Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Филиппин олдидан. 2-қисм

Баҳо:
+0; -0

5-САҲНА. “ФАРРОШ ҲАМ БИРГА ЭДИ”.

Жонга тегди номдор қўғирчоқ.
Кимга керак менинг гапларим.
Соя билан бўлдим қирпичоқ.
Эзма-чурук сўзлар сопладим.

Мураббийлар кўп марта алмаштирилди. Асқар Толибжонов Недведга (Ювентус) ёки Румменигге (Бавария)га ўхшаб вице-президент бўлиб ишлайди. У кўп эмас, оз-моз футболни улар каби тушунса эди, Доҳада биз яхши ўйин кўрсатармидик. Ушбу кимсалар қўл остида бўлиб ўтган Миллий терма жамоамизнинг 6та машғулотини кузатдим. Биронтасида Асқар Толибжоновни мураббийлар даврасида кўрмадим. Бош мураббий қандай Ўйин тайёрлаётгани вице-президент учун фарқи йўқ эдими, ё бўлғуси ўйинни бутулай тушунмасмиди, ё машғулотлар Асқар учун муҳум эмасмиди? Билмадим. Янги ўйин тайёрлашда Толибжонов қатнашмади. “Пахтакор” вице-президенти жамоанинг ҳар бир машғулотини ўзи ташкил қилгани учун, ўйин борасида ўз мақсади бўлгани учун Клубни олдинга бошлай олган эди. Ҳамма вице-президентларга бу мисол ўрнак бўлсин.

ТЖМ директори ҳисобланган ЎФФ вице-президенти Асқар Толибжонов ўзини барча ёшдаги жамоаларнинг ўйини учун масъул деб билмай автобуслар, чипталар ва либослар учун масъул деб билади, шекилли. Такрор айтаман, Бабаян “Пахтакорда” вице-президент бўлиб ишлаган даврида ҳаммани ўз жойига қўйиб, хатто фаррош ҳам ўзини жамоа билан бир тану-бир жондек ҳис қиладиган коллективни ярата олган эди-ку. Нима учун терма жамоадаги бўлса-бўларчиликка рози бўлиб ишлади? Нима учун Вице-президент жамоа билан бир тану-бир жон бўлмади? Нима учун Бабаян уни ўйин тақдиридан четга суриб қўйиб ишлади? Толибжоновнинг ўзи масъулиятдан четга чиқиб, раҳбар бўла туриб, ўзини ўзи аллақачон бир қўғирчоқ ҳолатига солиб қўйгани учунми? Самвел шундай қилишга мажбур бўлдими? Асқарнинг “илғор” ғояларига муҳтож бўлмаганиданми? Ёки ўйинга бефарқ раҳбарнинг умуман ҳеч қандай ғоялари бўлмаганиданми? Нима учун ёшлар ўйинида ҳамжиҳатлик етишмади? Нима учун?

Жамоа атрофида ўйинга бефарқлик ҳукум сурганиданми? Асқардан тортиб Санжаргача ҳамма ўйин тақдиридан четга туриб қолганидан ўйинда ҳамжиҳатлик етишмадими? Билмадим. Билолмадим.

Ёки Бабаян ёшлар жамоасини, унинг олимпиада йўлидаги ўйинларини миллий терма жамоа учун бир лаборатория деб, ўзи учун янги ғояларни синаб олишга қулай бир полигон деб билдими? Ундай бўлса, Таваккалчининг журъати баланд экан.

6-САҲНА. “ ЎЗ ҲИССАСИНИ ҚЎШГАН БОШ МУРАББИЙ.”

Жонни куйдурмасанг жонон келмас ёнинга.
Ақчага келиб-кетар турқи тегар жонингга.
Танин сотган футбол кўрсанг, жирканасан. Бақирасан.
Ўт қўйгин келар майса, майдон, хонумонинга.

