Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Терма жамоамиз бош мураббийига очиқ хат (2-қисм)

Баҳо:
+-1; -0

“Очиқ хат”имни ўқий бошлашганидан кейин унга турли муносабат билдиришмоқда. Ёзғувчи журналистлар такрорланиб қоляпсиз, олдинги ёзганларингизни ўқигандай бўлмоқдамиз, узундан узоқ ёзасиз дейишмоқда. Биринчидан, тўғри танқид қилишмоқда. Иккинчидан, бундай талқин ёзганларимга қай томондан қарашга боғлиқ. Кимдир ёзганларимга бошқа томондан қараб бутунлай бошқача фикр билдириши мумкин. Барча талқинлар қўшилганда тўлиқ тасвир пайдо бўлади. Танқид кучли бўлади. Футболда ўйин вазияти ҳам ҳар томондан ҳар хил кўринади. Ичидан бошқа, ташидан бошқа кўринади. Мен ўзимга ўзим ташқаридан туриб баҳо бера олмайман. Бабаян ҳам шундай ҳолатда иш юритса керак. Шундай экан, ўз фикрини мендан аямасдан, ёзганларимга очиқ муносабат билдирганларга раҳмат айтаман. Бабаян ҳам мен каби ўзгача фикрга муҳтожмикан, билмадим. Балким, айнан менинг нўноқ, маймоқ фикримга муҳтож эмасдир. Азизларим, сизга шуни айтишим мумкинки, бир нарсадан аламзадалигим ранги, синиқ оҳанги барча ёзганларимга ўтиб қолмоқда. Уларга бир хил тус бериб қўймоқда. Мақолаларим нимаси биландир бир-бирига ўхшаб қолмоқда.

Тошкент стадионларига футбол кўргали ишқибозлар келмай қўйишган. Журналистлар ҳам. Протокол учун ўйиндан кейин ўтказиладиган матбуот анжуманларида клубнинг матбуот котиби билан биргаликда изланиб, баъзида ўзимдан бошқа журналистни тополмай қолмоқдаман. Олтмиш йилдан бери футбол ишқибозиман. Хапириб турган тўлиқ трибуналарда футбол кўриш бошқача бўларди. Биз футбол бўйича ўз чемпионатимиз, ўз терма жамоамиз бўлишини орзу ҳам қила олмас эдик. Иккита ўйинда Иттифоқ клублар термасида Красницкий қатнашганини айтиб юпаниб юрардик. Терма таркибида Месхи, Чохели, Метревели, Андриасян, Оганесянларни кўриб арману, грузинларга ҳавас қилардик. Термада улардан кўп ўйинчи қатнашар эди-да. Юртимиздан фақат “Пахтакор” юзага чиқа олар эди. Уям 6ўриндан нарига ўта олмаган. Истиқлолга эришиб ҳар бир шаҳримиз, қалъамиз жамоаси юзага чиқиши мумкин. Осиё даражасига йўли очилди. Ўтмишда ҳеч нарсамиз бўлмаган. Ҳеч ким эмас эдик. Тезда ҳаммасини унитиб юборибмиз. Ўз чемпионатимизга, ўз қўрғонимиз, ўз термамизга эга бўлганимиздан кейин, дунё айвонига чиқиб юртимиз номидан майдонга тушар эканмиз, стадионларимиз одам зўридан лорсиллаб туриши керак эди-ку. Йўқ, бундай бўлмади. Замон ўзгариб кетди. Ҳаёт ўзгариб кетди. Одамлар ўзгариб кетди. Футболимизни четга суриб барчамиз ўз ковагимизга кириб кетмоқдамиз. Фарқимиз кам. Биримизнинг ковагимиз тилладан, бошқамизники кесакдан. Кўнгилхушлик учун, вақтичоғлик учун девонда ёнбошлаб, новвот чой хўплаб Еврофутбол билан қизиқамиз. “Пахтакор”га келиб жон куйдириб ишқибозчилик қилиш бизга хос эмас. Мен эса, жон куйдириб Бабаянга хат ёзмоқдаман. Гапнинг эгаси ўқимайди. Монитор сиртидан фақат ЕЧЛ, АПЛ хабарини излаган ишқибоз ҳам ўқимайди. Кимдир ўқиб чиқар.

