Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Юз доллар ҳикояти

Баҳо:
+0; -0

1. МАҚСАДСИЗ (ГОЛСИЗ) ФУТБОЛ- ЎЛИК ФУТБОЛ.

МАҚСАД ВА НАТИЖА.

Баъзида ўртага чиқиб гапирамиз. Ўзимизга ҳамманинг диққатини тортамиз. Кўп гапирамиз, хўп гапирамиз. Кейин гапни тугата олмай майдалашиб қоламиз. Чунки ўзимиз учун аниқ бўлган мақсадни билмай туриб гапирамиз-да. Мақсадни ўйламай бир ишни қилмоқчи бўлганимизда ҳам шундай аҳвол содир бўлади. Муддао ўзимиз учун аниқ бўлиб, қурбимиз етган мақсадга интилсак, албатта, натижа ўз ҳусни-жамолини бизга кўрсатади. Акс ҳолда биронта тайёр оқимга шўнғиб, у билан бирга бирон бир манзилга етиб олсак, дуруст бўлади. Ижодий жараёнда олдиндан мавжуд бўлган бирон бир оқим бетаъсир, ҳиссиз қолип каби иш бермайди, натижа бермайди. Ишни, ижодни барбод қилади. Ижодий ишда мақсад сари тинмай изланиш керак. Ижодда натижасизлик ҳам натижа ҳисобланади. Ижодий ишда мақсад йўлида кўп тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келади. Айтганларимга бир мисол келтирай.

АБДУЛЛА ҚАХХОР ЭРТАКЛАРИ.

50-йиллар эди. Тошкентда халқ учун оммавий равишда кўп қаватли турар жой биноларини қуриб бериш энди бошланган эди. Партиянинг бундай программаси қанчалар тўғри бўлмасин, шаҳар аҳолиси ҳовлилардан “домга” кўчиб чиқишни истамас эди. Халқ бу уйларни ”хрушчовка” деб номлаган эди. Партия Ўзбекфильм олдига домларга кўчиб ўтишни тарғиб қилувчи бадиий фильмни суратга олиш мақсадини қўйган эди. Муаллифлар буюртма қолипи ичида бир кунда ўчиб кетадиган плакат кинони эмас, ўлмас классик кино олишни мақсад қилишган эди. Ва бу ишни қойил қилишди. Биз ўлмас асарга эга бўлдик. Абдулла Қаххор оддий ўзбек аёлларининг оддий ташвишу қувончларини дилдан куйлаб бадиий асар ёзиб берган эди. Буюк адибимиз таржимон эмас, асар муаллифи бўлган эди. Бу учта аёл образини Лутфиҳоним Саримсоқова, Марям Ёқубова ва Икрома Болтаевалар ажойиб тарзда яратиб беришган. Раҳим Пирмуҳамедов, Раззоқ Ҳамроеву Ҳамза Умаровларни айтмайсизми? Ховлиларимиз тасвирини яратган Қалантаровни, оператор ва режиссура ишини айтмайсизми? Ярим асрдан бери зангори экрандан тушмай келяпган, Шуҳрат Аббосов қўйган, “Маҳаллада дув-дув гап” фильми ҳақида гапирмоқдаман.

ВАҚТ ҚУМЛОҒИ.

Мен сизга ягона, аниқ мақсад сари йўналган, ижодий меҳнат туфайли эришилган буюк бир Натижани мадҳ этдим. Сиз ҳам бу кино асарини, албатта, кўргансиз. Мақсад ҳусусида яна бир жиҳатни айтиб ўтай. Бир мақсад атрофида ижодкорлар бирлашиб ишлашса-да, бу мақсад ҳақида жар солиб ҳеч кимга олдиндан гапирмайдилар. Мазкур фильм яратувчилари, биз партия топшириғини бажариш учун ҳаракат қилмоқдамиз, деб айтишар эди. Асл мақсадимиз ундай- бундай демаганлар. Мақсад ҳар қандай ишнинг пойдеворидир, у ер остида кўзга кўринмай туради, фаолият иморатини елкасида кўтариб туради. Аниқ мақсад бўлмаса, ҳар қандай иш қумга сингиб кетгувчи сувдай натижа бермай йўқ бўлиб кета беради. Хозир аниқ мақсад- муддаоси бўлмаган қанчадан-қанча кино картиналар вақт қумлоғига сингиб, йўқ бўлиб кетишмоқда. Футболда аниқ бир мақсад бор. Ҳимояланиб бир очко олиб кейинги босқичга чиқиш, ё тўпни ушлаб, вақтни чўзиб, ўйинни шу керакли натижа билан тугатиш эмас. Футболдаги мақсад бу гол уришдир. Инглиз тилидаги “ГОЛ” сўзининг луғовий маъноси ҳам “Мақсад” деганидир.

Яна бир гап айтаман. Мақсаддан ҳам муҳум бир нарса борки, у фаолиятни ҳам, натижани ҳам икки рангга бўяб туради: ё манфий, ё мусбат рангларига. Наинки фаолиятимизни, балки ўзимизни, бутун ҳаётимизни ўзаро зид бўлган бирор бир рангга бўяб қўйиши мумкин. У нарса қалбимизда ҳаммадан яширин ҳолда ётади. Истаймизми, йўқми ҳаммамизда доим бор бўлади. Бу нарса НИЯТдир. НИЯТ қандай бўлиши натижани белгилаб беради. Яратган эгам, ҳамманинг ниятини ҳолис қилгин.

Ушбу нарсани ёзишдан олдин мақсадимни яширмай Сизга тушунтириб бермоқчиман, айтганларимга ҳилоф ишни ўзим атайин қилмоқдаман. Сизни ҳамкорликка чақирмоқдаман. Келинг, биргаликда мақсадни ўзимиз учун аниқлаб олайлик. Бу мақолани ёзишимдан мақсад нимада? Нимани кўзлаган эдим? Диққатингизни нимага қаратмоқчиман? Шуни аниқлаб олайлик.

