Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Нима иш қилиб қўйганини ўзи билармикан? (2-қисм)

Баҳо:
+0; -0

Мақоланинг биринчи қисмига ҳавола.

4. АНДАВАКАШЛИК
Шундай экан, ҳеч нарса ўқимай қўя қолайликми? Бир нима ўқиб, зеҳнни уринтириб нима қаламиз. Лекин ушбу кун ишқибоз тўрт йилдан бери кутган воқеа содир бўлган бир пайтда туриб, овунтирувчи, кўнгил очувчи, ялтироқ, юзаки хабарларни ўқиса, ишқибоз эътибори чалғирмикан? Интригаларни қалаштириб ташласангиз ҳам ўқимайди. Қизиққон зеҳни доим ҳақиқатга ташна. Айни ушбу кунлар ташналик баланд. Уни излаб ижтимоий тармоққа кирмоқда. Ижтимоий тармоқда Бабаяннинг тахтга миниши Бойнинг аралашуви билан бўлган, деб ёзилган миш-мишни ўқиш улар учун қизиқроқдир. ОАВда бундай тафсилотларни айланиб ўтишади. ОАВ учун тақиқ мавзу. ОАВ факт ичига кириб бормайди. Уни ким ўқийди? Демак, ҳеч ким ўқимайдиган бундай ОАВдан бутунлай воз кечиб қўя қолайликми? Барибир андава сувоқ газеталарни ҳеч ким олмаяпти. Улардан воз кечайликми? Сайтдаги мақолалар четда қолиб, муносабатларни ўқишмоқда. Сайтлардан ҳам воз кечайликми? Шундай қилсак, ОАВ бутунлай бўлмаса, нафақат майдондаги ўйин, балки ҳаёт сочилиб кетмайдими. Одамни одамга боғловчи, футболчини ишқибоз билан бир бутун жамоа қилгувчи журналистнинг ҳақ сўзи-ку. Ҳаётимиз нафаси, йўлимизнинг насаби нимадир? У бирнима ОАВнинг жони, жасади, тапатақ ўзи-ку. Ҳақ сўзи-ку. Бабаян бугунги “зўрдан зўр” журналистикамизни терма жамоа билан унаштириб қўймоқчи бўлдими? Нима учун бизни бу ерга йиғди? Терма жамоа атрофида ҳаққоний журналистикани яратиш учунми ёки андавакашларни ишга чоғлаш учунми?

Бабаян ҳам жуда зўр андавакаш экан. Сувоқчи. Моласиям бор, газчўпиям бор. Термамизнинг олдинги раҳбарияти ишига силлиққина, чиройли баҳо бериб ўтди. Мажлис норасмий эди. Диктофонлар ўчиқ эди. Дилдаги гапларни айтса бўлмасмиди, юрагидан чиқариб. ТЖМдаги ҳамма гаплардан биздан кўра яхшироқ хабардор эди-ку. “Пахтакор”да мураббий бўлиб юрганида термадаги аҳволдан жони-дили куюб кетмасмиди? Куйиб гапирмайдими? Йиғлагандай бўлиб эҳтирос билан гапирмайдими? Ҳақиқат сўзига биздек журналистларни муносиб кўрмади. Демак, бутун юрт ишқибозларини ҳақ сўзга, қалбидаги гапларга муносиб билмади. Унинг қалбида карьерадан бошқа нарса борми? Унинг қалбида Футболга, Ватан футболига меҳр-садоқат туйғуси борми? Бор бўлса, олдинги таркиб ишини бор вужуди билан қораламайдими? Қосимов ҳаммани қон қилиб юборди-ку. Нима эмишки...

Бабаяннинг гапига кўра олдинги терма жамоа мураббийлар таркиби яхши ишлаган эмиш. ЖЧ-2014га жуда яқин келган эмишмиз. Ўйинимиз даражаси Осиёда биринчи бешталикка кўтарилган эмиш. Сеулда карислар билан теппа-тенг ўйнаган эмишмиз. Бизга фақат омад етишмай, мундиалга боролмай қолибмиз. Тушини сувга айтса бўлмайдими? Масалан, Амирлик футболида чиндан, инкор этиб бўлмас даражада ўсиш бор. Лекин улар бу билан мақтанишмайди. Ишлашда давом этишмоқда. Ҳаммаси яхши бўлган бўлса, Бабаян ҳеч нарсани ўзгартирмас экан-да. Бабаян бизга лағмон осишда, биз эса, ишқибозларга лағмон осиб юришда давом этарканмиз-да. Журналистлар ишида ўзгариш бўлмас экан-да. Нега шу гапларимни сўз олиб юзига айтмадим?

