Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Блог

Ҳасанали ота

Ўзингни англа

Карантин дастурхони (4-қисм)

Баҳо:
+0; -0

Олимхўжа Бўронов. Бугун ваъда қилинганидек футболимиз ислоҳоти тўғрисида гаплашмоқчи эдик, шундайми? Аввал ҳозирги шароитдан келиб чиқиб карантиндан кейинги чемпионат формати ҳақида бош қотирсак, таклифлар киритсак тузук бўлмайдими? Атроф ҳаётда ҳам, футболимиз тушган бугунги ҳолатдаям келгуси ҳаёт кўринишидан кўра муҳимроқ мавзу бўлмаса керак. Еврофутбол ҳам шу ташвишда яшамоқда. Бельгия мавсумни поёнига етказмай чемпионатини тугатиб қўя қолди. Нидерландия ҳам шу ишни қилмоқчи, шекилли. Карантиндан кейин Испания ва Италия федерациялари бўш стадионларда ҳар уч кунда бир ўйин ўтказиб мавсумни тугатиб қўймоқчи экан. Бизда-чи, мавсум қандай ўтади?

Орифжон Толипов. ЎФА ё ПФЛимиз бир баёнот билан чиқмаган бўлса, ёки норасмий бир маълумот бермаса, ёки бир нима демаса, бугунги кунга ўз муносабатини билдирмаса, жим-житлик бўлса, бунга нима дейсиз? Биз нима деймиз? Гапирганимиздан нима фойда. ЎФА нега жим? Ёки Юртимиз ҳамма қатори пандемиядан азоб чекмаяптими? Бундай эмас. Нега жим-житлик? Бу ҳолатдан бизда футбол умуман йўқдай, ЎФАмиз ҳалига довур ташкил топмагандай хулоса келмайдими сизга? Раҳбариятнинг бундай бетаъсир туришидан гўё футболимиз бу офатдан умуман ҳеч қандай зарар кўрмаяпти-ю, ҳаммаси ўз жойида кетмоқда деган хато таасурот пайдо бўлмайдими? Ёки раҳбарият бу йилги мавсум муаммоларига бефарқми, ёки бу масалаларни кабинетдан чиқмай эрта-ю кеч ўзаро муҳокама қилишмоқда-ю, халққа билдиришмаяптими? Халқни четга суриб қўйишларининг сабаби нимада? Улар учун футбол халқ ўйини бўлмай, халқ учун ўйналмайди-ю, амалдорлар ўйини бўлиб, чемпионат амалдорлар ва раҳбарлар учун ўтказилади деб билишлари бу ҳолни тушунтириб берадими? Нима учун шундай бўлмоқда. Футбол оммасини бундан ортиқ менсимаслик бўладими? Отахон, Сиз ишқибозларимиз нега ўз футболимиз қолиб Еврофутбол тақдири билан кўпроқ қизиқишади деб куюниб, саволларни қалаштирасиз доим. Еврофутбол тарғибчиларини футболимиз душманларига айлантириб танқид қиласиз доим. Футболимиз назардан қолганига жавоб тополмай эзиласиз. Жавоби Сиздан бошқа ҳаммага маълум.

Ҳасанали Қодиров. Футбол раҳбарияти доимгидек тепадан кўрсатма кутмоқда, шекилли. Тепадагилар учун бугун футболдан бошқа жиддий ташвишлар жуда кўп. Ҳаёт-мамот масалалари ҳал бўлмоқда. Биринчи ўринда тиббиёт ва иқтисодиёт масалалари ҳал қилинмоқда.

О.Т. Лекин футбол доим футбол бўлиб қола беради. Ҳатто Иккинчи Жаҳон Уруши йиллари босиб олинган Киев шаҳрида совет маҳбуслари немис футболчиларига қарши яшил майдонда жанг қилишган экан. Юрт ҳаётида футбол жуда муҳим аҳамиятга эга. Футбол овунчоқ эмас.

Ҳ.Қ. Энг муҳими Футбол бирор кимсанинг қўлида қўғирчоқ бўлмасин. ЎФА ҳовлисига тош ота бермайлик. Ҳар бир журналист ўз муносабатини билдирсин. “Спорт”чилар жим. “Узрепорт”чилар, “Орият”чилар эгарда. Улар омма билан дардлашиб туришибди. Фикр билдиринг. Муҳокама қилайлик.