Бу “лаборатория” тажрибасидан Бабаян қандай хулосага келди? Қандоқ сабоқ олди? Бу Сизу бизга қоронғу. Янги ўйин тасвирини ўз футбол тушунчасига кўра яратмоқчи бўлмоқдами? Бу борада “Пахтакор”да кўп нарсаларга эришди. Чемпионатимиз ўйинлари халқ-аро ўйинларда ўлчов бирлиги бўла олмайди. Чунки Бабаян ҳам бизнинг келишувчан ўйинларимиздан ўсиб чиққан мутахассисдир. Келишувларнинг футболимизга қанчалар зарар келтираётганини сезармикан? Менимча, йўқ. “Пахтакор” бултур Бабаяннинг назорати остида ўйнади.

“Пахтакор”га қарши кўпгина жамоалар ўйинни олдиндан топшириб майдонга тушишди ва жирканч ўйин кўрсатишди. Юмшатиб айтганда машғулот ўйинларини кўрсатишди, ва ютқазиб беришди. Бунга Бабаян ўз ҳиссасини қўшган бўлиши мумкин. Ўз юртимизда қаршиликка учрамай ғалаба қозонадиган жамоа чемпион бўлди. Мужмал чемпионатда қозонган ғалабаси туфайли осмонга отилган Бабаяннинг йигитларини синовдан ўтказдик. Келишувлар чемпиони қандай ҳолга келишини Доҳада кўрдик. Пахтакорчи йигитлар чемпионатимизда жон куйдирмасдан жонона каби олқишларни қучоқлаб юришди, чемпион бўлишди. Улар Доҳада керакли пайтда қанчалар кўп жон куйдирмасинлар, лов-лов ёна билмай, “жонона ғалабани” бағрига босиб, ундан бўса олиб қучоқлаш у ёқда турсин, жонона, яъни ғалаба ўз олдига уларни йўлатмади. Искандаров Ўзбекистон майдонларида ўзини Жамшидман деб юрибди. Доҳада унинг ўйини ахлат титкилаган товуққа ўхшаб қолди. Ўсиш у ёқда турсин, Стамбул савиясини ҳам кўрсата олмади. Бошқалар ҳам ундан қолишмади.

Манимча, Бабаян жанговар, шиддатли, хужумкор ўйин кўрсата оладиган жамоани ярата олдим деб ўйлайди. Лекин у сиқма ўйинда шиддатли ҳужум қилишни, тор масофада вазият яратишни йигитларга ўргатмаган экан. Корея Ироққа қарши ярим финалда иккинчи голни қандай ўйин кўрсатиб киритди? Бир эсланг. Бизнинг ўйинда камчиликлар жуда кўп бўлди. Журналистлар тўқиб айтганидек футбол вертикал, горизонтал ёки диогонал бўлмайди. 90 дақиқа давомида неча ўн марта ҳам “горизонтал”, ҳам “вертикал”, ҳам “диогонал” ҳужум қилишга тўғри келади. Ироққа гол уриб олгач, биз майдонни, тўпни назорат қилиб, рақиб шаштини пасайтириб, тўсатдан навбатдаги тезкор, ўткир хужумни бошлаб, рақибни довдиратиб, иккинчи голни уриб олишимиз керак эмасмиди? “Рваный темп дейишадими” рус шарҳловчилари бундай ўйинни. Ман ўзбек тилида бундай ўйинни қурама ўйин деб айтган бўлардим.

Анжуманларда Бабаян “мы не будем заниматься перепасовкой мяча в центре поля, мы будем играть в атакующий футбол”, дегани эсимда. Тўпга эгалик қилмасдан, майдонни назорат қилмасдан ҳужумкор ўйнаб бўлар эканми? Гуруҳдан чиқа олмаганимизга у ё бу ўйнчи эмас, у ё бу эпизодни бой берганимиз эмас, бош мураббийнинг бир услубга ёпишиб олгани, ёшларнинг маҳорат даражасини ҳисобга олмай катталар ўйинини ёшларга сингдирмоқчи бўлгани, нафақат ёшларнинг, балки мураббийнинг ўйин тафаккури пастлиги сабаб бўлди деб биламан. Бабаян ишлайман деса, унинг қиладиган ишлари жуда кўп эканми, азизларим?

