Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Эртакка муҳтож бўлган эртак

Баҳо:
+0; -0

Бир бормиз, бир йўқмиз. Сиз ҳам бугун борсиз. Доим бор бўлинг. Узоқ ўтмиш замондан бери узоқ бахтар юртида Уструшонадан шимолроқда Шош қалъаси бўлган. Мен ҳам шу ерда яшаб келмоқдаман. Сиз ҳам. Эртагим эртак бўлур, олтин беланчак бўлур. Қалъа халқи ухлаб ётур. Эртакка эртак қўшиб, каминангиз тўқиб ёзур. Қулингиз тўқур эртак. Он териб этак-этак, лаҳза қўшиб қатига, гилам табиатига. Эшитганлар дармонда. Эшитмаганлар армонда.

Шундай қилиб, ушбу қалъада Бобоюн мирзо деган тиришқоқ бола яшаб келмоқда. У 11 ёшидан бошлаб ўзини ошпазлик касбига бағишлаган. Умри ошхонада, ўчоқ бошида ўтиб келмоқда. Лекин бирор таом пиширишга қунт қилмай келмоқда. Шаҳаншоҳ ошхонасида ишлашни ёқтиради. Ундан пастини ўзига муносиб билмайди. У ерда, яъни шоҳ саройида ўчоқ бошида ўралашиб юрганидан ўзини қалъанинг катта ошпази деб санаб юрибди. Шоназар боққол ўғли Шобеҳзод жарчи бозору майдонларда куюниб бизнинг ошпазларимиз устоз кўрмай қозонга яқинлашмай, капкир ушламай маъруза тинглаб ошпаз бўлиб юрибдилар, деб дод солмоқда. Фақат додхоҳ топилмайди. Ҳеч ким унга эътибор бермайди. Жарчи гоҳ кулсин, гоҳ йиғласин майли, унга ҳеч ким парво қилмайди. Қадимги қўли гул, тили ширин, энг кучли ошпазлар юртида яшаб келмоқдамиз, наҳотки биронтаси устоз кўрмай юрган бўлса деб, устозларнинг устозлари ўзимизга тегишли деб, ўзимиздан чиққан деб, ажабланиб, каловланиб қолдингизми? Ҳайрон бўлманг гапимга.

Ҳаммаси оддий. Гап паловхон полвон ё икки мушт хашлиқ таомлари ҳақида кетаётгани йўқ. Бу таомлар бўйича жаҳонда энг кучли ошпазларимиз бор. Икки мушт, қўш зарба хашлиқларимизни пиширишда дунёда биринчи бўлдик. Етти тош паловхон полвонни пиширишда Аруслан ҳожи Нуриддин саллоб ўғли дунёда биринчи бўлди. Биздан чиққан. Шўр қудуқдан. Матмуса тажангнинг қўшниси бўлади. Бу таомлар бўйича минг йилдан бери устаси фаранг биз бўламиз. Гап бошқа ёқда. Юз йил олдин Оврупода янги таом пишириш расм бўлди. Бўйи эллик қулоч, эни ўттиз қулоч келадиган ўчоқда пиширилади бу таом. Унга сартўп деб ном беришган. Бу таомни юз, юз эллик лак одам еб битира олмайди. Яқинда Фарангистонлик ошпаз Зайниддин Зайдон пиширган бундай таомни бутун дунё шинавандалари бугунга қадар роҳатланиб истеъмол қилишмоқда. Чайнаганинг сари мазаси чиқади. Бутун дунё жарчилари бу таомни чарчаш билмай чайнашмоқда. Муҳтарам Зайниддин олий ҳазрат ошпазнинг отасига раҳмат.