2. САРИКЎЛ ТОМОН ЙЎЛ.

ГЎЗАЛ МАНЗАРА.

Тошкент метросида Шимолий вокзалга етиб келдим. Бекатда бир аёл билан бир ёш йигит темир йўл транспорти институга боришмоқчи экан. Улар билан бирга бир мошинага ўтирдим. Биз минган матис Озарбайжон элчихонаси томон эмас, балки Сарикўлга қараб бурилди. Эътироз- тоқатсизлик бошланди. Ҳайдовчи мени яқин йўлдан стадионга ташлаб кейин ҳамроҳларимни манзилга элтиб қўйишини айтди. “Отахон, бугун ким билан ўйин бўлади?” деб, менга ҳамдардлик билдириб, одоб юзасидан сўраб қўйди ҳам. Бугун у бир неча бор вокзалдан стадионга одам элтган бўлиши мумкин. Лекин пешонамга ишқибоз деб ёзиб қўйилмагандир, стадионга шошиляпганимни қайдан билди экан? Хуллас, эътиборли одам экан. Ҳақиқатдан бу ёқдан институт худуда жойлашган стадион дарвозаси анча яқин экан. Киракашнинг ёқимли муомаласи, чиройли ҳамдардлигидан сўнг стадион атрофида мени янада гўзал манзара қарши олди. Институт ҳудуди катта, шинам боғ эмасми, ўйин олдидан майдон атрофидаги атайин ёқиб қўйилган сув пуркагичлар стадионда иссиқ ҳавони мўтадил қилишга интилар эди. Шунинг учун бутун ўйин давомида улардан ҳавога учган майда сув зарралари буржларда ўтирган ишқибозларга нам шабада етказиб турар эди. Майдонда футбол ўйнаётган йигитлар учун ҳам иссиқ таъсирини кесар эди. Футбол ичи ва ташидагиларга бўлган бундай эътиборни эътироф этмай бўладими. “Пахтакор”да ишқибозларга бундай эътибор қаратиш ҳос воқеа эмас. “Локомотив” маъмурлари учун бу одатий ҳол. Ўриндиқлар майдонга яқинлигидан нафақат ўйинни маза қилиб кўришим, балки маза қилиб эшитишим ҳам мумкин бўлган эди. Зарба занги, коптов жаранги, Нестеровнинг ўйинни бошқариб бақиришлари, қанотда югурганларнинг дупур-дупур товушлари яхши эшитилиб туради. Энг муҳими- майдондаги майса жуда зўр экан. Майдонга тушиб майса устида югургинг, думалагинг келади.

ВОЛОНТЁРМИ Ё ҲАШАРЧИ.

Ўйинга ҳуш келдим, ўйинни ҳуш кўрдим, ҳуш эшитдим. Қайтишда ҳам ҳушвақтлик билан қайтдим.Ўйиндан сўнг Институт дарвозаси ёнида ҳар бир маршрутнинг иккитадан бўш автобуси бизни кутиб турар эди. Офарин. Бўлар экан-у. Стадион маъмурлари шаҳар транспорт ҳодимлари билан келишиб олишибди-да. Биласизми, ўзим учун қандай янгиликни кўрдим? Ўйин пайти биронта милиция ҳодимини стадионда кўрмадим. Балким, фуқаро либосини кийиб юришгандур, билмадим. “Пахтакор”да милициянинг 50 йилдан бери кишига жандармдай муомала қилиши, формаси жонга тегиб кетган бир пайтда, “Локомотив”да фақат кўнгиллиларнинг, волонтёрлар дейишадими, ҳизмат кўрсатиши дилга жуда манзур бўлди-да. Офарин. Бўлар экан-у.

3. ЮНУС ТЎРАЕВ КИМУ, ЛУТФУЛЛА ТЎРАЕВ КИМ?

ЖЎРАВАР ЎЙИН.

Уйга қайтар эканман, транспорт кутаманми, пиёда юраманми, ўйин тавсилотларини эслаб келдим. Ҳар бир ишқибоз ўйин ҳақида ўзининг шаҳсий фикрига эгадир. Ҳамма ўзининг гапини маъқуллайди. Сиз ҳам бу ўйинни кўргансиз. Ўз фикрингизга эгасиз. Менинг ҳам ошиб-тошиб кимгадир ўйин ҳақидаги таассуротларимни гапириб бергим келади. Ўйин ҳақидаги гапларим танлаган баёнимдаги мантиқни бузиб қўйсаям, мақсад- муддаодан узоқлаштирсаям майлига дейман. Демак, ўйин ҳақидаги шаҳсий фикримни эшитинг.

Тақвимдаги пауза бизнинг ўйинчиларимизга зарар етказибди. Бизнинг дедимми? Аслида Навоий футбўлчилари ҳам ўзимизникидир. Ишқибозчилик, бу ўйинда бизнинг “Локомотив” Навоийлик рақибимиз “Қизилқум”га қарши ўйнади дейман-да энди. Биринчи таймда бизнинг барча ўйинчиларимиз техник бракларга йўл қўйишди. Бир эмас кўп марта. Ўйин- жанг амалиётида пайдо бўлган икки ҳафталик паузани айбдор санаяпман. Аслида раҳбарият айбдор. Спарринг партнёр эмиш. Биринчи лига вакили “Обод”ни айтяпман. Масалан, Олмалиқ билан икки ўйинлик мини турнир ўтказсак бўлар эди-ку. Ўртага бирон бир зот- соврин қўйиб. “Чироқчи” қишлоқларида йигитлар ҳар бир учрашувда қизиқарли ўтсин деб, ўртага зот қўйиб ўйнашади. Битта қорабайир ё аҳалтекин отини майдон четига бойлаб қўйиш қўлимиздан келмайдими? Бу йилги супер кубок ўйинидай шиддатли ўйин Абрамовга жуда қўл келар эди. Хуллас, биринчи бўлим ўйинни созлашга кетди. Рақибимиз “Насаф” каби кучлироқ жамоа бўлганида эди, нафас олдирмай қўярди. “Командная игра” атамасини жўравар йин деб атасам майлими? Жўравар ўйинни созлашга бир соат ўйин вақти керак бўлди. Бири оширмани узатишда сонияга кечикса, бошқаси югуриб чиқишда ярим сонияга кечикади, ва ҳоказо. Тўпсиз ҳаракат паст даражада. Жўравар ўйинда шиддат, шижоат ҳам паст даражада. Масалан, “Навбаҳор”никидан паст.