ВА НИҲОЯТ... 2.  

Иш билан ов топмаган гап билан дов топмас.
А. Ва ниҳоят, узундан-узоқ кириш қисмини тугатиб, Самвелжан, Сизга ёзаётган хатимни давом эттираман. Охирги тахминим тўғри бўлиб чиқмоқда. Биринчи савол мазмунидан қатъи назар, Сиз ўз футбол фалсафангизни интервью бошида урғу бериб батафсил баён этиб бергансиз. Энг аввало, уни бирма-бир изҳор этишдан гап бошлагансиз. Шуни кўриб чиқайлик. Биринчидан, шуни айтишим керакки, футбол тушунчасига ҳар бир мутахассис эгадир. Тушунча тобора ўзгариб боради. У ўзгарувчан нарса. Фалсафий қарашлар ўзгармас. Футбол фалсафаси ҳам ўзгармас тушунчалардан иборат. Майдон текис, тўп юмалоқ деганларидек. Масалан, футбол маъниси гол урушдир, деган тушунча ўзгармасдир. Ўйин маъноси ғалаба қозонишдир. Бу ҳам ўзгармас тушунча. Футбол фалсафаси шундай тушунчалардан иборат. Ўзгарувчан, тинмай оқувчан бу ҳаётда инсон ўзгармас тушунчаларга, ўзгармас ўз дунёқарашига таяниб яшайди, таяниб ишлайди. Уни кўчага чиқиб очиқ баён қила бермайди. Ҳар бир гўшада бу ҳақда пичирлаб ҳам гапирмайди. Ичида сақлайди.

В. Сизнинг футбол фалсафангиз 4та тамойилга таянишини кўп эшитдик. Сиз бу сўзни кўп ишлатасиз. Одамнинг кимлигини, қандай яшашини, қандай ишлашини гапидан эмас, амал қилаётган иш фаолиятидан билиб олишади. Ман ундай ишлайман, ман бундай ишлайман дегувчи одамга нисбатан шубҳа пайдо бўлади. Масалан, Антонио Конте қилаётган ишини ҳам, қилмоқчи бўлган ишини ҳам фалсафам ундоқ, фалсафам бундоқ деб ўзи шарҳлаб юрмайди. Олдиндан бу ҳақда жар солгувчи одам рақибларини чалғитмоқчи бўлиб гапирса керак. Ёки ўзи учун ҳам қилар-қилмас ишлари, билар-билмас йўналишлари мавҳум бўлганидан шундай гапиради. Майли, Сиз айтган “фалсафий” тамойилларни бирма-бир кўриб чиқайлик.

Ҳар супранинг нони бошқа, ҳар бир ишнинг они бошқа.
С. Бундан олдин бир эътирозли мисол келтираман. Бош мураббий ўзи ишлаб чиққан ўйин тасвирига, бу менинг футбол “фалсафам” деб, ўша тасвирни ўзгартирмай сақлаб юраман дейиши, уни янгиламаслиги ёмон нарсага олиб келади. “Лестер” бош мураббийи бултур ўзи яратган ўйин тасвирини, бу менинг фалсафам демаган бўлса-да, унга бу йил ҳам амал қилди. Уни бу йил ўзгартиришни хоҳламади ва бу йилга келиб бултурги ўйин иш бермай қолди. “Фалсафа”си эскирди. Маълум бир ўйин тасвирини қиёмига етказиб олган эди-я. Натижада Англия чемпиони бўлган эди-я. Анчелотти 2014 йили “Реал” ўйинида яратган ўйин тасвири фақат ярим йил мобайнида иш берган эди. Мавсумнинг иккинчи даврасидаёқ эскириб қолганини эслайман. Мавсум тугаши арафасида ўша тасвирга янги бўёқ бера бошласа-да, вақт ўтган эди. Шунинг учун Анчелотти “Реал”ни қандай тарк этган бўлса, яқинда Раньери “Лестер”ни шундай тарк этди. Ҳаммани ажаблантириб кетишди.

