Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Нима иш қилиб қўйганини ўзи билармикан? (3-қисм)

Баҳо:
+1; -0

8. БИЗ ЕВРОПАЛИК ЭМАСМИЗ
Шундай гапларни қизишиб, эҳтирос билан гапирдим. Мажлис одатий ўтишини, одатий саволларга силлиқ жавоблар беришни кутганлар, мендан норози бўлишди. Уларнинг тинчи бузилди, халовати йўқолди. Лекин индамай ўтиришди. Бошқалар мен каби дилдаги гапларини айта бошлашди.

Авторитет ҳукмронлик қилган жойда журналистика ўлади. Журналист учун авторитар мавзу, йўналиш, одам, амал, амалдор бўлиши мумкин эмас. Мен учун ҳам бундайлар йўқ. Атрофимизда ҳам, журналистлар ичида ҳам мен учун авторитет умуман бўлиши мумкин эмас. Журналистнинг каттаси ё кичиги, буюги ё тубани, ёши ё қариси бўлмайди. Журналистнинг ҳақиқийси-ю сохтаси бўлади. Мен тортиниб, ачиниб айтадиган ҳақиқатим шуки, бундан ўн йилча олдин, балким ундан аввалроқ, тарафкашликни юртимизда ҳурматли, ардоқли бўлган журналист бошлаб берган эдилар. Бу билан кимса номи тилларда пайров бўлишига сабабчи бўлган эдилар. Журналист футболчи бўлган укасини, дўстини, қўшнисини кўкларга кўтариб мақтамоқчи бўлса, эртасигаёқ камчилигини кўрсатиб уни танқид қилиши керак. Ёки холис бўлолмаса, бутунлай журналистикадан кетиши керак. Бундай бўлмади. Ахбор-ака Миржалолнинг шахсий ҳаётида яқин одамга айланиб, уни кўкларга кўтариб мақташни бошлаб бердилар. Аброрхўжа давом эттирди. Зафархўжа жўр бўлди.

Яхшиям европалик эмасмиз. Йўқса, мазкур журналистлар жонбозлик кўрсатиб “Пахтакор»га яқин жойда Миржалолнинг ҳайкалини ўрнатишармиди? Ҳайкални эмас, юртимизда Миржалол Қосимов номидаги футбол мактабини лента қирқиб очиб келишга улгуришди. Бунга жавобан бошқа журналистлар атайин Миржалолнинг нуқсонларини қидиришга тушишди. Миржалол термадан кетгач ундан кейин термага бош мураббий бўлган кимсанинг номини унга қарши қилиб қўйишди. У Абрамов эди. Тарафкашлик кун сайин авжга чиқиб кетди. Бу нарса нимага олиб келганини биласиз. Абрамов ҳақида илиқ фикр билдирган футболчини Қосимов ёқтирмай қоларди, ва аксинча. Сайтлар, саҳифалар журналистларимизнинг тарафкашликдан келиб чиққан ҳар хил интригалари билан тўлиб тошар эди. Албатта улар силлиқ қилиб сувалган бўлар эди. Ижтимоий тармоқлар эса, аксинча ишқибозларнинг бепарда, бесувоқ, очиқдан очиқ даҳанаки жанглари билан тўлиб кетар эди. Бир безори ишқибоз ”битта қосимовчини тутиб олиб уриб-уриб аламимдан чиқиб олсам, дийман. Мошинамни уриб олувдим. Қўлим қичиб турибди”, - деса бўладими? Тарафкашлар ҳозиргача бир-бири билан Абрамов ё Қосимов деб ёқалашишгача тайёр бўлиб юришибди. Бу қандай бедодлик.

