Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

V. Замонлар чоғишмаси («Консультатив» таҳлил). 2-қисм

Баҳо:
+0; -0

ҲАМОН ТЕШИК ТОҒОРА ОЛДИДАМИЗ
Миржалолнинг ўзи хоҳламаса-да, футбол устида турган юқори қудрат эгалари футболимиз афсонасига тарафкашлик қилиб, обрўсини бир пул қилишмоқда. Бултур Сеул жангидан олдин икки ой вақт бор эди. Агар ўшанда 2ой+1йил мақомида ишсиз юрган Рафаел Бенитесни термамизга бош мураббий этиб тайинлаганимизда эди... Ўшанда қанчалар ялиниб ёлборганимиз ҳеч кимга таъсир қилмади. Агар, Корея термасини ютиб келганимизда, ҳозир бутун Ўзбекистон аҳолиси кўтаринки кайфият билан Бразилияни кутаётган бўлар эди. Термамизга, бугунги чемпионатимизга, ҳар бир ўйинга, умуман футболимизга бўлган ҳар бир ишқибоз муносабати, бутун юрт муносабати бутунлай бошқача бўлар эди. Бир ўйиндаги натижа футболимизда шунчалар катта ўзгаришлар эшигини очган бўлар эди-ки...

Агар-магар гапларим ҳеч кимга ёқмайди, биламан. Менга ҳам. Агар-магар билан термамиз ўйинини навбатдаги поғонага кўтариб қўя олмаймиз. Агар-магар билан эмас, ўйин савияси билан Корея ёки Япониясидан устун бўлишимиз керак. Бундай ишни Ўзбекистон даражасидаги мураббий эплолмайди. Бугунги аҳволдан гапирайлик. Биз бугун Қосимовнинг қўл остидаги термаси билан биргаликда футболимизнинг тешик тоғорасига ҳамон тикилиб турибмиз.

Жаноби тарафкашлар, миллий термамизгаям, Қосимовгаям душманлик қилмоқдасиз-ку. Миржалол Қосимов Европа даражасида бўлган Рафааел Бенитес ёнида катта тажриба орттираётган бўлар эди. Ҳозир Мундиалда мазмунли ўйин кўрсатишдек шарафли, ёқимли тараддуд ва сермазмун, машаққатли меҳнат билан баҳтиёр бўлар эди.

Европадан бир мисол келтирай. “Реал”нинг бош мураббийи бўлган Карлос Кейруш эътиборга лоqиқ бирор иш қила олмагач, “МЮ”га, устозининг қанотлари остига қайтиб кетганини эслайлик. Фергюсон ёнида “МЮ”га иккинчи мураббий бўлиб, узилиб қоган таҳсилини давом эттирди. Кейин Португалия термасига, ундан кейин Эрон термасига бош мураббий бўлди. Бу гал Эрон термаси билан топган ўйини бир нимага ўхшамоқда. Ҳеч ким буюк мураббий бўлиб онасининг қорнидан тушмайди. Ниҳоят Қосимов елкасидан клуб масъулиятини олиб ташладик. Уни Европага буюк бир мураббий ёнида ишлашга юбора олмаймиз, тўғрими. Буюк мураббийни бу ерга олиб келишимиз мумкин-ку. Нега бу ишни қилмаймиз? Ўзбекистоннинг пули етмайдими? Бўлмаган гап. “Кўчманчи” футболчиларга “подёмний”ларни топиб бермоқдамиз-ку. Четдан келган буюк мураббий учун “Бунёдкор”нинг пули етган эди-ку. Биз Қосимов билан ғурурланиб юришни хоҳлаймиз. Афсонамизни ким кўпроқ ёқтиради? Ким Ўзбек футболига кўпроқ қайғуради? Доим Қосимов олдига танқид кўзгусини қўйиб қўядиган бизми ёки унинг “бошини силайдиган” сиздек тарафкашларми?

МАНЧИНИГА СОВЧИ ЮБОРМАНГ
Шу кунлари Лаудруп, Манчини, Спалетти ишсиз юришибди. Қурбон Бердиев Қозон жамоаси билан бир бор Европа даражасидаги мураббийлик маҳоратини исботлаб қўйган. Олдига юқори мақсадларни қўйган бошқа бир жамоа билан ўзининг юқори даражадаги маҳоратини оламга яна бир бор кўрсатиш иштиёқида юрибди. Ўйин сифатини юқори даражага олиб чиқиб, Ўзбекистон термасини ОК-2015да совриндор қилишга қурби етади. Нега у билан (1+3)йил схемасида шартнома тузмаймиз? Манчини Туркияда иш топибди. Бердиев ҳам ишсиз қолмайди. Манчини “Ман.Сити”ни чемпион қилган бўлса-да, ишдан бўшатишди. Эътибор беринг, чемпион мураббийни ишдан бўшатишди. “Челси”ни қайта тирилтирган Раньери совриндор бўлса-да, уни Моуриньо билан алмаштиришди. Бизда бошқа гап. Бошқа латифа. Аҳмад Убайдуллаев Мисрда совриндор бўлганида эди, уни ишдан олиш қаёқда дейсиз, у камида ўн йил футболимизда шаҳаншоҳ бўлиб юрар эди. Ўзи эмас, номи ишлар эди. Мисрда шалтоғи чиққан бўлса-да, унга ишонишни давом эттирдик. Кейин у билан Осиё ўйинларида шарманда бўлдик. Абрамов Олимпиадани бой берса-да, термани бошқара берди. Қосимов Мундиал йўлида хароб бўлса-да, (Иорданияга қарши кўрсатган иккита ўйинимиз қанчалар хароб кўринишда бўлди, билсангиз эди) унга ишонишни давом эттирмоқдамиз. Ниҳоят айбдорни топиб, ўриндошликни тугатдик. Энди кейинги қадамни ҳам ташлашимиз керак. Япон ё Эрон давлатлари малакаси баланд мураббийни ўз термасига олиб келиб, катта натижаларга эришаётган бир пайтда, нега Қосимов этагини ушлаб олганмиз? Ҳайронман.