Бузоқни бузоқ дегин, узоқни узоқ.
D. Сизга қайтаман. Сиз ўз “фалсафам” ундоқ деб, бундоқ деб юрсангиз-да, Раньерига ўхшаб маълум бир ўйин тасвирини ҳалига довур ярата олганингиз йўқ. Фалсафангиз бўйича маълум бир ўйин тасвирини қиёмига етказиш у ёқда турсин, ҳали уни тузуккина ишлаб чиққанингиз ҳам йўқ. Лекин амал-тақал қилиб маълум бир натижага эришмоқдасиз. Санаб ўтганингиз бўйича футбол фалсафангиз биринчи тамойили “агрессив, яъни тажовузкор шунингдек тезкор, вертикал, ҳужумкор, ҳамда прессингга асосланган футбол намойиш қилишдир”, деб айтдингиз. “Навбаҳор”, “Сўғдиёна”, “Динамо”, “Локомотив” каби жамоаларнинг чемпионатимиздаги бетайин, маънисиз футболига қарши ўйинда “Пахтакор” бош мураббийи ундай ё бундай тамойилларга таяниб ўйнамоқчимиз деса, унга ярашади. Бир нимага амал қилмоқчи бўлса, унга ярашади. Чемпионатимиз клубида маълум бир тамойил деган нарса пайдо бўлганидан хурсанд бўламиз. Жаҳон айвонига чиқиб Корея, Эрон каби термаларга қарши ўйинда ундай ё бундай фалсафага амал қиламан дегувчи мураббийни тушунишим қийин бўлмоқда. Маъносиз нарсани англаш қийин бўлганидай. Эрон ё Кореяга қарши бўлиб ўтган тўқнашувларда агрессив, тажовузкор ўйинни термамиз ижросида умуман кўрмадим.

Мағлуб бўлган ўйинларимизни шарҳламай, майли. Сурияга қарши кечган ўйинни, ё майли, Яманга қарши ўйинни эслайлик. Уларда ғалаба қозонгансиз. Ушбу ўйинларда ҳам ҳеч қандай агрессив ўйинни кўрганим йўқ. Сиз “МЮ”нинг “Борнмут”га қарши кечган кечаги ўйиннинг иккинчи ярмида “МЮ” рақибига қаши агрессив ўйин кўрсатди дея олмайсиз. Тўғрими? Мен ҳам Ливанга қарши ўйинда рақибни ўз жарима майдонида қамал қилиб олиб тўпни қанотдан қанотга юмалатиб ўйнашни агрессив, ҳужумкор ўйин дея олмайман. Гейнрихнинг жаримадан урган зарбаси бўлмаганида Сизнинг “агрессив, тажовузкор” ўйинингиз билан нима ҳам қила олар эдик. Бирон марта голвар вазиятни ярата олмаган тўқнашувда ғалаба бизники бўлмас эди. Терманинг ЖЧдаги тақдири бошланмасиданоқ бутунлай бошқача бўлиб кетарди. Гурухдан ҳам чиқолмасмидик.

Бе юрганни бек дема, эн бўлмасни ем дема
E. Яна айтган сўзингизга осиламан. Вертикал ўйин тарафдори экансиз. Демак, горизонтал ёки диагонал ўйинларга (агар шундай ўйинлар бор бўлса) Сиз қаршисиз. Мен бундай ибораларни ишлатиб гапингизга кўра хулоса чиқармоқдаман. Сиз “диагонал ҳужум” нимаси десангиз, мен “вертикал ҳужум” нимаси дейишга ҳақлиман. Футбол майдонида геометрия, ё тригонометрия дарсларига нима бор. Сурияга қарши ўйинда вертикал ҳужум уюштира олдингизми? Эронга қарши ўйиндачи? Карлос Кейруш Сизга қарши ўйинда майдоннинг ҳар бир қарич ерини назоратига олган эди. Сиз ҳужум уюштирган пайтларда ҳам ўйин уларники эди. Эроннинг назоратида эди. Ҳар бир оширмамиз рақиб қарамоғида, кўрамоғида эди. Натижада Сизнинг “ҳужумкор, тажовузкор, ўткир” ҳаракатларингиз рақиб учун умуман хатарли бўлмади. Икки, уч оширмадан кейин тўпни улар олиб қўя беришди.

