Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Карантин дастурхони (2-қисм)

Баҳо:
+0; -0

Ҳасанали Қодиров. Ушбу таҳликали кунлари хаёлий дастурхон ёзишим айни муддао бўлмоқда. “Орият доно”да Бобуржон, Хайрулла ва Жамолиддинларнинг эшиттируви эсда қоларли, муҳокамали, лекин мунозарасиз бўлди.

Орифжон Толипов. Бизда кўрсатув ва эшиттирувларда ҳамфикр одамлар қатнашадилар. Шундай экан, бегоналар бўлмайди. Мунозара ва баҳслар қаердан бўлсин. Баҳсни, тортишувни, инкор устига инкорни кўрмоқчимисиз, марҳамат “Офсайд”да Иброҳимнинг икки юзини яна кўринг ва эшитинг. Тўғри, бизнинг “Дастурхонимиз” ҳам ясамадир, лекин сохта эмас. Иброҳимжон, Сизнинг ижроингизда сохта мунозаранинг тасқарасини, масхарасини кўрдик. Бугунги кунда бундай “баҳсларни” шоу-бизнес деб айтишади.

Ҳ.Қ. Орифжон, Сиз айтган кўрсатувдаги баҳс ва мунозара сунъий ва сохта бўлгани рост. “Спортчи”ларда фикр йўқ. Бўлсаям ўзиники эмас. Ҳамфикр қайдан бўлсин? Бизда ўз қарашига, ўз сўзига эга бўлганлар бору, ўз фикрига эга бўлганлар йўқ. Кечаги “Орият”даги эшиттирувда орамиздаги кам сонли фикрловчи журналистлар суҳбат қуришди. Лекин, қарама-қарши фикр билдириш уларда ҳам йўқ. Турли фикрлар гулдастаси масалани турли томондан ёритишга олиб келади дейишмайди. Эркин фикр билдириш, яъни ҳурфикрлик уларда ҳам йўқ, бошқаларда ҳам. Бунинг ўрнига ўзини эркин тутиш бор. Бунинг ўрнига микрофон олдида сабаб-бесабаб кулишиб суҳбатлашиш бор. Бундай суҳбат ҳурфикрнинг эмас, эркинликнинг ўзига хос талқини бўлди. Тиғсиз, лекин чиройли зар қини бўлди.

Олимхўжа Бўронов. Отахон, доимгидек эгардасиз. Розимиз, танқид пойгасида улоқ сизники. Лекин бир хонада қамалиб ўтиришимизга нимадир дейлик. Қай бир куни пандемия туфайли Испанияда 809 киши, Италияда 681 киши, Францияда 750 киши, энг кўпи АҚШда 1500 киши оламдан ўтган. Испанияда ҳаммаси бўлиб 11744 киши, Италияда 15623 киши ўлган. Коронавирус ўчоғи бўлган Хитойда эса, 3000дан ортиқ киши ўлган, холос. Бу рақамларга нима дейсиз?

Ҳ.Қ. Нима дердим? Бу фактлар Шарқдаги одамларнинг итоатгўйлиги билан, Ғарбдагиларнинг ўзбилармонлиги, ўзбошимчалиги орасидаги фарқни кўрсатмоқда. Европада, масалан, “Отец, ты не прав” дейиш қаҳрамонлик саналиб олқишланса, Шарқда бундай дейиш ўта тарбиясизлик ҳисобланиб, қораланади. Бошқа томондан қаралса, Шарқда шу жумладан бизда ҳам, давлат авторитар услубда бошқарилса, Ғарбда ҳаётни “демократик” услубда бошқаришади. Бугунги Ғарб демократиясини қўштирноқ ичига олишимнинг сабаби бор. Ғарбда бугун капитал учун эркинлик яратилган бўлиб, ҳамма пул ҳукмронлиги остида қолган. Уларнинг тизимида бирон бир кимсага ҳамма бўйсиниши йўқолган бўлса-да, қадимги юнонлар демократиясининг айни карикатураси бўлмоқда. Масалан, шу кунлари Милан кўчалари бўм-бўш бир пайтда, одамлари вирусдан қочиб хонама-хона беркиниб қолган бир пайтда, дераза ортидан ярми ҳазил, ярми чин маънода бир-бирини бақириб сўкишлари ғарбчасига сўз эркинлиги, одоб эркинлиги бўлмоқда. Бу демократиями ё нимакратия? Ҳатто Москвада ҳам қарор бир тараф, бепарво одамлар бошқа тараф бўлиб юришибди. ТВ орқали олтмиш дақиқа турли арбоблар президент қарорини тўғрими, нотўғрими деб муҳокама қилиб обрў териб, мухлис териб юришибди.

