Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Ғоябардорлик (4-қисм)

Баҳо:
+0; -0

Мен тўртинчи мақоламни ҳам бир хил ном билан ёзмоқдаман. Бир воқеани ҳар хил томондан ёритмоқдаман. Такрорланиш бўлиб қолмоқда. Мавзуни ёритмоқчи бўлиб гапни гоҳ чапдан ўнга ўтказиб, гоҳ аксинча ўнгдан чапга ўтказиб мослама “ҳужум” уюштирмоқдаман (“позиционная атака”, дейишадими?) Зарбдор вазиятга чиқишдан дарак йўқ.

40 йил олдин Мосфильм Королёв ҳақида “Укрощение огня” деб номланган икки сериялик кино қўйган эди. Бош ролни Кирилл Лавров ўйнаган. Кино мазмуни, ғояси аниқ, лўнда эди. Яқинда Россия Космонавтика отахони Королёв ҳақида саккиз сериялик кино қўйди. Бош ролни Дмитрий Астраханов ўйнади. Ушбу янги кино мазмуни бору маъноси, муддаоси, ғояси йўқ. Тўмтоқ, тарсоқ. Кинодан одам маъно қидиради. Мақоламдан ўқувчим мақсад қидиради. Сценарий ёзишдан аввал унинг кульминация ечимини ва финалини ўйлаш керак. Эшикни очишдан олдин хонадан чиқишни ўйлаш керак. Астраханов Королевнинг қамоқдаги изтиробини кўрсатмоқчи бўлгану, тасвирда буюк олимнинг азоби, оддий жиноятчининг қамоқда чеккан азобидан фарқи бўлмай қолган. Муаллиф темани яхши билмас экан. Режиссёрнинг мақсади ўзига аниқ бўлмагани учун, муддаоси йўқлигидан шундай мужмал кино пайдо бўлган деб ўйлайман. Ёки буюртма бўлганми, билмадим.

"НАСАФ"НИНГ КУНИ ТУШМАСИН
Футболимиз Раҳбари бир қарор чиқаришидан аввал муддаоси ўзига аниқ бўладими? Катта олим каби предметни яхши ўрганиб чиқадими? Шунга жавоб топайлик. Мавсум бошида Биринчи лига жамоаларидаги футболчиларнинг ёши 23дан ошмасин деб қарор чиқарган эди. Буни биласиз. Кейин бу қарорни бекор қилди. Ана, холос. Аҳмаджоновнинг жилови бировнинг қўлидами, узангисини бир тепиб устига чиқадиганлар борми, ёки кимнингдир қўлида катта Раҳбарга таъсир ўтказиш ричаглари борми, ёки Раҳбар предметни билмайдими? Саволлар ўз ўзидан кўпайиб кетмоқда. Биз нимани биламиз? Чемпионатимиз савияси жуда паст. Ҳатто ҳеч кимга керак бўлмаган Трифуновични ҳам бизда қучоқ очиб кутиб олишмоқда. Малайзияда эплаб-эпламай ўйнаган Лутфулла Тўраев юртига қайтиб келгач, ОТМКда етакчи бўлиб олди. Савиямиз шунақа.

“Локомотив”да кимлар ўйнамади дейсиз. Ҳатто Илҳом Суюнов ҳам олиб келинган эди. Номи чиққан буюк “отработка”ларни “Локомотив”га йиғиштириб келишади доим. Бизда 13 яшар мессиларимиз 15 ёшида сўлиб, қуриб қолади. Қуриб қолмаса, 23 яшар пайтида ҳам ёш саналиб, захирада курсини иситиб ўтиришади. Биродар Абдураимов бугунги кунда 18 ёшида асосий таркиб ўйинчиси бўла олмаган бўларди. Бизда бугун мураббийдан натижа сўрашади. Ёш ўйинчиларни тарбиялашни сўрашмайди. Не азоб билан вояга етказсанг борми, “наҳанг жамоалар” сендан текинга олиб қўйишади. Бошингга “Насаф”нинг куни тушади.

