Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

«InterFutbol» gazetasi

InterFutbol gazetasi blogi

Тақдир: БАРВАҚТ СЎНГАН ЮЛДУЗ

Баҳо:
+0; -0

Бундан атиги 15 йил аввал Адриано Лейте Рибейро ўзининг мафтункор ўйинлари билан эл оғзига тушган, Роналдонинг вориси мақомига лойиқ топилганди. Лекин чўққига талпинган шиддатли парвоз тўсатдан тўхтаб қолди. Football.ua вакилларининг қуйидаги материали вориснинг аянчли фаолияти ҳақида.

Бу футболчи мукаммал техника, қудратли жисмоний қувват ва ўта чаққон оёқлар соҳиби эди. 2000-йиллар аввалида PES серияси мусобақаларининг ёрқин юлдузларидан бирига айланган ҳужумчининг зарбалари афсонавий «сўйлоқ» - Роналдони эслатарди. 2003|2004 йиллар мавсумининг дастлабки турларида «Парма» сафидаги 9 учрашувда 8та гол урган Адриано тез орада «Интер» даражасига кўтарилди. Сайёрамизнинг энг сара футболчилари қаторидан жой олиши аниқ бўлиб улгурган даъвогар учун бу мантиқан тўғри йўл эди. Миландаги фаолияти давомида Адриано «Скудетто»нинг 4 карра соҳибига айланган бўлсада, мухлис ва мутахассисларга бир жумбоқ ҳанузгача тинчлик бермай келмоқда: «Агарда у бошқа жамоага ўтганида нима бўларди?»

Чинакам профессионал спортчига хос бўлмаган тарзда ўтказилган бир неча йиллардан сўнг Адриано ўзининг асосий вақтини Рионинг бадавлат туманларидан бири - Барра-да-Тижукада ўтказмоқда. Баъзан ўзи туғилиб-ўсган Вила-Крузейрога йўл олиб, эски қадрдонлари билан чақчақлашади, болакайларга совғалар улашади.

Ҳозир ҳужумчи 37га чиқди. Лекин болаларга хос кўринишини бой бермаган, ҳатто айрим жиҳатларида ижобий ўзгаришлар ҳам йўқ эмас. «Вақти-вақти билан бу ерда кечки базмлар бўлиб туради. Аммо аввалгидек сершовқин эмас. Бир пайтлари келиб-кетувчиларнинг сафи аримасди. Қўшнилар эса тўс-тўполонлардан шикоят қилишарди. Энди у анча босилиб қолди, вазмин йигитга айланди», - дейди ҳужумчининг қўшниси Карлос Алмейда.

Гарчи бу эътирофни жиддий ўзгаришга тенглаб бўлмасада, Адрианода ижобий фазилатлар кўпайганлиги аниқ. Авваллари у ичкиликка ружу қўйган, полиция ходимлари эътиборини тортишга ҳам улгурганди. Энди ўртоқлари унинг футболга қайтиш режаси ҳақида гапиришмоқда. Тўғри, бир пайтлари ҳужумчи қуйи лига вакили - «Майами Юнайтед»да ўз имкониятларини синовдан ўтказганди. Бироқ унинг «Инстаграм»да намойиш этган суратидан хулоса чиқарадиган бўлсак, тарвуздек қорин билан жиддий машғулотларда қатнашишига шубҳа уйғонади. Аммо кечки базмларга чек қўйганлиги ҳақиқатга яқин. Футболчининг руҳий ҳолати ҳам аввалгидек эмас, рақиб жарима майдончасига ўзига хос шиддат билан бостириб киришига кўпчилик ишонмаяпти. Йиллар ўз таъсирини кўрсатиб, футболчида ишончсизлик кайфиятини юзага келтирган. Бу эса Адрианога ўз фаолиятини чинакам прфессионалларга хос тарзда якунлашида халал бериши мумкин.

Хўш, жаҳон миқёсидаги юлдузга қиёсланаётган, Италияда «Император» унвонига сазовор бўлган ҳужумчининг ғойиб бўлиши сабаби нимада?

Бурилиш нуқтаси

Бир мудҳиш воқеа, аниқроғи, фожиа Адриано учун кучли зарба бўлди ва оқибатда Роналдонинг вориси 30 ёшли бақалоққа айланди. Футболчи отасидан жудо бўлганди.

