Кириш Регистрация

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Орқада қолгувчи ўйлар

Баҳо:
+-1; -0

Мақолам давомида, яъни “иккинчи таймда” термамиз қандай қилиб ўз ривож йўлини босиб ўтиши керак, деган саволга ишқибозлар далдасида жавоб қидирмоқчи эдим. Терма ўйинлари ёзилган дискларни топиб қўйдим. Қор остида айиқ ўз панжаларини қиши билан сўриб ётганидай, мен ҳам қиш чилласида дискларни кўриб, фактларни сўриб, саволларимга жавоб изламоқчи бўлган эдим. Яхшиям бу йил еврофутбол авж палласида қизғин жангларга сероб бўляпти. Бу йил Моуриньо ва Роналду мавзуси теле-, радио эфирни, матбуот саҳифаларини қизигандан қиздириб, футболдан узоқ одамлар ҳам четда қолмай, ҳамманинг эътиборини ўзига тортмоқда. “Даракчи”ю “Бекажон”ми, “Хумо”ю “Келинчак”ларми, тағин алла-нималар ҳам мушук товушига ўхшаб талаффуз қилинувчи исмда жо бўлган кибр ўчоғидан ўз саҳифаларини қиздириб олишяпти. Шу кунлари ҳамма ёқни “моуриньо” каби товушлар, ҳамма ёқни “у деди, бу деди”,”у кетди, бу келди” каби гаплар босиб кетган. Футболимиз эса қиш уйқусига етган. Ҳамма футболчиларимиз таътилга чиқиб кетишган. Стадионимизни қор босган. Ғуборсиз ҳаво мусаффо. Юнусобод ортидан то Қўйлиқ ортигача чўзилиб ётган Турбат, Чимён, Оҳангарон тоғлари қўшилишиб қор босган тизмалари билан Тошкент қошига яқинроқ келиб, сукут сақлаб туришгандай гўё.

1. ЧАРОҒОН ФУТБОЛ.
Офтобда чарақлаган буюк тоғларимизнинг ёрқин нурлари олдида бизнинг икир-чикир, куйди-пишди гапларимиз қанчалар майда, қанчалар хира. Ўша ёзувкашлар, хиракашлар сафида мен ҳам борман, футболимизнинг ёрқин рангларига зорман. Ўзимча футболимизни ёлғону сохтанинг ғуборидан тозалаб оламан, деб ололмай, чарақлатиб ёрқин рангларини очаман, деб очолмай, ўзим ўзимга бедаво торман. Нечун шундайман? Ҳамма ёқни янги йил шодиёнаси қопласа-да, ўзим туман қоплаган кундайман? Энди етар, бас.

“ХЕТАФЕ” бир йилда Испания, Европа, жаҳон чемпиони бўла олмаганидай, бизда масалан “ГУЛИСТОН” бирданига Ўзбекистон, Осиё, кейин Жаҳон чемпиони бўла олиши амри маҳол-ку. Балки ҳеч қачон бўла олмаслиги айни ҳақиқат-ку, қария. Термамиз ҳақида ҳам шундай аччиқ гап айтишимиз мумкин. Футболимизнинг бори шу. Барча ҳақиқатни бор ҳолича қабул қил. Уни сев. Ахир ҳамма-ҳаммасини Эгам суйиб яратган-ку”, деган сўзлар дарвозамиз тўридан жой олган тўп сингари ибратли, аянчли ва сафарбар. Ҳам армон, ҳам дармон. Мағлубият ёнида ғалаба ўта чароғон.

Бир замонлар Маҳмуд Асрор тўртлигини таҳрир қилган эдим. Ўша сўзларни эсладим шу пайт.
Борнинг ҳам йўғи бор атоғи билан,
Кулмоқда, кўзи нам ёноғи билан,
Худога иқроран хурсанд бўл, йиғла,
Чиройлику тўлин ой ўроғи билан.

ТОҒЛАР ШОҲИД
Мендек қарияга Тошкент шарқидаги азм тоғлар нима демоқчи? Миллион йиллик қояларини қорга кўмиб, сукут сақлашмоқда. Совуғига чидаб, олам жаҳон қорни елкалаб, ёзда ўз ирмоқлари, сойлари билан Турон заминига обиҳаёт сувини етказишади. Улар ҳаммадан юқори, ҳаммадан бағри кенг, назардан четда. Беқиёс Қудрат, чексиз Умид, букилмас Бардош, ўзига, хизматига, қисматига, ҳақиқатга, адолатга нисбатан сўнмас, тўлиқ Ишонч рамзи улар. Азизларим, мен ҳам Турон фарзандиман, мен ҳам шу тоғлар дилбандиман. Мен ҳам ФУТБОЛимизга тўлиқ ишонаман. Мен доим бир нимани таҳлил қилиб, битта-яримта камчиликни танқид қилсам-да, мен ҳам эртанги Футболимизга, Сизларга азизларим, тўлиқ ишонаман. Бир томондан Рустам Акрамов ва бошқалар ярим асрлик меҳнатини, иккинчи томондан мен ва бошқа ишқибозлар ярим асрлик дардини, қалбимиз ҳароратини ўзбек футболига бағишлаб келмоқдамиз. Мен ҳам Сизлар каби 2013 йил ўзбек футболи учун қутлуғ келишига тўлиқ ишонаман. Шу тоғлар шоҳид. Шу тоғларга таянган қишки осмон шоҳид, осмон остидаги қорли стадионларимиз шоҳид. Тангрим шоҳид.

 НОҒОРА ҚОҚМАЙ ТУР
Ярим аср ишқибозчиликдан сўнг бир нима ёза бошладим. Ёзганим сари ёзгим келади. Сизга, азизларим, айтар гапим ҳечам тугамайдигандай гўё. Ёзувкашлар қаторига қўшилиб бўлдим. Шунинг учун журналистлар нуқсонларини кўриб, уларни ўз камчилигим деб санайман, эзиламан, уяламан. Биз футболчилар ва мураббийлар ишидаги камчиликларни доим танқид қиламиз. Бунга ҳақлимизми? Албатта шундай. Ўзимизда нуқсонлар йўқми? Албатта, бор. Аввало уларни даф қилсак бўлмайдими, деган хаёлга бордим. Иккинчи таймда “майдонга” тушиб, асосий мавзуга қўл уришдан аввал “танаффусда” гапни ўз ишимиздан, ёзиш-ёзмишимиздан бошласам дейман.