ЖИЛО ТАЛАБ РАНГЛАР.

Инкор этиб бўлмайди, ўйинда мазмун, маъно пайдо бўлмоқда. Фузайлов ўйинчилардан ўйин ясар эди. Чойхонадаги чоллардан ўйин ясаб бўлмайди-ку дерсиз. Тўғри, лекин ҳар гал ўйиннинг ясамалиги билиниб қолар эди. Шунинг учун мавсум бошида жуда кўп нафар тайёр ўйинчиларни жамоага бирданига йиғиб олгач, ўйинни бўтқага айлантириб юборди. Бирининг ўйини бошқасига тўғри келмай қолди. Абрамов ҳар бир ўйинчини бир ранг, бир бўёқ деб билиб, бирини олиб, бирини қўйиб маълум бир картина яратиш пайида бўлмоқда. Тасвир секин-аста пайдо бўлмоқда. Шубҳасиз бу картинанинг асосий қаҳрамони ҳужумдир. Вертикал ҳужумга ўхшаб кетмоқда, лекин бундай эмас, мен шаршара ҳужум деган бўлар эдим. Тўсиқдан тўсиққа, (тошдан тошга) урилиб шариллаб олға оқяпган ҳужум оқимига ўхшатаман картина асосини. Абрамов қозонда боридан бир нима яратишни қойил қиларди, (Нўмон Ҳасановни ҳам ўйнатиб, уни бир нимага яратиб юргани эсингиздами?), хозир энг керакли “бўёқни” тополмаяпти, шекилли. Хозир унинг палитрасида Миржалол Қосимов, ё Михаил Ан, ёки Ийдгай Тазетдиновдай ўртакаш бўлганда эди. (Раҳматликнинг номи ўзбекчада Ҳайитбой каби жаранглар эди бир пайтлар. У Беляков, Красницкий, Стадник, Абдураимов ортида камтарин ва жуда ақлли ўйин кўрсатар эди. Бразил Виоладан кейин у пайтлари ҳамма 4 ҳужумчи билан ўйнар эди-да.)

МИХАИЛ АННИ ЭСЛАБ.

Ўтмушни эъзозлаб эсласам-да, ўйин тахлилига қайтайин. Хозир Тўраев бу ишни бажара олмаяпти. У Аннинг ёнида ўйнаши мумкин эди. Лекин Ан йўқку. У эса бор. Тўпни ўзидан тезроқ соқит қилгиси келади. Тўпни ё орқага узатади, ё тезланиш бўйлаб узоқ масофага- Нагаев ё Тожиев томон тепиб юборади. Кейин ҳужум силсиласида қатнашмай қўяди. Рақиблар бунга тушуниб олишган. Миржалолга ўхшаб майда қайтариқлар билан тўпни ушлаб, рақибни чалғит, кейин-чи кейин, ҳеч ким кутмаган ўткир ҳужумнинг янги йўналишини бошлаб бер. Йўқ. Аутдан ҳужум бошлашда ҳам пассив ҳолатда туриб олиб, қўли билан орқадагиларга отиб бер деб кўрсатиб туради. Ўртанинг заифлиги туфайли тўпсиз жўравар ҳаракат қилишда темирйўлчилар “Навбаҳор” ё “Насаф” йигитларидан ҳам орқада қолишмоқда.

Мен бу гапларни инсонни ерга уриш учун айтяпганим йўқ. Асло. Тўраевдан ўсишни, ўзгаришни кутмоқдаман. У ҳам Ўзбек футболида ўзига яраша из қолдирсин, дейман. “Насаф”даям, “Бунёдкор”даям марказда иккинчи шаҳс бўлгани учун, ундан янги ўйин кутишмагани учун у билан ҳотиржам ҳайрлашиб кетишди. Ман нафақат Тўраевдан, балки ҳаммадан янгиланишни, ўсишни кутмоқдаман. Бусиз ўзбек футболи ўс-май-ди. Ўзбек футболини стадионлардаги юмшоқ ўриндиқлар белгилаб бермайди. Ўйинчиларнинг ўзига, футболга бўлган муносабати белгилаб беради. Хозир Фарход Тожиев орқага қайтиб ҳужумнинг бошланишида қатнашмоқда. Ҳали бу ишни аъло даражада бажара олмаяпти. Бу борада уни тушунадиган, қўллайдиган одам топилмаяпти. Абрамов иккинчи бўлимда Тўраевни орқароққа ўтказиб, хужум ижодкори бўлишни истаган, кескинлик ичига киришни ёқтирувчи Тўхтахўжаевни олдинга сурди. У Нагаевнинг голи билан якунланган ҳужум силсиласини бошлаб берган эди. ГОЛ. 1:1.