5. ПИРОТЕХНИКА
Тенг ўйинда ютқазиш шармандалик эмасми? Йигитлар тенг ўйнай олишса-ю, ютқазишса, мураббийга маҳорат етишмаган бўладими, ё футболчиларга омадми? У ерда Рустам Акрамов нима қилиб юрган эди? ТЖМ нима дегани? Амалдорлар учун Туристик Жамият Марказими? Техник директор дегани қандай лавозим? Акрамов Сеулдан келгач, мағлубиятдан жигар-бағри куйиб, лов-лов ёниб ҳакамларни айблаган эди, гўё. Алданманг, қалбини ўртаган “олов” эмас, пиротехника эди. У Марказда техник директор бўлиб эмас, пиротехник директор бўлиб ишлайди. Толибжонов ҳеч қачон уялиб, Миржалолга ўхшаб кечирим сўраб, истеъфога ариза бермаган. Акромов эса доим четда туради. Мураббийлар айланиб, айбланиб келиб-кета беришади-ю, улар гоҳ без бўлиб, гоҳ жилмайиб юра беришади. ТЖМ улар учун бувасидан қолган меърос томорқами? Мираброр Усмонов боғча боласини қўрқитгандай, ТЖМ раҳбарларига қарата, агар ундоқ қилмасанг, бундоқ қилмасанг ҳайдайман деб хўжа кўрсинга ҳар гал пўписа қилади. Бу ҳам пиротехниками? Ундай бўлмаса, Мираброр Усмоновнинг раҳбарликни эплай олмаганими? Ишда йўл қўйган қандай камчилиги учун хайфсан эълон қилинди? ЎФФда уларнинг ишига тўғри йўналиш бера оладиган, футболни яхши тушунадиган раҳбарнинг ўзи йўғу, “виговор эълон қилиш” нимаси? Кейинги сафар уларнинг масаласини “парт.собранияда” кўриб чиқишадими? Булар эски замонда қолиб кетмаганми?

Аслида иллатнинг томири ЎФФ раҳбарининг ожизлигида эмасми? Вьетнамда Абрамов руҳан сингач, унинг ўрнига бошқа мураббий тайинлаши керак эди-ку. ЎФФ раҳбарияти нима қилди? Пода боқди. Муҳим ўйинга уч кун қолганда Эронга ютқазиб қўйганимиздан кейин шошилинч равишда терма мураббийи алмаштирилди. Қосимов термага биринчи марта келганида бош мураббийлик салоҳияти қандайлиги ҳаммага аниқ бўлган эди. Фақат ФФмиз раҳбариятига эмас. Қосимов Осиё ўйинларида қатнашиш учун ёшларни Жанубий Кореяга олиб кетди. У ерда нима каромат кўрсатди? Расво ўйин кўрсатиб қайтди. Нега ўшанда, ё ундан олдин Иорданиядан кейин, ё Австралиядан кейин Қосимовга истеъфо берилмади. Нимани кутишди? ТЖМ ярим йилдан бери на терма билан, ва на олимпия ёшлари билан бир нима қилди. Бунга ким айбдор? Мираброр Усмоновнинг ихтисоси бошқа соҳа экан, иккинчи шахс нима қиб юрибди? Иккинчи шахс ким ўзи? ФФмиз мажлисида маълум бўлди. Бир йилдан бери Мираброр-аканинг сўзи қўл остидагиларга ўтмай келаётган экан? Терма жамоага Европадан кучли мутахассис олиб келиш буюрилганига бир йил бўбди. Ҳали келади. Энди яна бир ой мухлат берилди. Энди бир ой ичида шошилинч тарзда Бабаянга тенг кучли, яъни ундан устун бўлмаган, раҳбариятга тобе бўладиган бир мутахассисни олиб келишади-да. Отарчи, муттаҳам ҳасисни олиб келишмаса, бўлгани эди.

Бабаян аввал бутун системани яхшилаб, кейин жамоада иш юритиб, натижа кўрсата олишини “Пахтакор”да кўрдик. Термада Марказ таркибини ўзгартириб бутун система ишини яхшилаш ваколати унга берилмас экан, унинг терма жамоа билан бир нимага эришиши амримаҳол бўлади.

6. ОСТОНА ТОЗАЛОВЧИЛАР ҚИСМАТИ
Австралияга бирон бир ўйинни тайёрлаб бормаган эдик. Бошқалардан кам бўлмаган, уларга тенг кучли ўйинчиларимиз мужмал, бетайин ўйин кўрсатиб келишди. Мираброр-акага бир нима деёлмаймиз. Соҳаси бошқа. ОК-2015га ярим йил бўлди-ю, ҳеч ким ҳеч қандай хулоса чиқармади, ҳеч қандай ишни режалаштирмади. Терма жамоа атрофидаги бундай аҳволдан Бабаяннинг жони куйиб, ҳақиқатни очиш ўрнига олдимизда сувоқчилик қилди. Олдинги мураббийлар таркиби яхши ишлаган эмиш.