Жамолиддин Бобожонов. Футболчиларимиз спорт формаларини йўқотиб бўлишди, чамамда. Шу кунлари барча жамоаларга барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда машғулотларини бошлаб юборишларига рухсат бериш керак деб ўйлайман. Илгари бунақаси бўлмаган. Мавсум олдидан формани тиклаб олиш, жисмоний потенциални кучайтириш тажрибаси бизда бор. Мавсум ичида тур сайин жисмоний ўсиш, ўйинни созлаш ўрнига ҳаракатдан чекланиш, ўйинни йўқотиш содир бўлди бу йил. Физиологлар, вирусологлар, диетологлар, Еличич сингари физика бўйича мураббийлар ёрдамида пандемия шароитида жисмоний ҳолатни тиклаш борасида тавсиялар, таклифлар ишлаб чиқиб, қўлланмаларни клубларга тарқатиш керак деб ўйлайман. Аста-секин формани тиклаш, ўйинни созлаш учун май ойини бағишлайлик. Менимча, пандемия туфайли мавсумнинг барча ўйинлари тамошабинларсиз ўтса керак. Шундай экан, уй-меҳмон тизимининг маъноси, аҳамияти йўқолади. Манимча, мавсум олдидан ЎФА кубогини ўтказган пайтимиз каби барча клублар Тошкентга йиғилиб биринчи давранинг барча тур ўйинларини ўтказиб олишлари керак бўлади. Ёз чилласида дам олиб иккинчи давра ўйинларини ўз ўрнида, олдинги йиллар каби, доимги тартибда ўтказиб, мавсумни тугатиб олишимиз мумкин бўлади.

Яков Львович Салдадзе. Помоему по старому ничего не будет. Всё изменится. Прежде всего коронавирус не уйдёт. Как грипп останется с нами сезонной болезнью. Гриппом зловредным, назойливым, смертельно опасным. Боюсь, что маска и перчатки у нас останутся на долго. Человек не сможет жить как прежде развязно и расточительно во всех отношениях. И футбол будет другим. И наш чемпионат должен стать другим. И наше отношение к жизни и к футболу в том числе, должно стать другим. Мы должны это осознать. Чем раньше, тем лучше для всех.

Ҳ.Қ. Яша-ака, тўғри гапирдингиз. Биламиз, гриппнинг эмлама дориси йўқ. Чунки ушбу вирус жуда тез мутацияланиб туради. Масалан, қадимги мамонтларнинг мутация даври ярим млн. йилга чўзилиб жанубда яшовчи ҳозирги замон филларига айланишган. Коронавирус-19 ҳар ярим йилда ўзгариб туриши мумкин. Юз йил олдин 1918-йили испанка вируси Англияда қутуриб неча млн. аҳолининг қотили бўлган экан. Буни биламиз. Ер юзида бугунги тадбир-чоралар кўрилмаганда бу йилги офат дунё аҳолисининг ярмидан кўпини қириб ташлаган бўларди, чамамда. Ҳозир ҳам офат енгилдим демаяпти. Ҳар сонияда эпидемия яна кучайиб кетиши мумкин. Одамзод ўзини ҳамма нарсадан устун кўрар эди, бири бошқасидан ўзини устун қўяр эди. 500м.дан баланд уй қурдириб фахрланар эди, казоланар эди. Бунинг ҳаммаси бир пақирлигини заррадан кичик вирус одамзодга кўрсатиб қўйди. Ғурурини пўрситиб қўйди. Ер юзидаги 6 млрд. аҳолини титратган заррача вирус бўлади. Одамзод табиатида ҳамма нарса ўзгариши керак. Камтарликни билмайдиган АҚШ ҳукумати пандемияга қарши нима қилганини биласизми? Ушбу давлат ўлиб кетаётган аҳолисини Нью-Жерсига яқин оролга обориб, чуқур ва узун ҳандақ қаздириб, майитларини биргаликда кўмдириб, устидан бетонлаб ташлаяпти. Бу билан нима демоқчиман? Халқаро муносабат ҳам, ҳукумат ва халқ орасидаги муносабат ҳам ўзгариши керак.