Ўйинни таҳлил қиламан деб, ўзим сезмаган ҳолда баёнимни кескинлатиб эҳтиросга тўлдириб қўйибман. Узр. Футболда бир нимани, ё бир кимсани танқид қилар эканман, мақсадим танқид эмас. Танқид учун танқид эмас. Футбол билан, футболчилар билан бир тану, бир жон бўлиб юрганимизни тасдиқлашдир, таъкидлашдир. Лекин Тўраев учун мен кимман? Ҳеч ким. Бундай танқид қилишга ҳақлиманми, билмадим. Лекин Лутфилла футболчи бўлгани учун у мен учун жуда яқин одам. Унинг ўйинидаги нуқсонлардан қайғуришим табиий ҳол. Мавзудан четга чиқиб кетиб, биргина ўйин деб кўп гапирдим. Ишқибозлар шунақа: ичидаги гапни айтиб олмагунча тинчимайди. Асосий гап четда қолиб кетсаям майлига.

4. МАҲМУД АСРОР РАҲНАМОЛИГИ.

БЕДОРЛИКНИ ҚУМСАБ.

Хикояни давом эттирай. Куни кеча ўйиндан роҳатланиб қайтар эканман, ҳисобдан, кўрганларимдан мамнун бўлиб, хозиргидан бошқача ўй ҳаёллар билан банд эдим. Кайфиятим чоғ эди. Дилим обод. Натижани,яъни рақамларни айтмайман, яхши ўйиндан, яхши стадиондан, яхши одамлардан хотирам яшнаб уйга кетмоқда эдим.

Журналист бўлмасам-да, оддий ишқибоз ҳолимга қўлимдан келгунича кўнглимдаги гапларни ёзишим керак экан. Бунинг айби йўқ. Стадионга яқин йўлдан элтиб, менга илтифот кўрсатган кимса ҳам ишқибоздир. Мансабу, мартабаю, унвону бойликлар одамни одамдан ажратиб турган бир пайтда, Футбол бизни бирлаштирмоқда. Ишқибозларни бир бирига қадрдон ва дилкаш қилмоқда. Биз қаерда учрашмайлик тезда тил топишиб кетамиз. Диллашиб кетамиз. Шундай экан, Ҳасанали отангиз ишқибоз юрти олдига Маҳмуд Асрор раҳнамолигида ўз мақоласи билан бир бор чиққан экан, бу билан беш-ўнта ўз ўқувчисига эга бўлган экан, уларни куттириб қўйиши мумкинми? Ёзганларимда у-бу камчилик ва нуқсонлар бўлса, ўз ўқувчиларим кечиришади. Ёқтирмайдиган “душманларим” эса жимиб юришимни исташади. Бу табиий ҳол. Футболчилар ҳам, футбол ҳақида ёзғувчилар ҳам рақобат ва кескинлик ичида юришади. Бефарқларчи? Футболга бефарқлар ўзларини ақлли санаб, бизларни девона санашади. “Заядлый”деб, биздан четланишади. Бошлаб қўйган нарсамни бирор ҳафта тунларни бедор ўтказиб, албатта ёзиб бериб, ўқувчиларимга тортиқ қилишим керак, деган ўй ҳаёл билан уйга қайтмоқда эдим, ўшанда.

ЭТАЛОН ҚУТИСИДАН ЧИҚҚАН.

Сафимизда Мураббийларни сўкмаган, уларнинг ишини таҳлил қилмаган одам қолмади. Футболимиз савияси ҳеч кимга ёқмайди. Бу факт. Еврофутболга тикилиб қолганмиз. Футболчиларимиз узоғи билан ўн-ўнбеш йил ўйнайди-ю, кейин биз уларни унутиб юборамиз. Масалан, Эльдор Магдеевни хозир ким эслайди? Ҳеч ким. Лекин, мураббийлар доим диққат марказимизда бўлишади. Биз уларни яхши билгимиз келади. Қандай одам, қандай ҳаёт кечиради, ютуғи ё камчилиги нимада? Улар билан ҳос суҳбат қурган журналистларимиз мақоласидан тўлиқ маълумот ололмаймиз. Ҳамма интервьюлар услуби бир бирини такрорлайди. Шунинг учун ишқибозларнинг оғзидан оғзига мураббийлар ҳақида олди-қочди гаплар кўчиб юради. Шунинг учун ўзим бир нима ёза қолайми дедим-да. Фаолиятини энди бошлаётган Ашурматов ҳақида бир мавзу ёритилса, бир нимага эришган Шквирин ҳақида бошқа мавзу ёритилиши мумкин. Азамат Абдураимов ҳаётини ёритсак, бутунлай бошқа бир оламга кириб борамиз. Ҳамма бахтли одамлар бир хил тарзда бахтиёрдир, бахтсиз одамларнинг ҳаммаси ўзгача бахтсиздир, деган ақида мавжуд. Чиройли актёрлар катта планда бир хил кўринса, эталонга тушмайдиган, масалан Чурсина чеҳрасига ўхшаган “ҳунук” юзли актёрларнинг ҳаммаси ҳар хил ва бетакрор кўринишга эга бўлади. Шунга таяниб айтсам, ўйинчилик давридаям, мураббийлик фаолиятида ҳам бир текис олдинга йўналган Миржалол Қосимовнинг ҳаёти эталонга айланиб, эътиборни ўзига тортмай қўйган. Эталонга айланган Гулчехра Жамилова ҳусни-жамолига ўхшаб, ёки бугунги эталон қутисидан потирлаб чиқаётган актёрларнинг чиройи туфайли таъсир кучидан маҳрум бўлган афишага ўхшаб. Бошқа ҳамма мураббийларнинг ҳаёти ўзгача чигал, ўзгача тугал бўлгани учун ўзгача нақлга, ўзгача ақлга- ёритишга муносиб.

КЎРГАН ЯХШИ.

