Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Яна ўша дастурхонми? (3-қисм)

Баҳо:
+0; -0

Олимхўжа Бўронов. Отахон, Сиз футбол журналистикасининг энг муҳим белгиси бўлган ҳозиржавобликни тан олмайсизми, дейман. Барча гапларингизни кечикиб айтасиз. СА сайти можароси ўтди-кетди. Ҳамма уни унутиб юборди. Сиз у ҳақда энди ёзмоқдасиз.

Ҳасанали Қодиров. Тўғри, ҳозиржавоб эмасман, қаричилик. Ва тирикчилик. Бўш вақтим кам. Бунинг устига бўш мақола ёза олмайман. Ёзганим устида қайта-қайта ишлайман. Шунинг учун кечикаман. Лекин ёзганларим эскирган гаплар бўлмайди. Масалан, “Пахтакор” “Локомотив”га муҳим ўйинни бой берганидан кейин Арвеладзега ўта ачиниб кетганман. Ҳозир ўша оғриқли ачиниш ўтиб кетди. Эскирди. Лекин “Пахтакор” ҳақида ачиниб айтар гапим сабабияти ўтиб кетгани йўқ. Энг ҳужумкор, футболимизда ҳеч кимда бўлмаган ҳужумкор футбол моделини яратган мураббий энг муҳим тўқнашувда ютқазиб қўйди. Бунинг сабабини ҳали ҳеч ким очиб бергани йўқ. Шунга ўхшаб ислоҳатлар учун ўз хиссасини қўшяпган Омон Ғофуров бошида тағин калтак синмоқда. Бунинг сабабини мен ҳам билмай қийналиб юрибман. Бунга ношудлиги сабабми, ё атрофидаги маслаҳатчилари сабабми, ё карьеристлиги сабабми, билмадим. Карьерист доим тепага интилиб яшаганидан бирор соҳада кўнгли тўқ, ўзи тўқ, мағзи тўқ мутахассис бўла олмайди.

Омонжон, ман аччиқ гапираман, ачитиб, ўйиб гапираман. Лекин Сиз ишлаяпсиз. Сизнинг собиқ касбдошингиз, ўриндошингиз анча йил шу ўриндиқда ўтириб ҳеч нарса қилмаган эди. Фақат вазиятни кузатар эди, керак бўлса уни тузатар эди. Эскини тузатар эди. Янги вазиятни, янгиликни яратмас эди. янгиланишни ўйламас эди.

О.Б. Энг қаттиқ гапларингизни энди гапирмоқчисиз, шекилли. Юмшатиб гап бошлаганингиздан шуни пайқадим. Мақтовларингиздан келиб чиқиб айтяпман.

Ҳ.Қ. Мақтов эмас, эътироф. Олимхўжа, суқулиб айтган гапингизни эшитмадим. Омонжон, Сиз Фирдавсхон билан ўтказган хос суҳбатингизни ўзингиз ўқиб чиқдингизми? Шу интервьюни сўзма-сўз таҳлил қилмоқчиман. Қўлимдан келармикан? Журналист Сизга тарафкашлик қилиб суҳбат қурган. Натижада уч бет зерикарли нарса, оқлаш, оқланиш сўзлари нашрга чиққан. Агар муаллиф ўз соҳасининг устаси бўлганида эди, у нейтрал ёки атайин Сизга қарши нуқтаи назардан туриб хос суҳбат қурарди. Ва интервью жонли чиқарди. Буни Сиз ҳам, маслаҳатчингиз ҳам сезмаган. Журналистикамизнинг савияси жуда паст. Айтган гапларингизни ўқиган одам зерикиб ўз футболимизга қизиқмай қўя қолади. Жумладан шундай журналистикамизнинг шундай “хизматлари” туфайли стадионларда мухлисларимиз борган сари камайиб бормоқда. Еврофутболни эмас, аавало Ўзбек футболини тарғиб қилиш борасида, Сиз ҳам футболимизга қарши томонга оғганингизни ўзингиз сезмай қолгансиз. Тушунтириб бераман.

