Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Мираброр акамга айтар янги йил тилакларим (2-қисм)

Баҳо:
+0; -0

Мираброр ака, янги йил байрами сабаб, Сизга тилаклар билдиришда давом этмоқдаман. Сўзни қаранг: тилак билдирмоқ, тиламоқ, тиланмоқ. Тангрига юзланиб илтижо қиламиз. Бандасига юзланиб тилаклар билдирамиз. Яратган Эгамдан ўзимизда йўқ нарсани, орзу қилган нарсани илтижо қилиб сўраймиз. Бандасидан тиловчи ўзи қадрлаган нарсани ўзгалар учун тиламчилик қилади. Футбол ишқибози суйган жамоаси, туғилган юрти, Ватани учун Яратгандан илтижо қилиб сўрайди, бандасидан бир нимани тиланади. Ватанпарварлик билан адолатпарварлик эгиз тушунчалар эмасми, адолатни деб, ҳақиқатни деб бирор кимса олдида тиламчилик қиласиз, Оллоҳга илтижо қиласиз. Бу билан хўрланмайсиз, улуғланасиз. Мираброр ака, футболимиз йўлида олдингизда туриб мен бир нимани тиланмоқчиман. Шундай қилиб, мен Сизга янги йил муносабати билан тилакларимни йўллашда давом этаман.

1. Сиз ЎФФ раҳбарисиз. Бу иморат бир томондан муассаса, ё ташкилот, ё идора саналса-да, бутун ўзбек аҳолисининг диққатини ўзида жам қилган кошонадир. Бу ташкилотнинг ишлаш услубини, фаолиятини ФИФА олдиндан белгилаб қўйган. ФИФА назоратидаги футбол федерациялари қаторидан жой олган оддий бир ташкилотдир. Унинг олдида АФА билан бир типдаги ташкилот саналади. Лекин, Англия футбол чемпионати қайда-ю, бизники қайда? Шунинг учун АФА билан ЎФФ турли хил масалаларни турли йўл билан ҳал қилмоқдалар. Бир хиллик йўқ. Бу тушунарли.

Футболда ўз ишингиз учун ҳеч қаердан андоза ололмайсиз. АФАдан ҳам, УЕФАдан ҳам. Масалан, машинасозликда хўроз ҳамма ерда бир хил қичқиради. Малибу ҳамма ерда малибу. Фудболда бошқача ҳолат. Футболда ҳар ерда хўроз ҳар хил қичқиради. Ҳамма ерда майдон, тўп бир хил бўлса-да, бир хил футболни, бир хил вазифани ҳеч қаердан тополмайсиз. Даврон Файзиев Мирко Еличичдан устун бўлиши ҳам мумкин, аслида. Мирко билан Даврон бошқа-бошқа масалаларни, турли муҳитда, турли йўл билан ҳал қилиб, турли футболларни кўрсатишмоқда. Сколари бизда бошқа масалани ҳал қилиб бошқа футболни кўрсатган эди, Хитойда бутунлай бошқа футболни кўрсатмоқда. Лекин, Сколари ҳамон ўша Сколари.

2. Маълумотларга кўра Сиз сенаторсиз. Бундан ташқари Сиз катта концернга раҳбар экансиз. Бу гапни тўғри маълумот деб қабул қилайлик. Саноатга раҳбарлик вазифангиз билан футболдаги раҳбарлик вазифангиз бир-бирига мутлоқ ўхшамайди. Ишлаб чиқаришга раҳбарлик қилиш учун бошқарув тизимини яратиб, функционерларни жой-жойига қўйиб чиқсангиз, бошқарув жараёни муаммоларсиз силлиқ давом этади. Футболда бундай эмас. Кечаги қарор бугун эскиради. Кечаги таркиб эртага эскиради. Футбол тараққиётга юз бурган бўлса, унда ҳамма нарса янгиланиб туриши керак. Чамамда, Сиз иккала бошқарувингизга бир хил ёндошмоқдасиз. ЎФФда йиллар оша таркиб янгиланмаяпти. Унинг ишида янгилик йўқ. Шунинг учун футболимизда тараққиёт йўқ.

Асосий фаолиятингиздан андоза олиб, ўзбек футболида ҳам, аввало моддий базани яхшиладингиз. Сиз 2006 йили бу лавозимга келганингизда ЎФФ Фурқат кўчасидаги 9 қаватли уйнинг биринчи қаватида ноқулай шароитда иш олиб борар эди. Сиз аввало, ЎФФ учун муносиб жойда янги муҳташам иморатни қуриб бердингиз. Иш бошлаган йилларингизда юртимизга келган Ривалдо Ғузорларнинг чанги чиққан майдонларида футбол ўйнар эди. Қанча янги футбол майдонларини яратишда хизмат кўрсатдингиз. Футболнинг инфратузилмасини яхшилашда катта ишлар қилдингиз. Ҳар қандай ишнинг натижаси учун аввало, моддий база керак. Саноатда ҳам, футболда ҳам. Бу тўғри.

