Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Ғоябардорлик

Баҳо:
+0; -0

Равшан Ҳайдаров шогирдлари куни кеча саккиздан бир финал жангида Гонконг ёшларини 3:0 ҳисоби билан ютиб, чорак финалга чиқишди. Офарин.

РИВАЛДО ВА АРВЕЛАДЗЕ
Бабаян фалсафамга тўғри келмайди, фалсафамга тушмайди деб кўп гапирар эди. Ҳайдаров эса, катта гапирмаяпти. Равшан Бабаяннинг мураббийлар штабида ишласа-да, бош бўлмагани учун олдинга чиқмас эди. Сояда юрар эди. Интервью беришни хоҳламаган эди. Футболчилар берар эди. У эса йўқ, бермас эди. Индамай юрди. Касб одобини сақлаб юрди. “Фалсафага” муносабат билдирмай юрди. Футболнинг фалсафаси ҳамма учун битта. Ғалаба қозонишдир. Гол урмай ғалаба қозониб бўлмайди. Голнинг инглизчадан ағдарсак, унинг луғавий мазмуни мақсаддир. Майдонга тушишнинг мақсад-муддаоси биттадир — гол уришдир. Ғалаба қозонишдир. Ҳужум ҳимоядан бошланади. Ҳужум гол уриш билан якунланиши керак. Пеле, Гарринча, Сантос, Дидилар пайтида бразилларнинг бир ибораси бор эди. “Рақиб бизга қўлдан келганича гол уради, биз хоҳлаганимизча гол урамиз”, — дейишар эди. Мураббий ўзининг гол уриш ғоясини ишлаб чиқиши керак. Уни жамоага сингдириши керак. Бабаянда ҳеч қандан футбол ғояси бўлмаган. Ўйин ҳақида ўзига яраша қандайдир ўз тушунчаси бўлгандир, балким. Ҳозир Равшан Ҳайдаров ўзи учун янги ўйин ғоясини яратмоқда. Мураббийда ўйин ғояси бўлмаса, у бир кунлик бўлиб қолади. Бугунги кун билан яшайди. Бир куни, бир ойи, бир йили ўтса бўлгани. Янги ўйин ғояси, масалан, Андрей Фёдоровда, Шота Арвеладзеда йўқ. Улар чизиқлар бўйича энг яхши ўйинчиларни йиғиб олиб, ўйин структурасини созлаш билан овворалар. Бундан ортиғи уларга керак эмас. Улар учун молия оқими фавворалар каби тошиб турса, бўлгани. Янги ўйин яратиб эмас, жанг қилиб эмас, очко териб чемпион бўлишмоқчи.

“Зодогонлар” учун очко теришнинг икки йўли бор. Биринчидан, териб келган кучли ўйинчилар эвазига ўйинни кучайтириш, иккинчидан рақибни кучсизлантириш. Жаъфар Ирисметов иккала йўлдан қойил қилиб юрибди. “Насаф”ни синдиришди. Зўр ўйинчиларини тортиб олиб, “Локомотив”ни ечинтира олмайдидар-да. Молия фаввораси етмайди-да. Йўқса, уни ҳам синдирган бўлардилар. “Пахтакор”га узоқлардан Ван Гал ёниданмией, ё қай гўрдан етиб келган гуржи Сайёраси иш бермаяпти. Бир нима бўлса, тайёраси тайёр турибди. Учароғига минадию, учади кетади. Сколари бизга нима берган эди-ю, Шота нима берарди? Ўзбек футболида Арвеладзе бугун бор, эртага йўқ. Пул овида юртларни сайр қилиб юрган сайёра одам у киши. Футболимиз аҳволига жони ачишмайди унинг. Футболимиз равнақи деб у куюнмайди. Куюнгани учун унинг пули кўпайиб қолмайди-да. У Гус Хиддинк ё Ривалдо эмас. Гус Хиддинк рус футболининг ривожига катта ҳисса қўшган. Черчесовга бу йил маслаҳатчи бўлганини ҳозирча ошкор қилишмаяпти. Ривалдо ўзбек шерикларига ўргатаман деб аутларни ҳам ўзи отар эди. Аутдан ҳужуми бошлаб берар эди. У футболчилик фаолиятини Бекхемга ўхшаб “Лос-Анжелес”да эмас, ё Раулга ўхшаб “Ас-Садд”да эмас, қайси бир қолоқ Африка клубида оз ойлик олиб, футболни тарғиб қилиб якунлади. Арвеладзега икки баробар катта пул билан четдан шартнома таклиф қилишса борми, эртасигаёқ “Пахтакор”ниям, Тошкентниям, Ўзбекистонниям ўйлаб ўтирмайди. Ҳаммасини унутиб юборади.