9. ЗАФАРЖОН НИМА ИШ ҚИЛГАНИ ЎЗИ БИЛАРМИКАН?
Бир оғиз қизғин мунозарадан кейин мажлис жилғаси сокин оқа бошлади. Ман жимиб колдим. Йиғилган кўпчилик журналистлар обрўни сақлаб виқор тўкиб ўтиришни, савлат билан, одатга кўра ҳушсурат силлиқ гапиришни, ҳис-ҳаяжонга берилмай, тўлиб-тошмай ҳушбичим муомала қилишни ёқтиришади. Кўпчилик учун гапларим товонга кирган чақир тиканакдай бўлган эди. Уларнинг айтар гапи, ёзар сўзи уст кийимидай ораста бўлиши керак. Ҳаракатлари охиста бўлиши керак. Шунга улар амал қилишади. Кескин ҳаракат, кескин сўз, кескин фикр уларга ёқмайди. Буни улар ёқтиришмайди.

Журналистларда бетарафлик, демак холислик йўқолган, демоқдаман. Шундай аҳволда савлат тўкиб мажлисда ўтиришни, савлат билан силлиқ, жавоби муҳим бўлмаган саволлар беришни маъқул кўрган одамларни қандай тушунай? Етмишга бориб қолган қария ишқибоз журналистикамиз бошидан кечираётган жирканч ҳолатдан ўртаниб гапирса-ю, улар ораста ўтиришса, охиста гапиришса, саришта ёзишса бу қандай одоб бўлади-ю, қандай одат бўлади?

Улар мажлиснинг силлиқ тугашини таъминлашди. Сувоқчиликнинг илдизи шу ердан қувват олади. Ўзимиз буни сезмаган ҳолда муносабатни, ёзувни, айтар гапни силлиқлаб юрамиз. Сўнги воқеа фикримни тасдиқлаб турибди. Зафаржон Зафархўжа илтимосига кескин фикр билдиргиси келмади, ниятини қоралаб ташламади. Тўғри йўлга бошламади. Ҳаётда кўп учрайдиган ушбу ҳолатда вазиятни бошқаролмади. У менинг кетимдан югурди...

“Мен сенинг дуэлингда секундант бўлмайман, бу хизматга бошқа одамни ёлла. Ёши катта одам. Ўзинг кетидан югуриб ўзига юзлан. У киши сен билан юзланиш учун пастга тушсинми? Юзлашишни хоҳласанг, ЎФФ сайтимиз хизматинга тайёр. Сен ноҳақ деб билган одамнинг хатосини кўрсат. Сени бутун юрт танийди. Атоқли одамсан. Ардоқли бўл”, деган кескин ҳаракат ва тўғри сўзлар билан вазиятни бошқарса бўлмасмиди? Ўртакашлик қилди. Унинг номидан ҳаракат қилганини тушуниб, олдимда савлатини созлаб олди. “Бу менинг хоҳишим эмас, Зафархўжанинг хоҳиши”, деб олдимда қўйган қадамини андавалаб олди. Зафаржон Қосимов маҳоратли, виждони тоза журналист бўла туриб шундай иш қилди. Андавакашлик илдизини Сизлар ҳам, азизларим, кўра олдингизми? Илдиз ер эмас воқеа остига, ҳаёт ичига чуқур кетгани учун уни ўзимизда ҳам илдиз отганини билмай қолмоқдамиз. Зафаржон ўзининг бир танқидий мақоласида келишувларни қоралайман деб кескин гапиришга мажбур бўлганидан кейин сўзлар устини андавалаб, кечирим сўрагандай бўлиб, бу манинг шахсий фикрим, деб ёзган эди. “Аксирсанг оғзингни юмиб, овозингни чиқармасдан аксир. Бор овозинг билан, дастрўмол тутиб, ҳамма ёқни ларзага солиб аксир”, деб айтилган гаплар билан жавоб мақоласи ёзган эдим. Сарлавҳаси ҳам “Аксириш” эди. Ўшанда сувоқчилик илдизи қаерда эканлигини кўра олмаган эканман. Бугунги воқеадан кейин сувоқчилигимиз ҳаётимизга сингиб-сингиб кетганини яққол кўриб қолдим. Буни кўришга Зафаржоннинг охирги ҳаракатлари ёрдам берди. У билан бир оздан кейин ЎФФнинг анжуманлар залида ёнма-ён ўтирдим. Ўшанда журналистикамизнинг яна бир “нурли” қиррасини кўриб қолдим. Ҳафсалам бирпас бўғилмай турсин. Бу ҳақда кейинроқ бўғиламан.

