Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Бир мақола зангидаги гаплар

Баҳо:
+0; -0

Қаричилик. Стадионга бориб футбол кўра олмаётибман. ТВ орқали куни-кеча КХДРга қарши бўлиб ўтган ўйинни кўрдим. Хайрулла Ҳамидовнинг терма жамоа ўйини пайтида стадион тўлмаганидан қайта-қайта зорланиб гапирган дашномлари, ишқибозларни стадионга чорловлари менга ҳам тегишли бўлди. Айбдормиз. Футболимиз тарғиботи қандайлигини, журналистикамиз, футбол тушунчамиз қандайлигини, ҳаётимиздаги футболнинг ўрни қандайлигини бўш қолган ўриндиқлар кўрсатиб турибди. Кўргазма бўлиб турибди. Бўзланма бўлиб турибди. Шунинг учун футболимиз ҳақида, терма жамоамиз ўйини ҳақида ва футболни тарғиб қилувчи журналистикамиз ҳақида, ҳамда Купер ҳақида икки оғиз гаплашайлик. Сиз унда зор, ман бунда зор юрмайлик. Келинг, тиллашайлик, диллашайлик. Бу ерда бир гап бор. Кўп гап бор.

КАЛОВЛАНИБ ҚОЛИШ
“Футбол Экспресс” газетасининг 81-сонида “КХДРга ва Қатарга қарши ўйин кўрамизми?”, деб номланган мақола диққатимни тортди. Сарлавҳани ўқидим. Ўқидим-у футболни кўрмасдан катта холанг уйида бешик тўйни кўрдингми, дегим келди? Бундай сарлавҳа мухлисни қизиқтириб қўйиш услуби, шекилли. Ё бошқа нарсами? Мақола муаллифини анчадан бери биламан. У кўп йил адашмасам, “Машъал”да кейин “Локомотив”да матбуот котиби бўлиб ишлади. “Экспресс” саҳифаларини Фирдавсхон билан Абдулазиз ўғли шахсий томорқа қилиб олишгандек эди, гўё. Бир хилликдан зерикиб қолаётган эдик. Унинг ёнига Х.Холиқов қўшилиб саҳифаларга бошқача бир ранг кириб келди. Клубларда Х.Х. яхшигина иқтидорини дастёрчиликка кўмиб юрган экан-да, дегим келади. Қани, мақолани ўқийлик-чи?

Сиз ҳам эсласангиз керак. Бабаян даврида терманинг бош мураббийи ишини танқид қилиб бўлмас эди. Ҳар бир турда “Пахтакор”нинг мураббийлар штабида доим Бабаянни кўриб, бундан ажабланиб, норозиланиб ёзилган мақолани сайтда ўқиган эдик. Ўйинни “сотган” Мирсодиқовни жазолаб, ўйинни “сотиб олган” томон “Пахтакор” бош мураббийи жазоланмай қолганидан норози бўлиб ёзилган ожизгина журъатланган мақолани, озгина танқид кўчасига кирган мақолани ЎФФ.УЗ сайти самога тарқатган эди. Ўшанда сўз эркинлиги, мушоҳада эркинлиги сиқувда эди. Эркбону хибсда асир эди. Зиндон ҳашаматли қаср эди.

