Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

4. Замонлар чоғишмаси (ёки корхона тасвири). 2-қисм

Баҳо:
+1; -0

ФУТБОЛИСТОННИНГ ТЕНГ ҲУҚУҚЛИ ГРАЖДАНИМАН
Лекин бугунги гапларим қандайдир ҳусусий бир футбол воқеаси ҳақида эмас, балки бутун футбол хўжалигимиз ҳақида боради. Мана шундай гапни бир хулосам билан бошлайин. Сарф қилинаётган маблағ йил сайин ортиб боргани билан жамоаларимизнинг ўйин савияси шунга яраша ўсиб бораётгани йўқ. Нима учун? Қайта айтаман, айни бир жамоа ҳақида гапираётганим йўқ. Бугун сайтдаги блогимни тўлдириб, умумий тентенцияни таҳлил қилишга ҳаракат қилмоқдаман. Қўлимдан келармикан, ЎЗИНГ қўлла.

Футбол халқнинг эътиборидаги, эъзозидаги ўйиндир. Шундай бўлса-да футбол шунчаки ўйиндир. Биласиз, Ўйиннинг ўз қонунлари бор. Футбол бизнес бўлгани билан Ўзга қонунларга, яъни иқтисодиёт қонунларига ҳар доим амал қила бермайди. Буни ҳеч қачон унутмайлик. Ҳакам ҳуштаги чалингач, жамоага сарфланган маблағ қудрати майдан ташида қолиб кетади. Бунинг бир жиҳатини қараб чиқайлик. “Челси”, “Ман.Сити” Англияда, “ПСЖ” ва “Монако” Францияда ўртамиёна жамоа эдилар. Эгалари ўзгариб уларга катта маблағ қуйила бошланди. Шунинг эвазига уларга нисбатан эътибор ўзгарди, ўйин ўзгарди. Ўсиш бир нуқтага етиб келгач, эгалари маблағни қанча оширмасинлар ўйин сифати ошиб бормайди. Арифметик прогрессия иш бермай қолиб, Прогресс тўхтайди. Бунинг сабаби бизнес қонунларидан бошқа омиллар, футболга боғлиқ омиллар кучга кирганидир. Бундан ташқари тўйиниш аломати ҳам бўлди. Бунга “Челси” мисол бўла олади. Абрамович маблағни янада ошириб боргани билан ўйин савияси тинимсиз ошиб бормаслигини тушунди. Ҳозир йил сайин қуйиляпган сарф харажат бир меъёрда турибди.

Сизга айтган бу мисолларимда соғлом Бизнес қонунларига амал қилинаётган Европа давлатларини келтирдим. Россияда соғлом бизнес қонунлари ҳали шаклланиб улгурмагани учун Абрамович Англия клубини танлаган эди, шекилли (балким, ўз ватанида ишлаб чиқарилган моддий бойликни четга олиб кетиш учун шундай қилгандир). Араб шайхлари эса аксинча, нефт туфайли четдан оқиб келаётган моддий бойликни четга қайтариш мақсадида Европа футболига пул тикишяпгандур. Ёки ўз юртида футбол бизнеси бўлмагани учун шундай йўл тутишмоқда. Уларда футбол бизнесига эҳтиёж ҳам йўқ. Футбол улар учун бир қўғирчоқдай, овунчоқдай нарса. Улар пул қудратини Европада намойиш қилишмоқчи. Европада бизнес қонунларига ҳамма амал қилади. Россияда футбол бизнесига катта эҳтиёж бор. Бизда ҳам. Ўзбек футболига қайтаман. Бизда футбол бизнеси умуман шаклланмаган. Бутун ҳаётимиз ҳали ўтиш даврида. Ўсиш даврида. Футбол соҳаси ўзгариш, янгиланиш даврида олдинга ўтиб оладими, ё янги ҳаётнинг ривожланиш тормози бўлиб орқада қоладими, бу сиз-у бизга боғлиқ.

Ичимизда, сафимизда Усмонов ҳам, Иноятов ҳам, Абрамову Акромовлар ҳам бор. Ҳаммамиз замондошлармиз, ватандошлармиз. Муҳим даврда яшамоқдамиз. Бир нимани яратиш даврида. У Нима эканлиги, эртага нима бўлишимиз, ким бўлишимиз бугунги кунимизга боғлиқ, яъни Сиз-у бизга боғлиқ. Ҳеч ким ўзини четга олмасин. Ўз вазифаси доираси ичида қолмасин. Бир пайтлар ўзини мутлақ ҳақ деб билган бир гуруҳ сиёсат арбобларининг хоҳиш-иродасига бўй синиб, дунёнинг ярми табиий ривож йўлидан, коммунизм суратлари билан алданиб, табиий ҳаёт йўлидан четга чиқиб кетган эди. Бир гуруҳ сиёсат арбобларининг хоҳиш-иродасига эргашиб, алданиб яшади. Энди бозор йўлига, талаб ва таклиф йўлига, қистов ва алдов эмас танлов йўлига кирдик. Режа ва тақсимот эмас, тақдимот ва тўлиқ маълумот устувор бўлган йўлга қайтиб кирдик.

