Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Карантин дастурхони

Баҳо:
+1; -0

Бобур Акмалов. Мавсумнинг учинчи тури ўтиши билан на янги мавсумга баҳо бера олдик, на уч турга хулоса чиқара олдик. Ҳамма нарса тўхтаб қолди. Коронавирус деган қотил туфайли ҳаёт ўз изидан чиқиб кетди. Футбол ҳам.

Ҳасанали Қодиров. Бобуржон, Сиз қотил деган атамани ишлатдингиз. Ўзи ким қотилу, ким маҳкуму, ким золиму, ким мазлумлиги номаълум. 20-асрга келиб одам деган маҳлуқот ўз нафсидан эмас, табиат устидан ҳукмронлик қилишни бошлаб юборди. Олчоқ ва очкўз одам деган зот маънавият чўққиларини эмас, коинот чўққиларини забт эта бошлади. Бир авлод умри давомида одам иқлимни ўзгартириб юборди. Эллигинчи йилларда, масалан, Тахтапул суви қишда яхлаб қолар эди. Биз яхмалак учар эдик. Ҳозир ёққан қор бир кунда эриб кетмоқда. Тошкент ҳавосида, ариқдаги сувида, ҳовлим ерида минг турли ҳашорат бўлар эди ўша пайтларда. Ҳозир улар қирилиб кетишган. Улар йўқ. Ҳовлим бор. Инсон пулдор бўлиб кетган. Масалан, Неймар хусусий учоғига бир ўзи миниб Сан-Паулусига учиб бориб, тишига пломба қўйдириб қайтиб учиб келар экан. Пули етади. Лекин парвозни деб фалон тонна керосин эмас, фалон тонна кислородни ўзи учун ёқишига нима дейсиз? Инсон нафсидан ер куррамиз чарчаб қолмоқда.

Сарвари Коинот ҳижрат қилар пайтларида ҳамроҳлари билан биргаликда ярим коса эчки сутини бир ҳўпламдан ичиб, шунга қаноатланиб, шундан қувватланиб, яратганга шукр қилиб, тағин бир неча кун йўлда давом этган эканлар. Андижонлик Умаржон “Осиё Гранд” кошонасида муҳтарам кишиларига неча юз кило ош дамлаб берган пайтида дастурхонларни оламда топилмас таомлар билан ясатган эди. Топгани ҳалол бўлса, қандини урсин деймизми, деймиз. Дастурхонга бир ҳўпламдан сут қўйиб 10 кишини таомлантирсин демаймиз (қилган исрофгарчиликларини эмас). Қилган эҳсонини Эгам даргоҳида қабул қилсин деймиз. Бошқа мисол келтираман. Аппенин бўйларида қирғоқ яқинида лангарда турган Дерипаскасининг яхтасида бойнинг саховати ошиб кетганидан ҳар куни эллик кишилик таом тайёрланиб қўйилар экан. Кейин ҳар куни кечқурун ўша емакларни сувга ташлаб юборишларига нима дейсиз? Бизнинг бойлар бундай исрофгарчилик қилишмайди дейсизми? Балким, шундайдир ё бундан баттарини қилишар. Фақат бизнинг журналистлар ҳеч нарсани ойдин-ошкор ёзишмайди. Бошқаларни билмайман. Менга келсак, мен бойларга ҳавас қилмайман. Тўғри, улар ўз пулларини сарфлашади, меникини эмас. “Ўрта асрлардан ўтиб кетганмиз. Агротехникамиз кучли”, дейсизми? Лекин битта оби нонни дастурхонингизга етказиш учун куррамизнинг юз квадрат метр бўлаги бир йил банд бўлиши билан нега бизнинг ишимиз йўқ. Куррамиз одам нафсини қондира олмаяпти.