О.Б. Дунёни офат қамраган бир пайтда қадимги Грецияга ҳам, бугунги Милану Москваларига ҳам бориб келдик, эсон-омон. Футболга, юртимизга қайтайлик, Отахон.

Ҳ.Қ. Бердисини ҳам айтайинми, ахир? Эшитинг. Давлатнинг ҳар қандай қарорига, шу жумладан пандемияга қарши қарорларига ҳам итоат эттириш майда криминалга ботиб кетган Италияда осонми, ё хиёбонларда минглаб одам йиғилиб биргаликда машғулот ўтказадиган интизомли Хитойда осонми? Нима учун коронавирус Италия, Испания, АҚШ халқларига энг кўп ўлим олиб келгани тушунарли эмасми? Урушдан кейинги йиллари туғилганмиз. Кўрмаганмиз уруш ўлатини. Фашизмни ким енгган? Уни ҳам бир киши қўл остида давлат билан халқ бир тану-бир жон бўлиб бирлашиб курашган одамлар енгган. Фашизмни кейинчалик авторитаризм ё диктатура деб ном олган даврнинг, яъни Сталиннинг якка хокимлиги деб аталган даврнинг ҳақ-ҳуқуқсиз одамлари бирлашиб енгган. Бутун демократик Европа қўнғиз мўйлов малъуннинг этиги остида қолиб кетган эди ўшанда. Бирлашишда гап кўп. Донишмандлигини итоатгўйлиги билан кўрсатувчи халқимизни 30 млн. “баран” деб атаган ўша манфур арбоб ҳозир қаерда? Россиянинг масъулиятдан озод либерал демократларига етакчи бўлиб юрибди.

Футболга қайтаман. Ҳамма ўз уйида қамалиб қолган бир даврда жаҳон футболининг катта тўйи тасмаларини кўриб овуниб ўтиргандан кўра футболимиз муаммолари ҳақида биргалашиб фикр юритсак, дардлашсак бўлмайдими?

О.Б. Тўғри гап. Манимча, футболимизнинг энг катта муаммоси мухлисларнинг стадионларга келмай қўйганидир. Карантиндан кейин тағинам камаяди. Бу ҳақда кимнинг қандай фикри бор?

О.Т. Бу муаммонинг оқибати, сабаби эмас. Футболимиздаги коррупцияга халқнинг жавоби бу. Иллатни йўқотайлик, аввало. Кейин бўш стадионлардан нолисак арзийди.

Иброҳим Аҳмедов. Стадионларда соябонли қулай шароит яратайлик. Одамларни қизиқтирайлик. Ривалдо келганида “Бунёдкор” мухлисга тўлиб тошарди. Роналду келганида юрган йўлида кўчалар ҳам тўлиб тошган эди. Ҳар бир клуб таниқли футболчиларни таркибга қўшиб олсин, шунда тўлиб тошган стадионларни кўрамиз.

О.Т. Иброҳимжон, Сиз таклиф қилган сиёсатни, гапингиздаги мантиқни давом эттираман. Ҳар ўйинга тўрттадан “Мерседес”ни ютуққа қўйсакмикан? Қизиқтириш учун шунга ўхшаш тағин бир нималарни қилайликми? Масалан, Шерали Жўраевни, Юлдуз Усмоновани чақириб фанера қўшиқ айттирсакмикан? Ё маймун ўйнатсакмикан? Ё катта раҳбарлар талаби билан стадионларни қиморхонага айлантирсакмикан? Мендан хафа бўлманг. Тушунсангиз-чи, Сиз стадионларга футболдан узоқ, унга бегона, футболда ўйинни эмас номларни кўрадиган, шов-шувга берилган, футбол завқидан бенасиб чала-ярим мухлисларни, фойдахорларни йиғмоқчимисиз? Бир икки ўйинда бундай сиёсат натижа берар, балким. Кейинчи?