7-САҲНА. “ЎЗБИН КИМ”?

Тепки еган аччиқ зарбдан хор бўлмайди.
Ақлин йиғиб, кўзин очса, зор бўлмайди.
Айбдор у зот нуқсон кўрмай безлар экан,
Сабоқ олмай ўз ишида бор бўлмайди.

Лекин энди бунинг иложиси йўқ. Бу жамоа тарқатиб юборилади. Бабаянга Доҳа олдидан худди шундай савиядаги яна битта турнир етишмади, деб ўйлайсизми? Ундай эмас. Ж.Ч. мусобақасидан олдин ўтказилган Деҳли турнири камтарин, изланувчан Гёдега ёрдам берган эди. Ўзини доим ҳақ деб билган Бабаянга бундай турнирнинг фойдаси тегмасди. Ўзини бошқалардан устун қўювчи Бабаян учун қандайдир турнирнинг фойдаси бўлмасди. Шундай хулоса чиқаришга хаққим борми? Бор. Бир анжуманда Зафар Қосимовнинг Ёшларни нима учун Словакия турнирига Жалилов олиб бормаганидан ҳавотирланиб берган саволига Бабаян, бизга О.Ч. арафасида бир ойлик йиғин етарли бўлади, деб жавоб берган эди. Бабаян Катта Раҳбарга қандай талаб қўймасин, у киши мураббий талабини яхши тушунмаса-да, ишларини назорат қилолмаса-да, барча талабларини бажариб бермоқда.

Жавобгар шаҳс шундай талабчан бўлиши учун ўзига, сўзига бек бўлиши керак. Ўзбек бўлиши керак. Бабаян шундай талабчанлик борасида ўзига бек экан. Шу билан бирга Бабаян фақат ўзига, ўз фикрига, ўз атрофидагиларга, яъни ўз ачавотига тикилган, фақат ўзини деган, ўз қўли остидагиларни ўйлаган ўзбин, яъни худбин ҳам экан. Бу аҳволда Раҳбарлар, афсуски, томошабин бўлиб туришди. Шуниси ёмон бўлди. Биринчи шаҳс мутаҳассис бўлмагач, иккинчи шаҳс юртимизда энг кучли футбол мутахассиси бўлиши керак эмасмиди? Бизда иккинчи шаҳснинг ўзи ким? Асқарми ё Сардорми? Бизда ҳеч ким Бабаян фаолиятини назорат қила олмаяпти. Бабаяннинг ожиз томонларини ҳеч ким кўрмаяпти. Бабаян ўзбин бўлгани билан ўзига тўғри баҳо бера олмади. Ўзини ўзи кўриб бўлмайди. Ўзига ўзи баҳо бериб бўлмайди. Раҳбариятнинг кўзи қаёқда эди? Бир нарсани кўриб тўғри баҳо бериш учун, ақл ва билим бўлиши керак. Бўлмасачи, Асқар билан Сардорга нима деймиз? Сўқирми, баҳона тўқирми?

Нима учун бундай деяпман? Доҳада Бабаян изланишлари нотўғри кетганини биринчи ўйиндаёқ сезиб, кейинги икки турда унга ўзгартиришлар киритишга интилдими? Йўқ. Буни сезмадим. 3-турда рақибдан барча соҳада устун бўлганимиз билан, тезкор гол урганимиз билан эркин, ташаббускор, қуйма ўйин намоиш қила олмадик. Заиф ўйнадик. Ҳужум билан Ҳимоя ўзаро қуйма, мутаносиб бўлмади. Ҳимоялана туриб ўткир ҳужумга тайёр бўлмадик. Кўпгина ҳужумларимиз мужмал бўлди. Қатар ярим финалда карисларга қарши шиддатли ўйин кўрсатсада, мужмалроқ ҳужум қилиб ютқазиб қўйишганини мисол тариқасида келтираман. Буз ҳужум қилаётган пайтда ҳимояланишни ўйламадик. Пароканда ўйинда катта узулиш бор эди. Энди кетимизга олган тепкиларимиздан ким қандай сабоқ олади? Гап мана шунда.