Кечаги турда “Вальядолид” “Барса”ни қабул қилди. Бошқача ўйин қилди. “Реал”га қарши ўйинда жисмоний курашга кўп эътибор қаратган бўлса, кечаги ўйинда тез фикрлаб тез ўйнашга интилди. Биласиз, майдонда “Барса” жуда тез “гапиради”. Фақат уни Соат Шариповга ўхшатманг. Соат Шарипов телеэфирда ўзининг жуда тез гапи билан бошқалардан ажралиб туради. Лекин нутқида ритм йўқ, пауза йўқ. “Калашников” каби тириллайди. Ранг йўқ. Гапида мазмун, маъно йўқ. Соат Шариповга ўхшаб “ШЎРТАН” ҳам тез “гапиради”. Унинг ҳужум силсиласи ҳам кўпбоғлам, лекин С.Шариповнинг гапидай дона-дона эмас. Унинг “гапига”, ўйинига маъно етишмайди. “Барса”нинг майдонда айтар “гапи” кўп. Яшил майдонда дудуқланиб юрмайди. Ёки у саҳнада Отелло монологига ўхшаб ҳаммани бир ўйинчининг “оғзига” қаратиб қўймайди. Унинг “монолог”ларида бир пайтнинг ўзида камида олтита футболчи қатнашади. Шунинг учун у тез “гапиради”. Аммо “гап”лари сермазмун, пурмаъно. Кечаги рақиби унинг ҳар бир “гап”ини чақиб ўйнади. Анча вақтгача майдонда тенг курашни кўрдик. 0:0 сақланиб турди. Ўзимизга қайтсак, футболимизга доир эфир ва матбуотда мазмун, маънони қидирманг. У ердан фақат маълумот ё ахборотни топасиз. Улардан бирор маъно чиқариб олиш ўзингиздан бўлади. Сермазмун гапларни Асланов блокидан қидиринг. Баъзан улар шундай мазмундорки, уларни ўқиган киши гоҳ мазмун ортидан югуриб унга етолмай қолса , гоҳ бирор нарсани тушуна олмай қолади киши.

2. АНДОРРА АФЗАЛМИ, Ё ҚИРҒИЗИСТОН?
Асланов 7 декабрь куни Stadion.uz’да босилган мақоласини “МДҲ мадҳи” деб номлабди. Мақола маъносини чақиб олишим қийин бўлди. Бизнинг жамоаларимиз ОФКда “яккаланиб”, рақобатдан четда қолиб кетган эмиш. Минг йиллик қўшни халқлар- туркман, тожик, қирғиз футболини бир пақирга тенг кўрмаяпти. Уларни футбол картасидан ўчириб ташлаган, шекилли. Минг-минг чақирим узоқдаги Андоррани футбол давлати деб тан олиб, улар билан ўйнаб келишимизни бизга шараф деб билган ҳолда, Қирғизистон билан ўйнашни ўзимизга муносиб кўрмайди. Еврохўрозқанд десангиз, уни ётиб ялайдиганлардан.

Биз Узоқ Шарқдан узоқда, Кичик Осиёдан катта масофада эмишмиз. Қитъада тилимиз бегона, динимиз бошқача эмиш. Қатор жамоаларимиз равнақини четга суриб, чемпионатимизни (шу жумладан, Қўқон футбол тақдирини ҳам) иккинчи, ўнинчи даражалик билиб, МДҲ чемпионатида бир икки жамоа билан қатнашсак, улар билан “тилимиз” бир, “динимиз” бир, футболимиз бир бўлиб қолар экан-да. Рус тилини чала-пулча биламиз, шу бизга етади, инглиз тилини ўрганиб на қилдик? МДҲ чемпионатида қатнашиб, Россия футбол аравасига осилиб олсак бўлгани. Қарабсизки, “рускоязычный” футбол намояндаси бўлиб юрамиз, дунёга тезроқ таниламиз. Ўз йўлимиздан юриб, ҳар қадамда ўзимизни қайта бор кашф қилиб, бир нимага эришиш осонми? Заҳматкаш йўл.

ЖУРНАЛИСТИКАНИНГ ҲАРОБ “ФУТБОЛИ”.
Бу гаплари билан Асланов ўз дарвозасидан қанча “гол” ўтказиб юборганидан ўзи ҳам бехабар бўлса керак. Биз ҳам уларни ҳозир санаб ўтирмайлик. Кўзи кўриб, ақли етиб, қўли билан тузата оладиган ўз касбига доир соҳалардан эътироз билдирайлик. Эшитинг. Сўзни сўзга улаб, гап тузиб, ўз фикрини аниқ баён этиш журналистика майдонида кўрсатилган “ўйин” бўлади. Ҳар бир жамоа мураббийи майдонга тушишдан олдин тайёрлаб қўйгани каби ҳар бир жамода ғоя бор бўлиши керак. Футболнинг ғояси бир. Бу гол уриб ғалаба қозонишдир. Ҳар бир мураббийнинг гол уриш ғояси ҳар хил бўлади. Буни, яъни, ғояни майдонда амалга ошириш учун “сўз”ларни – футболчиларни ҳужум силсиласида бир бирига пишиқ-пуҳта боғлаб ўйнатиш керак бўлади. Журналистикага қайтайлик. Асланов “майдонда” қандай пишиқ “ўйин” тузяпти экан, сўзларни маржондай мантиқ ипига қандай тизяпти экан, шуни кўриб чиқайлик.

Мақола ғояси ҳақида кейинроқ гап очамиз. Масалан “УЕФА коэффициентлари-ю, турли расмиятчиликлар, регламентга чуқур киришишга истамайман”, деган гапни ёки “Футбол бўйича МДҲ чемпионатида ўтказиш таклифи ўртага чиқди”, деган гапни ўқиб, сиз бир нима тушундингизми? Биз, журналистлар майдонда бетайин оширмаларни кўриб, бундайин бемаъни футболни танқид қиламиз. Ўзимиздан гап очсак, сўзлар- “ўйинчилар”ни боғлаб турган “оширмаларимиз”, яъни гапдаги келишик қўшимчаларимиз олий лига у ёқда турсин, матбуот “майдон”ининг кўча лигасига ҳам тўғри келмаслигидан бехабармиз. Бундай қусурли “ўйинларимиз” сайт-у, саҳифа-ю, эфирларни бош-оёқ “безаб” қўйган.