10. ҚУДА ТАРАФ КИМУ, БИЗ КИММИЗ?
Яхшиям ЎФФнинг ховлисида қизлар футбол ўйнашмоқда экан. Қоқ пешинда, иссиқда берилиб футбол ўйнаётган бу қизларни кўриб кўзларим жанговор, матонатли, соф рақобатдан тасалли топди. Кўзим қувнаб бир оз енгил тортдим. Ҳотиржам ҳолда ўзимни, ҳозирги воқеаларни таҳлил қила бошладим. Бабаян уюштирган мажлис сўнгида нега фаол бўлолмаганимни тушундим. Ўзимни айбдор ҳис қилаётган эканман. Чунки, важоҳат устида аниқ қилиб шаҳслар номини айтмасдан, “сулола” сўзини ишлатиб юборган эканман. Минг афсус...

Зафаржон билан бўлиб ўтган бояги гаплардан олдинроқ Диёрхўжа сулола шаънини ҳимоя қиламан деб ортимдан югуриб чиққан эди. Биргаликда зинадан кўтарила туриб, амакисида айб йўқлигини исбот қилмоқчи бўлган эди. Алибобонинг ўз илтимосига кўра ТВда мазкур (машъум десак ҳам бўла беради) кўрсатув эфирга чиққанини айтиб, танқидимни ноўрин деб қоралади. Ушбу сўзлардан кейин изтироб чекишдан қутилдим. Сулола сўзини ишлатиб тўғри гапирган эканман.

Зафархўжа ё мен журналистикадан кетсак, ҳеч нарса ўзгармайди. Ҳаёт тўхтаб қолмайди. Мен хато қилсам, ишимдаги бундай нуқсон аждодим шаънига бориб тегмайди. Зафархўжа ўз ишида йўл қўйган ҳар бир қусур сулола шаънига бориб тегади-ку. Диёрхўжа мендан олдин, эфирдан олдин амакисининг ҳар бир ишини тузатмайдими, унинг олдида энг қаттиққўл танқидчи бўлмайдими? Уларни юрт танийди-ку. Сулола шаънини, журналистика шаънини ҳимоя қилиш учун барча ишни қилмайдими? Менинг олдимда амакисини ҳимоя қилмоқчи бўлди. Мен ҳеч ким эмасман. Юрт олдида, Футбол олдида уни ким ҳимоя қилади? Фақат ўзи! Мен танқид қилмасам, юрт билмай, кўрмай, эшитмай қоладими? Бекор гап. Юрт ҳамма нарсани кўради, эшитади, йиллаб эсда тутади. Юртдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Бу гапларни Диёрхўжага айтолмадим. ЎФФ золига шошилаётган эдим. Шу гапларни аслида Зафаржонга ҳам айтишим керак эди.

Залда “Локомотив” таклиф қилган инглиз мутаҳассислари билан савол-жавоб бўлаётган эди. Зафаржон ёнимда ўтириб бояги жон куйдириб айтган гапларимни қоралади. “Қуда томонга айбу нуқсонларни очиб ташламайди-ку одам”, деб гапини изоҳлади. Ана ҳалос...Бу ачиган гап бўлди-ку.

11. ТОҚҚА ЧИҚМАСДАН ДЎЛАНА ЕЙИШ
Мунозаранинг ўрни эмас эди. Гапига қўшилмаслигимни айтдим. Унинг бу гаплари сувоқчиликнинг бошқа бир ўқ илдизини менга кўрсатиб берди. Бу илдиз тоққа чиқмасдан дўлана ейиш, жафо чекмасдан, жон куйдирмасдан футбол кўриш, ва мақола ёзишдир.

