Кириш Регистрация

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Юз доллар ҳикояти (давоми)

Баҳо:
+0; -1

12. МАСТОНАЛИК ВА ҲАЙРОНАЛИК.                                                                                                  

СЦЕНАРИЙ ЁЗИШ.

Кўпинча журналистлар Футболни санъат билан, масалан спектакль билан қиёслайдилар. Хозиргача ҳеч ким Мураббийни санъаткорга ўхшатиб, бир нима ёзмаяпти. Ман футболни картина тасвиригаям ўхшатаман, цирк санъатигаям, чолғу санъатигаям, бадиий асаргаям. Нима учун? Чунки аввало, Мураббий ижодкор бўлмоқлигини таъкидласам, футболчи ўз техник маҳоратини санъат даражасига кўтаришини истайман. Ундан ташқари, футболчи майдонга тушгач, ўйин “драматургиясини “ уқиб олиб, шунга кўра ўзи “сценарийни” қайта ёзиб, уни ўзи ижро этиши кўз олдимизда содир бўлади. Чунки, футболчи, агар у асл футболчи бўлса, шундай мўжиза яратишга қодир бўлади.

Актёр-ўйинчи Мураббий ёзиб берган “сценарийни” қайта ёзмаса-да, уни бир оз бўлса-да ўзгартириши шарт бўлади. Шунинг учун футбол бир киши билан ижрочилар орасида, сценарист ҳам режиссёр ҳисобланган бош мураббий билан актёрлар-футболчилар орасида ўзаро якдилликни талаб қилади. Футболнинг яшил майдонида кўкарган мисли кўрилмаган даражадаги якдилликни, ҳамжиҳатликни, бирдамликни театр саҳнасида тополмайсиз. Яқинда бўлиб ўтган ЖЧда голландлар, олмонлар, боливияликлар, хатто жазоирликлар ҳам бундай якдилликни, бирдамликни, ҳамжиҳатликни мисли кўрилмаган тезликда кўрсатиб беришди. ЖЧ ўйинларида кутилмаган сценарий, кутилмаган ижроларни кўриб, умумжаҳон Бош мусобақасининг драматургияси ўзи боғлаб қўйган тугунларга ўзи “плей офф”да ечим топиб беришига ҳайрат билан тикилдингиз. Бош қаҳрамонларни ижобий ё салбийга ажратиб олдингиз. Воқеаларни кузатиб ўйинларга мафтун ҳолда мастона юрдингиз. Балким, уйқудан қолиб шундай юргандурмиз. Баъзи “диалогларни”- тўқнашувларни тушуна олмай хозиргача ҳайрон қолмоқдасиз. Мастоналик ҳайроналикка жойини бўшатиб берди.

 

ШОҲ ЭДИП.

Абрамов ва у билан боғлиқ воқеалар ҳақида ушбу сатрларни ёзарканман, кўз олдимга буюк актёрларимиз келмоқда. Шукур Бурхонов шундайлардан эди. Унинг ижросини кўраман деб Миллий театрга қайта-қайта борардим. У киши неча марта Шоҳ Эдип ролини ўйнамасин, ҳар гал саҳнада шу қаҳрамон ҳаёти билан яшар эди. Қайта бор янгитдан унинг фожеавий ҳолатига тушиб, изтироб чекар эди. Санъаткорга ачиниб, 2,5 минг йил олдин Софокл ёзиб берган образнинг изтироблари сеники эмас-ку, АКТЁР, дегим келар эди. Ҳаммани қон қилиб юбординг-ку, дер эдим ўз ичимда. Ўзга одам қайғусини яхши тушуниб, қалбидан ўтқазиб, сўқир кўзни ҳам йиғлатар эди. Лекин у киши ўзининг шаҳсий ҳаётидаги кечинмаларини томошабинга дастурхон қилмасди. Мутлақо қилмас эди.

Хозирги актёрлар ижросида саҳнада драматургияни, ҳолат динамикасини тополмайсиз. Улар кўрсатувлар уюштириб шахсий ҳаётидаги драмаларни кўп гапириб шаҳсий ҳаётидаги қўйди-чиқдилар билан томошабинни ўзига тортмоқдалар. Шукур Бурхонов шахсий ҳаётини ҳеч кимга овоза қилмаган. Мен уни яхши тушунаман. Инсон ўзининг бошидан ўтган кечинмаларини ўзга одам назаридан четга олади. Ҳо қувончли бўлсин, ҳо қайғули бўлсин, бирдай, ҳаётингга бировни шерик қилиш жуда мушкил иш ҳисобланади. Мен, нафақат ўзимга, балки Алексей ҳаётига, орамиздан ўтган гапларга, ички руҳий ҳолатларимга ўқувчимни шерик қилиб қийналмоқдаман. Бевосита Футболга тегишли воқеаларга гапни буриб, футбол билан боғлиқ фикримга, тушунчамга, туйғуларимга ҳаммани шерик қилишим енгил бўлмоқда. Футбол-да, футбол. Шунинг учун шаҳсий кечинмаларимга боғлиқ мавзу, “юз доллар” воқеасига сабаб бўлган мавзу четда қолиб, гапларим бевосита футболга бурилиб кетмоқда.