Ҳайвонларни ёввойи деймиз. Аслида ким ёввойи? Улар Парвардигоримиз буюрганидан бошқасини, керагидан ортиғини ейишмайди, ея олишмайди. Бунга уларнинг ақли етмайди. Ўтхўри гўшт емайди. Йиртқич бўри бўри гўштини емайди. Одамга келсак, одам одамни яксон қилишга тайёр. Қонхўр бўри бошқа бўрига ризқланишда ёрдам беради. Одам бошқа бир одам ризқи эвазига бойиб олиш, “кучайиб олиш” пайида тиришқоқлик қилмоқда. Бошқа бир одам пайини қирқмоқда. Очкўз, баднафс, бадҳулқ Одам деган маҳлуқ ҳамма нарсани ея олади, ейди ҳам. Керагидан ортиғини ҳам ейди. Бир ярим млрд. одам ортиқча вазндан ҳарсиллаб, лорсиллаб юришини гапирмайман. Бундай одамзод нафси дастидан ер куррамиз инсон оёқлари остида ҳарсиллаб қолганига нима дейсиз? Уммонларни айтмайман, коинотни ҳам чиқинди билан булғалатиб бўлди одам. Коинотни. Ер остига кириб, Уммон тагига тушиб, Осмон устига чиқиб ҳукмронлик қилароқ одамзодни кўзга кўринмас зарра, яъни коронавирус титратиб юборди. Ҳаётини изидан чиқариб юборди. Буни Бобуржон, топиб айтдингиз. Лекин, нега вирусни қотил деб атадингиз? Қанча тирик мавжудотларни йўқ бўлиш чоҳига олиб келган одам, қанчасини йўқ қилиб бўлиб, ўзини қудратли санаган одам, икки юз қулочдан баланд уй қуриб олиб, сўнгра устига чиқиб томида боғ яратиб олиб, кейин ўз “осмон”ида нафаси етмай қолиб, юрган йўлига кислород ҳидлагичлар қўйиб олиб, ўзини қудратли санаган такаббур одам ўзининг-да, табиатнинг қотили бўлмаяптими?

Орифжон Толипов. Бутун ҳаётимиз шу вирусни деб ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Сиз эса, Отахон, биргина сўзга осилиб фалсафа сўқимоқдасиз. Майли, уни одамзодга ёпишган балои-офат дейлик. Қотил демайлик.

Ҳ.Қ. Гап атамада эмас. Заррача вирус такаббур одамийзод қанчалар ожизлигини, ҳаёти, хаёли қанчалар тубанлигини, ноақл, ношукр, номаъқул, нобудлигини ўзига кўрсатиб қўйди. Орифжон, оддийгина хабарлар билан озуқаланиб қолдик. Иссиққина хабарлардан. Фикр-мулоҳазага ундовчи сўзни, маъноли сўзни тушунмай қўйдик, қадрламай қўйдик. Уни “фалсафа сўқиш” деймиз. Турган гап, хитой халқи ҳаромни ҳалолдан ажратмай қўйгани учун бу офатга чалинди. Офатни оламга тарқатган Туризмга қандай баҳо берамиз. Фақат туризм орқасида кун кўрувчи давлатлар бор. Улар на зироатни, на тижоратни, на ҳунаротни билишади. Ҳозир ҳунаротни саноат дейишади. Бойлик оқиб турган бўлса меҳнат қилиб бир нима яратишнинг кимга кераги бор дейдилар улар. Туризм ер куррасини қамраб олган балога айланиб кетмадими? Туристлар балони Хитойдан олиб бутун дунёга тарқатиб юборишди.

Б.А. Юрган дарё, ўтирган бўйра деган ҳикматли халқимиз. Мусофир бўлмагунингча мусулмон бўлмайсан, деган мақол ҳам бор. Туризмга ёпишманг.

Ҳ.Қ. Тўғри гап. Бошқа мақол келтираман. Йўл азоби — гўр азоби. Азоб кўрган одам ҳаётни қадрлайди. Бугунги туристлар йўл азобини билмайди. Бошқа томондан айтсам, сафарга чиқиш ҳар гал сал кам ҳижрат қаторида бўлиши керак. Эътиқод йўлига фидоийлик маъносида айтмоқдаман. Парвардигор яратган дунёни таниш, уни билиш имонни мустаҳкамлайди. Бугунги туристлар қуриб кетмасин. Бундай сафарга чиққанларнинг мусофир бўлиши қийин. Улар йўлда азоб чекармишми? Дунёни билиш, ўрганиш мақсади ҳам йўқ уларда. Бугун туризм тўқликка шўхлик бўлмоқда. Кеча турист Хитойга бориб чинқиртириб стресс пайтида сўйилган ит гўштини еб келган бўлса, бугун Бангкокда тай массажини олади, эртага Парижга бориб бутикларни айланади. Исми шарифини билмайман фалончи дўхтир Парижга бир ҳафтага бориб шоҳи чиқиб келмади. Юртимизга вирус олиб келди.

О.Т. Пандемияга бўлган муносабат бугунгидай жиддий бўлиши учун кимдир вирусни олиб келиши керак эди-да. Туризмнинг бунга даҳли йўқ. Айби ҳам йўқ.