2004 йилнинг 25 июлида Адриано Америка кубогининг Лимадаги финалида ҳисобни тенглаштирган, кейин Бразилия пенальтилар сериясида Аргентинани маҳв этганди. «Император» ўша асабий паллада масъулиятни ўз зиммасига олиб, биринчи зарбани ўта совуққонлик билан голга айлантирган ва жамоадошларига руҳий мадад берганди. Нуфузли совринни ҳужумчи энг яқин кишиси - отасига бағишлади. «Бу кубокни отамга бағишлайман. У менинг энг яқин дўстим, доимий ҳамкорим», - деганди кўз ёшларини тия олмаган Адриано ўйиндан кейин.

Афсуски, футболчининг отаси Альмир жиддий хасталикка чалинганди. Перудаги тарихий ғалабадан кейин 9 кун ўтгач, 45 ёшли Альмир юрак хуружи туфайли оламдан ўтди. Ўшанда Адриано 22га чиққанди.

«Отаси Адрианога доимо ғамхўрлик қилар ва имкони борича қўллаб-қувватлаб турарди. Бироқ кутилмаганда Бразилия­дан отаси вафот этганлиги ҳақида хабар қилишди. Гўшакни ўрнига қўйишга ҳам ҳоли етмаган Адриано ўкириб йиғлаб юборди.

Ўша кундан бошлаб мен ва Моратти уни худди ўз укамиздек асраб авайлайдиган бўлдик», - деганди «Интер»нинг собиқ ҳимоячиси Хавьер Занетти ўз жамоадоши ҳақида.

Бразилияликларнинг ўша даврдаги бош мураббийи Карлос Альберто Паррейрани ёш шогирди қанчалик лол қолдирганини қуйидаги эътирофдан билиб олиш мумкин: «Адриано албатта, футбол тарихига киради.

Навбатдаги 3та ЖЧда у бунданда самаралироқ ўйин кўрсатишига асло шубҳа қилмайман». Бироқ ҳужумчининг савияси шиддатли тарз­да пасая бошлади. Айтишларича, Адриано ҳар оқшом ҳеч бир сабабсиз базмлар уюштирар, ичкиликка муккасидан кетганди.

«Ўша даврда мен фақат ичганимдан кейин ўзимни бахтиёр ҳис этардим. «Интер»даги устозим Роберто Манчини ва жамоадошларим маст ҳолда машғулотга келаётганимни билишарди. Мен эса машғулотдан қолиб кетиш ёки кечикиб боришдан қўрқиб, ухламасдим.

Шу боис, тиббий бўлимда тунаб, журналистларга мушакларимни даволаётганимни баҳона қилардим», - деганди ҳужумчи 2017 йилда берган интервьюсида. Жамоадошларининг Адрианони тушкунликдан халос этиш йўлидаги барча уринишлари зое кетди.

«У футбол ўйнашни, голлар уриб, бармоғи билан осмонни кўрсатган ҳолда уларни отасига бағишлашни давом эттирди. Бир куни Иван Кордоба Адрианога шундай деди: «Адри, сен Роналдо ва Ибрагимовичнинг қоришмаси эканингни биласанми? Истасанг, футбол тарихидаги энг зўр ўйинчи бўласан!» Аммо бу мақтовлар ҳам самара бермади», - деганди Занетти маъюс оҳангда.

Шунга қарамасдан, Адриано ўз фаолиятини тиклаш йўлидаги уринишларини тўхтатмади ва икки йилдан кейин шундай имкониятга эга бўлди.

2006 йилда Рональдиньо, Кака ва Адрианолар етакчилигидаги Бразилиянинг Германияга йўл олишига бир неча кун қолганида, «Император» базм уюштиришга қарор қилганди. «Тантана Риодаги Олимпия парки ёнидаги «Куэбра Мар» клубида ташкил этилди.

Ҳаммамиз Дидикодан (Адрианонинг энг яқин қадрдонлари орасидаги тахаллуси) ҳайратда эдик. Унинг Германиядан жаҳон кубоги ва энг яхши тўпурар унвони билан қайтишига шубҳа қилмасдик», - дея хотирлайди ўртоқларидан бири.