ЁЛҒИЗ ҚОЛГАН ТЎП.

“Локомотив” стадионлари кўп ва ҳаммаси уйимдан узоқда жойлашгани учун илгари ўйинга бормас эдим. Мен учун “Пахтакор”дан қадрдони йўқ. Абрамов ҳақида бир нима ёзишни бошлаганимдан бери ҳар бир ўйинга бормоқдаман. “Динамо”га қарши чорак финал жавоб ўйинига тушдим. Борсам, енгил машқ қилишмоқда экан. Бирдан ҳамма машғулотларни тўхтатди-ю, тўпларни йиғиштириб шоша-пиша майдондан чиқиб кетишди. Ўнталаб сув пуркагичлар ҳар бири майдоннинг эллик қадам масофадаги майса бетига айлантириб сув пуркай бошлашди. Сувнинг майда зарралари ҳавога кўтарилиб камалак ҳосил қилиб товланишмоқда эди. Биргина тўп майдонда “ёмғир” остида қолиб кетибди. Ҳамманинг кўзи ўшанда. Шерикларидан ажралиб қолган ёлғиз тўпда. Сув тингач уни бир бола чопиб келиб олди-ю, ичкарига кириб кетди. Ҳамма ЖЧ ўйинларига тикилган бир пайтда биз улардан ажралиб, ёлғизланиб шу ерда ўтиришимизни Фарҳод Магометов елкасидаги йиртиқ “тўрва-ҳалтадан” тушиб қолган эски “тўпга” ўхшатаман.

Натижаси олдиндан маълум бўлган ўйин эди. Ғалабадан умидини узган Самарқанднинг ёшлар таркибини “Локомотив” шижоатсиз ўйнаб ютиб кетди.заҳира ўриндиқлари ёнида қўшнимни кўриб қолдим. Бу ерда нима қилиб юрибди экан? Кўзи менга тушгач, имо ишора билан саломлашиб олдик. Эртаси куни ЖЧни кузатар эдим, Россия термаси сўнги дақиқада Белгия термасига ютқазиб қўйди. Жазоир жамоасида кўрганим жон-жаҳд Россия жамоасида пул наҳти билан эриниб, маҳорати билан эланиб, ўз ўзига беланиб озгина бўшашиб қолган экан. Ўша бир нима озгина етшмай қолди. Ўйиндан сўнг набирамни етаклаб кўчага чиқиб салқинлаб юрсам, ўша қўшним ўтиб қолди. Исми Толик, фамилияси Есин бўлса керак. Бугунги ЖЧ ўйинлари ва кечаги “Локомотив” ўйини ҳақида икки оғиз гаплашиб олдик. Бугун эрталаб Қўйлиққача автобусда у билан бирга бордим. Йўлда мен билан футбол ҳақида суҳбатлашиб келди. Манзилга етиб келганимизни билмай қолдим.

АЛЬБИНОС КИМ?

Унинг гапларидан ўзимни ноқулай ҳис қилдим. Гап бундай. Ҳар бир инсон кўчага чиройли уст-бош кийим кийиб чиқади. Одми либосини ўзга одам кўзидан четга олади. Кўчада феъл-атворимизниям либосга ўраб юрамиз. Камчиликларимизга бировни шерик қилмаймиз. Қўйлиққа бора боргунимизча қўшним гапирди-ю, ман тинглаб келдим. Гап менинг ҳақимда кетмаса-да, ҳар бир гапи билан менга дашном бергандай бўлди. Олдида ўзимни қадимги юнонларнинг мармар ҳайкалидай белибос ҳис қилар эдим. Футбол ҳақида гаплашиб келдик. Ҳар бир гапи вужудимга ёт нарсадек дилимга оғир ботиб борар эди. Аслида менинг ўзим ҳаммага ёт бўлиб, яккаланиб қолмоқдаман, шекилли. Танишларим орқаваротдан мени футбол жинниси дейишади. Яқинларим олдида ҳам четга чиқиб қолмоқдаман. Тенгқурларим сафида оёғимни ёзиб кунни кеч қилиб бир жойда ўтиролмайман. Қурувчи, архитекрорлар мени футбол ғийбатчиси дейишса, журналистлар қаторига ҳам қўшилмаганман. “Одамлардан ажралиб қолгансиз. Бошқа бир дунёда, ўз ички ҳаётингиз билан яшайсиз” дегувчилар, “Ёш боладай арзимасга куюниб юрасиз” дегувчилар ҳам, “Ҳаммани ўзингизга ўхшатманг, ҳаёт бошқа, китоб бошқа” дегувчилар ҳам, “Ўзингизга бир қаранг, ҳаёт фақат футболдан иборат эмас-ку” дегувчилар ҳам бўлди. Мен бундай таърифга оддий қарайман. Одам ўзидан ўзгачароқ, бошқачароқ одамни ҳуш кўрмайди. Одам тушунчаси, эътиқоди (агар у бор бўлса), турмуш даражаси, ички ва ташқи қиёфаси билан бошқалардан ажралиб қолишни истамайди. Ундайларни ҳеч ким ёқтирмайди. Шунинг учун “ундайлар” одамлар даврасида ўзини ноқулай ҳис қилишади. Баъзида ҳабаш ирқига мансуб халқларда ҳам оқ танли болалар туғилиб қолар экан. Тасаввур қила олдингизми? Бундай оппоқ ҳабаши уларда ҳайрат эмас, қўрқинч уйғотар эди. Қадимда ҳурофий одатларга кўра оппоқ бўлиб туғилган чақалоқларни, ундайларни альбинос дейишади, нобуд қилиб юборишар эди. Қарға оқ бўлмасин экан, оққуш қора. Менинг нимам қора-ю, нимам оқ. Билмай қолдим...