Ҳ.Қ. Мен туризмга эмас, туризмга нисбатан бизда урф бўлган раҳбарларнинг сийқа, юзаки, фойдахўр муносабатини қоралайман. Бизнинг раҳбарларга қўйиб берсангиз, Пизадаги оғишдан қийшайиб қолган иморатни тўғрилаб, Афинадаги Акропольдай тарихий ёдгорликни барбод қилиб Парфенон ҳаробаларини қайта “тиклаб” қўйишади. Бибихоним қолдиқларини шундай қилишди-ку. У энди 14-асрдан қолган ёдгорлик эмас. 21-аср чаласоводларидан қолган ёдгорлик бўлди деймизми?

Туризмнинг бошқа атамаси ё тамғаси борми? Масаланинг иккинчи тарафи қандай? Сайёҳларнинг сафарга бўлган муносабатлари ҳам сийқа. Четга чиқса, совғалар олса бўлганими, дейман. Этнотуризм, экотуризм, илмий ё спорт туризми қани? Бир гала одамни пода қилиб кўчама-кўча айлантириб юрамиз, холос. “Пахтакор”га қарши учрашувини кўргани наманганлик анча-мунча ишқибозлар Тошкентга келиб, стадионда бақир-бақир қилиб қайтиб кетишди. “Пахтакор” музейига, ё Тошкент музейига киришдими? Йўқ. Бундай музейларнинг ўзи борми? Йўқ. Хусусий музейчилик бизда умуман йўлга қўйилмаган. МирАброр-ака, охиратлари обод бўлсин, мени Доҳага Осиё кубоги-2011ни кузатиш учун бир ойга федерация ҳисобидан юборган эдилар. У дамларни умрбод эсимдан чиқармайман. Тошкентга келган ишқибозни шу бир кунини эсидан чиқмайдиган қилиб кутиб олсак бўлмасмиди?

Б.А. Отахон, сиз интернетдан фойдалана билмайсиз. Туристларни айблаяпсиз. Четга иш қидириб кетганлар туристлардан жуда-жуда кўп. ОАВда, биласиз, танқидий, таҳлилий мақолаларни топа олмаймиз. У ерда Каттани мақтаб бошлаш керагу, Каттани мақтаб мақолани тугатиш керак. Ижтимоий тармоқларда маълумот кўп. Ўша ерда Францияга бориб келган дўхтир аёлда ҳеч қандай айб йўқлигини ёзишган. Воқеа бундай бўлган. Дўхтир ўзида касаллик аломатларини сезган-у, Дўмбиработдаги 16-касалхонага борган. У ердан уни юқумли касаллар шифохонасига жўнатишган. У ердан беморни Юнусободга, вирусология институтига юборишган. Воқеа шундай бўлган. Сиз бу гаплардан бехабарсиз. Бошқалар ҳам. Бу аёл орқали 15 киши инфекцияни юқтириб олган бўлса, қолган 80 кишига чет элда ишлаб келган бизнинг ҳамюртларимиздан юққан.

О.Т. Гастербайтерларимиздан денг, легионер мардикорларимиздан денг, Бобуржон.

