Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Hasanali ota

O‘zingni angla

Эртага жанг. Бугун арафа

Баҳо:
+0; -0

Оилам билан бирга бўлиш мен учун ҳар доим қувончли, ҳаммасидан авзал, ҳаммасидан ширин. Уйга келсам, кечки овқат пайтида ТВ орқали нима кўриш маслаҳати бўлмоқда экан. Людмила Гурченко ҳақида бадиий киноними, ё “Нотаниш Уруш” деган бадиий документал киноасарними, ё “Один и без оружия” деган бадиий тарихий криминал киноасарними деб тортишмоқда эдилар. Танловда нега фақат Россия ТВсини гапирасизлар деб, бу гал куюнмадим, ўртага тушмадим. Болаларим ҳайрон ҳам бўлишмади. МЮ ўз уйида “Вест Бромвич” ни 2:0га ютган ўйинини қўя қолайликми деб кўнглимга қарашди. Чарчадим, деб хонамга кириб кетдим. “Пахтакор”да бўлган воқеалар таассуротидан чиқиб кетолмай қолган эдим. Нега шундай қилдим? Тағин хато иш қилдим.

Ўйин арафасидаги машғулот кечки соат 5да бошланиши керак эди. Мен соат 4га етиб бордим. Таниш қоравул Баҳодир билан бир оз гаплашгандай бўлдим. Маъмурий иморат ходимларининг бошлиғи Сайёрахон билан сўрашдим. Хаёлимга сафар олдидан бўлган нохуш воқеа келди. Куни кеча ўшани эслатиб, Санжар Ризаев мени урушиб қўйди. Ман Баҳрайнга кетиш олдидан бўлиб ўтган сўнги машғулот тугагач, йигитларни автобусга кузатиб қўйиш чоғида бирор бир рағбатлантирувчи сўз айтмоқчи бўлиб Бабаянга, “Биринчи бўлиб Сизни бўлғуси ғалаба билан табриклайман”, дебман. Самвелнинг юзи ўзгариб кетган эди. “Заранее не надо”, деган эди ўшанда. Бу сўзимдан меҳмонхонага етиб боргунча унинг кайфияти бузилиб кетган экан. Ризаев айтди. “Автобусгача кузатар экансиз, ҳеч кимга ҳеч нарса деманг, улар иримчи бўлишади, ҳар қандай кичик нарса ҳам ўйинга таъсир қилиши мумкин”, деб Бабаянга айтган ўша гапимни менга эслатди. Бу уч кун олдинги гап. Санжар машғулот тугагач, мени эшик ёнида кўриб қолиб уришиб қўйди. Ўшанда ҳам 15 дақиқадан сўнг машғулот ёпиқ ўтади деб, Санжар ҳаммани майдондан чиқариб юборди. Ҳамма кетдию, мен машғулот тугагунча 2 соат қоровул ёнида қолдим. Санжар кўчага чиқди-ю, мени эшик ёнида кўриб қолиб, бояги танбеҳни берган эди. Икки олган мактаб ўқувчисидай мулзам бўлдим. Бугун бундай хатога йўл қўйишим керак эмас, деб ахд қилдим. Барибир шунга ўхшаш хатога йўл қўйдим. Йигитларимиз машғулотни тугатиб ҳориб, чарчаб кийинишхонага кўтарилишар экан, ҳаммага ғалабамизга ишонишимни айтиб ўтдим. Бири гапимга эътибор берди, бири бермади. Эртага фақат ғалаба қозонишимиз керак. “Локомотив” “Пахтакор” билан юзма-юз учрашувида ғалаба қозона олмади. Ўзбекистоннинг кучли ўйинчилари укаларига ютқазиб қўйишди. Эртага майдонда рақибга юзма-юз чиқиб ҳамма нарсани жангда ҳал қилишимиз керак бўлади. Кўпчилик ўйинчиларимиз маҳорат, тажриба бобида рақибларимиздан устунлар. Ҳамма гап жанговар, мукаммал жамоавий ўйин ярата олишимизда қолган. Бирон бир далда бўлгувчи сўз айтгим келди. Ҳозир пушаймонман. Сабабини кейин айтаман.