13. ТЕНГЛАР ИЧИДА ТЕНГ.

ШАЙХНИ КЎРДИМ.

Аввало, қиёфам ҳақида гапирай. Кўринишим оила даромадидан келиб чиқади. Қўшимча қилсам, мен кийимга эмас, эзгуликка кўпроқ эътибор бераман. Яна айтсам, одам одам олдида кийими билан табақаланиши керак эмас. Тўғри, ҳамманинг мавқеъи турлича. Лекин бунинг либосда акс этиши шартми? Юмшоқ, қулай, енгил, арзон, пўкакдан ясалган ёзги пойафзал бор. Менга ёққани билан, уни қурувчи ёшлар кийиб юришгани учун, уялганимдан киймасам, тўғри қиламанми? Йўқ. Биласизми, Қатар давлатининг шоҳи, уни шайх деб аташади, бу сўз ўзбек тилида олим, мураббий деган сўз маъносида келади, шундай пойафзални кийиб юрар экан. ОК- 2011нинг очилиш маросимида буни кўриб қолсам-да, узоқдан адашдим деб, кўзимга ишонмай қолган эдим. Эртасига унинг газетадаги суратида шу пойафзални кўриб ажабланиб қолдим. Бизда қурувчилар кийиб юрадиган пойафзални прораб кийишдан ор қилади. У ерда шоҳ уни оёғига илиб юрибди.

Араблар табақаланишни, либосланишни умуман билишмайди, ё исташмайди. Минг йиллардан бери араблар бири бошқаси олдида тенг бўлган. Бир- бирига тобеъ бўлмаган. Ҳар бир қабила аъзоси ўз урф-одатларига қонун даражасида бўйсинар эди. Қабила уни ҳамма нарсадан ҳимоя қилар эди. Сайлаб қўйилган қабила бошлиғи буни назорат қилган. Ҳеч қачон уларда император бўлмаган. Ҳеч қачон бири бошқасидан устун бўлмаган, ўзини ўзгадан баланд кўрмаган. Шунинг учун ҳеч қачон арабларда катта марказлашган давлат бўлмаган. Хозир ҳам шундай. Пушкин яшаган даврда помешик крепостнойни урса, ерга ётқизиб саваласа, у бечора “батюшка мой”, деб қўлини ўпар эди. Помешик ҳам губернатор олдида доим бош эгиб турган.Табақа чўққисида турган Императордан бошлаб ҳамма бир бирига тобеъ бўлган. Қадимдан арабларда кичикми, каттами ҳар бир давлат ўзига хон, ўзига бек бўлган. Ҳар бир киши бандасига эмас, қабила урф одатига бўйсинган. Ҳар қандай Давлат фуқароси ҳам ўзини шундай эркин, мағрур ҳис қилган. Доханинг эски шаҳарида жуда кўп арабларни кўрдим. Ҳаммаси бир ҳил кийимда эди. Онда-сонда биронта араб виқорга тўлиб тирик лочин кўтариб юриши билан бошқалардан ажралиб қолишини айтмасак, ҳаммаси бир хил кўринишга эга эди.

Истаймизми, йўқми бизнинг ҳаётимизда турли- туман табақаланиш бор. Бошқасини ҳисобга олмайлик. Бойлик билан табақаланиш ҳамма ерда кўзга ташланиб турадиган энг ҳунук ҳолатдир. Фақат футболда, стадион буржларида табақаланиш йўқ. Ҳамма тенг. Тоифалар йўқ. Ҳамма ишқибоз.