Сиз нима учун ташкилот пулига (давлат пулига, демак, халқ пулига) бўзчининг моккисидай Испанияга қатнаб қолдингиз? Гапни шундан бошлайлик. Нима учун бизни юпатиб, ё мақтаниб “Ўзбекистон Испания футболи билан ҳамкорлик килиш бўйича етакчилардан бирига айланиб” олди деб айтмоқдасиз? Шундай савол туғилиши табиийми? Шарқий Европанинг қатор давлатлари, жумладан, Болгария, Польша, Венгрия, Руминия давлатлари ҳам Иттифоқ тизими емирилиб КПСС диктати тугагач, бизнинг аҳволимизда қолиб, ўз футболини ривожлантира олишмаган. Нима учун улар, Испания билан бир мусобақа худудида жойлашган бўлишсада, ўз футболини ривожлантириш йўлида Испания билан ҳамкорликни йўлга қўйишмаган? Улар ўз футболининг ривожланишини хоҳлашмайдими? Фақат биз хоҳлаймизми? Бу саволим ҳам ўринлими? “Ўз футболчиларимиз Европанинг кучли чемпионатларида тўп суришини истаганимиз учун шу йўлда Испания билан яқиндан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйганмиз”, деган жавобни суҳбатингиздан топдим.

Шундай таҳлилим, таҳминим тўғри бўлса, Сиз ривожланиш моделини танлашда катта хатога йўл қўймоқдасиз. Испания қачондан бошлаб Европа клубларига футболчи етиштириб берувчи давлатга айланиб қолибди-ки, Сиз улардан андоза олмоқчисиз? Португалия, Голландия, Франция чемпионатлари ўз спортчилари ва келган легионерлар учун Европанинг катта футболига трамплин вазифасини бажармоқда. Испаниядан чиққан Фабрегас, Торреслар “Арсенал”да, Мориентес “Монако”да, “Шалке”да бир оз Рауль ўйнаганини биламан. Қачондан бошлаб Испания Европа футболига ўйинчи етиштириб берувчига айланиб қолибди? Испания алла қачондан бери буюк футбол давлати ҳисобланади.

Сиз аввало, “2018 йилги мавсум бошидан бери мухлисларни стадионларимизга қайтариш учун қандай ишлар қилиш керак бўлса, ҳаммасини бажаряпмиз” деб оқланиш ўрнига ҳар бир ўйинга 30минг-50минг мухлисни йиғингда, кейин ривожланишнинг Испания моделини ўйласангиз бизга ярашади. Ёки улар Сизга мухлис йиғишни ўргатиб кетишсинми? Талабингизга мувофиқ стадионларга келиб испанча концерт кўрсатиб беришсинми? Ёки мухлислар учун испанча овқатни уларга пиширтириб текин тарқатмоқчимисиз? Ўйинларига 100минг мухлис келадиган Эрон футбол раҳбарлари Испанияга қатнаб қолгани йўқ. Биз “биринчи” эканмиз. Кулайми, йиғлайми?

Футболни ривожлантириш бўйича энг биринчи омил футбол бизнесидир. Уни яратиш биринчи вазифамиз эмасми? У эса, аввало мухлислар иштирокисиз каттакон 0 нарсадир. Каттакон ЗЕРО! Бизда ўйинлар протокол учун, статистика учун, спонсорлардан пул ундириш учун, амалдорлар ойлик олиши учун ўйналмоқда. Мухлислар учун эмас. Трибуналар бўм-бўш.