3. Буни тан оламан. Бошқа томондан бунга баҳо берайлик. ЎФФнинг муҳташам иморатида муҳтарам одамлар ишламоқда деб умид қиламан. Муттаҳам одамлардан ЎЗИ асрасин. Умидли тахминим тўғри чиқади деб ўйлайман. Ё адашмоқдаманми? ЎФФдагилар муттасил келишувлар билан курашиб, қанчадан-қанча айбдорларни жазолаб, муттасил равишда чемпионатга янгиликлар киритиб футболимиз равнақи йўлида жонфидо қилишяптими ё ойлигини оқлаб кун санаб, ой санаб, йиллар оша бир хил вазифани бажариб, ўз хоналарида, йиллар оша бир жойда обрў сақлаб ўтиришибдими? АФА ходими шундай ўтириши мумкин. ЎФФ ходими бундай ўтиришга ҳақи йўқ. Функционерларимиз ишга туширилган янги стадионларимизни санаб, бу бизнинг ишимиз, бизнинг кўрсаткич деб ўтиришмасин. Футбол саноат эмас. Футболда моддий база ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Плей-оффга чиқиб Иордания термасига қоқилганимизни эслайсизми? Икки ўйин натижасига кўра бизни мағлуб этган терма жамоа майдонидаги табло, бизга ёқимсиз 0:0 рақамни кўрсатиб қўйган табло картондан ясалган эди. Шунга эътибор қаратдим. Бизнинг муҳташам стадионларимизда электрон таблолар бор бўлса-да, ўйинларимиз картон нусха, ҳароб нусха бўлмаяптими? Муҳташам стадионларимиз фаровон ҳаётимиз белгиси. Лекин улар ўзига мос равишда баланд савиядаги футбол белгиси бўла олмаяпти. Майдонларимизнинг эмас, футболимизнинг чанги чиқиб ётибди. Гана стадионлари ҳам картон таблолардан фойдаланар экан. Лекин Европанинг гранд майдонларида ўйнаган ва ўйнаяпган ганалик Асамоа Гьян, Абдулраҳмон Баба, Андре Айю, Жордан Айю каби кўпдан-кўп легионерлар кучли футбол намойиш этишган, намойиш этишмоқда. Бу масаланинг бир томони.

4. Бошқа томондан масалани кўриб чиқайлик. Саноатда ҳар бир ижрочини функционерга айлантириб, ундан мукаммал механизмнинг мустаҳкам мурвати каби бир текис ишни талаб қилса бўлади. Шунда натижа бўлади. Футбол бошқарувида бундай эмас. Монотон бир текис иш кетмайди. Футболда бундай иш прогрессни эмас, регрессни кўрсатади. Ўйини машинага қиёсланган олмон футболида ҳам ҳар бир ўйинчи ўз чизиғида ўз ижодига эга. Футболчи бир мурват бўлса гар, бир ўйинда иш бериб қолса, мободо, кейинги ўйинда хол қўяди. Мисол тариқасида, ЖЧ-2010 ва ЖЧ-2014ларда Германия  термасининг кўрсатган ўйинларини чоғиштириб кўрайлик. 2010 йилги Мундиалда олмонлар ҳар бир ўйинчининг ҳаракатини автоматлаштирган даражага олиб чиққан эди. Шундай ўйнаб Англия термасини 4:1га, Аргентина термасини 4:0га ютганини эслаймиз. Ўша ўйинни Эрматов бошқарган эди, эслайсизми? Бундай автоматик синхрон ўйин ярим финалда иш бермасдан Испанияга ютқазиб қўйишгани фикримни тасдиқлайди. 2014 йилги Мундиалда олмонлар ҳар бир ўйинни ҳар хил ташкил қилиб, футболчилар майдонда ижодкорлик қилишувди, уларга тенг келадиган жамоа топилмади. Бразилияни 7:1га ютиб ерпарчин қилишгани эсингиздами. Тарихда бунақаси бўлмаган эди.