Мен бир нима ёзаман деб Абрамов олдига борган эдим. У билан учрашишга эришсам-да, кейинчалик иккиланиб ёзувларимни тугатолмай, ёзмай қўйган эдим. Кимам ўқийди, кимам қизиқади деб. Интервью олиш учун эмас. Бу сўзни айтгунимча тилим қийшайиб кетди. Ҳос суҳбат олиш касбикомил журналистларнинг иши. Мен бир бадиҳа ёзмоқчи эканлигимни ўзига ҳам айтиб эдим. Мени қизиқтирган нарса, бу бош мураббий касбидир. Бу касбда ишловчи инсон ҳаётидир. Бу ҳақда мен нимани биламан? Стадион буржларида ва ТВ қаршисида ўтириб кўрганларимни, тушунганларимни биламан ҳалос. Биронта мураббийни яқиндан билмайман. Яқиндан кўрган ҳам эмасман. Шундай экан, ғарб тележурналистикаси ва интернети туфайли ўз мураббийларимиздан кўра Европа мураббийларидан кўпроқ ҳабардорман. Газеталаримиз улар ҳақида жуда кўп, ва батафсил маълумотларни сайтлардан олиб тайёрлаб беришади. Ўз �мураббийларимиз ҳақида фақат руҳсат этилган ҳабарларни етказишади. Масалан, ўйинни бошқаряпган Миржалол Қосимовни термамиз чет элда ўйнаганида яхшилаб кузата оламан. Ўз операторларимизга “катта раҳмат”. Мураббийларнинг ўйин пайтидаги жуда эҳтиросли, ҳаяжонли ҳолатларини бутунлай четлаб ўтишади. Кечаги ўйинда “Қизилқум” ўйинчиси шундай кучли зарба йўлладики, Нестеров унданда кучли қутқарувни амалга оширди. Футбол мана шундай эпизодлари билан гўзал. Операторларимиз бу эпизодни ямлаб кетишибди. Футболимизни Т.В. орқали “боплаб тарғиб” қилаётган операторларимизга “минг раҳмат”, ҳаммаммизни Еврофутболга қадаб қўйишмоқда. Бошқалардан нолиш ўрнига, аҳволдан зорланиш ўрнига ўзим бир нарса ёзай дейман-у, лекин қандай қилиб? Бор маълумотларга таяниб, мураббийлик касби ҳақида маълум бир тушунчага эга бўлишим мумкин. Шарт. Шу ўринда айтиб ўтишим мумкинки, клубларимиз ҳаётига кириб бориб, уларга суйкалиб юришни ўзимга муносиб кўрмайман. Клубларнинг бундай “суюкли ишқибози” бўлиб, ички ҳаётидан ҳабарчи, даракчи бўлиб юриш ёшимга ярашмайди. Вақтимам йўқ. Ҳалигача ўз касбимга кўп вақтим кетмоқда. Шунинг учун айтганларимга кўра, Европада ишлаяпган мураббийлардан мисол келтирсам, Ўзбек футболини менсимас экан деб, мени койиманг.

5.БОШ МУРАББИЙ.

ЎЙИН ҒОЯСИ.

Футболда ҳамма нарса бош мураббийга боғлиқ. М.Ю.да нима бўлди? Жамоа ўша-ўша, ўйинда салобат йўқолди. Хозир унинг ўйинида бирон бир янги ғояни кўрмаётибман. Янги мураббий янги ўйин суратини қайтадан яратиши керак. Эскисини сақлай олмайди. У Фергюсон эмас. Раҳматлик Виланова лавозимга минганида эски ўйинни давом эттирган эди-ку дерсиз. Сабаби у мазкур ўйин тасвирини яратгувчилардан бири эди. Картина чизишни давом эттира бошлади. Умри қисқа экан, эсиз. Тирик бўлганида балким, Ўйинга янги сайқал берармиди? Рафаэл Бенитес “Челси” жамоасига ярим йилга келганини билса-да, янги бир нима ярата бошлади. Бирида ўхшаб қолса, яхши ўйин кўрсатар эди-ю, бошқа ўйинда ҳеч нарса чиқмас эди. Ўйинда изланиш, жараён бор бўлиб, жамоа қудратга эга эди.

Хозир М.Ю.да ҳамма нарса бору қудрат йўқ. Бунинг сабабини кўриб чиқсак арзийди. Тағин картина пайровини давом эттираман. Мураббийлар мусаввирлар каби янги картини яратишга уч-тўрт йил вақт сарфлашади. Футбол бир жойда қотиб турмайди. Янги гап айтиш учун янги картина яратиши керак. Ёки эски ўйин ютуғини миниб юриши керак. Янги картина учун янги мато тортади. Янги жамоани топади. Янги ўйинчилар-бўёқлар билан янги картина чизиб беради. Шунинг учун мураббийларнинг жамоадан жамоага кўчиб юриши одатий, табиий ҳол. Гвардиола “Бавария”да ҳали янги бир нарса ярата олгани йўқ. “Барса”да эришганини такрорламоқчи бўлди-ю, ўхшамай қолди. Энди бошқача ҳолатни кўриб чиқайлик. Тасвирий санъатда бўз тортиб ўттиз йил бир картина устида ишлаганлар ҳам тарихда бўлган. Иванов ижод этган “Исо пайғамбарнинг келиши” деган асарни бунга мисол қилишим мумкин. Валентин Иванов буюк футболчи бўлган. Мен айтмоқчи бўлган 19- асрда яшаб ўтган рассомнинг исми Александр эди. Фергюсон 26 йил ичида яратган биргина асар шундайин мукаммал эдики, хатто ўзи ҳам устига бирон бир қўшимча бўёқ бера олмас эди. Нари борса, тағин бир икки йил бирон бир рангни ёрқинлатиб, эски картина гаштини, сурурини суриши мумкин эди, ҳалос. Фергюсон ё янги жамоага ўтиб, янги картинани чизиши керак эди, ё истеъфога чиқиб фаҳрийлик қилиши керак эди. У иккинчи йўлни танлади. Унинг ўрнига келган Дэвид Мойес шуни, Фергюсон матоси устига сурат чизиб бўлмаслигини, янги ўйинчилар билан янги картина яратиш керак эканлигини тушунмаган эканми дейман. Агар янги Фергюсонни топиб келишса, унга ҳам янги картина яратиш учун уч-тўрт йил керак бўлади.