Энг ачинарлиси, бундай “ўйинимизнинг даҳшатли жозибаси” “Спорт” каналини ҳам анчадан бери “безаб” келяпти. Бу аҳволга мен ҳам ҳисса қўшдимми дейман. Айбим шуки, уриша бериб Зафар Имомхўжаев бетини қотириб қўйибман, шекилли. “Спорт” каналида Полонская муаллифлик қилган “Стать ближе” деб номланган рус тилидаги кўрсатувни хақли равишда юқори малакали деб биламиз. Мазкур муаллиф ўз кўрсатувининг ярмини ё чорагини ўзбек ё инглиз тилида олиб борса, хосил бўлган бундай бўтқа касбикомилликка мутлақ тўғри келмаслигини ҳамма тушунади. Ўзбек тилидаги “Футбол шарҳи” кўрсатувининг ярми рус тилида олиб борилишига нима дейсиз? “Спорт” канал директори Давлат Турдиалиев жаноблари, Сизга айтаман. Франция давлат телевидениясининг давлат тилидаги кўрсатувини кимдир инглиз тилида, бирор кимса Россия давлат каналидаги русча кўрсатувни, масалан татар тилида таржимасиз олиб бориши мумкинми? Буни тасаввур қила олмайсиз, тўғрими? Бизда нега мумкин экан? Биз иккинчи даражали халқ бўлиб, учинчи даражали ҳурматга ҳам сазовор бўлолмаган давлатмизми? Давлат тилига қаерда бор бундай ҳурматсизлик? Бунинг устига бошловчимиз рус тилида гаплашиб “падеж”лар қўшимчасини хато ишлатса, кулайми, йиғлайми?

3. ЎН КУЛИБ, ЮЗ ЙИҒЛАШ.
Ажабтовур бир газетамиз номини ўқиб бир кулиб, бир йиғласам, унда босилган Фарҳод Норбўтаевнинг мақоласи-ю, унинг Азамат Абдураимов билан бўлган хос суҳбатини ўқиб ўн кулиб, юз йиғладим. “Футгол”нинг 50-сонини айтяпман. Гап бундай. Бутун дунёда футболни суйганлар масхара футболга, келишилган ўйинларга қарши кураш олиб боришяпти. Келишувларни деб “Ювентус” бошига тушган кунларни сиз ҳам эслайсиз, чоғи. Оғир кунларда жамоага содиқ қолиб жазони охиригача ўтаган Буффон ё Недведдан жазо таърифини сўранг. Антонио Конте 2009 йили “Сиена” жамоасида мураббийликнинг пой қадамини ташлаяпган даврда, келишув бўлганлиги уч йилдан сўнг фош бўлгач, уни ҳам жазолаб 4 ойга майдондан четлатишди. Келишув ўйинларида айбдор топилган Германия термасининг тўрт нафар ўйинчиси умрбод футболдан бадарға қилинди. Еврофутболдаям ўйин сотишаяпти, бизда нима айб демоқчимисиз? Азизларим, у ерда “сотқинлар” билан жанг кетяпти, биздачи?

Юз минглаб одамлар ҳаётда танқис бўлган КУЧ, АҚЛ, ТЕЗЛИК ва ҲАМЖИҲАТЛИК рақобатини кўрамиз деб, фақат инсонга хос бўлган ШИДДАТ, соғлом ВАЖОҲАТ ва ИРОДА, мукаммал қоида чегарисида содир бўлароқ ҳалол, қақшатқич ЖАНГни, ҳакамларнинг адолатли ҲУКМини кўрамиз деб стадионларга саф тортиб келишади. Ва аҳмоқ бўлиб қайтиб кетишади. Ким бўлишидан қатъий назар Келишувчилар футболни ўзагидан чиритишади, мағзини қуритишади. Буни ҳамма билади, лекин кўплар бунга бефарқ бўлишади, чиринди ҳолатдан ҳазар қилмай юришади, кўплар ўзининг “савдогарчилик” ишидан уялмай-нетмай, минбар ёнида савлат тўкиб туришади. Футбол ташида ”Фалончи окамизга (опамизга) совға бўлади, ютқазиб берларинг” деб, “Шаҳримизнинг юбилей тантанаси кунига сюрприз бўлсин учун атайин ютқазиб берларинг” деб буюрувчи корчалонлар ҳам бор. Футбол ичидаги бало-баттар ифлос ҳолатларни санамай қўя қолай. Ҳамма футболнинг пайини эмас, вужудини қирқмоқчи бўляпти.

АЛАМИМ БОР МАНИМ
Мен ўзбек футболини “Пахтакор”нинг 35-буржида ўтириб кузатиб бораман. Нимадир демайин, фақат майдонда кўрганимни айтаман. Қайси бир йили Туркманистон термасини 6:0 га ютган ўйинимизни эслайсизми? Ўша пайтда Туркман термасининг мураббийи ким бўлган эди, ундан аламим бор маним. Учинчи голдан кейин туриб чиқиб кетганман. У пайтлари ҳали Маҳмуд Асрорни танимас эдим. Ҳали ёзувкашлик қилмас эдим. Мени аҳмоқ қилишса, бунга чидолмай, туриб кетар эдим. Ҳозир ёзяпман. Газетхонлар олдида масъулиятим бор. Буржларда келишувларга чидаб, касофат ўйинларни сўнги сониягача кўраман. Кейин ҳар ёзувимда юз йиғлаб, минг йиғлаб келишувлар дастидан дод соламан. Фақат негадир футболни ичидан яхши билган, унинг ички ҳаётига дахлдор бўлган, унинг ривожига масъул бўлган журналистлар жим юришади. “Мўмин” бўлиб, ерга қараб туришади. Нега?