Мағлубиятдан кейинги матбуот анжуманида “Боримиз шу”- деган, Бабаян хулосаси хато бўлди деб ўйлайман. Чунки, ўша иқрори билан тепки сабабини юртимизнинг умумий футбол савиясига ағдариб қўйган эди. Самвел бу билан ўзига тегишли хатоларни ҳам барчанинг елкасига юклаб қўйган эди. Унинг ўз савияси паст эканлигини турнир кўрсатиб қўйди. Футболимизнинг эмас, ўзининг бори шу экан. Терма жамоанинг ғалабали бешта ўйинида маҳорати Бабаянникидан баланд бўлган легионерларимиз мураббий хатосини тузатиб ўйнашган экан. Нимага ундай демоқдаман? Ёшлар ижросида марказда қайтариқлар қила туриб, тўсатдан рақиб жаримаси томон тезланиш олган шеригига паслатиб узоқ масофага кучли оширма узатишларни кўрмадим. Азиз Ҳайдаров ижросида кўрган эдим. Жепаров Бикмаев билан чап қанот ҳужумида қисқа масофада оширмалар қилиб, рақиб ҳимоячиларини олдига йиғиб олиб, сўнгра бўшаб қолган марказ томон тезланиш олган Сергеев томон тўп оширганини эсланг. Бундай ўйинни ёшлар ижросида кўрмадим. Катталар шундай ўйнашди. Ёшлар билан эмас, Сергеев легионерлар билан мазмунли ўйнади. Ёшлар ичида лидер бўлиши керак эди. Бўлолмади. Бир ойлик йиғин ҳеч кимга ҳеч нарса бермади.

Легионерлар бир ойлик эмас беш кунлик йиғинларда биргаликда машғулот ўтказишган эди. Кучли чемпионатларда уларнинг бошқача ўйин тажрибаси бор эди. Шу нарса уларга иш берди. Тан олиш керак Бабаян катта ёшдагилардан жанговар, иродали, бир бутун жамоа ярата олди. Унга беш кунлик йиғин етарли бўлди.

Қосимовдан пароканда жамоани олган Бабаянни изланувчан, жасоратли мураббий деган эдим. Чунки у жамоа ўйинида туб ўзгаришлар қила олган эди. Энди у Доҳада олган тепкиларидан кейин тўғри хулоса чиқариб олади деб ўйлайсизми? ЎФФ ходимларичи? Улар тўғри хулоса чиқариб ўз ишлаш услубини ўзгартиришармикан? Энди бундан буён режали, жўяли иш олиб борармиканлар? Ёшлар учун Марказий Осиё турнирини ташкил қилиб, Доҳада калтак еган ёшларимизнинг маҳоратини узлуксиз ўстириб борармиканлар? Манимча, йўқ. Тағин, билмадим.

ОФК қарори билан Марказий Осиё футбол минтақасининг пойтахт давлати бўлганимизни ҳамма аллақачон эсдан чиқариб юбордими?

Ёки Биринчи шаҳс ҳар доимдагидек жўнгина қилиб айбни Бабаяну, йигитларга ағдариб, ими-жимида мажлис ўтказиб берадими-қўядими? Билмадим, билолмадим.

8-САҲНА. “ҲЕЧ НИМА ТАСАЛЛИ БЕРМАЙДИ”.

Биринчи шаҳсдан нажод кутиш ишимиз.
Ўзгани зўр , ўзини паст билишимиз
Ишни бўғар, дилни бузар. Хор этар.
Шундан-да илтимосда ёзу қишимиз.
 ***
 Ечим топсак, чайнашга йўқ тишимиз.
 Мақтаб, мойлаш каттани- қилмишимиз,
 Қўлдан кетса ғалабамиз, шонимиз,
 Уни айблаб ғийбат тўқиш миш-мишимиз.