РАҚАМ ҒОЯСИ.

“Нефтчи”да ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Саркисянц неча йилдан бери бир нарсани такрорлаб келаётган эди. Эски мато устига ҳеч қандай янги картина чизиб бўлмайди. Янги мато, янги бўёқлар керак. “Нефтчи”да Янги буюк картина яратиш учун камида беш йил вақт керак бўлади. Бунинг иложиси борми, билмадим. Бизда ҳамма ёқ чарҳпалак. Янги мураббий картина яратишни эмас, жамоага келмасидан олдин, жон сақлашни ўйлайди. Ўз истеъдоди, маҳорати билан эмас, маблағ кучи билан кун кўришни, маблағга таяниб натижа кўрсатишни ўйлайди. Ҳеч кимга уч йил вақт берилмайди. Шунинг учун улар тайёр ўйинчиларни четдан келтириб, тайёр картина суратини қаердандир кўчириб олишни ўйлашмоқда. Ёки бир амаллаб керакли очко йиғиб олишни ўйлашади. Бизда барча ҳомийлар янги ўйин ғояси билан эришилган янги ўйин маҳоратини эмас, керакли рақамларни натижа деб биладилар, ва сабрсизлик билан шуни талаб қиладилар.

МОУРИНЬOНИНГ ПОРТРЕТИ.

Энди мураббий ҳаётини бошқа томондан ёритайлик. Шаҳсан таниш бўлмай туриб, ўқиганларимдан, Т.В. орқали кўрганларимдан мураббий шаҳси, унинг феъли, характери ҳақида фикр юритишим мумкинми? Мумкин. Фақат Европа мураббийлари ҳақида. Шунинг учун яна Еврофутболдан мисол келтираман. Моуриньё, бир сўзли, йиқилиб тавба қилмайдиган, асов, тажовузкор, итоатни тан олмайдиган одам. Абрамовичга “Минилмаслигини” исбот қиламан деб, маҳорати авж паллага чиққан Шевченконинг футболдаги тақдирини ғижимлаб ташлади. Флорентино Перес олдида гапим- гап деб, яхлит жамоани икки тараф қилиб, Зиданни четга суриб ташлади. Бу ўйинга ҳам таъсир қилди. Касбини, футболни шаҳсиятидан устун қўядиган Анчелотти “Реал”га келгач, жамоада руҳий мувозанат пайдо бўлди. Рональду ўйинидаги ёрқин рангларнинг кўпайиш ҳолатини шу билан боғлиқ кўраман. Европадан тағин кўплаб мисол келтиришим мумкин. Айтганларим билан чекланиб қўя қолай. Мавриди эмас.

6. ВАДИМ КАРЛЕНОВИЧ АБРАМОВ.

БИР ЖУРНАЛИСТ.

Ўз мураббийларимиз шаҳсияти, шаҳсий ҳаёти ҳақида жўялик бирор нарса айта олмайман. Мадбуотдаги ҳабарлар сувалган, андаваланган. Тарафкаш журналистлар кўзи билан маълумотлар сараланган, саваланган ёки бўрттирилган. Т.В. орқали бериляпган тасвирларни ундан-да ночор аҳволда кўраман. Демак бирор нарса ёзиш учун Мураббий билан яқиндан танишиб олиб, унинг ҳаётига кириб боришим керак. Ўзим озгина таниш бўлган биргина мураббий бор эди. Унинг олдига бориб, мен оддий ишқибозман, шундай бўлса-да, Сиз ҳақингизда бадиҳа ёзмоқчиман десам мени тўғри тушунармикан? Бир Журналист “Сиздан интервью олмоқчиман, вақт белгиланг” деб сўраганида, “Номим орқали ўзингни оммага танитмоқчимисан”, деб рад жавобини берган эди таниқли бир мураббийимиз. Кўчадан мураббий олдига оддий ишқибознинг кириб боришини ҳамма тўғри қабул қила билмайди. Мени шаҳсан таниган одам учрашувга вақт белгилаши мумкин деб, Абрамовга юзланмоқчи бўлиб ўртага одам қўйдим. Доха- 2011да Алексей Глазуновга ёрдам бериб юрганимда Матбуот Анжуманларида қатнашиб, Абрамов билан кўришган эдик. Бу ҳақда аввал ёзганман. Абрамов балким мени эслаб қолгандур. Балким йўқ. Ундан бери у билан кўришмаганман. ТЖМда оператор бўлиб ишловчи Жамолиддин Мураббийдан мен учун вақт белгилатиб олади деб умидланиб юрдим. Жамолиддин доим биринчилардан бўлиб ёзганларимни ўқиб чиқади. Ижодимга ҳайрихоҳ одам. Шунинг учун ундан илтимос қилдим.

БЛОГИМ, СЕНГА АЙТАМАН, СЕН ЭШИТ.