ОЛА-БУЛА ГАПЛАР ЎРМАЛАДИ
“Футгол”да Норбўтаев ҳаммасини номма-ном айтиб бу ҳақда, ошкора ёзибди. Маҳалла ҳаётида “коса сингач” иккита шаллақи кампир айбни бир-бирига тўнкаб, бир-бирининг устидан мағзава ағдаришини кўп марта кўрганмиз. “Андижон”нинг бугунги ҳаётида ҳам шу каби аҳволни кузатмоқдамиз, шекилли. Мураббийни не гуноҳларда айбламоқчи бўлган тараф табиийки, энг онсон йўлни танлайди, ҳамма билгувчи, доим бўлгувчи, доим содир бўлиб тургувчи, ҳаммага аён гуноҳларни рўкач қилади. Бу гуноҳ ўйин сотиш гуноҳидир. Шундай рўкач сабаб бехосдан футболимизнинг жирканч яраси очилиб кетди. Ифлос башарасини яшириб тургувчи ниқоб ечилиб кетди. Федерациямиз сайтидан эмас, узун қулоқ гаплардан маълум бўлишича, мақола босилгач ЎФФ биносида ола-була гаплар кабинетма-кабинет ўралаб, ўрмалаб қолибди. Тинчи бузилган одамларга келишувлар янгилик бўлгани йўқ. Газетада бу ҳақда очиқ-ойдин ёзилгани ноқулай янгилик бўлди. Тарсаки бўлди. Хўш, бу тарсаки мақола қандай ёзилган эди. Бошқаларни билмайман-у, мен учун бу мақола муҳим мавзуда ёзилган ожиз ноладай бўлиб қолди. Болливуд киносига ўхшаб фалончини, яъни Азамат Абдураимовни оққа бўяб, пистончини, яъни Фозил Мирзаевни қорага бўяб ёзилган ўзига тортар мақола бўлган. Мирзаев ўрнига бошқаси ишлади дейлик. У “кўлмакка” чидолмай тезда қочиб кетарди, ё клуб учун бир нима қилайин деб “кўлмакка” хос равишда “гуллаб” ётарди, ё ётиб қолгунча отиб қолайин деб юрарди, ё тағин бир нима бўларди. Шахсни эмас, муҳитни ёритиш керак эмасми эди. Муаллиф уни оқ, буни қора деб ёзиб мақолани чўпчакка, ёш болага ёқар, яхшиликка ундар ширин чўпчакка айлантириб қўйибти-ку. Энди ёвуз “сеҳргар”ни енгиб, майдонда адолатни ҳимоя қилиб, асл футболни барқарор қилгувчи ҳалоскор “паҳлавон” келишини кутамизми? Футболимиздаги бугунги бундай “чиройли” аҳволга ҳаммамиз айбдормиз.

Ф.Мирзаев қай муҳитда қандай ишлаяпти? Нега у билан суҳбат ўтказилмади? Ф.Норбўтаев, ҳолатни объектив ёритиш сизнинг вазифангиз эмасми? Ким Сизга тўсиқ қўйяпти. Футбол каби матбуот “майдон”ида ҳам зарбага “тўсма” қўювчилар, албатта, топилади. Бундан нолиманг. Хадзипанагисга ўхшаб алдамчи ҳаракатлар билан уларни “сочиб” ташламайсизми. Фозил Мирзаевни ўз ишида касбикомил эмас деб ёзибсиз. Ўзингизда касбикомиллик борми?

Пеллегрини “Малага”си “Реал”га қарши ўйинда рақибни яхши ўрганиб, ўз кучига тўғри баҳо бериб, ўйин ташкил қилди ва уни ҳақли равишда 3:2 ҳисобида ютди. Шундай ўйнаб “Суонси” “МЮ” билан дуранг ўйнади. 1:1. “Вальядолид” ўз имкониятига тўғри баҳо бериб “Барсага” қарши жанг қилди, голлар ҳисобини очиб берди-ю, лекин ютқазди. 1:3. Натижадан қатъий назар бу ўйинлар Сиз учун касбикомиллик намунаси бўлсин. Журналистикада Сиз ўз имкониятингизга, “рақиб” кучига тўғри баҳо бериб, натижани олдиндан кўра олиб, “Суонси” каби бор имкониятингизни оммага кўрсатиб жанг қилишингиз керак эмасмиди? Сиз нима қилдингиз? Сиз бу мақолангизда журналист эмас, тегирмонга найза ўқталган Дон Кихотга ўшаб қолгансиз, чамамда. Журналистнинг асл вазифаси моҳиятни очиб, унга тўғри ташхис қўйиб, даволаниш йўлини кўрсатишдир. Бундан бошқа нарса эмас. Сиз эса саҳифаларда “найза” кўтариб юрибсиз.

4. ГУМРОҲЛИК САБАБИ НИМАДА?
Бу мақолада бошқа бир муҳим мавзу яширин. Мураббий ва клуб раҳбари ўртасидаги муносабат мувзуси муҳим ва долзарбдир. Бу муносабат ҳеч қаерда ёритилмаяпти. Бирорта қонун-қоида бизда борми? Ҳозир қандай билмайман-у, биз ишлаган даврда ишга қабул қилинган ҳар бир одам қўлига унинг хизмат инструкцияси топширилар эди. Фаррошдан тортиб то завод деректоригача ҳамма ўз ишини, масъулиятини, ўз ҳуқуқини, вазифасини, иш тартибини, иш шароитини қонуний қилиб ёзиб қўйилган, “профсоюз” тасдиқлаган қоғоздан ўқиб олар эди. Ҳамма футбол клубларимизда ҳар хил шароит бор. Ҳамма ҳар хил тартибда, тўғрироғи тартибсизликда иш юритмоқда. Лавозимлар, мансаблар номи ҳар хил. Клуб президенти, вице-президенти, спорт директори, менежери дейсизми-ей, тағин қанча мансабдор одамлар футбол клубларида ишлашади, биз буни билмаймиз. Инсон номи тугул, мансаб номини ҳам билмаймиз. Биз ўзимиздан бехабармиз. “Барса”дан тўлиқ хабардор бўлганимиз билан ўз футболимизга нисбатан гумроҳлигимизча қоляпмиз-ку. Мендек бир ишқибоз қария уйда ўтириб, газета ўқиб билганини ўзингизга солиштиринг: “Барса” президенти Сандро Россел, вице-президенти Хосеп Мария Бартомеу, биринчи техник директор Хорди Моикс, иккинчи техник директор Манель Аройо, бош директор Антони Россич экан. Ўз футболимиз ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Биз фақат мураббийни биламиз, уни танимиз. Қайси лавозимдаги одам клуб раҳбари эканлигини ким билади? Ҳеч ким.

Фақат майдонда мараббий бош қўмондон бўлиши кераклигини аниқ биламан. Майдон ташида-чи, ким раҳбар бўлса, ўша бизда якка ҳукмрон бўляпти. Ўша аслзода хоҳласа, мураббийни ишга олади, хоҳласа ишдан бўшатади. Журналистларимиз бу ҳақда жим туришибди. Оғзига талқон солиб олиб, интернет титкилаб, бизга еврохабар етказишмоқда. Биз ҳам уларга, еврохабарларга мурожаат қилайлик.