Бу йўлда ҳар бир кимса ўзга кимсанинг манфаатини ҳурмат қилгани ҳолда ўз манфаатини ҳимоя қилади, уни таъминлайди. Унинг бундай ҳаракати ҳаётнинг фаровон бўлишига, юртнинг обод бўлишига олиб келади. Европада шундай ҳолат устувор. Бундан бошқаси жиноят деб аталади. Футбол мисолида айтсак, Эрик Тоҳирнинг манфаати “Интер” ўйинини ўстиришдир. Бу билан у Италия футболининг ривожига ҳисса қўшади. Нима учун уларда шундай? Чунки улар биз каби етмиш йил йўлдан озиб юрмаганлар. Бизнинг асл йўлга қайтишимиз осон бўлмайди. Кечаги КУНимиздан чиқиб келган совет одами БУГУНги кунда ўзга одам манфатини поймол қилиб кўрпани ўзига тортмоқда. Бу аҳволнинг Футболдаги кўриниши қандай? Ўзга клубларни “ечинтириб” ўз клубини “кийинтириши”; Футболимиз ривожини ўйламасдан, жамоа ўз ўйин савиясини ўстирмасдан чемпион бўлишга интилиши; Ўйинчи ўз маҳоратини ўстирмасдан жамоа таркибида узоқ муддат бир ҳил ўйин кўрсатиб юриши; Футбол манфаати четда қолиб, футболчиларнинг гала-гала бўлишиб жамоа алмаштириб юришлари ва бошқа шу кабилар бу кўринишга мисол бўла олади. Адолатли ҳаётга қайтиш, яъни табиий тенглик йўлига, тенг имконият йўлига қайтиш ҳам маълум бир ШАХСларнинг эзгу-иродаси билан бўлади, бўлмоқда. Бизнес қонунлари тантана қилган даврга киришимиз биз билган ўша шахснинг одил ва оқил ҳаракатига боғлиқ бўлмоқда. Бундай Шахснинг бундай ҳаракатлари бўлмаса-чи? Футболимизга қанча маблағ сарф қилмайлик, у ривождан тўхтаб, қотиб қолмоқда.

Ривожланиш ўз-ўзидан бўлмайди. Ўз-ўзидан йўлдан четга чиқмаган эдик. Тарихий шахсларнинг иродаси билан бўлган эди. Табиий йўлга қайтиш ҳам ўз-ўзидан бўлмаяпти. Маълум бир шахсларнинг иродаси билан бўлмоқда. Ҳамда ҳар бир шахснинг иштироки, ташаббуси керак бўлмоқда. Шубҳасиз, Мираброр Усмонов футболимизда катта бир шахсдир. Унинг иродасига кўп нарса боғлиқ. Рустам Акрамов эса мутахассис бўлиб қолмоқда. ШАХС бўлишни истамаяпти. Ҳар биримиз ўз ўрнимизда алоҳида шахс бўлайлик. Акрамовлар, вазифамга кирмайди деб, чигал муаммоларимиз ечимида қатнашмай, ўзини тугун ечишдан асраб юрмоқда. Масалан, ТЖМ вазифасига фақатгина термамиз учун ўртоқлик ўйинлар ташкил қилиб бериш киради, деб билишади. Аслида Марказ вазифасига ундан кенгроқ масалаларни ечиш киради. Лекин мазкур оддий вазифани ҳам бажара олмаётибди. Бу муаммони ечиш Акрамов вазифасига кирмайди. У жим. Ишқибозга ўхшаб турли ечимларни таклиф қилиб, газеталарда босилган мақолари билан камчиликлар билан курашмайди. У жим. Ишқибоз ҳеч қачон бетараф бўлмаган. Четга чиқмаган. Бугун ҳам шундай бўлиб қолсин. Ҳамма умидим футбол ишқибозида. Ёзувларимга, ушбу мавзуга фаол муносабат билдиринг, азиз ватандошларим. Ҳаммамиз футболистонда яшаймиз.

ОСИЛСАНГ, БАЛАНД ДОРГА ОСИЛ
Футболимизда энг муҳим инсон биринчи шахс экан, унинг фаолиятини таҳлил қилишим лозим. У кишини яқиндан билмайман. Беш йил олдин бирров учрашганмиз, холос. Ўшандан бери сизлар қатори Уларни ТВда унда-бунда кўриб қоламан, газетада айтган гапларини моҳирлик билан қайчиланган ҳолатда ўқийман. Ҳозир мавзудан четга чиқиш бўлса-да, “ёпиғлиқ қозон” ичидан олган маълумотим жуда кам бўлса-да, мазкур киши фаолиятига диққатингизни тортаман. Чунки футболимиздаги саккиз йил ичида амалга оширилган барча ўзгаришлар У кишининг номи билан боғлиқ. Ҳамма камчиликлар ҳам.