ТЕНГҚУРЛАР УЛФАТИ ЭМАС, БАЛКИ...
Ундан кўраси номи чиққан таниқли, тажрибали ёши катта футболчини ўйнатгани яхши. Шунда бош мураббийнинг иссиқ ўрни омон қолади. Демак, Раҳбар ёш иқтидорли футболчилар йўлини очиш ниятида шу буйруқни чиқарган экан-да. Керакли тадбир, лекин ношуд буйруқ бўлди. Савол туғилади. Нега Олий лига, кечирасиз Экстра лига, тағин кечирасиз, қаричилик, Суперлига жамоалари футболчиларини ёшартириш керак эмас экан. Нега буйруқ фақат Про лигага тегишли бўлди. Иқтидорли 18 яшар футболчилар юқори дивизионда ўйнаши керак эмасми? Бу ерда Шарофиддинов, ё Муллажоновга ўхшаб маҳорати бошқа ўсмайдиган футболчилар ўйнай берсинми?

Маъмурий йўл билан кўп нарсага эришиш мумкин. Бунинг учун Раҳбар одил ва оқил бўлиши керак. Буйруқ йўли билан ёшартираман деб, Про лигани бир хил ёшдаги футболчиларнинг инкубаторига айлантириб қўйсак, ақлли иш қилган бўламизми? Ахир 18 яшар Роналду ёнида тажрибали ёши катта Рууд ван Нистелрой футбол ўйнамаганида бугун биз Криштиану Роналдудек юлдузни танимаган бўлардик. Лушчан “Бунёдкор” таркибини тенг ёшли футболчилар инкубаторига айлантириб қўйиб, ёш истеъдодли футболчилар маҳоратини бошқа ўстиролмай қолгани эсимизда-ку. Жавлон Иброҳимовни ҳам қарияга чиқариб қўйган эди. Демак, катта Раҳбар клублар таркибини тенг ёшдаги тенгқурлар улфатига айлантириб қўймасдан, ёши катта футболчилар сонини чеклаб қўйиб буйруқ чиқариши керак эди. Масалан, Про лигада ёши 25дан катта футболчилар сонини уч нафар билан чеклаб қўйиш, Суперлигада 27дан катта футболчиларнинг сонини 7 нафар билан чеклаб қўйиш айни муддао бўлар эди. Масалан, хорватлар 25 ёшдан катта футболчиларни чемпионат клубларида бутунлай ўйнатмай қўйган. Модричга ўхшаган энг кучлилари Европа топ клубларининг юлдузи ҳисобланишса, сал-пал кучсизроғи Европанинг оддий клубларида футбол ўйнашади. Болқоннинг қолган-қутган футболчилари бизнинг клубларда кучли легионер ҳисобланишади. Демак, биз ёши катта футболчилар сонини чеклаб қўйишимиз керак эди. Бунинг ўрнига Аҳмаджонов футболимизни ёшартиришдан бутунлай воз кечиб ўз буйруғини ўзи бекор қилди. Орқага тисланди.

БЕЛИНГДА БЕЛБОҒИНГ БОРМИ?
Энди мақоламнинг бош мавзуси бўлган, оғизда овоза бўлган воқеага қайтаман. Олтин очколар можаросига. Яқинда бўлиб ўтган Чорак финал баҳсида бош ҳакамни сўнги дақиқаларда алмаштириш можароси олтин очколар можаросини хиралаштириб, эскиртириб юборди. Журналистикамизни яна бир бор мақтаб қўяй. Улар ҳозир олтин очколарни қоралаб мақола ёзишдан бир оз тўхташган. Уларга янги можаро, янги шов-шув бўлса бўлгани. Лекин олтин хира тортмаганидек, олтин очколарга қайтаман. Намангандаги дурангдан сўнг биринчи босқични биринчи ўринда тугатиб иккинчи босқични учинчи ўринда бошладик деб, Арвеладзе зорланди. Олдинги давримизга ўхшаб очко тўплаб олиб, финиш пайтида зўриқмай, майдонда майда қадам, майда ўйин қилиб чемпион бўлишни хоҳлаган экан-да, Арвеладзе.