НАБИРАМ БИЛГАНИ БИЛГАН
Азизларим, узр сўрайман, ишқибозчилик. Ўзимни гоҳ мураббий, гоҳ катта раҳбар ўрнига қўйиб, ўзимча муаммоларни ҳал қилиб, футболимизни ривожлантирмоқчи бўламан. Таҳлил қиламан. Ечим излайман. Назаримда ҳамма мутасаддилар бир қобиғ билан ўралиб олишгандай бир хил фикрлайдилар. Янги гапни айтишмайди, агар кимдур айтса, уни эшитишмайди. Бир воқеадан кейин ҳаммамиз футболни тушунишда бир қолип ичида ётганимизни ўзим учун ихтиро қилдим. Ҳаммаси кундай равшан бўлди. Кеча дастурхон атрофида ўтириб, ТВ орқали “Шарҳ”ларни кўриб ўтирган эдик. Миржалол Қосимов Зафархўжанинг шарҳига қўшимча қилар экан, “Энди йиғиндан йиғингача нафақат юртимиздаги ҳамма ўйинларимизни, футболчиларимизни кузата оламан, балки чет элга чиқиб легионерларимизни ҳам кузатиб қайтаман. Ундан ташқари рақибларимизнинг ўйинини ҳам кузатиб келишга имконим топилади”, деб айтди.

Шунда ёнимизда ўтирган аҳли аёлим, Миржалолни “Бунёдкор”дан олиб ташлаб, термага кузатувчи деган янги ишга обқўйишдими? деб сўраб қолса бўладими? Бечора кампир, ЎФФ қарорини тушуна олмайди-да. Ишқибозлар оиласида яшаётгани учун баъзида футболга аралашиб қўяди. Набирам Умматали бош мураббий касби нималигини тушунтира кетди. Аслида биз эмас бувиси тўғри тушуниб, биз нотўғри тушунаётган бўлсак-чи?

Қолипдан чиқайлик. Миржалол Қосимов ОК-2015даги гуруҳдаги биринчи тўқнашувгача 9 ойда бўлиб ўтажак барча ўртоқлик ўйинларимизни ҳисоб-китоб қилиб режа тузиб чиқибди. Шу режа бўйича ишлайди. Кузатади, йиғади ва ҳоказо. Йигирмата эмас, қирқта ўйинда ўртоқлашиб ўйнасак-да, терма жамоамиз ўйинидаги сифат даражаси янги поғонага кўтарила олмайди. УЕФА ўртоқлик ўйинлари наф бермайди деб, янги турнирни, яъни Миллатлар Лигасини жорий қилишмоқда. Абрамов пайтидаги нуқсонлар сал кам икки йил давомида, мундиал йўлида бўлиб ўтган қатор жанговар ўйинларда йўқотилмаган бўлса, тўққиз ойда ўртоқлик ўйинларида йўқотиладими? Мен ўзбек футболига хос бўлган нуқсонларни айтмоқдаман. Сифат ўзгариши чегарасига жуда яқин келдик. Буни Сеулдаги ўйинимиз айтиб турибди. Яқин келсак-да, янги ўйин даражасига чиқа олмай, бундан буён етишмаган озгина омадни койиб юра беришимиз мумкин.

Жаҳон даражасидаги мураббий футболимизни янги поғонага олиб чиқа олади. Бу аксиома. Дель Боске ўз ишида сўнги йилларда Испан футболи кўтарилган даражага таяниб чемпион бўлди. Инглиз термасининг мураббийлари негадир шу ишни ҳам қила олишмаяпти. Термаси клублари даражасидан паст ўйин кўрсатмоқда. Биз қайси клубимиз ўйин даражасига таяниб, термада бир нима кўрсатишимиз мумкин? Термамизга қайси клубимиз ўйини намуна бўла олади. Ҳеч қайси.