Бундай таомни пиширишда биздан ҳали уста чиқмаган. Ҳали бери чиқмайди ҳам. Баковул бошимиз Аълам Мираброрхожи уста Зуфар қушбеги ўғли ошпазлик касбида биздан зўри йўқ деб билади, шекилли. Такаббурлик қилиб Овруподан устоз олиб келмайди. Осиёнинг энг кучли юртлари ҳам ошпазни Овруподан олиб келишмоқда. Баковул бошимиз ошпазларимизни ҳаммадан зўр деб билса керакда. Ушбу таомни ўз билганимизча ўзимиз пишириб ўзимиз емоқдамиз. Қачон димлаш, қачон шивирлатиб, қачон шақиллатиб қайнатишни, қай томонга қачон ва қанча ўтин қалашни бизда тузуккина ҳеч ким билмайди. Ҳамма ўзинимас биздаги масаллиқни айбдор санайди. Яхшисини бизларга ким етиштиради? Ким тайёрлайди? Насриддин афандими? Ўзини ҳеч ким кучсиз санамайди. Бизнинг хом-ҳатала, бемаза таомимизни истеъмол қилгали истадиюн номли тўйхоналаримизга бир лак ҳам одам келмайди. Шундай аҳволда ҳар йили биринчи ошпазни, бирор масаллиқни энг кучли деб сайлаб қўямиз. Бунга куласизми, ўласизми? Истадиюн номли емакхоналаримизга ҳеч ким келмаса-да, улар бўм-бўш бўлса-да, бизда пишган таом бемаза бўлса-да, қайсидир ошпазни кучли дейишимиз кулгилик ҳолатдир. Бизнинг ўчоқбошиларимиз бутун салтанатда энг чиройли ва энг кўп сонли деб мақтанишимизга нима дейсиз?

Баковулбошимиз мулла Бобоюн мирзони энг кучли ошпаз санаб, уни турли масаллиқлар билан таъминлаб жаҳон мусобақасига юбормоқчи бўлмоқда. Унинг йўлида ҳозир Порсиёнлар, Қурия ва Чин-мочин ошпазлари ғов бўлиб туришибди. Уларни енгиб ўтамиз деб ҳаммага қуруқ ваъда бериб юришибди. Мираброрҳожи аълам жаноблари ўз олдиларига хос ходимлари бўлган тоғошар Саид Асқар ноибни чақириб Бош ошпазимизни барча масаллиқлари билан бирга Теҳрондаги Озодий истадиюн тўйхонасига учириб бориб қўйишни буюрдилар. Улар кеча учароққа миниб учиб кетишди. Эртага мусобақа бошланади. Эроннинг бош ошпази бизнинг Бобоюн мирзодан анча кучли бўлса-да, ўчоқ бошида бош ошпазимизни рақиб олдида ёлғиз ташлаб воқеани томоша қиламиз. Сеҳрли тош ойнада кузатиб туришдан бошқасига ярамаймиз. Бобоюн мирзо касбда комил бўлмагани учун парвоз олдидан руҳланиш учун бошқа бир соҳада жаҳон ғолиби бўлган ошпазларимиз билан учрашиб, уларнинг дуосини олибди. Бу ҳам бир чорадир. Фолбиндан дуо олгандан кўра яхшироқдир, албатта.

Албатта, албатта. Мўъжиза юз бериб Теҳронда порсиёнлардан, кейин Чин-мочин, кейин Қурия ошпазларидан устун келиб, бизникилар ғолиб бўлишсин-да. Ҳаммамиз ўзимизни алдаб, ўзгаларни авраб, уйғоқ виждонларни аллалаб, умидворликни амаллаб эртанги тўқнашувни кутмоқдамиз. Мўжиза юз бермаса, баковулбошимиз Бобоюнмирзони ҳамма нарсада айблаб, олдинги бош ошпазларимиз бўлган саид Мирқосим тўра ўғли ва Аврамбой маҳдум ўғли ёнидан жой бериб, ҳақоратлар майдонига ташлаб қўядилар. Бундай ожиз ҳолатимизга Баковулбошимиз ҳам, унинг ноиблари ҳам, аслзодаларимиз ҳам ўзларини оппоқ санаб бир четда сохта жилмайиб тура беришади. Ўз қароргоҳларида без бўлиб юра беришади. Барча халойиқ эртакка ишониб умидвор юрибди. Кимда нозик, кимда қалтис, кимда сохта умидворлик устувор.

Эртак содир бўлсин. Мўъжиза юз берсин. Юзлар ёруғ бўлсин. Ҳамма эртакдамас ўнгида ўзидан мамнун бўлиб юрсин. Ҳаммага шу керак. Ҳаммага шу қулай. Тирик виждонлар туш кўриб мудроқ юргани яхши.

Барча қатори эртак ичида эртакка зор қолиб камина қулингиз Мир Қитмирали, Мирсаркаш мироб ўғли ёздим.

Киритилган сана: 11.06.2017 17:32. Ўкилди: 8138 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.