Янги хабар катта тезликда бутун эл-юртимизни айланиб чиқди. Юртимизнинг барча ишқибозлари Бабаянга янги бир умид билан қарашмоқда. Анжуманлар золида 30та журналист эмас, 30 млн. Ўзбекистон аҳолиси кириб ўтиргандай бўлмадими? Бабаян ҳамжиҳатлик деб сизларга қўл чўзиб илтижо билан қараб турибди. Сиз орқали бутун Ўзбекистон ахолисига қўлини чўзиб турмаётибдими? Қуда томон ким? Бабаян қуда томон бўлса, биз киммиз? Журналистлар бошлаб берган тарафкашлик бутун футболимизга зарар етказмаётибдими? Айбимиз ҳам ўртада, ютуқларимиз ҳам ўртада эмасми? Ишқибозчилик ўзаги, мағзи елкадошлик эмасми? Ҳамдардлик эмасми. Жамоа деб, терма деб, Юрт деб жафо чекиш эмасми? Ман Бабаян билан елкадош бўлишга таёрман. Қуда тараф эмасман.

“Транспортний”да чорак финал ўйинида “Локомотив” “Металлург” билан учрашди. Айни пайт Тошкентда, юртимизда, Европада бошқа ўйин йўқ эди. Ишқибозлар сийрак бўлса-да, доим қатнайдиганлари кўп. Бир-биримизни таниймиз. Бақириб, қизиқиб, эпизодлар устида баҳслашиб ўйинни кузатдик. Ҳаммамиз “Локомотив” ўйинидан норози бўлиб қолдик. Ишқибозлар буржининг юқоридаги қаторидаги ёғоч скамейкада терма жамоанинг янги таркиби ёнма-ён ўтириб футбол томоша қилишар эди. Самвел Бабаян, Равшан Ҳайдаров, Виктор Жалилов, Анвар Рашидов ва яна аллакимлар бир қатор бўлиб ўтиришиб, биргаликда ўйинни кўришар, таҳлил қилишар эди. Ҳамма ишқибозлар теппага қараб олиб, “Бабаян, Бабаян” деб бир-бирига пичирлаб, теппага ишора қилиб қолишди.

Ким қуда тараф? Журналистлар учун тепада ўтирган терма мураббийларимизнинг тўлиқ таркибими, ё пастдаги анча йилдан бери сийраклашиб қолган ишқибозларми? Шу ўйинга, Ўзбекистон кубогининг чорак финал ўйинига журналистлар келмаган эди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманига икки рақибнинг матбуот котибларидан бошқа ҳеч ким кирмади. Ҳеч ким!!! Мен ишқибозлар вакилиман. Ўзбек футболи олдида, жон куйдириб ўтирган ишқибозлар олдида, терма жамоамиз раҳбарияти олдида журналистларнинг ўзи “Қуда тараф” бўлиб қолишмадими? Хизматини футболимизга ўлчаб кўрсатадиган, манфаати бўлмаса, футбол кўрмайдиган, Ўзбекистон кубоги чорак финал ўйинини муҳим санамайдиган, жон куйдирмай саҳифа бетини, монитор юзини кўчирма хабарлар билан ораста қилаётган бизнинг журналистларимиз ишқибозлар олдида “қуда тарафми” ёки тепада тўлиқ таркиб билан ўтирган терманинг янги раҳбарияти “қуда тарафми”? Айтинг, нега жимсиз, азиз журналистлар.

Журналист эканмиз, бутун Ўзбекистон олдига чиқиб рўй-рост, ҳаққоний гапни яширмай ёзишимиз касбикомиллик (профессионализм) саналгани нима бўлади-ю, бизга қўлини чўзиб турган термамиз мураббийини “Қуда тарафга” чиқариб қўйишимиз нимани билдиради? Зафаржоннинг менга айтган гапи, биз доим ҳақ гапни ёза билмаслигимизни, ундан четроқ туришимизни, ундан қочишимизни, нафақат терма мураббийини, балки барча ишқибозларни “қуда тарафда” кўриб, чала ёзиб, чала гапириб, чала аксириб юрганимизни кўрсатмаяптими?