“Насиб қилса, кейинги йилда Ла Лиганинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очмоқчимиз. Испаниянинг кучли жамоалари билан юртимизда ўртоқлик ўйинларини ўтказиш (ўзимизнинг муҳим ўйинларимиз пайтида) юзасидан янги лойиҳаларни ишлаб чиқяпмиз” деб кимни овутиб, кимни авраб ё алдаб, кимни қувонтирмоқчисиз? Бу гапларни суҳбат чоғида гапни гапга улаш учун тўқиб чиқарган бўлсангиз, майлига. Наҳотки, федерациямиз, кечирасиз, ас-со-ци-а-ци-я-миз бу гапларингизни ўзига дастуруламал қилиб олган бўлса? Бу гумроҳлик бўлмайдими? Бу нима дегани? Ёки бу савлатпарастликми? Ривожланиш учун кўпдан кўп пулларни ҳақиқий футбол, ҳақиқий ўйин “спектакльларимизни яратишга” эмас, Европалик собиқ футболчилар ижросида сохта сахна кўринишларини ўтказишга кетказамиз деганими? Ўз чемпионатимиз четда қолиб Испания чемпионатига қизиқишни оширамиз деганими? Нариги маҳалла бойининг, кечирасиз адашдим, Салор Сити бойининг тўйидан (бойлар бундан буён Ситиларда яшашади) қолган ошни ялаб қўямиз деганими? Бултур “Реал” мавсум олдидан Хитойда, АҚШда катта пулларни ўйлаб, ўртоқлашиб ўйнаб бериб ўз ўйинини йўқотаёзган эди. Мавсум бошида Зиданнинг қийналгани эсингиздами? Европанинг “бойлари” учун ҳам биздек “фақир” футбол клублари учун ҳам ҳеч нарса бермайдиган ўйиннинг саҳнавар спектаклларини уюштириб чираниб мақамиз. Бундай тадбирлар Хитой учун бир нима бериши мумкиндир. Хитойнинг тўнини бизга кийдирмоқчимисиз? Бизнинг футбол учун ҳеч нарса бермайдиган қўқон манзират саҳналар булар. Балким Омон, Сиз учун бундай ўйинлар бир нима берар?

Булар Футболимизни ривожлантириш учун ҳеч нарса бермайди. Пуёль ёки Рональдуларни катта пуллар эвазига олиб келиб, ўртага чиқариб уни томоша қовоқ қиламизу, минг йилдан бери Чиғатойда футболчиларни етиштириб келаётган Спартак футбол мактабини қаергадир сургун қиламиз. Омонжон, Футболимизнинг қолоқ ҳолатидан чин дилдан қайғуриб, ривожланиш йўлида изланиб, адашиб шундай ишни маъқул кўряпган бўлсангиз, Сизни нодон одам деб ҳисоблашим мумкин бўлади. Шундай бўлса, Еврофутболни деб ватанпарварликни унутган, стадионга умуман ташриф буюрмайдиган, бирон бир футбол клубимиз ҳаётини ўрганиб чиқиб, у ҳақда биргина мақола ёзмаган, эртаю кеч девонда ётиб Ла Лигаю Премьер Лигани ўйлайдиган таниқли жуналистларимиз маслаҳати бўйича иш тутяпсиз. Шундай бўлмаса, Сиз футболимиздан ўзингиз учун ҳашамат излаяпсиз. Шундай бўлса-чи, Сиз ўз нуқтаи назарингизга, футбол қарашингизга эга бўлмай туриб раҳбар хонасининг эшигини очгансиз, ўриндиғига ўтиргансиз, деб хисоблашим мумкинми. “ Мана шундай катта лойиҳалар устида ишлаётган бир пайтимизда биз Тошкентдаги Ла Лига тадбирини бир четга суриб қўя олмас эдик” деб айтган гапларингиз билан ўзингизни, футболда излаяпган ҳашаматли кўринишларни деб ўз футболимизни четга суриб қўйганингизни фош этиб қўя қолдингиз. Буни ўзингиз сезмадингиз. Маслаҳатчингиз ҳам сезмади.