Бугунга келиб журналистларимиз ижтимоий тармоқ ортидан ҳурфикрга, очиқ сўзга, беандава гапга эргашиб қолишибдими, дейман. Беандава бўлсин майли, беандиша бўлмасин. Х.Х. бош мураббий Эктор Куперни яксон қилгудай мақола ёзибди-я. Жасоратланиб, руҳланиб ёзишсин, майли, фақат сариғланиб ёзишмасин. Ёки танқид тилини ўраб олган таъқиқ арқони оз-моз бўшатилдими? Ёки муаллиф юқоридан келган кимнингдир “заказ”ини бажардими? Юқорида чет эллик мураббийнинг қоқилишини кутяпган кучлар борми? Нима учун каловланиб қолдим? Балким, журналист ўзининг шахсий фикрини билдира олмай, уни четга суриб, омманинг фикрини, оммавий фикрни баён этмоқдами? Ахир журналист омма фикрини шакллантирувчи кучга эга одам-ку. У омма ортидан эргашиши эмас, аксинча оммани ўз ортидан эргаштириши керак-ку. Мақола футбол эксперти тилидан эмас, ўрта статистик ишқибоз тилидан ёзилганми? Ундай бўлса, бу нотўғри иш бўлган. Х.Х. “ўртача ишқибоз” яхши ўқисин, қизиқиб ўқисин деб, кимсан, терманинг бош мураббийи бўлган Эктор Куперни дўппослаб мақола ёзибдими? Ёки ўзининг футбол тушунчаси ўрта статистик ишқибоз савиясидан баланд эмасми? Ёки фикр ранг-баранглиги бўлсин деб, уни инкор этувчи мушоҳадалар кўп бўлсин деб шундай ёздими? Билмадим, Билолмадим. Ўзингиз ўқиб чиқинг. Ўзингиз баҳо беринг. Ман ўша ўрта статистик ишқибоз учун ёзилган мақола билан гап талашмоқчиман.

ЯМОҚЧИЛАРМИЗ
Куни кеча бўлиб ўтган ўйинда шимолий карисларни 2:0 ҳисобида ютганимиздан кейин оммавий фикр ўзгариб қолган, Х.Х. мақоласи эскириб қолган, ушбу мақола ҳақидаги фикримни ҳеч ким ўқимайди, у эскириб кетди дейишингиз мумкин. Мен оммавий фикрни эмас, шахсий фикримни билдирмоқдаман. Омманинг фикри ўзгаргани билан унинг футбол тушунчаси, савияси ўзгармаган. Ўша-ўша. Турли хил ўйин кўрсатгани билан Купер ўша-ўша. Унинг мақсади, услуби ўша-ўша. Омманинг наздида кечаги қора бугун оқ бўлиб қолиши мумкин. Лекин оқ оқлигича, қора қоралигича қола беради. Журналистиканинг вазифаси оқни қорадан, гуручни курмакдан ажратиб қўрсатиш эмасми? Иккита тўқнашувда Х.Х. ўйинни кўрмаган эмиш. Томоша қовоқни кўрдими? Бизнинг футбол ҳақидаги тушунчаларимиз ҳар хил экан. Шу фарқни билиб олайлик.

...“Ҳар бир мураббий бирор жамоани қабул қилиб олганидан сўнг, ўша жамоа иштирокидаги ўйинларни ва статистикасини ўрганиб чиқади”, шунга таяниб ўйин яратади, деб гап бошлайди муаллиф. “Афтидан аргентиналик мутахассис Ўзбекистонга келганидан бери терма жамоа ўйинларини кўриб чиқмаган кўринади”, деб дашном бера бошлайди Х.Х. “Ҳозирда барча мураббийлар жамоа шу пайтгача намойиш этиб келган ўйин услубидан фойдаланиб нимадир янгилик киритишга ҳаракат қилишмоқда. Улар янги Америка очишга уринишаётгани йўқ”, деган сўзлар билан Куперни тўғри йўлга бошлмақчи бўлади. Х.Х. ўзи билмаган ҳолда футболимизнинг айни оғриқли жойини топди. Термага келган барча бош мураббий ўзидан олдинги ўйинни ўз билганича созлаш билан, йиртиқ жойини ямаш билан овора бўлишди. Бу тўғри гап. Айни гап. Бу соҳада Абрамов билан Инилеевлар ўйинга солган ямоқлари билан бошқалардан ажралиб туришибди. Лекин улар ҳам ямоқчилардир. Улар ўйинга солган ямоқлари нари борса тўртта ўйинга чидаб берди-ю, кейин ситилиб кетди. Ўзбек футболини олдинга бошлай олишмади, “плов узбекский”нинг бир вариантини кўрсатишди. Бу ибора мағзини кейинроқ чақиб оласиз. Клубларда ҳам шу аҳвол. “Локо”да Абрамов яратган ўйинни Еличич созлаб ҳам ўтирмади. Таркибни кучайтириб чемпион бўла олди. Ўшанда Жепаровнинг ҳиссаси сезиларли бўлган эди. Ҳозир Фёдоров янгилик қўшмадим деб очиқ айтмоқда. Гёде ёшлар билан бир нима яратган эди. Хоугтон эпизод ҳам бўла олмади. Непомняший Ўзбекистонга келиб, маҳаллий Роже Миллани тополмай бизни ташлаб кетган эди.

