машҳур футболчилар тасвиридан хақ тўламай фойдаланишади. Даромад кўришнинг иккинчи муҳим омилига ўтиб кетдим.                    

Бу рекламадан даромад қилишдир. Телевиденияни тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтказиш тадбирларини кўришимиз керак. “Локомотив” клуби ўйинни трансляцияси учун ТВга ҳақ тўлаши керак бўлмоқда. Бутун дунёда бунинг акси жорий этилган. Футбол сайтлари орқасидан   даромад  кўраётган “соттивой” компаниялари футбол сайтларига ҳақ тўламай, аксинча, сайтлардан пул талаб қилишади. Хуллас, футболга боғлиқ бўлган барча бизнес йўлларини ҳар томонлама бўғиб, даромад топиш қўлларини орқага қайириб, ҳомийга қарам қилиб унинг бағрига ташлаб қўйилган ҳолатда яшамоқдамиз. Футбол атрофидаги кўнгли қашшоқ одамлар четда тура турсин, хатто бойдан-бой компаниялар ҳам ҳомий киссасига тикилган. Масалан, трансляция учун клубдан ҳақ сўраган ТВ компанияси. Футболимизни ривожини кўзлаган давлат арбоби футбол ва унинг атрофидаги бизнесни йўлга қўйиш учун  ҳар томонлама турли тадбир, чора, лойиҳаларни ишлаб чиқиши керак. Ва уларни амалга ошириши лозим. Бу ишлар ЎФФ кўламидаги ишлар эмас.  Ўзбекистон Футбол Федерация қўл остидаги муҳум молиявий ислоҳатлар шарҳи менинг муносабатимни кутиб турибди. Бу ҳақдаги гаплар кейинги сонга қолмоқда.    

Ҳасанали Қодиров.

Киритилган сана: 01.11.2015 15:34. Ўкилди: 9891 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.