Бюджетинг бошқалардан неча баробар катта бўлганидан “Металлург”даги Ғофурлар, Йўлчилар эмас, “Пахтакор”даги Мирзакаримбойлар, Салимбойваччалар зўр бўладилар-да. Йиғиб келган бойлигинг, кечирасиз, очколаринг энди ҳисобмас. Финал босқичида ҳамманинг, яъни бою-гадонинг имконияти тенг бўлди. Зўр бўлсанг, зўрлигингни тағин бир бор исботла. Бойлигингдан, ҳайбатингдан чўчимасдан Мўминжонов ўз “фақир”лари билан “бой”ларга қарши майдонга белини боғлаб тушмоқда. Бунинг нимаси ёмон? Белингда белбоғинг бўлса, зорланмай зўрлигингни очиқ жангда яна бир бор исбот қил. Сен бўлсанг олтин очколардан шикоят қилиб юрибсан. Ёки олдиндан йиқилар жойинга юмшоқ сомон тўшаб қўймоқчимисан.

МАСХАРА ГОЛНИ ТАТИБ КЎРИШДИ
Олтин очколарнинг яна бир жиҳати бор. Лушчан “Сўғдиёна”га келиб футболчилар ўйинини эмас, кўтарма пуллар эвазига жамоа таркибини кучайтириб олди. Ҳозир ушбу клуб учун иссиқхона шароити яратилган. Клуб шаънини деб эмас, олажак катта пулларини деб “Сўғдиёна”да янги футболчилар жамланган. Уларни, яъни отарчиларни очко бермайдиган “ўткинчи” ўйинларда жанг қилишга чоғлантира олмаган Лушчан, ўткинчи ўйинлар менга керак эмас деб, олтин очколар қоидасини бекор қилиш керак деб зорланган эди. “Нефтчи” айни шу формат туфайли, ўткинчи ўйинлар, яъни ҳеч нарса ютмайдигану ютқазмайдиган ўйинлар туфайли, жамоавий ўйинни, футболчилар маҳоратини муттасил ўстириб борди. Ўз йигитлари билан янги жамоавий ўйинни шакллантириб олди. Олтин очколар қоидаси бўлмаганида “Нефтчи” охирги ўринга биринчи даврадаёқ михланиб қолиб, иккинчи даврада жанг қилиши маъносиз бўлиб қолиб, йигитлар бошқа жамоа излаб, бош мураббий истеъфони ўйлаб юрган бўлишарди.

Баҳром Ҳайдаров охирги ўриндан чўчимасдан мазмунли, интизомли, жанговар футбол кўрсатиб ўйинчилар маҳоратини ўстириб борди. “Насаф” ҳам шу йўл билан, таблодаги рақамларни ўйламасдан, Геворкяну Тўраевларни қайта йиғиб келмасдан янги жамоани яратмоқда. “Пахтакор”у “Бухоро” ўйинига нисбатан мазмунлироқ, жанговарроқ ўйин Фарғонада бўлиб ўтди. “Нефтчи”- “Насаф” 3:1. Кеча Тошкентда нима бўлди? Икки-ю нольдан кейин “Пахтакор”нинг ўйин интизоми бўшашиб, “шерлар”да иштиёқ пасайиб кетган эди. 90 дақиқа ичида бирон марта хавфли ҳужум қила олмаган бухоролик йигитлар “Пахтакор”га масхара голини уриб олишди. 1:2. Фарғонадаги жангни кўрмаган Арвеладзе уч очко олдим деб мамнун бўлиб юргандир. “Баҳоинг уч, Арвеладзе. Бу йил чемпион бўларсан. Келаси йил ОЧЛда шунақа ўйининг Сени шарманда қилади-ку”, дейдиган одам йўқ. Очиқ, аччиқ гапни айтадиган, икки томчи дорини сендан аямай шифо гапни, заҳар гапни айтадиган ҳотам йўқ. “Пахтакор”, ҳеч ерда санга қарши қўйилган бирон бир қадам йўқ. Катта Раҳбардан чўчимайман. Дилимдагини айтаман. Гапимни тергайдиган онам йўқ, отам йўқ. “Насаф”да эмас, “Бухоро”да эмас, унда эмас, менда эмас, Сенда, фақат Сенда катта пуллар билан сийлайдиган Алишер Усмонов бор. Бошқа ниманг бор, бошқа киминг бор?