Ҳ.Қ. Орифжон, киноя қиляпсизми? Гап муҳим ва жиддий мавзуларга тегиб ўтди. Бири ошкоралик, бири мавсумий миграция, бошқаси коптокланиш. Пандемия шароитида журналистикамиз пассив эканлигидан, қўлболалигидан, саройгарчилигидан, шарафли номига муносиб эмаслигидан жамият ҳаёти зарар кўряпгани ойдин бўлди. Буни ким тан оладию, ким олмайди. Журналист таҳлилда, тафсифда, таърифда, тасвирда, таклифда, тадбирда, энг муҳими тақдирда оммадан бир қадам олдинда бўлиши керак. Дунёдаги журналистлар тўғри келса, ҳақиқат йўлида ҳаётларини қурбон қилишади. Бизникилар ҳақиқат йўлида уч сўмлик лавозимини қурбон қилишни исташмай, лаббай тақсирчилик қилишади. Бугунги оғир синовли фавқулотта шароитда бу нуқсон билиниб қолди. Эсимга боя айтганим ўша воқеа тушди. Федерация ишини танқид қилиб мақола ёздиму, федерация қаърида йўқолиб кетмасин деб, орқадан туриб гапирмайин деб, мақолани Мираброр-аканинг офисларига ўзларига олиб бориб бердим. Никимбаев бегоналарни федерация ҳовлисига киритмас эди ўша кезларда. Бир ҳафта ўтмасдан Раҳбар ўз ҳузурларига мени чақирдилар. “Чемпион” таҳририяти Ўрдада жойлашган эди. Таҳририятдагиларнинг ичи ўтиб кетди. Газетани ёпиб қўйишса, нима бўлади? Федерация президенти мен билан ярим соат ёлғиз қолиб гаплашдилар. Ёзишда давом этишимга рағбат бердилар. Ёзганларимнинг ярмига қўшилганларини айтдилар. Уларни ЎЗИ раҳматига олган бўлсин. Олдиларига Фозиловни чақириб федерация номидан ОЧ-2011га олиб боришини буюрдилар. Абдураҳмонга минг раҳмат. У икки кунда барча ҳужжатларимни тайёрлаб бергани учун ман Осиё кубогининг барча ўйинларини стадионда медиасекторларда ўтириб кўрган эдим. Бу воқеани нега эсладим? Бизда тоталитар муҳит тугатилган. Ошкоралик, мусаффолик, ҳақиқатпарварлик муҳитини ўрнимизга Матмуса тажанг, ё Ҳасан кайфий яратиб бермайди. Раҳбариятнинг авторитар услубда бошқаруви эмас, журналистиканинг журъатсизлиги биринчи планга чиқмоқда.

О.Т. Сиз Мираброр-акага рўбарў келгансиз-да. Абрамов бошқа бир раҳбарга нисбатан танқидий фикр билдиргани учун бир умрга футболдан бадарға қилиниб фармон чиққан эди. Буни билганмисиз? Билган бўлсангиз, қаердан билгансиз? Шундан кейин ҳам авторитар тизимни оқлай оласизми?

Ҳ.Қ. Тизимни ҳозирча бир четга суриб турайлик. Ўша мажлисда анча журналистлар бўлган. Биронтаси воқеа тафсилотини ёзмаган. Ҳақиқатни яширишган. Мен узунқулоқ гаплардан ушбу хабарни топганман. Биронта журналист бу воқеа устида текширув олиб борганми?. Йўқ. Бизда журналист сафсатачи, қизиқчи, кўнгил хушловчи, ўхшаб қолса хабарчи бўлиши мумкину, асло тўртинчи қудрат эмас. Ой сайин, кун сайин катта ўзгаришлар кутмоқда юрт ҳаётини. Бундай динамик даврда бугунги камчиликлар, нуқсонлар, қусурлар эртага кўчиши керак эмас. Ҳаётдан ўчиши керак. Ҳаёт кўзгусини журналист тутмаса, олдимизда ким тутади? Бугунги пандемия тўлқини остида ҳар бир гап олдига “муҳтарам президентимиз”ни келтириш беўхшовлиги билан, ажралиб қолди. Оммавий ажал хавфи остида лаббай тақсирчиликка нима бор. Офат шоҳу-гадони тенг қилиб қўйди. Пандемия ҳар бир одамдан ўз вазифасини тезликда ва мукаммал, сидқидилдан бажаришини талаб қилмоқда. Тақсири ҳам ўз вазифасини бажарсин, бошқаси ҳам.

Б.А. Четга чиқмайлик. Бутун дунё коронавирусни деб юрган бўлса-ю, биз майда гап қилиб ўтирсак. Жуда бўлмаганда футболимиздан гаплашайлик.

Ҳ.Қ. Узр, сўрайман. Лекин пандемия фалокати туфайли иллатлар ўзини янада кучлироқ, дағалроқ кўрсата бошлади. Бугун Туркиядан қайтган бир ҳамюртимиз коронавирусни олиб келганлиги хабарлардан маълум бўлди. Кечаги хабарда 2500 нафар юртдошларимиз ватанга қайтмоқчи бўлиб Истанбулда навбат кутиб туришган экан. Мардикорчилик бугунги кўринишда қандай қилиб ва қачон пайдо бўлди? Ўрта асрларда беклар, хонлар канал, зовур, закан қазиш ишларида юзлаб, минглаб мардикорни кунига бир танга бериб ишлатган эканлар. Урушдан кейинги 50-йилларда Тошкент аҳолисида бир-бирлариникида ҳашар қилиш расм бўлган. 60-йилларда баъзи студентлар якшанба кунлари Чорсуда жой топган жар ёқасидаги мардикор бозорига чиқишар эди. Иттифоқ даврида аҳоли, ишчи кучи ва иш жойлари режа остига олинган эди. Ишсизлик бўлмаган. Ҳамма кўчада қолган 90-йилларда мардикорчилик оммавий тус олди. Давлат мулки хусусийлаштириб юборилди. Давлат режаси ҳам, назорати ҳам йўқ ҳозир. Ҳамма нарса бозорнинг талабига бўйсунади. Бозорнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган. Ҳамма фойда кетидан қувмоқда. Камида 500 киши ишлайдиган “Малика” трикотаж фабрикасини хусусийлаштириб, ҳалқа йўлини тиқилтириб, уни савдо масканига айлантириб юборишди. Бу қандайин нодонлик бўлди. Янги иш жойини яратиш, аҳоли бандлигини ва миграциясини ҳисоблаш ишларини бажарувчи ташкилот борми?