Шу ўринда Сизнинг бошқа гапингизни келтирмоқчиман. “Муҳтарам Президентимиз хориж тажрибаси билан ўртоқлашиб, жойларга бориб ўрганиб, ўзимизда тадбиқ этиш борасида кўрсатмалар беряптилар. Биз шу мақсадда ҳам Тошкентда Ла Лига тадбирини ўтказдик” деган гапларингиз билан нима деганингизни биласизми? Инсоннинг мурғак пайтида, гўдаклик, ўсмирлик пайтида отанинг айтганини бажариши чиройли бўлади. Етуклик ёшига киргач ҳам йигит отанинг оғзига қараб туриши ҳуник кўринар экан. Сизга қолса, гинекология муаммоларини ҳал қилишда ҳам давлат президенти маслаҳатини кутишимиз керак бўладими? Демократик республикамиз гўдаклик пайтидан аллақачон ўтиб бўлган. Демократиямиз балоғат ёшига етган. Улғайишнинг 28 ёшидамиз. Етуклик қошидамиз. Омонжон агар футболимиз равнақи йўлида ўз нуқтаи назарингиз, футболқарашингиз бўлмаса, тепага тикилманг. Кимнингдир орқасига беркинманг. Очиқ эшиклар кунини ташкил қилинг, мутахассислар доирасида аноним сўровномалар ўтказинг. Вахоказо, вахоказо. Хуллас, ўз тушунчангизни ишлаб чиқинг

Раҳбариятда Футболимиз учун ривожланишнинг стратегик йўналиши аниқлаб олинмаган. Шунга яраша 1-3-5 йилга мўлжалланган вазифалар ишлаб чиқилмаган. Футбол халқ ўйини. Ривожланиш стратегисини ишлаб чиқишда бутун халқ иштирок этсин. Барча футбол оммаси матахассислар ишлаб чиққан барча таклифларни мухокама қилишда қатнашсин.

Омонжон, менинг таклифларим Сизни қизиқтириши мумкинмикан, билмадим. Сиз Испания эмас, Хорватия ё Сербия футболи билан яқин алоқа ўрнатинг. Улар Европа масштабида кучли чемпионатга эга бўлмасаларда, Европага кучли ўйинчиларни муттасил етказиб беришмоқда. Уларнинг тажрибасини ўрганиб чиқайлик. Туркия футбол федерацияси билан яқин алоқаларни ўрнатайлик. Уларнинг қарори бўйича Туркия клублари истаганча, чекловсиз Ўзбекистонлик футболчиларни ўйнатиши мумкин экан. Ўзимизнинг бугунги Мирзакаримбойларга айтар гапим бор. Туркияда фақат ўзбек футболчиларидан тузилган клуб ташкил қилинг. Ўша клуб Туркия футбол олимпини забт этсин. Омонжон, Қозоғистон билан яқин алоқа ўрнатинг. Бирор клубимиз Қозоғистон чемпионатида иштирок этсин. Ахир Шотландиянинг қайсидир клуби Англия чемпионатида қатнашади-ку. Монако бир неча бор Франция чемпиони бўлган. Учта клубимиз ОЧЛда қатнашса, тағин иккита жамоамиз Марказий Осиё чемпионлар лигаси ўйинларида қатнашсин. Шундай мусобақани аллақачон ташкил қилишимиз керак эди. Ҳар икки йилда бир бўлажак Марказий Осиё терма жамоалар турнирини қачон ташкил қиламиз?

О.Б. Отахон, бундай узоқ монолог театр саҳнасига ҳам ярашмайди. Драматургия чидамас экан, сайтимиз қандай қилиб чидасин.

Ҳ.Қ. Асосий гапим айтилмай қолди.

О.Б. Бу эртага қолсин. Мухлисларингиз нима гап экан деб, ўйлаб юришсин. Сайт саҳифасида кўришгунча омон бўлайлик. Ҳозирча, хайр.

Ҳ.Қ. Эртага Пахтакорда ўйин бор. Стадионда, 35-буржда кўришгунча Сизларни соғиниб Ҳасанали- отангиз ёздим.

Киритилган сана: 17.12.2018 14:55. Ўкилди: 3868 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.