ҒОФУР ҚОДИРОВ ВА ФУТБОЛ
Ўхшатиш қиламан. Ростовда бир замон яшаганман. Ҳамма ресторанларда “плов узбекский” деб бир нима тайёрлашади. Масаллиқ ўша-ўша. Лекин биронтаси ҳам ош эмас. Бир биридан у-буси билан фарқ қилса-да ош эмас. Бизда масаллиқ ўша-ўша бўлса-да бизнинг футбол — футбол эмас. Нимаси биландир футбол эмас. “Плов узбекский” деган гапдек. Нима қилмоқ керак. Купер уёқ-буёғини созлаб, ўйинни ямаб-ясқаб натижа кўрсатсинми? Ёки 0 дан бошлаб ўзи билган ҳақиқий ўйинни яратсинми? Чамамда, Купер иккинчисини танлаган. Сурия билан Эронга қарши ўйинда ман шуни, иккинчи йўлни кўрган эдим. Илоҳим, контракти бўйича тўлиқ ишлаб берсин. Ундан кейин ҳам Кейруш каби бошлаган ишини ўзи давом эттирсин. Доим соғ-саломат бўлсин. У моҳир механик каби механизмни охирги мурувватигача сочиб ташлагандек, ўйинимизнинг структурасини сочиб ташлади. Х.Холиқовнинг футбол кўрмадим дегани шундандир. Ош пайровига қайтаман. Тайёр ошни ейишдан кўра ош пиширишни кўриб, кузатиб туриш мароқли эмасми. Ғофур Қодиров асарларини музейга бориб кўргандан кўра, устахонасига бориб картинани яралиш пайтини кузатиш зўр томоша эмасми. Буни билган билади, билмаган йўқ. Ҳозирги ўйинларда Купер ижросида жараённи кўрмоқдамиз. Жа-ра-ён-ни. Америка қитъаси ҳақида гапирадиган бўлсам, Х.Х. бекоргинанинг бештасияни ебди. Футбол воллейбол эмас. Футболда ўз касбини ҳурмат қилган ҳар бир бош мураббий ҳар гал ўзи учун янги қитъани кашф этиши шарт. Гапнинг лўндаси ва пўст калласи мана шу.

РАҚИБГА ЕМ БЎЛГАН УЧИНЧИ УЗАТМА
ЭВМ мияси кучли эмасми, Х.Х. статистикани йиғишга уста. У Куперга бу соҳада ёрдам бермоқчи бўлади. Олдин урган ва ўтказиб юборган голларимизни санаб чиқади. Хулоса чиқариб Куперга дашном беради. Эмишки, бизда ҳимоя етарли даражада кучлигу, ҳужум кучсиз экан. Ҳимояни эмас, ҳужумни кучайтириш керак экан. “Энг катта муаммо гол ура олмаганимиз” экан. “То гол ўтказгунга қадар кўплаб имкониятга эга бўламизу, лекин фойдаланишга келганда оқсаймиз”, дейди. “Назаримизда, аргентиналик мутахассис учун футболда 11 киши ўйнаса 8 киши фақат ҳимояланиши 3 киши ҳужумга ўтиши керакдек. Кўпчилик бўлиб ҳужумга ўтмаяпти”, деб норозилик билдиради муаллиф. Купер “КХДР ва Қатарга ҳам шундай (ҳимоявий) ўйин намоиш этадиган бўлса, демак мураббий ўтган вақт давомида ўз ишини таҳлил қилмаган ҳамда камчиликлар устида ишламаган бўлиб чиқади”, деб хулоса чиқаради. Куперга Х.Х.нинг танқидлари, омманинг норозилиги кор қилиб, ҳужумга зўр бериб шимолий карисларга жавобсиз иккита гол урдик, дейиши мумкин кимдир, шундайми. Купер Х.Х. ёзган дашномлардан беш баттарини кўрган. У ёқларда ОАВ томонидан берилган туҳмату, ҳақоратларни жуда кўп эшитган. Уларда сўз эркинлигини аҳлоқ эркинлиги деб тушунувчилар етарлича топилади. Купер ташқи босим туфайли бошлаб қўйган ишидан қайтадиган одам эмас, манимча.