САНЧИЛГАН ТИҒ.

Ҳаммани ўзимга ўхшатишимга келсак, ўзгаларни ўзимдан паст кўра олмайман. Масалан, ўқувчим ўзбек тилини мендан ўтиб яхши билади, яхши кўради, деган фикр менда устивор. Мақоланинг бадиий жиҳатига кўп эътибор қаратасиз, деб Маҳмуд Асрор ҳам таъкидлар эди бир пайтлар. Аксарият футбол ишқибозлари ёшлар бўлгани учун, уларнинг тил, ўқиш, фикрлаш маданияти пастлигидан ёзганларингизни ўқишмайди деган сўзларда ҳақиқат ушоқлари бор бўлса-да, бу фикрнинг учи кўксимни янчиб, ичимга қадалади, менга азоб беради. Унга ҳеч қўшила олмайман. Уни қабул қила олмайман. Ўқувчим доим мендан баланд туради деган фикр, мен учун китобий шиор эмас. Бу бошқа бир нарса. Нималигини ўзим ҳам билмайман. Бу гапларим билан олдингизда ўзимни ўзим оқлагандай бўлмоқдаман. Лекин бу оддий нарсага ўзингиз ҳам етиб келгансиз. Одам пулга эмас, улуғвор гўзалликка интилади. Жисми-жасади, фикр-у нияти, турмуш тарзи, турар жойи, касби жамоли, илми камоли, ўзаро муносабати, аҳли-оиласи гўзал бўлишини истайди. Бунга интилади. Буларга фақат пул билан эришиб бўлмайди. Шундай пайтларда пулнинг қудрати ожизлик қилади.

БИЗИНГ СТИВЕН ЖЕРАРД.            

Мен яна мавзудан четга кетиб бормоқдаман. 100доллар пул деб Алексей олдида мулзам бўлиб, ўзимни уч йилдан бери кечира олмай юрган эдим. Шунинг учун Алексей билан уч йилдан буён боғлана билмай, ундан четланиб қолган эдим. Шу воқеани рўйирост ёзиб бераман деб оғиз жуфтлаб, қалам учлаб тураман-у, ёпинчиқсиз қолган кўнглим устига футбол либосини ташлаб қўяман. Кейин мавзудан узоқлашиб кетаман. Хозир ҳам қўшним Толик билан сиртдан баҳслашиб мавзудан четлашиб “ўйиндан ташқари” ҳолатда қолмоқдаман.

“Чемпион” тахририятида жуда яхши ижодий муҳит бор эди. Тахририят ҳонаси жуда тор бўлгани билан бағри кенг эди. Ҳамма сиғиб кетар эди. Катта-ю кичик, ёшу- қари ҳамма тенг эди. Эсимдадир ўша дамлар... Биласиз, тўртта ёш ижодкор йигит ўртага пул ташлаб ушбу футбол газетасини очишган эди. Навбатдаги сон чиқар куни вақти бор йигитлар ҳашарга етиб келишар, завқ билан ишлашар эди. Улар олдида мен бир қария отахон бўлиб ажралиб турар эдим. Газета чиқаришдаги бундай ижодий муҳитдан руҳланиб юрар эдим. Биз яшаган партия диктати даврида ҳусусий газета очиш ҳақида орзу ҳам қила олмас эдик. Не фароғат кунига етиб келдимки, мен ёшларнинг ижодий даврасида борман. Керакман. Маҳмуд Асрорни мен Жерард деб атар эдим. Жамоанинг етакчиси эди. Замонамизнинг шунча Отабеклари олдида чой эмас, бирон бир мақола ташиб юрган Ҳасанали-ота бўлиб юрганимдан баҳтиёр эдим.

Таҳаллус остида ёзишимнинг тағин бир сабаби бор эди. Қўни- қўшниларим билмасин, “футбол жинниси” деган номга бошқа ном қўшилмасин деб, таҳаллус танлаган эдим. Ўн беш йил муқаддам кўчиб келган қўшнимиз, маҳалла ҳаётига аралашмас эди. Ҳеч кимнинг уйига кирмас эди. Ҳеч қайси қўшнини ўз уйига таклиф қилганини билмайман. Жимгина яшаб юрар эди. Шундай бўлса-да, менинг тўғримда ҳамма нарсани билар экан. Таҳаллусим ҳам мени унинг назаридан сақлаб қолмабди. Антиқа қобилият.

Ҳасанали Қодиров

Киритилган сана: 27.08.2014 15:21. Ўкилди: 11402 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:01. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 07:00. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:59. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:59. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:57. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


WRBEIRQX

Сана: 06.08.2024 06:57. WRBEIRQXга ёзиш
+0; -0
1

Ушбу фикрга жавобан


FAMOUS
Сана: 27.08.2014 16:13. FAMOUSга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.