САФСАТА ЭМАС
Шотани танқид қиламан деб мавзудан бир оз чалғидим. Ўйин ғояси бор гапми, ё Бабаян фалсафасига ўхшаб сафсатами? Дидье Дешамнинг ўз ўйин ғояси, шу ғояга муносиб гол уриш вариантлари бор эди. Майдонни, ўйинни, назоратидан чиқармай рақибини майдон бўйлаб ҳимоя ботқоғида толиқтириш. Рақиби хориган пайтини топиб, эътибори суслашган сонияда ўткир ҳужум қилиб, гол уриб қайтиш унинг ўйин ғояси бўлди. Бразилларнинг ҳужуми фаранглардан кучлироқ бўлса-да, уларнинг ола-тасир йиртиб ҳужум қилиши иш бермади. Ўйин назорати бельгияликларда бўлган эди. Бош мураббий ғоябардор бўлиши керак. Жангда аскарлар байроқдор, яъни аламбардор атрофида жипслашиб жанг қилишганидек, фаранг футболчилари бош мураббий ғояси атрофида бирлашган эдилар.

ШАРМАНДАЛИКМИ?
Майдонда мураббий ғоябардор бўлса, майдон ташида раҳбарият ғоябардор бўлиши керак. Бу ғоя атрофида барча клублар, футболчилару мутасаддилар, журналистлару ишқибозлар бирлашиши керак. Раҳбарликда ҳам ғоя устувор бўлиши, ишнинг, қарорнинг асоси бўлиши керак. Стратегик мақсад йўлида ҳар бир ислоҳотнинг замирида бир ғоя ётиши керак. Раҳбариятда унисиям бунисиям йўқ. Узоқ кутган ислоҳотларимиз эсиз, шундай ўтмоқда. Бугун маълум йўналишда бир қарор чиқаришса, эртасига бунга аксил йўналишда қарор чиқаришмоқда. Чунки ғоя йўқ. Стратегик режа йўқ. Форматда регламентни ўзгартиришга уриниш, ўзи жорий қилган олтин очколар қоидасига ўзи қарши чиқиш, қарорларда ҳеч қандай ғоя, стратегик режа мутлоқо бўлмаганлигини кўрсатмоқда. Тутуриқсиз одамларнинг тутуриқсиз қарорлари экан. Бизда ижтимоий онг корчалон олдида тавозеда бошини эгиб турган бўлса, ижтимоий тармоқ корчалоннинг қабиҳ ниятини фош қилиши мумкин экан. Асосий жанглар олдидан зодагон клубнинг манфаатини кўзлаб регламентни ўзгартириш нияти амалга ошмай қолди. Фош бўлиб амалга ошмай қолган бундай уринишни шармандалик деб атаймизми? Ҳар бир дарахтнинг учта ўқ илдизи бўлганидек, ушбу шармандали воқеанинг учта ўқ илдизи бор. Биринчисини айтиб ўтдим. Ҳаммамизнинг, яъни футбол ташида-ю, ичидагиларнинг онгсизлигида. Маърифат пастлигида. Ҳеч ким бизда воқеанинг мазмун-моҳиятини изламайди. Ҳар бир иш маълум бир ғояга асосланиб олиб борилиши керак деб билмайди. Барча ислоҳотларимиз хаотик тарзда бўлмоқда.