Бу мисол гапимни тасдиқламоқда. Ўйиннинг ҳар бир дақиқасида вазият ўзгаради, оний вазифа ўзгаради. Ҳар бир ўйин ўзгача ўтади. Футбол хўжалигининг бошқарувида ҳам шу манзарани кўрамиз. Футбол бошқаруви ҳам янгиланишни ёқтиради. Ишлаб чиқаришда ҳар бир функционердан якка иродага, якка раҳбарга мутлоқ бўйсиниш талаб қилинса, футболда буни талаб қилиб бўлмайди. Ҳар бир амалдор вазиятга қараб ўзи қарор чиқариши керак бўлади. Футбол ўйинидан, ўйин бошқарувидан яна бир мисол келтираман. Биласиз, ўйинни ҳакам бошқаради. “Локомотив” билан “Олмалиқ” баҳсида ҳисоб, адашмасам 2:1 Олмалиқ фойдасига бўлиб турган бир пайтда “темирйўлчилар”нинг урган голини бош ҳакам ҳисобга олмади. Ёрдамчиси ҳисоблади. Тўп марказга қўйилди. Кейин бош ҳакам фикридан яна қайтди. Ўйин тўхтаб қолди. Ўша пайтда майдонга ПФЛ вакили майдонга тушиб, ўз ваколатидан фойдаланиб майдон марказини кўрсатган эди. Фарҳод Магомедов ўтмишда яхши футболчи бўлмаганми, майдондаги ўйин бошқарувига аралашиб тўғри қилган эди ўшанда. Лекин, ўзининг амалдорлик вазифасига келсак, ўз ўриндиғида бошқарувга ҳеч қандай ўзгартириш киритмасдан, йиллар оша чемпионат форматини ўзгартирмасдан, ПФЛ ишини бир жойда қотириб қўйган. Йиллар оша бир хилда, бир жойда мажлислар ўтказади. Ўзининг бошқаруви давомида ОФК, УЕФА, ФИФА ишида қанчадан-қанча ўзгаришлар рўй берди. Бизнинг ПФЛ ўлик ташкилот эмас-ку, нега бундай ишлайди? Нега қотиб қолган? Кунлар, йиллар бир текис ўтса кифоями?
 
5. Хулоса қилиб айтганда, Мираброр ака, ЎФФни фақат коллегиал йўсинда бошқаринг демоқчи эмасман. Миллий Театр раҳбари, керак бўлса, ҳар бир санъаткор билан келишилган ҳолда коллективни коллегиал бошқаради. Футбол театр эмас. У ерда артистбозлик кетмайди. Футболни жанг майдонига қиёсласак бўлади. Лекин Ҳарбий Бош Қўмондон ҳам қарор қабул қилишдан аввал ҳарбий воқеалар театр саҳнасини ўрганиб чиқиб, барча генералларнинг фикрини билиб олар эди. Сиз ҳам футболни бошқарар экансиз, вазиятга қараб турли хил бошқарув тизимидан фойдалансангиз мақсадга мувофиқ бўлмайдими. Бир хил авторитар тизим доим иш бермайди-ку.

Сталин ҳам ҳарбий мутахассис бўлмаган. Сиз ҳам мутахассис бўлмасангиз-да, футболимизни тараққиёт йўлига олиб чиқа оласиз. Бунинг учун, қўл остингиздагилар футболда кучли мутахассис бўлиши шарт. Футбол ўйини бутунлай бош мураббийга боғлиқ экан, буни тан олиб Сизга бир савол бераман. ТЖМ раҳбари бирон бир жамоани бирор йил юқори натижалар кўрсатиб бошқарганми? Йўқ. У кишининг мартабасини терма жамоалар бўйича вице-президент деб кўтариб қўйсангиз-да, у киши қандоқ қилиб, қайси бош мураббийлик тажрибасига таяниб терма жамоалар мураббийлари устидан раҳбарлик қила олади? Президент секретари-чи? ПФЛ раҳбари-чи?

Муттасил яхши натижалар кўрсатиб келаётган “Бавария”нинг фахрий президенти Баккенбауэр ўтмишда кучли футболчи бўлиши билан бирга, ГФР термасини ЖЧ-1990 йилда бўлиб ўтган Мундиалда ғалабага етаклаган бош мураббий эди. Ўша Мундиал омманинг хотирасида голланд ўйинчиси Райкарднинг Фёллерга нисбатан қилган бадхулқ қилиғи билан қолди. Кейин Баккенбауэр неча йил “Бавария”га бош мураббийлик қилган. Барчасида ютуқларга эришган бўлса-да, ҳаммасини ташлаб олмон клубига президентлик қилиб келмоқда. ПФЛмиз бошлиғи бирор жамоани муваффақиятли бошқариб касбнинг аччиқ-чучугини татиб кўрганми? Фарход Магометов ҳали ёш. Ўтмишда яхши марказий ҳимоячи бўлган. Маъмурий ишнинг монотон кунларидан зерикиб қолмайдими? Биронта жамоани бирор йил бошқариб, касбнинг иссиқ-совуғини еб келса, бўлмайдими? У ҳозир мураббийлик соҳасида умуман ҳеч қандай тажрибага эга эмас. Врачлик қилмаган шифокор шифохонада бошврач бўлиб ишлаши мумкинми? Бошрвач бўла олади. Ишсиз юрган малакали бош мураббийлар қанча кўп. Улар футбол хўжалигида раҳбарлик қилишса бўлмайдими? Бўларкан. Яхши бўларкан. “Бунёдкор” бош мураббийи маъмурий ишларни ўзи қойил қилиб бажармоқда. “Нефтчи”да спорт директори бўлиб ишга олинган Абдуллаев илгари “Қўқон-1912”да бош мураббий бўлиб яхши ишлаган. “Олмалиқ” учун маъмурий ишга узоқ йили бош мураббий бўлиб “Шўртан”да тажриба орттирган Мухтор Қурбонов тайинланди. Бу ҳақиқатга, клуб раҳбарлиги лавозимларига футбол мутахассислари тайинланиши керак деган ҳақиқатга, клубларимиз аста етиб келишмокда.