Самвелжан, журналистикани Футбол ичига киргизмай, остонани супуртириб қўйганимиздан ҳаммамиз бир-биримизга қуда тараф бўлиб қолганмиз. Журналистлар сувоқчилик, сохтакашлик қилмоқда. Ишқибозлар футболимиздан юз ўгирмоқда. Буни тан олинг.

СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА.
Муроджон, мажлисда Сизни биринчи марта кўриб турган эдим. Сиз ҳақсиз. Мен ҳам терма жамоамиз ўйини тўғрисида ҳеч нарса ёзганим йўқ. Ушбу кунлар терманинг янги жамоаси, термага янгича муносабат (“Марказнинг янги раҳбарияти” деб қўшиб қўйгим келди), янги мураббийлар штаби шакилланмоқда. Сўнгра янги ўйин шаклланади. Бабаян футболимизда янги гап айта олмайди. Иш ўзига қолиб кетса, Европадан малакали мураббий келмаса, у “Пахтакор”даги ўйиннинг бошқа вариантини ярата олади, холос. Лекин унинг Миржалолдан фарқи шуки, у буни тушунади. Илгари унга муносабатим салбий бўлган. Ҳайдаров, кейин Исмоилов обрўсини тўкиб, ўйин пайтида майдон четига чиқиб кўрсатма беришини қоралаб, жиблажибондай қанот силкитиб туришини кўринг, деб танқид қилардим. Қўғирчоқбозликни тугатиб, ўзи бош мураббий бўлганидан кейин унга қизиқишим ортди. Бабаян атрофига одам йиғишда адашмайди ва уларни алмашмайди. Ҳайдаров неча марта ортга қайтиб, мураббийлар штабида ишлаган. Жалилов ҳам. Мана кўрасиз, Агамуродов ҳам ортга қайтиши мумкин. Абрамов ҳам Марат Мифтахуддинов билан кўп йиллардан бери бирга ишлайди, дейишингиз мумкин. Геннадий Денисов ҳам Шквирин билан биргаликда доим ишлайди. Лекин улар ҳеч қачон бош мураббий бўлишмайди. Бабаян қўл остидагилар ўсмоқда. Исмоилов ёшлар билан ишлаб, кейин бош мураббий бўлди. Навбат Нўъмон Хасановга келди. Бу фактлардан хулоса шуки, Бабаян атрофида ҳамма учун ижодкорлик муҳити пайдо бўлмоқда. Бабаян пардозловчи эмас, у капитал қурувчи. Терма жамоалар структурасини қайтатдан ўзи ярата олади (ТЖМга ҳам ўзи шакл бера олади). Биз — журналистларни бир жойга йиғиб, уларни ҳам ижодий ишлашга, ҳамжиҳатликка чорлади. Бу билан нима иш қилиб қўйганини ўзи билармикан? Рассомлар, артистлар, шоиру-ёзувчилар, ҳонандаю-созандалар ўзаро рақобатда ижод қилишиб, ит-мушукдай бир-бирини ёқтирмай юришади. Журналистлар улар ичида энг ашаддийси бўлса керак. Бабаян Теле, Радио, Матбуот, Сайт журналистларини биринчи марта бу золга эзгу ният билан йиғишга эришган эди. Бу бардавом бўлсайди, дейман. Бўлармикан? Бабаян билиб ё билмай журналистикамизда анчадан бери пайдо бўлган тарафкашликнинг барҳам топишида биринчи қадамни қўйди. Энди иллат барҳам топармикан? Журналистикада ҳамжиҳатлик сари кейинги қадамлар ҳам қўйилармикан? Футбол журналистикаси янги босқичга кўтарилармикан?

Доим янгиликка, яхшиликка умидвор бўлайлик.

11.07. 2015. Ҳасанали ҚОДИРОВ

Киритилган сана: 15.07.2015 09:21. Ўкилди: 13278 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:22. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:22. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:19. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 08:19. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


BESQUERO
Сана: 15.07.2015 13:46. BESQUEROга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


RESCARA
Сана: 15.07.2015 10:57. RESCARAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


UZBEKFAN
Сана: 15.07.2015 10:56. UZBEKFANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.