Эпласанг Ригада кафе, ё Истанбулда нонвойхона оч. Истасанг ўрисга ё қозоққа чиқиб ит ётиш-мирза туриш қилиб, ҳақ-ҳуқуқсиз, хор-зор ҳолда ишловчи мардикор бўлгин. Ҳаммасига рухсат этилган. Қозоқда ойига 400 доллар, ё ўрисда 600 доллар миқдорида пул топиб келиб қишлоғингда керилиб юрасан, шундайми. Кейин 100 кило гуруч дамлаб юртга ош берасан. Чипрон тўй қилиб, тилга тушасан. Кейин қоқ-қуриб яна ўрисга ё қозоққа кетасан. Бу ҳам ҳар кимнинг ўз хоҳиши, ўз иши. Қўшнимизга ўхшаб 5 йил АҚШда ишлаб кел, ойига 1000 доллардан пул топиб кел. Кейин 80-йилларда отанг қуриб берган иморатингни таг-туги билан бузиб ташлаб янгитдан уй кўтаргин қўшнимга ўхшаб. Ахир, Америкасида энг паст ишларни қилиб катта пул топиб келгансан-да. Ҳаммаси ўз қўлингда.

Азиз юртдошим, бефарқ бўлмасанг, шуни айт. Ўзбегим шу аҳволга нега тушмоқда, нега? Нега қозоқ ё турк, ё ўрис келиб юртимизда мардикор бўлиб юрмайди, четга чиқиб биз юрамиз. Юртимизда қаҳатчилик қутурганми? Йўқ. Ахир ойига 100 доллар олиб ишласанг, иш эгасига 1000 долларлик маҳсулот ишлаб берасанку. Бу қонун. Ўз ишингни оч. Ўзинг учун ишла. Юртингни обод қил. Иш очишга пул йўқ дейсанми? Банкирлар, иқтисодиётни кўтариш ўрнига қачонгача мижозларинг ҳисобига бойиб ётасанлар. Бирор марта юртдошингга оёққа туриб олишида ёрдам қилганмисанлар? Йўқ. Қачон бизда шерикчилик асосида бирорта банк ишлай бошлайди? Нега давлат бу ҳолатни ўзгартирмайди... Нега, нега?!

Коронавирусга қарши курашаётганларнинг брифингда айтган гапи бўйича чет элда қолган юртдошларимизни эътиборсиз қолдирмас эканмиз... Бечора юртим... Бечора халқим... Узр, қаричилик. Кўзларимга ёш қалқиб кетди...

Элдор Шомуродов Россиядаги энг машҳур гастербайтеримиз бўлади. Бу бошқа гап. Қани эди, профессор олимларимизни Кембриж университетида лекция ўқишга, жарроҳларимизни Европага амлиёт учун, қурувчи фирмаларимизни энг ноёб иморатларни қуриш учун чет элга чақиришса. Қани эди. Буни четга чиқиб ишлаш деган бўлардим... Европада Малидан келган қанчалаб Траорелар ўйнайди. Европа бизга йўл бўлсин. Шаҳбоз Эркинов тожикка чиқиб ишга жойлашолмай қайтиб келиб “Бунёдкор”га қўшилди... Узр. Четга чиқиб кетдим.

О.Т. Отахон, узр сўраманг. Мавзудамиз. Бемор копток бўлган воқеани қараб чиқайлик. Бизда ҳамма кўрсатма бажаради. Ўз ишининг маъносини тушунмаган ҳолда, ишига вужуди билан берилмасдан, ойлигини оқлаш чегарасида, ўрнатилган тартибни сақлаган ҳолда ҳамма иш бажаради. Бир сўмлик ортиқча иш қилмайди. Ҳамма кўпроқ пул топиш пайида ишга бориб келади. Ҳатто дўхтирлар ҳам. Беморни копток қилиш сабаби шу ерда.