Абрамовнинг хозирги ҳолати енгил эмас. Раҳбарият ундан фақат олтин медалларни талаб қилса керак. Рақобат туфайли анча муддат ишсиз юрди. Ортиқчалик, кераксизлик нималигини ундан сўранг. Энди иш топилганида катта босим остида, тўғрироғи талаб қиличи остида ижодий иш қилиш, бир нимани яратиш нечоғлиқ оғирлигини тасаввур қиламан. У катта нарсани бошлаб қўйган-у, рақамлар яхши бўлгани билан ўйин тасвири борасида жўялик бирор натижага эришгани йўқ ҳали. Бундай ҳолатда омманинг диққат марказига кириб бориш, матбуотнинг нури остида туриш вақти келмагандир. Бунинг устига журналистлар ҳам тарафкашлик қилишади. Бири кўтараман деса, бири йиқитаман дейди. Майли, бўш вақти кам одамни безовта қилмаганим маъқул. Бўйимга қараб тўн бичсам тўғри бўлмасми? Менинг ярим асрлик қадрдон жойим Пахтакорнинг 35- буржида. Ҳамма ўз жойини билсин экан. Мақсадимга етиб, тузукроқ бир асар ёзишим ҳам жуда мушкул иш, рад жавобини берса ҳам майлига, деб не ҳаёллар билан юрган эдим. Жамолиддин сим қоқиб, Абрамов вақт белгилаганини, ўз телефон рақамини ҳам бериб қўйганини айтди. Наҳотки...

Мени эслар экан-да.Телефон рақамини берибди. Балким, ёзганларимни ўқиб юрар? Бунинг бўлиши мумкин эмас. Ўзбек тилини билгани билан, сайт ўқийдиган даражада эмасдур-ов. Учрашувга тараддудланиб юрдим. Ярим асрдан бери майдон четида қанчадан қанча мураббийларни кўрмадим дейсиз. Ўрта бўйлик, ўрта яшар, миқти Келлерни эслайман. Бўйдор ва ёши катта Михаил Якушин вазмин эди. Ўрта бўйлик, кенг пешона Гавриил Качалин озгина ишлаб кетган эди. Секеч, Базилевичлар бир келиб бир кетишди. Кўпчилиги ўтиб кетишган. Лекин хотирамизда қолишган, ўчиб кетишмаган. Энди ман тез кунда Футболимизнинг бугунги Мураббийи билан юзма-юз учрашаман. Наҳотки ... Бировга айтсам ишонмайди. Ёзишни бошлаганимдан бери ҳеч кимга ҳеч нарса демай қўйганман. Нима демоқчи бўлсам, “Стадион”даги блогимга айтаман. Журналистлар учун футболчилар, Мураббийлар билан учрашиш, улар билан суҳбатлашиш, гурунглашиш оддий, одатий ҳол бўб қолган. Кундалик иш. Мен учун эмас. Тайёрланиб юрдим. Биринчи суҳбат мураббийлик маҳорати ҳақида бўлишини режаладим. Таҳминимча, У Ўзбекистондаги ҳамкасблари ҳақида ҳеч нарса демайди. Демак, Европа мураббийлари мисолида ушбу маҳорат ҳақида фикр юритамиз, худо хоҳласа. Бу ҳақда журналистларнинг гапини кўп эшитганман. Мураббийнинг фикри жуда муҳим. Самимий суҳбат бўлармикан, ёки суҳбат расмий, одатий савол-жавоб тарзида ўтармикан? Қандай қилиб тиғиз вақтини оламан? Майли, ўн беш дақиқадан сўнг суҳбатни ўзим чеклаб қўя қолай, соатига қараб қўймасидан олдин. Xаёллар...Фаразлар...

“МАҲКАМА” ДЕВОРИ.

Учрашув бўлди. Суҳбат яхши ўтди. Лекин бир воқеа, йўқ воқеа эмас, биргина арзимас эпизод икки йил олдин Доха-2011да бўлиб ўтган кўнглимдаги оғир кечинмага ечим топиб берди. Шунча йилдан кейина... Олдинга ўтмасдан ҳаммасини навбати билан бир бошдан гапириб берай.

Жума куни саот иккига вақт белгиланган эди. Катта йўлдан “Локомотив” стадионига қараб юриб бордим. Биринчи навбатта кимдур атайин қийшиқ қилиб кесиб қўйган баҳайбат саккиз қирралик миноралар кўзга ташланар эди. Стадион иморатидан йигирма метр оралиқ қолдириб темир пенжара ўралган бўлса-да, ушбу шинам ховли ораста кўринар эди. Чап томонда тўғри олинган олти метрлик баланд девор стадион ховлисини чеклаб турибди. Кимдур ўзининг маҳкамасини стадионга тақаб қурибдими, деб ажабландим. Дарвоза ёнида ҳайбатли қоровулхонаси ҳам бор экан. Шу пайт Абрамовнинг ўзи менга сим қоқди. Ярим соатга кечикиб келаётган экан, узр сўради. Ҳа, ҳа. Бош мураббий кечга қоляпгани учун кўчадан келган ишқибоздан кечирим сўради. 20-30 яшарлар учун бу одатий ҳол. Яхши одоб белгиси. Мендек Совет даврида асосий умри ўтган қариялар учун, ҳар бир эшик олдида кимсани 2-3 соатлаб куттириб қўйиш норматив ҳолат бўлган замонда яшаган мендек қариялар учун бу ҳайратланарли фоқеа бўлди. Мен унинг вақтини олмоқчиман-у, у мендан кечирим сўрамоқда. Мен ўзбек футболида ҳеч ким эмасман-у, у “Локомотив”нинг бош мураббийи, Футболимиз тариҳида термамиз билан янги саҳифани очиб берган, уни ярим финалга олиб чиққан одам.

БУ КЎЗЛАР.