Ҳ.Қ. Орифжон, узр гапингизни олдим. Сиёсат деманг, тадбир денг. Бизда футбол сиёсатини ишлаб чиқиб уни амалда татбиқ қиладиган сиёсат арбоби йўқ. Ҳаммаси майда ниятли майда одамлардир. Футболимизда йирик бир Арбоб йўқ.

О.Т. Майли, айтганизча бўлсин. Бирор клуб Иброҳимжон айтган тадбирларни амалга оширсин. Кейин-чи? Кейин ё клубнинг бюджети етмай қолади, ё Иброҳим чорлаган “мухлислар” футболдан чарчаб бошқа овунчоқ топиб олади. Тағин стадионларимиз бўшаб қолади. Бу аниқ. Араб давлатлари ҳамма таниқли, машҳур ўйинчиларни клубларига қўшиб олишган бўлишса-да, стадионлари бўм-бўш. Бунга нима дейсиз? Демак, сабаб бошқа ёқда.

Жамолиддин Бобожонов. Сабаб билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Кўриб турганимизни гапирамиз, яъни қандайдир кўзга кўринмас муҳим бир сабабиятнинг кўзга кўриниб турган оқибатини гапирамиз. Уни ё ёқтирамиз, ё ёқтирмай жиғи-бийрон бўламиз. Илдизини очмаймиз. Воқеликнинг сабаби билан ишимиз йўқ. ЎФАмиз ҳам сабабиятни таҳлил қилмасдан футболимизни янада ривожлантириш режасини ишлаб чиқди. “Размери” ҳаммага, ҳамма даврга тўғри келадиган “резинка” қарор қабул қилди: Бу болалар футболини ривожлантириш. Шу ҳам ислоҳотлар стратегияси бўптими? Ривожланиш стратегиясини ҳозиргача ҳеч ким ишлаб чиқмаган бизда.

Ҳ.Қ. Олимхўжа, Футболимиз ислоҳотини деб, аввало, гапни ишқибозчилик ҳаракатидан бошлаганимиз менга ёқмоқда. Доимо биринчи галда чемпионатимизни Япония ё Жанубий Корея даражасига етказиб олишимиз керак деб айтиб келар эдим. Бу нотўғри экан. Аввал уни, кейин буни деб бўлмайди. Жамолиддин, Сизнинг гапингизга келсак, ЎФАни тўғри танқид қилдингиз. Стратегия йўқ. Буни айтган одам, яъни Сиз, ушбу йўналишда ўз таклифини бериб, шу масалани муҳокама қилишга оммани чорлаши керак эмасмиди? Шундай қилганингизда Сизнинг таклифингизни муҳокама қилаётган бўлардим. На чора, ЎФАнинг чиқарган қарорини мен ҳам таҳлил қиламану, кейин ўз таклифларимни айтиб бераман.

Биринчи шахс одатда сайланиши керак. Бунинг учун бир неча номзод ўз футбол қарашини, ўз стратегик режасини баён этиб сайловда қатнашади. Сайловда ютиб чиққан кимса, лавозимга ўтиргач, оммага таяниб бирма-бир ўз режасини амалга ошириб боради. Бизда бундай бўлмади. Равшан Эрматов тайинлангач, кўп ўтмай ўз стратегиясини ишлаб чиқиб оммага тақдим қилди. Бу яхши. Демак, режамиз бор энди. Лекин, нега футболимизнинг бугунги аҳволини таҳлил қилмади? Туб ўзгартиришлар заруратини исбот қилиб бермади. Катта ўзгаришлар учун болалар футболи таянч нуқта ё ислоҳотнинг кўтарма дастаги (рычаги) бўла олмайди-ку. Туб ўзгаришларга қаратилган қарор бўлмади-ку. Футбол мактаблари ва футбол академияларига қўшимча қилиб яна битта болалар футбол структурасини яратмоқчи экан. Бор-йўғи шу. Ва бунга 30 йил муҳлат сўраган. 30 йил ичида ё афанди ўлади, ё эшак ўлади, ё шоҳ ўлади, деган гап бор халқимизда. Япония ўз футболида туб ўзгаришлар қилиш учун узоқ муддатли стратегияни танлаган бўлса-да, уларни бирма-бир босиб ўтиш учун 30 йил сарф қилмади. Бошқа мисол хаёлимга келди. 30 йил ичида Сингапур гадой топмас кичкина шаҳарчадан машҳур Давлат пойтахтига айланган. Эрматов эса, нимага ўттиз йил сўрамоқда, ўттиз йил ичида футболимизда фақат шу ўзгариш содир бўладими?