F. “Реал” ЕЧЛнинг бу йилги “Наполи”га қарши биринчи нимчорак ўйинида вертикал ўйнадими ё горизонтал ўйин қилдими? “Локомотив” “Ал-Аҳли”га қарши вертикал ўйнадими ё горизонтал? Узоқ масофага тўп ошириб тезкор, ўткир ҳужум қилишни вертикал ўйин деб айтаётгандурсиз. “Бунёдкор” шундай ҳужум қилиб куни кеча “Ал-Айн”га иккинчи голни урди. Чемиртан чапдан ёриб ўтиб марказга ёриб ўтди. Достон Ҳамдамов ичкаридан тезланиш олиб, ҳимоячини ўзиб кетиб гол урди. Ҳисоб тенглашди. 2:2. Сиз ҳам фақат шундай “вертикал” ўйин қилмоқчимисиз? Лекин бунинг учун “Реал” “Наполи”га қарши ўйнаганидек ўйнаб, рақибни майдон ўртасига ёки ўз тарафига тортиб, рақиб жаримасини бўшатиб, қисқа масофали оширмалар билан зич ўйнаб, майдонни ўз назоратига олиб, кейин, рақиб тарафида бўшлиқ пайдо бўлгандан кейин, ўткир ҳужум уюштириш керак эмасми эди? Шундай ўйнасак, ўзимиздан ҳам Бенземалар топилармиди? “Горизонтал” ўйнаб туриш ҳам керак эди-ку. Тўп назорати ҳам муҳим нарса-ку. Тўпсиз жамоавий ҳаракат жуда муҳим нарса-ку. Бенземанинг голи қандай гўзал бўлди, бай-бай-бай... Майдон марказини тан олмаган Лушчан, марказдан жаримага ёриб киришни истамаган Лушчан, узун оширмалар билан марказда ўйнамай фақат қанотдан “вертикал” ҳужум қиламан деган Лушчан, марказ назорати учун Кападзедай етакчини излаб юрмайман деган Лушчан арабларга ютқазиб қўйди-ку. Рақиб таркибида майдонда етакчилик қилган Умар Абдулраҳмон бир ўзи Лушчанни ютиб қўймадими?

Хашакдан ҳашам бичма, ёлғонни сувдай ичма.
G. Термага қайтаман. Фалсафа қайсар нарса, бир “фалсафа”га, яъни бир ўйин услубига бўйсинаман дейишлик ўта қайсарлик бўлади. Клубда фақат узун оширмали тезкор ҳужумни қиёмига етказиб, биргина услубга ҳар томонлама ишлов бериб, ўйин структурасини бир услубга бўйсиндириб натижа кўрсатиш мумкин, дедим. Лекин у ҳам эскириб кетади. Ҳатто Гвардиола “Барса”да яратган дунёда энг кучли ҳисобланган ўйин ҳам эскириб кетганидек, деб айтдим. Бошқа гап бор. Бир услуб билан қиёмига етказмай ўйнаш ўзимизнинг маймоқ чемпионатимизда бирор жамоага иш бериши мумкин. Осиё миқёсида бундай ўйнаш иш бермаслигини “Бунёдкор” кўрсатиб қўйди. У бундай ўйини билан “Сўғдиёна”ни ютиши мумкин. “Ал-Айн”ни эмас. “Бунёдкор” ўйинида ҳимоядан чиқиш ҳам, қанотга чиқмай майда узатмалар билан марказдан тезликда ёриб ўтиш ҳам ҳомлигича қолмоқда. Бошқа ишловлар ҳам керак эмасмиди? Шу аҳволда ҳам Лушчан учун “Ал-Айн”ни ютиб кетиш имконияти бор эди. Аммо Терма жамоачи?.. Терманинг беш кунлик йиғинидачи?.. Терма жамоада қиёмига етказмай ўйнаш тўқ услубни ҳам пучқайтириб қўяди. Халқаро ўйинларда тўпни назорат қилиб туриш ҳам керак бўлади. Кореяга қарши ўйинда тўртинчи оширмага етиб бормасимизданоқ рақиб биздан тўпни олиб қўя берди-ку. Шу аҳволда ҳам фалсафа ҳақида гап сўқийсиз. Эртак тўқийсиз.

