Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Футболимиз афсонаси (2-қисм)

Баҳо:
+0; -0

ДОВРУҚ УСТИГА ҚУРИЛГАН ҚАСР
Мустақилликка эришганимиздан кейин, ОФКнинг эшигини қоққан, барчага нотаниш бўлган янги аъзо эрсак-да, Афғонистон ё Покистон футболи сингари эмас эдик. Австралия даражасида бўлмасак-да, савияли ўз футболимиз билан ОФКга кириб келдик. “Пахтакор” Иттифоқ чемпионатида бирор марта совринни юта олмаган бўлса-да, ўша давр ўйини билан Осиё футболида салмоқли ўринга эга эди. Красницкий сардорлигида Япония термасини “Пахтакор” катта ҳисобда ютиб ташлагани эсимда. 90-йилларда, эндигина мустақилликка эришиб ўз термамизга эга бўлган давримизда олиб келган футболимиз даражаси Осиёда юқори қаторда эди. Осиё ўйинларида ғолиб бўлганимизни эсланг. Бошланиши шундай бўлди. Ўша йиллари Агамуродов катта зўриқишсиз “Пахтакор” билан ОЧЛда ярим финалгача чиққанини эсланг. Кейин йил сайин савиямиз бошқаларга нисбатан пасайиб боришини кузатдик. Кейин Қосимов четдан келган кучли футболчилар билан жамоани кучайтириб ОЧЛда бундай натижани такрорлади. Лекин бундай “кучайиш” бизга нима берди? Ҳеч нарса. Футболимизнинг умумий савияси бошқаларга нисбатан пасайишда давом этарди.

Тайин чемпионати бўлмаган, биздан паст саналган Ироқ термаси Аднан Ҳамад қўл остида Осиёда биринчи бўлганига қараб, Афина Олимпиадасида уларнинг ёшлари яхши қатнашганига қараб ўз футболимизга баҳо беринг. Бугунги футболимиздаги бир эпизод гапларимни тасдиқлайди. Бу галги босқичда чемпионати йўқ Сурия термаси даврадаги биринчи ўйинни бизга ютқазган бўлса-да, кейин ҳар бир тур ўтгани сайин ўз ўйинини кучайтириб борганига нима дейсиз. Тошкентга келиб бизни тиз чўқтириб эмаклатиб қўйган Эрон термаси Малайзияга бориб Сурияни юта олмади. Бизнинг ўйинимиз Бабаян раҳбарлигида бир йил ичида қанчага ўсди? Ҳеч қанчага. Термамиз Бабаян қўл остида бир савиядаги ўйинни кўрсатиб келмоқда. Бабаяннинг бори шу.

Қосимов даврига қайтамиз. Биламан, менга қўшилмайсиз. “Бунёдкор” Қосимов билан ОЧЛда ярим финалгача борганини яхши натижа бўлган эди дейсиз. Ўша сунъий равишда кучайтирилган таркиб ўзбек футболи у ёқда турсин, “Бунёдкор”га нима берди? “Дўстлик” чемпион бўлгани каби қуруқ статистика берди, холос. Қосимовга нима берди? Ҳеч нарса. Фақат довруқ берди. Довруқ! Клубнинг пулдор ҳомийсигаям довруқ керак эди. ЎФФ раҳбариятигаям довруқ керак. Мексикада қатнашиб тарихимизда энг катта натижани кўрсатган ўсмирларимиздан фақат довруқни кутган эдик. Таркибни “ўқлатиб” фақат довруққа интилган эдик. Довруқ-тантана билан Мексикадан келган термани кутиб олиб, ўша таркибни тақдирлаганимизни эсланг. Кейин довруқ вақти ўтгач, ўша мураббийлару, ўша таркиб ўйинчиларига қўл силтаб юбордик. Улар ҳозир қаерда? Футбол спортининг мақсад-мазмуни довруқдан бошқа нарса эмас деб биладиган раҳбарлар бугун ҳам эгардалар.