АРАВАГА ОСИЛИБ ҚАЙГАДИР ЕТИБ ОЛМОҚЧИ?
“Барса”да Райкард даврини эслайсизми? Это’О, Роналдиньо, ўнг қанотда чопқир француз, оти Людовик Жюлимиди, тағин алла-кимлар порлашган эди. Бирдан қаторасига неча бор чемпион бўляпган жамоа мураббийини ишдан олиб ташлашди. Ҳеч ким танимаган, ҳеч қайси жамоани бошқармаган Гвардиолани бош мураббий этиб тайинлашди. Лапорта қип-қизил аҳмоқ экан-ку, дедик. Кейин Пеп Гвардиола даври бошланди. Унинг порлаши камида ўн йил давом этади деган эдик. Йўқ, у ҳам алмаштирилди. У қўшиғининг энг юқори чўққисида саҳнани шогирдига, Тито Вилановага бўшатиб берди. Во ажабо, бу энди аниқ тузатиб бўлмас хато бўлди деган эдим мен ҳам. Ҳозир “Барса”нинг порлашини кўринг. Бир истеъдод порлашига ҳудуд торлик қилса, олдинги бош мураббийни ишдан бўшатишяпти. “Барса”да авторитетни улуғлаш йўқ. Касбни улуғлашади. Ушбу ҳолат мураббий ишида узвийликни, клуб президенти ўзгариб турса-да, раҳбариятда доим узвийлик, донолик сақланиб қолишини таъкидламоқда.

Энди рақиб жамоа бўлган “Реал”дан мисол келтиришимдан олдин, сўз орасида Асланов мақоласини эслатиб ўтай. Асланов, ўз “Мадҳиясида” биз учун чет тилларни билиб олишимиз даргумон иш деяпти. Араб футболини унутиб юборинг деяпти. Чунки араб тилини Тўлқин Бакирхўжаевдан бошқа ҳеч ким билмаганидан ҳамма “Ал Жазийра Спорт” каналига эмас, “НТВ+”га боғланиб қолган деяпти. Чала бўлса-да рус тилини билганимиз учун жаҳон футболидан бохабар бўляпмиз деяпти. Энди МДҲ чемпионатида ўйнаб, рус тили билан кифояланиб, рус футболига четдан яқинлашиб, унинг аравасига осилиб олиб жаҳон футболига чиқиб олайлик, деяпти. Бу қандай каззоб гаплар бўлган, фахмладингизми?

Эй, муҳтарам замондошим, сизнинг аждодингиз бир замонлар араб тилини шундай мукаммал ўрганиб олиб, бутун араб халқлари қўлига араб тилидан дарслик тутқазиб, бир неча аср давомида авом халқнинг саводини унинг ўз она тилисида, араб тилида чиқарган экан. Бу ҳақда эшитганим бор. Сиз замонамизда ўз ўрнингизга, ўз сўзингизга, ўз мухлисингизга эга бўлган одамсиз. Сиз испан тилини мукаммал ўрганиб, испан футбол янгиликларидан ўз халқингизни, наинки ўз халқингиз, балки бутун “русскоязычный” халқларни испан футбол янгиликларидан хабардор қилсангиз, сизни биров уришадими? Нега бу гапларни айтяпман, биласизми? Испан тилини билгувчи қўшним боласининг айтган гаплари сизни, Асланов ва сиз ёзган “Мадҳияни” эслашимга сабаб бўлди. Испан сайтларидан олган унинг сўнги маълумотларига кўра “Реал” президенти билан Моуриньо орасида келишмовчиликлар бор экан. Тағин алла-қанча икир-чикр чақим гапларни айтди. Сиздай футбол билимдони эмас, футболдан йироқ қўшним испан тилини ўрганиб, испан сайтидан маълумот келтиргани учун хабарларнинг мағзидан пўчоғини ажратиб, қолган гапларни ўзим фараз қилиб билмоқчиман.

“РЕАЛ” ҚОЗОНИ ҚИЙНАЛИБ ҚОЛДИ
Флорентина Перес “Реал” саҳнасига олдинги сафар келганида Дель Боскени ҳайдаб, бир майдонга бутун дунё юлдузларини йиғиб, уларнинг сўнги давр ижодини бўтқага айлантирган эди. Рональдо, Фигу, Бекхем, Зиданларни эслайман. Уларнинг ҳар бири бир жаҳон, бир қуёш эдилар. Уларнинг ҳар бири бир жамоага йиғилиб ўз мавзумасини, яъни орбитасини торайтириб, ўзаро таъсир ҳудудида чарақлашдан тўхтаб қолишган эди. Ф.Перес “Реал”нинг майдондаги ўйини ҳароб бўлса-да, юлдузларнинг кўчадаги “шоу”-шувидан катта даромад кўрган эди. Кейруш, Камачо, Лушембурго каби мураббийларни чирпирак қилиб ташлаган эди. Трансферни якка ўзи бошқариб, жамоага мегаюлдузларни, ўзининг маҳорат чўққисига чиқиб бўлган мегаюлдузларни йиғар эди. У ҳамма соҳада ҳамма нарсани барбод қилди-ю, саҳнага Калдерон чиқди. Шунда Фабио Капелло қуруқ қўл билан келди-ю, олтин олиб бериб кетди. Кейин Мадриддан узоқлашди. Қандай қилиб сайловда Ф.Перес иккинчи бор ютиб, “Реал” саҳнига чиқиб, тахтиравонга ўтириб олганини билмай қолдим.

Ҳозир Пеллегрини ўрнини Моуриньога бергач, Флорентино Перес ўзининг иш услубини ўзгартирган бўлса-да, ўзини ўзи сира ўзгартира олмайди. Бу аниқ. Ушбу кунлар “Реал” “қозонида” иккита қўчқорнинг калласи қийналиб “қайнамоқда”. Аввалига “Реал” ЕЧЛда ғалаба қозонгунича иккала қўчқор бундай қайнашга рози бўлишади деган тахминим ўзини оқламоқда эди. Икки йилда “Реал” Испания чўққисига чиқди. Энди беш йил бу чўққини ҳеч кимга бермайди деб ўйлаган эдим. Адашибман. Бу йил куздан бошлаб ҳамма нарса ўзгарди. Улар бир-бирини ҳар хил воқеалар ёрдамида “қозондан” сиқиб чиқаришяпти. Роналду кетади, кетмайди деган чигал гаплар ҳам бу сиқиб чиқариш асоратидир. Агар Перес лавозимидан четлатилса, ажабланмайман, чунки Моуриньо жуда кучли шахс ҳисобланади. Лекин икки ўртада шундай ажойиб ўйинчилар ансамбли жабр кўряпти. Футбол жабр кўряпти. Воқеалар шу кетишда кета берса, иккаласи ҳам лавозимидан кетиши мумкин.
 