Ҳ.Қ. Футболдаям худди шу аҳвол илдиз отган. Мисол келтираман. Шодиевлар “Пахтакор”ни шунчалар кучайтириб юборишдики, чемпионат ўз мазмунини йўқотиб юборди. Вазиятни тузатиш таянчи-ю дастаги ПФЛнинг қўлида бор. Лекин юқоридан кўрсатма бўлсагина, уни ишга солади. ПФЛ тепага, ЎФАга қарайди. ЎФА ҳам юқоридан кўрсатма кутади. Тепаю пастдагилар фақат ойликни оқлаб ишга бориб келиб юришибди. Энди футбол чемпионатимиз пачоқми-пучуқми, маймоқми-сўйлоқми, коронавирусга барибир, пандемия туфайли ҳаммаси барбод бўлди.

О.Т. Бу қандай ричаг эканки, фикцияни, бронзаматни чемпионатга айлантириб юборса? Шодиевларга раҳмат. Уларда нима айб? Бошқа бир олигарх ҳам бирор клубни олиб, уни шундай кучайтирса қанийди.

Ҳ.Қ. Бу йўл билан футболимиз ривожланмайди. Бутун Футбол хўжалигимизни тозалаб, кейин уни кучайтиришимиз керак. Ричакка келсак, карантин туфайли унинг аҳамияти йўқ. Лекин айтаман. Чемпионат формати кучли ричагдир. Чемпионатда давралар тугагач, 1-4-ўринларни эгаллаган жамоалар учун совринларни ютиш мақсадида плей-офф ярим финал ва финал жангларини ўтказишдир. Форматдаги ушбу кичик ўзгариш, оддийгина тадбир рақобатни кучайтириб юборарди. Шуни ҳам қилишмади. Тепадан кўрсатма кутишди. Нима учун шундай бўлмоқда? Бизда, кимдир жонкуярлик қилса борми, дўхтирга ўхшаб копток бўлади. Қилмагани яхши. Бу соғлом ҳолат эмас. Бундай иллат билан футболимиз ривожлана олмайди. Бундай иллат билан пандемияга қарши курашиб бўлмайди.

Б.А. Кўчаларимиз бўм-бўш. Ҳаётимиз тўхтаб қолган, қотиб қолган. Кўнгилга футбол ҳечам сиғмаяпти.

О.Т. Пандемия офатидан инсоният эрта-индин қутулиб олади. Бу аниқ. Лекин бутун дунёда унинг асорати жуда оғир бўлади. Дунёни қамрайдиган катта иқтисодий кризис арафасида турибмиз.

Ҳ.Қ. Тўғри айтдингиз, Орифжон. Борган сари кўпроқ ва кўпроқ даромад кўришни мақсад қилган фойдахўр капитал эгалари учун пандемия туфайли “кризис” пайти кеб қолди. Улар йўқотиш юкини йўқсиллар елкасига ташлайди, албатта. Бу аниқ. Сизу-бизга келсак, Трамп эмасмиз. “Миллиардларимиз” омон қолади. Нимадан қўрқамиз. Бир бурда нонга қорин тўяди. Футболимиз омон бўлсин. Футболга ишқи тушган одамлар стадионга келгач, бойми-гадоми, ҳамма биржон-биртан бўлишиб ишқибозчилик қилишади. Ўз-бе-кис-тон деб ватанпарварлик туйғусини изхор қилишади. Албатта, шундай бўлади. Шубҳасиз шундай бўлади. Мендек қария айтмоқда бу гапларни. Пандемия офати қаршисида ҳам, бизни кутиб турган қақшатқич кризис олдида ҳам ҳаммамиз биртан-биржон бўлишимиз керак. Ҳаммани тенг қиладиган, бирлаштирадиган нарса бу ватанпарварлик, ойдинлик, шаффофлик ва ҳақиқатпарварликдир. Бундай таҳликавий дамда қаламкашларимдан умидим катта. Уйғонинглар.

Сизга сиҳат-саломатлик тилаб Ҳасанали-отангиз ёздим. Азиз ватандошларим, доим омон бўлинг. Ҳечам касал бўлманг. 26.03.2020й.

Киритилган сана: 28.03.2020 21:21. Ўкилди: 3850 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.