6. ЎФФ бўлимларига ҳам кечаги кучли мураббийлар раҳбарлик қилишса, бўлмайдими? Бўлмайди экан. Нима учун? Бунга жавоб топиш учун фараз қилишга мажбурман. Тахминим бўйича Фарҳоджону, Сардоржонлар ўз лавозимида ўтириб қонуний ишлар қилиш билан бирга оқ қоғозда ёзилмайдиган, ошкор қилинмайдиган ишларни ҳам бажариб беришмоқдами? Футбол хўжалигимиз ими-жимида бажариладиган сирли ишларга тўлиб кетганми, шундайми? Шунинг учун ЎФФ таркибига “синалмаганлар”ни яқинлаштириб бўлмайдими? Шунинг учун ЎФФ идораси футболни ривожлантириш штаби бўлмай, бир ишда қотиб қолган, жойини ҳеч кимга бермайдиган, ишга янгилик киритмайдиган, раҳбар буйруғини сўзсиз бажарувчилар, раҳбар иродасига мутлоқ бўй синувчилар, раҳбарга эътироз билдирмайдиганларнинг идораси, яъни клеркларнинг идораси экан-да, шундайми? Бир нима дейишга ҳайронман.

7. Бундай эмас деб умид қиламан. Юртимизда янги ҳаёт, янгиланиш шабадаси эсмоқда. ЎФФ деразаларини ланг очинг, янгиланиш нафаси кириб келсин. Халқ билан, ишқибоз халқи билан тўғридан-тўғри мулоқот қилинг. Электрон воситалардан фойдаланса бўлади. Бундан ташқари очиқ эшиклар кунини жорий қилиб, қабулингизга келган одамлар билан юзма-юз суҳбатлашинг. Бу билан биринчидан, ишқибозчилик маданиятини ўстирасиз, иккинчидан, барча ҳаётий маълумотга эга бўласиз. ЎФФ таркибига кирмайдиган кучли мутахассислардан ташкил топган футболни ривожлантириш штабини тузинг. Ҳар ойда бир марта навбатдаги масалани кўриб чиқиш учун штабни чақириб улар билан танланган мавзуда маслаҳатлашиб олинг. Футболимизга даҳли бўлган барча мутахассислар орасида ёпиқ сўровномаларни уюштириб туринг. Бугунги футболимиз ҳолатидан атрофлича тасаввурга эга бўлиб, воқеликка аниқ баҳо бергач, янги йўналишларни аниқ белгилаб олиш мумкин. АФАнинг президентига ўхшаб ҳамма нарсани ўз ҳолига ташлаб қўйиб, назоратчи ҳолатида қолиб кетиш яхшиликка олиб келмайди. Англия футболига туб ислоҳотлар керак эмас. Биз муҳим ислоҳотларни амалга оширмасак, футболимизда ривожланиш бўлмайди.

Йўқ, адашдим. Бу ишларни Сиз эмас, бизнинг футболда иккинчи шахс бўлиб танилган кучли футбол мутахассиси, ЎФФнинг ҳақиқий вице-президенти бажарсин. Афсус, бундай одам бизда йўқ.

Мираброр ака, биз ишқибозлар майдондаги ўйин бобида мураббийларга ўзимизча маслаҳат берар эдик. Мана энди футбол бошқарувида ҳам ақл ўргата бошладик. Бу ҳолни оддий қабул қилинг. Футбол халқ ўйини бўлгач, барча ишқибозлар ўзини футболга масъул деб билади. Воқеликка бефарқ қараб туролмайди. Барчанинг гапини олинг-у, ўз фикрингиздан қолманг демоқдаман. Одамлар фикрининг бир фоизи Сиз учун, футболимиз учун фойдали бўлиши мумкин. Кейинги хатимда ислоҳотлар бўйича ўз таклифларимни ёзиб бермоқчиман. Ҳеч бўлмаганда, гапларимнинг ярим фоизи Сиз учун қизиқарли, фойдали бўлиши мумкин деб умид қиламан.

18.01.2017.
Узр сўраб, Ҳасанали Қодиров.

Киритилган сана: 17.01.2017 21:17. Ўкилди: 8206 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.