КИССА ТАҚДИРИ УСТУВОР
Манимча, бу йил “БУНЁДКОР”да нимаси биландур шунга жичча ўхшаш воқеа содир бўлди. Аввал “Реал”даги сингари, майда “интригалар” бўлиб турди. Кейин Давлатов “даволаниш” мақсадида “ўйин”дан четлатилди. Футболга ва ўз ишига, вазифасига бўлган муносабат, ҳамда турли тушунчалар тўқнашувида Қосимов ютиб чиқди. Баҳром Давлатов ютқазди. Тўқнаш келган тушунчаларда, ишга бўлган муносабатларда қандай фарқ бор эди, бир-бирини инкор этувчи қандай кучлар бор эди, буни ҳеч қачон била олмаймиз. Ҳақиқатни билсак, жиддий, объектив қийинчиликларни ҳурмат қиларми эдик. Фикримизда, ҳаётимизда тиниқлик (прозрачность дейишади) пайдо бўларми эди. Бўялган, пардоз қилинган футболни эмас, реал, тирик футболни кўра билиб, элнинг футболга бўлган эътибори ўсарми эди. Журналистлар жим. Ҳамма нарса кўздан нарида, демак эл эътиборидан нарида яширин қола беради. Битта-яримта клубга яқин одам тўй-пўйда “гуллаб” қўймаса, клубнинг матбуот ходимлари сув эмас, қум ютиб жим юришади. Агар кимдир гапирса борми, ишдан ҳайдалади, пулдан ажралади. Уларни футболимиз тақдири эмас, кисса тақдири кўпроқ қизиқтиради. Бу сукунатда фақат биргина журналист бошқа бир соҳада муаммо ниқобини ечмоқчи бўлибди-ю, қош қўяман деб кўз чиқарибди. Мен юқорида айтиб ўтгганим “АНДИЖОН” мисолида ёзилиб, “Футгол”да босилиб чиққан Фарҳод Норбўтаевнинг мақоласини айтяпман. Ҳамманинг устидан ҳукмрон бўлган “Сукунат” қонунлари журналистларимизни нўноқ қилиб қўйгандур-да. Наҳотки, Мираброр Усмонов ҳам бу “қонунларга” итоат қилсалар?

5. ГАП ТАГИДА ГАП БОР. “ЎЙИН” ОРТИДА...
Энди боя айтиб ўтганим, “Барса” - “Вальядолид” ўйинига қайтайлик. Бутун тайм давомида “Барса” ҳужум қиляпти. Ҳамма рақиб майдонида. “Барса” майдони бўм-бўш. Баъзида “Барса”нинг рақиби қарши ҳужумда грантларни эсанкиратиб қўймоқда. Гол ўтказиб юборишлари ҳеч гап эмас. Альба, Альвес, Маскерано майдон марказида рақибни қарши олиб ҳужумни бошлаб беришади. Рақибнинг жарима майдонида Хави, Педро, Месси, тағин алла-кимлар рақибни ҳужум силсиласи тўрига ўраб ташлашмоқда. Лекин бирор нарсани эплолмай, орқага, майдон марказигача қайтишмоқда. Ҳужумдан ҳеч қандай натижа чиқмаяпти. Болалар ўйиндан олдин Тито ҳурмати ютамиз деб қасам ичишган. Мана шундай ҳужум йўналишига, унинг шундай ривожига рақиб бас келяпти. 0:0. Тайм сўнгида Мессининг даҳоси “сўз олди”. Майдон марказидан ҳужумни ҳеч ким кутмаган тарзда ўзи бошлаб берди. Ҳужум якунида эмас, бошланишида, майдон марказида тўртта-бешта рақиб ўйинчисини ўзига қаратиб, бир сония шиддатни сустлаштиргандай бўлиб олди-ю, кейин тезлашиб, ҳужум якунида Санчес билан ўйнаб, голвар вазиятга Хавини чиқарди. ГОЛ. Узоқ кутилган гол. 1:0... Ўйин 3:1 ҳисобида “Барса” фойдасига ҳал бўлди.

Эътиборингизни нега бу эпизодга қаратдим, биласизми? Ҳаётда ҳар доим кутилмаган йўналиш, янгича тасвир, янгича ҳолат, янги натижа беради. Мафтункор бўлади. Ҳамманинг эътиборини ўзига қаратади. Асланов “Мадҳия”сини айтяпман. Ҳозир “нимадандир манфаатдор” Миллер қадамига мансуб мафтункор “даҳо юришнинг” ниқобини ечмоқчиман. У умуман янгилик, янги гап, янгиланиш бўлгани йўқ. Жаноби Миллер кутилмаганда эски гапга, яширин ниятга янги йўналиш берди холос. Янгиланиш эмас, янгича “ўйин” бўлди. Ҳаммани ўйин қиляпти. Ҳамманинг эътиборини ўзига тортди. Ҳамма ёқда дув-дув гап бошланиб кетди. Агар менинг ҳукмим ўтганда эди, ФИФА қарори билан Лондон олимпиадасининг бронза совриндори карис Пак ЖОНГ ВУга қарши қўлланилган жазо чорасини жаноби Миллерга қарши қўллаган бўлар эдим. Чунки унинг “ўйини” ортида “сиёсатпараст” ниятлар яширин. Доим қандайдир сиёсатдонлар футболни ўзининг қандайдир “сиёсий мақсадлари” йўлида ишлатмоқчи бўлишади. Аслида футболнинг ўзи ҳақиқий, энг хаққоний, энг гўзал, энг халқчил сиёсатдир. Қитъалар, шаҳарлар, ороллар Корея ёки Япония мулки эмас. Ҳаммаси ФУТБОЛ мулкидир. Бутун дунё футбол салтанатига тегишлидир. Корея яқинидаги Докдо ороли ҳам.