О.Б. Энг кучли тиббиёт ускуналари, тиббиёт масканлари, тиббиёт олимлари ҳам АҚШда. Энг заиф аҳолига хизмат кўрсатиш тизими ҳам АҚШда. У ерда адашмасам, 70 фоиз шифохоналар хусусий бўлиб, улар бир тизимда ишламайди. Уларда тиббиёт пулга, капиталга хизмат кўрсатади, барча аҳолига баробар эмас. Биз тиббиётни бозор иқтисодиётига бўйсиндирар эканмиз, хусусийлаштиришга эҳтиёт бўлишимиз керак. Ўз йўлимизда ривожланишимиз керак.

Ҳ.Қ. Наинки тиббиётда, балки барча соҳада ўз йўлимиздан юришимиз керак. Футболда ҳам ўз равнақ йўлимизни топишимиз керак. Пандемия ҳам, коронавирус офати ҳам ортда қолади, Худо хоҳласа. Лекин карантин даврида орттирган ибратларимиз, фазилатларимиз иммунитет сингари ҳеч қачон йўқолиб кетмаслигини истайман. Нимани кўзда тутмоқдаман? Вирус балоси туфайли ўлиму ҳаёт олдида ҳамма: ёшу-қари, каттаю-кичик, бою-фақир, арбобу-ишчи ўзаро тенг бўлганини кўрдик. Тенгликдан ҳамжиҳатликка эришдик. Бир футбол жамоаси каби ҳаммамиз бирлашдик. Ўзаро меҳрибонлик, саховат ниятлари ва сўзлари тилдан эмас дилдан чиқа бошлади. Бошқа бир жиҳатга эътибор беринг. Бугунги кунда вирусолог, иммунолог, инфекционист каби мутахассислар ва олимлар қадри, ҳурмати беҳад ошди.

Бундан буён барча соҳа олимларининг, шу жумладан қурувчиларнинг ҳам қадр-қиммати, ҳурмати, камолоти ошишини истар эдим. Ҳар соҳада илму-фан қадри янада ошишини, йўлчи бўлишини истар эдим. Амалдор мутахассис олдида бош эгишини истар эдим. Ҳозирга довур аксинча бўлганидан, мансабдор казоланиб касбикомил мутахассисни хоҳласа ётқизиб, хоҳласа турғазиб қўйишидан ҳар соҳада истиқбол биздан узоқлашаётганини кўр ҳам кўриб турибди. “Сардоба”даги воқеалар шуни кўрсатмадими? Раҳбардан то корандагача барча ўз ишини ўз жойида пухта ва сидқидилдан бажариши мақтовли ва тиловли бўлмасин. Саҳнавар бўлмасин. Бундай иш табиий, оддий, одатий ва кундалик ҳолат бўлсин. Бунинг учун кимнидир олқишлаш, кўкларга кўтариш уятли бўлсин.

О.Т. Нималар деяпсиз, отахон. Бухоро вилоятида довул қутуриб катта талафотларга, ҳатто ўлимларга сабаб бўлганини биласиз. Эртасига юртбошимиз фалокат кўрганлар олдига катта-кичик раҳбарлар билан бирга етиб борганлар. Буни ҳам биласиз. Табиий офат қурбонликларини кўриш ўрнига ТВ орқали биз нимани кўрдик? Огоҳ бўлайлик дейишса-да, барчани гумроҳ ҳолда тутмоқчи бўлишади. Вайроналарни кўрсатишмади. Яхшиям интернет бор экан.