Стадион турар жой микро-райони ичида, тор ҳудудда жойлашган экан. Атрофи домлар билан лиқ тўла. Ўша кунлари транспортда менга Лермонтов китоби ҳамроҳлик қилар эди. Бекатда ўтириб китобни очдим. Ўқий олмадим. Абрамов ҳақида нима биламан? Жуда кам нарса. Бир йилча ишсиз қолиб матбуот эътиборидан четроқда юрган эди. Ундан олдин “абрамовчи”, “қосимовчи” деб ном олган тарафкашлар тилида пайров бўлиб кетган эди. Бири мақтаса, бири ёмонлар эди. Стадионда елкасини орқасидан кўрасиз. Матбуот анжуманларида бошини сал эгиб ўтиришини Т.В. экранида кўрасиз. Бўлди, ишқибоз шу билан чекланиб юради. Саволга қараб жавоблар ҳам бир ҳил: Ютдик, ютқаздик, гол урдик, уролмадик. Биласиз, Дохага ишқибозлар билан бориб, бир ой журналистлар сафида Глазуновга қарашиб юрдим. Ўзбекистон 6та ўйинда жанг қилган бўлса, 5та ўйиннинг матбуот анжуманларида қатнашдим. Икки марта ўйин олди машғулотларига борган эдик. Абрамов билан суҳбатлаша олмаган эдик, сабабини ўзим ҳам кейинроқ тушуниб қолган эдим. Анжуманларда Абрамовни ўз кўзим билан кузатдим, халос. Саволларга инглиз тилида жавоб берар эди. Баҳтиёр бизга таржима қилиб берар эди. Суҳбат сўнгида “шукрон” деб анжумандан шаҳдам юриб чиқиб кетишлари эсимда қолган. Бу араб тилида раҳмат дегани. Пухта, пишиқ гавдаси ўрта бўйликдан юқори бўлиб, юзининг ярми мўйлов эди. Кўзларичи? Одамнинг руҳий холати кўзларида акс этади. Жаҳли, алами, қувончи, ва хоказо. Унинг кўзларида булар акс этмас эди. Австралиядан олган накаутимиздан (0:6)сўнг бўлган анжуманда мен кўзларидан ҳеч нарса ўқий олмаган эдим. Алам, андух, афсус- ҳеч нарса. Лекин унинг кўзлари доимо қандайдир бир маъно билан тўлиб туради. Кўзлар борки, руҳий кечинмалари кўзларидан балқиб турса-да, ҳеч қандай маънони ўқий олмайсиз. Маъно йўқ. Абрамов кўзларида доим қандайдир мунг бор. Бахтиёр гўдаклигидан кейин ўсмирлиги оғир ўтиб, ёшлигидан бошлаб яқинлари учун ташвиш тортиб мустақил яшаганга ўхшайди. Айрилиқ азобини жуда эрта таниганга ўхшайди. Масалан Абрамович кўзларида устунлик ва муғомбирлик маъноси бор. Мираброр Усмонов кўзларида субут, ишонч ва меҳрга тўла қудрат маъноси бор. Миржалол Қосимов кўзларида ҳеч қандай маъно ўқий олмайман. Фақат кечинмалар акс этади.

ЗАРБАГА ЧАП БЕРИШ.

Абрамовни мард дегим келади. Дея олмайман. Ўша машъум 0:6 рақамларини ҳеч қачон эсдан чиқара олмайман. Ҳиндистон термаси Австралияга қарши ўйинда қаттиқ жанг қилиб 2:6 ҳисоби билан ютқазган эмас эди. Йўқ, Австралия термасига 2 тўп ура олган эди. Майли, мағлубият футболнинг ажралмас қисми. Лекин ўша ўйиндан сўнг анжуманга келган Абрамов, мағлубиятга Анзур Исмоиловни айбдор қилиб қўрсатган эди. Биласиз, Бақоев иккинчи сариқдан сўнг майдондан чиқиб кетган эди. Абрамов Анзурдан шикоятланиб, биз ўйиннинг бошланиши билан 10 киши бўлиб ўйнаб, кейин 9 киши бўлиб қолдик деб нолиган эди. Тўғри, ўшанда унинг ўрнида бўлишни ҳеч кимга раво кўрмайман. Бундай мағлубиятдан сўнг қизиққон, тўғри сўз Валерий Газзаев эртасигаёқ истеъфога чиқаман деб, ариза берган эди. Оғир, босиқ Абрамов термадаги ишини давом эттириш учун ўзида куч топа олди. Хатто олимпия термасини ҳам қўшиб олиб борди. Бу мардлик бўлганмиди ё ўз кучига тўғри баҳо бера олмасликмиди? Ё итоаткорликмиди? Бунга ҳозиргача жавоб топа олмай юрибман. Мана хозир ўша Абрамов билан учрашиб суҳбатлашиш арафасида бекатда ўтирибман. Ҳаяжондан ўзимни Лермонтов билан чалғитмоқчи бўлибман? Ҳом калла. Ярим соат бир зумда ўтиб кетди. Абрамовга сим қоқдим. Шу ерда эканлигини, мени кутяпганлигини, тўғри “проходнойдан” кириб боришим кераклигини сўради. Мени бир киши кутиб олар экан. У киши мени стадион дарвозаси олдида эмас, боя айтиб ўтганим “маҳкама” қоравулхонаси эшиги олдида кутиб олди.

Боя айтганимдек, мен учун муҳум бўлган воқеа, воқеа эмас, кўнглимдаги бир тугунни ечиб юборган ўша суҳбат эпизоди ўша кунги ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди. Суҳбат бошланмасидан аввал ҳаммасини бир ёқимли рангга бўяб юборди. Бўлиб ўтган суҳбат мавзусига ўтмасдан аввал шуни гапириб берай.

Давоми бор...
Ҳасанали Ота.

Киритилган сана: 24.05.2014 15:30. Ўкилди: 11803 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:48. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:48. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:47. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:46. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


OLMALIQ
Сана: 27.05.2014 15:44. OLMALIQга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


JAHONGIRCOM
Сана: 24.05.2014 17:27. JAHONGIRCOMга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FCYUVENTUS
Сана: 24.05.2014 17:25. FCYUVENTUSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


JAHONGIRCOM
Сана: 24.05.2014 17:20. JAHONGIRCOMга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ATSTEYKA
Сана: 24.05.2014 16:45. ATSTEYKAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.