“Бунёдкор” клубининг яралишига катта ҳисса қўшган таниқли шахс, клубдан фақат довруқни кутган ва бунга эришган ўша шахс, ўз ҳаётида ақл-идрок, эзгулик қудратига эмас, пулдорчилик қудратига таянган ўша шахс ўзи яратган довруқнинг қули бўлди. Кейин унинг қурбони бўлди. Бир кунда касод бўлди. “Анжи” Сулаймон Керимовнинг Критдаги пуллари билан бирга бир кунда касод бўлган эди. Это’О, Буссуфа, Карлос бошчилигидаги юқори савияли ўйинчилару, Гусс Хиддинк бошчилигидаги юқори савияли мураббийлар қани? Улар жамоани бир кунда тарк этишган бўлсалар-да, “Анжи”га бир нима бериб кетишди. Аҳмедовгаям. Аҳмедовнинг ўйини улар ёнида анча ўсганини эсланг. Нима учун бир нима берди дедим? Чунки Керимов довруққа эмас, катта футболга интилган эди. Бизнинг Бой-акамиз қурган футбол қасри эмас, баҳайбат довруқ қасри ҳам бир кунда тўкилиб тушди. “Бунёдкор”га ўз кетидан маҳалласиниям судраб келган Сколари, Ривальдо, Виктор, Денильсон кабилар “Бунёдкор”га нима беришди? Довруқдан бошқа ҳеч нима.

САРАНИНГ ПУЧАКДАН АЖРАЛИШ ЖОЙИ
Довруқ ўткинчи нарса. Алдамчи нарса (Гвардиола “Барселона”да давр суриб, довруғини миниб юрса бўларди. Лекин у бундай қилмади. Зидан клубга бош мураббий бўлмасидан аввал анча йил ёшлар жамоасини бошқарган эди дедим. Ўйнашни тугатиб бирданига “Милан”га бош мураббий бўлган Зеедорфф мураббийлик тақдирини ўзи синдириб қўйганини тушунган бўлсангиз керак. Зидан терма жамоага бош мураббий бўлишни хаёлига ҳам келтирмайди. Гвардиола ҳам). Қосимов ўз довруғига ўзи ишониб, унга алданиб терма жамоага бош мураббий бўлишни истаб қолди.

Масалан, Зидан неча йиллар давомида ёшлар жамоасини бошқариб ўз маҳоратини аста ошириб борди дедим. Қосимов бирданига молиявий жиҳатдан энг кучли жамоанинг бош мураббийи бўлди. Масалан, Бердиев юртимизда энг кучли мураббийлардан бири эканлигини ҳаммага йиллар оша исботлаб келмоқда. Лекин у терма жамоага бош мураббий бўлишни истамайди. Зидан ҳам буни истамайди. Қосимов икки марта терма жамоада бош мураббий бўлишга улгурди. Масалан, Конте Италия термасини бошқариб қоқилгани йўқ. Қатор хатоларга йўл қўйиб шарманда бўлгани йўқ. Терма жамоанинг масъулият тарози одамнинг сарасини саракка, пучагини пучакка чиқариб қўяди. Ўз обрўсини йўқотмай туриб Конте термани тарк этди. Испанияда Дель Боске ҳам, Англияда Эриксон ҳам, Грецияда Рекхагель ҳам термага дарғалик қилишни 4 йилга кечикиб тўхтатишди.

Абрамов Вьетнамда ёшлар билан шарманда бўлгач, термани топшириши керак эди. Бундай қилмади. Термага бош мураббийлик лавозими бизда қалтис жой. Қарғиш текканми, дейман? Бу жойда ишлаб кетган Инилеев, Абрамов, Қосимов жаноблари ҳозир ишсиз юришибди. Бабаян ҳам обрў-эътибор билан шу кунлари бош мураббийликни топшириши керак. Вазиятни қутқариб қолиш мумкин. Термага Бабаян ёнига Европадан малакаси баланд мураббий келиши керак. Лекин у бундай қилмаяпти. Мавзуга қайтаман. Қосимов бир марта қоқилиб термага иккинчи бор яна қайтди. Қайтганда ҳам, жамоа футболчиларига эмас, атрофидаги тарафкашларига таяниб қайтди, отсиз эгар миниб қайтди. Тарафкашлик ҳақида алоҳида гап бор.