ТАКТИКА ЭМАС, СТРАТЕГИЯ МУҲИМ
Термамиз мураббийи ўзбек футболидан юқори бўлган ўйинни кўрсатиши керак. МТЖ ўйини ўзбек футбол савиясини ўстириши керак. Унга намуна бўлиши керак. Термамиз чемпионатимиз савиясидан баланд даражадаги ўйинни ижро этиши керак, ўзи учун ихтиро этиши керак. Бу стратегик вазифамиз бўлиши керак. ЎФФда ҳам, ТЖМда ҳам миллий терма жамоамиз хусусида қандайдир стратегиянинг шарпаси ҳам йўқ. Мусобақадан кейинги мусобақагача бир нима қилгандай бўламиз. Ивирсиб юрамиз. Кейин эски тос, эскирган тоғара олдида бақа бўб турамизми? Бизга ОК ва ЖЧ ўйинлари камлик қилмоқда. Биз марказий Осиё ўйинларини ташкил қилмоғимиз керак. Бу турнир, масалан, Буюк Турон Кубоги деб аталиши мумкин. Буни ташкил этиш ўта мураккаб иш. Бунинг учун мазкур ҳудудда жойлашган барча давлатлар футбол федерациялари бир уюшмага бирлашиши керак. Бу йўлдан ҳозирданоқ ишни бошлайлик. Узоқ ва Яқин Шарқ давлатлари бундай турнирларни анчадан буён ўтказиб келмоқдалар. Масалан, Яқин Шарқда Форс кўрфаси Кубоги, Араб Лигаси биринчилиги каби мусобақалар бор.

Терма таркибида ўйнаб, халқ эътиборига тушиш ҳар бир футболчининг орзуси. Бундан ташқари, терма таркибида ўйнаган ҳар бир футболчи ўз ўйинини ўстириб олади. Аҳмедов ўйини терма ўйинларида Непомняший қўл остида шакл топган эди. Таран эса 2005 йили Қатарда бўлиб ўтган Осиё Ўйинларида Инилеев қўл остида ўйнаб, ҳозирги ўйинини аниқлаб олган эди. Ҳамма ёшдаги терма жамоаларимизга катта эътибор бериб, ёш истеъдодларни топиб, жаҳон мусобақаларига олиб чиқиб, уларнинг ўсишига ёрдам бермоқдамиз. Кейин уларни унутиб юбормоқдамиз. Термадан четда қолиб кетишмоқда. Термамиз электричка эмас. Хоҳловчилар четда турсин, ҳамма муносибларга жой топилмайди.

Таклифим шуки, миллий терма жамоамиз ёнида унга тенг кучли альтернатив иккинчи жамоани — клублар терма жамоасини ташкил қилайлик. Улар ҳам турнирларда қатнашсин. Унга ҳам йиғин шароитларини ташкил қилиб берайлик. ТЖМга ортиқча иш бўлади дейсизми? Ортиқча эмас, жуда керакли иш. Футболда таркибни танлаш энг муҳим иш. МТЖ учун зўрға ўртоқлик ўйинларини ташкил қилиб бермоқда. КТЖ учун турнирлар ташкил қилиб берармиди дерсиз. Талаб қилсак, ишлашга мажбур бўлади. Ишсиз юрган малакали мураббийларимиз етарлича топилади. КТЖ мураббийлар борасида ҳам, янги ўйинчилар ва янги ўйин ғоялари борасида ҳам МТЖ учун резерв бўлишади. Бугунги куннинг ва ўзбек футболининг талабидан келиб чиққан таклифимдир бу айтган гапларим. Миллий чемпионатимиз, клубларимиз нима бўлади деяпсизми? Бу алоҳида мавзу, бу иккинчи таянч нуқтамиз бўлади. Ҳозирча бу хақда нима дейишим мумкин? Яхшиси чемпионатимиз ўйинларини термаларимиз манфаатига мувофиқ тузиб чиқишимиз керак деб гапни қисқа қилганим маъқул.

Давоми бор.

Киритилган сана: 14.04.2014 10:19. Ўкилди: 10616 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:46. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:46. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:45. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:45. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:43. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


ASHURIY
Сана: 20.06.2014 11:12. ASHURIYга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KINGISBACK
Сана: 15.04.2014 08:08. KINGISBACKга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


MARSEL
Сана: 15.04.2014 05:40. MARSELга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


GOLBOLSIN
Сана: 14.04.2014 22:12. GOLBOLSINга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


SHATSKIH
Сана: 14.04.2014 20:51. SHATSKIHга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ATTRACKTIVE
Сана: 14.04.2014 14:44. ATTRACKTIVEга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


OLMALIQ
Сана: 14.04.2014 14:29. OLMALIQга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


GULNURXAN
Сана: 14.04.2014 12:33. GULNURXANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


GULNURXAN
Сана: 14.04.2014 12:27. GULNURXANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


DOMULLO
Сана: 14.04.2014 12:14. DOMULLOга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


FARASMAN
Сана: 14.04.2014 10:50. FARASMANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


KINGISBACK
Сана: 14.04.2014 10:40. KINGISBACKга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.