ҲИССИЁТЛАРНИ БИРМА-БИР САНАШ
Эҳтиросга берилиб, мавзудан бир оз чекиндим. Журналистикамиз жўрлигида келаси мавсум олтин очколар қоидаси олиб ташланади, чоғи. Аҳмаджонов бир неча бор айтган сўзидан қайтмоқда. Бу гал ҳам шундай бўлади, чоғи. Бу ниманинг белгиси? Бу саволга жавоб топиш учун Равшан Ҳайдаров мисолига қайтиб келаман. Аҳмаджоновни 20-асрнинг катта давлат арбоби, буюк шахс билан қиёслаган эдим. Якка ҳокимликни таҳлил қилган эдим. Ўша тарихий зот катта масъулиятни елкалаган бўлса-да, ҳеч ким олдида бошини эгмаган, деб ёзган эдим. Футболимизнинг яккаҳоким Раҳбари Аҳмаджонов-чи?

Ҳайдаровнинг онлайн орқали катта Раҳбардан кечирим сўраган воқеасини олайлик. Нима учун бу воқеа содир бўлди? Чунки катта раҳбар уларни қишда тантанали кутиб олишлар, табрик-олқишлар, Малибулар билан сийлаб қўйган эди-да. Еган оғиз уялади. Тантанаворлик, улуғворлик, ҳаддан ортиқ олқишлар, чегара билмас сийлашлар, бесабаб жазолашлар азалдан яккаҳокимлик белгисидир. Буларнинг ҳаммаси инсон ғурурини ерга уриш, ўзини камситиш эканлигини биласизми? Бу билан Раҳбар Сиздан мутлақо устун эканлигини намойиш қилишини ҳар бир руҳонияти соғлом одам яхши билади. Шу йўл билан раҳбар ўзига нисбатан қарам ҳиссини, қўрқув ҳиссини, қуллик ҳиссини кучайтиради. Сталиндан ҳамма қўрқар эди. Хрушчёв ундан неча бор йиғлаб кечирим сўраганини биламиз. Ҳайдаров йигитлар билан бирга Раҳбардан кечирим сўраганига нима деймиз. Футболимизда тоталитар режим ҳукм сурмоқда деймиз-да.

Бу ҳол футболимиз ривожига зарар етказмоқда. Гапимни тахминларим билан изоҳлайман. Карисларга қарши кечган чорак финал ўйинидан олдин катта Раҳбар Ҳайдаров билан, балким бутун жамоа билан учрашган. Улар билан гаплашган. Ғалаба тилаб туриб, бу футбол, бу оддий ўйин, холос. Ўзингизни эркин тутиб роҳат қилиб жанг қилинглар, шунда сиздан ўйини бўйича бир калла юқори бўлган карисларни, худо хоҳласа ютасизлар, деб айтмаган. Фақат ғалаба талаб қилиб, юрт шаънини эслатган, балким, ота-оналарини ёдга солган ва ҳоказо гапларни гапиргандир. Чунки Раҳбарнинг ўзи ҳам Катта Акамиз олдида титраб турса керак-да. Карисларга қарши ўйинда йигитларимизда асабийлик устуворлигини ҳамма кўрди. Умрида қилмаган хатога Ашурматов шу ўйинда йўл қўйди. Алибоевни айтмайсизми. Енгил вазни билан енгил ва юмшоқ футбол кўрсатадиган бола-я. Қизил олди-я.