ШЕРНИ ЎТЛАТИШ
Масалан, мен ёзаётган ушбу сатрларим савиясига ўзим баҳо бера олмайман. Сизлардан, ҳамда қаламкашлардан муносабат кутаман. Уларни ўқиб, саралаб ўзимга керакли хулоса чиқариб оламан. Ёзганларимга баҳо топаман, ё топа олмай қийналаман. Футбол мураббийининг аҳволи ҳам шундай. Ўз ишига ўзи обьектив баҳо бера олмайди. Атрофдагилар Сизни бир овоздан мақтаб турсалар, ўзингизни осмонда кўришингиз ҳеч гап эмас. ОК-2011да ярим финалга чиққунча Абрамов кўрсатган ўйинларни ҳамма мақтаб ёзди. Ҳеч ким унинг олдига кўзгу тутмади. Камчилигини кўрсатмади. Абрамов ўзининг кучига катта баҳо бериб юборди. Австралияни бемалол юта олишига ишониб қолди. Натижани биласиз. Ярим финалдаги шармандали ҳисобни эмас (0:6), шармандали ўйинни Сиз ҳам унута олмасангиз керак.

Мураббий иши ҳомий бойлиги билан ўлчанар экан, ҳамма клублар шундай жойни бир-биридан талашар экан, бизнинг журналистика ҳам шу йўналишда кимларнидир қўлида мақсадга элтувчи бир восита бўлмоқда. “Лойли” жой бўлмоқда. Биласиз, “лой” кўзни ҳам, кўзгуни ҳам хира қилади. Зафаржон ҳам жиддий муаммоларни четлаб ўтиб, ўтмишдаги афсонавий футболчимиз билан оддий хос суҳбат ўтказиб берди. Муҳаррирнинг фойдали талаби шундай бўлган-да. Ахир Қосимов ишсиз юрган Инилеев ё Гесс каби оддий мутахассис эмас-ку, демадилар. Ўшаларга аталган мақолалар каби оддий гапларни интервьюда ўқувчиларга суратлар билан безаб тақдим этдилар. Бизда шерни қўйдек ўтлатиб, унга ўт едирмоқдалар.

Футбол воқеалари оммадан сир тутилади. Бизда ҳақиқат сўзи РУХСАТга тобе экан, СЎЗ соҳиби, СЎЗ устаси ФОЙДАга хизматкор экан, кўзгуда Ҳаёт, Ҳақиқат акс этмайди. Кўпи билан журналист ожиз бир хабарчи бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳеч кимга тарафкаш бўлмаслик учун, гаплари билан кимгадир “хизмат” қилмаслик учун, айтажак гаплари “рухсатсиз” бўлгани учун муқаддима қисмида ёдга олганим футбол афсонамиз ҳисобланган Биродар Абдураимов жимиб юргандирлар. Тағин ким билади дейсиз.

АКА- УКА СУФХОНОВЛАР КАБИ
Журналист ҳеч қачон кимгадир тарафкашлик қилиши керак эмас. Бу олтин қонун. Бугун кимнидир мақтасанг, эртагаёқ унинг камчиликларини ёритишинг керак бўлади. Бир гурух журналистлар борки, йўқ гурух эмас. Журналистикада бир сулола борки, унинг ҳаққига муносабат билдириб ўтишим керак бўлмоқда. Имомхўжаевлар оиласи журналистикамиз тарихида энг ноёб воқеа бўлди. Санъатда маълум ва машҳур бўлган Юнус Ражабий, ё Карим Зокиров, ё Шожалиловлар оиласига уни қиёсласак бўлади. Санъатда Суфхоновлар сулоласи афсус, узилиб қолган. Футбол журналистикасида Имомхўжаевлар сулоласи ҳеч қачон Суфхоновлар каби узилиб қолмасин. Масалан, учунчи авлод бўлган Диёр Имомхўжаевнинг ютуқларини кузатиб ҳайратимни яширмай юрардим. Футболимиз журналистика зулфида ушбу сулоланинг ижод ҳалқалари бардавом бўлсин.