Базм учун бу хилват гўшанинг танланиши бежиз эмасди. У Адриано улфатлари ичидаги наркотик моддалар савдосига алоқадор кишилар учун хавфсиз жой эди. Қаҳрамонимиз улар билан бирга улғайган, Вила-Крузейро кўчаларида ялангоёқ тўп сурганди. Энди уларнинг кўпчилиги таниқли жиноятчиларга айланишганди.

«Депрессия ва алкоголь Адрианонинг доимий ҳамроҳига айланиб қолганди. Охир-оқибат, у ёлғиз қолди. «Инстаграм»да доимо мухлислар қуршовида, аммо аслида ундай эмас, Адриано футболга бўлган қизиқишини ҳам йўқотди», - дейди ўз номини айтишни истамаган дўсти.

Германия мундиали Адрианони янада юксакроқ чўққига олиб чиқиши кутилганди. Бироқ ҳужумчи аввалги «Император» эмасди. У Австралия ва Ганага гол уришдан нарига ўта олмади, Франция билан бўлган чорак финал баҳсида оёқлари тўпга тегмади, ҳисоби. Бразилия мусобақани барвақт тарк этди.

24га чиққан пайтида Адриано терма жамоада 12, клуб миқёсида эса 156 марта майдонга тушганди. Интиҳонинг илк босқичи шу кўрсаткичлар билан бошланди.

2006|2007 йиллар мавсумида ҳужумчи «Интер»га атиги 6та гол тақдим этди, кейинги мавсумни ҳам суст бошлади. Муҳитни ўзгартириш зарурлигини англаган Моратти уни Бразилияга таътилга жўнатди.

Адриано «Сан-Паулу» билан машқ қилиб, ке­йин мавсум якунига қадар ижарада тўп суришга рози бўлди. Дебют учрашувидаги «дубл»дан кейин мухлисларда ишонч уйғонди, унинг номи ёзилган футболкалар тезда сотилиб кетди.

Янги жой, эски «тоғора»

Бироқ муваффақият чақмоқдек ярқ этдию, сўнди. «Сантос» ҳимоячиси Домингога бош билан зарба бергани учун Адриано майдондан четлатилди, кейин машғулотга кечиккани ва фотограф билан муштлашгани учун жаримага тортилди. Охир-оқибат, ҳужумчи «Интер»га қайтган бўлсада, 2009 йилда яна ватанига йўл олди.

Тўғри, бу сафар ташрифи муваффақиятли бўлди. У «Фламенго» сафида 19та гол уриб, жамоанинг 17 йиллик танаффусдан сўнг шоҳсупага кўтарилишига муносиб ҳисса қўшди. Кейин уни «Рома» Европага қайтарди. Аммо тез орада «бўрилар» чучварани хом санашгани маълум бўлди - Римдаги 7 ой давомида «Император» бор-йўғи 8 марта кўриниш берди.

2011 йилнинг ноябрида «Коринтианс» Адриано учун охирги, лекин ажойиб имкониятни туҳфа этди. Натижада мухлислар яқинда бутсаларини михга илган Роналдони эслаб қолишди.

Бироқ тақдирнинг қалтис ҳазили барча умидларни пучга чиқарди - Адриано жиддий жароҳат туфайли сафдан чиқди. Шундан кейин талаб даражасида ўйнай олишига кўзи етмагач, аламини ичкиликдан ола бошлади.

Ортга қайтиб, яна олға!

Олти ойдан кейин таркибга қайтган Адриано илк учрашувда «Атлетико Минейро» дарвозасини иш­ғол этиб, «Коринтианс»ни фахрли чемпионликка яқинлаштирди. Бартараф этишнинг умуман иложи бўлмаган кучли зарба натижасида тўсинга тегиб дарвозадан жой олган тўп ўз соҳибига унутилган шуҳратини қайтарди.

Қизиғи шундаки, Адриано голни нишонлаш чоғида футболкасини ечиб, спортчига хос бўлмаган дўмбоқ қорнини кўз-кўз қилди. Якунда унинг жамоаси шоҳсупага кўтарилди, унга ишонмаганлар тилларини тишлаб қолишди. Бироқ тез орада Адриано яна ғойиб бўлди.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда

Киритилган сана: 12.03.2019 14:11. Ўкилди: 3399 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


ZBOXONOV
Сана: 16.03.2019 15:35. ZBOXONOVга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.