Ўйин структурасидан бирор нарсани олиб ташлаш мумкин эмас. Футбол мантиқан тўпни рақибдан олиб қўйиб, рақиб дарвозасига ҳамла қилишдир. Муаллиф янглишибди. Саккизта эмас, ўн битта одам майдонда ҳимоя вазифасини бажариши керак. Бизда футболни қандай тушунишади? Х.Х. фикрига кўра, ҳужумчи Сардор Рашидов сингари ҳужум уюштириши керак. Ҳимоячи ҳимояланиши керак. Бундай эмас. Ўйиннинг пойдевори ҳимояланишдир. Русларда бир ибора бор. “Добро должно уметь себя защищать», дейишади. Бразилия термаси майдон бўйлаб ҳимояланишни қойил қила олмагани учун Бельгияга ютқазиб қўйган эди. Тўпни олдириб қўйишгач, Бразил ҳужумчилари ҳимояланишда қатнашмаган. Мундиал финалида хорватларнинг учинчи узатмаси рақибларга ем бўла берди. Улар ютқазишди. Тўпни олдириб қўйгач, фарангларда ҳамма ҳимоячига айланар эди ўша ўйинда. Муаллиф гапи бўйича биз учталаб гол ўтказиб юбормаганимиз ҳимоямиз етарли даражада кучли эканлигини билдирар эмиш. 1:0га юта туриб Сеулда карислардан атиги иккита гол қабул қилиб олиб ўйинни бой берганимиз, учинчи кейин тўртинчи голни ўтказиб юбормаганимиз ҳимоямиз кучи зўрлигини кўрсатар эмиш. Биз гол ура олмаганимиз учун мундиалга чиқа олмаган эканмиз. Ана холос, пишди гилос. Еб қолинг. Еганлар дармонда, емаганлар армонда.

Аксинча, ҳимоямиз кучсиз, майдон бўйлаб ҳимояланишимиз ожиз бўлгани учун гол ура олмаганмиз. Ўзбек футболида ҳақиқий ҳимояни ҳеч ким, ҳеч бир жамоа билмайди. “Металлург” ҳимоясини эсланг. Ўқчилардан (“шерлар”дан) уччала голни довдираб ўтказиб юборишди. Пухта пишиқ ҳимояга дуч келмасдан ўзимизда учталаб гол уряпган Арвеладзе “Пахтакор”и Осиёга чиқиб гол ура олмаслиги ҳақиқатга яқин. Жиддий ҳимояни енгиш тажрибаси бизда қаттан пайдо бўлсин? Купер ўйин структурасини янгитдан яратар экан, аввало ҳимояга эътибор қаратиши тушинарли ҳол. Пойдевор устига ўйин иморати қурилади. ЖЧда жанубий карислардан еган голларимиз эсимдан чиқмайди. Бизда пойдевормас (ҳимоя маъносида), молдевор бор. “Темирйўлчилар” укаларига (“Бунёдкор”га) қарши саккиз кишилик “молдеворни” тизиб ўйнашган эди. Улар элементар хатоларга йўл қўйганлари билан “қурувчилар” бу нуқсонлардан фойдалана олишмаган. Шимолий карисларга қарши кечаги ўйинга келсак, улар атайин бизга ўйинни бериб қўйишгандай таассурот пайдо бўлди менда. Купер мен бугун ҳужум вариантларини синаб қўришим керак деб, рақиби билан келишиб олгандай гўё. Карис футболчилари алоҳида олиб қараганда ҳар бири кучлигу, жамоавий ўйин йўқ. “Поддавки” ўйнашди гўё. Бугун Қатар термасига қарши ўйин бошқача бўлади.

Эрталаб “Экспресс”ни оламан. Хайрулла Холиқов қандай мақола ёзган экан. Ўқишга муштоқман.

Сизлар билан бугун стадионда учрашгунча хайрлашиб Ҳасанали-отангиз ёздим. 16.10.2018й.

Киритилган сана: 16.10.2018 15:08. Ўкилди: 4785 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.