Австралияда кўрсатган хира ўйинларимиздан сўнг термамизда ҳеч қандай ўйинни ўстириш стратегияси ишлаб чиқилгани йўқ. Бугунгига ўхшаб йиғин қилишгани йўқ. Қосимов ярим йилдан бери қайси йўналишда қандай иш олиб борди? Ҳеч қандай. Ишқибоз ёлғонлардан эзилиб кетди-ку. Термамиз аҳволидан Бабаян эзилмадими? Бабаян бизни ёш бола қилиб юборди-ку. Алдагани бола яхши. Биз эмас. Ёки у ҳам бир ойда бир марта беш кунга йиғилиб футболчилар билан майдонда стратегик мақсадсиз югургиламоқчими? Журналистлар кимни қайси ишида қўллаши керак экан?

Даврон Файзиев ҳамма журналистлар фақат ташкилий масалада савол беришиб, ўйин мавзусини четлаб ўтишганини айтиб зорланган эди. Давронжон, хулоса қилинг: биз журналистлар ҳисобнинг рақамларини кўрамиз. Ўйин сифати, даражаси билан бизнинг ишимиз йўқ. Раҳбариятнинг ҳам. ТЖМдаги бугунги аҳвол билан, терма жамоанинг шу бугунги ўйини билан шимолий карисларни ютиб эмас, улар билан лоақал дуранг ўйнаб келганимизда борми, ҳеч қандай ўзгаришлар, мазкур мажлислар бўлмас эди. Бу деганим фақат журналистлар эмас, ЎФФ раҳбарияти ҳам ҳисобдаги рақамларга қараб фикрлашда ўзгариб, товланиб, гоҳ бўғилиб, гоҳ мақтаниб турадилар. Мажлисда ўтирганлар ҳам айни маҳал Термага келган Бабаяннинг маъмурий, ташкилий ишлари билан қизиқишади, майдондаги бўлғуси ўйин “ташкилоти” билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу борада юзерлардан нари кетмаганмиз. Шунинг учун Бабаян ҳам журналистларни ўзининг ёрдамчиси сифатида, оқловчиси, қўлловчиси сифатида кўрмоқдами? ОАВ хизматини моҳиятан тўғри тушунса-да, қурбимизга тўғри баҳо бериб, ўзимизга муносиб паст назар билан ишимизга қарамоқдами? Бундан ортиғини биздан кутмаётибдими? Бундан ортиғига, бизни муносиб кўрмаётибдими? Биз журналистлар Марказ ва терма жамоа ичига киролмай, ҳақиқатни билолмай, терма остонасини тозалаб юрайликми? Журналистиканинг вазифаси шуми?

ЎФФ қўрғони, ТЖМ қароргоҳи эски ҳаммом, эски тослигича қолар экан, Бабаян бундан буён ўз умидлари билан алданиб юради. Оқ от миниб келган мураббий қора отлиқ бўлиб асфаласофинга кетади. Бир келиб-кетганларнинг навбатдагиси бўлади. Ё ўзи алданмай бизни алдаб, ҳар биримизни бир нарсага умидвор қилиб юради. Учинчи йўл борми? Ёки ЎФФда тез орада содир бўлажак катта ўзгаришлар арафасида турибмизми? Билмадим, билмадим.

Фақат бир нарсани биламан. Ҳеч қайси мураббий терма жамоа ишига бундай ёндошмаган. Ҳеч ким ишга тайинлангач бизлар билан бундай норасмий давра суҳбатини қурмаган. У яна бир иш қилиб қўйдики, на ўзи ва на биз буни билганимиз йўқ. Бунга эътибор қаратганимиз йўқ.

7. БАДБЎЙ АТАМАЛАР
“Пахтакор”да учрашув тугугач, ер остидан чиқиб, ЎФФ биносига қараб кетаётган эдим. Ортимдан Зафаржон етиб келди. “Лафзим бор, ваъда берганман, инглизлар билан соат иккида бошланадиган учрашувга боришим керак”, — десам-да, ҳоли жонимга қўймади. “Мен ҳам ваъда бердим, сизни юзлаштиришим керак”, — деб ер остига қайтишимни илтимос қилди. “Зафархўжа билан учрашиб, юзлашиб орқага қайтиб кета берасиз”, — деб йўлимни тўсиб турса бўладими? Ноилож орқага қайтдим. “Пахтакор”да медиа марказ ер остида трибуналар тагида жойлашган. У ерга яна бир марта тушиб чиқиш керак бўлмоқда. Бабаян билан давра суҳбати шу ерда бўлиб ўтди. Мажлис тугаб шу ердан ҳар томон тарқалиб кетаётган эдик.