МИРЖАЛОЛ КИМ?
Бир кимсадан кечирим сўраш керак бўлса, масалан, ўтмишда моҳир ярим ҳимоячимиз бўлган Тазетдиновнинг, Базилевич олдида мураббийлик қилган, кейин ўзини футболга бахшида қилиб авиафалокатда ҳалок бўлган Тазетдиновнинг аёлидан (у аёл ҳали тирик экан) мағлубият учун эмас, футболимиз савияси ҳалигача пастлиги учун Аҳмаджонов кечирим сўрасин. Тазетдинов сардорлик қилган “Пахтакор” жамоаси Япония терма жамоасини 5:0га ютиб кетган эди. Ҳозир Япония футболи қайдаю, бизнинг савиямиз қайда.

Футболимиз Раҳбари Катта Акамиз олдида титраб туриши туфайли ФИФА таснифига кирмаган Осиё ўйинлари турнирига олимпиячиларни эмас, уларнинг ўрнига каттароқ ёшдаги келгуси йўқ жамоани олиб борди. Шундай йўл тутиб бошқа давлатларнинг ёшроқ футболчиларини ютиб ғалабага эришиб, қандай бўлмасин Осиё ўйинларида ғолиб бўлиб қайтмоқчи бўлган эди Аҳмаджонов. Тантанавор кутиб олишларни қумсаган эдими. Хўжакўрсинлик. Ҳеч қайси давлатнинг футбол федерацияси Осиё ўйинларида ғалаба қозонишни ўзига шараф деб билмайди. Балки, олимпиада йўлидаги бир турнир деб билади. Аҳмаджонов қор жангидан руҳланиб, тағин ғалаба нашидасини сурмоқчи бўлди. Фалончи Акамиз олдида ғоз турмоқчи бўлди. У Футболимиз равнақига зарар етказмадими шундай йўл тутиб? Энди ҳаммасига Миржалол Қосимов балогардон бўлар экан-да. Ҳамма ишни нолдан бошлаши керак бўлади. Олдинги Осиё ўйинларида кўрсатган бемаза, бемазмун ўйини, ё шимолий карислардан олган мағлубияти эсидан чиқдими? Йиқилган полвон курашга тўймайдими? Кейруш ҳам “Реал” билан шарманда бўлган бўлса-да, ўзини тиклаб олган эди-ку, дерсиз. Ҳа шундай бўлган. Лекин Кейруш ўшанда устози Фергюссон олдига қайтиб келиб, таҳсилни давом эттирган эди. Миржалолнинг устози ким бўлади? Купер бошқараётган мураббийлар штабида нима учун бизнинг тренерларимиздан ҳеч ким йўқ. Ёрдамчи бор.

Катта Раҳбар биздан кучли бўлган жанубий карисларга қарши жанг кўрсата олган Ҳайдаровни ёшлардан ҳайдаб Миржалолни топибди-да. Тағин Қосимовми? Буниси фарс бўлмаяптими? “Бунёдкор”да бошлаб қўйган унинг ишлари нима бўлади? Гёдени ҳисобга олмасам, ҳеч ким, Бабаян ҳам, Абрамов ҳам, Мусаев ҳам, бошқа майда номлар ҳам ёшларимиз билан Ҳайдаров каби шундай мазмунли ҳужумкор ўйин кўрсата олмаган эди. Нега Миржалол Қосимов бунга кўнди. Миржалолнинг Футболга, юртимизга бўлган меҳри баландми, ёки у шон-шуҳрат бандасими? Билмадим, билолмадим. Вақт кўрсатади. Сизу биз омон бўлсак кўрамиз.

Хитой ўзининг олимпиадачиларига Гус Хиддинкни бош мураббий қилиб тайинлаган бир пайтда биз катта Раҳбардан навбатдаги қарорни қабул қилиб олдик.

Стадионда кўришгунча соғ-омон бўлайлик деб, Ҳасанали-отангиз ёздим. 24.09.2018й.

Киритилган сана: 25.09.2018 21:14. Ўкилди: 5194 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


ALBARS
Сана: 26.09.2018 18:21. ALBARSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан


ALBARS
Сана: 26.09.2018 18:19. ALBARSга ёзиш
+1; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.