Гап билганга бир танга. Иш билганга минг танга.
H. Ва ниҳоят, кўп эзмаланиб “фалсафа” таърифидан қутилдим. Бошқа гапга ёпишаман. Самвелжан, “Умумий ўйин бўйича йигитларга жиддий эътирозим йўқ” деб, Кореяга қарши ўйин ҳақида гапирибсиз. Бу ғализ таржима бўлса керак. Ўйин хусусий ё умумий бўлмайди. Самвелжан, Сиз албатта, рус тилида хос суҳбат қургансиз. “Вообще говоря, в общем рассмотрении,” каби сўзлар билан жумла тузгандирсиз. “Умуман олганда, ўйин бўйича йигитларга жиддий эътирозим йўқ” деб айтгандирсиз. Йигитларга Сизнинг жиддий эътирозингиз бўлмаса, меники бор... Кейинроқ айтаман.

Эрон ва Кореяга қарши ўйинларда тенгма-тенг ўйин кўрсатдик. Бизга омад келмади. Биз ўйинимиз бўйича дурангга лойиқ эдик, дебсиз. Қўпол хатолар эвазига ютқазиб қўйдик дебсиз. “Ўйинни ташкил этиш бўйича биз номдор рақибларга ютқазмадик” дебсиз. Бекоргинанинг бештасини ебсиз. Карислар тўпсиз тезкор ҳаракат қилишда бизга дарс бериб қўйишди. Ўйин бўйича ютқазиб қўйдик, аслида. Кечаги ОЧЛ гуруҳ ўйинида “Бунёдкор” Саудия вакили бўлган “Ал-Аҳли” арабларига қарши тенг ўйин кўрсатиб ютқазди. Ҳужумкор ўйин қилиб ютқазди. Сиз Кореяда кўрсатган ўша ўйинга таққослаб бўлмайди. “Қалдирғочлар” кўп марта зарбдор вазиятга чиқишди. Мавсум бошланиши бўлгани учун, гол ура олишмади. Сиз оптимал формадаги йигитлар билан бирон марта карисларга қарши ўйинда голвар вазият ярата олмадингиз. Йигитларингиз карисларга қарши қандай ўйнаш кераклигини била олишмади. Ашурматов ва Комиловнинг қўпол хатолари эвазига “қалдирғочлар” арабларга ютқазиб қўйишган эди. Шу вазиятларни кўз олдингизга келтиринг. Буни ҳамма кўрди. Энди Кореяга қарши кечган Сизнинг ўйинингизни эслайлик. Карислар бизга қарши асосли, ишонарли, кучли ўйин кўрсатиб 2та гол уришди. Биринчи голда Ҳошимов тезлиги паст бўлгани учун қанотдан ёриб кирган қанот ҳужумчисининг оширмасига тўсма қўёлмади. Иккинчи қаватда рақибга қаршилик кўрсатишда паст бўйлик Денисовга кунимиз қолган эди. Анзур тезда ортга қайтиб кела олмади. Бу эпизодларда қўпол хатони ким кўрмоқда? Балким, ҳимояни ташкил этишда Сиз хатога йўл қўйгандирсиз? Айтганингизга кўра эслаб кўрсам, қайсидир ҳимоячининг йўл қўйган катта ё ”кичик хато”ларини ман умуман кўрмаяпман. Ҳимояда жамовий ўйин кучсиз ташкил этилганини кўрмоқдаман. Футболчиларимизга қарата Сиз айтган ўша гапингиз, “Кичик хатоларни бошқалар кечириши мумкин эди, фақат Эрон ва Корея эмас”, деб айтган ўша гапингиз футболчиларга эмас, аввало ўзингизга тегишли эмасмиди?