Ҳ.Қ. Қайси имижмейкер, қайси ақл билан 20 нафар одамни бир далага олиб чиқиб, ҳар бирига маска тақтириб, юртбошимиз олдида бир сафга елкама-елка турғазиб қўйиб бундай кўриниш ҳосил қилди? Олдиларида Юртбошимизни нутқ сўзлатиб қўйиб, нимага эришмоқчи бўлди? Халқ вакиллари ҳам бунга жавобан ўз президентига ташаккур сўзларини айтишди. Вазиятга мутлақ тўғри келмайдиган ҳолат. Бундан бадтар саҳнавар кўриниш, сохта кўриниш бўладими? Сал кам икки ойдан бери бутун юрт ўз президенти бошчилигида коронавирус офати билан курашиб келаётган бўлса, шундай кунда Олот ва Тўрткўл туманларимизга довулми, бўронми, ё қуюн каби бир офат ёғилса-ю, қурбонликлар-у ҳалокатларга сабабчи бўлса, юртбошимиз ўз кўзи билан фалокат қурбонларини кўриш, вазиятга тўғри баҳо бериш, тегишли чора-тадбирларни қабул қилиш учун учароққа миниб тезда етиб келиши шарт бўлмайдими? Бўлади. Бу кутилган ҳолку. Ясамалик шартмиди? “Сардоба”нинг лойиҳачи ва қурувчиларида ясамалик, битмаган ишни тантанали топширишлар бўлмаганмикан?

Яков Львович Салдадзе. Почти что, как “пир во время чумы”.

Ҳ.Қ. Яша-ака, ўхшатмангиз ўхшамади. Президентимизнинг юракдан чиққан самимий гаплари “саҳна”ни жонлантириб турди. Лекин бундай фавқулодда пайдо бўлган оғир вазиятларда кўринишу-учрашувлар ҳам фавқулодда пайдо бўлган шаклда содир бўлиши керак эди. Бундай бўлмади. Ясама бўлди. Масалан, коронавируснинг фавқулодда янги ўзгаришларини кузатиб бораётган мутахассислар янги чоралар кўришга доим тайёр туришибди. Киши кўзига саҳнавар ишлашмаяпти. Чунки улар касбикомиллардир. Барча соҳаларда мана шундай бўлиши керак. Футболимизда ҳам. Футболнинг бору-йўғи кутилмаган фавқулодда ҳолатларга қарши фавқулодда янги чоралар кўриш билан ўлчанади. Бошидан шундай бўлиб келган. Футболнинг асл моҳияти ҳам шундай.

Аламли бир мисол келтираман. Саудларга қарши ўйинда иккинчи голни уриб олдинга ўтганимиздан кейин вазият биз учун ҳам, рақибимиз учун ҳам тубдан ўзгариб кетди. 2:1. Иккинчи голга қадар ўйинда биз устунлик қилиб келаётган эдик. Ўйин назорати биз томонда эди. Голдан кейин янги вазиятга қараб рақиб мураббийи янги чора кўриб бошқачароқ, ашаддийроқ ўйин қилди, Абрамов бундай қила олмади. Олдинга ўтиб олишимиздан кейин рақиб ўзини қандай тутиши, қандай ўйин қила олишига биз тайёр эмас эканмиз. Ғалабани ушлашга, ё ҳисобни орттиришга тайёр эмас эканмиз. Мавсумдаги энг яхши ўйинни кўрсатиб ўйинни, ғалабани бой бердик. 2:3. Афсус. Минг афсус.

О.Т. Абрамов шубҳасиз кучли мутахассис. Лекин унинг ёнида ким бор, ортида ким турибди? Ҳеч ким. Қосимов жамоани коллегиал бошқаради. Кўп йил Шквирин ё Амет Мемет билан биргаликда ишлади. Кейин Вольков билан ишлади. Шквирин яна унинг ёнига келгач, ОТМКнинг ўйинига жон кирди. Ҳатто Гвардиола ёнида фаолияти бошида Тито Виланова бор эди. Абрамов ёнида ким бор? Марат Мифтахуддиновми? У ким ўзи? Арвеладзе ёнида Жаъфар Ирисметов турган бўлса, ортида Шодиевлар туришибди. Абрамов ортида-чи? Вирусолог олимлар пандемияга қарши курашни коллегиал бошқаришмоқда. Уларнинг ортида ким турибди? Давлат президенти турибди. Терма жамоамиз мураббийи ёнида ким бор? Ҳеч ким. Ортида ким турибди? ЎФА раҳбарияти турибдими? Шундай. Улар тоғ бўлиб, ё қўрғон бўлиб туришибдими? Йўқ.

Киритилган сана: 09.05.2020 05:09. Ўкилди: 3269 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.