ТУТҚАНОҒИ ТУТИБ...
Газпромнинг мақсади чиркин, нияти бузуқдир. Россияда давлат арбобидан тортиб то маҳкама фаррошигача ҳамма Совет Иттифоқи парчалангани учун “Великую Страну развалили” деб очиқ-ойдин уввос солиб “йиғлаб” юришибди. СНГ, ЕВРОАЗИЯ ва ҳоказолар билан ягона марказлашган давлат тизимига ўхшаш бир нимани тикламоқчи бўлишади. Ўхшамаяпти. Олдин ЎЗБЕК футболини бошқа футболлар қаторида “бағримизга” олайлик, дейишяпти. Кейин кино санъатини бирлаштирувчи ташкилотлар ўзидан ўзи пайдо бўлади деб тахмин қилишяпти. Шунга ўхшаш “орзу-ҳаракатлар” доим бўляпти. “БУНЁДКОР”нинг молиявий имконияти “НАСАФ”дан ўн карра баланд бўлиб, Ривалдога ўхшаган 10та юлдузни сотиб олиб ўйнаса-ю, унга ўз чемпионатимиз савияси пастлик қилса, марҳамат, РФФга ўтиб кетиб, 3 йилда Россия чемпиони бўла қолишсин. “Монако” ўйинчилари Франция чемпиони бўлишган-ку. Йўқ, албатта, бирор ташкилот тузиш шарт экан. Грузия, Арманистон, Озарбайжондагиларга бу таклифлар ёқиб тушган эмиш. У ердаги майда чемпионатларда рақобат паст бўлса, марҳамат, Кавказ халқлари чемпионатини ташкил қилишсин. Бу чемпионатда мустақил Кавказ давлат клубларидан ташқари Россиянинг “Анжи”, “Алания”, “Терек” каби клублари қатнашсин. Чиқим кам, масофа ҳам, фойда кўп, натижа катта бўлади. Йўқ, бу таклиф Россия давлат арбобларига ёқмайди. Чунки бундай чемпионат ташкил этилса, ўша ўлгур СНГ чемпионатини яратувчи арбоблари иродасидан, бу иродани изҳор этувчи жаноби Миллернинг “ўйинидан ташқари ҳолат” бўлиб қолади-да. Кавказ халқлари футбол туфайли бир-бири билан яқинлашиб кетса борми, ўша арбоблар оғзига кўпик келиб, тутқаноғи тутиб қолади. Ўшандай сиёсатфурушларнинг мараз ишлари туфайли Озарбайжон ва Арманистон футбол клублари бир-бирлари билан майдонда учрашмайдиган бўлиб қолишган. Бундан ҳамманинг хабари бор.

Мана мени айтган эди дерсиз, СНГ чемпионатини, унга тегишли ташкилотни тузамиз деб, бунинг учун аъзоларига молиявий ёрдам берамиз деб аврашади. Кейин бу клубларни оталиққа оламиз дейишади. Шунда Аслановга ўхшаганларнинг боши осмонга, оғзи ошга етишадими, ё бекоргина пушаймоннинг бештасини ейишадими, билмадим.

БЕШ БАТТАР БЎЛДИ
Бу мақола бошқа бир воқеани хотирамга солди. Бундан тўрт йилча олдин қиш кунлари Маҳмуд Асрор мени таҳририятга чақириб қолди. Бир нима кўрсатаман деди. Бобомурод Абдулланинг дардли, қонталаш мақоласи экан. Футболимиз танасидаги киши билмас бир ярани фош қилувчи оғриқ экан бу мақола. Шу бир мақола мавзусига бутун газетамизни бўйсундиришга келишиб олдик. Мен ҳам бу мавзуни бошқа томондан ёритаман деб кейинги сонда Бобамуродга “қарши” бир мақола ёзиб бермоқчи бўлдим. Бу сонга ўзи “кириш” ва “чиқиш”ни ёзадиган бўлди. Хуллас иш қизиб кетди. Лекин минг афсус бўлсинки, ишимиздан кимдир хабар топибди, шекилли. Биздан аввал бу ҳақда бошқа биров мақола ёздими, кимдир биздан олдин мақола мавзусини фош қилдими, деб сўраяпсизми? Йўқ, ундан бешбаттари бўлди.

Газета чиқар куни кучли журналист жуда катта маҳорат билан бошқа бир мавзуда, яъни йил ўйинчисининг танлови мавзусида, ҳайъат кирдикорларини фош қилиб “Монтёр” никими билан сайтда бир мақола чиқардики, ҳамманинг эътиборини бир ҳафтага ўзига боғлаб қўйди. Бутун футбол оммаси оғзида шу сайт мақоласи бўлди. Ҳамма ёқда эшитдингми, ўқидингми деган гаплар тутаб кетди. Ҳатто, Бобомуроднинг ўзи ҳам газетада “Монтёр” кўтариб чиққан мавзуда мақола ёзди. “Монтёр” номи остида ҳамма нарсадан хабардор, федерациямизнинг бир ходими яширин бўлса керак, уни танимайсанми?” деган гапларни чайнаш одат бўлиб қолди. Бобомурод мақоласи “Монтёр” соясида қолиб кетди. “Монтёр” биз тайёрлаб қўйган мақоланинг кучини, дилларни ёритувчи нурини ўчириб қўйди. Ҳалигача бу воқеа бизга қарши бўлган қандайдир кучларнинг режали иши бўлган эди, “Монтёр” биз очмоқчи бўлган футболимиздаги қинғир ишларнинг қозон қопқоғини ёпиб қўйгувчи одам эди, деган тахминлар бор. Сайтда маҳорат билан ёритилган “Йил ўйинчиси”нинг танлов воқеалари футболнинг икир-чикр гаплари эди, холос. Аслида “пряник” эгасини, йилнинг уйинчисини топишга бағишланган сайтдаги ўша мақола, газетамизда босилишга тайёр турган Бобомуроднинг “Рўзман иши” деб ном олган мақоласи олдида мутлақо муҳим бўлмаган бир кунлик мавзу эди, холос. Менимча “МДҲ МАДҲИ” билан “Монтёр” орасида қандайдир ўхшашлик бор. Унда ҳам бунда ҳам муаллиф ниятини билиб бўлмайди. Илмнинг таърифига кўра ҳар доим НИЯТ энг муҳим дейилади. Жараён эмас. Манимча, “Монтёр”нинг ҳам, “Мадҳия” муаллифининг ҳам нияти ўзи учун тайин эмас эди. Аслида одамлар бир-бирига ўхшайди. Уларнинг бетайин ишлари ҳам.