Куни кеча мураббийлар йиғинида Президентнинг ТЖМни танқид қилиб чиққан нутқи “қозон қопқоғи” бир оз очилиб оммага ошкор қилинди. Ўхшамай қолди. Одатда раҳбарнинг ўз қўл остидагиларни уришиб, койиб туриши ёпиғлиқ қозон ичидаги гаплар бўлиб, четга ошкор қилинмайди. Уйдаги гап кўчага чиқмайди. Нега бу гал ошкор қилинди? Ошкораликдан, ЎФФ фаолияти ишқибозлар олдида мусаффо бўлишидан хурсанд бўлишниям, бўлмасликниям билмай қолдим. Лекин бу тадбир омма олдига чиқиб, ўзини оқлашга ўхшаб қолмадими? Маскатда шарманда бўлганимиздан кейин бир ой ўтгач, ўтган воқеаларга баҳо берилмоқда. ОАВда ҳамма қон-қақшаб Маскатдаги бўлган воқеаларга танқидий баҳо бериб бўлгач, мажлис бўлиб ўтганига эътибор беринг. Бу билан Раҳбар ТЖМ фаолиятини назорат қилмай қўйганини ёки ноябрь ойида Раҳбарнинг фикри бошқача бўлганини билдирмайдими? Раҳбарнинг ўз қўл остидагиларнинг фаолиятига нисбатан айтилган танқидини оммага бундай ошкор қилиши Абрамовнинг бир гапига ўхшаб кетмоқда. ОК-2011нинг ярим финалида термамиз кўрсатган, гуруҳ ўйинига ҳам лойиқ бўлмаган шармандали ярим финалдаги ўйинимиздан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманига кириб келган Абрамов, ҳаммасига Анзур Исмоиловни айбдор қилиб қўйган эди. Маскатга тайёр бўлмай туриб боришимизда Раҳбарнинг ҳам айби бор-ку. Аввало ўзи айбдор эмасми? Ундан кейин ТЖМ.

Бир ой аввал ЎФФ иккита муҳим қарор қабул қилди. Футболдаги таниш-билишчилик, ва ўйинни ўлдириб келишиб кетишлик қораланди. Лекин қарорда бундай ишларнинг илдизи очилмади (балким очилгандир, бизга қоронғи.) Бир иллатни йўқотиш учун уни қоралаш камлик қилади. Уни келтириб чиқараётган факторларни йўқотиш зарур эмасми? ЎФФ қошида келишилган ўйинларга қарши курашадиган доимий бир бўлим тузилди. Бу воқеа олийгоҳлардаги бир тадбирга ўхшаб қолди. Маънавият ва маърифат борми десангиз, сизга яхшилаб безатиган кабинетни очиб кўрсатишади. Маънавият шу кабинетга қулфлаб қўйилган экан-да, демайдими бу ҳолни кўрган киши. Биз ҳам хўжа кўрсинга бир бўлим тузиб қўйдикми? Ҳар бир ерда келишилган ўйинларга қарши ҳар бир одам ҳар доим курашмасдан фақат бир бўлим курашадими? Бу кураш механизми ишлаб чиқилдими? Уни келтириб чиқараётган сабаблар бирма-бир кўрсатилдими? Улар йўқотиладими? Назорат қуроллари яратиладими? Бу саволлар жавобсиз қолмоқда.
 
Футболимизга таниш-билишчилик келтиряпган зарар жуда катта. Таниш-билишчиликка қарши курашишни Катта раҳбар ўзидан бошласа, бўлмайдими? Масалан Акромов, ё Толибжонов, ё Магамедов мажлисда, ё юзма-юз суҳбатда Президентимиз ишидаги камчиликларни очиб, уни танқид қилганми? Йўқ. Ёки унга қарши чиқиб футболимизда муҳим бир нарсани ҳимоя қилганми? Йўқ. Бир янгиликни жорий қилганми? Чемпионатимиз форматини ўзгартириш керак, умуман футбол хўжалигимизни тубдан ислоҳ қилиш керак деб президент олдига бош кўтариб чиқишганми? Йўқ. Нега уларни ишдан олиб ташламайди? Футболимизга эмас, раҳбарга бўлган бундай “садоқат”дан, ўз меҳнатига бўлган бундай салбий муносабатдан ташқари бошқа бир қандайдир сабабларга кўра бир кимсани лавозимда ушлаб туриш таниш-билишликка кирмайдими? Чиғатойдаги базага таниши келиб ўн тўрт яшар Кенжа Тўраевни Аҳмад Убайдуллаевга тавсия қилиши таниш-билишчиликка кирадими? Қарорда футболимиздаги бу иллатга ҳеч қандай ташхис қўйилмади, ҳеч қандай таъриф, тасниф берилмади. Ишламайдиган тағин битта қарор пайдо бўлди.

