Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Билмадим... Билолмадим... (олий бош қўмондон ким?). 1-қисм

Баҳо:
+-6; -0

Футбол ҳаётида оралиқ пауза чўзилиб кетди. Қозоқ футболини ҳисобга олмаганда пауза оламни қамраб олгандай гўё. Ушбу дамда ҳамма яшил майдонга эмас, ахборот майдонига қулоқ тутиб, кўз тикиб тургандай гўё. Мен ҳам шундай аҳволдаман. Ишқибоз деган махлуқ қишин-ёзин футболсиз яшай олмас экан. Улар сафида мен ҳам борман. Мен ҳам ушбу жазирама паллада матбуот майдонига тикилиб қолганман.

КИМ НИМА ДЕЯПТИ?
Зафаржон Қосимов кутилган мавзуда, кутилмаган тарзда ёшлар футболи ҳақида мақола ёзибди. Камолиддин Олимов Марказнинг директор жаноблари билан хос суҳбат қурибди. Муҳаммад Вали самимий мулоҳаза юритибди. Зафархўжа Имомхўжаев эфирга расмий хабарларни тинмай, муттасил, ҳафтада бир узатиб турибди. Баъзан шахсий муносабатини носамимий тарзда яширинча эфирга учириб туриши ўзига маъқул бўляпти. Бироқ фақат шу шарҳловчи футболга содиқ қоляпти. Бошқа шарҳловчилар аёллар боксидан тортиб, то балиқ овигача ҳар балони шарҳлаб беришга тайёр юришибди. “Тур-тур”ларнинг дами ўчиб қолган. Эфирни тирилтириб туришгани яхши эди. “Бугунги футбол”ни гапирмай турай. Шулар билан, яъни кетди-келди, сотди-олдилар билан овуниб юрай десам, бўлмаяпти, кўнглим тўлмаяпти. Барибир фикру-хаёлим Ўзбекистон миллий терма жамоасида. Шу нуқтаи назардан четга чиқолмай, бирингизга ёқиб, бирингизга ёқолмай, сиз билан бирга мазкур журналистлар ҳолатига, айтишига, қайнашига, айнишига, ёзишига, сўнгра яратганнинг ёзмишига бир қиё боқай дейман.

ФАРҒОНА ВОҚЕАСИ
Бир ойча олдин Фарғонада футболнинг жонкуярлик чинори устига “катта харсангтош қулади”. Ўттиз йиллик иззат-ҳурмат, обрў-эътибор иморати бир зумда гурсиллаб қулаб тушди. Бу воқеадан олдин бир журналист (Аброр Деҳқонов) футбол матбуотида эмас, (ана халос) вилоятнинг марказий ижтимоий, сиёсий газетасида “чинорни” чилпарчин этувчи мақола босиб чиқарган эди. Совет даврида бирорта қудратли амалдорни мансабдан қулатмоқчи бўлишса, энг аввало марказ газетасида “фош қилувчи” мақола босилар эди. Сўнгра раҳбарни шу мақола асосида ишдан олишар эди. Шу алфозда бечора журналист кадр танлаш сиёсатида кимнингдир қўлида қурол бўлар эди.

Хўш, ўхшатиш ноўрин бўлди десангиз, Деҳқонов “Нефтчи” аҳволига жон куйдиряпти десангиз, илгари мазкур журналист қаерда эди? Нега илгари лом-мим демас эди? Ахир “чиноримиз” —  ҳурматли Саркисян ўзини ўзи ўн йилдан бери такрорлаб келяпган эди-ку. Ўйинда биронта янгилик яратмас эди-ку. У ҳақда танқидий мақолани ҳатто пичирлаб ёза олган кимса топилмас эди-ку. У Фарғона футболида сал кам “даҳо”га ўхшаб қолган эди-ку. Ҳар бир ўйиндан олдин бутун стадион “Ара, Ара” деб ҳитоб билан бақириб, Саркисянни биргаликда олқишлаши расм бўлиб қолган эди-ку. Мана шундай сал кам шахсга сиғинишга ўхшаб қолган ҳолатда А.Деҳқонов жим туриб кузатганлар қаторида эди-ку. Демак, хулоса шуки, ушбу мақола буюртма бўлгани рост гап. Бу мақола беғараз ёзилган дея олмайсиз. Мазкур мақола Фарғона футболининг ривожига ҳисса қўшай деб ёзилган эмас. Балки қайта тузилажак клуб таркибида матбуот котиби лавозимини эгаллайин деб ёзилган мақола бўлди десам, нима дейсиз. Туҳмат гап дейсиз, шундайми. Бугун мен ўтмишда қолган бу воқеани нега эсладим?