Аслановнинг бу “Мадҳияси” ўзи билмаган ҳолда ниятсиз, ҳимматсиз ўтяпган бу ҳаётнинг миннатсиз дил изҳори бўлди, фото нусҳаси эмас, сайт нусхаси бўлди.

6. ЎРТАГА ҚЎЙИЛГАН САВОЛ
“Спорт” каналида Полонская бу галги кўрсатувида ТВга Лушанни таклиф қилган экан. Лушан бир саволга жавоб бера туриб, бирор клубнинг бош мураббийи бўлиш ниятим йўқ деб айтди. Ёшлар билан ишлаганим маъқул деяпти. Чунки бош мураббийлик “неблагодарный труд” эмуш. Қадрсиз, меҳнати поймол бўлувчи касб эмиш. Бирор клубдаги бош мураббийнинг топган тутгани бир кунда йўқ бўлиши мумкин деди. Тўғри, қандай қарашга боғлиқ. Менимча, Нуралиевлар меҳнати, яъни ёшлар истеъдодини очиш заҳмати “неблогадарний” касблар сирасига киради, беш йил қилган меҳнатинг мевасини биров териб олади ёки чиритиб ташлайди. Қанча истеъдодлар йўқ бўлиб кетяпти, уларга гўдаклик пайтидан бошлаб меҳрини аямай берган устозлари чирқиллаб қоляпти. Ўн олти ёшига қадар Мусаевдек мусаввирнинг йиллар давомида парваришлаб яратган картинаси устидан лой чаплаб қўйишяпти. Лекин бирор бир жамоанинг бош мураббийи мусаввир бўлиб картина ярата олса, бу картина тарихда қолади. Кўчирмачи маляр бўлса, ёш истедодларнинг ўлгани бўлади. Тўғри, мураббий бугун шоҳ бўлса эртага гадо бўлиши мумкин. Бунга чидаш керак.

Ушбу кунлар журналистлар орасида бир ой олдин авжига чиққан баҳс тинчиб кетди. Табиий ҳол. Бошқа мавзуларга ўтиб кетишди. Лекин ўртага қўйилган ўша савол муҳим эди. Абрамович мураббийларни алмаштириб тўғри иш қилдими? Ди Маттео ёрқин ўйин кўрсатиб, ЕЧЛни ютиб берган эди-ку, нега уни ишдан бўшатади, дегувчилар кўп бўлди. Ди Маттео ёрқин мусаввир, ҳали янги картиналар ярата олади. Виллаш Боаш “Тоттемхэм”нинг тоза оқ қоғозини олиб, унинг устида янги картина ярата бошлади. Мураббийлар ўз картинасини мой бўёқда эмас, акварель бўёғида яратишади. Салгина хато қилсанг борми, устидан аниқ, бехато топган рангларингни қайта-қайта сурта берганинг билан фойдаси бўлмайди. Натижада картина устида ишлаган саринг у хиралашиб, ранглари ифлосланиб кетади. Ундан кўра янги оқ қоғоз олиб янги картина ярата бошлаганинг маъқул. Ёки учинчи йўл бор. Умуман изланишдан тўхташ. Даражани ушлаб туриш. Ўзини такрорлаш. Ди Матео ўзига ишониб картинага бўёқ суртишни давом эттирди. Бу аҳволни сезиб қоган Абрамович жамоага Бенитесни таклиф қилди. Янги мусаввир оқ қоғозда ҳар бири ўз ўрнида ёрқин бўлган бўёқлардан-ўйинчилардан фойдаланиб ўз картинасини аста-секин ярата бошлаяпти. Бенитес катта мусаввирдир. Ди Матео ҳам.

“НАВБАТЧИЛИК” ТУГАГАНИ РОСТ БЎЛСИН
Миржалол Қосимов майдонда алоҳида шахс эканлигини исбот қила олган ўйинчи эди. Мураббийлик даврида ўзининг футбол фалсафасига мос келувчи “эстетик” тушунчаларини шакллантириб, маълум бир довон олдига етиб келди. Бу довонни ҳам забт этишга ақл-заковати етармикан, умид қилиб қоламиз. Тағин бошқа бир муҳим эътирофим бор. У “БУНЁДКОР”ни шакллантиришда ҳали ҳеч адашгани йўқ. Замонавий футболда қанотлар тезкор бўлиши шарт. Рашид Ғофуров ўнг қанот ярим ҳимоячиси эди. Бир йилдаёқ “Бунёдкор”га кумуш медал олиб берганлардан бири эди. Уни ва Саҳоб Жўраевни шу ерда, қанотларда кўрдик. Улар тезкор ўйинчилардир. Жасур Ҳасановни айтмай қўя қолайлик. Масалан “ПАХТАКОР”да тезликда доим панд берувчи Суюнов қанотда узлуксиз неча йилдан бери ўйнамоқда. Важоҳати билан майдонда ёшларга сардорлик қилиб келмоқда. Станислав Андреев ҳам шу аҳволда қанотда ўйнайди. Марказга қўй уларни, дегувчи одам топилмайди. “Бунёдкор”га қайтайлик. Азиз Ҳайдаровнинг шаклланишида шубҳасиз Абрамов, Инилеевнинг хизмати катта бўлган. Лекин айнан “Бунёдкор”да унинг ўйини пишиб етилди. Чунки у Ривалдонинг ёнида бир калла юқори ўйинда иштирок этган эди. Бошқа ўйинчиларни ҳам санаб ўтишим мумкин.

Энди гапнинг индаллосини айтай. Қандай қилиб ёш, ўн гулидан бир гули очилмаган, истеъдод эгаси Алибобо Раҳматуллаев “Бунёдкор”ни ташлаб “ПАХТАКОР”га ўтиб кетди. “Пахтакор” ёшларга хос важоҳат, шижоат эвазига чемпион бўлди. “Пахтакор” ёш истеъдодларнинг “инкубатори” холос. Футболчилар учун соғлом ижодий, инсоний муҳит ярата олишди бу йил. “Пахтакор”даги ижобий кўринишлар Мурод Исмоилов билан боғлиқ бўлса керак. Бабаян номини айтм

Киритилган сана: 17.01.2013 23:30. Ўкилди: 10702 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:08. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 09:08. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:52. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:52. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:49. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 03:49. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


SHAHRIXON
Сана: 06.06.2013 18:32. SHAHRIXONга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FATHQUQON
Сана: 18.01.2013 18:48. FATHQUQONга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.