Кечаги куним яхши бошланган эди-я. Машғулот олдидан майдон четига етиб келдим. ОФК комиссари майдонга байроқларни олиб чиқиш маросимини машқ қилдирмоқда эди. 15 яшар академия болалари байроқларни таранг ушлаб майдонга тушиб келишмоқда. Улар ичида менинг ёш дўстим Файзиддин ҳам бор экан. “Пахтакор”нинг матбуот котиби инглиз ва ўзбек тилларида бутун стадионга эшитиларли товушда эълон қилиб, маросимни бошқармоқда. Ҳамма журналистларда кўтаринки кайфият. Ҳамма билан кўришиб чиқдим. ЎзА суратчиси Алимардон билан кўришган пайтимда бирга ёнма-ён туришимизни Ҳасанхон суратга олди. Машғулот бошланди. Мураббийларнинг ҳаммаси шу ерда эди. Журжевич кўринмади, холос. Рақибларимизни ўргангани бошқа юртга кетган бўлса керак. Бир пасда 15 дақиқа ўтиб кетди. Бизни майдондан чиқариб юборишди. Бизнинг машғулот тугагач, журналистларга яна майдонга тушишга рухсат берилди. Шимолий Корея машғулотини 15 минут кўрдик. Шимолий кореяликлар биздаги карисларга ўхшамас экан. Жуда совуққон, ҳиссиётсиз. Сизга қараб турсаям ҳеч кимни кўрмагандай ўзини тутар экан булар. Тахтакачга ўхшайди. Майдонда бизникилар ҳазил-ҳузил, имо-ишора қилиб шуғулланишди. Майдонда кулиб юбориш ҳам бўлди. Карисларни бекорга роботлар дейишмас экан. Ёки бу саёз гапми. Ёки бу эмоционал кучни тежашми? Биласиз, боксёр жисман тамом бўлади, ё координацияси, ё концентрацияси йўқолади, бир сўз билан айтганда, чарчайди. Эмоционал кучни йўқотмайди. Эсингиздами, “Динамо” Киев болалари суперкубокни ютаман деб ҳамма нарсани сарф қилиб бўлишган эди. Жисмонан тиклансаям, эмоционал томондан тиклана олишмаган эди. Ғалаба қувончиям бу кучни еб қўяди. “Пахтакор”га қарши уларнинг дублёрлари ҳам қаттиқ жанг қила олишар эди. Бундай бўлмади. Киевнинг Блохин, Буряк, Демяненколари Тошкентга келиб 0:5га ютқазиб кетишган эди ўшанда. Бугунги кунда футболчини асраш муҳим масала бўлиб қолган.

Журналистларнинг шимолий кореяликларни роботларга ўхшатишида қандайдир камситишга ўхшаган оҳанг бор. Балки бошқа менга номаълум маъно бордир. Улар ҳам шароитга қараб қарор қабул қилиша олар экан. Карисларнинг матбуот котиби бизни майдондан кузатиб қўяр чоғида трибунанинг 36-буржи тепа қаторида бир тўда болалар ўтиришганини кўриб қолиб, Санжардан инглиз тилида улар кимлар, деб сўраб қолди. Уларни ҳатто Бабаян ҳам кўрмай қолган эди. Академия болалари машғулотни кузатишётганини билгач, Санжарга инглизчалаб гапириб, болалар қолишига рухсат берди. Майдондан чиқиб кетар эканмиз, Нодирхўжа, Бабаян рухсат бермас эди, деб воқеага хулоса қўшиб қўйди. Бу билан топиб айтган гапидан қандайдир мамнун бўлиш оҳанги эшитилди. Бабаян қатьийлиги, кескинлиги, тақиқлари билан фақат футболчиларда эмас, балки ҳамма-ҳаммада бўлғуси ўйинга нисбатан жиддий муносабатни ҳосил қилмоқда. Сайёрахон ҳатто парда ортидан машғулотларни кузатиб турган Илҳом Шариповни ҳам қатьий равишда ойна олдидан нари кетишни сўрагани эсимда.

Нега автобусгача йигитларимизни кузатиб қўймадим деб, эртага ўйин бўлса, сўнги бор ғалаба тиламасдан қаёқдаги карисларни кўраман деб стадионда нега қолдим, нега автобусгача кузатмадим деб ўзимни койидим. Бошқа журналистлардан ажралиб кўринишни истамадимми, ёки тағин қовун тушуриб қўйишни қўрқдимми, билмадим. Кейин йигитлар ортидан ташқарига отилдим. Йигитлар автобусга чиқиб бўлишган экан. Автобус олдида, боя стадионга фақат журналистлар кириши мумкин деб, ташқарига чиқариб юборилган самарқандлик ишқибоз турар эди. У Бабаян билан суратга тушмоқда эди. Бу ишқибоз футболчиларни икки соатдан бери ташқарида кутиб турган экан. Машғулот олдидан у билан танишиб олган эдим. Ризаевдан стадионга унинг киришини илтимос қилсам-да, рухсат бермаган эди. Автобус олдига борайми? Вақтни бой бердим. Эртага ғалабамиздан сўнг албатта уларни биринчилар қаторида табриклайман, худо хоҳласа.

Биласизми, бу ишқибоз Бабаян билан эмас, терма жамоанинг бош мураббийи билан суратга тушди. Балки, худо хоҳласа, 7та ўйинда кетма-кет ғалаба қозониб Ўзбекистон футбол тарихига киргувчи бош мураббий билан суратга тушган бўлса, нима дейсиз. У ўз Ватани деб Самарқанддан шу ерга келган эди. Ватанпарварлик шунақа бўлади. Эртага стадионда учрашиб қолармиз. Нега телефон рақамини олмадим? Ким билсин, шу пайт автобусдами, поезддами ишқибозим ўз уйига- Самарқандга кетаётгандир.

Менинг уйимдагилар эса, Россия ТВсини чой хўплаб кўришмоқда.

Сиз билан эртага стадионда елкадош бўлишни, ғалабамизни биргаликда нишонлашни орзу қилиб қолувчи Ҳасанали отангиз.
11.11.2015й.

Киритилган сана: 12.11.2015 14:49. Ўкилди: 10097 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.