Ўзини “ака” деган, эчкисини така дер.
I. Жамоавий ҳимояланишда кучсиз ҳаракат қилдик. Ожиз қолдик. Гап шунда. Форслар ва карисларга қарши умуман “вертикал” ўйин қила олмас эдик. Улар “Ал-Аҳли” ё “Ал-Айн” эмас. Сиз “Бунёдкор”ни майдонга олиб тушмагансиз. Карислар бизга қарши бехато ўйнаб, зоналарни ёпиб ҳимояланишди. Демак, бизга ҳужум қилар пайтимизда сиқма ўйин таклиф қилишган экан, қисқа масофада колидор ясаб, тезкор комбинация уюштириб, тўпни олдирмасдан дам-бадам зарбдор вазият яратиб туришимиз керак эди. Бундай ҳужум вертикал эмас, горизонтал ва диагонал бўлиб қолар эди-да. Сизнинг “фалсафангизга” тўғри келмайдиган ҳужум бўлар эди-да. Сизнинг “фалсафангиз” билан мазкур ўйинларда бирон марта голвар вазиятга чиқа олмадик. Уч-тўрт марта зарбдор вазият ярата олдик, холос. Карисларга қарши ўйинда фақат 4 марта рақиб дарвозасига қарата зарба берибмиз.

...Арпа уни баҳона.
F. Фанни билган талаба, кўп меҳнат қилган талаба имтихон пайтида омади келиб тўғри жавобни белгилаши мумкин. Футбол ҳам шунга ўхшаган нарса. “Эрон ва Ж.Кореяга қарши кечган учрашувларда дуранг адолатли натижа бўлар эди. лекин бу ўйинларда омадимиз келмади” дегансиз. Омад сўзи ҳам омад бўганидан пушаймон бўлмоқда. Омад келмади эмиш. Карислар ўйин бошида ҳимояда қўпол хатога йўл қўйишди... Биз меҳмонда ўйнаб тезкор гол уриб олдик. Бикмаев вазиятдан фойдаланиб гол уриб олди. Биз олдиндамиз — 1:0... Бундан бошқа тағин қандай омад Сизга керак экан? Тағин нечта керак экан? Кучли босимга асосланган ўткир ҳужумлардан бирида, “дарвоза томонга йўналган кўплаб зарбаларимиздан бирини” тағин омадингиз келиб, карис ҳимоячиси хатога йўл қўйиб ўз дарвозасига тўғрилаб қўйиши керакмиди. Иккинчи гал ҳам омадни бизга Яратган Эгам юбориши керакмиди? Бунинг учун энг аввало, кучли босим уюштиришимиз керакмасмиди? Сиз ўткир ҳужум қилишингиз керак эмасмиди? Ҳужумда Сиз кучли босим билан қисқа масофада комбинацион ўйнашингиз керак эмасмиди? Биз ҳужум қила билмасак, қаердан иккинчи омадни кутасиз? Шунга қарамасдан қарши ҳужум пайтида яна бир марта омад келган эди. Бу ҳақда кейинроқ айтаман.

Яратганнинг ЎЗИ сизни доим қўллаб омадлар юбормоқда. Мен ўз кўзим билан кўрган, Тошкентда ўтган биринчи давра ўйинларининг биронтасида майдонда мутлақ устунлик қилиб гол урганимиз йўқ. Омадингиз келиб рақибларни ютдингиз. Лекин Сиздан ҳаракат ЎЗИдан баракат дейилади. Кореяга қарши ўйинда ЭГАМ фақат бир марта йўқ жойдан Сизга омад юборди. Иккинчисини ҳам юборарди. Сиздан ҳаракат бўлмади. Яна бир бор омадга тортадиган ўйин кўрсата олганингиз йўқ. Сиз омадсизликдан нолиманг.

Давоми бор.

Киритилган сана: 08.03.2017 13:48. Ўкилди: 11517 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 18:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 23.07.2024 18:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


BOTQA
Сана: 05.02.2024 22:08. BOTQAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ALBARS
Сана: 08.03.2017 17:53. ALBARSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.