ГАП НИМАДА?
Зафаржон Қосимовнинг “Интер Футболда” (56-сон, 18,19-бетлар) босиб чиқарган мақоласи Деҳқонов ёзганлари сингари “мақсад”га йўналган бўлмаса-да, мақола бехосдан буюртма кўринишига эга бўлиб қолибди. Нимага бундай бўлди? Билмайман. Нега бундай деяпман? Буни сиз яхши биласиз. Бир нимани кўра билсам-да, индамасам, Сиз мени танимай қоласиз-ку. Сиз яхши таниган Ҳасанали кўрган-билганини, ақли етганини ҳечам ичига ютиб кетолмайди.

Демак, гап бундай. Мақоланинг ғояси борми, ёзишдан муаллифнинг мақсад-муддаоси нимада? Нимани ўқимайин, аввало шуни ўйлайман. Ёшларимизни олди-ортига қарамай мақташ кутиляпган бир пайтда, муаллиф бошқалардан ажралиб туришни истаяптими? Ёки муаллиф эришган ютуғимиз шу манзил билан чекланишини, кўтарилган нуқтамизда қотиб қолмай, ўсишда давом этишимизни истаяптими? Бунинг учун ўйиндаги нуқсонларга эътиборимизни қаратмоқчими? Ундай бўлса, нега ўйиндаги биронта эпизодни таҳлил қилмади? Нуқсонни кўрсатмади? Демак, гап бошқа ёқда.

ЯМЛАБ ЎТИШ, ЧАЙНАБ ГАПИРИШ
Нега энди муаллиф умумий, тахминий гаплар билан овора бўлиб таҳлилий гапларни унутиб қўйяпти? Яъни, масалан, батафсил айтсам, Греция термасига қарши ўйинда омадимиз келиб қолди; ўйинда ҳакам бизга ён босди, шунинг учун уларни нимчорак финалда ютдик; Янги Зелландия термаси ўта кучсиз жамоа бўлгани учун биринчи ўйинда унга учта гол урган эдик; ўзи тасодифан мундиалга чиқиб олганмиз; ва бошқа шунга ўхшаш умумий, мужмал гаплар билан чувалашиб қолдими? Нега ўзи кўтарган мавзуни ўзи ямлаб кейинги мавзуга — асл муддаога шошилиб ўтиб кетяпти? Унинг асосий мақсади бутун мураббийлар штабини Мусаевга қўшиб истеъфога чиқариш эканми дейман. Аввало шуни айтиш керакки, бундай талабни қўйиш ёки бундай қарорни таклиф этиш журналистнинг иши эмас. Майли касбикомилликни (профессионализм) бир зумга унитиб, мазкур журналист оддий ишқибоз каби шундай таклиф билан чиқишга ҳақли дейлик, лекин бундай гапни у нима билин асослай олган экан?

ЕЛКАСИГА ЮК, ДУМИГА ЧЕЛАК
Шунга эътибор берайлик. Аввало, ўзи Мусаев елкасига қаёқдаги йўқ вазифаларни юклаб қўйиб, ушбу вазифаларни бизнинг мураббий бажара олмаслигини башорат қилиб, уни элдан бурун ишдан бўшатяпти. Бу қандай юк экан, биласизми? Демак, санаб чиқайлик. Шу таркиб ўйинчилари икки йилдан сўнг Бразилия олимпиадасида қатнашишлари, ундан аввал шу таркиб Осиё ўйинларида омадли иштирок этишлари, ундан кейин шу таркиб ўйинчилари Мусаев раҳбарлигида Москвада ўтажак Мундиалда миллий термамиз таркибини ташкил қилиб жанг қилишлари лозим экан. Бундай гаплар қандай гўзал орзу, юқори мақсад, самимий ният ё истак эканлигини тан олайлик. Лекин улар оддий бир ҳақиқат туфайли дастурул амал бўла олмайди. Бундай вазифани уларнинг елкасига юклаб бўлмайди. Чунки ушбу таркиб ўйинчиларидан фақат учта ё тўрттасигина кейинчалик бирор терма жамоамизда яхши ўйин кўрсата олишади. Бу қонуният. Бугунги жамоани сақлаб қолиб бўлмайди (мураббийлар штабини ҳам.) Негаки, улардан каттароқ, ё ёшроқ бошқа бир янги истеъдод эгаси порлаб чиқиши мумкин. Ёки кечаги порлаганлар турли сабабга кўра эртага сўниб қолиши мумкин. Яна бир ҳақиқатни эсдан чиқармайлик. Ёшлар мураббийини, у ёшлар билан ҳар қандай юқори натижаларни қўлга киритган бўлса-да, механик тарзда ўша йигитларнинг ёши етгач, олимпиада ёки миллий терма жамоага бош қилиб ўтказиб қўйиб бўлмайди. Аҳмад Убайдуллаевни Мисрдан сўнг Хитойга, Осиё ўйинларига бош мураббий қилиб юборган эдик. Эсласангиз, кутилган воқеа, ачинарли ҳол юз берган эди. Аввало, ҳеч ким Мусаевни олимпиада термасига бош мураббий этиб тайинлаяпгани йўқ. Зафаржон Қосимов экилмаган дарахтнинг мевасини тахир деяти. Мусаев ишидан атайин салбий рангларни излашда чегарадан чиқиб кетяптими дейман. Яна бошқа бир дашномни кўриб чиқайлик.