Куни кеча бўлиб ўтган мажлисдаги гаплар ким учун айтилди, нима учун айтилди, билмай қолдим. Терма жамоада ҳимоячимиз, ярим ҳимоячимиз бор экан. Ҳужумчимиз йўқ эмиш. Ҳужумчиларни кўпайтириш керак эмиш. 1-4-2-4 тактик схемасида футбол ўйнайликми? Ҳимоячи ҳимояда, ҳужумчи ҳужумда, ярим ҳимоячи ўртада ўйнайдиган Пеле, Эйсебио даври аллақачон ўтиб кетган. Бугунги футболда Пеле ҳеч нарса қила олмайди. Ёнида дарров тўртта рақиб ўйинчиси пайдо бўлиб қолишади. Бугунги футболда вазиятга қараб ҳамма ҳимояда қатнаша олади, ҳамма ҳужумда. Испания терма жамоаси ЕЧ-2012да таркибга биронта ҳужумчини қўшмасдан ҳужумкор ўйнаб чемпион бўлишди. Уларда ҳамма ҳужумчи, ҳамма ҳимоячи. Пуйолнинг калла билан урган голларини, ҳужум пайтида гол хидини яхши сезишини ўйлаб кўринг. Модричнинг “МЮ”га бултурги ярим финалда урган жавоб тўпини эсланг. Бизда биронта ҳимоячи ё ярим ҳимоячи ўткир ҳужум уюштира олмайди. Биронта ўйинчимиз дарвоза томон аниқ, кучли зарбага эга эмас. Термамизнинг амирлик арабларига қарши кўрсатан ўйинимизни эсланг. Моҳир сардоримиз Сервер Жепаровнинг “аниқ” зарбараларини эсланг. Биронтаси зарбдор вазиятга чиқа билмайди, ё голвар вазият яратувчи оширмага эга эмас. Жуда ачинарли ҳол бу.

Клубларда тинимсиз машқ билан ҳужумнинг янги элементлари ўзлаштирилади. Аслида шундай бўлиши керак. Терма йиғинларида клубларимиз бажармаган ишни, голвар вазиятлар яратишни, турли вазиятларда, турли масофадан зарба беришни машқ қилиб созлаш керак бўлмоқда. Чемпионатимиз ўлимтик бўлганидан буни терма машғуотларида амалга ошириш керак бўлмоқда. Мираброр Усмонов эса уч-тўртта машғулот йиғини ўрнига битта ўртоқлик ўйинини уюштириш керак демоқдалар. Аслида ўртоқлик ўйини нима деган нарса? У олтиталаб ўйинчи алмаштириб ўртоқлашиб зўриқмай майдонда югургилаш дегани. “Локомотив” учун Суперкубок тўқнашувида “Бунёдкор” билан ўтказилган битта жанг Амирликка бориб ўтказилган бешта ўртоқлик ўйинидан афзалроқ бўлди. Термамиз беш кунлик йиғин ўтказиб бўлгач, унинг сўнгида “оқ иштонга” қарши “қора иштон” қилмасдан, тўртта жамоани йиғиб, улар учун совринли мини турнир ўтказиб берсинлар. Ҳар бир жамоа уч кун ичида иккитадан шиддатли ўйин кўрсатади шунда. Атрофдан учта жамоани топиш қийин эканми? Президентимизнинг мажлисда айтган гапларининг биронтаси залворли, салмоқли эмас. ТЖМни урушиб қўйиб унга “қаттиққўллик қилиб, оғир” вазифа топширилди. Энди Толибжоновлар топқиржонлик қилиб бир йиллик янги иш режасини ёзиб беришлари керак. Тезда янги режани ёзиб беришгандир. Ёзишларга улар жуда уста бўлиб кетишган.

Давоми бор

Киритилган сана: 20.03.2014 10:55. Ўкилди: 10247 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:21. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:21. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:18. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:18. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


XOJIAKBAR
Сана: 22.03.2014 13:43. XOJIAKBARга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


XOJIAKBAR
Сана: 22.03.2014 13:43. XOJIAKBARга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


GULNURXAN
Сана: 21.03.2014 07:19. GULNURXANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


GULNURXAN
Сана: 21.03.2014 07:19. GULNURXANга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


RMCFEXPERT
Сана: 20.03.2014 11:47. RMCFEXPERTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


RMCFEXPERT
Сана: 20.03.2014 11:44. RMCFEXPERTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


RMCFEXPERT
Сана: 20.03.2014 11:44. RMCFEXPERTга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.