Равшан Сайфиддинович туб ўзгаришлар қилишни умуман ўйламаяпти. Бунга эҳтиёж сезмаяпти. Бугунги футболимиздан рози, шекилли. Тарихимизда жаҳон даражасига яқин келган бир футболчи, ё бир мураббий биздан чиқмаган. Ҳали-бери чиқмайди ҳам. Аммо, Жаҳон даражасида ўзини кўрсата олган бош ҳакам биздан етишиб чиқди. Ўшаниям Худо биздан кўп кўрди. Тағин 4 йил мароқлансак, фарахлансак бўлар эди. ЖЧ-2010нинг очилиш ўйинини бошқарув даражасидаги ҳакам Равшан Эрматов орамизда йўқ. Бугун футболнинг ўртача савияли амалдори Р.С.Эрматов орамизда юрибди. Ачинарли ҳол. Бу қандай содир бўлди? Равшандан сўрамасдан уни бу лавозимга тўсатдан тайинлаб қўйишди, дейлик. Равшан нима қиларини билмай қолди, дейлик. Олимхўжа, нима учун Сизни ва бошқа журналистларни йиғиб фикр сўрашдан нарига ўтмади у.

О.Б. Шахсиятга ўтманг. Равшан Сайфиддинович нима қиларини ўзлари яхши биладилар. Футболчилару, мураббийлару амалдорларингиз икки жумла сўзни қўшиб бир гап айтолмаса, журналистларни чақиради-да. Отахон, ўзингиз айтиб келар эдингиз. Футболчиларингиз уч сўм кўпроқ пул топаман деб ҳар ярим йилда клубдан клубга кўчиб юрган бўлса, мураббийларингиз катта ойликни деб бир-бирини қулатишга тайёр бўлса, амал минганларингиз ҳам фақат ўз манфаатини ўйласа, кимдан маслаҳат олсин? Даврон Файзиевдан фикр олсинми ё Миржалол Қўшоқович Қосимовдан олсинми, буни ўзига қўйиб беринг.

Ҳ.Қ. Равшан Эрматов ўз соҳасида касб чўққисига чиққан кам сонли инсон бўлиб, унга янги соҳа, янги иш топширилган экан, Ислоҳотлар йўлида ҳаммани ўз атрофида бирлаштирмайдими? Юртимизнинг барча футбол оммаси уни қўллашга тайёр эди-ку. Нега ўз атрофига ташаббускор мутахассисларни йиғмади? Нега? Янгиланишни деб Футболимиз келажаги йўлларига бағишлаб омма билан мажлислар, конференциялар ўтказдими? Йўқ. Ушбу масалага бағишлаб футболчилар, мутахассислар, функционерлар орасида аноним сўровномалар ўтказиб омма фикрини ўргандими? Йўқ. Ривожланишнинг стратегик режаси деган мавзуни ОАВда барча журналистлар, ишқибозлар ва касбикомил мутахассисларни жалб қилган ҳолда ёритдими? Йўқ ва яна йўқ. Футбол халқ ўйини. Футболимиз ислоҳотида ҳам, ЎФАнинг барча тадбирларида ҳам бутун халқ вакиллари қатнашиши керак эмасми? Қачонгача футбол ўз ҳаётини, муаммоларини оммадан, халқдан яшириб юради? Бу аҳволда ишқибоз футболимиздан юз ўгириши табиий ҳол-ку. Барча муаммолар ўз ечимини халқ билан биргаликда топади-ку. Бу ҳақиқат.

Ҳасанали Қодиров.

Киритилган сана: 21.04.2020 07:39. Ўкилди: 3582 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


YAHYOXOJA
Сана: 23.04.2020 08:10. YAHYOXOJAга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.