Ушбу мақоламни стратегик режага бағишлаб ёздим. Олдинга интилиш ҳаммамизга хос нарса. Ҳар биримиз ўз олдимизга маълум мақсад қўямиз ва унга эришайин деб режалар ишлаб чиқамиз. Фақат недандир ЎФФ, ТЖМ, ПФЛ ишида олдинга интилиш, изланиш, ўзгариш, янгиланиш йўқ. Раҳбарият неча йиллардан бери бир хил мажлисларда бир хил масалалар хақида бир хил тарзда гап сотади. Янги мавсум бошланишида турибмиз, афсуски янгиланишлар бошида эмас.

Мақола сўнгида яна Хайрулланинг гапларини эслаб қолдим. Аслида нафақат ҳар бир футбол клубининг, раҳбариятнинг, балки ҳар бир газетанинг ҳам ўз стратегик режаси бўлиши керак. “Чемпион” ҳам ўз мақсадига йўналган ўз стратегик режаси бўйича футболни ёритиш нуқтасига эга бўлиши керак. Аслида ҳар бир газетанинг мақсади футболни тарғиб қилиш, ишқибозларнинг футбол билимини ошириш, ишқибозчилик маданиятини ўстириш бўлиб қолмоқда.

Ёш футболчиларимиз шаънига Ироққа қарши ўйинимиздан сўнг куни билан, туни билан ижтимоий тармоқда оғзи шалоқ, тушунчаси қолоқ, одобсиз ишқибозларимиз йигитларга, Бабаянга хақоратлар ёғдиришди. Аслида футболимиз аҳволидан чин дилдан изтироб чекаётган одам кимнингдир шаънига атаб ҳақоратлар ёғдириб, тасалли топа олмайди. Ундайлар эртагаёқ бугунги аламини, ўзбек футболини унутиб Еврофутболни ғийбат қила кетишади. Одоби, маданияти ўшандайлардан бешбаттар тубанроқ бўлган химоячимиз уларга ва ўз одобига мос қилиб жавоб ёзди. Шуниси ҳунук бўлди. Ўзбек ўғлонларининг маданиятсиз, оми, аҳлоқсиз сўзлари бутун дунё саҳнига чиқиб кетди.

Тушунаман, бу мағлубиятдан барчамизнинг бағри-дилимиз эзилиб кетди. Лекин нима учун ҳаммасига Бабаяну ёш йигитларимизни айбдор деб билиб, улар шаънига нафрат ёғдирмоқдамиз? Танқидбўрон қилмоқдамиз? Бошқалар ҳам, энг аввало, раҳбарият ҳам, сизу биз ҳам айбдормизку. Сиз футболни тушунмаганингиз учун, биз ўзбек футболини холис шарҳлай билмаганимиз учун айбдормиз. Сизу бизга қўшилиб мағлубиятларга бевосита айбдор бўлган Катта Раҳбарнинг ҳам виждони қийналармикан, ўзини ҳам айбдор сезиб, кўз олдида бутун олам қоронғу бўлармикан? Тунларни бизга ўхшаб бедорликда “уфф” тортиб ўтказармикан? Кундузлари ўзини қўярга жой тополмай юрармикан? Ёки У ҳам ўзини ва қўл остидагиларни оқлаб, Бабаянни қоралаб юрибдими? Билмадим. Билолмадим, азиз ватандошларим.

Шундай афтода аҳволда қолиб кетдим. Сизлар-чи?

Ҳозир ушбу мақолам орқали футболчиларимизга бу йилги фаолиятида кўплаб ғалабаларни тилаб ёзмоқдаман. Доим ўзидан норозиликни, Изланиш изтиробини, Маҳорат сўқмоқларини уларга раво кўраман. Йигитлар ва Сизлар билан доим бир тану-бир жон эканлигимни яна бир бор айтиб-айтолмай, ҳеч кимни оқлолмай

Ҳасанали отангиз ёздим.

Киритилган сана: 23.03.2016 19:36. Ўкилди: 10527 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:49. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:49. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:48. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:48. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:47. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:47. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 15:05. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 15:05. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


SHAMSHER
Сана: 28.03.2016 12:03. SHAMSHERга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


UZBEKBEK
Сана: 23.03.2016 22:07. UZBEKBEKга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.