КЎРГИЛИК ГАП
 Кўпгина юқори савияли шу ёшдаги ўйинчилар Мураббийнинг “айби” билан таркибдан четда қолиб кетган эмиш. Бу қандай гап бўлди, биласизми? Мураббий раҳбарларнинг хоҳиши, талаби, буйруғи бўйича таркибга шакл берса, биз уни доимо қаттиқ танқид қилар эдик-ку, нега мустақил эмас деб. Буни бизнинг Журналист ҳам билади-ку. Нега энди ўзи мураббийни бундай ишга, латта чайнашга чорлаяпти ёки уни пол латта ўрнида кўрмоқчими? Мусаев З.Қосимовдан рухсат сўрамай жамоани йиғибди экан-ки, унинг шунча танқидига учради. Темур Ҳакимовни таркибга қўшмабди-я. “Қандай кўргилик”.

Б.Абдураимов Москванинг ҳарбийлар клубига ўтиб кетгач, ўзини кўрсата олмаган эди. Аксинча, Якубик Москвадан Тошкенга келиб, бу ерда истеъдоди очилиб, голеадор бўлган эди. Морьентес “Реал”дан “Монако”га ўтиб ўйини очилган бўлса, “Реал”га қайтарилгач яна ўйини ўчиб қолган эди. Фарҳод Тожиев Садриддин Абдуллаев билан биргаликда “Динамо” сафида Азамат Абдураимов қўли остида, мураббийнинг ўйин ғоясига мос тушиб жуда яхши футбол кўрсатишган эди (футбол фалсафасига эмас, фалсафа атамаси ўзгармас, доимий, ўзак тушунчадир). “Пахтакор” томон ортга қайтарилгач, Фарҳоднинг ўйини тағин ўчди. Мураббийлар икки йўналишда ишлашади. Биринчи хиллари ўйинчиларнинг барча имкониятларига қараб бирорта ўйин ғоясини яратишади. Иккинчи хиллари ўзининг ғоясига яраша ўйинчилар танлашади. Кўпинча термадагилар 2-йўналишда ишлашади. Шунинг учун кучли футболчиларнинг баъзилари таркибга кирмай қолади. Футболчининг ўйин тафаккури юқори бўлса, янги ғояга тезда мослашиб кета олар экан. “Пахтакорга” қайтганларнинг ўйин тафаккури (игровое мышление) паст эдими дейман, бояги қайтарилганлар яхши ўйнаб кетишмади? Ёки “Пахтакор”да ўйин ғоясининг ўзи ҳалигача йўқми дейман. Шунинг учун тағин қанчадан-қанча истеъдодлар “ғўзапоя чанги” остида қолиб кетишадими, дейман? Термамизни бошқаряпган Қосимовда бирор ўйин ғояси борми? Бор бўлса, у қандай? Сиз уни биласизми?

Масалан, “Челси” билан Бенитес ярим йилга шартнома тузган бўлса-да, жамоага ўзининг янги ўйин ғояси билан келган эди. Ғоя баъзида ўзини оқласа, катта ҳисоб билан ютишар эди. Баъзида... Ўхшамай қолар эди.