Боя айтдим, Бабаяннинг кириш сўзидан кейин биринчи бўлиб Зафаржон савол беришни бошлаб берган эди. У одатга кўра аввало янги лавозим билан Бабаянни табриклади. Шундан кейин саволларини берди. Тантанавор мажлисга ўхшаган нарса бошланиб кетди. Ҳамма ўз саволини Самвелни қутлашдан бошлади. Самвелжан савол-жавоб кейин бўлади, деб қайта-қайта айтса-да, учрашув расмий анжуманга ўхшаб қола берди. Менга бу Ҳол ёқмади. Ҳамманинг дилдаги гаплари тилга чиқишини хоҳладим. Сўз олиб, “фолга яқин ўйнаб” ростмана тортишувни бошлаб бердим. Гап бундай бўлди.

Олдинлари ё Қосимов ва ё Абрамов термага ҳар гал тайинланган пайтлари журналистлар икки тараф бўлиб қолишар эди. Абрамов ёшларни 2008 йилги олимпиадага тайёрлаган пайтидан бошлаб термада икки марта ишлаган бўлса, Қосимов ҳам икки марта термада ишлади. Улар бир-бирини алмаштириб туришди. Улардан бири термада ишлай бошлаши билан, журналистларнинг ярми биринчи кундан бошлаб мураббийга тиш қайраса, бошқа ярми унинг тарафдори бўлиб йўлига поёндоз бўлишар эди. Тиш қайраганлар терма жамоага ёмонлик тиламаса-да, хайрихоҳлик ҳам қилишмас эди. Мураббийнинг хато қилишини кутишар эди. Поёндоз бўлгувчилар унинг тарафини олиб, ҳар қадамини бўяб, мақтовларни ёғдириб, уни фариштага айлантириб, кўкка кўтаришар эди. Бу ҳол ишқибозларга ҳам таъсир қилди. Албатта, терма ўйинчиларига ҳам таъсир қилар эди. Ишқибозлар икки тараф бўлиб кетишди. Клуб эмас, гап терма жамоа ҳақида кетмоқда. Бу қанчалар мараз ҳолат эканлигини ҳамма билса-да, буни ҳеч ким тўхтатишни ўйламас эди. Бизда “қосимовчи”, “абрамовчи” деган бадбўй атамалар пайдо бўлди. Қосимов хатоларини танқид қилиб мақола ёзсам, “қосимовчилар” мени ўзига душман қилиб олишар, баъзан уйга телефон қилиб, дуэлга — юзлаштирувга чақиришар эди. Абрамов хатосини таҳлил қилсам, “абрамовчилар” ижтимоий тармоқларда мени сотқинликда айблаб сўкишар эди.

Бу иллатни футболчилар, ё мураббийлар, ё ишқибозлар бошлаб берган бўлса майли эди. Бу қандай бедодлик, нодонлик бўлди-ки, бу тарафкашликни журналистларнинг ўзи бошлаб беришган эди. Бу қандай кўргилик экан-ки, ўғлим тенги ҳамкасбларим менга душманлик қилишга чоғланиб юришса. Бабаян ўз нутқида журналистларни терма атрофида ҳамжиҳат бўлишга ундаб бизларни бир жойга йиғганини айтган эди. Мен сўз олиб тарафкашликни йўқотмас эканмиз, ҳеч қачон ҳамжиҳат бўлолмаслигимизни айтиб зорландим. Бу иллатга бутун ғазабиб билан ташланиб, ҳаяжон билан гапирдим. Ўтирган журналистлар иккига бўлиниб кетди. Бефарқ ўтирган одамлар қолмади. Эътирозлар ёғилиб кетди. Тарафкашлик футболга хос нарса эмиш. Тарафкашлик ишқибозчиликка хос нарса, журналистикага эмас. Ранг-баранглик тарафкашлик эмас. Ватан битта, юрт битта. Терма жамоа мураббийи битта. Унга қарши туриш мумкинми? Журналист терма тугул, ҳатто клубларга қарши тарафкашлик қилиши мумкин эмас. Журналистнинг ўз севган клуби бўлиши мумкин эмас. Рассом ўз ишида оқ ва қора рангларни олиб ташлаганидай, журналист ҳеч кимни оқлаши ё қоралаши мумкин эмас. Журналист инсонга нисбатан яхши ва ёмон сўзини ишлатмагани мақул. Бундай баҳоларни яратганга қолдирсин. Таҳлил, фақат таҳлил бўлсин.

Давоми бор.

Киритилган сана: 14.07.2015 09:18. Ўкилди: 13573 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.