УДДАБУРОНЛИК
 Иккинчи ўқ илдиз ўтмишга бориб тақалади. Футболимизда Аҳмаджонов даври бошланди деб айтсак бўлади. Ундан олдинги даврни кимдир турғунлик даврига, яъни Брежнев даврига ўхшатди. Ҳаётимиз қоғозда, гапда чиройли, олиймақом эди. Амалда барчаси аксинча бўлган. Ҳамма нарса инсон манфаати учун дейилар эди-ю, амалда партократия манфаати учун қилинар эди. Конституцияга амал қилинмай, ҳамма ёзилмаган, партократия учун хизмат қилган “қонунларга” бўйсинар эди. Таниш-билишчилик авжида. Телефон хуқуқи ҳукмрон эди. Давлат мафияси бошқарувда. Райком-ота, обком-ота, ижроқўм-ота лавозимлари сотилар эди. Брежнев куёви, МВД раҳбари олмос мафиясини бошқарган экан. Футболдаги аҳволга келсак, олдинги давримизда пуллар мафия қўлида бўлганини Аҳмаджонов ўз нутқида айтиб ўтди. Абдураҳим Позилов ўз командаси билан бирга “Бунёдкор” стадиони олдида чайқовланиб чипта сотиб юрганини ўзим кўрганман. Матбуот ходими раҳбар олдига ойлигим кичик, мени ишдан бўшатинг деб кирганида, раҳбар унга шу лавозимда ишлаб туриб қандай қилиб “пул қилишни” ўзи ўргатган эмиш. Эшитганим бор. У даврда ҳар қандай йўл билан, яъни ҳалол ҳаромни фарқламай “пул қилиш” одат бўлган эди. Мардона иш, ёки уддабуронлик деб саналар эди. Ҳозир-чи?

ЎЗИ ХОН, КЎЛАНКАСИ МАЙДОН.
Футболдаги ҳозирги давримизни Горбачёвнинг ошкоралик даврига қиёсласак бўладими? Балким шундайдир. Футболимизда ошкора гапни фақат Аҳмаджонов айтиши мумкин. Абрамов ўз фикрини ошкора айтгани учун футболдан бадарға қилинган эди. Буни қандай тушунишимиз керак? Аҳмаджонов ўз фаолиятини бошлаши билан таниш билишчиликка, қариндош уруғчиликка қарши кураш эълон қилган эди. Ўзи эса, ПФЛ бош директори лавозимини футболдан узоқ одам ҳисобланган, ўз қайниси бўлган Омон Ғофуровга топширганини қандай изоҳлайсиз? Биласиз, барча ислоҳотлар футболимиз ривожланиш йўлига хизмат қилмоқда. Ислоҳотлар туфайли барча клубларга баробар тенг рақобатни жорий қилмоқчи бўлдик Фақат бир клуб “Пахтакор” бундан истисно экан-да? Ҳаммани гумроҳ билиб, куппа-кундуз куни икки кўзини лўқ қилиб “Пахтакор” манфаати йўлида рекламентни ўзгартирмоқчи бўлишди-я. Мавсум ўртасида олтин очколарни йўқ қилмоқчи бўлишди-я. Рекламент, яъни мусобақа қонуни раҳбарият учун қонун эмас экан-да. Раҳбар қонундан устун экан-да. Горбачёв партия диктатини бир оз чеклаб халқ демократиясига йўл очган бўлса-да, у ўз қарорини ҳаммадан устун қўярди. Ўзи хон, кўланкаси майдон эди. Аҳмаджонов ҳам шундай ишламоқда. Ўхшашлик бор. Қисмати ўхшамасин. Горбачёв ўзини хокими мутлоқ санаб рақобатчисини, очиқ танқидчисини Партиянинг сиёсат майдонидан четлатган эди. Ўша кимса, яъни Ельцин вақти келиб уни ҳам, партияни ҳам ағдаргани рост гап.

Учинчи илдиз ҳақида ўз фикримни эртага баён этаман. Ҳозир сизларга яхши тилакларимни йўллаб хайрлашиб қоламан.  

Ҳасанали-отангиз ёздим. 25.08.2018й.

Киритилган сана: 26.08.2018 14:56. Ўкилди: 4980 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


ALBARS
Сана: 27.08.2018 07:59. ALBARSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.