ТАХТИРАВОН ЭГАСИ
 Нистелрой “Реал”га ўтиб Фабио Капелло ғоясига тезда мослашиб, “қариган чоғида” ёшариб, икки мавсум жуда яхши ва янги ўйин кўрсатган эди. У буюк футболчи бўлган эди-да, дерсиз. Футболчи мураббийнинг ўйин ғоясига тушмаса борми, у ҳар қанча маҳоратли бўлмасин, иш бермайди. Бугунги кунда Сколари қанчадан-қанча буюк футболчиларни терма таркибига қўшгани йўқ. Сколари қаерда-ю, Мусаевни қаерда, дерсиз. Уларни тенг қўйиб бўлмайди, дерсиз. Йўқ. Мураббий деган номнинг ўзи ҳамма учун бирдай буюк. Мураббий бўлдингми, бас. Бу Номга сазовор бўл. Бирини танла. Энди сан ё латтасан, ё каттасан. Ижодкор Мураббий ўзи ўзига БЕК бўлиши керак, ўзига ХОН. Клуб президенти Перес, ёки вице президент Бабаян, ёки журналист Зафар Қосимовлар ХОН бўлишлари мумкин эмас. Фақат мураббий ёлғиз ўзи хон, ўзи бош қўмондон саналади. Иккинчисига ўрин йўқ. Вассалом, гап тамом. Танлаган ўйинчилар таркибини қоралаб, нега у ўйинчини олдинг, бунисини эмас дейиш, рассомга “нега у бўёқни ишлатдинг, бунисини эмас” дейиш билан баробар. Мусаввир танлаган мой бўёқларини муҳокама қила олмаймиз. У яратган Картинанинг сифатини, яъни санъат даражасини муҳокама қилишимиз мумкин, холос. Мусаев ҳам Мусаввир. У қўлига “мато” олиб яхшими, ёмонми бир асар ярата олди. Шу асарни муҳокама қилайлик, ишлатган ё ишлатмаган “ранг”ларини эмас.

ГАП КЕЛГАНДА...
“Бизга ёқмаган бу дашномларгаям жавоб қайтардик. Энди четга ўтиб, ушбу кўринишга бошқа томондан баҳо берайлик”.

Эътибор бердингизми, менга хос бўлмаган сўзларни ишлатдим. Биласиз, мен ҳечам “биз” демайман, доим “мен” дейман. Шунинг учун юқорида ёзганларим Мурод Ризаевга ёқмаслиги мумкин. Мени ман-манликда айблаши мумкин. Мен доим ўз сўзимга, ўз фикримга таянаман. Кимсанинг ортига яширинмайман. Футболда фикр хилма-хиллиги туфайли ўйин хилма-хилдир. Бунда ҳамма ўз фикрига эга бўлиши шарт. Футболда бирор кимса буюк олим, обрўли раҳбар, ё омма, ё таниқли қўшни, ё расман қабул қилинган, ё илм исботлаган, ё эшитган, ё қаердадур ўқиган фикрни такрорлаши керак эмас. Ҳар биримиз “менимча”, “шахсий фикримга кўра” деб ўтирмасдан фақат ўз фикримизни баён этишимиз керак. Ойша холамизнинг, ё Мурод тоғамизнинг фикрини эмас. Шунинг учун айтган ҳар бир сўзимизга масъул бўлишимиз шарт. Чунки ҳар биримиз ўз фикримизни баён айтяпмиз-да. Футбол ўйинчиниям, мураббийниям, амалдорниям, журналистниям, ишқибозниям фикрлашга ундайди. Фикрлай олмасанг, футболдан кет. Майдондаям, даврадаям ўз сўзингни айт. Мен билан Зафар Қосимовнинг фикри турлича бўлиши табиий ҳол. Орамизда на рақобат, на хусумат, на адоват бор. Оралиқда фақат Ўзбек футболи ҳаммамизни бирлаштириб турибди. Зафаржон, шубҳасиз, футболимиз ривожлансин деб, бизга ҳамдард бўлиб, бир нималар ёзяпти. Мен ҳам шундай қиляпман. Энди узилиб қолган суҳбатимизни улаб, Зафаржон ямлаб ўтиб кетган мавзуга қайтайлик. Ёшларимизнинг Туркияда кўрсатган ўша ўйиннинг сифати ҳақида фикр юритайлик, Миллий термамиз ўйинига, клубларимиз ўйин савиясига қиёслаб фикр юритайлик.

27 июль 2013 йил. Ҳасанали Қодиров

Киритилган сана: 13.08.2013 13:10. Ўкилди: 10831 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:17. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:17. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:14. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 04:14. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 21:00. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 21:00. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


IBRAKADABRA
Сана: 04.09.2013 17:47. IBRAKADABRAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FONATIK
Сана: 13.08.2013 18:53. FONATIKга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ALBARS
Сана: 13.08.2013 18:19. ALBARSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


XPORTLANDX
Сана: 13.08.2013 15:49. XPORTLANDXга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KAKASTAD
Сана: 13.08.2013 14:47. KAKASTADга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KAKASTAD
Сана: 13.08.2013 14:47. KAKASTADга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KAKASTAD
Сана: 13.08.2013 14:47. KAKASTADга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KHARITON
Сана: 13.08.2013 14:34. KHARITONга ёзиш
+3; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ARSTOKRATS
Сана: 13.08.2013 14:23. ARSTOKRATSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SOSSS
Сана: 13.08.2013 14:12. SOSSSга ёзиш
+3; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ABDUAZIZ
Сана: 13.08.2013 13:56. ABDUAZIZга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ABDUAZIZ
Сана: 13.08.2013 13:55. ABDUAZIZга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.