Мана шу касбикомиллар журналистиканинг олтин қонунига амал қилмай қўйишган эди. Улар очиқдан-очиқ Миржалол Қосимовга тарафкашлик қилишди. Омма орасида “қосимовчи”, “абрамовчи” деган атамалар пайдо бўлишига аввало улар сабабчи бўлишган эди. Миржалол Қосимовнинг ўзи буни истагандур. Журналистлар ёрдамида бутун юртимизга маълум-у, машҳур бўлишни истагандур. Билмадим. Йўқ, бунинг бўлиши мумкин эмас. Миржалол футболчилик давридаёқ эл-юртнинг муҳаббатини қозониб бўлган, машҳур бўлиб улгуран эди.

Футболчилик даврида Қосимов бутун жамоани бирлаштириб тургувчи, ҳимоя билан ҳужумни боғлаб тургувчи, тўп билан олдиндагиларни таъминлаб тургувчи бўлган эди-ку. Нега мураббийлик даврида тепадаги ва матбуотдаги ёндош тарафкашлари ёрдамида “тўпни- кўрпани” фақат ўзига торта берди. Шквирин, Ҳайдаров, Агамурадов, Абрамов каби бир қатор мураббийлардан ортиқ жойи бўлмаса-да, саноқда, тақдирланишда, эътиборда, эътирофда доим биринчи бўлишни истади. Масалан, футболчилик даврида бир камчилигини ёпиб ўйнарди. Кичик жуссаси туфайли якка курашларда ютқазиб қўйиш олдини оламан деб, тўпни гавдаси билан тўсиб, кўпинча рақибга орқасини ўгириб олар эди. Шундай ҳолатда ҳам орқасида кўзи бормиди дейман, ҳар бир шериги қаердалигини яхши билар эди. Натижада ҳужум бўйлаб кутилмаган тарафга оширма узатиб, вазият яратар эди. Нима учун Қосимов мураббийлик пайтида ким, қаерда, нима қилаётганини билмай қолди? Нечун ўзганинг яратган вазиятига тушиб қола берди.

САҲНАДАГИЛАР ВА БИЗЛАР
Бу сўзларни ёздиму, айтмоқчи бўлган воқеаларга ўша кезлари ўзим тушунишга ожизлик қилганимни эсладим. Бир мисол келтирай. Қосимов кекса журналистимиз Ахбор Имомхўжаев билан биргаликда вилоятларга бориб футбол мактабларига ўз номини қўйиб, лента қирқиб келишини қандай тушуниш мумкин эди? Бундай актлар билан футболни тарғиб қилмоқчи бўлган, дея олмайман. Бевақт ўлиб кетган раҳматли Раҳимов ё Раҳматуллаевлар каби мураббийлар номини футбол мактабларига бериб қайтганида эди, бу актни шундай талқин қилишим мумкин бўларди. Мазкур беўхшов ишлар билан Қосимов ўз номини тарғиб қилган эди. Қандай ожизлик бўлган. Умуман олганда, бундай иш, яъни банда номини мактабларга бериш миллий сифоятимизга, руслар тили билан айтганда, менталитетимизга, ислом маданиятига тўғри келмаслигини Қосимов наҳотки, тушунмаган бўлса? Наҳотки, шунчалар бўш, лақма, ландовур бўлса?

Ёки бундай ишлар, яъни Миржалол номини ўзбек футболига байроқ қилиб кўрсатиш, маъбудлаштириш юқоридаги бирон бир амалдор хоҳишига кўра содир бўлганмиди? Қосимов унинг қўлида қўғирчоқ бўлганмиди? Яшил майдону, унинг ҳаёт майдони тепадаги ким учундир театр саҳнаси бўлганмиди? Бундай саҳнада Отахон журналистимиз қандай роль ўйнаган эдилар. Билмадим. Билолмадим.

Бўлар ишлар бўлиб бўлди. Бўлиб ўтди. Ўтди-кетди. Шунга ўхшаш мисолларни кўп келтиришим мумкин бўлса-да, уларни эсдан чиқарайлик. Кўп гап эшакка юк дейдилар. Қосимов номи билан боғлиқ ишлар, воқеалар содир бўлган эдики, улар ҳақида тўхталиб ўтмасам бўлмас. Ҳаётимиздаги нуқсонлар ҳаққига танқид милтиғини ўқталиб ўтмасам бўлмас. Ёниб-куйиб сўхталиб ўтмасам бўлмас.

Давоми бор.

Киритилган сана: 16.12.2016 16:49. Ўкилди: 8816 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.